Таъзия «Иннаа лиллааҳи ва иннаа илайҳи рожиъуун» Машҳур аллома, муҳаддис, фақиҳ, муҳаққиқ, шайх Шуъайб Арнаут пайшанбадан жумага ўтар кечаси, ҳижрий 1438 йил муҳаррам ойининг 26 куни (2016 йил 27 октябрь) Аммон шаҳрида вафот этди. Аллоҳ таоло бу зотни Ўз раҳматига олсин, борадиган жойларини Фирдавс жаннатидан қилсин, Ислом умматига у кишининг ўринларига яхши ўринбосар берсин! Шайх Шуъайб Арнаутнинг жанозалари бугун, 28 октябрь куни жума намозидан кейин адо этилади. Шайх Шуъайб Арнаут роҳимаҳуллоҳнинг қисқача таржимаи ҳоли Таваллуд ва насаблари: Шуъайб ибн Муҳаррам Албаний Арнаутий. Кунялари Абу Усома. Ҳижрий 1346 йилда (м 1928) Дамашқда таваллуд топган. У кишининг отаси Муҳарром Албаний 1926 йилда Албаниядан Дамашққа кўчиб келиб, ўша ерда жойлашиб қолган. Сийратлари ва илм таҳсили Шайх Шуъайб Арнаут 1928 йилда Дамашқда туғилган. Отасининг аҳли илмларга бўлган ҳурмат-эҳтироми ниҳоятда кучли бўлган. Шуъайб Арнаут ота-онасининг тарбиясида, соф диний муҳитда улғайди, Ислом динининг асосларини улардан ўрганди. Қуръонни катта қисмини ёд олди. У ёшлигидан Қуръони Карим маъноларининг нозик нукталарини тушунишга қизиқирди. Бу қизиқиш уни араб тилини мукаммал ўрганишга ундади. Ўн йилдан ортиқ Дамашқ масжидлари, қадимий мадрасаларидаги араб тили – наҳв, сарф, адаб, балоғат ва бошқа дарсларга қатнаб, араб тилини чуқур ўзлаштира бошлади. Шайх Шъайб араб тили бўйича Дамашқдаги буюк уламолардан, ўз даврида Шомнинг машҳур алломаси бўлган шайх Бадриддин Ҳасанийнинг шогирдлари шайх Солиҳ Фарфур, шайх Ориф Дувжийлардан таҳсил олди. Уларнинг қўлида араб тили ва балоғат фанига оид машҳур китобларни ўқиган. Жумладан, Абдуллоҳ ибн Ақийлнинг «Шарҳ Ибн Ақийл», Ибн Ҳожибнинг «Кофия», Замахшарийнинг «Муфассал», Ибн Ҳишомнинг «Шузуруз-заҳаб», Журжонийнинг «Асрорул балоға» ҳамда «Далоилул иъжоз» каби китобларни ўқиган. Шайх Шуъайб Арнаут араб тилини мукаммал ўргангач, фиқҳ илмини ўрганишга киришди. Бир қанча ҳанафий шайхларга шогирд тушди. Улардан Шринбулалийнинг «Мароқий фалоҳ», Мувсилийнинг «Ихтиёри», Қудурийнинг «Китоб», шунингдек, «Роддул муҳтор»га ёзилган Ибн Обидиннинг ҳошияси каби асарлар бўйича сабоқ олди. Шайх Шуъайб Арнаут фиқҳ илмини 7 йил давомида ўрганди. Айни пайтда усулул фиқҳ, тафсир ва ахлоқ китобларини ҳам ўқиди. Ўшанда шайх 30 ёшдан ошган эди. Таҳқиқ билан шуғулланишлари Шайх Шуъайб Арнаут фиқҳ илмини ўқиш мобайнида ўша даврдаги фиқҳ машойихларида саҳиҳ ҳадисларни заифидан ажратиш масаласида бироз ноқислик сезиб, ҳадис илмини ҳам ўрганишга қаттиқ бел боғлади. Шайх Шуъайб Арнаут роҳимаҳуллоҳдан ҳадисга бўлган бу қадар қизиқишининг сабаби ҳақида сўрашганда: «Бир куни бир ҳадис ҳақида сўрашган эди, бир неча кун қидириб, топа олмадим. Шунинг учун жуда ташвишга ботдим. Кейин белни маҳкам боғлаб, ҳадис илмига киришиб кетдим», деб жавоб берганлар. Бу талаби илм сабабли ҳатто 1955 йилдан бери дарс бериб келаётган араб тили фанини ҳам тўхтатиб қўйиб, ўзини исломий адабиётларнинг таҳқиқига бағишлади. Дастлаб 1958 йили Дамашқда «Мактабул Исломий»да фаолият бошлади. У ерда 20 йил таҳқиқ ва тасҳиҳ бўлимига раҳбарлик қилган. 70 мужалладдан ортиқ турли фанларга оид туросий китоблар бевосита ўзлари ёки ўз раҳбарлиги остида таҳқиқ қилинган. 1982 йилдан фаолиятини «Муассасатур-рисола»нинг Аммондаги идорасида давом этирган. У ерда ҳам таҳқиқ бўлимига раҳбарлик қилган. «Муассасатур-рисола»даги фаолиятлари ниҳоятда самарали, кенг кўламли бўлган. Таҳқиқотлари: «Мактабул Исломий»да 1. Бағавий. «Шарҳис-сунна». 16 жилд. 2. Шайх Абдулқодир Арнаут билан ҳамкорликда Нававийнинг «Ровзатут-толибийн» китоби. 12 жилд. 3. Ибн Мунзир. «Муҳаззабул ағоний». 12 жилд. 4. Ибн Муфлиҳ Ҳанбалий. «Мубдиъ фи шарҳил муқниъ». 10 жилд. 5. Шайх Абдул Қодир Арнаут билан ҳамкорликда Ибн Жавзийнинг «Зодул муяссар фии илмит-тафсир» китоби (9 жилд) ва бошқалар. «Муассасатур-рисола»да 1. Заҳабий. «Сияру аъломин-нубало». 25 жилд. 2. Имом Термизий. «Сунанут-Термизий». 16 жилд. 3. Имом Насоий. «Сунанун-Насоий». 12 жилд. 4. Имом Дорақутний. «Сунануд-Дорақутний». 5 жилд. 5. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал. «Муснад». 50 жилд. 6. Башшор Аввод билан ҳамкорликда Заҳабийнинг «Тарихул Ислам» китоби ва бошқалар. (Иброҳим Куфхийнинг «Муҳаддис Шуъайб Арнаутнинг сийратлари ва туросий манбаларни таҳқиқ қилишдаги жонбозликлари» китобидан)
|