Қобасотун мин ҳаётир росул - (10-қисм) Принтер учун
01.03.2017 й.
Image
 
 (Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаётларини ўрганиш) 

10-қисм 

АХЛОҚ 

(давоми 

ОЖИЗЛАРГА ЁРДАМ

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бир куни бозорга кирдилар. Абу Жаҳл бир киши билан туяни арзимаган нархда савдолашиб турган эди. Ундан ҳайиққанлиги сабабли атрофдаги одамларнинг биронтаси ҳам баландроқ нарх айтишга журъат қила олмас эди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келиб, нархни кўтариб сўрадилар. Абу Жаҳл ҳам нархни оширди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам яна ҳам юқорироқ нархда сўрадилар.

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам қанча нарх қўшсалар, Абу Жаҳл ҳам шунча кўтараверди. Бу ҳолат анча давом этди. Охири туянинг нархи жуда ҳам ошиб кетди. Натижада Абу Жаҳл бошқа нарх қўша олмай қолди. Туяни сотиб ололмай, шарманда бўлди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса туяни жуда ҳам юқори баҳода сотиб олиб, эгасига ҳаққини бердилар.

 

МУҲАММАД СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМНИНГ МЕРОСЛАРИ

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Мадина бозорининг ёнидан ўтаётиб, тўхтадилар ва хитоб қилдилар:

– Ҳой бозор аҳли! Нега қараб турибсизлар?

– Нима гап, эй Абу Ҳурайра? – деб сўрашди одамлар.

– Масжидда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мерослари тақсим қилиняпти. Сизлар эса бу ердасизлар! Бориб ўз улушларингизни олмайсизми?

Одамлар шошиб чиқиб кетишди. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу токи улар яна қайтиб келгунларига қадар жойларидан жилмай турдилар. Сўнг:

– Нима бўлди? – деб сўрадилар.

– Эй Абу Ҳурайра, масжидга бордик. Кириб қарасак, тақсимланадиган ҳеч нарсани кўрмадик-ку! – дейишди бозорчилар.

        Масжидда ҳеч кимни кўрмадингизми? – сўрадилар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу.

– Кўрдик! Одамларнинг баъзилари намоз ўқишмоқда, баъзилари Қуръон қироат қилишяпти, яна бошқалари ҳалол ва ҳаромни зикр этишмоқда, – дейишди.

– Ҳолингизга вой бўлсин! Ўша-да – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мерослари! – дедилар Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу.

 

ҲАЗРАТ УМАР ВА ПАТРИАРХ

 

Мусулмон лашкари Байтул Мақдисни қамал қилиб олганида танг ҳолатда қолган аҳоли Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ўзлари волийлик қилишларини шарт қилиб, сулҳ тузишни талаб қилди. Патриарх Сафрония шаҳар қалъасининг тепасига чиқиб, қамал қилувчиларга қараб:

– Биз сизларга таслим бўлишни хоҳлаймиз. Фақат бир шартимиз бор – сизларнинг раҳбарларингиз ўзи келсин, – деди.

Лашкарбошини рўпара қилишган эди:

– Йўқ! Биз сизларнинг энг катта раҳбарларингиз – мўминларнинг амири келишини истаймиз! – деди.

Шунда лашкарбоши Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга ушбу мазмунда хат ёзди: “Одамлар шаҳарни топширмоқчи бўлишяпти. Аммо улар бу иш шахсан сизнинг қўлингиз билан бўлишини шарт қилишмоқда”.

Умар бир дона улов ва бир қул билан Байтул Мақдис томон йўлга чиқдилар. Шаҳардан ташқарига чиққанда қулга:

– Биз – икки кишимиз. Улов эса битта. Мен миниб олиб, сен пиёда юрсанг, сенга зулм қилган бўламан. Сен миниб олиб, мен пиёда юрсам, сен менга зулм қилган бўласан. Иккаламиз ҳам миниб олсак, туянинг белини синдириб қўйишимиз мумкин. Энди йўлни учга бўламиз, – дедилар.

Умар розияллоҳу анҳу бир манзилгача миниб борсалар, бошқа манзилгача етаклаб борадиган, қул ҳам бир манзилгача миниб борса, бошқа манзилгача етаклаб борадиган, яна бир манзилга туяга ҳеч ким минмасдан борадиган бўлдилар.

Шундай қилиб, шаҳардан чиқиб, ўзлари, қул ва туя ўрталарида йўлни учга тақсим қилдилар. Қуддус яқинидаги тоққа етиб, манзилга яқин қолганида Умар розияллоҳу анҳунинг туяга миниш навбатлари тугаб қолди. Туянинг тепасида туриб такбир айтдилар. Сўнг қулга:

– Энди сенинг навбатинг келди. Туяга мин! – дедилар. 

Қул:

– Эй мўминлар амири! Шаҳарга келиб қолдик. Зинҳор туядан тушманг, мен ҳам асло минмайман. Биз шундай шаҳарга яқин келиб қолдикки, бу ерда маданият ва тараққиёт ривожланган. Бу шаҳарда яхши эгарланган зотдор отлар ва олтин аравалар бор. Агар биз шу ҳолатда – мен туяга миниб, мўминлар амири унинг тизгинидан етаклаб кириб борсак, ерлик аҳолининг фикри ўзгариб, устимиздан кулишлари мумкин. Бу эса бизнинг нусратимизга салбий таъсир қилади, – деди.

– Йўқ! – дедилар Умар розияллоҳу анҳу. – Навбат сеники! Агар менинг навбатим бўлганида эди, мен тушмаган, сен минмаган бўлар эдинг. Аммо навбат сенга келди. Аллоҳга қасамки, албатта, тушаман ва сен миниб оласан!

Қул туяга минди, Умар розияллоҳу анҳу пастга тушиб, туянинг тизгинидан етаклаб олди. Шаҳар қалъасига етиб келганларида Димашқ номли дарвозанинг ташқарисида патриарх Сафрония бошчилигида насоролар уларни кутиб олгани пешвоз чиқишди. Мўминларнинг амири тушовни етаклаб, ғулом туяга миниб келаётганини кўрганларидан Умар розияллоҳу анҳуни улуғлаб сажда қилгани бош қўйишган эди, ғулом туяда ўтирган кўйи қўлидаги асони силкитиб қичқирди:

– Тўхтанг! Бошларингизни кўтаринг! Аллоҳдан бошқага сажда қилиш асло мумкин эмас!

Бошларини кўтаришган замон патриарх Сафрония дод солиб йиғлаб юборди. Умар розияллоҳу анҳу унинг фикри тиниқлигига таъсирланганидан шодланиб яқин борди.

Патриарх Сафрония:

– Менинг йиғлашимнинг сабаби – аниқ билдимки, сизнинг давлатингиз боқий бўлғуси! Тарқоқ ҳам бўлмас, бўлиниб ҳам кетмас!

 

ИСЛОМИЙ БАҒРИКЕНГЛИК

 

Умар розияллоҳу анҳу Қуддусга киргач, шаҳар аҳлига омонлик хатини ёзиб берди. Сўнг ҳозирги кунгача “Ҳазрат Умар масжиди” деб номланадиган масжид ўрнида намоз ўқиди. Бу кун тарих зарварақларига Умар розияллоҳу анҳу учун, Ислом учун абадий қайд қилиб қўйилди.

Ўша куни патриарх Сафрония Умар розияллоҳу анҳуга канисани кўриб чиқишни таклиф қилган ва мўминларнинг амири бунга рози бўлган эди. Иттифоқо, улар канисадалик чоғларида намоз вақти бўлиб қолди. Ҳазрат Умар патриархга илтифот қилиб:

– Намозни қаерда ўқиб олсам бўлади? – дедилар.

– Мана шу турган жойингизда ўқийверинг, – деди Сафрония.

– Агар канисада намоз ўқисам, ундан кейин мусулмонлар келиб, “Шу жойда Умар намоз ўқиган”, деб ўша жойда масжид барпо қиладилар, – дедилар Умар розияллоҳу анҳу ва атрофни тозалаб, аболари (чопонлари)ни ёзиб, намозни ўқидилар.

У зотдан сўнг мусулмонлар ўша жойга келишиб, намоз ўқиган жойларида масжид барпо қилишди. Ва у бугунги кунга қадар “Қиёмат канисаси” (Европада аталиши бўйича “Чўқинтириш черкови”) билан ёнма-ён туради.

 

АҲДГА ВАФО ИЙМОНДАНДИР

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир кампир кириб келди.

– Сиз кимсиз? – сўрадилар Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам.

– Ҳиссона ал-Музайянаман, – жавоб берди кампир.

– Сиз Ҳиссонамисиз? Қандайсизлар? Аҳволларингиз яхшими? Биздан кейин қандай бўлдиларингиз? – сўрадилар Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам.

– Ота-онам сизга фидо бўлсин, эй Аллоҳнинг расули! Яхши! – жавоб берди кампир.

Кампир чиқиб кетганидан сўнг Оиша розияллоҳу анҳо:

– Бу кампирга нега бунча илтифот кўрсатдингиз? – деб сўрадилар.

Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар:

– У Хадича (ҳаёт бўлган) вақтларида бизга келиб турар эди. Аҳд гўзаллиги иймондандир.

 

ЙЎЛ БЎЛСИН, АБУ УМАЙЯНИНГ ҚИЗИ?

 

Умму Салама Маккадан Мадинага ҳижрат қилганида туясини сафарга ҳозирлаб, ўғилчасини бағрига олиб йўлга тушди. У Мадина томон чиқар экан, ёнида ҳеч ким йўқ эди. Йўл асносида Талҳа ибн Абу Талҳанинг Усмон исмли ўғлига йўлиқиб қолди.

– Эй Абу Умайянинг қизи, қаёққа? – сўради Усмон.

– Мадинага, турмуш йўлдошимни истаб кетяпман, – жавоб берди Умму Салама.

– Биронта ҳамроҳинг борми?

– Йўқ. Аллоҳга қасамки, Аллоҳ ва мана бу ўғлимгина ҳамроҳ.

– Аллоҳга қасамки, сени ёлғиз ташлаб қўймайман! – деб Усмон туянинг жиловини тутди ва Умму Салама билан йўлга тушди.

Умму Салама розияллоҳу анҳо айтадилар: “Аллоҳга қасамки, араблар ичида ундан-да мукаррамроқ кишини учратмадим. Бир манзилга етсак, мен тушиб олишим учун туяни чўккалатар эди. Кейин мен туядан тушиб олгунимча узоқроққа бориб турар, мен тушиб олганимдан сўнг туяни дарахтга боғлар эди. Сўнг мени холи қолдириб, ўзи дарахт соясига бориб ёнбошларди.

Йўлга тушадиган бўлсак, туяни менга ҳозирлаб бериб, яна орқароққа кетар ва “Туяга миниб ол”, дер, туяга миниб, яхшилаб ўрнашиб олганимдан сўнг келиб, туянинг тизгинидан ушлаб, етаклаб кетар эди. Шу ҳолатда Мадинага – турмуш йўлдошимнинг олдига етиб бордик”.

Яна айтар эди: “Аллоҳга қасамки, Исломда Абу Саламанинг хонадоничалик мусибат кўрган хонадонни билмадим. Усмон ибн Абу Талҳачалик мукаррам ҳамроҳни кўрмадим. Ҳолбуки, у ўша ҳамроҳлик пайтида ҳали кофир эди”.

Усмон ибн Абу Талҳа кейинчалик – Ҳудайбия сулҳида мусулмон бўлди.

 

МОХОВ, КАЛ ВА КЎР ҚИССАСИ

 

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қиладилар: “Бани Исроилдан уч кишини – мохов, кал ва кўрни Аллоҳ таоло синамоқчи бўлиб, уларга фариштани жўнатди. У моховнинг олдига келиб:

– Сенга нима ёқади? – деди.

– Чиройли ранг, чиройли тери ва одамлар мендан жирканадиган нарсанинг кетиши, – деб жавоб берди мохов.

Фаришта уни силади, ундан жирканч нарса кетди, чиройли ранг, чиройли тери ато қилинди. Сўнг сўради:

– Сенга молнинг қайсиниси ёқади?

– Туя, – деди.

Унга ўн ойлик бўғоз туя бериб:

– Аллоҳ сенга бундан барака берсин! – деди фаришта.

Кейин калнинг олдига келиб:

– Сенга нима ёқади? – деб сўради.

– Чиройли сочлар ва одамлар мендан жирканадиган нарсанинг кетиши, – жавоб берди у.

Фаришта уни силади, ундан жирканч нарса кетди, чиройли соч ато қилинди. Сўнг сўради:

– Сенга молнинг қайсиниси ёқади?

– Қорамол, – деди.

Унга бўғоз сигир берди ва:

– Аллоҳ сенга бундан барака берсин! – деди фаришта.

Кейин кўрнинг олдига борди ва:

– Сенга нима ёқади? – деб сўради.

– Аллоҳ менга кўриш қобилиятини берса, – деди.

Фаришта уни силади, Аллоҳ унга кўриш қобилиятини берди. Сўнг сўради:

– Сенга молнинг қайсиниси ёқади?

– Қўй, – деди.

Унга бўғоз қўй берди ва дуо қилди.

Туя, қорамол ва қўйлар кўпайиб кетди. Биринчисининг бир водий туяси бўлди. Иккинчисининг бир водий қорамоли бўлди. Учинчисининг бир водий қўйи бўлди.

Кейин фаришта моховнинг олдига унинг шифо топиши ва бойиб кетишидан аввалги (мохов ва фақир) кўринишида келди. Унга:

– Мен мискин кишиман. Сафаримда боримдан ажрадим. Бугунги кунда Аллоҳ ва Ундан сўнг сендан бошқа борар жойим қолмади. Сенга чиройли ранг ва чиройли ҳусн берган Зот ҳаққи сўрайман – бир дона туя бер, сафаримни якунлаб олай, – деди.

Мохов унинг сўраган нарсасини беришдан бош тортди. Мискин суратидаги фаришта:

– Аллоҳга қасамки, мен сени таниётганга ўхшаяпман. Сен одамлар жирканадиган мохов ва фақир бўлган эмасмисан? Аллоҳ сенга (бу неъматларни) ато қилмадими? – деб сўради.

– Йўқ! Мен бу молни мерос қилиб олганман, – жавоб қайтарди мохов.

– Агар ёлғон гапираётган бўлсанг, Аллоҳ аввалги ҳолингга қайтарсин! – деди фаришта.

Сўнг фаришта калнинг олдига кал суратида бориб, унга ҳам шунга ўхшаш гап айтди. У ҳам аввал шеригига ўхшаб жавоб қайтарди.

– Агар ёлғон гапираётган бўлсанг, Аллоҳ аввалги ҳолингга қайтарсин! – деди фаришта унга ҳам.

Ундан сўнг кўрнинг олдига унинг олдинги сурати ва кўринишида борди ҳамда ундан хайр-эҳсон сўради. Шунда аввал кўр бўлган киши:

– Эй киши! Мен ҳам кўр бўлган эдим, Аллоҳ кўриш қобилиятимни қайтарди. Камбағал бўлган эдим, Аллоҳ мени бой қилди. Хоҳлаганингча олиб, хоҳлаганингча қолдир! Аллоҳга қасамки, бугунги кунда Аллоҳ учун олган нарсангга ҳеч ҳам сиқилмайман! – деди.

Шунда фаришта деди:

– Молингни ўзингга олиб қол! Мен уларни ҳам синаган эдим, Аллоҳ сендан рози бўлди. Иккала биродарларингга эса ғазаб қилди.

 

КАРАМЛИЛАРНИНГ КАРАМЛИРОҒИ

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бир аъробий келиб:

– Эй Аллоҳнинг расули! Халқнинг ҳисобига ким эгалик қилади? – деб сўради.

– Аллоҳ азза ва жалла, – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

– Бир Ўзими? – сўради аъробий.

– Ҳа, – дедилар Жаноб соллаллоҳу алайҳи васаллам. Аъробий табассум қилди.

– Нега куляпсан, эй аъробий? – сўрадилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам.

– Шубҳасизки, саховатли Зот қодир бўлар экан, кечириб юборади-да! – жавоб берди аъробий.

– Тўғри айтдинг. Аллоҳ азза ва жалладан ҳам кўра олийжаноброқ, саховатли зот йўқ. У карамлиларнинг ҳам карамлироғидир! – дедилар у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам.

Сўнг асҳобга юзланиб:

– Аъробий фақиҳ бўлибди, – дедилар.

 

АБДУЛЛОҲ ИБН УММУ МАКТУМ

 

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Утба ибн Робиъа, Абу Жаҳл ибн Ҳишом ва Аббос ибн Абдулмутталибларнинг иймон келтиришларига жуда ҳам харис эканликларидан улар билан суҳбат қуриб ўтирган эдилар. Жанобнинг ҳузурларига Абдуллоҳ ибн Умму Мактум исмли кўзи ожиз киши баланд овоз билан:

– Эй Муҳаммад! Аллоҳ сизга ўргатган нарсадан менга ҳам ўргатинг! – дея хитоб қилиб келиб қолди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унинг бу сўзларини кариҳ кўриб, юзларини буриб, қовоқларини солиб олдилар ва наригиларга юзландилар. Сўнг суҳбатларини тамомлаб, энди аҳлига қайтмоқчи бўлиб турган эдилар, Аллоҳ таоло Жаноб соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзларини тўсдилар ва бошлари хам бўлиб қолди. Шу ҳолатда ушбу оятлар нозил бўлди:

«Абаса» 1. Афтини буриштирди ва юз ўгирди...

«Абаса» 2. ҳузурига кўзи кўр киши келганига.

«Абаса» 3. Сенга не билдирар, эҳтимол, у покланар.

«Абаса» 4. Ёки эслатма олар, бас, эслатиш унга манфаат берар. («Абаса» сураси)

Шу воқеадан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар қачон Ибн Умму Мактумни кўрсалар, ридоларини ёзиб: “Хуш келибсиз, Раббим мени итоб қилишга сабабчи бўлган зот!” деб кутиб олардилар.

 

Шайх Аҳмад Муҳаммад Ассофнинг “Қабасотун мин ҳаётир Росул” китобидан Асака туман бош имом-хатиби Шаҳобиддин ПАРПИЕВ таржимаси.

 

 

  
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz