Вақт қадри Принтер учун
03.02.2017 й.

Image 

Бугунги ишни эртага қўйма!

 

Ҳасан Басрий раҳимаҳуллоҳ айтадилар: «Ишни эртага суришдан сақлан, чунки сен бугунинг билан ҳаётсан, эртанг билан эмас. Агар эртанг аниқ сеники бўлса, унда бугун қандай бўлган бўлсанг шундай бўл, акс ҳолда (эртагача етиб бора олмасанг,) бугунги амалинг учун афсус-надомат қилмайдиган бўл».

Одамларни вақтга муносабат борасида уч турга бўлиш мумкин:

1. Фойдали амаллари вақтларидан кўп инсонлар. Бу зотларга яна вақт керак.

2. Вақтни беҳуда сарфлаб, бу фоний дунёни тарк қилиши эсидан чиққанлар.

3. Бекорчиликдан вақтни қандай ўтказишни билмайдиганлар. Бундайлар узун тунларни бекорчи гап ёки бефойда китоб мутолааси билан, узун кунларни эса уйқу ёки бозорларда юриш билан ўтказади.

Кўпчиликнинг вақтга бепарво бўлишига асосий сабаб уларнинг ҳаётда мақсади йўқлигидир. Инсон дунёга нима учун келган, бир мартагина бериладиган ҳаёт неъматини беришдан кўзланган буюк ҳикмат нимада? Табиийки, бу саволга энг тўғри жавобни инсонни яратган, унга ҳаёт ато этган Зотнинг Ўзи бериши мумкин. Мана, ўша энг тўғри жавоб:

«Жин ва инсонни Менга ибодат қилишлари учунгина яратдим» (Зарият сураси, 56-оят).

Ҳаётда мақсади йўқ одамлар бу илоҳий амрни нотўғри тушуниб, ибодатдан бошқа иш қилиш мумкин эмасми, дейишлари мумкин. Йўқ, ҳеч бир ибодат инсонни яшаш, маиший ҳаёт кечириш ҳаққига дахл қилмайди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сенда танангнинг ҳам ҳаққи бор», деганлар. Аслида бу ояти каримадан қуйидагича хулоса келиб чиқиши керак: инсон шундай яшаши керакки, унинг бутун ҳаёти ибодатдан иборат бўлиб қолсин. Бунинг иложи бор, бунинг учун ҳаётдаги ҳар бир амални, кундалик ҳаётдаги ҳар бир ишни Аллоҳ таолонинг динига, шариатимизнинг бирор кўрсатма ёки тақиқига риоя қилиш ниятида адо этиш керак. Масалан, ишга кетаётган одам пул топиш учун эмас, динимизда буюрилган ҳалол ризқ топиш учун кетяпман деб ният қилиши керак. Шунда худди саҳарда рўзани ният қилган одам кун ботгунча ибодатда бўлгани сингари, ҳар куни қилиб юрган оддий ишимиз ҳам бошдан-оёқ ибодатга айланади.

Вақтнинг исрофига сабаб бўлаётган яна бир омил вақтнинг қийматини билмасликдир. Бунга ҳозир интернетда кўп тарқалган бир гўзал ўхшатишни мисол қилиб келтириш мумкин: бир кеча-кундузда 86400 сония бор. Фараз қилайлик, кимдир бизга 86400 доллар бериб, «Мана шу пулни эртага шу пайтгача ишлатиб тугатишинг керак. Ишлата олмасанг, куйиб кетади, лекин бирон нарсага етмай қолса, қўшиб берилмайди», деди. Энг дангаса одам ҳам бу пулни қўлига олган заҳоти то уни тугатгунича кўзига уйқу келмайди, чунки бу ғанимат неъматдан иложи борича кўпроқ, ўринлироқ фойдаланиб қолишга шошади. Ҳолбуки, бизга берилган 86400 сония бу пуллардан бир неча юзлаб баравар қийматлироқдир. Аммо афсуски, биз бу неъматни зое қилмасликка бу қадар куюнчалик қилмаймиз.

Вақтимизни исроф қилаётганимизга яна бир сабаб - иродасизлик, аҳдида тура олмаслик, субутсизликдир. Тан олайлик, эртадан бошлаб фалон ишни қилишни бошлайман, душанбадан бошлаб фалон иш билан шуғулланишни бошлайман деганимизга неча йиллар ўтиб кетади.

Фаҳм-фаросати бор одам ҳар бир ишнинг муҳимроғини аввал қилади, унчалик зарур бўлмаганига эса муҳим ишдан кейин вақт қолса киришади. Масалан, бир пайтнинг ўзида ҳам нафл намоз ўқиш, ҳам илм ўргатиш керак бўлиб қолса, аввал илм ўргатади, чунки бунинг ўзига ҳам, бошқаларга ҳам фойдаси бор.

Абдуллоҳ ибн Абдулмалик айтадилар: «Отамиз билан бир аравада кетаётган эдик. «Анави дарахтнинг олдига етиб боргунимизча тасбеҳ айтинглар», дедилар. Биз ўша жойга етиб боргунимизча тасбеҳ айтдик. Сўнг отам узоқдаги яна бир дарахтни кўрсатиб, «Энди анави дарахтга етиб боргунимизча такбир айтинглар», дедилар. Отамиз шу тариқа манзилга етгунимизча тилимизни зикр билан машғул қилиб бордилар».

Минг афсуслар бўлсинки, биз мўмин-мусулмонларнинг қанчадан-қанча вақтларимиз зое кетяпти…

Аллоҳ таоло бизга энг улуғ неъматни – гўзал таълимотлар, илоҳий кўрсатмалардан иборат динини бизга ато этибдими, келинг, уларга жон-дилимиз билан, холис амал қилайлик ва У Зот ваъда қилганидек, икки дунё саодатига эришайлик.

Аллоҳ таоло: «Фориғ бўлсанг, (ибодатга) урингин», яъни бир амални тугатсанг, кейинги фойдали амалга киришгин, деб марҳамат қилмоқда. Зеро, бу дунё – амал ва ҳаракат дунёсидир, охират эса мукофот ва жазо дунёсидир.

 

Вақтимизни қадрлайлик, азизлар!

Фозилжон Абдулқайюм тайёрлади.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri