Аллоҳ азза ва жаллани ўртага қўйиб сўраш (25-тавсия) Принтер учун
27.01.2017 й.
Image

Жобирдан, баъзи нусхаларда Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Ким сиздан Аллоҳ номи ила паноҳ сўраса, паноҳ беринглар. Ким сиздан Аллоҳ номи ила сўраса, унга беринглар. Ким сизни таклиф қилса, ижобат қилинглар. Ким сизга яхшилик қилса, мукофотини беринглар. Агар уни мукофотлайдиган нарса топа олмасангиз, токи «Уни қилганига яраша мукофотладим», дегунингизча ҳаққига дуо қилинглар».

Абу Довуд, Насаий, Ибн Ҳиббон ва Ҳоким ривоят қилишган.

Изоҳ: Киши бошига тушган бирор мушкул сабабли Аллоҳни ўртага қўйиб паноҳ сўраса-ю, мусулмон одам унга паноҳ беришга имкони бўлса, паноҳ берсин.  Бир киши муҳтожлик юзасидан Аллоҳни ўртага қўйиб бирор нарса сўраса-ю, мусулмон одамнинг бунга имкони бўлса берсин.

Шунингдек, мусулмон одам тўй, маросим ва зиёфатга чақирилса, албатта борсин. Унга хайр-эҳсон, ҳадя берилса, шунга муносиб жавоб қайтарсин. Беришга ҳеч нарса топа олмаса, токи ўзига қилинган хайр-эҳсон, ҳадяга яраша мукофотладим, деб кўнгли тўлгунича ўша одамнинг ҳаққига дуо қилсин. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига ҳадя берган одамга албатта бирор нарса бериб мукофотлар эдилар, бирор нарса топа олмасалар, унинг ҳаққига дуо қилар эдилар.

Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳни ўртага қўйиб тиланган одам малъундир. Аллоҳни ўртага қўйиб сўралса-ю, сўровчига бермаган одам ҳам малъундир», дедилар».

Табароний ривоят қилган.

Изоҳ: Бу ерда Аллоҳни ўртага қўйиб, арзимас дунёвий матоҳларни сўраб, хиралик қилиб туриб олиш ёки Аллоҳнинг Ўзидангина сўраш керак бўлган нарсани бандасидан сўраш  назарда тутилган. Шунингдек, ҳадиснинг иккинчи қисмида Аллоҳни ўртага қўйиб сўраб келган муҳтожга қўлида имкони бўла туриб бирон нарса бермаган одам назарда тутилган.

 

Ушбу ҳадислардан олинадиган фойдалар:

1. Аллоҳнинг номини ўртага қўйиб паноҳ сўраган одамга имкони бор мусулмон одам паноҳ бериши керак.

2. Муҳтожлик юзасидан Аллоҳни ўртага қўйиб бирор нарса сўраган одамга қодир мусулмон ёрдам бериши маҳбуб ишдир.

3. Мусулмон одам Аллоҳга маъсият бўлмайдиган тўй, маросим ёки зиёфатга чақирилса, албатта бориши керак.

4. Мусулмонга хайр-эҳсон, ҳадя қилинса, имконияти бор бўлса, шунга муносиб жавоб қайтарсин. Бўлмаса, токи ўзига қилинган хайр-эҳсон, ҳадяга яраша мукофотладим, дегунича эҳсон эгасининг ҳаққига дуо қилсин.

5. Аллоҳни ўртага қўйиб, арзимас дунёвий матоҳларни сўраб, хиралик қилиб туриб оладиган ёки Аллоҳнинг Ўзидангина сўраш керак бўлган нарсани бандасидан сўрайдиган одам лаънатга гирифтор бўлар экан.

6. Аллоҳни ўртага қўйиб сўраб келган ҳақиқий муҳтож одамга қўлида имкони бўла туриб ёрдам бермаган одам ҳам лаънатга гирифтор бўлиши хавфи бор экан.

 

Муҳаммад Али Муҳаммад Юсуф тайёрлади

 
Кейинги »

madrasa.uz