Турли маиший исрофлар Принтер учун
29.12.2016 й.

Image 

Турли маиший исрофлар

 

– Жамиятимизда умрини исроф қилаётганлар ниҳоятда кўп. Уларнинг ичида мактаб ёшидаги болалардан тортиб, катта ёшдаги боболар ва момолар ҳам бор. Болалар илм олиш ўрнига кўча-кўйда санғиб, тамаки чекиш, сўкиш, одамларнинг керакли нарсаларига талафот етказиш каби турли бўлмағур ишлар билан умрларини зое қилишмоқда. Боболар кўчада ўтириб олиб, ғийбат билан машғул бўлиб, нард, карта ўйнаб умрларини зое ва исроф қилишмоқда. Болалар билан боболар орасидаги ёшдагилар ичида ҳам умрини исроф қилаётганлар оз эмас. Уйида телевизор тагига ётиб олиб, хотинига: «Бошқаларнинг хотини топиб-тутиб келмоқда, сен ҳам кўчага чиқиб, бирор нарса топиб кел», дейдиганлар йўқ эмас.

Умр инсон зотига берилган энг азиз ва қимматбаҳо неъмат эканини унутмайлик. Умрни исроф қилиб, гуноҳга ботмайлик. Бу неъматни бу дунёмиз ва охиратимиз фойдасига сарфлайлик.

Бир автоулов устаси қуйидагиларни айтди: «Ҳозирги пайтда исроф кўпайиб кетди. Аммо энг катта исроф техникада бўлмоқда. Одамлар автоуловни сотиб олиб, ҳайдашни билишади, холос. Аммо уни авайлашни хаёлларига ҳам келтиришмайди. Техника асбобларига ўз вақтида қараб, керакли хизматларни қилиб турмаса, увол бўлади. Одамлар мой алмаштириш ва бошқа шу каби техник хизматларни вақтида қилдиришмайди, оқибатда ўзлари зарар кўришади».

Мазкур устанинг гапига қўшилмай иложимиз йўқ. Баъзи кишиларимизнинг автоуловларига қараб туриб, темирга ҳам раҳминг келади. Увол бўлаётган темир асбобларнинг ҳажмини ўйласанг, юрагинг орқага тортиб кетади. Автоуловдан бошқа асбоб-ускуналар борасида ҳам худди шу гапларни айтишимиз мумкин.

– Газ ва электр қувватини тежаш борасида доимий равишда эслатмалар бериб турилса ҳам, кўпчилик бу борада исрофни ҳаддидан ошириб юбораётгани ҳам бор ҳақиқат. Ўз ўрнида айтиб ўтиш лозимки, электр, газ ва сув ҳисоблагичларни «орқага айлантириш» – уларнинг кўрсаткичларини камайтириб кўрсатиш ҳолатлари бугунги кунимизда кенг тарқалиб бораётган иллатлардан бири бўлиб, гуноҳ бўлиши нуқтаи назаридан кўпчилик бунга унчалик эътибор бермайди. Аслида эса бу каби ишлар ўғрилик ҳисобланади. Ўғрилик бўлганда ҳам, бир шахснинг эмас, бутун бошли давлатнинг ҳаққига хиёнат ҳисобланади. Давлат томонидан кўрсатилаётган мазкур хизматлар учун йиғиладиган солиқ ва тушумлар биринчи навбатда етим-есирлар, нафақахўрлар, кам таъминланганлар эҳтиёжи учун ва бошқа ижтимоий соҳаларга сарфланишини ўйлаб кўрадиган бўлсак, бу каби қинғирликлар нақадар улкан жиноят эканини янада чуқур ҳис қилишимиз мумкин бўлади.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (Исроф китобидан)

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz