Рашк Принтер учун
24.01.2017 й.
Image 
 

Аллоҳ таолога ҳамду саноларимиз, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруд ва салавотларимиз бўлсин!

Сўнги даврларда дунёдаги оламийлашув натижасида халқларнинг ўзаро маданият алмашуви, бир-бирларининг турмуш тарзи, дунёқарашидан таъсирланиши оқибатида ижобий ютуқлар қаторида салбий ҳолатлар ҳам урчиб бормоқда. Мусулмонлар ўртасида билиб-билмаган ҳолда ўзга дунёқараш ва тутумларни ҳеч қандай фарқламай қабул қилиб олиб, ўз маданятларидан, ўзликларидан узоқлашиш ҳолатлари бўй кўрсатмоқда. Ушбу ҳақиқат инсоний туйғулардан бири ‒ рашк борасида ҳам яққол кўринмоқда, десак, хато бўлмаса керак. Баъзан бу хислат буткул унитилиб кетмаяптимкин, деб қўрқасиз. Айрим мусулмон эркакларда рашк деган нарса тамоман йўқ бўлиб кетгандек туюлади. Бошқа бир тарафда эса, рашкда ҳаддан ошиб, васвасага учраган кишилар ҳам бор. Ҳар икки тарафнинг ҳам нуқсони бир ‒ рашк хусусида динимиз кўрсатмаларидан бехабарлик. Ушбу камчиликни тўлдиришда бироз бўлса-да ҳисса қўшиш илинжида ушбу сатрларни қоралашга қарор қилинди. Аллоҳ Ўзи манфаатли айласин!

«Рашк» аслида форсча сўз бўлиб, ўзига тегишли бўлган, ўз ҳаққи деб билган нарсани қизғаниш, унда бошқа бировнинг шериклик қилишидан қалбнинг норози бўлиши ва изтиробга келишидир. Рашк кўпроқ эр ва аёл ўртасида намоён бўлади ва кучлироқ кечади. Бу туйғуда аёл ва эркак муштаракдир. Баъзан аёлларда рашк қаттиқроқ бўлади.

Рашк араб тилида «ғойротун» сўзи билан ифодаланади. Бу ўзак бизда «ғайрат­шижоат», «ғайри», «ғайрлик» сўзларида ифода топган. Ҳақиқатан, бу сўзнинг туб мазмунида мазкур маъноларнинг барчаси мужассам.

Рашк инсоннинг фитратида бор табиий хислат, соғлом ғариза (инстинкт) ҳисобланади. Шу боис, у ёш болаларда ҳам яққол кузатилади. Ўғил болалар ҳали вояга етмай турибоқ ўз опа­синглисини, ҳатто онасини ҳам қизғаниши шундан. Болаликда мактабдаги синифдош қизларни бошқа синифдагилардан қизғаниш, ҳимоя қилиш ҳам шу туйғудан, ўша қизларни ўзига тегишли деб билганидандир.

Кўпинча аёллар эрининг хиёнатини ёки бошқа аёлга қараганини билса, рашки қўзиб бирдан алангаланиб кетади. Эркакнинг ўз аёлида айрим ножўя ҳатти-ҳаракатларни ёки бошқа эркакка қараганини кўрганда қаттиқ ғазабга келиши ҳам рашкдандир.

Ўзини «ўта тараққий этган», «маданиятли» деб билган айримлар рашкни қолоқлик, ўтмиш тушунча дея иддаъо қилади. Уларнинг бу гапини инсонда рашк туғма бўлишининг ўзиёқ очиқ рад этади. Аслида улар мазкур даъволари билан билиб-билмаган ҳолда ўзларининг ҳамиятсиз, орсиз эканларини ҳаспўшламоқчи бўлишади, фитратлари бузилганини «ёпиш»га ҳаракат қилишади. Рашкни йўққа чиқаришга уриниш инсон табиатида бор нарсани инкор қилишга ёхуд Аллоҳ яратган табиатдан ўзичасига нуқсон қидиришга ҳаракат қилишдир ва бу албатта салбий натижалар келтириб чиқаради.

 

Исломда рашкка муносабат

 

Рашк табиий хусусият бўлиш билан бир қаторда, ниҳоятда нозик туйғу бўлганидан унга нисбатан муносабат билдиришда кўпчилик кишилар тўғриликдан, мўътадилликдан оғиб қолади. Биров рашк нималигини билмай, ҳамиятини еб-ютиб юборган бўлса, бошқаси рашкда васвасага ўтиб, ўзини ҳам, ўзгаларни ҳам қийнаб юради. Шу боис, Аллоҳ Ўз динида бу борада ҳам энг тўғри, мўътадил йўлни кўрсатиб берган.

Исломда рашк иймоннинг белгиларидан, гўзал хулқлардан, инсоний фазилатлардан саналади, унга инсон шаънининг ҳимоячиси деб қаралади ва қадрланади. Рашк Аллоҳ ва Унинг Расулида бор хислатлардан дея мақталади.

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Саъд ибн Убода: «Агар аёлимни бирор киши билан кўриб қолсам, уни қиличнинг тиғини кўндаланг қилмай чопиб ташлайман», деди. Бу гап Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб борган эди, у зот: «Саъднинг рашкчилигига ажабланяпсизми? Мен ундан ҳам рашклироқман. Аллоҳ эса мендан ҳам рашклироқдир», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривояти.

Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам аввало Саъд розияллоҳу анҳунинг рашкчилигини маъқулламоқдалар ва шу билан бирга, ўзлари унданда рашкчи эканларини эътироф этмоқдалар.

Ўз маҳрамларини қизғаниш, уларни ҳимоя қилиш жонни тикса арзийдиган ишдир ва бу мўмин киши учун ўз динини, жонини сақлашга тенгаштирилган бўлиб, бу йўлда ўзни қурбон қилиш шаҳодат мақомига сазовор этувчи амаллардан ҳисобланади.

Имом Термизий Саъид ибн Зайд розияллоҳудан ривоят қилади: «Мен Расулуллоҳ солаллоҳу алайҳи васалламнинг шундай деяётганларини эшитдим:  

«Ким молининг ҳимоясида ўлдирилса, у шаҳиддир. Ким аҳлининг ҳимоясида ўлдирилса, у шаҳиддир. Ким динининг ҳимоясида ўлдирилса, у шаҳиддир. Кимки қонининг ҳимоясида ўлдирилса, у шаҳиддир».

Агар аёл киши Аллоҳ таоло таъқиқлаган чегарани бузса, иффатини, ҳаёсини сақламайдиган бўлса, бундай ҳолатда рашк қилиш вожиб бўлади ва мана шу талаб қилинган, мақталган рашк ҳисобланади. Бу ўринда рашк қилмаган киши мазаммат қилинади ва жаннатдан тўсилади.

Аммор ибн Ёсир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Уч тоифа киши асло жаннатга кирмайди: даюс, эркаксифат аёл ва хамр ичишга муккасидан кетган киши», дедилар. «Эй Аллоҳнинг Расули, хамр ичишга муккасидан кетганни биламиз. Даюс нима дегани?» дейишди. У зот: «Аҳли ҳузурига ким кираётганига парво қилмайдиган одам», дедилар. Биз: «Эркаксифат аёл ким?» дедик. У зот: «Ўзини эркакларга ўхшатадиган аёл», дедилар» («Мажмаъуз-завоид»).

Исломда рашк ана шу даражада юксак баҳоланиши билан бир қаторда, бу борада ҳаддан ошиш, чегарадан чиқиш қораланади ва кишиларнинг шаръий-шахсий ҳақлари, эркинликлари чизиғи билан чекланади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам таъкидлаганларидек, ҳар бир хислатда бўлган ижобий-салбий ҳолат рашкда ҳам бор. Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар:

«Рашкнинг Аллоҳ азза ва жалла яхши кўрадигани ҳам бор, ёмон кўрадигани ҳам бор. Ўзини кўрсатишнинг ҳам Аллоҳ азза ва жалла яхши кўрадигани бор ва Аллоҳ ёмон кўрадигани бор. Аллоҳ азза ва жалла яхши кўрадиган рашк шубҳа сабабли бўлган рашкдир. Аллоҳ азза ва жалла ёқтирмайдиган рашк эса шубҳасиз бўлган рашкдир. Аллоҳ азза ва жалла яхши кўрадиган ўзни кўрсатиш кишининг жанг пайтида ва садақа қилишда ўзини кўрсатишидир. Аллоҳ азза ва жалла ёмон кўрадиган ўзни кўрсатиш эса ботил ишда ўзини кўрсатишдир».

Абу Довуд ва Имом Аҳмад ривояти.

Ҳа, беҳуда гумон, иғволарга асосланган рашк барчага кулфат келтиради, шу боис Аллоҳ уни ёмон кўради. Рашк билан гумонбозликни аралаштирмаслик керак.

Ўз ўрнида ва меъёрида бўлган рашк эркакда бўлсин, аёлда бўлсин, мақталган ва гўзал турмуш тақозо этган хислатлардандир. Ҳар икки томон ҳам умр йўлдошининг меъёрдаги рашкини қадрлаши лозим.

 

Рашк ‒ эркаклик нишоналаридандир

 

Аёлнинг рашки ўз йўлига, аммо эркак кишида рашк бўлиши ўзига хос аҳмиятга эга. Рашк ҳақиқий мардликнинг белгиларидан, эркаклик ғурурининг ҳосилаларидан ҳисобланади. Рашк туфайли киши ўз шаънини, аҳлини, ҳурматини муҳофаза қилади, Аллоҳ таолонинг шиорларини улуғлай билади ва чегараларига риоя этади. Рашк қилиш қалбда иймоннинг мустаҳкамлиги ва бақувват эканини кўрсатади. Қайси бир халқда рашк туйғуси сўнса, Ғарб оламида ва уларга тобе жамиятларда кузатилаётганидек, ўз маҳрамини бегоналардан қизғаниш тушунчаси ўта заифлашиб ёки умуман йўқ бўлиб кетганидан ҳамиятсизлик, беҳаёлик, ахлоқсизлик ва бузуқликлар урчиб кетади.

Рашк соф инсоний табиатда мавжуд хислатлардан бўлгани учун ҳатто  жоҳилият арабларида ҳам бор эди. Улар аёлнинг шаъни учун жангу жадалдан ҳам қайтишмаган. «Фижор» уруши айнан шу сабабдан: бир аёлга тегажоғлик қилингани боис юз берган эди.

Кинона қабиласидан бир гуруҳ йигитлар Укоз бозорида бир аёлни кўриб, ундан юзини очиб кўрсатишини сўрашади. Шунда аёл: «Ҳой Омир оиласи!» деб қичқиради. Бу чақириққа Бану Омир қабиласи қиличлари билан жавоб беради. Кинона қабиласи ҳам ўз йигитларини ҳимоя қилишга киришади. Ҳар икки томонга тарафдорлар топилади ва натижада уруш бошланиб кетади.

Эр киши ўз аёлини бегоналарга тавсифлашдан ҳам эҳтиёт бўлиши даркор. Айниқса, табиати бузуқ, тарбияси йўқ, ўзини тута билмайдиган эркаклар олдида бунга яна ҳам ҳушёр бўлиши керак. Ўз аёлини бошқаларга кўз-кўз қилиш эркаклик ҳамияитига зиддир.

 

Рашкда чегарадан чиқиш ёмон оқибатларга олиб келади

 

Исломда барча ишда мўътадиллик тавсия қилинади. Рашк қилишда ҳам шариатнинг қатъий чегаралари бор. Агар ўша чегаралардан чиқилса, киши ўзига ҳам, ўзгаларга ҳам машаққат келтириб қўяди ва ўзаро нафратга сабаб бўлиши ҳам мумкин. Шаънини ҳимоя қиламан деб жиноятларга қўл уриш, асоссиз миш-мишларга суяниб рашк қилишда муккасидан кетиш каби ҳолатлар шариатда қораланган рашкка мисол бўлади. Афсуски, бундай  ҳолатлар ҳаётда кўп учрайди.

Баъзи эр-хотинлар ракш васвасаси касалига чалиниб қолади, бу ҳам руҳий ҳасталикнинг бир туридек гап. Нотайин шак-шубҳалар асосида рашк қилиб жанжал кўтариб, ўз жуфти ҳалолининг осуда ҳаётини издан чиқаришади, инсон тоқати етмайдиган азоб-уқубатларни келтириб чиқаришади. Асоссиз шубҳа васвасадан бошқа нарса эмас. Васваса эса шайтондандир.

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам кишининг хато топиш учун ўз аҳли-оиласи ҳузурига пойлаб киришидан, сафардан уйга кечаси келишидан қайтарганлар. Бунда уйдагилар учун ўзларини ўнглаб олишларига имкон бериш назарда тутилган бўлса-да, бу иш ёмон гумонни бартараф этишга хизмат қилиши билан эътиборга сазовордир.

Алий ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу: «Аҳлингга нисбатан рашкни кўпайтирмаки, сен туфайли ёмонликка дучор бўлишади», дер эди.

Муовия розияллоҳу анҳу айтади: «Уч нарса раҳбарлик хислатларидандир: кечиримлилик, қорин ботган бўлиши, яъни қорин қўймаслик ва рашкда ҳаддан ошмаслик».

Рашкда ҳаддан ошиш аёлларда жуда ҳам кўп учрайди. Улар шу туйғу қутқуси билан Аллоҳнинг шариатига, бировнинг ҳаққига ҳам тажовуз қилиб қўйишади. Рашк ўтида эрига зулм қилиб, ҳатто унинг ҳаётига зомин бўлишгача боради. Эрини қизғанаман деб, охири ундан айрилиб ҳам қолади. Шу боис, аёллар рашкнинг чегарасини, Исломдаги меъёрини билиб олишлари даркор. Акс ҳолда, ўзларига ҳам, ўзгаларга ҳам, хусусан, жуфти ҳалолларига зулм қилишлари аниқ.

Имом Ибн Қаййим раҳматуллоҳи алайҳ «Уларга у ерда покиза жуфтлар бор» (Бақара сураси, 25-оят) тафсирида шундай дейди: «Покиза» ‒ яъни ҳайздан, бавлдан ва дунё аёлларида учрайдиган ҳар қандай малол келадиган нарсадан пок. Шунингдек, ички оламлари рашкдан, жуфтларига азият беришдан ва улардан бошқани истаб қолишдан пок».

Баъзи эркаклар рашк қиляпман деб аёлга тан жароҳати етказади, уни азоблайди, жамиятдан тамом ажратиб қўяди. Яна бир тур эркаклар рашким бор деб, аёлнинг соғлигига, ҳатто ҳаётига зомин бўлади. Айримлар аёлнинг ҳар қандай ҳаракатини ёмонига йўйиб, бўлар-бўлмасга ғалва кўтаради, бачканалашиб кетади. Буларнинг бирортаси шариатга тушмайди, Ислом талаб қилган рашк хислати эмас.

 

Бошқаларнинг рашкчилигини риоя қилиш лозим

 

Киши ўзидаги рашкдан келиб чиқиб, бошқанинг ҳам рашкини эътиборга олиши керак. Рашкчи одамнинг туйғуларини риоя қилиш гўзал ахлоқ намуналаридан бири саналади.

Имом Бухорий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ўтирган эдик. У зот шундай дедилар: «Тушимда ўзимни жаннатда кўрдим. Қарасам, бир аёл бир қасрнинг ёнида таҳорат қилмоқда. «Бу қаср кимники?» дедим. «Умар ибн Хаттобники», дейишди. Унинг рашкчилиги эсимга тушиб, ортимга қайтдим». Шунда Умар ибн Хаттоб йиғлаб юборди-да, «Ота онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг Расули, сиздан рашк қилармидим?» деди».

Кўпинча эркаклар аёлларини рашк қилганлари ҳолда аёлнинг рашкини буткул инкор этишга ҳаракат қилишади. Ўзи аёлининг бирор эркакни мақташини ҳеч қачон қабул қила олмайди, аммо хотинига бошқа аёлларни мақтаб, унинг нафсониятига тегинади. Бу ҳол яхши хулқ эмас, албатта. Аёлнинг ўринли рашк қилишини қадрлаш лозим, чунки бу табиий ҳол ва кўпинча муҳаббатнинг, эътиборнинг самараси ҳисобланади.

Баъзи оналар ўғлини келинидан рашк қилиши ҳам мумкин. Бир умр бағрида тутган, бор-будини бағишлаб улғайтирган фарзандининг бошқа бир аёл қучоғида кўрганида уни қизғангиси келиб қолади. Бу ҳам рашкдан бўлади ва бунда ҳам оналарни тушунишга ҳаракат қилиш керак. Аммо бу туйғу келингга зулм қилишга олиб бормаслиги шарт.

Эр киши ўз маҳрамларини рашк қилганидек, бошқаларнинг маҳрамларига кўз тикишдан ўзини тийиши лозим. Ўз хотинини бегоналар олдида мақташдан қочганидек, бошқанинг аёлини бегоналарга тавсифлашдан сақланиши керак.

 

Аллоҳ таоло ҳам рашк қилади

 

Аллоҳ таолонинг рашки қилиши ҳақида саҳиҳ ҳадислар ворид бўлган. Бу сифат У Зот таолода Ўзининг жалоли ва камолига ярашадир, бандаларидаги рашкка сира ўхшамайди.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳ рашк қилади. Аллоҳнинг рашки мўминнинг Аллоҳ ҳаром қилган нарсани қилишидандир», дедилар».

Бухорий ривояти.

Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳдан кўра рашкчироқ ҳеч ким йўқ. Шунинг учун ҳам фаҳш ишларни ҳаром қилган. Аллоҳдан кўра мадҳ ёқадиган ҳеч ким йўқ», дедилар».

Бухорий ва Муслим ривояти.

Демак, Аллоҳ таоло бандасининг Ундан ўзгага бўйсуниши, нафсу шайтонга тобе бўлишидан рашк қилар экан.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Эй Муҳаммад уммати! Ҳеч ким Аллоҳ Ўз қули ёки чўрисининг зино қилганини кўргандагидек рашкчи бўлмас! Эй Муҳаммад уммати! Менинг билганимни билганингизда эди, оз кулиб, кўп йиғлардингиз!»

 

Эр кишининг ўз аёлини рашк қилиши

 

Эркакнинг рашки деганда унинг ўзига тегишли аёлларни бегоналардан қизғаниши тушунилиши лозим. Эркак киши нафақат ўз аёли, балки опа-синглиси, келин-қизлари, ҳатто ўз қавмидаги ва динидаги аёлларнинг иффати учун қайғуриши даркор. Саҳобаи киромларда ана шундай хислат бор эди. Умар розияллоҳу анҳу мўминлар оналарининг кўчага ёпинчиқсиз чиққанини кўрса, тергаб берарди. У кишининг мана шу куюнчакликлари аёлларнинг тўсиниб юришлари ҳақидаги ҳижоб оятлари нозил бўлишига сабаб бўлган. Аммо энг муҳими ва масъулиятлиси эркакнинг ўз аёлини рашк қилиши, унинг гўзалликларини шаҳвоний назарлардан асраши ҳисобланади.

Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Саъд ибн Убода: «Агар аёлимни бегона эркак билан кўриб қолгудек бўлсам, уни қилич билан, ўтмас томонини қилмай (яъни тиғи билан) урар эдим», деди. Бу гап Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга етган эди, у зот шундай дедилар: «Саъднинг рашкидан ажабланяпсизлар. Аллоҳга қасамки, мен ундан ҳам рашклироқман. Аллоҳ эса мендан ҳам рашклироқ. Аллоҳ рашклилигидан фаҳш ишларни: ошкорасини ҳам, яширинини ҳам ҳаром қилган

Қўзғолончилар халифа Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳунинг уйига бостириб кириб, у кишига тажовуз қилишга ҳезланиб турганида уй ичида ўзининг кекса жуфти ҳалолини қўриқлаб ўтирган Ноила қўзғолончиларга раҳм қилишларини сўраб ёлворар экан, сочини ёзиб юборди. Шунда Усмон розияллоҳу анҳу аёлига дўқ уриб: «Рўмолингни тут! Умримга қасамки, сочинг ҳурматининг тўкилиши мен учун уларнинг бостириб кириб келишидан кўра оғирроқдир», деди.

Ҳамма эркак ҳам ўз аёлини рашк қилишини даъво қилиши мумкин. Аммо қуруқ даъво билан иш битмайди. Аввало рашкнинг меъёрини билиб олиш ҳам керак. Баъзилар рашк деганда аёлининг бегона эркакларга илакишиб қолишидан қизғанишнигина тушуниб қолган. Аслида эса аёлининг ўз жуфти ҳалолигагина намойиш қилиши мумкин бўлган гўзалликлари ва назокатларини қизғаниш рашк бўлади.

 

Аёлнинг эрини рашк қилиши

 

Аёлнинг ўз эрини рашк қилиши табиий ҳол, муҳаббатдан нишона бўлиши ҳам бор ва бу меъёрда бўлса, зарари йўқ. Ундаги бу ҳолни тушуниш ҳам эркакликнинг камолотидан ҳисобланади.

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг завжалари Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинадики, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир кеча унинг ҳузуридан ташқари чиқибдилар. У айтади:

«Мен у зотга рашк қилиб қолдим. У зот келиб, менинг нима қилаётганимни кўриб: «Сенга нима бўлди, эй Оиша? Рашк қилдингми?» дедилар. Мен эса: «Мендек одам сиздек зотга рашк қилмасинми?» дедим».

Муслим ривояти.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларидан бирининг олдида эдилар. Мўминларнинг оналаридан бири товоқда таом юборди. Шунда уйида Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлган аёл ходимнинг қўлига урди. Товоқ (ерга) тушиб, бўлиниб кетди. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам товоқнинг бўлакларини йиғдилар. Кейин таомни шунга сола бошладилар ва: «Онангиз рашк қилди да», деб қўйдилар. Кейин ўзлари уйида бўлган аёлдан товоқ келтирилгунча ходимни ушлаб турдилар-да, бутун товоқни товоғи синган аёлга бериб, синганини синдирганнинг уйида қолдирдилар».

Бухорий ривояти.

 

Рашкнинг намунавий кўринишларидан

 

Ҳофиз ибн Касир раҳматуллоҳи алайҳ 286-ҳижрий йилда рўй берган воқеаларни эслаб шундай дейди:

«Бу йилда рўй берган энг ажойиб воқеа ушбудир: «Бир аёл Рай (ҳозирги Эронда жойлашган) шаҳри қозисига эридан  500 динор маҳр ундириб беришини даъво қилиб келди. Эри буни рад қилган эди, у ҳужжат учун гувоҳларни келтирди. Гувоҳлар: «Бу ўша аёлми ё бошқами, буни билиш учун у юзини очсин, биз уни кўришмиз керак», деб, қаттиқ туриб олишди. Шунда унинг эри: «Йўқ, у юзини очмайди, майли, маҳр у даъво қилгандек бўлсин», деди. Аёл эрининг бу ҳамиятини, жуфти ҳалолининг юзини бир марта бошқаларга кўрсатилишини шунча катта пулга алмаштирмаслигини кўриб: «У дунёю-охиратда менга маҳр беришдан озод, маҳримдан кечдим», деди.

Ҳофиз Самъоний «Ансаб» китобида қўшимча қилади: «Шунда қози уларнинг рашкларига қойил қолиб: «Бу олийжаноб хулқларга битиб қўиладиган ишдир»,  дейди. 

Баъзи тарихчилар Ҳажжож ибн Юсуф Сақафийнинг яхши ишларидан бири сифатида қуйидаги воқеани келтиришади:

«Ҳиндистонда асирга олинган бир муслима аёл: «Эй Ҳажжож, ёрдам бер!» деб бақириб қолди. Бу ҳақда Ҳажжожга хабар етгач, у: «Лаббай! Лаббай!» дея қичқирди ва етти миллион дирҳам сарфлаб, уни қутқариб олди».

Ҳижрий еттинчи асрда мусулмонларнинг ҳукмронлиги парчаланиб, заифлашиб  қолган эди. Салбчилар уларнинг шаҳарларини бирин-кетин эгаллаб, босқинчиликда давом этишарди. Навбат Мисрга келиб қолган эди. Миср ҳокими Озид лидиниллоҳ (динга ёрдамчи)  Шом волийси  Нуриддин Занкийдайдан ёрдам сўрашни ўйлади. Лекин Шом  ҳукмдори Мисрдаги фотимийлар давлатини тан олмас, Бағдоддаги аббосийлар халифалигига бўйсунар эди, шу боис, ўртада қаттиқ хусумат бор эди. Бу вазиятни яхши билган Озид аёлларнинг шарафини ўртага қўйиш орқали муаммога ечим топди. У ўта таъсирли сўзлар билан Нуриддин Зангийга мактуб битиб, ёрдам сўрар экан: «Қоҳирадаги халифа хонадонидаги аёлларга раҳминг келсин», дея ўтиинди ва аёлларнинг бир тутам сочини мактуб ёнига қистириб қўйди. Бу тадбир ўз натижасини берди. Нуриддин Зангий ўзи фотимийларни ёмон кўрса ҳам, уларнинг бедодликларидан бутун уммат қатори жабр кўрган бўлса ҳам, Миср аёлларининг ҳурматидан, уларнинг иффатини асараш туйғуси турткиси билан Мисрга ёрдам беришга қарор қилди ва уни салбчилардан қутқариш учун ўз жигаргўшалари Асадуддин Ширкуҳ ва Юсуф ибн Айюб (Салоҳиддин Айюбий) бошчилигида катта қўшин юборди. Мактубнинг мазмуни Шом аҳлиниг ҳамиятини, ғурурни ҳам жунбушга келтирган эди. Шу боис, лашкарлар бутун вужудлари билан жангга отланиб, душманни тормор келтиришди.

Шундай қилиб, аёлларнинг бир тутам сочи сабабли тарих ғилдираклари ўз йўналишини ўзгартирди: бирин-кетин қўлдан бор бериб борилаётган шаҳарлар қайтадан озод этилиб, ниҳоят, Муқаддас Замин ҳам қонхўр душманлардан тозаланди, мусулмонларга эминлик замони қайта юз тутди.

 

ХУЛОСА

 

Рашк инсондаги туғма хусусият бўлишига қарамай, ташқи омиллар таъсирида ўз ўзанидан чиқиши мумкин. Шу боис, у ҳаммада ҳам меъёрдагидек бўлмайди. Кимдир рашкда ҳаддан ошиб жирраки, безорига айланиб қолган бўлса, кимдадир бу хислат тамоман йўқ бўлиб, натижада у ахлоқсизлик, шармандалик ботқоғига ботиб кетган. Исломга кўра эса, бу хислатни ўз меъёрида ушлаш, тарбиялаш лозим.

Мусулмон жамиятида рашк туйғуси яшар экан, уларда иймон нури барқ уриб, қадрлари ортиб бораверади. Улар бу хислатлари билан замонавий дунёнинг ифлосликларидан этакларини пок тута биладилар, душманларини ер тишлата оладилар ва осмон қадар юксаклик касб этадилар. Аксинча, агар мусулмонлар бу туйғуни бой бергудек бўлсалар, ўзликларидан айриладилар, ўрталарида ахлоқсизлик, бузуқлик авж олади ва мағлубиятга маҳкум бўладилар. Шу боис, ҳакимлари: «Эркакларининг рашки суст бўлган умматнинг аёллари ҳимоясиз қолажак», дея таъкидлайдилар.

Айтишларича, аввалда айрим подшоҳлар бирор шаҳарга юриш қилмоқчи бўлса, у ердаги эркакларнинг аёлларини қанчалар қизғанишини, уларнинг иффатини қанчалар ҳимоя қилишларини ўрганишар экан. Аёлларининг иффатини асрай билмаган эркаклар ватанини ҳам ҳимоя қила олмайди, деб билишар экан. Дарҳақиқат, аёлларнинг иффатига бефарқ бўлган, унга тажовуз қилишга журъат қилган эркак арзимаган дунё матоҳи учун, шаҳвоний истаги учун онасини ҳам, Она Ватнини ҳам сотиб юбориши ҳеч гап эмас.

Ҳар бир халқ ўз аёл-қизларини асраб-авайлаши керак. Уларнинг иффатларига, ор-номусларига гард юқмаслиги учун керакли барча чораларни кўриб бориши лозим. Аёл зотининг асл фитратида ўзи ҳаё бор. Хусусан, бизнинг чин ўзбек аёлларимизда ажойиб иффат гўзаллиги борки, уни бошқа жойдан топиш мушкул. Биз ушбу маънавий бойлигимизни гулдек асраб-авайлаб, парвариш қилишга масъулмиз. Аёлларимиздаги бу бетакрор хислатни ҳимоя қилиш ҳар бир эркакнинг муқаддас бурчи ва шарафи бўлиши лозим. Бу бебаҳо қадрятимизга қаратилган ҳар қандай таҳдидлар, «оммавий маданият» буҳронлари, «замонавийлик» номи остидаги бузуқлик-беҳаёликлардан аёл-қизларимизни, ёш авлодни сақлаш бугунги кун кишиларининг энг муҳим бурчларидан бири ҳисобланади. Аёлларимизнинг ўз иффатларини асрашлари, номусларини сақлашлари учун барча шарт-шароитларни яратиб бериш давр талаби, десак, хато бўлмайди.

Афсуски, ҳозирги пайтда аёл-қизларимиз ўртасида олдинги момоларимиздаги ҳаё, ор-номус жуда ҳам камёб бўлиб қолди. Таъбир жоиз бўлса, агар бир аср олдинги момоларимиз бугунги ҳолимизни кўришса, ўз набира қизларини танимасликлари, тан олмасликлари ҳеч гап эмас. Бу дегани аёлларимиз ҳақиқий гўзалликларидан маҳрум бўлаёзмоқда, демакдир. Уларнинг бу йўқотишларига эркаклар кўпроқ масъул. Эркакларда ҳамиятнинг йўқолиши, рашк туйғусининг батамом тугаб битиши оқибатида мана шундай салбий ҳолатлар урчиб бормоқда. Бунинг оқибати жуда ҳам ёмон.

Биз бошқаларга тақлид қилишга муҳтож эмасмиз. Бизнинг момоларимиздаги улуғворлик, иффат ва ҳаё туйғуси аёл зоти учун ҳақиқий ва ўлмас гўзалликдир. Бу борада биз маданиятни Ғарбдан ўрганишга эмас, балки уларга чин инсоний маданиятни ўргатишга ҳақлимиз.

Рашкда чегарадан чиқиш ҳам дуруст эмас. Баъзи кишилар рашк қиляпман деб аёлига ортиқча зуғм қилади, уни азоблайди, жамиятдан тамом ажратиб қўяди. Яна бир тур эркаклар рашким бор деб, аёлнинг соғлигига, ҳатто ҳаётига зомин бўлади. Айримлар аёлнинг ҳар қандай ҳаракатини ёмонига йўйиб, уни тинч яшашга қўймайди. Буларнинг барчаси илмсизлик, шариатни яхши билмаслик, ақл ва нақлдан ҳис-туйғуларнинг ғолиб келганидандир.

Биз аёлларни жамиятдан узиб қўядиган, девор ортига қамаб қўядиган турғун тутумни ёқламоқчи эмасмиз. Жамият тараққиётида аёлларнинг ўзларига хос ўринлари бор. Айниқса, тиббий ва таълим соҳаларида уларнинг меҳнатларига эҳтиёж катта. Фақат ҳар ишда мўътадиллик лозим бўлганидек, аёллар ҳаётда фаол бўлиш билан бирга иффат-ҳаёларини, аёллик латофатларини асрашларига шарт-шароитни муҳайё этиш лозим.

Аллоҳ Ўзи ҳолимизни ислоҳ қилсин! Аёлларимизга иффат, эркакларимизга ғайрат ато айласин!

 

                                                                                              Ҳасанхон Яҳё Абдулмажид

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri