Ҳар ишда ҳикмат бор Принтер учун
17.01.2017 й.

Image 

 

Инсоннинг ҳаёти турфа хил воқеалардан иборат бўлади. Баъзан яхши ҳодисалар ила хурсанд бўламиз. Баъзида эса мусибатлардан дилимиз вайрон бўлади. Гоҳо душманлар иғвосидан бошимиз хам бўлиб, дунёга сиғмай қоламиз. Гоҳида эса дўстлар вафоси ила дунё нурафшон бўлади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:  

«...Шоядки, ёқтирмаган нарсангиз сиз учун яхши бўлса. Ва шоядки, ёқтирган нарсангиз сиз учун ёмон бўлса. Аллоҳ биладир, сиз билмассиз» (Бақара сураси, 216-оят).

Бир мусибатга дучор бўлиш сабабли мутлақ умидсизликка тушиб, ҳамма нарсага бепарво бўлиб қолиш, атрофдагилардан кўнгил қолиши шайтоний васвасага бўйсуниб қолиш бўлади. Ваҳоланки, кўпинча бу мусибатлар яхшиликлар эшигини очиб юборганига гувоҳи бўламиз.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонга қай бир мусибат етса ҳам, у  чарчашми, беморликми, ташвишми, хафачиликми, озорми, ғам-ташвишми, ҳаттоки тикан санчилишми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг хатоларини каффорат қилади”, дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Бу қандайин улуғ ҳикматки, чарчаш, беморлик, ташвишлар кабилар ва ҳаттоки кичкинагина тикан санчилиши сабабли ҳам гуноҳлар ўчирилса!

Бизга аслида ёмонлик бўлиб кўринган нарсада буюк ҳикматлар бор! Ишонаверинг.

Имом Раббоний қуддиса сирруҳ айтади:

Ҳакийми мутлақ Зотнинг ҳар бир феъли ҳикаматдан холи бўлмайди. Шоядки сизга бўлаётган воқеаларда яхшиликлар бўлса. Биронта ҳам ишни беҳикмат дея ўйламанг.

Банда ҳикматларга тўла дунёда яшайди. Фақат буни фаҳмлаш лозим.

Аҳли илм дўстларимиздан бири  ҳикоя қилади:

Бир жойда дўстларимиз учрашуви бор эди. Энди йўлга чиқмоқчи бўлганимда, машинам ўт олмай қолди. Роса уннаб ҳам  юргиза олмадим. Айбини топишнинг хечам  иложи бўлмади. Энди кеч қолганим аниқ бўлгач, бориб уста олиб келдим. Уста машинани ҳамма ёғини кўргач, Домла, Худо асрабди. Агар юрганида портлаш хавфи бор экан. Газ ҳидини сезмаябсизми?" деб қолди. Газ баллоннинг бир жойидан газ чиқаётган экан..."

 

АЛЛОҲНИНГ ИШИ ҲИКМАТДАН ХОЛИ ЭМАС

 

Баъзида касалликлар сабаб ранжиб қоламиз. Яқинларимиз бетоб бўлиб қолса, ҳаловатимиз йўқолади. Аслида эса Роббимиз жалла ва ъалани бетоблик сабабли кўп зикр қиламиз: Аллоҳ таоло Роббим! Ўзинг отамга, онамга, акамга, укамга, синглимга, фарзандларимга шифои комил бергин! дея  муножотлар қиламиз. Садақалар қиламиз. Нафл намозлар ўқиймиз. Тузалса, шукр намози ўқиймиз. Биргина бетоблик сабабли гуноҳларимиз кечирилиб, даражотларимиз кўтарилади.

Аллоҳ таоло Роббимиз биз бандаи ожизларга ўта меҳрибондир. Агар ўзимизнинг бир кунимиздаги ҳолатларимизни эътибор ила ўргансак, қанчалар ночорлигимизни, Роббимиз эса бизга қанчалар лутф қилаётганини тушуниб етамиз.

Имом Раббоний қуддиса сирруҳ:

Агар аҳлиянгиз ва фарзандларингиз сизни ранжитаётган бўлса, жазолашга шошилманг. Кечиримли бўлинг. Шунча гуноҳлар қилсак-да,  Ҳақ азза ва жалла бизларни жазоламаётгани, бизларга тавба қилиш имкониятини бераётганидан ибрат олинг, бундан ўрнак олинг, деб айтган.

Биз аҳли оиламиз ранжларидан ҳам ҳикмат олсак бўлади. Демак, ўзимиз шариатда мустаҳкам эмасмизки, улар бизга ранж етказишмоқда.

 

МУСИБАТЛАРДА БУЮК ҲИКМАТ БОР

 

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Бас, албатта, қийинчилик билан бирга осончилик ҳам бордир. Албатта, қийинчилик билан бирга осончилик ҳам бордир» (Шарҳ сураси, 5-6-оятлар).

Ибн Аббос розияллоҳу анҳу айтади: «Аллоҳ таоло: “Бир қийинчиликни икки осончилик ўртасида қилиб яратдим. Ҳеч қачон қийинчилик енгилчиликка ғолиб бўлолмайди”, дейди».

Аллоҳ таолонинг буюк ҳикмати шуки, албатта қийинчиликлар сабабли ундан-да кўпроқ яхшиликларга эришилади.

 Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: “Агар қийинчилик бир тешик ичида бўлса ҳам, енгилчилик у тешикка кириб бориб, уни у ердан чиқариб юборар эди”, деган.

Албатта, бандага етадиган мусибатлар ҳам ҳикматдан холи бўлмайди. Мусибат етганда дод-вой солиш, ёқа йиртиш каби номашруъ феъллардан сақланиш қандай ҳам яхшидир.

Мусибатларнинг ичига аслида, яхшиликлар яширинган бўлади. Бу тақводор инсонлар учун хосдир.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

«Ким Аллоҳга тақво қилса, У зот унинг йўлини очиб қўюр» (Талоқ сураси, 2-оят).

«Ким Аллоҳга тақво қилса, У Зот унинг ишида осонлик қилиб берадир» (Талоқ сураси 4-оят). 

 

МУСИБАТ ЧОҒИДА КИМДАН ЎРНАК ОЛИНАДИ?

 

Мусо алайҳиссалом онасининг фарзандини денгизга отганини кўрган инсон, буни зулм деб ўйлайди. Бу воқеани яхшилаб ўрганганидан сўнг эса бу  у зот учун нақадар ҳам улуғ ҳолат бўлганини билиб олади. Денгизга отилган чақалоқ қаёқда-ю, Пайғамбар Мусо алайҳиссалом қаёқда! Денгизга отиш ила шундайин улуғ ҳикмат ирода қилинган эдики, унинг охири Расуллик ва ғолиблик ила тугади.

Сизни ҳам мусибатлар денгизига отишса, асло парво қилманг, буюк ҳикмат эгаси бўлмиш Зотнинг ҳикматсиз иши йўқ. Мусибатларнинг охири катта ютуқларнинг дебочаси бўлиши мумкин.

Юсуф алайҳиссалом қиссасига назар солинг! Зиндонга солиниши қандайин мусибат бўлиб, оталари Яъқуб алайҳиссалом эса бу ҳолатдан кўзлари ожиз бўлиб қолган эди. Аммо бу илоҳий  ҳикмат ила бўлган иш эдики, бунинг охирида буюк ҳикмат зоҳир бўлди. У зот подшоҳлик эгаси бўлди. Оталари эса икки дарддан: бетоблик ва фарзанд доғидан қутилди.

Дарҳақиқат, Аллоҳ таолонинг ҳар бир ирода қилган  ишида ҳикмат бор.

Хизр алайҳиссаломнинг Аллоҳ амри ила қатл қилган ғулом воқеасини ўйлаб кўринг!

«Бас, Роббилари уларга унинг бадалига ундан кўра яхшироғини, аҳли солиҳроқ ва меҳрибонроғини беришни ирода қилди» (Каҳф сураси, 81-оят).

Ҳар бир ишда биз билмаган улуғ ҳикматлар бўлади. Сабр ила кутилса, ҳикматлари зоҳир бўлаверади.

Баъзиларнинг ўғил фарзанди, кимнингдир қиз фарзанди бўлмаслиги,  яна бошқасининг умуман фарзанди бўлмаслиги мумкин. Бу ҳолатлардан кўнгил сиқилиб, хафа бўлмасдан, дуо ила фарзанди солиҳ сўрашлик лозим.

Фарзанд сабабли туғёнга кетишлиги, уларнинг ўзи эса ота-онасининг қотили бўлиши ҳам мумкинлиги эсимиздан чиқмасин.

Умму Салама розияллоҳу анҳонинг эри Абу Салама вафотини эсга олинг!

Умму Салама розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: Қайси бир бандага мусибат етганда Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун, деса ва сўнгра Аллаҳумма ажирний фий мусийбатий вахлуф ли хойрон минҳа, (Эй Аллоҳ! Менга мусибатимда ажр бергин ва унинг ўрнига яхшироғини ҳам бергин) деса, албатта, Аллоҳ унга ажр беради ва унга бунинг ўрнига яхшироғини ҳам  беради»,  деганларини эшитдим. Абу Салама вафот этганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга амр қилганидек айтдим. Аллоҳ менга унинг ўрнига ундан яхши зотни – Расулуллоҳни берди» (Имом Муслим ривояти).

Мана эътибор қилсак, ҳатто оила аъзоларининг вафотида ҳам ҳикмат бор экан.

Шақиқ Балхий раҳимаҳуллоҳ айтади:

“Кимки мусибатдан Аллоҳдан бошқага шикоят қилса, тоат ҳаловатини топмайди”.

Мусибатлар чоғида шикоят, нолиш кабиларни эмас тазарру, илтижоларни кўпайтириш, кўпайтирганда ҳам ўзи каби ожиз бандаларга мурожаат қилавермасдан, Холиқ азза ва жаллага сиғиниб, буларнинг охирини яхшиликка айлантириб қўйишини сўраш марғубдир.

Али Тантовий раҳимаҳуллоҳ айтади:

“Бугун суюкли бўлган нарса ортидан эртага ёқимсиз нарса келиши мумкин. Бугун ёқмаган иш ортидан эса эртага роҳатли нарса бўлиши ҳам мумкин”.

Аллоҳ таоло Роббимиз барчамизга Ўзига маҳбуб бандалардан бўлишимизни, ҳикматли дунёда ҳикмат билан яшашимизни насиб этсин!

 

Суннатуллоҳ АБДУЛБОСИТ

 

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz