Тиб соҳасидаги Ислом мўъжизаси Принтер учун
25.01.2017 й.

 Image

Бошқа соҳалар қатори тиб соҳасида ҳам Қуръони Карим оятлари ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари мусулмонлар онгида улкан бурилиш ясади. Улар ўша таълимотлар асосида бу соҳада фидокорлик кўрсатиб фаолият олиб бора бошладилар.

Ислом бошқа соҳалар каби тиб соҳасида ҳам мусулмонларга ўз жамиятлари эҳтиёжига яраша тиббий ходимлар тайёрлашни фарзи кифоя қилганини мусулмонлар яхши билишар эди. Бу ҳар жамият доимо ўзига керакли тиббий ходимлар тайёрлаб олиши ўша жамиятнинг барча аъзоларига фарзу қарзлик вазифасини юклайди дегани эди. Агар ҳар бир жамият аъзолари ўзлари учун керакли ададдаги ва сифатдаги тиббий ходимларни тайёрламасалар уларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг олдида гуноҳкор бўладилар.

Шунинг учун мусулмонлар жамиятидаги ҳар бир шахс бу соҳага ўз улушини қўшишга ҳаракат қилар эди. Давлат бошлиғидан тортиб оддий фуқарогача бу борадаги ўз масъулиятини адо этиб Аллоҳ таолонинг розилигини топишга, гуноҳкор бўлиб қолмасликка уринар эди.

Ана ўша тушунча самараси ўлароқ мусулмонлар дунёда биринчи бўлиб тиббий ходимлар тайёрлайдиган билим юртларини ташкил қилдилар. Тиб соҳаси амалий соҳа бўлгани учун мусулмонларнинг тиббий билим юртлари ҳам асосан улар дунёда биринчи бўлиб қурган шифохоналар ҳузурида бўлар эди.

Олмониялик шарқшунос Зигрид Хунке хоним бу ҳақда қуйидагиларни ёзади:

«Катта шифохоналар тиб бўйича олий мадрасалар ўрнида эди. Ўша ерларда талабалар илм олар эдилар. Улар Буқрот ва Жолунус айтган барча гаплардан тортиб, ўзларининг мусулмон устозлари келтирган нарсалар ҳақида таълим олар эдилар. Шунингдек, улар худди шу нарсаларни жомеъ масжидлар ҳовлисида ва хос тиббий мадрасаларда ҳам машҳур устозлардан тинглашар эдилар.

Худди шу пайтда ғарбий юртлардаги толиби илмлар монастирларнинг тор ҳужраларида, шамнинг ёруғида тунларни бедор ўтказар эдилар.

Мусулмонлар илм билан илмий тажрибани ёнма-ён қўшиб олиб боришар эди. Назариётлар хасталарнинг ётоғида татбиқ қилинар эди»

Шу шаклда машҳур тиб олимлари ва ходимлари етишиб чиқди. Улар ўзларини тарбиялаб етиштирган жамиятга тиббий хизмат кўрсатиш фарзи айн — ҳар бирлари учун Аллоҳ таоло томонидан юклатилган шахсий қарз эканини тўлиқ англар эдилар. Ислом шариати тиббий ходимларга жамиятни керакли миқдорда ва сифатда тиббий хизмат билан таъминлашни ўша мутахассисларга вазифа қилиб қўйган эди. Агар бу соҳада камчиликка йўл қўйилса тиббий соҳа одамлари Аллоҳ таоло олдида гуноҳкор бўлар эдилар.

Шунинг учун ҳам улар ўзлари учун намоз ўқиш, рўза тутиш қандоқ фарз бўлса, малакали тиббий хизмат кўрсатиш ҳам шундоқ фарз деб билишлари лозим эди.

Тиб ҳақидаги масъулиятни қанчалик даражага етганини фуқаҳоларимизнинг, табиблик табибнинг ҳақими ёки бурчими, деган масала бўйича ўтказган баҳсларидан ҳам билиб олсак бўлади.

Яъни, мусулмон қонуншунослар табиблик касби ўша касбни эгаллаган шахснинг ҳақию, у хоҳласа ишлаб, хоҳламаса ишламай юраверса бўладими ёки табиблик унинг бурчию, ишламай қўйишга ҳадди сиғмайдими, деган мавзуда баҳс ўтказганлар. Натижада, табиблик табибнинг бурчи, деган хулосага келинган.

Худди ана ўша иймон ва эътиқод асосида мусулмон оламида дунё тарихида мисли кўрилмаган равишда тиббий хизматлар йўлга қўйилди.

Яна Зигрид Хунке хонимдан иқтибос келтирамиз:

«Ушбу китоб бизга сўзлаб бераётган ҳолатлар бизнинг улуғ йигирманчи асримиздаги ҳолатларга жуда ҳам ўхшаб кетади. Ҳақиқатда бу китоб бизга бундан минг йил олдин Ҳимолай тоғларидан то Бериния тоғларигача бўлган улкан масофада жойлашган мусулмон шаҳарларидаги шифохоналардан бирини васф қилади. Ўнинчи асрнинг ўрталарида биргина Қуртуба шаҳрининг ўзида элликта шифохона бор эди».

Ўша вақтда шаҳарларнинг ҳажми ҳозиргига нисбатан жуда кичик бўлгани ва аҳолининг сони оз бўлганини ҳисобга оладиган бўлсак, мусулмон юртларда тиббий хизмат қай даражада юқори савияда бўлганини Қуртуба шаҳри шифохоналари ададидан ҳам билиб олсак бўлаверади.

«Ривоят қилинишича, султон Азудуд Давла Бағдод шаҳрида янги шифохона қурмоқчи бўлганда муносиб жой танлашни машҳур табиб ар-Розийдан сўраган. У эса ўз ходимларига янги гўшт бўлакларини олиб Бағдоднинг турли жойларига қўйиб чиқишни топширган. Сўнг йигирма тўрт соат кутган. Ўшандан кейин гўшт энг яхши сақланган жойни танлаган.

Қоҳирадаги султон Салоҳиддин бўлса, ўзининг энг катта ва шовқин-сурондан узоқда жойлашган қасрини шифохонага айлантирган.

Халифалар ва султонларнинг шифохоналарида уларнинг қасрларида бор шароит: юмшоқ ётоқлар, ҳаммомлар ва бошқалар бўлган. Бу шифохоналар бой ва имтиёзли бўлиши билан бирга уларнинг эшиклари ҳамма учун, халқнинг турли табақалари, хусусан, фақирлар учун доимо очиқ эди.

Султон Мансур Қаловун Қоҳирадаги ўзи қурган Мансурий шифохонасига келганда шифохонадаги мева сувидан бир қадаҳ беришларини сўради. Уни ичиб бўлгандан кейин:

«Мен бу шифохонани ўз тенгқурларимга ва атбоъларимга: ҳокимларга ва ходимларга, аскарларга ва амирларга, катталарга ва кичикларга, ҳурларга ва қулларга, эркакларга ва аёлларга ҳадя қилдим», деди».

Шифохоналар қуриш ва уларни маблағ билан таъминлаб туриш фақат халифа ва ҳокимларга хос бўлмаган, балки ким имконини топса савоб учун бу ишни қилган. Бу борада айниқса вақфлар катта ўрин тутган. Вақфлар ҳисобидан кўплаб шифохоналар қурилган ва маблағ билан таъминлаб турилган.

Мафрин деган жойда ҳокимнинг жажжи қизчаси хаста бўлиб қолди. Меҳрибон ота қўлидан келган ҳар бир ишни қилди. Иложи бўлмади. Қизча кундан-кунга, соатдан-соатга оғирлашиб борар эди. Ҳоким охири «Шаҳди Уламо» номи ила машҳур табибни топди. Агар қизим сенинг қўлингда шифо топса, ўз вазнингча олтин бераман, деди.

Аллоҳ таоло қизчага шифо берди. Бунга «Шаҳди Уламо»ни сабабчи қилди. Ҳоким табибга ўзи ваъда қилган олтинни бермоқчи бўлган эди, табиб унинг қийматига халқ учун шифохона қуриб беришини айтди. Ҳоким шифохонани қуриб, унинг кейинги сарф-харажатларини ҳам ўз зиммасига олди.

Шунингдек, мусулмонлар дунё тарихида биринчи бўлиб кўчма поликлиникалар ва қамоқхоналардаги тиббий хизмат қисмларини ҳам очганлар.

Бундан ҳамма фуқаролар учун бепул малакали тиббий хизматни дунёда биринчи бўлиб мусулмонлар йўлга қўйганлари келиб чиқади. Бу шифохоналарда нафақат мусулмонлар оммаси, балки ғайридинлар ҳам тенг ҳуқуқли ҳисобланар эдилар. Ҳатто мусулмонларга оммавий қирон келтирган салбчилар ҳам ўз табибларига ишонмасдан ўзларини мусулмон табибларга қаратганларини уларнинг ўзлари эътироф қилганлар. Уларга қарши курашган султон Салоҳиддин Айюбий салб­чиларнинг бошлиқларини даволаш учун мусулмон табибларни ўзи олиб борган.

Ўша пайтларда йиқилиб, майиб бўлиб мусулмонлар шифохонасида даволанган бир фаранг бемор отасига ёзган мактуб ҳозиргача сақланиб қолган экан. Зигрид Хунке хоним ўша мактубдан қуйидаги парчани келтиради:

«Меҳрибон отам, пулга ҳожатинг борми, деб сўрабсан. Сенга хабар бераманки, шифохонадан чиқаётганимда менга янги кийим ва беш бўлак тилло берилади. Хасталикдан янги тузалган одам ишлаб толиқиб қолмасин, деб шундоқ қилишади. Шунинг учун баъзи чорваларингни сотиб ўтиришинг керак эмас. Лекин мени бу ерда кўрмоқчи бўлсанг тезроқ кел. Мен ҳозир ал-Уртубоди (ортопедия) бўлимидаман. Жарроҳлик хонасига яқин жойда. Бош дарвозадан кирилганда жануб томондаги бино боликилиник (поликлиника) биносидир. Йиқилганимда мени аввал ўша ерга олиб киришди. Ҳар бир бемор аввал ўша ерга киради. У ерда уни табиблар уларнинг ёрдамчилари ва тиб талабалари яхшилаб кўришади. Ким шифохонада доимий муолажага муҳтож бўлмаса унга қоғоз ёзиб беришади ва у ўша қоғоз ила дорихонадан дори олиб кетади.

Аммо мени кўрганларидан кейин исмимни ёзишди ва бош табибга кўрсатишди. Сўнгра мени ходим йигит эркаклар бўлимига кўтариб олиб келди. Иссиқ ҳаммомга туширди. Янги ва покиза кийим кийгазди.

Келганингда чап томонингда катта кутубхонани ва катта кенг хонани ҳам кўрасан. Ўша ерда бош табиб дарс ўтади. Орқа тарафингга назар солсанг кўзинг аёллар бўлимига олиб борадиган йўлкага тушади. Шунинг учун ўнгга қараб юришинг керак бўлади. Келаётиб ички хасталиклар ва жарроҳлик бўлимидан ўтасан. Агар мусиқа ёки қўшиқ эшитиб қолсанг, ичкарига кир, эҳтимол мен ўша ерда, дам олиш хонасида бўламан. Гўзал мусиқа тинглаб маза қилиб ўтирган бўламан.

Бугун эрталаб, одатдагидек. Бош табиб бир тўп ёрдамчилари билан келди. Мени кўрганидан ке­йин бўлим табибига бир нарсаларни айтиб турди. У ёзди. Мен тушунмадим. У кетгандан кейин табиб менга тушунтириб берди. Энди мен эрталаб туриб шифохонага яқин жойларда юришим мумкин экан. Аллоҳга қасамки, шуни ёқтирмадим. Бу ерда ҳамма нарса ғоят гўзал ва покиза. Каравотлар шундоқ юмшоқки!.. Чойшабларнинг оппоқлигини ва юмшоқлигини айтмайсанми! Шифохонанинг ҳар хонасида сув ажойиб бир ҳолда оқиб турганини кўрасан. Совуқ кечаларда эса ҳар бир хона иситилади. Таомга келсак, қанча мақтасанг ҳам муболаға бўлмайди. Бу ерда товуқ дейсанми, бошқа ҳайвонларнинг гўшти дейсанми, ҳазм қила оладиганларга сероб берилади.

Менинг бир қўшним бир ҳафта давомида оғир хасталигини даъво қилди. Унинг яна бир неча кун товуқ гўштини маза қилиб тановул қилиш иштиёқи бор экан. Аммо бош табиб билиб қолиб, уни кеча уйига жўнатиб юборди. Бир ўзи бутун бошли бир товуқни битта нон билан бир ўтиришда паққос туширган бемор тузалган бўлади, депти.

Шунинг учун отагинам, товуғим куйиб кетмасин, тезроқ кел!»

Ҳа, азизлар, ҳозирги кунда Оврупонинг кашфиёти бўлиб кўринаётган кўпгина нарсалар бизнинг ота-боболаримизнинг қилган ишларидир.

Мусулмон табиблар ҳозирда «касаллик тарихи» деб номланаётган ҳужжатни биринчи бўлиб йўлга қўйганлар. Ҳар бир бемор учун алоҳида дафтар очилар эди. Унга маълумотларни ёзиш беморнинг шифохонага кириш пайтидаги ҳолини васф қилишдан бошланарди. Сўнгра ҳар куни эрталаб табиб уни кўриб содир бўлган ўзгаришларни дафтарга битиб борар эди.

Менимча, юқоридаги фаранг беморнинг мусулмон шифохоналар ҳақидаги мактуби кифоя қилса керак.

Мусулмон оламидаги шифохоналар ана шундоқ мўъжизасифат хизматларни кўрсатиб турганда, дунёнинг чор атрофида бу борада ҳеч вақо йўқ эди.

Уларнинг энг пешқадами бўлган Оврупода мусулмонлар таъсири остида биринчи шифохона Страсбургда 1500 йилда, мусулмонларнинг биринчи шифохонасидан саккиз юз йил кейин очилган.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (Олам ва одам, дин ва илм китобидан)

 
Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri