Яна савол бериш одоблари ҳақида Принтер учун
12.10.2016 й.
Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуруду салавотларимиз бўлсин!

Устозимиз шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф раҳматуллоҳи алайҳнинг халқимиз учун қолдирган энг катта илмий меросларидан бири ушбу савол-жавоб саҳифасидир. Бу саҳифа ўзбек тилидаги диний сайтлар ичида энг фаоллиги, тилининг халқчиллиги ва энг асосийси кўпчиликка манфаатлилиги билан алоҳида эътиборга сазовордир. Шунинг учун ҳам устоз раҳматуллоҳи алайҳдан кейин ушба хизматни давом эттиришга алоҳида қунт қилинди. Шайх ҳазратларининг бир гуруҳ шогирдлари ушбу хизматни баҳолиқудрат давом эттиришга бел боғладилар. Бундан кўпчилик мухлисларимиз бағоят мамнун бўлиб келмоқда. Бироқ ушбу хизматнинг сифатини ошириш, кўпчилик учун янада манфаатлироқ бўлишини таъминлашга айрим фойдаланувчиларнинг тасарруфлари халал бериб қолмоқда. Шу боис, ушбу камчиликларни тўғрилаб, мўмин-мусулмонлар учун, дин-диёнатимиз учун янада яхшироқ хизмат қилиш, савол-жавобларнинг савиясини ошириш мақсадида айрим мулоҳазаларни сиз азизлар билан ўртоқлашишга қарор қилдик.
Аслида бу ерда айтиладиган фикрлар ва ўгитларнинг умумий мазмуни шайх ҳазратлари тарафидан бир неча айтиб, таъкидлаб келинган бўлиб, саҳифадан фойдаланиш ҳақидаги кўрсатмада ҳам алоҳида келтирилган. Лекин бугун уларни яна бир бор эсга олиш, очиқроқ ва кенгроқ услубда етказиш зарурати пайдо бўлганидан ушбу сатрларни қоралашга тўғри келди.

Муҳтарам фойдаланувчи! Аввало, ушбу саҳифага ташриф буюриб, бизга савол йўллаганингиз учун Сизга самимий миннатдорчилик билдирамиз. Ишонамизки, бу саъй-ҳаракатингиз динимизни ўрганишга ва Аллоҳнинг розилигига эришишга қаратилган. «Илмнинг калити саволдир», дейди донишмандларимиз. Сизнинг саволингиз шариатимизнинг битмас-туганмас ҳикмат хазинасидан бир дурнинг кашф этилишига сабаб бўлиши мумкин. Аллоҳ таоло илм истаб савол берган ҳар бир меҳмонимизга Ўзи ваъда қилган ажру мукофотларни кўпайтириб берсин.
Ҳар бир нарсанинг тартиби, одоби бўлганидек, савол беришниннг ҳам ўзига яраша шартлари, одоблари мавжуд бўлиб, уларга риоя қилиш мўминликнинг фазилати бўлса, уларга бепарволик қилиш динга эътиборсизлик, мўмин-мусулмонларнинг ҳақларига, имкониятларига нописандлик, хусусан олимларга ҳурматсизлик бўлиб қолади. 
Савол-жавоб хизматининг ишига халал бераётган айрим нуқталарга эътибор берайлик:

     1. Савол бериш қоидаларига риоя қилмаслик. 
    Кузатувлар шуни кўрсатмоқдаки, ушбу саҳифадан фойдаланувчиларнинг кўпчилиги унга аъзо бўлишда кўрсатилган шартларни ё умуман ўқишмайди, ёки ўқиб туриб, амал қилишмайди. Кўпчилик бу шартларни ўқимасданоқ «розилик» тугмачасини босиб, сайтга аъзо бўлиб олади-да, кейин ҳаммани қийнаб, қоидабузарлик қилиб юраверади. Бир нима десангиз, ўзини ўнглаш, одобга риоя қилиш ўрнига сизга насиҳат қилиб кетади. Ўйлаймизки, бу мўмин кишига муносиб ҳолат эмас.

     2. «Излаш хизматидан» фойдаланмаслик. 
    Ҳозирда бизга энг кўп халал бераётган нарса такрорий саволлардир. Савол берувчиларнинг аксарияти излаш хизматидан умуман фойдаланмаяпт. Ҳолбуки, кўрсатмада савол йўллашдан олдин керакли мавзуни сайтдан қидириш лозимлиги шарт қилиб қўйилган. Аслини олганда, савол беришдан кўра излаш хизматидан фойдаланиш осон. Шундай бўлса-да, ўн марталаб жавоби берилган саволлар негадир яна қайта берилмоқда. Бу ҳолатнинг сабаби савол беришга ишқибозликми, эринчоқликми ёки бошқа нарсами, билмадик. Ҳарқалай, бу ҳам одобсизлик, эътиборсизлик эканида шубҳа йўқ.
    Гапимиз қуруқ бўлмасин учун бир-иккита мисол келтирсак. Яқинда «Телефонда хотинимга «уч талоқсан», деб юбордим, талоқ тушадими? Уч талоққа йўл борми?» деган маънода савол келди. Излаш хизматига «телефон орқали талоқ» деб ёзиб қидирилганда 69 та жавоб чиқди. «Уч талоқнинг ечими» деб қидирилганда эса 490 та жавоб чиқиб келмоқда. Бунга ўхшаш мисоллар жуда кўп. Бир неча ўнлаб ёки юзлаб марта жавоб берилган масалани яна савол қилиб беришни нима деб тушуниш мумкин? Ярим саҳифалаб савол ёзгандан кўра излаш хизматига икки-учта сўзни ёзиш осон эмасми? Жавоби бир-икки кун кутиб ҳам ўтирилмайди, тайёр чиқиб келаверади. Қолаверса, захирадаги саволлар асосан шайх ҳазратларининг ўзлари ёзган жавоблардан иборат. 
     Очиғини айтганда, мазкур ҳолат тартиб-интизомни тутмасликка ўрганиб қолганимиздан, холос. Бошқа нима ҳам бўлиши мумкин? Бунинг устига, бироз эътироз билдирсангиз, «Ўзи ишларинг шу-ку, ўзинглар топиб, жавоб бериб қўя қолинглар» деб дўқ ҳам уриб қўйишади. Азизлар, бу бизнинг ишимиз эмас, сизнинг ишингиз, чунки кираверишда катта қилиб «Савол беришдан олдин излаш хизматидан қидиринг!» деб ёзиб қўйганмиз. Сиз битта савол устида бош қотираётган бўлсангиз, бу ерда жавоб бераётганлар ҳар куни 40‒50 та савол устида ишлаши керак. Савол-жавоб хизматининг вазифаси ҳар бир келган саволни жавоблар архивидан излаб топиш эмас, балки янги саволларга батафсилроқ жавоб тайёрлаш, динимизни чуқурроқ ўргатиш, ўрганилмаган масалаларни баён қилишдан иборат. 
       Излаш хизматидан фойдаланиш ҳам илм талаб қилишдир. Аслида, илм йўлида бироз машаққат тортиш керак. Шу тўртта сўзни ёзиб, бир-икки саҳифага кўз югиртиришга ҳам ярамасак, қандай толиби илм бўлдик?! Шу билан бирга, ушбу хизматдан фойдаланишнинг ўзи кони савоб бўлади: илм излаш, одобга риоя қилиш, аҳли илмларнинг вақтини зое қилмаслик, мусулмонларнинг меҳнатини қадрлаш, эсимизга келмаган қанча илмни ўзлаштириш ва ҳоказо.
     Салафи солиҳларимиз илм йўлида не-не машаққатларни тортмаганлар! Улар биргина оят, ҳадис ёки шаръий масалани ўрганиш учун, вақти келса, бир неча ойлик масофага сафар қилганлар. Бирорта ҳадисга аниқлик киритиш учун Мадинадан Мисрга ёки Куфадан Маккага туяда сафар қилиш улар учун оддий ҳол бўлган. Аждодларимиз илм йўлида бағрларини захга бериб, қоронғи ҳужраларда йиллаб тер тўкишган, кўзининг нурини кетказиб, шам ёруғида, патқаламда сиёҳ билан китоблар ёзишган. Шунинг учун халқимиз толиби илмларнинг меҳнатини игна билан қудуқ қазиш дейди. Илм йўлидаги ана шундай фидойиликлари учун уларнинг илмларига баракот ато этилган, тақволари зиёда бўлган. 
    Эҳтимол, бугунги кунда неъматларга ниҳоятда кўмилиб қолганимиз учун бу қадар сабрсизлик қилаётгандирмиз? Ўтирган жойимиздан қимирламай истаган саволимизни беряпмиз. Бунинг учун бармоқларимизни озгина ҳаракатга солсак бас, бошқа машаққат йўқ, бировнинг остонасида кутиб ҳам ўтирмаймиз, йўл юрмаймиз, заҳмат чекмаймиз. Шунда ҳам баъзан нолиб қоламиз, чунки биз кутган натижа йўқ. Ваҳоланки, жавоб бераётган одам савол берувчидан кўра илмли бўлгани учун кўп нарсани ҳисобга олиб, масаланинг ҳар томонини ўйлаб жавоб берган бўлади. Аммо уни тушунмай, турли гап-сўзлар қилиб, гуноҳга қоляпмиз, ўзимиз савол йўллаб турган устозларга озор беряпмиз.

     3. Саволлардаги ортиқча гаплар. 
    Баъзилар савол ёзишни бошлаб, салкам бутун ҳаётини ҳикоя қилиб қолади. Айниқса, шахсий бўлимга келган мактубларда бу ҳол кўп кузатилади. Гап кўплигидан ўзи савол нимадан иборатлигини англаб олиш ҳам қийин. Ғалвирлаб қарасангиз, икки қаторлик савол бўлади. Аммо шу қисқа савол ярим бет ё бир бет қилиб берилади. Бундай саволдан 10-15 тасини ўқиб чиқишни бир тасаввур қилиб кўринг. Саводсизларча, имловий ва услубий хатолар тўлиб-тошган баъзи саволларни ўқиш қанчалар қийин, бунга қанча вақт беҳуда кетади. Бу ҳам исроф ҳисобланади. 
    Савол берувчи ўзини олимнинг ҳузурида тургандек ҳис этиши керак. «Ўзи йўқнинг кўзи йўқ» қабилида иш тутмайлик. Саволингизга жавоб берадиган аҳли илмларнинг рўпарасида турсангиз ўзингизни қандай тутардингиз? Бу ерда ҳам худди шундай бўлинг. Зеро, Аллоҳ ҳаммасини кўриб, кузатиб турибди. Саволни қисқа, лўнда, керагича ёзинг, ортиқча тафсилотли ҳикояларга ҳожат йўқ. Масалани тушунишга хизмат қилмайдиган гап-сўзлар савол берувчининг ҳам, бошқа ўқувчиларнинг ҳам вақтини, куч-қувватини зое қилади. Бунга ҳушёр бўлайлик. Савол йўллашдан олдин унинг сифатига қаттиқ эътибор берайлик.

     4. Кимдир айтган гап ёки қилган ишга баҳо бериб, бунинг шаръий ҳукмини сўраш.
     «Фалончи бундай қилди, фалончи бундай деди. Шу гап ростми? Шариатда бундай гап борми?» шаклидаги саволлар ҳам кўп келади. 
Биргина мисол: « Ассалому алайкум! Баъзан шундай одамларни учратаманки, аёл киши тўртта ўғил ёки қиз туғиб, “мен жаннатиман” деб, хоҳлаган гуноҳларни қилиб юрибди. Албатта бу аҳмоқгарчиликнинг ўзи. Уларнинг шу гапларига далил борми? Намозхон аёл нечтадир фарзанд туғса, унга жаннат берилади деган гап борми?»
Бунинг аҳмоқгарчилик эканини ўзлари айтиб, ҳукмни чиқариб қўйибдилар, лекин яна тасдиқлатиб олмоқчилар. Бу саволга нима деб жавоб бериш керак? «Ўша аёлга айтинг, ростдан ҳам бир нечта қизни рисоладагидек қилиб тарбиялаган киши жаннатга киради, деган мазмунда ҳадис бор. Лекин бу аёлнинг қилиб юрган ишлари шариатга тўғри келмайди» дейишимиз керакми? Бу ерда савол шундай мазмундаги гап шариатимизда бор-йўқлиги ҳақидами ёки ўша аёлнинг қилган иши қанчалик нотўғрилиги ҳақидами? Саволдан мақсад илм ҳосил қилиш, бирор ишда шариатга хилоф қилиб қўймаслик, бирор ишда иккиланиб қолганда динимиз кўрсатган йўлни танлаш бўлиши керак эмасми? 

     5. «Синашта саволлар». 
    Бундай саволлар ўзи бир неча кишига берилган, сўралган, керакли жавоб олинган бўлади, лекин яна қандайдир мақсад билан бизга ҳам берилади. Бу ҳам беҳуда иш. Саволни билмаганини билиш учун бериш керак, бировни синаш учун эмас. Бировни синаш учун имтиҳон пайтидагина савол бериш мумкин, холос. Кимнидир баҳсда мулзам қилиш учун, жавоб берувчини ноқулай ҳолатга солиш мақсадида савол бериш ҳам жоиз эмас, бу иш фитна ҳисобланади.

     6. Жавобдан қониқмай, ҳужжат-далил талаб қилиш.
    Баъзан саволларга қисқароқ жавоб беришга тўғри келади, айниқса, жавоби ҳаммага маълум, ҳужжат-далили аниқ бўлса. Баъзилар бунга эътироз қилиб қолади, жавобнинг асосини талаб қилади. Шу қисқагина жавобни бериш учун ҳам анчагина меҳнат қилинади, аммо буни ўйлаб ҳам кўришмайди. Ҳар куни келаётган ўнлаб саволларнинг ҳар бирига жавоб ёзиб, кейин фойдаланилган манбалардаги далилларни ҳам таржима қилиб, ёзиб чиқишнинг ўзи бўлмайди, ахир.
    Аслида савол берувчи динда ўзи ишонган кишидан савол сўраши керак. Жавоб берувчи ўзи истаб далил келтирса, яхши, бўлмаса ундан ҳужжат талаб қилинмайди, чунки далил сўраш одатда ишончсизликдан келиб чиқади. Тўғри, далил талаб қилишга ҳақли кишилар ва ўринлар ҳам бўлади. Бироқ, бунинг ҳам ўз одоби, шарт-шароити бор. Зеро, шаръий далилни ўқиб тушуна оладиган, уларни фарқлашга илмий савияси етадиган одам далил талаб қилса ўринли, аммо далил ўзи нималигини билмайдиган киши ўзини ҳам, бошқаларни ҳам қийнаб ўтирмай, берилган фатвога амал қилавериши керак.

     7. Савол берувчи ва жавоб берувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятларини билмаслик.
   Айримлар ўзининг савол бериш ҳуқуқи борлигини, жавоб бериш эса олимларнинг бурчи эканини яхши билади, ҳаққини талаб қилишга жуда уста бўлади, аммо ўзининг ҳам бурчи, олимнинг ҳам ҳақлари борлигини унутиб қўяди. 
 
عَنْ عُبَادَةَ بْنِ الصَّامِتِ رَضِي اللهُ عَنْهُ: أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَي الله عَلَيْهِ وَسَلَّم قَالَ: «لَيْسَ مِنْ أُمَّتِي مَنْ لَمْ يُجِلَّ كَبِيرَنَا، وَيَرْحَمَ صَغِيرَنَا، وَيَعْرِفَ لِعَالِمِنَا حَقَّهُ». رَوَاهُ أَحْمَدُ وَالطَّبَرَانِيُّ 
 
    Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: 
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Каттамизни улуғламаган, кичигимизга раҳм қилмаган, олимимизнинг ҳаққини билмаган киши биздан эмас», дедилар». 
Имом Аҳмад ва Табароний ривоят қилган.

    Хулоса қилиб айтганда, ушбу савол-жавоб саҳифаси барчамизники ‒ халқники, мўмин-мусулмонларники. Бу ерда хизмат қилаётган кишилар ҳам динимиз хизматига, сиз азизларимизнинг хизматига бел боғлаган биродарларимиз. Саҳифанинг равнақ топиши, аҳли илмларимизнинг самарали фаолияти дин-диёнатимизга, халқимизга фойда, бунинг учун ҳар ким қўлидан келганча ўз ҳиссасини қўшиши шаръий талабдир. Ҳеч бўлмаса яхши тилак, ширин сўз, хайрли дуолар билан ёрдам беринг, қўлингиздан келса, далда бўлинг. Лоақал халал бермаслик, баҳолиқудрат хизмат қилиб турганларга азият етказмаслик мусулмонлик бурчи эканини унутманг! 
    Солиҳлардан бирининг олдига бир киши келиб: «Қандай қилиб ҳаммага яхшилик қилсам бўлади?» деб сўрабди. Шунда у зот: «Ҳеч кимга зиён келтирма, шунда ҳаммага яхшилик қилган бўласан», деган экан. Ҳа, ҳақиқий мўмин безарар инсондир.
    Инсон яхши нияти учун ҳам ажр олиши, ёмон нияти учун эса гуноҳкор бўлиб қолиши ҳам мумкин. Яхшиликка хайрихоҳ одам ҳеч нима қилмасдан савоб топади, ёмонликка хайрихоҳ одам эса ҳали гуноҳга қўл урмасданоқ иқобга лойиқ бўлади. Киши динини шахсий манфаатидан, ички кечинмаларидан устун қўймагунча чинакам мўмин бўла олмайди. Қалбдаги туйғуларни ҳам назорат қилиш ахлоқнинг камолотидан дарак беради.

    Муҳтарам мухлисларимиз дуода бўлиб, кўмак бериб туришса, келгусида бир қанча яхши ниятларимиз, режаларимиз бор. Дунё тан олган Ислом академиялари ва университетлари, қадимги ва замонамиз алломалари томонидан берилган фатволар, долзарб масалалар, эсимизга келган-келмаган саволларга жавоблар ва бошқа кўплаб ноёб маълумотлар бор, уларни таржима қилиб, сиз азизларга тақдим қилишни мўлжаллаб турибмиз. Бу борада дуоларингизга муҳтожмиз. 
    Айни пайтда, савол-жавоб хизматининг сифатини, савиясини ошириш, уни имкон қадар қулай ва манфаатли қилиш бўйича сиз азизларда таклифлар, фирк-мулоҳазалар, эътироз ва илтимосларни кутиб қоламиз. 

    Сўзимиз охирида азиз ўқувчиларимизга яна бир бор ташаккурлар айтамиз ва Аллоҳ таолодан ҳаммаларимиз учун тавфиқу ҳидоят сўраб қоламиз. 
 
«Зикр аҳлидан сўранг» ҳайъати 

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

kayseri escort bodrum escort bayan bornova escort yenibosna escort