Инсониятнинг саодати – энг яхши инсоннинг дунёга келишидадир Принтер учун
11.02.2017 й.

Image 

Инсониятнинг саодати – энг яхши инсоннинг дунёга келишидадир

 

Аллоҳ таолога ҳамду санолар ва Унинг пайғамбари Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга дуруду салавотлар бўлсин. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг издошлари ҳамда аҳлу байтларига саломлар ёғилсин.

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳ таоло томонидан бутун оламлар (инсоният, инсу жинслар ва жамики мавжуд жонзотлар)га раҳмат, янги умид ва саодат сифатида юборилдилар.

Барча нарсага қодир бўлган Зот шундай дея хитоб қилади: Сени оламларга фақат раҳмат қилиб юбордик(Анбиё сураси, 107-оят).

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келишлари бутун инсоният учун буюк воқеа, шунингдек, пайғамбарлик тарихида ҳам муҳим босқич ҳисобланади. Бунинг натижасида инсоният бамисоли қайта дунёга келгандек эди гўё. Шубҳа йўқки, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, яъни Ислом дини даракчисининг дунёга келишидан аввал бутун дунё аҳолиси ҳаётининг барча жабҳаларида маънавиятсизлик, адолатсизлик, ахлоқ-одоб қоидалари бузилган, илм-фан, оилавий муносабатларда ўзининг салбий таъсирини кўрсатган ва ҳукмронлик сурган бир ҳолатда яшар, бу ҳолат чидаб бўлмас даражага етган эди.

Инсонлар ҳайвонлардан ҳам ёмон даражага етишганди; дунёга келган қиз фарзандларини тириклай кўмишар, динда буткул таъқиқланган ишларни қилишар, ожизларни ўз ҳақ-ҳуқуқларидан маҳрум қилишар, аҳмоқона сабаблар туфайли ўзаро бир-бирларига урушлар очишар, қабилалар ўртасидаги адоват ва худбинлик авж олган эди. Бир шоир бу ҳолатни “Бошқалар лойқа ҳамда ифлос сув ичиб турганда биз тиниқ ва тоза сув ичамиз” қабилида таърифлайди.

 Қодир Аллоҳ биз бандаларига бу ҳақда шундай эслатади: «Барчангиз Аллоҳнинг арқонини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Ўтли жар ёқасида эдингиз, сизни ундан қутқарди. Аллоҳ сизга Ўз оятларини ана шундай баён қилади. Шоядки, ҳидоят топсангиз. » (Оли имрон  сураси, 103-оят).

(Ояти каримадаги «Аллоҳнинг ипи» деган иборадан Қуръони карим тушунилади. Жарга қулаш хавфидаги инсон ип-арқонни маҳкам ушласа, қутилиб қолганидек, дўзах тубига қуламасликнинг ҳам бирдан-бир чораси Қуръони каримни маҳкам ушлашликдир. Шундагина инсон нажот топади.

Мусулмон уммат нажотга етиши учун барча бир бўлиб Аллоҳнинг каломи Қуръони каримни қаттиқ тутишлари лозим. Бу оятнинг ушбу жумлалари мусулмон оламини бирлаштириш шиоридир. Қуръони карим Аллоҳнинг ип-арқони эканлиги ҳақида жуда ҳам кўп ҳадислар келган.)

Яна бир сурада: «Айт: «У Аллоҳ ягонадир. Аллоҳ сомаддир (ҳожатларни ва рағбатларни қондирувчидир). У туғмаган ва туғилмаган. Ва Унга ҳеч ким тенг бўлмаган (Аллоҳ таолога бирор зот на зотида, на сифатида ва на амалида тенг бўлган эмас, бўлолмайди ҳам)», дейилган (Ихлос сураси, 1-4-оятлар).

Шунингдек, одамлар Аллоҳ таборак ва таолога бошқаларни шерик қилишни, муқаддас китобларни ўз хоҳиш ва истакларига кўра ўзгартириб қайта ёзишни, тош ва бут-санамларга сиғинишни бошлашди; Аллоҳнинг хотини ва ўғли бор, дейишди.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёга келганларида барча садоқатли ва ҳақгўй инсонлар инсониятга ато этилган раҳматдан бахтиёр бўлдилар, бутун борлиқ ўзининг энг муҳташам либосига бурканди, жаннат дарвозалари очилди ва шоду-хуррамлик сифатида безатилди. Оловлар ўчирилди, огоҳлантириш ва тўсиқ сифатида дарвозалар ёпилди. Саъва кўли қуриб қолди. Осмонларга метеоритлар соқчи қилиб қўйилди, барча шайтонлар ҳар қандай ёмонлик қилишдан тўхтатилди ва хочлару бутлар синдириб ташланди.

«45. Эй Набий, албатта, Биз сени гувоҳлик бергувчи, хушхабар элтгувчи ва огоҳлантиргувчи. 46. Ўз изни ила Аллоҳга даъват қилгувчи ҳамда нурли чироқ қилиб юбордик» (Аҳзоб сураси, 45-46-оятлар).

(Ушбу оятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тўртта вазифалари ва битта сифатлари зикр қилинмоқда. Ҳа, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам жоҳилият зулматларидаги нурли чироқдирлар. Турли зулматлар ичида йўлини топа олмай, уриниб-суриниб юрган кишиларни Исломнинг ёруғ йўлига бошловчи машъаладирлар.)

Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни оламларга раҳмат қилиб юборган Зот қанчалар буюк ва улуғдир. Абу Лаҳабни тушида кўрган бир киши ундан: “Аҳволинг қандай?” деб сўраса, у: “Жаҳаннамдаман, аммо ҳар душанба куни тунда мени куйдираётган олов тафти пасаяди ва мен икки бармоғим орасидан сув ичаман, – дея ўша сув миқдорини кўрсатиш учун бармоқлари учини кўрсатибди. – Бу менинг қулим Тувайбани Муҳаммад дунёга келганлиги ҳақидаги хушхабарни ва унга энагалик қилаётгани хабарини етказгани учун озод қилганим-чун менга ато этилган мукофот”. Ҳатто у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг душманлари учун ҳам Пайғамбар алайҳиссаломнинг дунёга келишлари хайрли эди. Муқаддас Қуръонда номи қораланган ҳолатда зикр этилган Абу Лаҳаб жаҳаннамда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дунёга келган кечада азоблардан енгилликка эришиши ҳақида баён қилган.

Ҳофиз Шамсиддин ибн ал-Жазари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дунёга келишлари ҳақида ёзаркан, у зот алайҳиссаломнинг гўё бу дунёга фақатгина инсонларнинг дардлари-ю қийинчиликларини енгиллатиш учун яратилган тенги йўқ инсон эканликларини таъкидлайди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам энг яхши эр, адолатли бошқарувчи, севимли ота ва содиқ дўст эдилар. Кечалари оёқлари шишиб кетгунча тунги ибодатларда қойим бўлардилар. Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга “Аллоҳ сизнинг олдинги ва кейинги гуноҳларингизни авф этган-ку”, деганида унга жавобан: “Мен бунинг учун Аллоҳга шукрона келтиргувчи бўлишим керак эмасми?” дейдилар.

«1. Эй бурканиб ётган! 2. Тур ва огоҳлантир!» (Муддассир сураси, 1-2-оятлар).

У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам Парвардигорлари юборган хабар ҳаётларининг барча жабҳаларини қамраб олган инсон эдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам фаҳш ишни содир этишга жазм қилган бир ёш йигитга меҳрибонлик ва марҳамат билан шундай чиройли тарзда тушунча берганларида у йигит ўз фикрини ўзгартирган ҳамда ўзининг ғаразли туйғулари ўрнини меҳр-муҳаббат, ҳурматга бўшатган. Яна бир мисолда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этмагунларича сира ҳам тиниб-тинчимаганликлари ҳақида айтилади.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг издошлари у зот алайҳиссалом ҳар жабҳада намуна бўлганликлари учун ҳам ўз пайғамбарларини яхши кўришган. Қачонки у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам кимгадир бирор ишни айтсалар, биринчи бўлиб ўзлари шу ишни амалга оширганлар, аксинча, қачондир кимнидир бирор ишдан қайтарсалар, биринчи бўлиб ўзлари ўша ишни қилмасликни ҳаётларида жорий қилганлар.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам душман бўлганларни дўстларга айлантира олганлар, масалан, Ямама ерларининг сардори Сумама Набий алайҳиссаломни ўлдирмоқчи бўлиб борганида у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сени ягона Аллоҳга (Ислом динига, Аллоҳнинг ягона илоҳ эканлигини тан олишга) аниқ-равшан билимим ва ишончим билан даъват қиламан, кимки менга эргашса, бошқаларни ҳам Аллоҳга, Ислом динига, Аллоҳнинг ягона илоҳ эканлигини тан олишга чақириши лозим. Аллоҳни улуғлаши ва жамики нарсалардан шарафлаши, У Зотга ҳеч нарсани шерик қилмаслиги зарур. «Сен: «Бу менинг йўлимдир. Мен Аллоҳга «кўз очувчи» асосида чақираман ва менга эргашганлар ҳам. Аллоҳ покдир. Ва мен мушриклардан эмасман», – деб айт.» (Юсуф сураси, 108-оят). (Яъни, биз йўлимизнинг тўғри эканини аниқ билиб, ишониб туриб чақирамиз. Бизга Аллоҳ таоло ҳидоят ва нур бергандир. Биз бу йўлдан ишонч ва билим ила юрамиз, унга бошқаларни ҳам чақирамиз.)

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одамларни Исломга даъват этишлари улар билан ўзаро оқилона ва доноларча муносабат йўли билан бўлган. Барча нарсага қодир Аллоҳ: «Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар ила гўзал услубда мунозара қил. Албатта, Роббинг Ўз йўлидан адашганларни ўта билгувчи ва ҳидоят топгувчиларни ҳам ўта билгувчидир», деб айтган (Наҳл сураси, 125-оят). (Аввало, даъват «Аллоҳнинг йўлига» бўлмоғи керак. Баъзи шахсларга, гуруҳларга эмас, холис Аллоҳнинг йўлига бўлиши лозим. Иккинчидан, даъват ҳикмат билан амалга оширилиши зарур. Бунда даъват қилинаётганларнинг ижтимоий, маданий савиясини эътиборга олиб, оғир келмайдиган йўсинда даъват қилиш даркор. Учинчидан, даъват яхши мавъиза орқали йўлга қўйилмоғи керак. Кишиларни қизиқтириш учун чиройли гапларни топиб гапириш зарур. Уларни нафратлантирмаслик лозим. Тўртинчидан, кишилар билан «гўзал услубда мунозара қилиш» керак. Аллоҳнинг йўлига даъват, аввало, фикрий ҳаракатдир. Фикрий ҳаракат бор жойда мунозара бўлиши турган гап. Ислом даъватчиси мунозарани ғоятда гўзал услубда олиб бориши керак. У рақиби билан талашиб-тортишиб, бақир-чақир, уруш-жанжал этмасдан, унинг таъбига йўл топиб, унга қаноат ҳосил қилдириб, ўзи сезмаган ҳолда Исломга мойил бўлиб қоладиган усталик билан мунозара олиб бориши лозим. Бешинчидан, даъватчи ўз вазифаси даъват қилиш эканини, ҳидоят ва залолат Аллоҳга боғлиқлигини ҳеч қачон унутмаслиги керак.)

«Аллоҳнинг раҳмати ила уларга мулойим бўлдинг. Агар қўпол, қалби қаттиқ бўлганингда, атрофингдан тарқаб кетар эдилар. Бас, уларни афв эт. Уларга истиғфор айт ва улар билан ишларда машварат қил. Азму қарор қилганингдан сўнг Аллоҳга таваккал қил. Албатта, Аллоҳ таваккал қилувчиларни севадир» (Оли Имрон сураси, 159-оят). (Аллоҳ таоло ушбу амр ила Пайғамбар алайҳиссаломни қалби кенгликда, мулойимликда – кишиларни атрофларида жамловчи олий сифатларда бардавом бўлишга чақириб, айблар ўтган бўлса ҳам, мусулмонларни авф этишга буюрмоқда.) Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломни инсоният ҳаётига амалий равишда, ўзларида татбиқ этган ҳолда намоён этганлар. Одамлар орасида бардошлиликни ўз сиймоларида кўрсатиб, инсон ҳуқуқларини ҳали инсон ҳуқуқлари ташкилоти мавжуд бўлмасдан олдин неча асрлар аввал ҳимоя қилганлар.

Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам мукаммал исломий цивилизацияни жорий этдилар ва бунинг асосида дунё ҳамжамиятига энг илғор цивилизациялардан бири, энг юксак савиядаги цивилизация кўринишида ўзининг мукаммал тараққий этган илм-фан, маънавият ҳамда дини билан исботини топган дастлабки Мусулмонлар цивилизациясини тақдим этдилар. Бу диний ва фуқаролик илмий уйғунлик цивилизацияси эди. Бунда комил инсон бўлиб етишишда ўз таъсирини кўрсатадиган ишлаб чиқариш биносини қуриш билан инсонни такомиллаштириб бориш каби жараённи ўзаро бир-бирига боғлашни ташкил этди.

Инсониятнинг энг аъло даражадаги мукаммал намунаси каби жаннатларда у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг асҳоблари орасида бўлишлик насиб қилсин ва доимо инсониятга яхшилик қилгувчилардан бўлишликка мушарраф этсин бизни. Барча нарсага қодир Аллоҳдан барчамизни тўғри йўлда юргувчилардан, Ўзининг расули соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашгувчилардан қилсин, дея сўраймиз. 

 

Зулфия таржимаси

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz