Ислом арконлари (12-тавсия) Принтер учун
09.11.2016 й.

Image 

Ислом арконлари (12-тавсия)

 

Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан сафарга чиққан эдим. Бир куни кетаётганимизда у зотнинг яқинларида бўлиб қолдим. Шунда: «Эй Аллоҳнинг Расули, мени жаннатга киритадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амални айтиб беринг», дедим.

У зот: «Мендан буюк нарса ҳақида сўрадинг. Аммо у Аллоҳ таоло муяссар қилган одам учун жуда осондир. Аллоҳга ибодат қиласан, У Зотга ҳеч нарсани шерик қилмайсан. Намозни тўкис адо қиласан. Закотни берасан. Рамазон (рўзаси)ни тутасан. Байтни ҳаж қиласан», дедилар. Кейин: «Сени яхшилик эшикларига йўллаб қўяйми? Рўза қўрғондир. Сув оловни ўчирганидек, садақа хатоларни ўчиради. Кишининг ярим тунда ўқиган намози солиҳларнинг шиоридир», дедилар, сўнг «Ёнбошлари ётар жойдан йироқ бўлур. Роббларига хавфу ражо ила дуо қилурлар ва уларга ризқ қилиб берган нарсаларимиздан нафақа қилурлар. Ҳеч бир жон улар учун қилиб ўтган амалларининг мукофотига беркитиб қўйилган кўз қувончларини билмас» оятини тиловат қилдилар (Сажда сураси, 16-17-оятлар). Сўнгра эса: «Сенга ишнинг боши, устуни ва ўркачининг чўққисини айтиб берайми?» дедилар.

«Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули», дедим.

«Ишнинг боши Исломдир. Унинг устуни намоздир. Ўркачининг чўққиси эса жиҳоддир», дедилар. Кейин: «Сенга ўшаларнинг ҳаммасига молик бўлган нарсани айтиб берайми?» дедилар. Мен:

«Ҳа, эй Аллоҳнинг Расули», дедим.

Шунда у зот тилларига ишора қилиб: «Мана буни тийгин!» дедилар.

«Эй Аллоҳнинг Расули, гапирган нарсамиз учун ҳам жазога тортиламизми?» дедим.

«Онанг бўзлаб қолгур, Муоз. Одамларни тилларининг маҳсули дўзахга юзтубан  туширмаса, нима туширар эди?!» дедилар».

Аҳмад, Термизий, Насоий ва Ибн Можа ривоят қилишган ва Термизий ҳасан саҳиҳ, деган.

 

Изоҳ: «Ҳеч нарсани У Зотга шерик қилмайсан», яъни эътиқодда ҳам, амалда ҳам ёлғиз Аллоҳ таолонинг Ўзигагина ибодат қилиб, У Зотга ҳеч нарса шерик қилинмайди.

«Рўза қўрғондир», яъни бу дунёда гуноҳ-маъсиятлардан, охиратда дўзах азобидан сақловчи иҳотадир.

«Ишнинг боши Исломдир», яъни диннинг боши Ислом – икки шаҳодат калимасини тил билан айтиб, дил билан тасдиқлашдир. Бошсиз тана ҳеч нарсага арзимас жасадга айланиб қолганидек, икки шаҳодат калимасини айтмай туриб динга амал қилиш ҳам бефойдадир.

«Унинг устуни намоздир», яъни Ислом динининг устуни намоздир. Бино устунлар устига қурилганидек, Ислом ҳам намоз устига барпо қилинган.

«Сенга ўшаларнинг ҳаммасига молик бўлган нарсани айтиб берайми?», яъни юқорида зикр қилинган амалларнинг ҳаммасига осонлик билан эришиш йўлини айтиб берайми?

«Онанг бўзлаб қолгур» деган ибора арабларда қарғиш маъносида эмас, кўпроқ танбеҳ, койиш, таажжуб маъноларида ишлатилади.

 

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Жаннатга киритадиган ва дўзахдан узоқлаштирадиган амаллар буюкдир, лекин Аллоҳ осон қилиб қўйган бандага жуда енгилдир.

2. Ўша амаллар Исломнинг беш рукни –  Аллоҳнинг Ўзигагина ибодат қилиб, Унга ширк келтирмаслик; беш вақт намозни тўкис адо қилиш; моли нисобга етиб, бир йил ўтганда закот бериш; Рамазон ойи рўзасини тутиш, қудрати етса ҳаж қилишдир.

3. Яхшиликка олиб борувчи эшиклар – нафл рўза, садақа ва солиҳларнинг шиори бўлмиш таҳажжуд намози экан.

4. Диннинг боши икки шаҳодат калимасини тил билан айтиб, дил билан тасдиқлашдир. Унинг устуни намоздир. Ўркачининг чўққиси эса жиҳоддир.

5. Юқорида зикр қилинган амалларнинг ҳаммасига осонлик билан эришиш йўли эса тилни гуноҳ-маъсиятдан, беҳуда гап-сўзлардан тийишдир.

 

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz