Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эртаю кеч Уни поклаб ёд этинглар», деган («Аҳзоб» сураси, 41-42-оятлар). Аллоҳни зикр қилиш қалбни Унга боғлаш, У мени кузатиб турибди, деган доимий эътиборда туриш, Аллоҳнинг буйруқларини бир лаҳза ҳам эсдан чиқармай амалга ошириб боришдир. Ҳа, мўминларнинг Аллоҳни кўп зикр қилишлари матлуб амалдир. Аллоҳ кўп зикр қилингандагина турли ёлғон, бўҳтон, иғво, ғийбат, чақимчилик каби гуноҳ гап-сўзлар биздан узоқлашади. Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг қалбида беҳуда гапларга, сўкинишларга, кишига обрў келтирмайдиган ҳолатларга жой қолмайди. Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг қалбида дунёнинг, унинг матоҳларининг зикрига жой қолмайди. Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг қалбида турли кўнгилхушликларга, инсон зеҳнини чалғитувчи маишатларга жой қолмайди. Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг қалбига Аллоҳнинг муҳаббатидан бошқа муҳаббат сиғмайди. Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг тилига аввало Аллоҳнинг исми жо бўлади. Сўнгра бу муборак исм аста-секин унинг ҳалқумига, кўксига ва қалбига етиб боради. Бундай инсон тили билан Аллоҳнинг исмини айтмаса ҳам, қалби «Аллоҳ, Аллоҳ» деб туради. Ниҳоят, бутун вужуди шу ҳолатга етади. Ана шунда зокирлик мақомига эришади. Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Расулуллоҳнинг ҳузурларига икки аъробий келди. Улардан бири: «Эй Аллоҳнинг Расули, энг яхши одам ким?» деб сўради. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг умри узоқ бўлиб, амали яхши бўлса, ўша», дедилар. Иккинчиси эса: «Эй Аллоҳнинг Расули, Исломнинг таклифлари кўпайди. Менга бир ишни амр қилингки, уни маҳкам тутай», деди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Доимо тилинг Аллоҳнинг зикри ила ҳўл бўлсин», дедилар. Ҳа, Аллоҳнинг зикрини кўп қилиш мўмин бандани олий мақомларга эриштиради. Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббингиз: «Модомики, бандамнинг лаблари Мени зикр этиб қимирлар экан, Мен у билан биргаман», дейди», деганлар. «Ва эртаю кеч Уни поклаб ёд этинглар». Эрталаб ҳам, кечқурун ҳам дунёда катта ўзгаришлар рўй беради. Шунинг учун ҳам бу икки вақтда Аллоҳни поклаб ёд этиш алоҳида таъкидланмоқда. Агар бандалар Аллоҳ таолони кўп зикр қилиб, Уни эртаю кеч пок, деб ёд этсалар, мукофоти нима бўлиши келаси оятда айтилмоқда: «У – сизларни зулматлардан нурга чиқариш учун Ўзи ҳам, фаришталари ҳам саловот айтадиган Зотдир. Мўминларга ўта раҳмлидир» («Аҳзоб» сураси, 43-оят). Аллоҳ таолонинг бандага саловот айтиши У Зотнинг бандага бўлган раҳматини билдиради. Фаришталарнинг саловот айтиши эса бандага Аллоҳнинг раҳмати ёғилишини тилаб, дуо қилишларини англатади. «Мўминларга ўта раҳмлидир». Шунинг учун Аллоҳ таоло бандаларининг зикрига муҳтож бўлмаса ҳам, бандалар Уни ўз фойдалари учун зикр қилсалар ҳам, Ўзини кўп зикр қилган, эртаю кеч поклаб ёд этган бандаларига Ўзи саловот айтиб, фаришталарига ҳам саловот айттирмоқда. Бундан ортиқ яна қандай меҳрибонлик бўлиши мумкин?! Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси қудсийда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ таоло «Ким Мени ичида зикр қилса, Мен ҳам уни ичимда зикр қиламан, ким Мени жамоат ичида зикр қилса, Мен ҳам уни унинг жамоатидан яхшироқ жамоат ичида зикр қиламан», дейди», деганлар. Бу «Фаришталар ичида зикр қиламан», деганидир. «У Зотга йўлиқадиган кундаги сўрашишлари саломдир. Ва уларга гўзал ажрни тайёрлаб қўйгандир» («Аҳзоб» сураси, 44-оят). Аллоҳни кўп зикр қиладиган, эртаю кеч Уни поклаб ёд этадиган ана шу бандаларга Аллоҳ таолонинг Ўзи ва фаришталари саловот айтиши билан бирга уларнинг: «У Зотга йўлиқадиган кундаги сўрашишлари саломдир». Аллоҳга йўлиқадиган ўша мўминларнинг қиёмат кунида ҳол-аҳвол сўрашлари саломдан иборатдир. Аввало, мўминлар салом бериб кутиб олинади, қолаверса, уларга барча хафву хатардан, қиёмат кунининг даҳшатларидан ва дўзах азобидан саломатлик ато этилади. «Ва уларга гўзал ажрни тайёрлаб қўйгандир». Ва Аллоҳ таолонинг Ўзи бундай зокир бандаларга гўзал ажрни – жаннатни тайёрлаб қўйгандир. Аллоҳ таоло яна: «Бас, Мени эсланг, сизни эсларман. Ва Менга шукр қилинг, куфр келтирманг», деган («Бақара» сураси, 152-оят). Ушбу оят ўзи қисқа бўлишига қарамай, олам-олам маъноларни ўз ичига олади. Аллоҳ таоло Ўзи яратган, ҳаёт, ризқ ҳамда бошқа керакли нарсаларни берган бандаларига: «Мени эслангиз», демоқда. Хўш, Аллоҳ бу ожиз бандаларининг эслашига муҳтожми? Йўқ, У беҳожат Зот. Ҳамма муҳтожлик бандаларда. Лекин бу амр бандаларга яхшилик етиши учундир. Улар Аллоҳни зикр қилишлари, эслашлари билан Аллоҳ таолонинг уларни зикр қилишига, эслашига эришадилар. Аммо зикр билан зикрнинг фарқи бор, албатта. Ҳеч нарсага арзимайдиган ожиз банданинг эслаши қайда-ю, оламларнинг Парвардигори бўлган Аллоҳ таолонинг эслаши қайда! Банда қандай, қачон ва қаерда эслайди? Аллоҳ-чи? Имом Бухорий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло: «Эй одам боласи! Агар Мени ўзинг эсласанг, Мен ҳам сени Ўзим эслайман, агар кўпчилик ичида эсласанг, Мен сени фаришталар ичида эслайман», деган. «Ва Менга шукр қилинг, куфр қилманг». Шукр қилиш неъмат берувчи Зотга мақтов сўзларини айтиш ва неъматни уни берган Зотнинг розилиги учун ишлатиш билан бўлади. Аммо тили билан «Шукр», деса-ю, амали билан Аллоҳнинг айтганидан бошқани қилса, куфрони неъмат қилган бўлади. Мўмин-мусулмон киши доимо Аллоҳни зикр этиб, Унга шукр қилгандагина иши олға босади. Аллоҳ таоло яна: «Аллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилгувчи аёллар – Аллоҳ ўшаларга мағфиратни ва улуғ ажрни тайёрлаб қўйгандир», деган («Аҳзоб» сураси, 35-оят). Аллоҳни кўп зикр қилиш барча олиймақом инсоний сифатларнинг юзага келиши ва бардавом бўлиши учун асосий омилдир. Аллоҳни кўп зикр қилиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёл учун зарурий амаллардандир. Ибн Абу Ҳотим Абу Саъийд ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки эр киши кечаси хотинини уйғотса ва икковлари икки ракъатдан намоз ўқисалар, ўша кеча Аллоҳни зикр қилган эркаклардан ва зокира аёллардан бўладилар», деганлар. Ҳа, зокирлик даражаси олий мартаба. Зокирлик мақоми олий мақомдир. Ҳар бир мусулмон эркак зокирлик сифатини эгаллаши лозим. Ҳар бир муслима зокира сифатига эга бўлиши керак. «...Аллоҳ ўшаларга мағфиратни ва улуғ ажрни тайёрлаб қўйгандир». Яъни Аллоҳ таоло бу дунёда мазкур сифатларга эга бўлган ҳар бир эркак ва ҳар бир аёлнинг гуноҳларини кечиришга тайёр, у дунёда эса ажр қилиб, жаннатни шай этиб қўйган. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф (Ҳадис ва Ҳаёт китобидан)
|