Оилавий тарбиянинг жамият ҳаётига таъсири Принтер учун
13.11.2016 й.

 Image

Оилавий тарбиянинг жамият ҳаётига таъсири

Халқимизда «Қуш уясида кўрганини қилади» деган жуда ҳам ибратли ва чуқур маънога эга бўлган сўз бор. Бу сўз замирида оилавий тарбиянинг жамият ҳаётига нечоғли таъсир кўрсатиши баён қилиб берилган. Агар кўчада, жамоат жойларида тарбиясиз қилиқлар қилиб юрган, одобсиз инсонларни кўрсак, улар ўз уйларида яхши тарбия топмаганликларига амин бўламиз.

Демак, оиладаги тарбиянинг жамият ҳаётига бевосита таъсири бор экан. Зеро, оила жамиятнинг асосий бўғинидир. Агар жамиятни катта бир бинога ўхшатсак, оилалар унинг ғиштларини ташкил этади. Шундай экан, жамиятимиз гуллаб-яшнаши учун оилавий тарбияга бор эътиборимизни қаратмоғимиз муҳимдир.

Оила инсон зоти яратилганидан бошлаб давом этиб, инсоният тарихининг ҳамма даврларида ҳар қандай тузум ва шароитда ҳам кишиларнинг асосий ва муҳим ҳамда шарафли ишларидан ҳисобланади.

Шунинг учун инсоният тарихининг барча босқичларида Аллоҳ таоло ўзи юборган пайғамбарлари орқали оиланинг мустаҳкам бўлиши учун ҳар қайси даврга мувофиқ низом ва қонунлар жорий қилган.

Оила — муқаддас даргоҳ. Биргина шу муқаддас сўзининг оилага нисбатан ишлатилишида чуқур маъно ва моҳият мужассам. Зотан, миллатнинг эртанги кунига дастлаб оилада пойдевор қўйилади, унда ҳаётнинг давомийлигини таъминловчи авлод шаклланади, миллий маданият, урф-одатлар, ахлоқий-маънавий қадриятлар асраб-авайланади, жамият тараққиётининг иқтисодий фаровонлик ва маданий юксалишларига асос солинади, мустаҳкамланади. Инсонга хос бўлган чинакам ҳаётни, фаровон ва бахтли турмуш шароитини мана шу амалларсиз тасаввур этиб бўлмайди, албатта. Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг туб моҳиятида инсон ва унинг манфаатлари устувор экан, биз кўзлаган мақсадларга эришишда ҳаётимизнинг таянчи ва суянчига айланган оиланинг ўрни бениҳоя каттадир.

Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга.

(Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, 63-модда).

Инсонни оиладан, оилани жамиятдан айрича тасаввур этиш қийин. Оила фарзандлар тарбияси ва келажаги учун масъулдир. Зеро, инсон табиати ва дунёқарашидаги барча яхши хислатлар, аввало, оилада куртак ёзади. Дўстлар билан суҳбатлашганимизда биринчи галда оила ва фарзандлар ҳақида сўз очилиши ҳам шундан. Ўзаро сухбатларда «Бола-чақа омонми, шуларнинг бахти деб яшаб юрибмиз», деган гап-сўзлар қулоққа чалинади. Дарҳақиқат, ўзбек халқининг асосий фазилатлари фарзандлар камоли, уларнинг бахту саодати йўлида ғамхўрлик қилишда кўпроқ намоён бўлади.

Қуш уясида кўрганини қилади, деганларидек, инсон жамиятга аралашиб юрган вақтида ҳам ўз оиласида кўрган тарбиясига мувофиқ равишда ўзини тутади. Шундай экан, оилаларимизда фарзанд тарбиясига бениҳоя кучли аҳамият қаратмоғимиз даркор. Муқаддас динимиз таълимотлари ҳам ана шунга даъват этади.

Аллоҳ таоло Таҳрим сурасининг олтинчи ояти каримасида қуйидагича марҳамат қилади: «Эй иймон келтирганлар, ўзларингизни ва аҳли оилаларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлардан иборат дўзах оловидан сақлангиз!».

Ушбу ояти карима мазмуни ҳам инсон оиласидаги ўз қарамоғида бўлган инсонларнинг тарбиясига масъул эканлигини англатади.

 

Раҳматуллоҳ САЙФУДДИНОВ

Юнусобод тумани бош имом-хатиби,

Тошкент Ислом Институти ўқитувчиси,

«Мирза Юсуф» жоме масжиди имом-хатиби

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri