Динда ҳаддан ошиш Принтер учун
08.01.2007 й.

Динда камчиликка йўл қўювчи, унга жафо қилувчи, арабчасига айтганда тафрийтчиларни таниб олиш, улардан эҳтиёт бўлиш ва уларни йўлга солиш нисбатан осон иш.
Аммо уларнинг тескариси бўлган, биз юқоридаги саҳифаларда динда ҳаддан ошувчи, динни қаттиқ тутувчи каби номлар билан атаган шахсларни таниб олиш, улардан эҳтиёт бўлиш ва уларни йўлга солиш ниҳоятда мушкул ишдир.
Чунки, уларни сиртдан динга жуда ҳам ихлосли кўринадилар, ибодатларни қойил мақом бажараётганга ўхшайдилар, тақвонинг олий даражасида турган бўлиб кўринадилар. Ҳар ким ҳам уларнинг зиддига бирор оғиз сўз айтишга журат қила олмайди. Унча бунча илмли кишилар ҳам уларни ажратиб олиши осон эмас. Фақатгина уларнинг ҳақида батафсил маълумотга эга бўлганларгина у ишнинг уддасидан чиқиши мумкин.
Шунинг учун, бу масалага оид барча маълумотларни диққат билан ўрганишга тўғри келади. Зотан ҳар бир нарсанинг ҳақида батафсил ўрганмагунча унинг ҳақида ҳукм чиқариш мумкин эмас. Айниқса шариатга оид нарсаларни ўрганишда алоҳида эътибор ва диққат керак бўлади.

Исломда динда ҳаддан ошишни англатувчи бир неча сўз ва истилоҳлар бор.
1. Ғулув.
Бу сўз араб тилида чегарадан чиқиш ва ҳаддан ошиш маъноларини англатади.
2. Тотарруф.
Бу сўз араб тилида бир тарафлама бўлиш, четга чиқиш, мўътадил бўлмаслик маъноларини билдиради.
3. Танаттуъ.
Бу сўз араб тилида ишда ва гапда чуқур кетишни англатади.
4. Ташаддуд.
Бу сўз араб тилида шиддатлашиш маносини билдиради.
5. Унф.
Бу сўз араб тилида қўполлик қилиш, куч ишлатиш маъносини англатади.
Бу сўзларнинг ичида энг кенг тарқалгани ғулув бўлиб у урфда бошқа қолган маъноларни ҳам ўз ичига оладиган бўлиб қолган.
Ҳофиз Ибн Ҳажар ўзининг машҳур китоби «Фатҳул Борий»да ғулувни таърифлаб қуйидагиларни айтади:
«Ғулув бир нарсада муболағага кетиш ва ҳаддан ошган ҳолда қаттиқ тутишдир» (13-жуз. 278-бет).

ҚУРЪОН ВА СУННАТДА ҒУЛУВ

Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошманг ва Аллоҳ ҳақида ҳақдан бошқани айтманг. Албатта, Масиҳ, Ийсо ибн Марям Аллоҳнинг Пайғамбари, Марямга илқо қилган калимаси ва Ундан бўлган руҳдир. Бас, Аллоҳга ва Унинг Пайғамбарларига иймон келтиринг. Уни учта деманг. Тўхтанг, ўзингизга яхши бўлади. Албатта, Аллоҳ ягона илоҳдир, ўзга эмас. У Ўзининг боласи бўлишидан пок бўлди. Осмонлардаги нарсалар ва ердаги нарсалар Уникидир. Вакилликка Аллоҳнинг Ўзи кифоя қилур» деган (171-оят).
Маълумки, насроний дини янгилиги вақтида ақийда тўғри бўлган. Лекин замон ўтиши билан бу ақийда аста-секин бузила борган. Милодий олтинчи асрга келиб, Рим императорларининг тазйиқи остида насроний ақийдаси тамоман бузилиб бўлган эди. Насоролар ўз динларида ҳаддан ошиб кетдилар. Аллоҳнинг бандаси ва Пайғамбари Ийсо алайҳиссаломни, Аллоҳнинг ўғли, дедилар. Сўнгра, Аллоҳ уч аслдан–ота, ўғил ва муқаддас руҳдан иборатдир, деб даъво қилдилар. Шунингдек, Биби Марямни ҳам илоҳлик даражасига кўтардилар. Худонинг табиати ҳақида битмас-туганмас ихтилофларга тушдилар. Охири келиб, ўзлари ҳам тушуниб етмайдиган ақидавий машмашаларга гирифтор бўлдилар. Уларнинг ушбу ва шунга ўхшаш кўплаб ишлари динда ғулувга кетиш–ҳаддан ошиш эди.
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида:
«Сен: «Эй аҳли китоблар! Динингизда ҳаддан ошиб, ноҳақлик қилманг. Ва олдин ўзлари адашиб ва кўпчиликни адаштириб, тўғри йўлдан умуман чиққанларнинг ҳавои нафсларига эргашманг», деб айт», деган (77-оят).
Бу хитоб айнан ушбу оятлар тушаётган пайтдаги ва ундан кейинги даврлардаги аҳли китобларга қаратилгандир. Ушбу оятда улар аввал ўтган аждодларига, уларнинг ҳавои нафсларига эргашмасликка даъват қилинмоқда. Улар ўзлари адашиб, бошқаларни ҳам адаштириб, оқибатда тўғри йўлдан бутунлай чиқиб кетган эдилар.
Динда ҳаддан ошишлик арабчада «ғулув» дейилади. Ғулув–аслида, динда бўлмаган нарсаларни ўзича яна ҳам диндорроқ, тақводорроқ кўрсатиш мақсадида динга киритишдир.
Мисол учун, насороларнинг Ийсо алайҳиссаломни улуғлашда ғулувга кетишлари–ҳаддан ошишлари у киши келтирган соф ақийданинг тамоман бузилиб кетишига сабаб бўлган. Бунга ўхшаш ишлар жуда ҳам кўп.
Шунинг учун ҳам, аҳли китобларни динларида ҳаддан ошиб, ноҳақлик қилмасликка даъват этишни Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз Муҳаммадга соллаллоҳу алайҳи васаллам топширмоқда. Бу амр, яъни, динда ғулувга кетмаслик–ҳаддан ошмаслик амри мусулмонларга ҳам тегишлидир.
Имом Аҳмад, Ибн Хузайма ва Насаийлар Ибн Аббос р-у.дан қилган ривоятда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалам: «Динда ғулувга кетишдан сақланинглар. Сизлардан олдингиларни динда ғулувга кетишдан бошқа нарса ҳалок қилган эмас», деганлар.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалам: «Уч марта «ғулувга кетганлар ҳалок бўлдилар», деганлар.
Имом Абу Довуд р-қ. ҳадисда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалам: «Ўзингизга ўзингиз қийин қилманг. Аллоҳ сизга қийин қилиб қўяди. Бир қавм ўзига ўзи қийин қилганда, Аллоҳ уларга қийин қилиб қўйган. Ана, уларнинг қолдиқлари, кулбалар ва монстирларда. Роҳибликни ўзлари чиқариб олдилар», деганлар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, дин осондир. Кимки динда ашаддий бўлмоқчи бўлса, дин унга ғолиб келади. Бас, тўғри амалда бўлинглар, яқинлашиб юринглар, яхшилик башоратини беринглар. Саҳар чоғида, тушдан кейин ва кечанинг охирида ёрдам талаб қилинг», дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам динда чуқур кетиб, ашаддийлашиб ўзини қийнамасликка, ўртача иш тутиб, иложи борича камолга яқин бўлиш учун уринишга, доимо яхшилик башорати беришликка, қулай фурсатларни бой бермай, улардан фойдаланиб қолишга чақирмоқдалар.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Исломни васф қилиб:
«Албатта, дин осондир», демоқдалар.
Яъни, дин аслида осонликдан иборатдир. Унинг барча таклифлари осондир. Унда ҳеч бир қийинчилик йўқдир.
Дарҳақиқат, Ислом осонликдан иборатдир. Унда ҳеч бир қийинчилик йўқдир. Инсончасига яшаш қасдида бўлган одам, буни дарҳол тушуниб етади. Чунки, Ислом ҳақиқий инсонлар учун Аллоҳ томонидан юборилган кўрсатмалар тўпламидир. Инсончасига яшашни хоҳламаганлар учун эса, ҳамма инсоний таклифлар қийиндир. Чунки, чин инсон шарафини кўтариш, чин инсон эмасларга муяссар бўлмас.
Шу билан бирга Исломнинг осонлигига паст назар билан қараб, ўзича уни қийинлаштиришга уринганлар ҳам хато қиладилар.
«Кимки динда ашаддий бўлмоқчи бўлса, дин унга ғолиб келади».
Яъни, динда чуқур кетиб, ҳаддан ошиб, ўзича кўп амалларни қилиб шуҳрат топмоқчи бўлса, енгилиб қолади. Бундоқ одамлар бориб-бориб йўлдан чиқади. Йўлдан чиқиши турлича бўлиши мумкин.
Баъзилари, ортиқча уриниб, ўзини уринтириб қўйиб, кейин малол олиб ҳамма нарсани ташлаб юборади.
Бошқалари эса, ашаддийлашиб, динда йўқ нарсаларни ҳам қилиб, бошқаларни ҳам шунга ундаб, ўзи ҳам адашади, ўзгаларни ҳам адаштиради. Ундоқ одамлардан диннинг ғолиб келишининг маъноси шудир.
«Бас, тўғри амалда бўлинглар».
Яъни, шариатда кўрсатилганича тўғри амал қилинг, ошириб ҳам юборманг, камайтиб ҳам қўйманг.
«Яқинлашиб юринглар».
Яъни, шариат кўрсатган чегарага яқинлашиб юринглар. Ундан чиқиб ҳам кетманглар, узоқда ҳам қолманглар.
«Яхшилик башоратини беринглар».
Яъни, доимо ишни яхшиликка йўйинглар. Доимо яхшиликдан гапиринглар, яхшилик гапларни гапиринглар ва яхшиликни кутинглар.
«Саҳар чоғида, тушдан кейин ва кечанинг охирида ёрдам талаб қилинг».
Ушбу жумлада ёрдам талаб қилинг дегани, нафл ибодат қилинглар, деганидир. Доимо ибодат билан машғул бўлса, қийналиб кетади. Шунинг учун орани узиб-узиб, дам олиш вақтларида қилинса яхши бўлади, деган маънони англатади.
Ислом тўғрисида нотўғри тасаввур кўп. Бу тасввурлар ичида энг кўп тарқалгани, Ислом шариати таклифларини оғир таклифлар, деб васф қилиш. Инсонни ортиқча таклифлар билан қийнаш, деб тушунишдир.
Ислом қийин дин, деганларга Исломнинг нимаси қийин?-деймиз. Бошқа динлар билан, динсизлик билан солиштириб кўринг, нимаси қийин?
Ақийда бобида, шаҳодат калимасини тил билан айтиб, дил билан тасдиқлаб қўйсанг бўлди, сен мусулмонсан. Ҳеч қандай бошқа нарсанинг кераги йўқ. Алоҳида жойга бориб, алоҳида маросим ўтқазиб, чўқинтириш маросимида қиладигон ишларнинг кераги йўқ. Ёки худосизлар фирқасига аъзо бўлиш учун низомномани ёдлаб, турли шахс ва идоралардан ўзининг ихлосли худосиз эканига қоғоз олиб, имтиҳондан ўтиб, саволларга жавоб бериб, етмай қолса пора бериб, аввал номзод бўлиб кейин аъзо бўлиш ҳам йўқ.
Исломнинг мусулмон жамияти аъзоларига юклаган таклифларида ҳам ҳеч қийинчилик йўқ. Уларнинг барчаси Аллоҳга ибодат бўлса ҳам, аслида мусулмоннинг ўз шахсига, оиласига, жамиятига ва бутун инсониятга фойда келтирадиган ишлар.
Исломдаги ибодат маросимларини ўтказиш учун алоҳида жой, алоҳида кийим, турли асбоб ускана ёки воситачининг кераги йўқ. Ҳар ким хохлаган жойида, хохлаган кийимида, хохлаганича ибодат қилаверади.
Исломда тавба қилмоқчи бўлган одам чин дилдан ўкиниб, тавба қилдим, деб айтиб, ўша гуноҳни қайта қилмай қўйса бўлди. Бошқа динларга ўхшаб, алоҳида маросимни, воситачи-тавба қабул қилувчини ва бадал тўлаб мағфират паттаси сотиб олишнинг кераги йўқ.
Ислом инсондан бирор нарсани таклиф қилган бўлса, уни ҳайвонлик даражасидан чин инсонлик даражасига кўтариш учун таклиф қилган холос. Ислом ўз таклифлари билан инсонни фаришта даражасига кўтаришни кўзлаган эмас. Шунинг учун Ислом таклифларини оғир деганлар, унга амал қилиш қийин деганлар, инсоннинг ҳайвонлик даражасида қолишини ёқтирадиганлардир.
Ислом дини кишиларга оғирлик бўлишини, уларга тоқатларидан ташқари таклифлар юклатилишини хоҳламайди. Шунинг учун ўз ихтиёри билан ғулувга кетиб, қўшимча ибодатни кўп қилишга уринадиган одамларни ҳам бу ишдан қайтаради.


ҒУЛУВНИНГ ТУРЛАРИ

Ғулув – динда ҳаддан ошиш икки турга тақсимланади.
Биринчиси – амалий ғулув.
Иккинчиси – эътиқодий ғулув.
Амалий ғулув деганда диннинг амалий қисмига оид нарсаларда ҳаддан ошиш демакдир. Бу турдаги ғулувда ақийданинг дахли йўқ бўлади. Яъни, эътиқод асосида амалда ҳаддан ошмаган бўлади.
Эътиқодий ғулув деганда амалда эмас ақийда масаласида ҳаддан ошиб ғулувга кетиш англанади. Бу каби ғулувнинг мисоллари кўп. Уларни келажакда ўрганамиз.

АМАЛИЙ ҒУЛУВ

Бу турдаги ғулувга ҳадислардан мисол келтирайлик.

1. Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалам Масжидга кириб, икки устун орасига тортиб қўйилган арқонни кўрдилар ва: «Бу қандоқ арқон?» дедилар.
«Бу Зайнабнинг арқони. Чачаб қолганда унга осилади», дейишди.
Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалам: «Уни ечиб ташланглар. Киши тетик турганда намоз ўқисин. Қачон чарчаса, ухласин», дедилар».

Бухорий ривоят қилган.
Ҳофиз Ибн Ҳажар бу ҳадиснинг шарҳида: «Бу ҳадисда ибодатда тежамкор бўлишга тарғиб ва унда чуқур кетишдан қайтариқ бор», деган.
Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилаётган эдилар, бирдан офтобда тик турган одамни кўриб қолдилар ва у ҳақида сўрадилар: «Бу Абу Исроил, тик турмоқни, ўтирмасликни, сояда турмасликни, гапирмасликни ва рўза тутишни назр қилган», деди одамлар.
«Унга айтинглар, гапираверсин, сояда тураверсин, ўтираверсин ва рўзасини тугал тутсин», дедилар».

Бешовлари ривоят қилган.
Ушбу ривоятнинг қаҳрамони Абу Исроил Қурайш қабиласининг Бани Омир ибн Луай уруғидан бўлиб, ҳадиси шарифда зикри келган нарсаларни назр қилган эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўраб суриштириб, унинг масаласидан хабардор бўлдилар. Кейин эса, бу иш бўйича шариат ҳукмини баён қилдилар.
Абу Исроилнинг назрида ҳам тоат, ҳам маъсият – шариатда кўрсатилмаган иш мавжуд эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам унга маъсият бўлган, гапирмаслик, сояда турмаслик, ўтирмаслик ҳақидаги назрлар беҳуда эканлиги, уларни дарҳол тўхтатиш лозимлигини баён этдилар. Аслида Аллоҳ таолога тоатдан иборат бўлган рўза ибодатини эса, давом этдиришга амр қилдилар.
Амалий ғулув одатда якка шахслар томонидан йўлга қўйилади ва уни қилувчигагина зарар келтиради. Ўтган икки ҳадисда ва бошқа амалий ғулув ҳақидаги далилларда фақат якка шахслар ҳақида сўз боради.

ЭЪТИҚОДИЙ ҒУЛУВ

Эътиқодий ғулувга кетган тоифалар Р-м.нинг даврларида рўёбга чиқмаган бўлсалар ҳам, уларнинг чиқишлари ҳақида П-м.нинг ўзларида ҳадиси шарифлар ворид бўлган.

1. ХАВОРИЖЛАР ВА ДИНДАН ОТИЛИБ ЧИҚУВЧИЛАР ҲАҚИДА

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Али ибн Абу Толиб Ямандан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаламга тупроғидан тозаланмаган ёмби тиллони қарз ила ошланган терига солиб юборди. Бас, у зот уни тўрт киши; Уяйна ибн Бадр, ал-Ақраъ ибн Ҳобис, Зайд ал-Хойл ва Алқама ибн Улоса орасида тақсимладилар. Шунда у зотнинг саҳобаларидан бир киши «Улардан кўра бунга биз ҳақли эдик», деди.
Бас, бу Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаламга етди ва: «Менга ишонмайсизларми?! Ҳолбуки, мен осмондаги зотнинг ишончлисиман. Менга эртаю кеч осмоннинг хабари келиб туради», дедилар.
Шунда кўзлари ичига кирган, икки яноғи бўртиб чиққан, дўнгпешона, серсоқол, тақирбош ва иштонини шимариб олган бир киши ўрнидан туриб:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, Аллоҳдан қўрқинг!» деди.
«Шўринг қурсин! Мен ер аҳлининг Аллоҳдан қўрқишга энг ҳақлиси мен эмасмани?!» дедилар.
Сўнгра ҳалиги киши ортига қайтиб кетди. Шунда Холид ибн Валид: «Эй, Аллоҳнинг Расули, Унинг бўйнига зарба берайми?» деди.
«Йўқ. Эҳтимол у намоз ўқир», дедилар.
«Қанчадан қанча намозхон тили билан дилида йўқ нарсани айтади», деди Холид.
Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалам: «Албатта, мен одамларнинг қалбини тешиб кўришга ҳам, қоринларини ёриб кўришга ҳам амр қилинмаганман», дедилар.
Сўнгра у зот кетиб бораётган ҳалиги кишининг ортидан назар солиб туриб: «Мана шунинг жинсидан бўлган бир қавмлар чиқади. Улар Аллоҳнинг китобини кўп тиловат қиладилар. Аммо у уларнинг бўғизларидан нарига ўтмайди. Улар диндан худди ўқ камондан чиққандек чиқадилар. Агар уларни топсам, албатта, Самуд қавмидек қатл қилардим», дедилар».

Ушбу ҳадиси шарифда кейинчалик чиқиб, динда ғулувга кетиб мусулмонлар орасида фитна чиқарадиган тоифа аъзоларининг баъзи кўринишлари, сифатлари ва ишлари ҳақида маълумотлар келмоқда.
«Шунда кўзлари ичига кирган, икки яноғи бўртиб чиққан, дўнгпешона, серсоқол, тақирбош ва иштонини шимариб олган бир киши ўрнидан туриб: «Эй, Аллоҳнинг Расули Аллоҳдан қўрқинг!» деди».
Уларнинг кўзга кўринган сифатларидан бири мусулмон йўлбошчилар, уламо ва фузалоларга нисбатан беҳурмат бўлиш ва ўзларининг ёлғон даъволари билан уларнинг обрўсини тўкишга ҳаракат қилиш бўлади.
Ушбу ривоятда зикри келаётган номояндалари ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни Аллоҳ таолодан қўрқмасликда, адолат қилмасликда айбламоқдалар. Эътибор беринг-а! Бир бетайин нобокор Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни айбламоқда! Унинг издошлари ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг меросхўрлари уламоларга нисбатан шундоқ муомалада бўладилар.
«Улар Аллоҳнинг китобини кўп тиловат қиладилар».
Буни ҳам бировлардан ажраб туриш учун қиладилар. Чин қалбдан Аллоҳ таоло учун қилмайдилар. Тиловатни қиладилар.
«Аммо у уларнинг бўғизларидан нарига ўтмайди».
Қалбларига етиб бормайди. Уни англаб етиш ва онгларига сингдиришга уринмайдилар ҳам. Шунинг учун
«Улар диндан худди ўқ камондан чиққандек чиқадилар».
Бир оз сабаб топилса бўлди. Тезда соқолни қирдириб, кийимни ўзгартиб ҳеч нарсани кўрмагандек бўлиб тураверадилар.
«Агар уларни топсам, албатта, Самуд қавмидек қатл қилардим».
Чунки улар қаерда бўлсалар ҳам фитна чиқарадилар ва мусулмонларга катта зарарлар етказадилар.

Яна ўша кишидан ривояти: «Али Яманда турганида ёмби тиллони тупроғи билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга юборди. Бас, у зот уни тўрт киши; Уяйна, ал-Ақраъ, Зайд ал-Хойл ва алқамалар орасида тақсим қилдилар. Бунда қурайшликлар ғазабландилар ва: «Нажднинг катталарига бериб бизни тарк қиладими?!» дейишди.
Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мени буни уларни улфат қилиш учун қилдим», дедилар.
Кейин бир серсоқол, икки ёноғ бўртиб чиққан, кўзлари иичига кирган, пешонасин дўнг ва сочи қирилган киши келиб: «Аллоҳдан қўрқ! Эй Муҳаммад!» деди.
«Агар мен осийлик қилсам, Аллоҳга ким итоат қилади?! У зот мени ер аҳлига ишонадию, сизлар менга ишонмайсизларми?!» дедилар.
Сўнгра ҳалиги одам орқасига қараб кетди. қавмдан бири уни қатл қилишга изн сўради. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Манашунинг жинсидан бўлган бир қавмлар чиқади. Улар Аллоҳнинг китобини кўп тиловат қиладилар. Аммо у уларнинг бўғизларидан нарига ўтмайди. Улар аҳли Исломни қатл қиладилар ва аҳли бутларни тарк қиладилар. Улар Исломдан худди ўқ камондан чиққандек чиқадилар. Агар уларни топсам, албатта, Од қавмидек қатл қилардим», дедилар».

Икки шайх ва Теримизий ривоят қилишган.
Бу ривоят ўзидан олдингисини тўлдириб ва унга бир оз равшанлик киритмоқда.
«Улар аҳли Исломни қатл қиладилар ва аҳли бутларни тарк қиладилар».
Мусулмонлар орасида фитна чиқарган ва чиқараётган тоифаларнинг ҳолига ва тарихига диққат билан назар соладиган бўлсак, бу улкан ҳақиқат яққол номоён бўлади. Улар доимо аҳли Исломга осиладилар. Бошқалар билан ишлари бўлмайди. Балки баъзи бир ҳолатларда улар мусулмонмаслар билан ҳамкорлик қиладилар.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Биз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга эдик. У зот мол тақсимлаётган эдилар. У зотнинг ҳузурларига Зулхувайсира келди. У Бани Тамимлик бир одам эди. Бас, у: «Эй, Аллоҳнинг Расули, Адолат қилинг!» деди.
Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Шўринг қурсин! Мен адолат қилмасам, ким адолат қилади?! Агар адолат қилмасам, ноумид бўлибман, хусронга учрабман!» дедилар.
Бас, Умар ибн Хаттоб: «Эй, Аллоҳнинг Расули, Менга изн беринг. Унинг бўйнига зарба берай!» деди.
«Уни тек қўй. Албатта, унинг шерклари бордир. Сизлардан бирингиз уларнинг намози олдида ўзининг намозини, рўзаси олдида ўзининг рўзасини ҳақир санайди. Улар Қуръон қироат қилурлар. Аммо бўғизларидан нарига ўтмас. Исломдан камондан ўқ чиққандек чиқурлар. Ўқнинг учига назар қилинса, ундан ҳеч нарса топилмас. Сўнгра ўқ учи қадаладиган жойга назар солинса, ундан ҳам ҳеч нарса топилмас. Кейин ўқнинг ўзига назар қилинса, ундан ҳам ҳеч нарса топилмас. Сўнг унинг патига назар қилинса, ундан ҳам ҳеч нарса топилмас. Ҳолбуки, у гўнгдан ҳам, қондан ҳам ўтганди. Уларнинг белгиси бир қора одам бўлиб унинг билакларидан бирида аёлнинг маммасига ўхшаш ёки парча гўштга ўхшаш нарса бўлиб ликкиллаб туради. Улар одамлар тафриқага тушганда чиқурлар», дедилар.

Икки шайх ва Теримизий. ривоят қилишган.
Бу ривоятда зикри келаётган мол тақсимлаш ва унга боғлиқ ҳодисалар Ҳунайн ғазотидан кейин Жаърона номли ерда бўлиб ўтган.
Зулхувайсира машҳур нобакорлардан бирининг исми. У ўзининг душманлиги билан машҳур бўлган.
Бу ривоятда мазкур фитначи тоифа аъзоларининг бошқа сифатлари ҳам зикр қилинмоқда.
«Сизлардан бирингиз уларнинг намози олдида ўзининг намозини, рўзаси олдида ўзининг рўзасини ҳақир санайди».
Улар намоз ўқиганларида сиртдан кўрган одам қоил қоладиган қилиб ўқийдилар. Улар рўза тутганларидан сиртдан кўрган одам қоил қоладиган қилиб тутадилар. Ҳаттоки саобалар уларнинг намози ва рўзаси олдида ўз намоз ва рўзаларини ҳақир санайдиган бўлади.

Кези келганда, эслаб ўтилган ривоятларда зикр қилинган салбий сифатларнинг баъзиларининг рўйхатига кўз ташлаб чиқайлик.
1. Улар Аллоҳнинг китобини кўп тиловат қиладилар. Аммо у уларнинг бўғизларидан нарига ўтмайди.
2. Улар диндан худди ўқ камондан чиққандек чиқадилар.
3. Уларнинг кўзга кўринган сифатларидан бири мусулмон йўлбошчилар, уламо ва фузалоларга нисбатан беҳурмат бўлиш ва ўзларининг ёлғон даъволари билан уларнинг обрўсини тўкишга ҳаракат қилиш бўлади.
4. Улар аҳли Исломни қатл қиладилар ва аҳли бутларни тарк қиладилар.
5. Улар гапни гўзал гапирурлар, амални ёмон қилурлар.
6. Улар Аллоҳнинг китобига даъват қилурлар. Ҳолбуки, ўзларида ундан ҳеч нарса йўқ.

Ушбу ва бу борадаги ҳадисларда келган сифатларни ўзида жамлаган биринчи ақийдада ғулувга кетган тоифа ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг даврларида пайдо бўлди. Масалани теранроқ тушуниш учун хаворижлар ҳақида бир оз бўлсада сўзлаб ўтишга тўғри келади.
Аслида хавориж сўзи «хуруж» қарши чиқишдан олинган бўлиб улар ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қарши чиққанлари учун шу ном билан аталган эдилар. Кейин уларнинг фикрий хуружлари яна ҳам зиёда бўлди. Улар ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳакамлик ишини қабул қилганлари учун кофир бўлди деб фатво чиқаришди.
Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу улар билан турли йўлларни ишга солиб гаплашиб кўрдилар, насиҳат қилдилар аммо фойдаси бўлмади.
Хаворижлар ҳазрати Али сафардалик пайтни ғанимат билиб ер юзида катта фасод қилдилар. Улар мусулмонларнинг бегуноҳ қонини тўкиб, йўлтўсарлик қилиб, Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ўзларига ҳалол ҳисобалашган эдилар. Улар ўлдирган кишилар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Абдуллоҳ ибн Хаббоб розияллоҳу анҳу ва у кишининг ҳомиладор аёллари ҳам бор эди.
Ишнинг тафсилоти қуйидагича бўлган эди.
Хаворижлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб шаҳар қишлоқларга чиқиб ўзларининг тескари ташвиқотларини олиб боришни бошлаган эдилар. Улар дуч келган одамни тўхтатиб:
«Ҳакамликни қабул қилиш куфр бўлмаганмиди?
Али ҳакамликни қабул қилиб гуноҳор бўлмадими?
У ўз гуноҳига иқрор бўлиб тавба қилмагунича, унинг байъати ва итоатидан холи эмасмизми?» деб сўрашар эди.
Ким, ҳа, деб жавоб берса уни қўйиб юборишар. Ким, йўқ, деб жавоб берса, уни ўлдиришар эди.
Улар Абдуллоҳ ибн Хаббоб розияллоҳу анҳуни ва аёларини тутиб қамашиб қўйди. Айнан Абдуллоҳ ибн Хаббоб розияллоҳу анҳу уларни биринчи бўлиб хавориж деб номлаган эдилар. Хаворижлар у кишидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи ҳадиси шарифлари ҳақида сўрашди.
У киши уларга:
«Мен отамдан эшитганман, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, келажакда фитна бўладир. Унда ўтирган тургандан яхшидир, турган юргандан яхшидир, юрган саъйи қилгандан яхшидир, деган эканлар, дедилар.
Улар у кишидан ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳақида сўрадилар. У киши яхши гапларни айтдилар. Шунда хаворижлар ғазабланиб Абдуллоҳ ибн Хаббоб розияллоҳу анҳу ва у кишининг аёлларини ҳайдаб кета бошладилар.
Йўлда кетаётиб хурмо дарахтидан бир дона хурмо узулиб тушди. Хаворижлардан бири уни олиб оғзига солиши билан бошқаси унга қараб, эгасидан сўрамй туриб ёки нархини бермай туриб ейсанми, деб бақирди. Наригиси шоша-пиша оғзидаги хурмони олиб қўйди ва қаттиқ надомат қилиб истиғфор айта бошлади.
Улар бир неча қадам юриб туриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Абдуллоҳ ибн Хаббоб розияллоҳу анҳуни ҳузур қилиб сўйдилар. Сўнгра у кишининг аёлларига ташландилар. Аёл розияллоҳу анҳо, мен ҳомиладорман! Аллоҳдан қўрқинглар! деб ёлборса ҳам хаворижларнинг бурунларига пашша қўнганча ҳам таъсир қилмади. Уни ҳам бўғизладилар.
Бу икки улуғ инсоннинг айби ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу тўғрисида, ўша пайтда дунёдаги энг афзал мусулмон ҳақида тўғри гапни айтганлари эди.
Ўз ўзидан бир дона хурмони изнсиз емоқни гуноҳ ҳисоблаган ерида икки улуғ инсонни; Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобасини ва у кишининг ҳомладор аёлини рост гапни айтгани учун тап тортмай бўғизлаб ташлайдиган хавориж деган махлуқлар кимлар ўзи, деган савол пайдо бўлади.
Аслида хаворижлар таълим тарбия кўрмаган, аммо диндорликнинг чўққисига чиққанлик даъвосини қилувчи шахслар бўлади. Уларнинг илми бўлмагани учун ўзининг камчилигини озгина билган нарсасини маҳкам тутиб ҳаддан ошиш ва бошқаларни нуқсонда айблаш ила ҳаспўшлашга ўтадилар.
Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу даврларида бош кўтарган биринчи хаворижлар асосан саҳролик тарбиясиз дайдилар ва қали қасоватли аъробийлардан иборат эди. Уларда одоб-ахлоқ, ҳилм ва босиқлик каби нарслардан асорат ҳам йўқ эди. Илмлари бўлмагани учун кўпроқ ўзларига ёқиб қолган нарсага маҳкам ёпишишга ўтар эдилар. Худди ана ўша омиллар хаворижларни ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу энг ашаддий тарафдорлигидан энг ашаддий душманларига айлантирган эди.
Ислом ақийда бобида ҳам, ибодат бобида ҳам, ўзини тутиш бобида ҳам ва бошқа бобларда ҳам мўътадилликка асосланган. Бундоқ мўътадилликнинг чегарасини билиш учун эса асосли илмий мезон керак. Ана ўша асосли мезонга эга бўлиш учун эса Исломий илмларнинг барчасини асл масдарлардан, етук ва тақводор уламолардан тўлиқ ўрганиш керак. Бу нарсаларга одоб-ахлоқ, ҳилм ва босилик ва ҳамда ҳар бир нарсани ўз ўрнида тўғри баҳолай билиш омиллари қўшилгандагина ўнг ёки сўлга бурилиб ҳалокат жари ёқасига келиб қолиш хавфини олди олинган бўлади.
Ақийдада ҳаддан ошиб ғулувга кетишнинг оқибати жуда ёмон бўлади. Бу иш кўпчиликнинг бошига бало офат бўлади. Уламоларимиз ҳозирги кунда мусулмонларнинг бошига тушаётган кўплаб бало офатларнинг сабабларидан бири худди шу ақийдада ғулувга кетган замона хаворижлари эканини таъкидлайдилар.

ҒУЛУВНИНГ САБАБЛАРИ

Умумий тарзда динда ҳаддан ошиб ғулувга кетишнинг бир қанча сабаблари бор. Улардан баъзиларини билиб олиш масалани пухта тушунишимизга ёрдам бериши турган гап.
1. Тамагирлик.
Тамагирлик инсон табиатида аслида бор нарса. Ўз ниятига етишдга шошилиш ҳам иносн табиатида мавжуд нарса.
Аллоҳ таоло «Исро» сурасида: «Инсон шошқалоқ бўлган эди», деган (11-оят).
Инсон ўзининг олий мақсадларига, жумладан Аллоҳ таолонинг розилигига тезроқ эришишга ошиқади. Бу мақсадга етишиш учун энг қисқа йўлни ахтаради. Унга асл йўл мақсадга олиб боришга кифоя қилмайдиган бўлиб кўринади. Шошқалоқ инсон асл йўлда юрганлардан ҳам илгарироқ мақсадга етишга уринади. Ушбу хато туфайли ўзича динда кўрсатилгандан кўпроқ амал қилишга ўтади. Шариат белгилагандан кўра қаттиқроқ тутишга ҳаракат қилади. Манашунинг ўзи динда ҳаддан ошиб ғулувга кетишдир.
Агар ўша хато инсоннинг ўзига маъқул келиб қолса, иш яна ҳам баттарлашади. Агар мазкур хато ақийдага айланиб қолса, ўзидан бошқаларни ҳам унга чақира бошлайди ва ўзига қўшилмаганларни залолатга кетганликда айблай бошлайди. Кўрибсизки, динда ҳаддан ошганлар сафига яна битта янги аъзо қўшилиб турибди.
2. Маъсият ва гуноҳлар.
Гоҳида динда ҳаддан ошиб ғулувга кетишга маъсият ва гуноҳлар ҳам сабаб бўлади. Баъзи одамлар аввал турли гуноҳ ва маъсиятларни тап тортмай қилиб юрган бўладилар. Ақли хуши жойига келиб тўғри йўлни топганида ўтган нарсаларга афсус надоматлар бошланади. У мазкур гуноҳ ва маъсиятларни тезроқ ювиш пайига тушиб қолади. Бу тушунмовчилик ва шошиш уни янги хатога бошлайди. Ўзича гуноҳларни тезроқ ювиш учун бошқалардан кўра кўпроқ амал қилиш ва динни маҳкам тутишни ўзига лозим кўради. Бу нарсаларни кўнгли тусаб боради ва охирги кўнглига тушган нарсани қилишга ўтади.
Зиёратчилардан бири ўзига керак бўлган бир неча саволлардан кейин жиддийроқ савол борлигини айтди.
«Қани, эшитайликчи, кандай савол экан ўзи?» дедим.
«Баъзи биродарлар, ҳозир ҳижрат қилиш фарз, бусиз иш битмайди», дейишмоқда. Бунга нима деймиз», деди
«Ҳижрат қилиш фарз бўлса, нима учун ўзингиз уни қилмай юрибсиз демадингизми?» дедим.
«Бу нарса эсимга келмапти. Аммо у одам жуда қаттиқ туриб шу ишни қилиш керак деб уқтирмоқда», деди.
«Фарзи айнларни адо этишга имкон бўлса, ҳижрат фарз бўлмайди. Бу гапни аввал нима қилса, қилиб юрганлар ўзларидаги нуқоснни ҳаспўшлаш учун айтишади. Уларга шундай қилсалар гуноҳлари енгиллаб қолганга ўхшайди. Сизлар тушуниб олдингиз, унга ўхшаш гапларга эътибор берманглар», дедим.
«Ҳақиқатда, ўша одам ҳар хил ишларни қилиб юрарди. Сирни энди тушундим», деди мийиғида кулиб зиёратчи.
Бугунги кунда манашу турдаги динда ҳаддан ошганлар бизда жуда ҳам кўп улардан жуда эҳтиёт бўлиш керак.

ЗАМОНАВИЙ ҒУЛУВНИНГ САБАБЛАРИ

Мутахассис уламолар ҳозирги замондаги ақийдавий ғулувни артофлича ўрганиб чиққанлар. Жумладан, унинг келиб чиқиш сабабларини ҳам. Улар ҳозирги замон ақийдавий ғулувининг келиб чиқиши сабабларидан қўйидагиларга алоҳида эътибор берадилар:
1. Ҳокимият масаласи.
Асримиздаги ақийдавий ғулувнинг келиб чиқиш томирлари етиб борадиган асосий масалалардан бири ҳокимият масаласидир. Ғулувга кетган шахслар ва тоифаларнинг асосий шикоятлари ушбу масала бўйича эканлигини мутахассислар алоҳида таъкидлайдилар.
Маслаҳатчи Солим Баҳнасовий ўзининг «ал-Ҳукму ва қозияту такфийрил муслим» номли китобида ғулувчилардан бири ҳокимга қарши чиқишини у ўзини Аллоҳнинг ўрнига қўйиб, одамларни ўзига ибодат қилдираётгани эканини айтганлигини ёзади.
2. Билимсизлик.
Билимсизлик динда ҳаддан ошган ғулувчиларнинг асосий камчилиги ҳисобланади. Аммо уларнинг ўзлари билимсизлигини тан олмаганлари балонинг бошидир. Минг афсуслар бўлсинким, улар ўзларини алломаи замон ҳисоблайдилар. Аслини олганда эса улар дин соҳасида тузукроқ бошланғич таълимни олмаган бўладилар.
Ҳозирги замонда номи чиққан ғулувчиларни бирма бир ўрганиб чиқилса ичларидан шаръий илмларни пухта ўргангани бўлмаслиги аниқ.
1426 ҳижрий сана, 29 - Жумадул Уулаа (2005 йил июл ойининг 6 куни камина ходимингиз ва Кувайт вақф ва исомий ишлар вазири биринчи ўринбосари доктор Одил Абдуллоҳ ал-Фалоҳ жаноблари иштирокида Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги телевизонида бир соатли суҳбат бўлди. Мазкур суҳбат давомида доктор Одил Абдуллоҳ ал-Фалоҳ жаноблари Мисрдаги нодиний муассасалардан бири уч мингта ғулувга кетган шахсни ўрганиб чиққанлиги ва улардан бирортаси ҳам шаръий мутахассисликкка эга эмаслигини айтдилар.

Бу масалани чуқур ўрганиб чиққан олимлар ғулувчиларнинг билимсизликлари қуйидаги соҳаларда эканини таъкидлайдилар:

1. Қуръонни билмаслик.
2. Суннатни билмаслик.
3. Шариат мақсадларини билмаслик.
4. Далилларни ва ҳукм чиқариш йўлларини билмаслик.
5. Уламоларнинг қавллари ва асарларини билмаслик.
6. Араб тилини ва унинг услубларини билмаслик.
7. Тарихни билмаслик.
8. Воқеъликни билмаслик.
9. Одамларнинг ва ишларнинг тартибини билмаслик.

Динда ғулувга кетганларнинг услубда ҳам хатолари бор:

1. Матнларни фаҳмлашда ҳарфларга ёпишиб олиш.
2. Шомил назарнинг йўқлиги.
3. Таъвийл қилишдаги хатолар.
4. Матннинг ўзида тўғридан тўғри ҳукм олиш.
5. Муташобиҳ нарсаларга эргашиб кетиш.
6. Далилларни жамлаб ўрганмаслик.
7. Холисликнинг етишмаслиги.
8. Мужтаҳидликни даъво қилиш.

Ҳар қандай муаммо фақат бир сабаб туфайли келиб чиқмаганидек, ғулув муаммоси ҳам бир ёки икки сабабдан келиб чиқмаслиги ҳаммамизга ойдек равшан. Албатта, биз юқорида айтиб ўтган сабаблар билан бир қоторда нафсоний – психологик, ижтимоъий, иқтисодий, маҳаллий ва халқаро тасирлар ва бошқа сабаблар ҳам бўлади. Биз дин маъносини ўзимизга вазифа қилиб олганимиз учун баъзи диний сабабларни зикр қилганимиз билан кифояланамиз.

ҒУЛУВНИНГ ОҚИБАТЛАРИ

Ақийдадаги ғулувнинг оқибатлари ҳам ғулувчининг ўзига, ҳам ундан ўзгаларга жуда ёмон бўлади. Чунки, нотўғри ақийда асосида олиб борилган ҳар бир ишнинг оқибати яхши бўлмаслиги тажрибадан ўтган нарса. Ҳозирги кунги мусулмонлар учун мусибатли ҳолатнинг юзага келиши ҳам шундан. Деярли бирча мусулмон ўлкалари динда ғулувга кетганларнинг дастидан жонда, молда ва обрўда талофатлар кўрди ва кўрмоқда. Шунингдек, номусулмонлар ҳам бу балодан насибасиз қолмади. Иккинчилари дод солиб дунёни тўлдираётган бўлсалар ҳам, биринчилари асосий жафокашлар экани ҳаммага маълум.
Ғулувга кетганларнинг ўзларича динга амал қиламан деб олиб борган фаолиятлари натижасида динимизга қарши руҳият дунёни босиб кетди. Бошқалар қолиб баъзи мусулмонман деб юрганлар ҳам Ислом ҳақида ҳар хил бўлмағур гаплар айтишдан тоймайдиган бўлиб қолди.
Ушбу ва яна айтиб ўтилмаган бошқа мусибатларга асосий сабаблардан бири ғулувга кетиш деб баҳоланмоқда. Шунинг учун динда ғулувга кетганлар кўтарган масалалар ва уларнинг оқибатлари ҳамда ечимлари ҳақида етарли маълумотга эга бўлишимиз жуда ҳам зарур. Биз ўзимизнинг диёрларда тарқалган масалаларга эътибор қаратишни маъқул топдик. Аввало мазкур масалаларни билиш зарур бўлгани учун, уларнинг ҳақида истовчиларга қўлимиздан келганича маълумот беришни вазифамиз деб билдик. Қолаверса, ўзимизда йўқ нарсани гап қилиб кўтариб ётган илоннинг бошини қўзғамаслик учун, бизда йўқ муаммоларнинг ҳақида баҳс юритмадик.

"Вастатия ҳаёт йўли" китобидан

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

kayseri escort bodrum escort bayan bornova escort yenibosna escort