“Келин салом” бидъатми ёки... Принтер учун
07.03.2017 й.
Image

Аллоҳ таолога беадад ҳамду-саноларимиз ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин.

Ҳар бир халқнинг ўзига яраша урф-одатлари бўлади. Ва бу одатлар мазкур халқнинг миллати, дини, миллийлиги, маданияти ва илм-маърифатидан хабар беради. Шунинг учун ҳам турли халқларнинг урфлари-да ҳар хилдир. Баъзилари учун шон-шараф бўлган урф-одатлар бошқалар учун ор-номус саналади. Яна қайсидир дин вакиллари учун баъзи бир урфлар динини ва эътиқодини ифода этса, бошқалар учун динсизлик ва эътиқодсизликни ҳам билдириши мумкин. Қолаверса, дунё миқёсида бир юрт ёки миллат вакилларига ижобий ё салбий баҳо беришда кўпинча уларнинг урф-одатлари эътиборга олинади.

Биз мўмин-мусулмонлар, хоссатан, Ўрта Осиё халқининг ўзимизга хос ва мос урф-одатларимиз борки, уларнинг барчаси бизнинг бутун борлиғимиздан хабар бериб туради. Чунки мазкур урф-одатлар миллийлик ва маданиятимизни ифода этса-да, лекин асли ўзаги динимиз ҳукмларидан олинган бўлади ёки энг камида унга хилоф бўлмайди.

Аммо, минг афсуслар бўлсинки, бир неча ўн йиллар давомида Худосиз бўлган шўролар даври тузумининг сиёсати туфайли Ўрта Осиё, хусусан, Ўзбекистон аҳолиси ҳам ўзининг асл динининг кўрсатмаларидан мутлақо айрилди ёки юзаки ҳолдагина унга эътибор бериладиган бўлди. Натижа эса ҳаммамизга маълум. Барча соҳалардаги каби дин, эътиқод масаласида ҳам ниҳоятда оқсоқ ва иллатли бўлиб қолдик. Шу баҳонада миллийлик ёки миллий қадриятлар, маданият байроғи остида қанчадан-қанча урф-одатлар пайдо бўлди. Аслида эса бундай урфлар бизнинг ўтмиши буюк бўлган ва дунёга илм-маърифатда устозлик даражасига кўтарилган миллатимизга мутлақо тўғри келмайди.

Шундай бидъат-хурофот ўлароқ пайдо бўлган урф-одатларнинг сон-саноғи йўқ. Энг ачинарлиси эса ҳали-бери бу бидъатлар бўй кўрсатишдан тўхтайдиганга ўхшамайди. Йилдан-йилга хилма-хил, ранг-баранг бидъатлар пайдо бўляптики, кимлардир бунинг кетидан ҳар тарафлама манфаатдор бўлаётгани учун мазкур бидъату хурофотларга “миллийлик” тўнини кийгизяпти. Ана шундай бидъатлардан бири ҳозирги кунда “келин салом” маросими десак, хато бўлмайди.

Бу маросим номига қараганда жуда ҳам гўзал ва жимжимадор. Лекин шу ном остида қилинаётган ишлар эса энг камида бидъату хурофот, манманлик, риёкорлик, исрофгарчилик, шону шуҳратга берилиш, ҳасад, ғийбат, ёлғон, одобсизлик ва шариат ҳукмларини оёқости қилишликдир. Кимлардир “Жуда ошириб юборибсиз”, дейиши мумкин. Аслида эса бу маросимда содир этилаётган гуноҳ-маъсиятларнинг баъзиларинигина санаб ўтдик, холос.

«Янги келинчак уни йўқлаб келаётган меҳмонларга эҳтиром кўрсатиб салом берса, нимаси ёмон?!» дерсиз. Тўғри, салом бериш шариатимизда суннат амал. Ва бу амал туфайли қанчадан-қанча барокатлар, хайриятлар ва ўзаро меҳр-оқибатлар тикланиб, мустаҳламланади. Лекин асли суннат бўлган салом бериш байроғи остида қанчадан-қанча гуноҳ-маъсиятларнинг амалга оширилишига нима дейсиз? Қолаверса, келин саломдан барча қиз чиқарган ота-оналар безиб қолишган. Лекин мажбур бўлганларидан, қудаларининг олдида сохта обрў-эътибор олиш, ундан ташқари қизининг ушбу хонадонда тиниб-тинчиб, бахтли-саодатли ҳаёт кечириши, қайнонаси қўлини бигиз қилиб, келинга таъна-дашном қилавермаслиги учун бу бидъатлар амалга оширилади.

Биз ушбу гапларни осмондан олиб гапираётганимиз йўқ. Бу борада кундан-кунга шикоятлар кўпайиб боряпти. Жумладан, бир аёл келиб, қизини чиқаришга қийналаётганлиги тўғрисида шикоят қилиб, ёрдам сўради. Унга имконият даражасида ёрдам берилди. Орадан ҳеч қанча ўтмасдан яна кўзида ёш билан бир аҳволда кириб келди. «Ҳа, онахон, тинчликми?» деб сўрасам, кўнгли тўлиб йиғлаб юборди. Рўмолчаси билан кўз ёшларини артар экан, мен ўзимча «Тинчликмикан, онахон яқиндагина тўй қилган эди, тўй асносида бирор мусибатга учраб қолдимикан?» деб хавотир олдим. Шунда унинг ўзи секин сўз бошлади: «Сизларга минг раҳмат, берган ёрдамларингиз билан қизимни узатиб олдим. Ўзимча ҳаммасидан қутилдим, яхши бўлди, деб турган эдим, ҳали «келин салом»и бор экан. Мен тўйнинг харажат ва ташвишлари билан овора бўлиб, «келин салом»ни унутиб қўйган эканман. Қудалар яхшигина эслатиб қўйишди. Энди шу десангиз, бу «келин салом» деганларига ҳам бир қанча сарполар, совға-саломлар ва яна нималардир олиниши керак экан. Менинг эса ҳеч вақоим қолмади. Зўрма-зўраки тўйни ўтказиб олган эдим. Энди бошимда бу кўргилик ҳам бор экан…»

Мана, азизлар, бир муштипар онахоннинг «келин салом» туфайли тортаётган азоб-уқубатлари. Бундай ҳолат бир-икки эмас, балки сон-саноқсиздир. Лекин халқимиз ўта ориятли ва мулоҳазали бўлгани туфайли кўп ҳам шикоят қилмайди. Гоҳ-гоҳида эса бундай ташвишлардан ёрилиб, «портлаб» кетаётган мазлумларнинггина шикоятларини эшитиб қоламиз.

Баъзилар эса “Имконияти бўлмаса, қилмай қўяверсин, уни биров мажбурлаяптими? Ҳар кимнинг ўз хоҳиши, кўрпасига қараб оёқ узатсин”, дейди. Жуда ҳам тўғри гап. Лекин қуда-андаларнинг бутун вужудингни тешиб юборадиган даражадаги гаплари, заҳарли ўқ каби юрагингга санчиладиган пичинг ва таъналари ҳар қандай инсонни ҳам (баъзи тушунган одамлар бундан мустасно) мазкур бидъат-хурофотларни қилишга мажбур этади. Қолаверса, қизингиз ялиниб, илтижо қилиб, сиздан умидвор бўлиб турса, унинг илтимосларини ерда қолдирармидингиз?!

Ҳар қандай ота-она қизининг бахти учун ҳамма нарсага тайёр бўлади. Лекин мазкур бидъатларга кимдир чек қўймаса, кундан-кунга илдизи чуқурроқ ботиб, танаси бақувватлашиб боряпти. Агар фурсат борлигида қайсидир бидъатчилар тўқиб чиқарган бундай балоларга зарба бермасак, уларга қарши курашмасак, бунинг касофати барчага оммавий бўлади. Ҳеч кимнинг «Бундай бидъатларнинг менга таъсири бўлмайди, менинг улар билан ишим йўқ, ким эътибор берадиган бўлса, ўзи курашаверсин», дейишга ҳаққи йўқ. Зотан, ҳар бир бидъатга қарши барча мўмин-мусулмонлар биргаликда курашишлари вожибдир.

Бир куни ҳожи акаларимиздан бири жуда ҳам тушкун ва ғамгин ҳолатда келиб қолди. «Ҳа, ҳожи ака, тинчликми, кайфиятингиз йўқ?!» десам, «Шу тўйдаги бўлар-бўлмас урф-одатлар, қолаверса, «чаллари», «келин салом» ва ҳоказоларни ўйлаб топганларнинг падарига…» деб нолиб қолди.

Мана, биродарлар, бирор эзгуликни халқ ўртасида жорий қилиб “Отангга раҳмат!” деган дуони олган қайда-ю, «келин салом»га ўхшаш бидъатни авж олдириб, қанчадан-қанча инсонларнинг кўз ёши оқишига, ҳаттоки баъзи бир оилаларнинг ажрашувига сабаб бўлиб “Шуни чиқарганнинг падарига лаънат!” деган дуои бадни олиш қайда?!

Юқорида «келин салом» маросимидаги гуноҳ-маъсиятлар тўғрисида бир оз маълумот берган эдик. Қуйида эса ана шу маълумотларнинг воқеъликда қандай бўлишини кўриб чиқамиз.

Биринчи – салом беришнинг кайфияти тўғрисидаги маълумот.

Салом бериш вақтидаги эгилишнинг ҳукми тўғрисида келган фаслда айтилишича, эгилиб салом беришдан қайтарилганмиз. Саҳобалар Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Киши биродарига йўлиққанда (саломлашиш учун) унга эгилса бўладими?» деб сўрадилар. Шунда у зот: «Йўқ», дедилар («Мажаллатул буҳусил исламия»).

Демак, «келин салом» маросимида келинларимиз етти букилиб салом берар эканлар, бу шариатимизнинг кўрсатмасига хилофдир. Агар намоздаги рукуъ даражасида эгилиб салом берса, қаттиқ гуноҳкор бўлади. Қолаверса, янги келинчак барча меҳмонларнинг олдида кетма-кет эгилиб салом беравериши унинг нафақат жисми, балки кайфиятига ҳам салбий таъсир қилади.

Иккинчидан, келинчак уч кундан бир ҳафтагача келган ҳар қандай меҳмон ёки чиққан қўшнилар учун ҳам эгилиб салом беришда давом этади. Қайси келин бу урфга амал қилмаса, “шумқадам, бебарака, беҳаё, беодоб” деб баҳоланади.

Учинчи – келинчак қуруқ салом бермайди. Балки салом берилиши керак бўлган кичигидан тортиб каттасигача, албатта, совға улашади. Совғалар эса оддий эмас, қимматбаҳо бўлиши шарт. Акс ҳолда маломатларга қолади.

Тўртинчидан, «келин салом» маросимида бир қанча аёллар иштирок этар эканлар, уларнинг баъзиларига берилаётган совға ёки бу жойдаги шарт-шароит ёқмаганлиги тўғрисида ғийбат, туҳмат ва бўҳтонлар тўқилади.

Бешинчидан, мазкур маросимга нафақат аёллар, балки қўштирноқ ичидаги эркаклар ҳам қатнашади. Ва, албатта, улар ҳам келиннинг қўлидан совға олиш билан фахрланади.

Ўзингиз ўйлаб кўринг, тоғни урса, талқон қиладиган эркаклар (қайнота, амаки, тоға, қайноға, қайнини ва ҳоказолар) нозиккина ва ожиза бўлмиш келиннинг қўлидан совға оладилар. Лекин келиннинг мажбуран бераётган совғалари қарз эвазига келгани билан қизиқишмайди ҳам.

Олтинчи – ушбу маросимдан энг катта моддий манфаатдор бўладиган шахслар, албатта, санъаткорлардир. Уларнинг қуйи табақаси 100 доллар, юқори табақаси эса 1000 доллар атрофида хизмат қилади. Баъзилари эса кетма-кет уч-тўрт маросимни бир-бирига улаб, биринчи борган жойида бир оз иштирок этади-да, кейин ёрдамчиларини ўринбосар қилиб, ўзи ундан кейингисига шошилади. Қарабсизки, бир кунда анча-мунча пулни қўлга киритади. Шунинг учун ҳам бундай маросимларнинг кундан-кунга турли-туман, хилма-хил бўлиб кўпайиб бораётгани аввало санъаткорлар учун мўмайгина даромад манбаидир.

Еттинчи – ушбу маросим бир соатдан уч соатгача чўзилади. Демак, бир неча одамларнинг уч соат умри бидъат-хурофотларга сарфланади.

Саккизинчи – ушбу маросимда бўлаётган дабдабавозлик, риёкорлик, манманлик ва исрофгарчиликларнинг эса чеки йўқ.

Кимлардир “Кетса, бизнинг вақтимиз кетяпти, қолаверса, бировнинг пулини эмас, ўзимизнинг пулимизни ишлатяпмиз. Бунинг нимаси исроф?” дейиши мумкин. Уларга эса қуйидаги ҳадиси шарифни тақдим этамиз.

Ҳазрат Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ҳадиси шарифларида шундай марҳамат қилганлар:

Яъни: “Қиёмат кунида банданинг қадами то тўрт нарсадан сўралмагунча жойидан жилмайди: умрини қандай ўтказгани, ёшлигида нима қилгани, молини қаердан топиб, нимага сарф қилгани, илмига қай даражада амал қилгани ҳақида”, дейилади.

Демак, Аллоҳ берган бебаҳо неъматлар умр, ёшлик чоғи, мол-дунё, илм ҳақидаги савол-жавоблар оддий эмас, балки ўта машаққатли ва даҳшатли кун бўлмиш қиёматда ҳисоб-китобсиз, сўроқ-саволсиз қолмас экан. Қаердаги бир бидъат маросим деб шунча неъматларни исроф қилган инсон Аллоҳ таолога қандай ҳисоб-китоб беришини тасаввур қилинг.

Азизлар, кўзимизни очайлик. Ғафлат ва лоқайдлик уйқусидан уйғонайлик, ҳаёт ва атрофга теранроқ назар ташлайлик. Биз кимларнинг авлодларимиз-у ҳозирда кимларга эргашяпмиз?! Аждодларимиз ўз даврларида ҳаётнинг барча соҳаларида дунёга устозлик қилганлар, нима учун? Бунинг сабабини биласизми? Агар билмасангиз, пиримиз, улуғимиз бўлмиш Баҳоуддин Нақшбанд ҳазратларининг қуйидаги ҳикматларига назар ташланг: «Ким вақтини зое кетказса, вақт унинг душманига айланади, нафаснинг зое бўлишига йўл қўйманг ва ундан эҳтиёт бўлинг».

Мана шунча маълумот ва танбеҳларга қарамасдан қанчадан-қанча иллатларни ўзида жам қилган тадбирни ўтказиш кимга керак? Биз бу ерда барча иллатларни санаб ўтмадик. Чунки мақсадимиз уларни бирма-бир санаш эмас, балки улар ҳақида эслатиш ва огоҳлантиришдир. Мазкур иллатларнинг энг ёмонларидан бири – бу маросимни “ўзбек миллатининг миллий урф-одатлари” деб бошқа миллат вакилларига фахрланиб кўрсатишдир. Яна ҳам ажабланарлиси эса юртимизда кино ишлаб чиқараётган ташкилотларнинг деярли ҳар бир маҳсулотларида тўйларимиздаги исрофгарчилик, манманлик ва дабдабавозликни ташвиқот қилиш билан бирга «келин салом»нинг миллий урф-одатимиз ҳамда қадриятларимиз сифатида намойиш этилаётганидир. Буюк алломалар юрти бўлмиш Ўзбекистон халқининг ҳозирги кундаги авлодлари китоб ўқиш, ёзиш, ихтиро, кашфиёт ва илм-маърифат ила шуғулланиш ўрнига кимлардир тарафидан бидъат ўлароқ ўйлаб топилиб, ўзбек аҳолиси онгига сингдириб ташланган қандайдир маросимлар билан ўралашиб юриши ниҳоятда ачинарли ҳолатдир.

 

Исҳоқжон БЕГМАТОВ,

Тошкент Ислом институти ўқитувчиси,

«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби,

«Олтин Қалам» ХI Миллий мукофоти соҳиби

 

  
 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz