Суҳбатлашиш одоби Принтер учун
19.01.2017 й.

Image 

Сўзлаётган пайтда ортиқча ҳаракатлар қилмаслик лозим.

Бунга кўз, қош, қўл ва бошқа аъзоларнинг ҳаракати ҳам киради. Суҳбатлашаётганда, суҳбатдошини туртиб, қўлидан тутиб ёки кийимидан тортқилаб гапирадиганлар ҳам бор. Ушбу нарсалар ҳам одобсизликка киради ва бу ишлар киши одобидаги нуқсонлардир.

Имкони борича чиройли, маънодор ва хушҳолликка далолат қиладиган сўз ва жумлаларни ишлатиб, қўпол, маъносиз ва нохушликка сабаб бўладиган сўз ва жумлалардан четланиш керак.

Бу борада мумтоз адабиётимизда бир ҳикоя келган: Подшоҳ туш кўрибди. Тушида тишлари битта қолмай тўкилиб кетган эмиш. Аъёнларини чақириб, бу тушининг таъбирини сўрабди. Биров: «Барча қариндошларингиз ўлиб, ёлғиз ўзингиз қолар экансиз», дебди. Бу гап подшоҳни маҳзун қилибди. Бошқа биров: «Йўқ, ундай эмас, подшоҳим. Сиз барча қариндошларингиздан кўра кўп умр кўрар экансиз», дебди. Бу гап подшоҳга маъқул келиб, жуда хурсанд бўлибди.

Тилни ихтиёрига қўйиб юбориш инсонни ёлғон, ғийбат, чақимчилик, риё, ихтилоф, душманлашув, ахлоқсизлик, фаҳш ишлар ва бошқа турли ёмонликларга олиб боради. Шунинг учун «Ким тилини тийса, нажот топади» дейилган. Тил офатларидан сақланишнинг энг яхши йўли турли бемаъни ўтириш-зиёфатлар, ғийбат-хусумат мажлислари, нодон, ахлоқсиз кишилар суҳбати кабилардан узоқроқ юришдир.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (Ижтимоий одоблар китобидан)

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz