Ошкора ва пинҳона неъматларга эришиш йўли Принтер учун
16.02.2017 й.
Image
 

Қачон Аллоҳ сенга тоатни ва Ўзи ила ундан (тоатдан) беҳожат бўлишни ризқ қилиб берса, билки, батаҳқиқ, У Зот сенга ошкора ва пинҳона неъматларини мукаммал қилиб берибди.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳининг ушбу ҳикматини яхшироқ тушуниш учун аввало «тоат» сўзининг луғатдаги ва истилоҳдаги маъноларини ҳамда унинг динимизда тутган ўрнини яхшилаб англаб олмоғимиз керак бўлади.

– «Тоат» сўзи араб тилида ибодат қилиш, бўйсуниш, бировнинг амрида юриш, бировга мувофиқ бўлиш каби маъноларни билдиради.

Тоатнинг шаръий маъноси ҳақида уламолар бир неча таърифларни келтиришган:

– Журжоний: «Тоат биз(Аҳли сунна)нинг наздимизда ишнинг мувофиқ бўлишидир. Мўътазилийларнинг наздида эса ироданинг мувофиқ бўлишидир», дейди.

– Кафавий: «Тоат амр қилинган нарсаларни қилишдир, мандуб бўлса ҳам. Ва қайтарилган нарсалардан қайтишдир, макруҳ бўлса ҳам. Қарзни узиш, аёлини ва маҳрамларини нафақа билан таъминлаш ҳамда шунга ўхшаш ишлар Аллоҳ таолонинг тоатидир, ибодат эмас», деган.

– Ибн Муновий Журжонийнинг гапини нақл қилганидан сўнг айтади: «Тоатни яна «Аллоҳ таолонинг розилигига ва У Зотга қурбат ҳосил қилишга сабаб бўладиган ҳар бир нарсадир», деб таърифлашган».

– Ибн Аллон: «Тоат Аллоҳ таолонинг, У Зотнинг Расулининг ва уларга даъват қиладиганнинг айтганига сиртдан бўйсуниш ҳамда ичдан рози бўлишдир».

Ушбу таърифлардан маънони кенг олгани ҳам, тор олгани ҳам, ўртача олгани ҳам бор. Нима бўлганда ҳам, Аллоҳ таолонинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтиш бор. Ана ўша ҳақиқатни унутмаслик зарур.

Одамларнинг тоатдаги ҳолатлари ҳақида имом Мовардий раҳматуллоҳи алайҳи қуйидагиларни айтади:

«Одамларнинг ўзларига амр қилинган тоатларни адо этиш ва уларнинг қайтарилган маъсиятлардан четланиш бўйича ҳолатлари тўрт хилдир:

1. Улардан баъзилари тоатни адо қилиб, маъсиятдан четда бўладилар. Мана шу дин аҳлининг энг мукаммал ҳолидир, тақводорларнинг энг афзал сифатидир. Мана шулар амал қилувчиларнинг мукофотига ва итоаткорларнинг савобига ҳақдор бўладилар.

2. Улардан баъзилари тоатни адо қилишдан бош тортади ва маъсиятга ўзини уришга журъат қилади. Булар бандаларнинг энг ҳоли ёмонидир, ибодат қилувчиларнинг энг сифати ёмонидир. Бас, улар тоатга амр қилинганлардан кейин ундан бош тортганларга бериладиган азобга ҳақдордирлар ва маъсиятга журъат қилганларга бериладиган азобга ҳақдордирлар.

3. Улардан баъзилари тоатларни адо қилишга ижобат қиладилар. Шу билан бирга, маъсиятларга ўзини уришни ҳам раво кўрадилар. Ана шулар журъат қилувчилар азобига ҳақдордирлар. Чунки уларнинг шаҳвати ғалаба қилиб, маъсият қилишга журъат этдилар.

4. Улардан баъзилари тоатларни адо қилишдан бош тортадилар ва ўзини маъсиятга уришдан сақланадилар. Бундайлар динига бепарво бўлганларнинг жазосига ҳақдордирлар. 

Қуръони Каримда тоат ҳақида ўттиз тўққизта ояти карима келган. Мисол келтирамиз:

Аллоҳ таоло Нисо сурасида марҳамат қилади:

«Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Расулга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Расулга қайтаринг. Ана шу хайрли ва оқибати яхшидир» (59-оят).

Аллоҳ таоло Моида сурасида марҳамат қилади:

«Аллоҳга итоат қилинг ва Расулга итоат қилинг ва ҳазир бўлинг! Агар юз ўгирсангиз, билингки, Расулимиз зиммасида очиқ-ойдин етказиш, холос» (92-оят).

Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларида ҳам тоатга чақириш тез-тез учраб туради.

Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Бир куни бомдод намозидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга ўта балоғатли ваъз қилдилар. Ундан (таъсирланиб) кўзлар ёш тўкди, қалблар титроққа тушди. Шунда бир одам:

«Бу видолашувчининг мавъизаси-ку! Эй Аллоҳнинг Расули, бизга нимани васият қиласиз?» деди.

«Сизларга Аллоҳга тақво қилишни, агар ҳабаш қулга бўлса ҳам, қулоқ осиб, итоат қилишингизни васият қиламан. Сиздан ким яшаб турса, кўплаб ихтилофларни кўради. Сиз янги пайдо қилинган ишлардан эҳтиёт бўлинг, чунки улар залолатдир. Сиздан ким ўшанга етиб борса, унга менинг Суннатимни ва рошид – ҳидоятли халифаларнинг суннатини маҳкам ушлаш лозим бўлади. Бас, уни озиқ тишлар билан маҳкам тишлангиз», дедилар».

Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган.

Қуръони Карим оятлари ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларидан ибрат олган саҳобаи киромлар, тобеъинлар ва уламолар ҳам тоат ҳақида сермаъно ҳикматли сўзларни айтганлар.

Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг Салама ибн Мухалладга ёзган мактубида қуйидагилар келган: «Қачон банда Аллоҳ таолога тоат қилса, Аллоҳ таоло унга муҳаббат қилади. Қачон Аллоҳ таоло унга (бандага) муҳаббат қилса, халойиқни ҳам унга (ўша бандага) муҳаббат қилдиради. Қачон банда Аллоҳ таолога маъсият қилса, Аллоҳ таоло уни ёмон кўради. Қачон Аллоҳ таоло уни ёмон кўрса, халойиққа ҳам уни (ўша бандани) ёмон кўрдиради».

Толқ ибн Ҳабиб раҳматуллоҳи алайҳи айтади:

«Тақво Аллоҳ таоло тарафидан бўлган нур асосида У Зотнинг тоатини қилиб, раҳматини умид қилишинг ва Аллоҳ таоло тарафидан бўлган нур асосида У Зотга нисбатан маъсиятни тарк қилиб, иқобидан қўрқишингдир».

Тоатнинг фойдалари:

– Тоат жаннатга эришиш ва дўзахдан қутулишдир.

– Тоат банданинг солиҳлиги ва тўғрилиги аломатидир.

– Тоат қалбда ҳидоятни собит қилади.

– Тақвонинг самараси Аллоҳ таолонинг муҳаббати ва ризосидир.

– Тоат ила неъмат жалб қилиниб, офат кетказилади.

– Тоат маъсият ва гуноҳларнинг хатаридан сақловчи метин қўрғондир.

– Тоат оқибатнинг гўзал бўлиши аломатидир.

– Тоат уйларнинг омонлиги ва ободлигидир.

– Тоат диннинг тасдиғи аломатидир.

– Тоат Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишдир.

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳининг ушбу ҳикматидаги «тоат» сўзининг таърифини ҳамда фазилатларини бир оз ўрганганимиздан кейин ундаги «Ўзи ила ундан беҳожат бўлишни» деган иборани ўрганайлик. Зотан, ушбу икки маъно биргаликда мужассам бўлгандагина Аллоҳ таолонинг бандага ошкора ва пинҳона неъматларини мукаммал қилиб бериши юзага чиқади. «Ўзи ила ундан беҳожат бўлиш»нинг маъноси «Аллоҳ таоло ила тоатдан беҳожат бўлиш» деганидир. Яъни банда Аллоҳ таолонинг тоатини адо этиб қўйдим, дея бепарво бўлиб қолмаслиги керак. Балки тоатни қойилмақом қилиб адо этиш билан бирга, доимо Аллоҳ таолога ҳожатмандлигини изҳор қилиб туриши лозим.

Машойихлар таъкидлаганларидек, сиртдан тоатни адо этгандек бўлиб, ичда эса тоатдан беҳожат бўлиб, Аллоҳ таолога ҳожатмандлик сифатида турган бандага У Зотнинг Ўзи ошкора ва пинҳона неъматларини мукаммал қилиб беради. Бундан бандага икки нарса лозим экани келиб чиқади: сиртда Аллоҳ таолонинг тоатида бўлиш ва ичда фақат Аллоҳ таолога боғланиб, Ундан ўзгага боғланмаслик. Аллоҳ таоло кимни ушбу икки нарса ила ризқлантирса, унга ошкора ва пинҳона неъматларини мукаммал – тўлиқ ва давомли қилиб берган бўлади.

«Қачон Аллоҳ сенга тоатни ва Ўзи ила ундан беҳожат бўлишни ризқ қилиб берса, билки, батаҳқиқ, У Зот сенга ошкора ва пинҳона неъматларини мукаммал қилиб берибди».

Ибн Атоуллоҳ Сакандарий раҳматуллоҳи алайҳи ушбу ҳикматни Қуръони Каримда ва Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида келган далилларга асосланиб айтганлар.

 

Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф

(Хислатли ҳикматлар шарҳи китобидан) 

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz