«Зинога яқинлашманг» (10-қисм) Принтер учун
17.02.2017 й.

 ЗИНО ВА ФАҲШГА ЙЎЛИҚҚАНЛАРНИНГ СЎЗЛАРИ ВА УЛАРГА ЖАВОБЛАР

        Зино ва фаҳш масаласини баҳс қилиш чоғимизда бу мавзуга доир Қуръон оятлари, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак ҳадислари ва олимларимизнинг айтганларини келтириш билан бирга зино ва фаҳшга йўлиққан, ушбу жирканч йўлга кириб чиққан ёки киргач чиқа олмаётган инсонларнинг ҳаётларини, афсусларини ва юракдан чиққан сўзларини ҳам келтиришни мақсад қилган эдик.

Маълумки бу кўчага қадам қўйганлар кўп, аммо уларни топиб суҳбатлашиш, ичларидаги гапларни билиш ва қалбларига бирданига кириб бориш мушкул иш. Шу сабабли бундай инсонлар билан касб тақозоси ила таниш бўлиши мумкин бўлган, Аллоҳни таниган бир дўстимизга мурожаат қилдик. Дўстимиз – унга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин – мақсадимизни дарров англади ва ўзининг Исломдан ҳам, замонавий илмлардан ҳам хабари бор гинеколог таниши бор эканлигини, у инсон бу мавзудан кўп хабари бор эканлигини, ҳатто шахсий тадқиқот ҳам ўтказиб кўрганлигини бизга билдирди.

Биз дўстимиз билан у кишининг олдиларига бордик ва кўп фойдали маълумотлар олдик. У киши тиббиёт ходими бўлганликлари учун бу йўлга кирганлар билан кўп суҳбатда бўлиб, уларнинг ёмон оқибатларга йўлиққанларини ҳаётий мисоллар ила сўзлаб бердилар.

Қуйида биз шу кишидан ва бошқа кишилардан эшитган маълумотларимиз ва ўқиган китобларимиз асосида зино ва фаҳш йўлига кирганларнинг қалбларидан чиққан сўларидан саралаб олинганларини ва уларнинг ҳолатига тушганларга Ислом тарафидан берилган жавобларни келтирамиз.

Зинокор эркак: “Ёшим 31да, 2та болам бор. Уйланганимдан кейин ҳаётим ўзгарди. Аёлим билан яхши чиқишар эдик. Аммо орадан бир неча йил ўтгач аёлимдан жинсий томондан қониқишим бўлмай қолди. Авваллари эътибор бермаган фаҳш нарсаларга эътиборли бўлиб қолдим. Бир марта бир ўртоғимнинг компьютерида фаҳш суратга олинган видеони кўриб фаҳшга талпинишим қаттиқ ортди. Ҳозир ўша кунга, ўша видеога ва ўша “ўртоғим”га лаънат айтишга ҳам тайёрман. Кейинроқ улфатлар даврасида ўтирганимда улардан бири “аёллар”га боришини айтди. Шунда: “мени ҳам олиб бор”, дея олмай гапни айлантирдим. У эса “хоҳласанг сени ҳам олиб бораман” деди ва эртасига телефон қилиб, чақириб, мени у ерга олиб борди. Шундай қилиб зино кўчасига кирдим. Мен зинонинг ёмон ишлигини билар эдим, аммо бундан ортиқча ҳеч нарса билмас эдим. Ҳозир эса зинонинг ҳаром эканлиги, охиратда унинг жазоси қаттиқ бўлишини биламан. Лекин…! Зинодан бир неча марта қайтишга жазм қилдим. Афсуски бир қанча вақт ўтгач нафсим қўймай яна шу ишга қўл уриб қўймоқдаман. Бир тарафда аёлим, фарзандларим ва ота-онам олдида ичим эзилади.

Жавоб: Аввало сиз фаҳш ва зинонинг ва уларга олиб борувчи йўлларнинг мутлақо ҳаром эканлигини билмагансиз. Билмаганингиз эса сизнинг айбингиздир. Билганингизда балки ўртоғингизнинг компьютерида фаҳш бор видеони ҳам кўрмаган бўлар эдингиз. Сўзларингиздан ўша видео сизга катта таъсир қилганга ўхшайди. Шунингдек сиз фаҳш ишларни қилиб юрадиган, ўша ишларни гапириб юрадиган пасткаш одамлар билан улфат тутингансиз. Бундай одамлар билан улфат тутиниш ҳеч қачон яхшиликка олиб бормаган.

Сиз аёлингиздан қониқиш ҳосил қилмай қўйганингизда буни унинг ўзига айтишингиз, икковингиз ўзаро маслаҳатлашишингиз лозим эди. Ахир сизлар эр-хотинсизлар. Жинсий ҳаётингизни қайта кўриб чиқишингиз ва жинсий маданиятингизни оширишингиз зарур эди.

Энди ундай улфатлардан ажралиб чиқинг ва жинсий маданиятингизни ўзингиз ҳам, аёлингиз ҳам оширинглар.

Асосийси, Аллоҳга тавба қилинг ва нафсингизга қарши курашинг ва ўта иродали бўлинг. Нафсингизга қарши қаттиқ курашмаганингиз учун сиз зинога қайта-қайта қўл ураяпсиз. Ушбу кураш давомида тинмасдан Аллоҳдан нафсингизга қарши сабот сўранг.

Зинокор аёл: Мен у билан ижтимоий тармоқларда танишган эдим. Узоқ вақт ёзишиб юрдик. Аввалида дўстлик бўлиб бошланган нарса асталик билан бошқача тус ола бошлади. Бунинг сабаби кўчада уч ёки тўрт марта кўришганимиз деб ўйлайман. Бир куни ишдан қайтаётганимда у телефон қилиб уйида сув қувири ёрилгани ва ҳамма ер сув бўлиб кетганини айтди. Сўнгра уйига яқинроқда бўлсам кириб кўмаклашиб юборишимни илтимос қилди. Уйига бордим. Уйида бир ўзи эди. Сув қувири ёрилган бўлса ҳам сув унчалик тарқалмаган эди. Хуллас у менга тега бошлади мен ҳам ўзимни тўхтата олмадим…

Жавоб: Унинг уйига бораётганингизда ҳаёлингиз қаерда эди!? Ижтимоий тармоқлар орқали шаръий зарурат бўлмаса номаҳрамлар билан суҳбатлашиш ҳаром эканлигини билмасмидингиз? Ўзаро номаҳрам эркак ва аёл холи қолиши ҳаром эканлигини билмасмидингиз?

Сиз ҳозироқ ўша пасткаш эркак билан алоқангизни узишингиз, унинг қўнғироқларига жавоб бермаслигингиз шарт. Аллоҳга холис тавба қилинг ва нафақат фаҳшнинг ўзидан балки унга олиб борувчи йўллардан ҳам узоқда бўлинг.

Зинога қўл урган талаба: Ўқишга чет давлатга кетдим. У ерда ўқишим, ҳаётим бир маромда борар эди. Ўқишдагилар билан ҳам яхши чиқишар эдим. Ҳатто гуруҳимдаги бир қиз билан гаплашганимда у менга бефарқ эмаслигини сезар эдим. Аммо уйланмаганлигим мени тинч қўймас эди.

Бир куни ўша қиз гуруҳдагиларнинг барчасини ўзининг туғилган кунига таклиф қилди. Бордик, ўтирдик, суҳбатлашдик. Озгина спиртли ичимлик ҳам ичдик. Унинг ота-онаси уйда эди, лекин улар уй катта бўлгани учун ҳовлининг бурчагида жойлашган хонада эдилар. Спиртли ичимликданми ёки бошқа нарсаданми озгина ошқозоним безовта қилди. Мен ҳаммомга кирдим ва бироз вақт ўтгач ўзимга қараб энди чиқаётганимда ўша қиз кириб қолди. У ҳаммомни эшигини қуфлаб турибсенга айтадиган гапим бордеди ва яқин туриб кўзларимга қаради. Мен ҳиссиётларга берилдим, у ҳам. Биз ҳеч нарса бўлмагандай ҳаммомдан чиқдик, аммо зино қилиб бўлган эдик.

Жавоб: Сизнинг зинога қўл уришингиз сабаблари: чет давлатга уйланмай кетганингиз, номаҳрам қиз билан шаръий заруратсиз гаплашиб юрганингиз, спиртли ичимлик ичганингиз ва номаҳрам билан холи қолганингиздир. Ушбу сабабларга бошқа қўл урмаслик йўлида матонатли бўлинг. Кўп зинога қўл урганларнинг нозик жойи динни пухта билмасликларидир. Холис тавба қилиб ўз динингиз Исломни яхши билишга, билганингизга амал қилишга бор вужудингиз ила ҳаракат қилинг ва албатта уйланинг. Уйланган билан уйланмаганнинг фарқи бор.

Зинога қўл урган мактаб ўқувчиси: Ота-онам Исломий инсонлар. Мени ҳам шундай тарбия қилишга ҳаракат қилганлар.

Синфимда бир йигит билан севишиб юрар эдим. Лекин бу ишга жиддий қарамасдим, шунчаки бир ўйиндек туюларди менга.

Бир кун ўша бола менга онаси касал эканлигини ва уйда унга бироз қарашиб юборишимни илтмос қилди. Уйда касал онаси борлиги мени унинг уйига киришим учун туртки бўлди. Уйда эса ҳеч ким йўқ экан. Мен қандай қилиб зино қилиб қўйганимни билмайман, ёшлик қилдим. Бир қанча муддат ўтгач эса ҳомиладор эканлигимни билдим. Яхши оиланинг қизи ҳомиладор бўлиб қолиши улкан бадбахтлик экан…

Жавоб: Ота-онангиз яхши инсонлар экан. Ҳозир фарзандларини динни ўргатиб, иффатли ва гўзал хулқли қилиб тарбиялайдиган ота-оналар бармоқ билан санайдиган даражада кам бўлиб қолган. Жуда кўп ота-оналарнинг ўзлари тарбияга, динни ўрганишга муҳтож. Сиз эса уларнинг берган тарбияларини ерга урибсиз. Ўзининг синифдоши билан севишиб юришга жиддий қарамаслик катта хатодир. Умуман номаҳрамлар билан муносабат қилишга Исломий жиҳатдан жиддий ёндошмаслик гуноҳ кўчасига албатта олиб киради.

Сизга учта нарсани тавсия қиламиз:

1. Аллоҳга астойдил тавба қилиш.

2. Ҳолатингиздан ота-онангизни дарҳол вазиятни юмшатган ҳолда хабардор қилишингиз.

3. Қилган хатоларингизга қайтиб қўл урмаслик.

Зинокор ҳайдовчи: Касбим сабабли турли ҳил инсонлар билан мулоқотда бўламан. Баъзида машинамга ўтирган аёллар менга кўз сузишади. Лекин мен уларни айтган жойларига олиб бориб қўяр ва уларга эътибор бермас эдим. Ўзим ҳам бошқа аёлларга йўлда кетаётганда зарурат бўлмаса гапирмас эдим. Мен диндор инсонман, беш вақт намоз ўқийман. Диний китобларни ҳам мунтазам ўқиб тураман.

Бир куни олдида кўп юклари бўлган келишган аёл машинамни тўхтатди. Уни манзилига олиб бориб қўйишга рози бўлдим ва юкларини машинанинг юкхонасига ортиб олдим. Йўл давомида у баъзи нарсаларни сўради, мен жавоб бердим. Сўрамасам ҳам ўзи ҳақида бироз гапирди. Манзилга етгач йўл ҳаққини тўлади ва юкларини олиб кириб беришимни илтимос қилди. Мен юкларини ошхонагача олиб бориб берганимда, кўзимиз бир-биримизга тушди. Унинг қараши “сени хоҳлайман” дегандай қараш эди. Шунда бирдан ҳаёлим ўзгарди, ҳиссиётга берилиб кетдим. У: “эшикни қулфлаб келаман” деди. Эшикни қулфлаб келгунича ўзимни қўлга олсам бўлар эди, аммо бўлмади. Шаҳват мени бутунлай енгиб бўлган эди…

Ҳозир ҳам шу каби ҳолатларга тушиб қолай дейман. Ҳатто ёшроқ, қадди-қомати келишган аёллар машинамни тўтатмоқчи бўлсалар тўхтамай ўтиб кетаман. Банда аввало Аллоҳдан уялиши керак.

Жавоб: Касб қилиш, оила тебратиш Исломда юксак баҳоланган амаллардандир. Агар оила тебратиш мақсадида бўлган киши гуноҳ қилмаган ҳолда шу ҳаракатларини Аллоҳ розилиги учун қилса, унинг тирикчилик йўлида қилган ҳар бир иши ибодатга айланади. Сиз ҳам касб йўлида бўлгансиз. Лекин бўлиб ўтган воқеъада икки мудҳиш хатоингиз бор:

1. Номаҳрам аёлнинг уйига кирганингиз.

2. Аёл эшикни қулфлаб келгунича ўзингизни қўлга олмаганингиз.

Зино ва унга олиб борувчи йўллар ҳаром эканлигини билар экансиз. Ёш, қадди-қомати келишган аёлларни ёнларида маҳрами бўлмаса тўхтамай ўтиб кетишингиз ҳам мусулмон сифатида ўринли ишдир. Аёллар ҳам ҳозирги кунда таксиларга бир ўзлари ўтиришлари жоиз эмас. Сиз динда мустаҳкам бўлинг, ўша ва бошқа гуноҳларингизга чин дилдан Аллоҳга истиғфор айтинг. Аллоҳ касбу-корингизга барака берсин.

Зинога қўл урган аёл: Эрим билан бахтли яшар эдик. Эрим уй олгач қайнона ва қайнотамнинг уйидан кўчиб чиқдик. Уларнинг оиласи ўзига тўқ эди. Эрим автоҳалокатда вафот этди. Мен фарзандларим билан уйда бир ўзим қолдим. Қизлик уйимга боришга ҳижолат бўлдим. Қайнона ва қайнотам ҳам “қизим шу уйда тураверинг, бир режа қилармиз” дедилар. Ўзимни эса турмушга чиққим келар эди. Лекин ота-онам бу маслада менга гап очмадилар. Ваҳоланки ёш ва гўзал бўлганим учун кимлардир менга оғиз солган экан.

Қўшнимнинг аёли чет элга қатнаб мол олди-сотдиси билан шуғулланар, ҳафталаб уйида бўлмас эди. Эр эса таъйинли бир иш билан шуғулланмас, мен билан муносабати яхши эди. Мен унга чиройли кўринишга, ҳаёлини бузишга ҳаракат қилдим. У менинг ҳийлаларимга илинади деб ўйлардим. Шундай ҳам бўлди. Бир муддат ўйнаш бўлиб юрдик. Бу ишлардан аввалда қўшнилар хабардор бўлдилар, кейинчалик қариндошлар ҳам хабар топдилар. Қаттиқ уялиб қолдим…

Жавоб: Бўлиб ўтган воқеъаларга аввало ота-онангиз сизга совчилик қилганларни қайтариб юборганлари сабабчидир. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу хусусда ҳазрати Алига: “Эй Али, уч нарсани ортга сурмагин: намозни вақти кирганда, жаноза ҳозир қилинганда, эрсиз аёлнинг ўз тенги топилганда” деб айтганлар (Термизий ривояти).

Иккинчидан қайнона ва қайнотангиз сизни фарзандларингиз билан бир ўзингизни ташлаб қўйганлари сабабчидир. Балки улар молиявий ёрдам бергандирлар. Лекин молиявий ёрдам кўпгина муаммоларни ҳал қила олмайди.

Учинчидан қўшнингизнинг аёли бир ўзи ҳафталаб чет элларда қолиб кетиши сабабдир. Ўша аёл бундай бўлмаганида балки бу ишлар содир бўлмас эди.

Тўртинчидан унинг эри динни билган, ўзини ҳурмат қилган, жиддий эркак эмаслиги сабаб бўлган. Унинг бундай эркак эмаслигига аёлини ҳафталаб чет юртларга бир ўзини қўйиб юбориши ва сиз у ҳақда “у менинг ҳийлаларимга илинади” деб ўйлаганингиз далилдир.

Сиз эса кўпгина зинога қўл урган кишиларда бўладиган муаммолар эгасисиз. Динни билмайсиз, демак унга амал қилмайсиз. Ёлғиз қолгансиз, демак зинога эрли аёлдан кўра яқинроқсиз. Бир ўзингиз турасиз, демак зино қилишга шароитингиз бор.

Исломни ўрганиб унга амал қилинг. Ота-онангиз ёки қайнона ва қайнотангизнинг уйларига кўчиб ўтинг. Фарзандларингиз уларнинг ҳам фарзандлари. Тавбада собитқадам бўлинг ва жойи чиқса, албатта турмушга чиқинг.

Афсусда қолган ота: Мен фарзандлари катта бўлиб қолган инсонман. Ижтимоий тармоқларда турли ҳил инсонлар билан гаплашиб турар эдим. Кўпгина “дўстлар” ҳам орттирган эдим. Шундай “дўстлар”лардан бири аёл киши бўлиб, у мени қизиқтирар эди. У билан турли мавзуларда суҳбатлашар эдик. Суҳбатларимиз дўстона суҳбат эмас, бошқачароқ эди.

Бир куни гаплашиб ўтирдик ва бир-биримизни ижтимоий тармоқ орқали компьютер экранида кўришга келишдик. Компютерим экранига ўша аёл улангач, бир-биримизни кўриб турганимизда не кўз билан қарайки, мен билан ижтимоий тармоқ орқали суҳбатлашиб юрган аёл ўзимнинг қизим экан!!!

Жавоб: Ҳайрону-лол қолдирувчи ҳодиса!

Аввало ўзингиз номаҳрамлар билан алоқангизни узинг. Исломни билиб, унга амал қилинг. Қизингизга ҳам динни ўргатинг, тарбия беринг ва “мен сени текшириш учун ижтимоий тармоқ орқали сен билан бегона киши сифатида танишганман” деб айтинг. Агар қизингиз ростидан хабардор бўлиб бўлган бўлса, унга ўзингизни ҳақиқий, фидоий, диндор ота ўзини қандай тутса, шундай тутиш ила унга намуна бўлишдан бошқа чорангиз йўқ.

Ижтимоий тармоқлар сабабли фаҳшга, зинога кириб қолаётганлар кўп учрамоқда. Инсон ҳар бир нарсадан фақат яхшилик ила фойдаланиши лозимдир.

Зинодан ўзини тийиб қолган эркак: Улфатлар билан йиғилиб, кўришиб турамиз. Бир куни улфатларим саунага боришни таклиф қилишди. Бордик ва чўмилдик. Сўнгра саунага кириб ҳордиқ чиқара бошладик. Шу пайт улфатларимдан баъзилари у ерга фоҳишаларни олиб келдилар. Бу ишни менга айтмай қилишган эди. Чунки айтсалар рад жавобини олишлари мумкинлигини билишар эди. Улфатларим фоҳишалар билан ишларини қила бошлашди. Мен эса ўзимни четда тутиб турдим. Улфатларимдан бири агар мени ҳам шу ишга тортса кўпроқ пул беришини айтиб фоҳишаларни менга тегачоқлик қилишга ундади. Улар менга тегачоқлик қила бошладилар ва “касалмисан” қабилидаги гапларни айтишди. Мени зино қилишдан касаллигим ёки уялганлигим тўсмади. Мени зинога қўл уришдан ўша вақтда кўз олдимга келган аёлим, фарзандларим ва Аллоҳнинг бу ишдан қайтарганлиги бўлди.

Жавоб: Ўзингизни зинога қўл уришдан ушлаб қолганингиз катта қаҳрамонлик бўлибди. Афсуски бу иш кўп мусулмонларнинг қўлидан келмайди. Лекин улфатларингизга ўхшаган улфатлардан Аллоҳ сақласин. Уларнинг қандай инсонлар эканлигини билиб туриб, улар билан саунага борганингиз гуноҳкор бўлганингизга кифоя қилади. Аллоҳ сизни зино қилишдан асрагани учун Аллоҳга ҳамд айтинг ва У зотга доимо итоатда бўлинг.

Касб тақозоси: Мен сартарошлик билан шуғулланаман. Мижозларим фақат эркаклар. Аммо гоҳ-гоҳида аёллар ўз болаларининг сочларини олдиришга келиб қоладилар. Сочи олинаётган болалар йиғламаслиги, тинч ўтириши учун оналари уларни баъзан овутиб туришларига тўғри келади. Бир куни ёш, келишган бир аёл ўз боласини сочини олиб қўйишимни сўради. Болани сочини олаётганимда онаси атрофимда ўралашди. У ёш бўлгани етмагандек эркак кишининг шаҳватини қўзғайдиган даражада кийиниб олган ва ҳатто кўкраги ҳам кўриниб турар эди. Болани сочини зўрға олдим ва албатта аёлнинг ҳолати менга таъсир ўтказди. Боланинг сочи олиниб бўлингач аёл ҳизмат ҳаққини тўлаб, боласи билан сартарошхонадан чиқиб кетди. Бундай ҳолатларга тушган мўмин ва мўминалар қандай йўл тутишлари керак? Тирикчилик масаласи нима бўлади?

Жавоб: Ўринли савол. Аввало сизнинг ҳолатингизни муҳокама қилсак. Сиз ҳалол касб билан шуғулланаётганингиз, ҳалол ризқ топишга ҳаракат қилаётганингиз ва иш давомида дуч келган ҳолатга Исломий жавоб талаб қилаётганингиз мақтовли иш бўлиб, буларнинг барчаси мусулмон киши учун фарздир. Инсон нафақат касби, балки бутун ҳаёти давомида дуч келадиган ҳолатларда Аллоҳнинг ҳукмлари билиши, ишончли олимлардан сўраши - фарздир.

Сизнинг ҳолатингизда бир нарса аниқ: эркак кишини фитнага солиб қўйиши мумкин бўлган аёллар фарзандларининг сочини олишдан воз кечиш ила сизнинг даромадингизга деярли нуқсон етмайди. Натижада сизга Аллоҳ фарз қилган ота-онангиз ва оилангиз нафақаси борасида қийинчиликка тушмайсиз. Шу сабабли бундай ҳолатларга дуч келсангиз аёллардан болани ёнида турмаслигини, четга бориб ўтириб туришини талаб қилинг. Болани сочини олишда бошқа киши, масалан шогирдингиз ёрдамидан фойдаланинг. Бунинг иложи бўлмаса, боланинг сочини олманг ва бошқа мижозингизга ҳизмат кўрсатинг ёки ўзингизнинг бошқа ишларингиз ила шуғулланинг.

Эрлар ҳам аёлларни жамоат жойларига бир ўзларини зарурат бўлмаса юбормасликлари, аёллар эрлари рухсат берса ҳам зарурат бўлмаса бундай жойларга бормасликлари лозимдир. Агар боришлари зарурат бўлса, авратларини ёпиб, фитнадан узоқ бўлган ҳолда бориб келишлари шартдир.

Ўзи ва фарзандларининг куни ўтиб турган, нафақаси етарли ҳолатдаги аёл – хоҳ эри бўлсин, хоҳ эри бўлмасин - Ислом ҳукмларига амал қилиб бўлмайдиган ерларда ишлаши мутлақо ҳаромдир.

Касб тақозоси ила ҳаром амалларга қўл уришга мажбур бўлаётган мўмин инсон бошқа мувофиқроқ иш топгунича ўша ишида ишлаб туришини уламолар жоиз деганлар. Шунингдек, шариатга мувофиқ, даромади ўз бўйнидаги фарзларини ўташига кифоя қиладиган иш қидиришда мўмин киши Аллоҳга ва ўзига нисбатан ростгўй бўлиши, Аллоҳдан буни сўраши ва камчиликка йўл қўймаслиги лозимдир.

 

Хулоса

 

Зикр қилинган ва ушбу мавзуга оид ҳаётда учрайдиган бошқа ҳолатларга теран назар солсак фаҳшга, зинога сабаб бўлаётган бир қанча нарсаларни кўришимиз мумкин. Ушбу воқеъалар билан китобимизнинг аввалида санаб ўтилган зинога олиб борувчи йўлларни солиштириб чиқсак зинога йўлиққанларнинг муаммолари янада яққол кўринади. Биз кўпчиликнинг кўзи илғамаган қўшимча баъзи муаммоларни ҳам мулоҳаза қилдик:

- Эр-хотинлар орасида жинсий маданиятнинг йўқлиги. Юқорида келтирилган воқеъалардан бирида зинога қўл урган эр ўз аёлидан қониқмай қолганини айтган. Бунга сабаб нима? Гоҳида аёллар ҳам эрларидан жинсий жиҳатдан қониқмаётганликларининг сабаби нима? Балки бунинг сабаби ўша эркак ва аёллар ҳаддан ошган одам бўлиши мумкин. Аммо деярли барча ҳолларда жинсий қониқишнинг бўлмаслиги эр-хотин орасида жинсий маданиятнинг йўқлигидандир. Баъзи ҳолатларда эр, баъзи ҳолатларда аёл, баъзи ҳолатларда икковлари бир-бирларини кўнгилларини олишни билмайдилар, руҳий ҳолатларини сезмайдилар, бир-бирлари учун зийнатланмайдилар, эр-хотин сифатида очиқроқ гаплашиб, ўзаро кўнгилларини олмайдилар ва бир-бирларини қониқтиришга ҳаракат қилмайдилар. Биз “жинсий маданият” деб айтаётганимизда фақатгина динимиз Исломда кўрсатилган жинсий кўрсатмаларни назарда тутмоқдамиз. Ғарб жинсий маданияти, бошқа дин ёки тузумга таъаллуқли жинсий маданиятни назарда тутаётганимиз йўқ. Уларга ҳаёт йўлида, хусусан жинсий маданиятда тақлид қилишдан Аллоҳ асрасин!

Айтиб ўтганимиздек, Ислом инсон ҳаётининг ҳар бир соҳасида ўзининг беқиёс кўрсатмаларини берган. Зеро, Ислом инсон ҳаётининг бир бўлаги эмас, балки инсон ҳаёти Исломнинг бир бўлагидир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Албатта Аллоҳ эр-хотин бир-бирлари билан ўйнашганларидан ажабланади ва бунинг сабабидан уларга савоб ёзиб, уларга ҳалол ризқ беради” (Ибн Адий ривояти).

Эр-хотин бир-бирлари билан ўйнашиб ҳазиллашишлари - Аллоҳ рози бўладиган, савоб ва ҳалол ризқ жалб қиладиган ишлардан экан. Асосан бу иш жинсий яқинлик олдидан бўлади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз аёллари билан ҳазиллашганлари, ўйнашганлари ривоят қилинган. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам аёлларга насиҳат қила туриб қуйидагича марҳамат қилганлар: “Жоним қўлида бўлган Зотга қасамки, эр ўз аёлини тўшакка чақирганда аёли бош тортса, осмондаги Зот ўша аёлга токи унинг эри ундан рози бўлмагунча ғазаб қилади” (Муслим ривояти).

Эр ҳам ўз аёлини қондирмаса, уни  эътиборсиз ташлаб қўйса гуноҳкор бўлиши, қиёматда итобга учраши баён қилинган. Ҳадисда: “Аҳли аёлига нисбатан яхши бўлганингиз энг яхшингиздир” деб эрларни ўз аёлларига яхши муносабатта бўлишга буюрилган. Аллоҳ ҳам бежизга эрларга аёллари ҳақида хитоб қилиб: “…улар ила яхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, шоядки, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса” (Нисо сураси, 19‑оят) демаган. Оятдаги “…улар ила яхшиликда яшанг” жумласидан “аёлларнинг ҳақларини адо қилинг, уларни ҳар томонлама, ҳам руҳий, ҳам жисмоний томондан қониқтиринг” маъноларини тушуниш мумкин. Жинсий қўшилиш одобларидан бирини зикр қилиб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганлар: “Бирортангиз ўз аёлига яқинлик қилганда, эр ўзининг ҳожати қонишини хоҳлагани каби аёлининг ҳожати қонмагунча тўхтаб олмасин” (Ибн Адий ривояти).

Улуғ саҳобалардан бўлган Ибн Умар розияллоҳу анҳу: “Мен ўз аёлим учун у мен учун қандай зийнатланиб, ҳушбўйланса, шундай зийнатланиб ҳушбўйланаман” деган эканлар.

Чинакам мўмин ва мўмина ўз жуфти ҳалолини ҳурмат қилади, камчилиги бўлса ўша камчиликни биргалашиб тўғрилашга киришади. Жуфти ҳалолидан қонмагани учун зино ва фаҳш кўчасига кирмайди. Бунинг ўрнига у ўз жуфтига маслаҳат солади, очиғини айтади. Ахир улар эр-хотинку! Бир-бирлари билан сирлашмасалар яна ким билан сирлашадилар, бир-бирларига эркак ва аёл орасида бўладиган муҳаббат каби муҳаббат қилмасалар яна кимга бундай муҳаббат қиладилар.

Яна бир нарсани қаттиқ таъкидлаш керак: Кимнинг эри ё хотини яхши бўла туриб фаҳшга, зинога яқинлашса, у ўта ҳаддан ошган одамдир. Ундайлар соф инсоний табиатдан мутлақо четда бўлган одамлардир.

- Ота-оналар фарзандларига диний таълим-тарбия бермасликлари. Фаҳш ва зинога қўл урганларнинг ҳикояларини эшитиш чоғида уларнинг деярли барчасида диний таълим-тарбия йўқлиги ва уларнинг аксар қисми ёш эканлиги мулоҳаза қилинади. Демак зинодан сақланишда ёшларга диний таълим-тарбия бериш ва уларни доимо назорат қилиб туриш ота-оналарга ҳам фарз, ҳам қарз.

Аллоҳ мўминларни ўз қўл остидагиларга жавобгар эканликларини маълум қилиб бундай марҳамат қилган: “Эй иймон келтирганлар! Ўзингизни ва аҳли аёлингизни ёқилғиси одамлару тошдан бўлган ўтдан сақланг. Унинг тепасида қўпол, дарғазаб фаришталар бўлиб, улар Аллоҳнинг амрига исён қилмаслар ва нимага буюрилсалар, шуни қилурлар” (Таҳрим сураси, 6‑оят).

…ўтдан сақланг” ибораси “уларга динни ўргатинг, тергаб туринг. Улар Аллоҳга исён қилиб дўзах эгаларидан бўлиб қолмасинлар” деганидир. Оятдан кўриниб турибдики, бу ишда оталар етакчи ўринда бўлишлари лозим. Ота ўз фарзандига гўзал тарбиядан кўра яхшироқ нарса бера олмаслиги ривоятларда келган. Диний таълим-тарбия фарзандлар учун ҳар қандай мол-дунё, яхши иш жойи, ва хотиржам ҳаётдан ҳам кераклироқ эканини воқеълик исботлаб турган ҳақиқатдир. Мактаб, коллеж ва олий ўқув юртларининг ўқувчилари фаҳш ва зино кўчасига кириб қолаётганлиги, ундайларнинг сони кундан кунга ортиб бораётгани уларни янада кўпроқ назорат қилишни ота-оналардан талаб қилади. Ота-оналар фарзандаларининг ҳафталик дарс жадвалларини билишлари, ўқишдаги устозларини танишлари ва улар билан доимо алоқада бўлишлари, фарзандларининг кимлар билан дўстлашаётгани ила қизиқишлари, уларнинг телефон ва компьютерларини текшириб туришлари зарурдир. Шунингдек ёшлар ўзлари ҳам бу нарсаларга огоҳ бўлишлари, динларини ўрганиб унга амал қилишлари ва номаҳрамлар билан мулоқотга фақатгина Ислом рухсат берган ҳоллардагина киришлари шарт.

- Интернет ва ижтимоий тармоқ орқали одамлар орасида фаҳш ва зино тарқалиши. Фаҳш ва зинога йўлиққанларнинг кўпчилик қисми мана шу нарсалар орқали ёмон ишга қўл урганлар. Албатта интернет ва ижтимоий тармоқлар яхшиликка кўп ҳизмат қилади ва одамларнинг оғирини енгил қилади. Аммо ҳар бир нарсадан яхшилик ёки ёмонлик йўлида фойдаланиш мумкин.

Интернетда турли ҳил фаҳшга оид веб саҳифалар кўпайиб кетган. Ижтимоий тармоқларда ҳам турли ғаразли мақсадларни кўзлаган одамлар бор. Ҳозирда компьютери ёки замонавий телефони бор ҳар қандай инсоннинг бу нарсаларга қўли етадиган бўлиб қолган. Фаҳш бор видео ва фотосуратларни кўриш кўпчиликка одат бўлиб қолган. Бу нарсаларга одатланиш эса одамларни бевосита зинога ҳам олиб бориб қўймоқда. Бу гапимизга юқоридаги  воқеалардан бири далилдир. Асли бизда фаҳш ва зино йўқ эди. Бир вақтлар ғарб олами бизнинг ота-боболаримиздан уларни жаҳолатдан илм-маърифатга олиб чиқувчи фикрлар, ишларни ўрганган бўлсалар, ҳозирда биз ғарб оламидан бизларни жаҳолат ботқоғига ботирадиган, инсон зотини қадрини пасайтирадиган фикр ва ишларни ўрганиб, тақлид қилиб юрибмиз. Шундай нарсалардан бири фаҳш ва зинонинг кенг ёйилиши. Афсуски ҳозирда фаҳшга, зинога қўл урмоқчи бўлган инсон қийинчиликсиз ўз мақсадига эришади. Бу нарсалар билан илму маърифат, ҳақиқатни етказиш йўли билан, шунингдек гапига қулоқ солинадиган инсонлар орқали курашиш керак.

 

islom.uz

 Афзал Аброр таржимаси

 

 

 

 

 
Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

kayseri escort bodrum escort bayan bornova escort yenibosna escort