Аллоҳ таолонинг тоати ва зикрини маҳкам тутиш (19-тавсия) Принтер учун
13.12.2016 й.

Image 

Маъсиятларни тарк қилиш ҳамда
Аллоҳ таолонинг тоати ва зикрини маҳкам тутиш

(19-тавсия)

 

Умму Анас розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Эй Аллоҳнинг Расули, менга тавсия беринг», дедим. У зот шундай дедилар: «Маъсиятларни тарк эт, чунки бу энг афзал ҳижратдир. Фарзларни муҳофаза қил, чунки бу энг афзал жиҳоддир. Аллоҳнинг кўп зикр қил, чунки кўп зикрдан кўра Аллоҳга маҳбуб бирор нарсани қила олмайсан», дедилар»

Табароний ривоят қилган.

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Аллоҳ таоло айтади: «Бандам Мен ҳақимда қандай гумон қилса, шундайман. Мени эсласа, у билан биргаман. Мени бир ўзи эсласа, Мен ҳам уни Ўзим эслайман. Агар у Мени бир жамоа ичида эсласа, Мен уни улардан яхшироқ жамоа ичида эслайман. Агар у Менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир аршин яқинлашаман. Агар у Менга бир аршин яқинлашса, Мен унга бир қулоч яқинлашаман. Агар у Менга юриб келса, Мен унга чопиб бораман».

Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

 

Изоҳ: Шориҳлар бу ерда айтилган гумон ҳақидаги жумлани шундай изоҳлашган: «Бу жумлани «Бандам Мен ҳақимда яхши гумонда бўлиб, мағфиратимдан умидвор бўлса, кечираман. Раҳматимдан ноумид бўлиб, гуноҳга ботса, мени иқоб қилади деб, Мен ҳақимда бадгумон бўлса, жазолайман», деган маънода тушуниш мумкин. Умидвор бўлиш мусулмонга хос, ноумид бўлиш эса кофирга хос амалдир».

 

Муовия розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалқа бўлиб ўтирган саҳобалари олдига чиқиб, «Нима қилиб ўтирибсизлар дедилар. «Аллоҳнинг зикрини қилиб, бизни Исломга ҳидоят қилгани учун, берган неъматлари учун ҳамд айтиб ўтирибмиз», дейишди.

«Аллоҳ ҳаққи, фақат шунинг учун ўтирибсизларми дедилар.

«Аллоҳга қасам, биз фақат шунинг учун ўтирибмиз», дейишди.

«Мен сизлардан туҳмат юзасидан қасам ичишни талаб қилганим йўқ. Лекин ҳузуримга Жаброил келиб, Аллоҳ азза ва жалла фаришталарга сизлар билан фахрланаётганини айтди», дедилар».

Муслим ва Термизий ривоят қилишган.

 

Юқоридаги ҳадислардан олинадиган фойдалар:

 

1. Маъсиятларни тарк этиш энг афзал ҳижратдир.

2. Фарзларни муҳофаза қилиш энг афзал жиҳоддир.

3. Аллоҳни кўп зикр қилишдан кўра У Зотга маҳбуб амал йўқдир.

4. Банда Аллоҳ ҳақида яхши гумонда бўлиб, У Зотнинг мағфиратидан умидвор бўлса, У Зот уни кечиради. Раҳматидан ноумид бўлиб, гуноҳга ботса, иқоб қилади деб У Зот ҳақида бадгумон бўлса, жазолайди.

5. Банда Аллоҳга қанча яқин бўлса, У Зот ҳам унга шунча яқин бўлади.

6. Зикр ҳалқалари қуриш катта фазилатдир.

7. Зикр ҳалқаларини қуришдан мақсад холис бўлиши керак.

8. Бир маънони таъкидлаш учун иккинчи томондан қасам ичишни сўраш мумкин.

9. Аллоҳ азза ва жалла фаришталар олдида мухлис зокир бандалари билан фахрланар экан.

10. Жамоат бўлиб зикр қилиш жоиздир.

 

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz