(Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳаётларини ўрганиш) ШИЖОАТ Одамлар шижоатни шарафлаб келган. Ахлоқ ва одоб фалсафасига кўра шижоатнинг фазилати киши учун энг зарурий инсоний фазилатлардан саналади. Шижоат бизнинг тасаввуримизга кўра ақлга таянган ҳолда бира тўла ҳиссиётларга берилиб кетмаслик ва қўрқоқ одам жонини сақлаб, ҳаётини асраб қолиш учун ҳар қанча хорлик ва пасткашликларга рози бўлган қўрқоқлиги орасида бўлади. Ҳар қандай жирканчлик ва қабоҳатдан тап тортмасликка олиб келадиган тентаклик билан қабоҳату адоватни тақозо қилмайдиган ғазаб туйғулари ораси – шижоат бўлади. Шижоатнинг фазилати, улуғланиши ва юксак баҳоланиши шунинг учунки, шижоат шунчаки фойда ва манфаатлар мажмуасигина эмас, балки ҳаёт тарзида ҳар қанча манфаатларга сабабчи бўлса ҳам, унинг қиймати фақат амал билангина баҳоланади. Чунки шижоат ҳар қандай мағлубият ва чекинишларга дуч келса-да, токи унинг соҳиби зафар ва нусратга етмагунча ўз мақсад йўлида интилишдан қолмайди. Шижоат бизларни фойдали амалларга чорлайди. Унинг бошқа амаллардан афзаллиги у сабабли келадиган фойда ва манфаатлар давомли бўлишидир. Шижоатли инсон яхши амалларда ҳамиша бардавом бўлади. Чарчаб, тўхтаб ёки оқсаб қолмайди. Шижоат ҳам имондандир. Шунинг учун ҳам Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам шижоатда умматига ҳамиша намуна бўлганлар. Ҳазрат Али каррамаллоҳу важҳаҳу айтадилар: “Қачонки бирор қавмга рўпара келиб, вазият оғирлашса, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни эҳтиёт қилсак-да, ҳеч ким душманга Ул зот соллаллоҳу алайҳи васалламчалик яқин бўла олмас эди”. Яна айтадилар: “Бадр куни ҳам биз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни беркитишга қанча ҳаракат қилмайлик, душманга яқинлашиб бораверардилар. Ўша куни жасоратда ҳаммага ибрат бўлдилар”. Имон инсонни ибтидосида ҳам, ҳаёти давомида ҳам ҳар қандай ҳолатда дунёга берилмасликка ва нафсига эргашмасликка чорлайди. Имон юксак шижоат туҳфа қилганлигининг самараси ўлароқ Сайфуллоҳ (Аллоҳнинг қиличи) деган номга мушарраф бўлган улуғ саҳобий Холид ибн Валид розияллоҳу анҳу юзта ғазотда иштирок этиб, баданида қилич ёки найза тиғи тегмаган жой қолмаган. Бироқ тўшагида ётиб вафот қилар экан: “Қўрқоқларнинг кўзлари кўрмай қолсин!” – деган. Имон саййидимиз Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳуга “Сен ўлимга интилсанг сенга ҳаёт ёр бўлур!” деган абадий насиҳатни илҳом қилган. Аллоҳ таоло мўминларнинг қалбини ҳам имон билан собит қилди: “Уларга кишилар: «Албатта, одамлар сизга қарши куч тўпладилар, улардан қўрқинглар», деганда, иймонлари зиёда бўлди ва: «Бизга Аллоҳнинг Ўзи етарли ва У қандай ҳам яхши вакил», дедилар. Бас, Аллоҳнинг неъмати ва фазли ила, уларга ёмонлик етмасдан қайтдилар ва Аллоҳнинг розилигига эришдилар. Аллоҳ улуғ фазл эгасидир” (Оли Имрон сураси, 173-174-оятлар). МЕНДАН ҚЎРҚМАЙСАНМИ? Бани Маҳориб қавмидан бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни ўлдириш мақсадида йўлга чиқди. Ул зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қиличини ёнига қўйиб ўтирган эдилар. - Эй Муҳаммад! (соллаллоҳу алайҳи васаллам) Қара, мана бу сенинг қиличингми? – деди ҳалиги киши. - Ҳа, – дедилар соллаллоҳу алайҳи васаллам. У қилични қинидан суғуриб олиб ҳавода ўйната бошлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни қатл қилиш учун яқинлашмоқчи бўлди, бироқ Аллоҳ азза ва жалла унинг қадамларини тўхтатиб қўйди. Ҳарчанд интилса-да, яқинлаша олмади. - Эй Муҳаммад! Мендан қўрқмайсанми? – деди. - Йўқ. Сендан қўрқмайман, – дедилар Сарвари коинот (соллаллоҳу алайҳи васаллам). - Қўлимда қилич турган бўлса ҳам қўрқмайсанми? - Ҳа. Аллоҳ Ўзи сендан ҳимоя қилиб олади. У киши иложсиз қолди ва қилични Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қайтариб топширди. Бу воқеа Зотур риқоъ ғазотида содир бўлган эди. Ушбу ибратли қиссада Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шижоатлари, саботлари ва Аллоҳ субҳанаҳу ва таолога бўлган имонларининг нақадар бақувватлиги ёритилган. ҚАРИНДОШЛИК ҲАМИЯТИ Абу Жаҳл Сафода Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ёнларидан ўтар экан, озор бериб ҳақорат қилиб ўтди ва яна бир қанча нолойиқ бўлган сўзларни айтди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч нарса демадилар. Абдуллоҳ ибн Жадъоннинг хонимаси яқин жойда эди, бу сўзларни эшитиб турди. Абу Жаҳл Каъбага – Қурайш жамоаси тўпланадиган жойга борди ва улар билан бирга ўтирди. Бир маҳал Ҳамза ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу овдан қайтар экан, ҳайбат солиб келиб қолди. Ҳамза одатига кўра қачон овдан қайтса, токи Каъбани тавоф қилмасдан туриб уйига кирмас эди. Шунингдек, Қурайш жамоаси тўпланган жойдан салом бериб бир икки-оғиз сўз қотиб ўтар эди. Ҳамза розияллоҳу анҳу Қурайшнинг обрўли йигитларидан бўлиб, моҳир чавандоз эди. У Абдуллоҳнинг хонимининг ёнига етганида аёл: - Ҳой Амморанинг отаси! Абул Ҳакам ибн Ҳишом ҳозиргина сенинг жиянингни қандай камситганини кўрсанг эди! Анави ерда ўтирган эди, озор бериб ҳақорат қилиб ўтди. Яна анча мулзам қилди. Аммо Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи васаллам) бир оғиз ҳам сўз айтмай уйига жўнаб кетди, – деб бор гапни айтиб берди. Шу пайт Аллоҳ таолонинг лутфу карами ила Ҳамзанинг бу ишдан ғазаби қўзиб кетди. Шошилиб ўша томон отланар экан йўл-йўлакай ҳеч ким билан гаплашмади. Масжидга кирганида Абу Жаҳл даврада ўтирган эди. Тўғри унинг олдига келди. Камонини кўтариб бошига урди. Боши ёрилиб анчагина шикаст етди. - Сен менинг жиянимни нега ҳақорат қилдинг?! Билиб қўй, мен унинг динидаман! У нима деса, мен ҳам ўшани айтаман! Қани, қўлингдан келса, ўша ҳақоратингни менга қил-чи! Бани Махзумдан бир неча киши ўрнидан туриб Абу Жаҳлнинг ёнини олмоқчи бўлишган эди, Абу Жаҳл: - Амморанинг отасига тегманглар! Аллоҳга қасамки, мен унинг жиянини жуда ҳам қабиҳ сўзлар билан ҳақорат қилган эдим, – деди. Ҳамза розияллоҳу анҳу Исломда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларига итоат қилишда доимо собит қадам бўлди. АРШНИ ЛАРЗАГА СОЛГАН ШАҲИД Мушрикларнинг мусулмонларга қилаётган ҳужумлари ниҳоятда шиддатли тус олди. Улар Мадинага кириш имкони бор жойларга ҳужум қилишарди. Икки томондан камон ўқлари тинмай ёғиларди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам қуролланган ҳолларида отларига минганича турар эдилар. Саъд ибн Муъозга шаҳар ҳудудини душманлардан мудофаа қилиш вазифаси топширилган эди. У бор шижоати билан душманлар ҳамласига қарши аёвсиз зарба берди. Бир маҳал Қайс ибн Арақанинг ўғли Жаҳон пайт пойлаб Саъд розияллоҳу анҳуга: - Мана, қабул қилиб ол! Мен Арақанинг ўғлиман! – деб ўқ отган эди, ўқи нишонга тегиб Саъднинг томиридан қон оқа бошлади. - Аллоҳ сенинг юзингни дўзахда куйдирсин! – жавоб берди у. Томиридан қон отилиб чиқар эди. Қонни тўхтатиш учун шошилинч муолажани қилди. Ҳолатни кўрган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам назорат қилиб туриш учун унга чодра ўрнатишни амр қилдилар. Саъд нигоҳини юқори кўтарди ва ҳайқириб: - Эй Аллоҳ! Сен яхши биласан – мен учун Сенинг розилигинг истагида Расулингни ёлғончи қилган ва юртидан чиқариб юборган қавм билан жанг қилишдан кўра маҳбуброқ иш йўқ! Эй Аллоҳ! Биламан, сен жангни биз билан Қурайш ўртасига қўйгансан. Мабодо Қурайш ғолиб келса, мени ҳам қолдиргин, токи Сенинг йўлингда улар билан жанг қилай. Мени жанг майдонида ўлдир, аммо вафотимга қадар ғалабани ўз кўзларим билан кўришни насиб этгин! – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар блан ўн кунга яқин қамал ҳолда туриб қолдилар. Сўнг Аллоҳ таолога илтижо қилдилар: - Эй Аллоҳ! Мен Сенинг аҳдинг ва ваъдангни ўртага қўйиб сўрайман! Эй Китобни нозил қилган, ҳисобни осон қилган Зот! Аҳзобни тор-мор қилгин! Аллоҳ таоло Расулининг дуоларини ижобат қилди. Кечасида Аҳзобга шиддатли шамол йўллади. Натижада мушриклар қадам босишнинг ҳам иложини қилиша олмай қолишди. Мусулмонларга нусрат берди. Улар тинмай Аллоҳ таборак ва таолога шукронани такрорлашарди. Мусулмонлар Бани Қурайзани йигирма беш кун қамал қилдилар. Ниҳоят яҳудийлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан юртларини мусулмонларга ташлаб, Шомдаги Азриотга кўчиб кетишга изн беришларини сўрашди. Лекин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рад этдилар ва келишиш учун хоҳлаган кишисини ўртага вакил қилишларини таклиф қилдилар. Улар Саъд ибн Муъоз розияллоҳу анҳуни танлашди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъдни чақиртирдилар ва Бани Қурайза билан ўртада ҳукм чиқаришга вакил қилдилар. Саъд аҳдини бузган, мусулмонларнинг душманларига ёрдам берган, натижада Хандақ ғазотида ва мазкур ғазотда мусулмонларнинг қони тўкилишига сабабчи бўлган хоинларнинг ҳукмини чиқаришга имкон берилганидан шодланиб кетди. У бор шижоати ва илми билан ўртада адолатли ҳақ ҳукм чиқарди. Жангга чиққанларини ўлдиришга, аёлларни асир олишга, мол-мулкларини мусодара қилиб, мусулмонларга тақсимлаб беришга ҳукм қилди. Ҳолбуки Саъд улар билан аҳил дўст эди. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам: - Аллоҳ таоло еттинчи осмонда чиқарган ҳукмини чиқардинг. Сенинг бу чиқарган ҳукмингдан Аллоҳ ҳам мўминлар ҳам рози бўлдилар. Мен ҳам шунга буюрилган эдим, – дедилар. Саъд розияллоҳу анҳу яна ўзи даволанаётган чодрага қайтди. Жароҳати ўтда куйдирилган эди. Жароҳатидан яна қон оқа бошлади. Иккинчи марта яна куйдирилди. Жароҳат яна-да кучайиб, Саъдни вафот этишгача олиб келди. Жон таслим қилаётган пайтида Жаброил алайҳиссалом келди ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: - Бу инсон қандай инсонки, унга осмон эшиклари очилди, Арш ларзага келди? – деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шошилиб кийимларини кийиб, Саъд томон борди. Етиб келиб қарасалар, жон таслим қилган экан. Жанозаларини Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ўқидилар. Саҳобалар сўрашди: - Эй Аллоҳнинг Расули! Бунчалик енгил маййитни кўрмаган эдик? - Ҳа, ҳозир осмондан шунчалар фаришталар тушдиларки, шу кунгача бунча тушмаган эди. Ўша фаришталар кўтарганлигидан сизларга енгил бўлди, – дедилар. ДАРЁДАН ЎТИШ Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу Дажла соҳилига етиб келди. Нигоҳи гуркираган Мадоин шаҳрига ва таърифи дунёга кетган Кисро қасрига тушди. Аскарлари билан дарёдан сузиб ўтмоқчи бўлди. Аммо бу усул унчалик қўл келмас эди. Шу пайт Осим ибн Амр Нажда аҳлидан олти юз нафар жангчи билан келди. Дарёни кечиб ўтиб, соҳилда мудофаа тадбирини қилиш таклифини киритди. Қараса, аскарларнинг баъзилари бу усулдан тараддудланиб қолишди. Шунда у Аллоҳ азза ва жалланинг ушбу оятини тиловат қилди: “Ҳеч бир жон Аллоҳнинг изнисиз ўлмас. Бу ёзилган ажалдир. Ким бу дунёнинг савобини хоҳласа, унга ўшандан берамиз. Ким охиратнинг савобини хоҳласа, унга ўшандан берамиз. Ва шукр қилувчиларни мукофотлаймиз” (Оли Имрон, 145). Сўнг бошини мардонавор кўтарганича дарёга ташланди. Уни кўриб бошқалар ҳам ўзларини дарёга отишди. Ибн Амрнинг жасоратидан таъсирланган аввалги лашкар ҳам ўзларини дарё томон урдилар. Соҳил бўйида турган душман мусулмон лашкарини қайтаришга шайланишди. Аммо Ислом лашкарининг моҳирона мардонавор тадбирлари олдида душман ожиз қолди. Мусулмонларни сувдан чиқармасдан ўлдиришга уринишди. Осим ҳайқириб найзалар билан жанг қилишга буюрди. Лашкар соғ-саломат кечувдан ўтди. Душман мағлуб бўлди. ВАҲИМА ҚИЛМАНГ! Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаммадан ҳам кўра шижоатлироқ, гўзалроқ ва саховатлироқ эдилар. Бир кун Мадина халқи шаҳар атрофидан шовқин-сурон овозини эшитишиб қўрқиб кетишди. Ҳатто душман бостириб келиб қолдимикин, деган гумонга ҳам боришди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шу заҳотиёқ қиличларини бўйинларга осиб, яланғоч отга миндилар ва ёлғиз ўзлари овоз келган томонга етиб бордилар. Қарасалар, ҳамма ёқ тинч. Ортга қайтсалар, Мадина аҳли ҳам шу томон келаётган экан: - Ваҳима қилманглар. Хавотир олманглар! – дедилар ва бирга шаҳарга қайтдилар. Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир-Расул” китобидан Асака туман бош имом-хатиби Шаҳобиддин ПАРПИЕВ таржимаси.
|