СУННАТ ВА АҚОИД МАСАЛАЛАРИ Принтер учун
28.09.2007 й.

Суннати Мутоҳҳара Ислом Шариатиниг иккинчи масдари ўлароқ ақийда масаласида ҳам Қуръони Каримдан кейинги иккинчи масдар ҳисобланади. Аммо ақоид илми уламолари Суннати Мутоҳҳарага нисбатан ўзига хос қоида, услуб ва истилоҳлар ишлатадилар. Бу эса, ҳудди Ҳадис, Усули фиқҳ ва Фиқҳ илмлари уламолари ўзларига хос қоида, услуб ва истилоҳлар ишлатганларига ўхшайди. Ақоид илми уламолари ўзлари шуғулланаётган соҳа ўта нозиклигидан, ўта ҳассослигидан келиб чиқиб, ҳадисларни қабул қилиш ва улардан ақийда масалаларида ҳужжат сифатида фойдаланиш борасида ҳам жуда нозик ва ҳассос қоидаларни ишлатганлар.

Кези келганда ҳар бир иш нозиклашган сари унинг ҳақида ҳукм чиқариш учун зарур шарт-шароитлар ҳам нозиклашиб боравериши умумий қоида эканлигини эслаб қўймоғимиз ўринлидир.
Исломда шаръий далиллардан фойдаланишда ҳудди ўша қоидага амал қилиш ажойиб услуб ила йўлга қўйилгандир. Мисол учун уламоларимиз, тарғиб-ташвиқ бобида унча қувватли бўлмаган ҳадислар ҳам мақбул, деганлар. Аммо баъзи шахсларга жазо таъйин қилишга ишлатиладиган ҳадислар етарли қувватга эга бўлиши шарт қилинган. Ўлим жазосига ҳукм этиш учун далил бўладиган ҳадислар учун эса, жуда ҳам қаттиқ шартларни қўйганлар. Чунки, тарғиб-ташвиқ масаласи фақат фойда келтиради, халос. Бировни жазолаш эса, аҳамиятли иш. Унда инсоннинг ҳаққи поймол бўлиши ёки ноҳақдан ҳақоратлаш юзага чиқиши мумкин. Бир одамни ўлимга ҳукм қилиш эса, ўта нозик иш. Бундоқ ишда қаттиқ туриб хато қилиш билан бировнинг ўлимига сабаб бўлишдан кўра, бўш туриб, хато қилиб, жиноятчи жазосиз қолгани яхши ҳисобланади.
Исломда энг нозик масала, эътиқод масаласи эканлиги ҳаммага маълум. Айни ана шу эътибордан Аллоҳ таоло ақийданинг жавҳарий – асл масалаларини, бошқача қилиб айтганимизда рукнларини Қуръони Карим орқали собит қилгандир.Чунки, бу соҳада бир сўз билан кишининг иймони куфрга, жаннати дўзахга айланиб кетиши мумкин. Шунинг учун ҳам ақоид илми уламоларимиз Қуръони Каримдан кейин иккинчи ўринда турадиган далил ҳадиси шарифларни ақийда бобида далил қилароқ қандоқ шартлар ила қабул қилиш кераклиги ҳақида тортишганлар. Тортишув асосан жумҳури уламолар билан баъзи ҳанбалийлар орасида бўлган.
Ўртага биринчи қўйилган масала, зонн(гумон) ила ақийда собит бўладими, йўқми, деган масала бўлган. Оддий ҳолатда бу савол қизиқ туюлиши турган гап. Гумон билан бир иш қилиб бўлиши мумкин эмсалигини ҳамма яхши билади. Ундоқ бўлса, уламолар ақийдага ўхшаш ўта нозик масалага гумонни аралаштириб нима қиладилар, дейишимиз мумкин. Лекин ақийда илми уламолари истилоҳида зонн – гумон; зинҳор, заррача ҳам шубҳа кўтармайдиган, қатъий илми яқинни англатишини билганимиздан сўнг ҳеч ҳам ажабланишга ўрин қолмайди. Бу саволга ҳамма бараварига, зонн – гумон ила ақийда собит бўлиши мумкин эмас, деб жавоб берган.
Кейин, оҳод ҳадис (албатта саҳиҳ бўлиш шарти ила) зонни ифода этадими ёки илмни, деган масала ўртага қўйилган. Бу жумладаги «илм»дан мурод, илми ақоид уламолари истилоҳида, заррача шубҳаси йўқ илми яқинни ифода этишини ҳам айтиб қўйишимиз лозим. Маълумки, оҳод ҳадис дейилганда, ёлғонга келишиб олишлари мумкин бўлмаган даражада кўп сондаги кишилар ривоят қилмаган ҳадис тушинилади.
Бу саволга келганда икки хил жавоб бўлган:
1 – Жумҳури уламолар, оҳод ҳадислар(агар саҳиҳ бўлсалар ҳам) фақат гумонни ифода этади, илми яқинни ифода этмайди, деганлар.
2 – Баъзи ҳанбалий уламолар, оҳод ҳадислар, агар саҳиҳ бўлсалар, илми яқинни ифода этади, деганлар. Аввал ҳамма, зонн билан, илми яқинсиз, ақийда собит бўлмайди, деган эди. Энди жумҳури уламолар, оҳод ҳадислар (агар саҳиҳ бўлсалар ҳам) зонни ифода қилади халос, демоқдалар. Ундоқ бўлса, ақийда собит бўлиши учун фақат мутавотир, яъни, ёлғонга келишиб олишлари мумкин бўлмаган кўп сондаги ровийлар ривоят қилган ҳадисгина ярар эканда?
Лекин ақийда бўйича келтирилган далилларга қарасак, кўплаб нарсалар оҳод ҳадислар ила собит бўлганини кўрамиз. Яна ҳайрон қоламиз. Жумҳури уламоларга, сиз муҳтарамлар, оҳод ҳадис ила ақийда собит бўлмайди, дейсизлар. Аммо биз қараб кўрсак, қабр азоби, Мункар Накрнинг саволи, Сирот, ҳавз, Мизон, Шафоат каби кўплаб ақийда масалалари айнан оҳод ҳадислар билан собит бўлган эканку, деб сўраймиз.
Улар бизга, гапингиз жуда тўғри, биз ҳеч қачон сиз айтган нарсаларни ва яна сиз айтмаган кўпгина нарсаларни оҳод ҳадислар билан собит бўлмайди, деганимиз йўқ. Сизлар бизнинг истилоҳимизга тушинмабсизлар. Биз, зонн билан, бошқача қилиб айтганда, оҳод ҳадис билан ақийда собит бўлмайди, деганимизда ақийда рукнларини, инкор қилган инсон Ислом доирасидан бутунлай чиқиб кетадиган, Аллоҳ таолонинг мавжудлиги, Пайғамбарларнинг ҳақлиги каби масалаларни кўзда тутганмиз. Шунинг учун ҳаммамиз ҳеч қандай ихтилофсиз ақийданинг фаръий масалаларида оҳод ҳадисларни, агар улар саҳиҳ бўлса қабул қилишга қарор қилганмиз, дейдилар.
Ана энди ҳамма нарса равшан бўлди. Ислом ақийдасининг асоси ҳисобланган, иймонинг рукни бўлган, Аллоҳ таолога, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга, Қуръони Каримга, Қиёмат кунига, фаришталарга, Қазои қадарга ва бошқа шунга ўхшаш «Диндан деб билишлик зарур ҳисобланган», иймон келтирмаган одам бутунлай диндан чиқиб кофир бўладиган нарсаларнинг собит бўлиши учун илми яқиний лозим экан. Бу эса Қуръони Карим кучидаги далилни тақозо қилади. Дарҳақиқат мазкур нарсалар Қуръони Карим ила собит бўлган. Бунда ҳеч ким хилоф қилмайди.
Лекин афсуски, оҳод ҳадис илми яқинийни ифода қиладими, деган тортишув натижаси кейинчалик баъзи бир ноқулайликлар келтириб чиқарди. Ўша масалада, жумҳури уламолар; Аҳли Сунна ва жамоа, Моликийси бўлсин, Шофеъийси бўлсин, Ҳанафийси бўлсин, Ҳанбалийси бўлсин ва яна бошқалари бўлсин оҳод ҳадис, ҳар қанча саҳиҳ бўлса ҳам, у билан инкор қилган кишини иймондан ажратадиган ақийда собит бўлмайди, деганлар. Муҳаддислар ва баъзи қавлларга қараганда Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи оҳод ҳадис ила илми яқиний, бинобарин, инкор қилган киши кофир бўладиган ақийда собит бўлади, деганлар.
Ҳозир ана шу гапни тутиб олиб, мусулмонларни сал нарсага кофирга чиқарадиганлар кўпайиб кетган. Баъзи бир ҳадиси шарифларда, маълум гапларни айтган ёки ишларни қилганларга куфр ёҳуд ширк нисбати берилган. Ўша ҳадислар саҳиҳ бўлиши мумкин. Лекин ҳаммаси оҳод ҳадислар. Уламолар ҳатто мутавотир ҳадис билан ҳам инсонни диндан чиқди, деб ҳукм қилиш мумкин эмас, деб иттифоқ қилганлар. Мазкур оҳод ҳадислардаги куфр ва ширк эса, одамни иймонидан бутунлай жудо қиладиган куфру ширк эмас, балки, кичик куфр ва кичик ширк ҳисобланади. Яъни, куфр ва ширкка оид бир иш қилган ҳисобланади. Уларни қилган хатокор инсон тавба қилмоғи лозим бўлади.
Кўриниб турибдики, Суннати Мутоҳҳара илми катта бир уммон, унда сузишни билмаганлар ўзларига ҳам, уларга ишонганларга ҳам қийин қилиб қўйиши ҳеч гап эмас. Шунинг учун бу улуғ илмни қўлидан келганича ўрганмоқ керак. Озгина нарсани билиб олиб, шовқин кўтаришга шошилмаслик лозим.
Ушбу – »Ҳадис ва Ҳаёт» деб номланган китобимиз Суннати Мутоҳҳарани халқимизга етказишда ожизона бир қадам бўлса ажаб эрмас, деган умид бор. Аллоҳ таоло Ўзи муваффақ қилсин.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz