Рисоладаги эр Принтер учун
08.03.2017 й.
Image

БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ

 

Ҳозирги кунда ҳаётнинг – умргузаронликнинг кўп соҳаларида инсоний алоқалар ниҳоятда издан чиқиб кетган ва бу нарса озайиш ўрнига тобора кўпайиб бораётганлиги ҳақида матбуот, телевидения, радио, анжуманлар, умуман, оддий одамлар ўртасида кўп гаплар айтилиб турибди. Ушбу маънавий таназзулнинг сабаби нимада? Унинг олдини олиш мумкинми?

Инсоний алоқалар ичида энг муқаддаси никоҳ алоқаси – эр‑хотин орасидаги алоқа экани қадим замонлардан буён маълум. Бу ҳақда Исломнинг асл манбаларида қайта-қайта таъкидлаб айтилганлиги бежиз эмас. Жамоатчилик гувоҳ қилиб ўрнатилган алоқа, албатта, муқаддас бўлади-да.

Бу алоқанинг баракаси келин-куёвнинг яқин кишилари, қавму қардошлари бир-бирлари билан қариндош-уруғ бўлишлари ва қолаверса, янги насл шажарасига асос солиниши билан янада зиёда бўлади.

Никоҳ билан қурилган оиланинг саодати ва бардавомлиги эса, ҳам эр, ҳам хотин тарафидан бўладиган тасарруфлар ва уларнинг бир-бирларига муносабати, одоби, ахлоқи, шахсий хусусиятларига чамбарчас боғлиқдир.

Ҳозирги пайтда «Никоҳ ва оила қандай бўлиши керак, унда эрнинг ўрни қандай-у, аёлнинг вазифаси нималардан иборат?» деган саволлар устида кишилар кўп ўйланмоқдалар. Хусусан, сайловчилар билан бўлаётган ҳисобот учрашувларида ҳам мазкур мавзу ўртага тез-тез ташланиб, масаланинг чигал томонларини ечиш борасида турли саволлар берилмокда. Бу, аввало, ечилмаган оилавий масалалар кўпайиб, кўпчиликни ташвишга солаётганидан далолат берса, иккинчидан, оддий кишиларимиз ҳам бу муаммоларни ҳал қилишга йўл ахтараётганларини кўрсатади.

Ана шуларнинг барибир бўлди-ю, каминани қўлга қалам олишга ундади. Менимча, бирор киши бу масалани муҳокама қилишга қарши бўлмаса керак.

Бугунги кундаги оилавий можаролар, ажралишлар ва бошқа кўплаб турмуш муаммоларининг турли сабаблари бор. Фикри ожизимча, бош сабаблардан бири – икки тараф ҳам ўз ҳадди, ўз чегарасини билмаганлиги ва ўз бурчини сидқидилдан адо этмаганлигидир. Кўпдан бери оилавий келишмовчиликлар ҳақида кераклича айтилмоқда, ёзилмоқда, лекин рисоладаги эр ва хотин қандай сифату ҳислатларга эга бўлиши кераклиги ҳақида ҳамма ҳам етарлича тасаввурга эга, деб айтиш қийин. Кишилар онгида эса бу масалада турли қарама-қарши, бир-бирига зид фикрлар ўрнашиб қолган. Тўй вақтида ва оилавий ҳаётнинг бошланишида келин-куёвга яқинлари қандай қилиб бўлса ҳам умр йўлдошини «гаҳ деса қўлга қўнадиган қилиб олиш кераклиги» ҳақида маслаҳатлар беришади. Бундай маслаҳатлар кўпинча маслаҳатгўйнинг ўта тор, бачкана тажрибаларига асосланган бўлади. Яъни қўполроқ қилиб айтганда, ўзига енг бўлолмаган бошқа бировга эн бўлгиси келади. Ундай «жайдари» маслаҳатларни ўйласанг, уялиб кетасан. «Аслида эр оилада қандай бўлиши керак?» деган саволга мазкур «маслаҳатлар» ҳеч қачон жавоб бўла олмайди. Аксинча, оилада алоқаларнинг кескинлашувига сабаб бўлади.

Оила алоқалари асрлар давомида катта тажрибалар асосида қарор топади, узоқ давр мобайнида шаклланади. Ҳар бир миллатнинг тарихан шаклланган ўз оила ҳаёти бор.

Оилавий алоқаларнинг кўнгилдагидек кечишида эрнинг ўрни, халқимизнинг қарашларида, «бош ўрин» эканини эътиборга олиб, рисоладаги эрнинг сифатлари ҳақида маданий-маърифий дурдоналардан фойдаланган ҳолда фикр юритмоқчимиз.

Таъкидлаб айтиш лозимки, диний гаплар ёки диндорларнинг сўзи кони зарар, деган эскича гапларни қўйиб, ҳурфикрлик, сўз эркинлиги ва инсон фойдаси учун ҳамкорлик даври – қайта қуриш даврида бизга ҳам бемалол фикрлашишга имкон берилганлигидан хурсандмиз. Ўз фикримизни ҳеч кимга мажбурий тарзда сингдирмоқчи эмасмиз. Ҳар бир киши ҳур, турли мақом, турли даражадаги фикрлар билан танишсин, ўзи ҳам фикрини айтсин, хоҳлаганини қабул қилсин.

Ислом манбаларида таъкидланадики, эрнинг муҳим сифатларидан бири оила бошлиғи эканидир.

Маълумки, ҳар бир жамиятнинг раҳбари бўлади. Раҳбари бўлмаган жамиятнинг жамиятлиги қолмайди. Оила ҳам кичик бир жамият. Унда жамиятнинг барча белгилари кичкина кўринишда мавжуд. Оила ҳаётида бошлиқ вазифасини эр адо этиши кераклигини ҳозирги кунда барча халқлар бир овоздан тасдиқлайдилар.

Исломда эрнинг оиладаги бу раҳбарлигига «масъулият» деб қаралади. Лекин оила бошлиғи дегани, баъзилар xаёл қилганидек, оиланинг бошқа аъзоларига жабр-зулм ўтказиш, «деганим деган» йўсинида «ҳокими мутлақ» бўлиш эмас. Оила бошлиғи сифатида, унинг ҳамма тарафдан баркамол, саодатли, тинч-омон бўлишига эр масъулдир.

Ҳадиси шарифда айтилганидек:

«Барчангиз раҳбарсиз ва барчангиз ўз қўл остидагиларга масъулдир».

Оиладаги эрнинг вазифаларидан яна бир энг муҳими – хотиннинг ҳақларини тўла адо қилишдир. Хотиннинг эрдаги ҳаққи эса анчагина. Шулардан бири уни доим етарли ризқ-рўз билан таъминлашдир. Бу иш эрнинг кундалик вазифаси бўлиши билан бирга, маънавий жиҳатдан энг хайрли ва кони савоб ишлар қаторига киради.

«...ва хотинингнинг таомингдан егани ҳам садақадир ва аҳлингга қилган нафақанг ҳам садақадир…», дейилган.

Бошқа бир ривоятда эса:

«Хотинингнинг оғзига тутган луқмада ҳам сен учун савоб бор», дейилади.

Энг муҳими, бу таомлар ҳалолдан топилган бўлмоғи даркор. Бировнинг ҳаққи, пора, каззоблик, ўғрилик ва бошқа ҳаром-ҳариш йўллардан топилган таъминот оилада бўлмаслиги шарт. Ҳаром ейиш ҳаром юриш билан баробардир.

Авваллари момоларимиз ризқ-рўз топиш учун жўнаб кетаётган эрларига: «Ҳаром касб қилманг. Аллоҳдан қўрқинг. Биз очлик-ночорликка чидаймиз, лекин дўзахнинг азобига чидай олмаймиз», – дер эканлар.

Эр ўзи еган овқатдан хотинига ҳам едиради. Буни алоҳида таъкидлаб айтишга тўғри келади. Баъзи эрлар ўзлари ошхўрликларда овқатнинг сарасини еб, уйга кекириб кирадилар. Оиланинг еб-ичиши билан ишлари бўлмайди. Эҳтимол, бу майда гап бўлиб туюлар. Лекин «Тенг еганни тенг суйибди» деган сўз оила учун ҳам айтилгандир. Тўғри, бутун оиланинг таъминоти эр бошида бўлгач, у сарф қилган куч-қувватига яраша ўзини тиклаши ҳам, албатта, зарур. Аёллар бунга алоҳида эътибор беришлари лозим, лекин бу худбинлик билан бўлмаслиги керак.

Хотинни кийинтириш ҳам таъминотнинг муҳим бир қисми ва у ҳам Исломга кўра, эрнинг вазифасидир. Ҳар бир ақли расо эр, ўз имкониятига қараб, ҳаддан ташқари ошириб ёки камитиб қўймай, хотинини кийим-кечак билан таъминлаши шарт.

Агар эр муттасил бахиллик қилса, хотин унинг рухсатисиз ўзига керагини олса бўлади. Бир мисол:

Ҳинд исмли аёл Пайғамбар алайҳиссаломга эри Абу Суфёндан шикоят қилиб: «Эрим Абу Суфён бахил одам, менга ва боламга етарли нарса бермайди», – деганда, у зоти бобаракот: «Ўзингга ва болаларга етарлисини инсоф билан олавер», – деганлар.

Бунга Қодирийнинг «Меҳробдан чаён» романида ҳам ибратли мисоллар бор.

Хотинга одоб-ахлоқ ўргатиш ҳам эрнинг муҳим вазифасидир. Агар хотиндан баъзи одобсизликлар ўтса, эр яхшилик билан тарбия қилади ва адаб чораларини қўллайди.

Ақли расо, виждонли эр ўз хотини билан тотувликда, иноқликда яхши яшайди. Оилавий ҳаёт эр‑хотин орасидаги шериклик ҳаётидир. Агар икки тараф ҳам бир-бирига яхши муносабатда бўлмаса, бу шерикликка путур етиши, оила бузилиши мумкин.

Қуръони Каримнинг «Нисо» сурасида шундай дейилади:

«…ва улар ила яхшиликда яшанг. Агар уларни ёқтирмасангиз, ажаб эмаски, Аллоҳ сиз ёқтирмаган нарсада кўпгина яхшиликларни қилса» (19‑оят).

Рисоладаги эр, ўз хотинидан баъзи хатолар ўтганда, уни кечиради. Хотини билан муҳаббат, ҳурмат, одоб, ахлоқ асосида муомала қилади, ширинсухан, очиқ чеҳра, кўнгли кенг бўлади. Эр ўз хотинининг айбларини беркитувчи бўлади. Шунингдек, хотин ҳам ўз эрининг айбларини беркитувчи бўлади.

Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида шундай деб марҳамат қилади:

«Улар (хотинлар) сизга либосдирлар, сиз уларга либосдирсиз» (187‑оят).

Қадимги ривоятлардан бирида хотини билан ноилож ажрашишга мажбур бўлган эрдан хотинининг айбини сўрашганда: «Бировнинг айбини сўраб нима қиласизлар? Агар мен у билан қайта ярашиб кетсам, ўз хотинимнинг айбини бировларга фош қилган бўламан, ярашмасам, бегона бир аёлнинг айбини фош қилган бўламан. У ҳам, бу ҳам одобдан эмас», – деган экан.

Кўрдингизми, ажрашган такдирда ҳам, бир-бирининг айбини фош қилмаслик керак, бунинг учун эса, кўнгилни ниҳоятда кенг тутиш, ҳеч қачон ўзининг инсон эканини унутмаслик керак.

Пайғамбаримиз алайҳиссалом:

«Мўминларнинг иймони энг комили уларнинг энг хулқи гўзалидир ва яхшиларингиз аёлларига яхшиларингиздир», – деганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар:

«Яхшиларингиз аҳлига яхшиларингиздир ва мен аҳлига яхшингизман».

Термизий ривоят қилган.

Хотинига яхши муомалада бўлиш ақли расо эрнинг асосий сифатларидан бири экан.

Демак, эр манман бўлмаслиги, саодатни фақат ўзи учун ахтармаслиги, балки хотинига – умр йўлдошига, оиласига ҳам раво кўрмоғи даркор бўлади.

Маданий меросимизда хотинга яхшилик қилишнинг турларидан бири имкон топилганда унга совғалар тақдим этиб туриш, дейилган. Совға муҳаббатнинг рамзидир ва у қалбдаги баъзи гиналарни ҳам чиқариб юборади.

Ҳадиси шарифлардан бирида бу ҳақда:

«Бир-бирларингизга ҳадя бериб туринг, чунки у қалбга муҳаббат солади ва гиналарни кетказади», дейилган.

Маълумки, инсон доим гўзалликни ёқтиради, шу жумладан, аёллар ҳам. Ақли расо эр хотинига кўркам кўринишга уринади. Чунки ўзи ҳам доим аёлининг гўзал, саранжом-саришта бўлишини ёқтиради. Буюк саҳобийлардан бири Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу: «Хотиним мен учун ўзини зийнатлагандек, мен ҳам хотиним учун ўзимни зийнатлайман», – деганлар.

Бир куни халифа Умар розияллоҳу анҳунинг ҳузурига бир аёл ўзининг исқирт ҳолдаги эри билан кириб келди-да, шикоят қилиб: «Мени бундан халос этинг, эй мўминларнинг амири», – деди. Халифа хотиннинг ғазаби сабабини тушунди ва эрни ҳаммомга тушиб, сочу тирноқларини олиб, ўзини ростлаб келишга буюрди. У қайтиб келганда, хотини танимасдан, қочди. Сўнг таниб, даъвосидан қайтиб, ярашиб кетди. Шунда халифа Умар розияллоҳу анҳу: «Аёлларга нисбатан доимо шундай қилинглар! Аллоҳга қасамки, улар сизни зийнатланган ҳолда кўришни яхши кўрадилар. Сизлар ҳам аёлларингизни зийнатли ҳолда кўришни яхши кўрасизлар-ку?» – деганлар.

Албатта, зийнатнинг ҳам чегараси, меъёри бор, ундан чиқиб кетилса ҳам бўлмайди. Ясанишга ортиқча берилиш қалб иллатидандир.

Рисоладаги эр хотинни ҳеч вақт эътиборсиз қолдирмайди. Баъзилар ишга, ўзи қизиққан нарсаларга ҳаддан ташқари берилиб кетиб, аёлларини эсдан чиқариб қўядилар. Бу яхши эмас. Оилавий келишмовчиликларнинг аксари эр‑хотинлик алоқалари жойида эмаслигидан келиб чиқишини ҳеч унутмаслик керак.

Кунларнинг бирида машҳур саҳобий Салмон Форсий розияллоҳу анҳу ўз биродари Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг қошига борсалар, уй эгасининг хотини – Умму Дардони ўзига қарамаган, паришон ҳолда кўрибди. Аёлдан: «Сенга нима бўлди?» – деб сўрабди. Аёл: «Дўстинг Абу Дардонинг дунё билан иши йўқ», – деб жавоб берибди. Абу Дардо келиб, дўстини меҳмон қилмоқ мақсадида олдига таом қўйибди-да:

«Марҳамат қил! Мен нафл рўза тутганман», – дебди. Шунда Салмон:

«Ўзинг емагунингча мен ҳам емайман», – деб бош тортибди. Абу Дардо рўзасини очишга мажбур бўлибди. У кечаси туриб, нафл намоз ўқимоқчи бўлган экан, Салмон:

«Ёт, ухла», – дебди. Анча вақт ўтгандан кейин яна намозга турмоқчи бўлган экан, яна «Ёт, ухла», деган буйруқни эшитибди. Тун охирлаганда Салмон ўзи туриб, уй эгаси билан намозни адо қилибди-да:

«Албатта, сенда Роббингнинг ҳаққи бор, ўз нафсингнинг ҳам ҳаққи бор, аҳлу аёлингнинг ҳам ҳаққи бор, ҳар бир ҳақ эгасининг ҳаққини адо этгин», – дебди.

Абу Дардо Набий алайҳиссаломнинг ҳузурларига бориб, бўлган гапни айтиб берганда, У киши:

«Салмон тўғри айтибди», – деган эканлар.

Хотинига бўлган муҳаббатни сездириш учун эр мулойим бўлиб, унинг сўзларига эътибор билан қулоқ осиб, ҳамфикр эканини изҳор қилиб турмоғи керак. Агар аёл киши овқат пиширган бўлса, янги кийим кийса, бирор хабар ёки қиссани айтса, эр бу нарсаларга эътибор билан муносабатда бўлиб, ўз хурсандлигини, муносабатини баён қилиши даркор. Аёлига уй ишларида ёрдам бериб, бу соҳада ҳам унинг оғирини енгил қилиб туриши керак. Пайғамбар алайҳиссалом ҳам аҳллари хизматида бўлиб, уй супуриб, ўз кийимларини ямаб, қўйларни соққанлар ва умматларига ҳам шундай қилишни буюрганлар.

Рисоладаги эр хотинига лутф билан муомала қилиб, уни энг чиройли исмлар билан чақиради ва камчиликларини кечиради.

Ишончим комилки, мен зикр қилган нарсаларда жамиятимиз ва инсонлар учун зарарли нарсалар мутлақо йўқ. Аксинча, уларнинг ҳаммаси фойдалидир. Буларнинг барчаси тажрибадан ўтган бўлиб, доимо яхшиликка, оилавий алоқаларни мустаҳкамлашга хизмат қилган. Биз оиладаги эр кишининг вазифаларига қисмангина тўхталдик. Томчилардан дарё ҳосил бўлганидек, оилада қут-барака, яхшилик, мустаҳкам асос тўғри муомаладан туғилади.

Агар сиз азизларга маъқул бўлса, биз бу мавзуни давом эттириб, «Рисоладаги хотин», «Рисоладаги ота‑она», «Рисоладаги фарзанд», «Рисоладаги оила» ва шу каби мавзуларда ҳам мақолалар ёзишни давом эттиришимиз мумкин.

Бу каби фикрлашувлардан халқимиз оз бўлса-да, маънавий манфаат топса, биз учун катта бахт бўлар эди.

 

ШАЙХ МУҲАММАД СОДИҚ МУҲАММАД ЮСУФ

(БАХТИЁР ОИЛА КИТОБИДАН)

 


 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz