Маҳзунлик йили Принтер учун
08.03.2017 й.
Image
 

Аллоҳ таолога беадад ҳамду саноларимиз, Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга эса беҳисоб салавоту дурудларимиз бўлсин.

Сарлавҳани ўқиган ҳар қандай мўмин-мусулмоннинг хаёлида бирданига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларидаги “Маҳзунлик йили” деб ном олган воқеа гавдаланади. Бир йилда Пайғамбаримиз алайҳиссаломга нисбатан ҳар тарафлама бўлаётган зулм, озор, истибдодлардан у зотни ҳимоя қилаётган икки буюк шахс (Ҳадийжа розияллоҳу анҳо ва Абу Толиб) дунёдан ўтди. Улардан бири амакилари Абу Толиб Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламни асосан жисмоний ва сиёсий зўравонлик, тажовузкорлик ҳамда зулму ситамлардан ҳимоя қилса, Ҳажийжа онамиз розиялоҳу анҳо эса у зотни маънавий, руҳий ва иқтисодий тарафдан тўлиқ қўллаб-қувватлаб, далда бўлиб турар эдилар. Гўёки бу икковлари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг икки қанотлари эди. Бир йилнинг ичида у зот алайҳиссалом ҳар иккала суянчиқларидан айрилиб қолганлари туфайли шу йилни “Маҳзунлик йили” деб атадилар. Чунки бўлиб турган барча нохушликлар мазкур мусибатнинг олдида ҳеч нарса бўлмай қолди. 

Биз бу ўринда мазкур воқеа ва унга тегишли бўлган маълумотларни сиз азизларга қайта тақдим қилмоқчи эмасмиз. Балки миллионлаб мўмин-мусулмонларнинг қалбларини ўзларининг муҳаббатлари ила забт этган марҳум устозимиз фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг хотиралари ва у кишидан айрилишимиз эса кўпчилик мухлислар учун айнан “Маҳзунлик йили” бўлганини ёдга олиб, эслатиб ўтмоқчимиз. 

Узоқ эмас, икки йил орқага назар ташласак, 2015 йил март ойининг 10 санаси, ҳафтанинг сешанба куни шом намозидан олдин миллионлаб мўмин-мусулмонларнинг қалбларини ларзага солган машъум ва ўта совуқ хабар талқалди. Биз техника ривожланган даврда яшаётганимиз туфайли интернет ва бошқа алоқа воситалари орқали бу улкан мусибат тўғрисидаги совуқ хабар деярли бир неча сониялар давомида бутун дунёга тарқалди, десак, муболаға бўлмайди. 

Ўшанда мазкур мусибат тўғрисидаги хабарни илк эшитган пайтимда бутун вужудимда қандайдир ўзгариш ва ғалаёнлар содир бўлди, ўзимни мутлақо йўқотиб қўйдим, худди бошимга ўта оғир нарса билан кучли зарба берилгани каби карахт ҳолатга келдим. (Бу ҳолатни, менимча, ҳар бир мухлис мўмин-мусулмон ўз бошидан кечирган бўлса керак.) Умрим давомида бундай карахт ҳолатга ҳеч қачон тушмаган эдим. Ваҳоланки, йиллар давомида қанчадан-қанча мусибат, бало, офат ва синовларга дучор бўлганмиз. Яқинларим, ҳаттоки волидаи меҳрибоним ва қиблагоҳимдан ҳам айрилганман. Лекин мазкур айрилиқларнинг барчаси марҳум устозимиз фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларидан айрилганимиз олдида унут бўлди. Зотан, инсоннинг табиати шундай. Катта мусибат келганда кичикларини унутади. 

Ушбу мусибат туфайли мен ўзимдаги бир туйғуни тушуниб етдим. Инсонларнинг ўртасидаги ўзаро алоқалар ҳар хил сабаблар туфайли йўлга қўйилади. Албатта, биринчи ўринда насл-насаб бўйича силаи раҳм алоқалари, сўнгра ақд-никоҳ, қўни-қўшничилик, улфатчилик, тенгдошлик, касбдошлик, тижорий ва таълим-тарбия борасидаги устоз-шогирдлик алоқалари. Мазкур алоқаларнинг барчаси шариат кўрсатмаларига мувофиқ, ўз ўрнида, илм ва ақл ила ёндошган ҳолатда, рисоладагидек адо этилади. Лекин мазкур алоқаларнинг ичида қайсидир бири кимгадир кўпроқ ёқади ва унинг қалбини мутлоқ забт этади. Бу забт этиш илм ва ақл билан онгли ҳолатда ёндашиш туфайли инсоннинг ўзининг уринишлари ила пайдо бўлиб қолавермайди. Балки мазкур алоқалар туфайли қалбни забт этувчи энг буюк туйғу муҳаббатни Аллоҳ таоло хоҳлаган бандасигагина беради. 

Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар бўлсинки, У Зот менинг қалбимни устозим Шайх ҳазратларининг муҳаббатлари ила тўлдирган экан. Бу ҳолатни эса устозимдан айрилганимдан сўнгра тўлиқ ҳис қилдим. Зотан, “Неъматнинг қадри у қўлдан кетганидан сўнгра билинади”, дейилган ҳикматли сўз бежиз айтилмаган экан. 

Мазкур сатрларни қоралаш осон иш эмас. Чунки бу дард нафақат менга тегишли, балки миллионлаб мўмин-мусулмонларга ҳам оид дарддир. Қолаверса, ўтиб кетган мусибатни қайта ёдга олиб эслаш – ўша мусибат ичра яна бир бора яшашдек гап. 

Эсимда бор, Шайх ҳазратлари “Ҳадис ва ҳаёт” китобларида ҳазрат Али розияллоҳу анҳу даврларидаги фитналарни ёритар эканлар, мазкур фитнанинг қурбонига айланган ҳазрат Али розияллоҳу анҳунинг шаҳид бўлишлари ва у зотнинг севикли ўғиллари бўлмиш имом Ҳусайн розияллоҳу анҳунинг ҳам буюк фитнага учраганликлари, сўнг Карбало даштида аянчли ҳолатда ўлдирилганликлари тўғрисидаги маълумотларни келтириб, “Мазкур воқеаларни ёритиш барча уламоларга ҳам осон кечмаган. У азизларимизнинг барчалари ушбу тарихий маълумотларни ёритиш асносида ўзларининг соч-соқолларида оқ доналари кўпайиб қолганини ҳис қилганликларини ёзган. Ва каминада ҳам ана шундай ҳолат кузатилди”, деб ёзганлар.

Ҳа, азизлар, ҳақиқатдан ҳам Ислом тарихида бўлган қанчадан-қанча воқеа-ҳодисалар борки, улар ҳар ёдга олинганда дардимиз қайтадан янгиланади. Ва ҳар ёдга олинганда барча ихлосли мўмин-мусулмонларни йиғлатади. 

Кўпчилигимиз учун устозимиз фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларидан айрилиш ҳам ана шундай воқелардан бири, десак, муболаға қилмаган бўламиз. Албатта, устозимиз Шайх ҳазратларининг кўплаб мўмин-мусулмонлар муҳаббатига сазовор бўлишларида аввало Аллоҳ таолонинг фазли, барокати, хоҳиш-иродаси бўлса, сўнгра у зотнинг қиблагоҳлари, волидаи меҳрибонлари ҳамда жуфти ҳалоллари бўлмиш Ҳожи онанинг ва, албатта, ўзларининг буюк меҳнатлари бор. Зотан, ҳар қандай инсоннинг жамият ва халқ олдида буюк мақому мартабаларга эришмоқлигида нафақат ўз шахсияти, балки атрофидаги бир неча кишилар, ҳаттоки муҳитнинг ҳам ўзига яраша ҳиссаси бўлади. Устозимиз Шайх ҳазратларида эса мазкур шарт-шароитларнинг барчаси муҳайё эди ва бу Аллоҳ таолонинг устозимизга кўрсатган улуғ марҳамати бўлган. Қуйида эса устозимизнинг зикр қилинган мақом-мартабаларга эришиш йўлидаги қилган хизматлари ва чеккан заҳматлари тўғрисидаги баъзи маълумотларни келтириб ўтамиз. 

Ҳазрат 1989 йил Ўрта Осиё ва Қозоғистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий бўлиб сайландилар. У зотнинг қадамлари қутлуғ келиб, ўша йили омматан барча дин вакилларига анчагина эркинлик ва енгиллик берилди. Бунинг самараси ўлароқ, Шайх ҳазратлари жим ўтирмадилар. Балки Ислом динининг ривожи ва мўмин-мусулмонларнинг диний эрки-ю ҳуррияти учун жон фидо қилиб хизмат кўрсатдилар. Бу борада ҳеч нарсадан ҳайиқмасдан, фақатгина олға қадам ташладилар. Ва кечани – кеча, кундузни – кундуз демай, тинимсиз холис меҳнат қилдилар. Албатта, Аллоҳ таоло Ўзининг бандасининг ихлос ила қилаётган хизматларини ва минглаб мўмин-мусулмонларнинг дуоларини зое этмади. Балки улар учун Ўзининг раҳмат ва барокатларини ёғдирди. Натижада эса юртимизда юзлаб масжид ва мадрасалар очилди ёки янгидан қурилди, баъзилари эса қайта таъмирланди.

Минг афсуслар бўлсинки, мустақиллик ва ҳурликка эришганимиз кимларгадир ёқмади. Шу сабабли юртимиз мўмин-мусулмонларининг ўртасига ҳар хил фитна уруғлари сепилиб, натижада турли-туман фирқа, гуруҳ ва жамоалар пайдо бўлди. Улар ўзларининг хориждаги ҳомийлари бўлмиш фитначиларнинг пуч ваъдаларига ишониб, ўз юртининг мўмин-мусулмонлари орасига ҳар хил бузуқ эътиқод ва вайронкор ғояларни тарқатиб, уларнинг бирлигига раҳна солди. Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинки, ана шундай оғир ва синовли кунларда Шайх ҳазратлари юртимиз мўмин-мусулмонларининг бирлиги, уларнинг эътиқодий софлиги учун ва фиқҳда ҳанафий мазҳабида мустаҳкам туриб, ҳар хил фитна-ю фасодчи бўлган гуруҳларга эргашмаслиги борасида бор имкониятларини ишга солдилар. Ўша йиллари у кишига осон бўлмагани ҳаммамизга маълум. 

Мен мазкур йиллардаги устозимизнинг фаолиятларини IX-X асрда яшаб ўтган Имом Мотуридийнинг хизматларига ўхшатаман. Ўша даврда бутун дунё мўмин-мусулмонларининг соф эътиқодларига раҳна солаётган мўътазилий фирқасига қарши юртимиздан чиққан буюк аллома Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳ қандай мардонавор курашиб, қатъий ва метиндек мустаҳкам туриб раддия берган, миллионлаб мўмин-мусулмонларнинг аҳли сунна вал жамоа эътиқодида ибодат қилишлари учун холис хизмат қилган бўлсалар, устозимиз Шайх ҳазратлари ҳам ўз даврларида замон зайли ила пайдо бўлган, ёмғирдан кейинги қўзиқориндек кўпайган фирқалар – “Ваҳҳобийлик” ,“Таблиғ”, “Салафий”, “Акромий” “Ҳизбут-таҳрир” , “Нурчи”, “Маърифатчи” ва “миссионер”ларга ҳам қарши раддия бериб, юртимиздаги исломий муҳитнинг софлигини сақлаб қолишга ҳаракат қилдилар. Бу борада пала-партиш ва режасиз иш олиб боришдан сақланиб, унинг ўрнига ўта тартибли ва босқичма-босқич ислоҳатларни амалга ошириш йўлини танладилар. Мазкур режаларни бажаришни қуйидаги кўринишда ўзларига шиор қилиб олдилар.

 Шиоримиз: 

Аҳли сунна вал жамоа мазҳаби асосида пок ақийда ва мусаффо Исломга интилиш, Қуръон ва суннатни ўрганиб амал қилиш, исломий маърифат таратиш, салафи солиҳ – улуғ мужтаҳидларга эргашиш, кенгбағирлик ва биродарлик руҳини тарқатиш, диний саводсизликни тугатиш, ихтилоф ва фирқачиликка барҳам бериш, мутаассиблик ва бидъат- хурофотларни йўқотиш.

Устозимиз Шайх ҳазратлари бир умр ўз шиорларига содиқ қолдилар. Уни амалга ошириш учун ҳар қандай қийинчилик, машаққат, синов, фитна-фасод ва тўсиқларни енгиб ўтдилар. Исломнинг шонли тарихига бир назар соладиган бўлсак, ўтган барча буюк алломалар, жумладан, Имом Абу Ҳанифа, Имом Аҳмад, Имом Бухорий, Имом Сарахсий ва бошқа сон-саноқсиз алломалар ҳам ўз бошларидан ана шундай синовларни ўтказганлар. Бу эса бежиз эмас. Балки Аллоҳ таоло Ўзи суйган бандаларини турли синовлар, қийинчиликлар ва ҳар хил машаққатлар билан имтиҳон қилади. Бундай имтиҳонларда тобланган буюк алломалар эса Ислом динининг софлиги ва мўмин-мусулмонларнинг бирлиги учун жон фидо қилишга тайёр бўладилар. 

Устозимиз ҳам худди ана шундай шонли имтиҳон йўлини босиб ўтган зотлардан эдилар. У киши бу борада хизматнинг бир-икки тури ила кифояланмадилар. Балки юртимиз мўмин-мусулмонларининг эҳтиёжларига қараб турли соҳаларда самарали ижод қилдилар. Халқимиз шўролар даври тузумида диний тарафдан деярли тўлиқ саводсиз ҳолга келган эди. Устозимиз эса шуни ҳисобга олиб, аввало, барчага иймон-эътиқод тўғрисидаги илк маълумотларни тақдим этдилар. Ўша давр ўта таҳликали эди. Мустақиллигимизнинг дастлабки йилларида нафақат юртимиз мўмин-мусулмонларининг ўзаро парчаланиши, балки уларни динидан айириб, муртадга айлантириш учун ҳам астойдил ҳаракат қилаётган “хайрихоҳлар” пайдо бўлиб қолди. Улар гўёки бизнинг юртимизга тараққиёт, маданият ва яна қандайдир қўштирноқ ичидаги буюк мақсадлар ила келар эди. Шайх ҳазратлари шундай пайтларда халқимизнинг ўз дину диёнатини тўлиқ ва моҳияти ила тушуниб олишлари учун “Иймон” китобини ёздилар. 

Халқимизнинг Қуръон ва унинг маъноларини ўрганишликка бўлган қизиқиш-у эҳтиёжларини инобатга олиб, “Тафсири Ҳилол”нинг илк жузларини ҳам нашрдан чиқардилар. Кейинчалик эса олти жилддан иборат “Тафсири Ҳилол” китобининг тўлиқ нашрини тақдим этдилар. Ақийдавий адашиш ва ҳар хил хуружлар авж олиб бораётган пайтда эса уларга раддия сифатида “Сунний ақийдалар”, “Ақоид илми ва унга боғлиқ масалалар”, “Ақидатут-Таҳовия шарҳининг талҳиси” номли китобларини чиқардилар.

Сўнгра фиқҳий мазҳабимиз ҳанафийга қарши ҳар хил фитна-фасодлар пайдо бўлди. Шариатнинг амалиёти борасида тортишувлар, мунозаралар, ҳаттоки даҳанаки жанглар ҳам бўлиб ўтди. Ана шундай пайтда уларга раддия сифатида “Ихтилофлар ҳақида”, кейинчалик эса “Ихтилофлар, сабаблар, ечимлар”, “Дин насиҳатдир”, “Мазҳаблар – бирлик рамзи”, ниҳоят, ҳанафий фиқҳини тўлиқ ифода этадиган уч жилддан иборат “Кифоя” китобини чиқардилар. Ундан кейин эса Исломнинг рукни бўлмиш намоз, рўза, закот ва ҳажга тааллуқли алоҳида-алоҳида “Муфассал намоз китоби”, “Муфассал рўза китоби”, “Муфассал закот китоби”, “Муфассал ҳаж китоби”ни нашр эттирдилар. 

Вақт ўтган сари баъзи бир адашган фирқалар ҳадис илми борасида ҳар хил ихтилофларни келтириб чиқарди. Уларнинг даъво қилишларича, мазҳабга амал этиб ибодат қилаётганлар гўёки ҳадис илмидан мутлақо бехабар эмиш. Бу фитна ҳам ўз мазҳабини ҳануз тўлиқ ўрганмаган кўпчилик мўмин-мусулмонларни ташвишга қўйди. Баъзиларида эса мазҳабга тегишли бўлган маълумотларга ишончсизлик руҳини пайдо қилди. Ана шу пайтда устоз Шайх ҳазратлари ўттиз тўққиз мужалладдан иборат “Ҳадис ва Ҳаёт” китобини ёздилар. Бир оз ўтиб, ҳадисларни ўрганиш илмига атаб “Мусталаҳул-ҳадис” китобини чиқардилар. 

Кейинроқ эса дунё миқёсида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шахсиятларига нисбатан ҳақоратомуз ҳар хил маълумот ва суратлар тарқатила бошланди. Ана шундай нозик бир пайтда дунёнинг барча таниқли уламолари қатори бизнинг устозимиз ҳам уларга раддия ўлароқ “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам” номли китобларини нашр эттирдилар. Унга қўшимча бўлиб “Оламларга раҳмат Пайғамбар” ҳам нашр юзини кўрди («Ҳадис ва Ҳаёт»нинг 19-жузи).

Фитналар ҳали ҳам давом этаётган эди. Энди фитначилар фиқҳий мазҳабларга эмас, балки тасаввуфдаги мазҳабларга қарши тош ота бошлашди. Шундай таҳликали даврда Шайх ҳазратлари халқимизга тасаввуф тўғрисидаги маълумотларни ҳам тўғри ва соф ҳолатда етказиш фурсати келганини билиб, “Тасаввуф ҳақида тасаввурлар” китобини тақдим этдилар. Бу борадаги фитналар бир оз сусайиб, халқимиз тасаввуф ҳақидаги умумий маълумотларга эга бўлганларидан кейин ушбу маълумотларни янада мукаммаллаштириб, бутун вужудга сингдириб, ҳаётга татбиқ этиш йўл-йўриқларини ўргатадиган уч мужалладли “Руҳий тарбия” китобини нашр қилдилар. Охирги босқичда эса тасаввуф тўғрисидаги энг нозик, дақиқ ҳикматларни ўзида жамлаган беш мужалладли “Хислатли ҳикматлар шарҳи” китобини тақдим этдилар. 

Халқимиз доимо ахлоқ-одобга доир китобларни муҳаббат, завқу шавқ ила мутолаа қилиб келган. Аммо ташқаридан суқилиб кириб келаётган бемазҳаб ҳамда беодоблар бизнинг содда, хокисор бўлган оддий халқимизни мазҳабсизлик ва унинг соясида одобсизликка даъват қила бошлади. Энг ачинарлиси мазкур ғаразли мақсадларини жимжимадор шиорлар ила ўради. Ана шундай пайтда ҳам устозимиз Шайх ҳазратлари халқимизнинг жонига оро бўлиб, Имом Марвазийнинг “Китоб бир вас сила” (Яхшилик ва силаи раҳм китоби) китобини икки жилдли қилиб чиқардилар. Имом Бухорийнинг “Адаб ал-Муфрад” китобларини тўрт мужалладли “Одоблар хазинаси” номи остида шарҳи билан нашр эттирдилар. Кейин эса “Ижтимоий одоблар” китоби ила бу рўйхатга хотима ясадилар. 

Охирги пайтларда “Араб баҳори” номи остида пайдо бўлган фитналар ҳам бутун дунё мўмин-мусулмонларини ташвишга қўйди. Аллоҳга ҳамду санолар бўлсинки, Аллоҳ таоло бизнинг юртимизни устозимиз Шайх ҳазратларидек буюк аллома ила сийлаган эди. Бу зот гўёки ватанимиздаги диний муҳитнинг софлиги ва унинг бирлигини таъминлаш учун Аллоҳ таоло тарафидан берилган буюк неъмат эдилар. Шунинг учун ҳам юртимиз мўмин-мусулмонлари пайдо бўлган янги фитна олдида довдираб қолишмади. Балки аввалги фитначиларга қарши устозимиз қандай раддиялар бериб, диёримиз мўмин-мусулмонларининг бу борада хотиржамликка эришишларига сабабчи бўлган бўлсалар, бунда ҳам худди шундай иш қилдилар. Ва мазкур фитначиларга раддия ўлароқ, “Очиқ хат” китобини тақдим этдилар. Марҳум устозимизнинг саъй-ҳаракатлари туфайли бошқа юртлардаги кўплаб мўмин-мусулмонлар учраган фитналарга бизнинг юртимиз мўмин-мусулмонлари алданмадилар. 

Ҳа, азизлар, Аллоҳ таоло бизнинг жонажон юртимизга беҳисоб раҳмат ва барокатларини ёғдирган. Улар тўғрисида қиёматгача сон-саноқсиз китоблар ёзилса ҳам, поёнига етказа олмаймиз. Шундай буюк неъматлардан бири ҳақида бир неча сатрларни қоралаган бўлдик. Бу эса Аллоҳ таолонинг буюк неъматларига бепарво, лоқайд ҳамда ношукр бўлмаслигимиз учун бир танбеҳ, холос. Агар устозимиз Шайх ҳазратлари ва уларнинг шонли фаолиятлари, ҳаётлари, ижодлари, фазилатлари, хислатлари ва эришган ютуқлари тўғрисида қанча гапирилса ёки ёзилса ҳам, шунча оз. Биз эса юқорида у зотга тегишли бўлган баъзи маълумотларни мухтасар ҳолатда келтириб ўтдик. Аслида, такрор айтамизки, устозимиз фазилатли Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф ҳазратларининг мазкур мақом-мартабаларга эришишларида беназир хизмат қилиб, захмат чекиб тарбиялаган қиблагоҳлари, волидаи меҳрибонлари ва устозлари, қолаверса, умр йўлдошлари бўлмиш ҳожи онанинг хизматлари буюкдир. 

Сўзимиз охирида номлари зикр қилинганлар ичида вафот этганлари ҳаққига Аллоҳ таолодан мағфират ҳамда раҳмат тилаб дуо қиламиз. Ҳаёт бўлганларига, хоссатан, ҳожи она ва оила аъзолари ҳамда шогирдлари-ю мухлисларига тан-сиҳатлик, тинчлик-омонлик, хотиржамлик, узоқ умр ва мустаҳкам иймон тилаб қоламиз.

 

Исҳоқжон БЕГМАТОВ,

«Тўхтабой» жоме масжиди имом-хатиби

 




 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz