ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМ Принтер учун
02.10.2007 й.

Қуръони Каримда исми шарифи кўп зикр қилинган зотлардан бирлари Иброҳим алайҳиссаломдирлар, десак муболаға қилмаган бўламиз. У зотнинг муборак исмлари каломи илоҳий олтмиш тўққиз марта зикр қилинган экан. Иброҳим алайҳиссаломнинг қиссалари ҳам Қуръони Каримда энг кўп келтириладиган қиссалардандир. Бақара, Мариям, Анкабут, Наҳл, Нисо, Анъом, Зарият ва бошқа сураларда Иброҳим алайҳиссалом ҳақидаги ояти карималарни тиловат қиламиз.

Шунингдек, каломи илоҳийнинг бутун бошли бир сураси ҳазрати Иброҳим алайҳиссалом номлари билан аталишини ҳам таъкидлаб ўтмоғимиз лозим.
Албатта, Иброҳим алайҳиссаломга Қуръони Каримда бунчалик катта эътибор берилиши бежиз эмас.
Зотан у зот Халилур Роҳман, Анбиёлар отаси, Улул азм пайғамбарларнинг бири, ҳам яҳудийлик, ҳам насронийлик, ҳам Исломда катта мартаба соҳиби бир зотдирлар. Иброҳим алайҳиссалом Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг катта боболаридирлар.
Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, Иброҳим алайҳиссаломнинг фазилатлари ва мартабаларини ўрнига қўйишга одам боласи ожизлик қилади. Шунинг учун у зот васфларида келган бир оят ва бир ҳадиси шарифни мисол тариқасида келтириш билан кифояланамиз.
Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссалом ҳақларида «Марям» сурасида қуйидаги марҳаматни қилади: «Китобда Иброҳимни эсла. Албатта, у сиддиқ ва набий бўлган эди». (41 оят)
Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, Қуръонда Иброҳим алайҳиссаломнинг қиссасини зикр қил. У сиддиқ–ўзи ҳам, сўзи ҳам тўғри, шунинг баробарида, набий–Пайғамбар бўлган эди. Иброҳим алайҳиссаломнинг сиддиқлик сифатлари «кўп тасдиқловчи» маъносини ҳам англатади.
Анас розияллоҳу анҳу: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб:
«Эй, одамларнинг яхшиси!» деди.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Иброҳим алайҳиссалом ўшандоқдир», дедилар». Муслим, Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам Иброҳим алайҳиссаломни энг яхши, энг афзал инсон зоти сифатила кўрганлари билинади. Албатта, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Аллоҳ таолонинг афзал халқи бўлганлари ҳақида ҳеч қандай шубҳа йўқ. Аммо бу ҳадисдаги гапни У зот алайҳиссалом ўзларининг афзалликлари ҳақидаги хабар келишидан олдин ва ўта камтарлик сифатлари ила айтганлар.

ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ НАСАБЛАРИ

Иброҳим алайҳиссаломнинг оталарининг исми Озар, боболарининг исми Ноҳур, катта боболарининг исми Соруғ бўлган. У зотнинг насаблари Нуҳ алайҳиссаломнинг ўғилари Сомга етиб боради.
Иброҳим алайҳиссаломнинг кунялари «Абуз Зийфон» бўлган. Бу «меҳмонлар отаси» деган маънони англатади. Иброҳим алайҳиссаломнинг ўз меҳмонлари билан бўлган қиссалари Қуръони Каримдаги энг машҳур қиссалардан эканлиги маълум.

ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ТУҒИЛИШЛАРИ

Иброҳим алайҳиссалом Бобилда таваллуд топганлар. Бобил ҳозирги Ироқ ҳудудида бўлганлиги ҳам ҳаммага маълум. Иброҳим алайҳиссалом таваллуд топганларида оталари етмиш беш ёшда бўлган эканлар. Иброҳим алайҳиссалом бош фарзанд бўлганлар.

У ЗОТНИНГ УЛҒАЙИШЛАРИ

Иброҳим алайҳиссалом илоҳий таълимотлардан узоқлашган бузуқ бир жамиятда ўсдилар. Ўша вақтда Бобилга Намруд исмли мустабид, золим подшоҳ ҳукмдорлик қилар эди. У ернинг одамлари молу-дунё ва айшу-ишратга берилган эдилар. Шу билан бирга ширк эътиқодида бўлиб, буту-санамларга сиғинар эдилар. Қавмнинг эътиқоди бузуқлигидан фойдаланган подшоҳ, ўзини Худо деб эълон қилган эди. Иброҳим алайҳиссалом ўсиб улғайган сари бу номаъқулчиликларга қаршиликлари ҳам улғайиб борди.

ИМОМЛИККА ИХТИЁР ҚИЛИНИШЛАРИ

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга рушди ҳидоят ато қилган эди. Ана шу сабабдан у зот ёшликларидан ширк, зулм ва истибдодга қарши бўлиб ўсдилар. Вақти соати келганда Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни пайғамбарликка танлаб олди:
«Иброҳимни Роббиси калималар ила синаб кўрганда, у уларни батамом адо этганини эсла! У зот: «Мен, албатта, сени одамларга имом қилмоқчиман» деди. У: «Зурриётимдан ҳамми?» деди. У зот: «Золимлар аҳдимга ҳеч қачон эриша олмаслар», деди». (Бақара сураси 126 оят)
Аллоҳ таолонинг Иброҳим алайҳиссаломни синаган «калималар» ҳақида тафсирчиларимиз турлича фикрлар билдирганлар.
Хулоса шуки, бу калималар буйруқ ва қайтариқлар мажмуасидир. Яъни, Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга бир қанча ишларга амрлар қилди ва бир қанчаларидан қайтарди. Иброҳим алайҳиссалом вафодор банда сифатида у калималарни кам-кўстсиз адо этдилар. Мукофот тариқасида Аллоҳ таоло у кишига: «Мен, албатта, сени одамларга имом қилмоқчиман», деди.
«Имом» сўзи пешво, олдиндаги, бошловчи шахс маъноларини билдиради. Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломни одамларга пешво, бошлиқ, раҳнамо қилмоқчи эканини билдирди.
Шу пайтда Иброҳим аллайҳиссаломнинг инсонлик табиатлари ўзини кўрсатди: оддий бир инсон сифатида болалари, набиралари, зурриётларини ўйладиларда:
«Зурриётимдан ҳамми?» дедилар.
Аллоҳ субҳонаҳу ва таоло бу саволга бевосита жавоб бермади, балки умумий қоидани айтди:
«Золимлар аҳдимга ҳеч қачон эриша олмайдилар», деди».
«Золимлар» кимлар?
Зулм, золимлик турлича бўлади. Куфр, ширк ва гуноҳ ишлар қилиш билан, диний кўрсатмалардан чиқиш билан ўзига ўзи зулм қилиш ҳам золимлик, ўзга кишиларга нисбатан адолатсиз муносабатда бўлиб зулм қилиш ҳам золимликдир.

КУРАШГА ШАЙЛАНИШ

Иброҳим алайҳиссалом бу ишлардан кейин ширк ва мушрикларга қарши кураш, тавҳид ақийдасини тарқатиш учун тинимсиз курашга уринишлари керак эди. Бу жиҳодни қилиш учун эса мушрик ва кофирлар билан талашиб-тортишиш, ҳужжат-далил суриштириш керак бўлар эди. Шунинг учун ўз тажрибалари асосида ўша замон ва унинг муҳитида ўзлари дуч келиши муқаррар бўлган баъзи саволларга Аллоҳ таолонинг Ўзидан жавоб олиш, баъзи нарсаларни тажрибадан ўтказиб олиш мақсадида Роббил оламинга қуйидаги нидони қилдилар:
«Эсла, Иброҳим: «Эй Роббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат», деганда, У зот: «Ишонмадингми?» деди. У: Оре, лекин қалбим хотиржам бўлиши учун», деди. У зот: «Қушдан тўртта олгин-да, ўзингга тортиб, кесиб майдала, сўнгра улардан ҳар бир тоққа бўлакларини қўйгин, кейин уларни ўзингга чақир, ҳузурингга тезлаб келадилар», деди. «Ва билгинки, албатта, Аллоҳ азиз ва ҳаким зотдир». (Бақара сураси 260 оят)
Бу оятда Аллоҳ таолонинг энг улуғ Пайғамбарларидан бири Иброҳим алайҳиссалом ўз Роббидан ўликларни қандай қилиб тирилтиришни кўрсатишини сўрамоқдалар.
«Иброҳим: «Эй Роббим, менга ўликларни қандай тирилтиришингни кўрсат», деганда»
Бу савол мўмин банданинг ўз Роббининг қудратини кўриб қувониши, иймонига иймон қўшилиши учун бўлган саволдир. Ваҳоланки, Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таоло ўликларни тирилтира олишига ҳеч қандай шубҳа қилмас эдилар. У зотнинг бунга ишончлари комил эди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло: «Ишонмадингми?» деб сўраганида: «У: Оре, лекин қалбим хотиржам бўлиши учун», деди».
Дилда ишонган нарсани, кўз билан кўриб, Аллоҳ таолонинг қудратига қоил қолиб, мўмин банда ўз Роббининг мўъжизаларини кўриб маза қилгандек, маза қилиб, кўнгли хотиржам бўлиши учун сўраганлар.
Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломнинг қалбларидаги бу шавқни қондириш учун саволга амалий жавоб беришни ирода қилди ва бу тажрибада савол берувчининг ўзини ҳам иштирок этдирди.
«Қушдан тўртта олгин-да, ўзингга тортиб, кесиб майдала, сўнгра улардан ҳар бир тоққа бўлакларини қўйгин»,
Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга тўртта қуш олишни ва уларни майдалаб ташлашни буюрди. Ва яна, у қушларни ўзингга торт, деди. Яъни, уларга яқиндан қараб, яхшилаб кўриб, таниб олишни амр этди. Қайси қуш қанақа, ранги қандай, қаноти, думи ва бошқа аломатлари қандай? Буларни таниб олишдан мақсад шуки, кесиб майдалаб ташланган қушлар қайта тирилтирилганда, аломатлари аввалги ҳолатларига мос келишини кўришдир.
Сўнгра кесиб-майдаланган қушларнинг бўлакларни атрофдаги тоғларга сочиб юборишга, аралаштириб, ҳар жойларга тарқатишига амр қилди.
«Кейин уларни ҳузурингга чақир», деди.
Шундай қилса, қушларнинг майдалаб ташланган бўлаклари қайтадан бирлашиб, асл ҳолига қайтиб, тирилган ҳолида тезлаб келишларини айтди.
Шу тариқа Иброҳим алайҳиссалату вассаллом ўз тажрибаларида Аллоҳ таоло ўликларни қандай қилиб тирилтиришини кўрдилар.
«Ва билгинки, албатта, Аллоҳ азиз ва ҳаким зотдир».
У азизлигидан, хоҳлаган ишини қилади, Унга ҳеч бир зот тўсиқ бўла олмайди. У ҳаким бўлганида, ҳар бир ишни ҳикмат билан қилади. Унинг беҳикмат иши йўқ.

ШИРККА ҚАРШИ КУРАШНИНГ БОШЛАНИШИ

Барча тайёргарликлар кўриб бўлингандан кейин Иброҳим алайҳиссалом ширкка қарши курашни бошладилар. Бу улкан курашни у зот аввал ўз оилаларидан бошладилар. Иброҳим алайҳиссалом биринчи навбатда ўзларининг мушрик оталарини ширкни тарк қилишга даъват қилдилар. Ота эътироз билдирди. Орада мунозара бўлди. Ана ўша ҳолни «Марям» сурасида қуйидагича васф қилинади:
«Китобда Иброҳимни эсла. Албатта, у сиддиқ ва набий бўлган эди». (41 оят)
Эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам, Қуръонда Иброҳим алайҳиссаломнинг қиссасини зикр қил. У сиддиқ–ўзи ҳам, сўзи ҳам тўғри, шунинг баробарида, набий–Пайғамбар бўлган эди. Иброҳим алайҳиссаломнинг сиддиқлик сифатлари «кўп тасдиқловчи» маъносини ҳам англатади.
«Қачонки у отасига: «Эй отажон, нима учун эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сенга бирон фойда бермайдиган нарсага ибодат қиласан?
Эй отажон, албатта, сенга келмаган илм менга келди. Бас, менга эргаш, сени тўғри йўлга бошлайман.
Эй отажон, шайтонга ибодат қилма. Албатта, шайтон Роҳманга осий бўлгандир.
Эй отажон, албатта, мен сени Роҳман томонидан азоб тутишидан ва шайтонга дўст бўлиб қолишингдан қўрқаман», деган эди». (42-45 оят)
Ушбу тўрт ояти каримада «Пайғамбарлар отаси» лақабини олмиш зот, Аллоҳнинг улуғ Пайғамбари Иброҳим алайҳиссаломнинг оталарини ширкни тарк этиб, Аллоҳнинг ибодатини қилишга чақиришлари баён қилинмоқда.
Иброҳим алайҳиссалом оталарини тўғри йўлга даъват этишдан олдин, ота нотўғри йўлда эканини савол йўсинида баён қилдилар.
«Эй отажон, нима учун эшитмайдиган, кўрмайдиган ва сенга бирон фойда бермайдиган нарсага ибодат қиласан?»
Иброҳим алайҳиссаломнинг қавмлари, шу жумладан, оталари ҳам, ўзлари ясаб олган жонсиз бутларга ибодат қилишар эди. Табиийки, бутлар ҳаётсиз бўлганларидан, ҳеч нарсани эшитмайди ва кўрмайди. Шу боисдан ўзига ибодат қилаётган мушрикларни кўрмаслиги, уларнинг дуоларини эшитмаслиги табиий. Жонсиз, ҳиссиз нарса, бировга на фойда, на зиён етказа олади. Иброҳим алайҳиссалом жўяли савол ила ушбу ҳақиқатни оталарига эслатдилар.
Аслида, инсоннинг ибодати унинг ўзидан кўра олий, олим ва қудратли зотга таважжуҳ этиш–юз тутиш ила бўлмоғи лозим. Ана шунда инсон ўз мақомидан чандон юқори мақомга юзланади.
Инсоннинг ҳайвондан ҳам тубан, жонсиз бир нарсага юзланиши, ёлбориши, розилигини топишга уриниши, унга қурбонликлар келтириши ўз қадрини ерга уриш, ўзини жонсиз нарсалардан ҳам паст деб тан олишидир. Бу иш инсоният учун улуғ исноддир.
«Эй отажон, албатта, сенга келмаган илм менга келди».
Яъни, менга ваҳий йўли билан Худони таниш, сифатларини англаш, Унга қандай ибодат қилиш илми–сен билмаган илм келди.
Мулоҳаза қиладиган бўлсак, Иброҳим алайҳиссалом оталарига олий мақомдаги одоб билан мурожаат қилмоқдалар. У зот «Сен кофирсан, мушриксан», каби оғир гапларни айтмаяптилар. Шунингдек, «Мен Пайғамбарман, Аллоҳнинг халилиман», каби ўз шаънларини тавсифлаш ҳам йўқ. Балки, бу гапларни ўзимча тўқиб эмас, менга келган илм асосида гапирмоқдаман, демоқдалар.
«Бас, менга эргаш, сени тўғри йўлга бошлайман».
Чунки мен сен билмаган нарсани биламан.
Демак, дин-диёнат ишида ёши катта ёки ота-бола деган мулоҳаза бўлмас экан. Кичик ўзидан каттага, бола ўз отасига залолат йўлини тарк этиб, ҳидоят йўлида юришни англатиши зарур.
«Эй отажон, шайтонга ибодат қилма».
Яъни, шайтоннинг айтганини қилма, унинг йўлига юрма. Бутга сиғиниш ҳам шайтоннинг иши. Бу ботил амалга шайтон бошлайди. Бинобарин, бутга ибодат қилиш шайтонга ибодат қилишдир.
«Албатта, шайтон Роҳманга осий бўлгандир».
Роҳманга осий бўлган шайтонга банда қандай ибодат қилиши мумкин? У ҳолда шайтондан ҳам тубан бўлиб қолади-ку?!
Ҳа, Аллоҳнинг ёлғиз Ўзига ибодат қилмаганлар, фақат Унинг кўрсатмалари асосида яшамаганлар шайтондан ҳам баттардирлар.
«Эй отажон, албатта, мен сени Роҳман томонидан азоб тутишидан ва шайтонга дўст бўлиб қолишингдан қўрқаман».
Яъни, агар шу тарзда шайтонга эргашиб юраверсанг, албатта, Роҳманнинг азобига дучор бўласан. Унда бир йўла шайтонга дўст бўлиб қоласан. Бу эса, энг ёмон оқибатдир.
Иброҳим алайҳиссаломнинг лутф ила қилаётган куюнчакликлари отанинг тош қотган мушрик қалбига таъсир қилмади. Ўғлининг пурҳикмат гапларига қўполлик, дағаллик ва таҳдид ила жавоб берди:
«У: «Эй Иброҳим, сен менинг худоларимдан юз ўгирувчимисан?! Қасамки, агар тўхтамасанг, сени, албатта, тошбўрон қиламан! Мендан узоқ кет!» деди». (46 оят)
Яъни, «Эй Иброҳим, ҳали сен менинг худоларимдан юз ўгиряпсанми?! Уларга ибодатдан бош тортяпсанми?! Билиб қўй! Қасам ичиб айтаманки, агар уларни таҳқирлашдан тўхтамасанг, сени ўлим кутади, албатта, тошбўрон қиламан. Йўқол! Кўзимга кўринма! Мендан узоқ кет!» деди.
Бундай қаттиқ таҳдиддан кейин ҳам Иброҳим алайҳиссалом жаҳл қилмадилар. Босиқлик билан гапларида давом этдилар.
«У: «Омон бўл. Энди Роббимдан сени мағфират қилишини сўрайман. Албатта, У менга жуда ҳам лутфи марҳаматлидир». (47 оят)
Яъни, нима десанг ҳам майли, омон бўл. Сен билмай жоҳиллик қиляпсан. Энди мен Роббимдан сенинг гуноҳингни кечиришини, гумроҳлигинг жазоси сифатида залолатда бардавом қолдирмасдан, ҳидоят йўлига ўтишинг учун имконият яратишини сўрайман. У зот доимо менга марҳаматли бўлган. Қачон бир нарсани сўраб дуо қилсам, ижобот айлаган. Бу гал ҳам шундай бўлса, ажаб эмас.
Агар менинг даъватим сизларга ёқмаётган бўлса, сизларнинг орангизда туришимни хоҳламаётган бўлсангиз:
«Мен сизлардан ҳам, Аллоҳдан ўзга илтижо қилаётган нарсангиздан ҳам четланаман ва Роббимга илтижо қиламан. Шоядки, Роббимга илтижо қилиш ила бадбахт бўлмасам», деди». (48 оят)
Яъни, мен сизлардан ҳам, бутларингиздан ҳам четланаман. Узоққа кетаман. Сизлар билан туриш менга ҳавас эмас. Мен ўз Роббимга ибодат қиламан. Албатта, Роббимга ибодат қилиш ила ҳеч қачон бадбахт бўлмайман.
Тафсирчиларимиз, «шояд» сўзи Аллоҳ таолога нисбатан ишлатилганда «албатта» маъносини англатади, деганлар.

МУШРИК ҚАВМ ИЛА МУНОЗАРА

Иброҳим алайҳиссалом оталарига қилган даъватлари фойда бермаганидан сўнг, оталарига қўшиб қавмга ҳам хитоб қилишга ўтдилар. У зотнинг мушрик қавм ила олиб борган мунозараларидан бир кўринишни «Анбиё» сурасида қуйидагича баён қилинади:
«Батаҳқиқ, илгари Биз Иброҳимга рушди ҳидоятни берган эдик. Биз унинг (ҳолини) билгувчи эдик». (51 оят)
Яъни, ушбу ҳолдан илгари:
«...Биз Иброҳимга рушди ҳидоятни берган эдик».
Иброҳим Аллоҳ томонидан рушди ҳидоят берилган зотлар ичида аввалгиларидан бири эди. Биз унга рушдни бехосдан берганимиз йўқ.
«Биз унинг (ҳолини) билгувчи эдик».
Биз Иброҳимнинг руши ҳидоятга, Пайғамбар бўлишга лойиқ зотлигини яхши билар эдик.
«Ўшанда у отасига ва қавмига: «Манави сиз ибодатига берилаётган ҳайкаллар нима?» деган эди. (52 оят)
Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳ таолонинг рушди туфайли отаси ва қавми сиғинаётган ҳайкаллар–ҳеч нарса эмаслигини ва улар ибодатга лойиқ эмаслигини англаганларидан кейин, уларга ушбу инкорий саволни бердилар.
«Улар: «Ота-боболаримизни уларга ибодат қилган ҳолларида топганмиз», дедилар». (53 оят)
У кишининг оталари ҳам, қавмлари ҳам юқоридаги саволга тўғри жавоб бера олмасди. Чунки нима учун ҳайкалларга сиғинаётганларини уларнинг ўзлари ҳам тушунмасди. Улар ота-боболаридан кўриб, ҳайкалларга ибодат қилмоқдалар. Аммо ақлларини ишлатиб кўришмаган. Иброҳим алайҳиссалом эса, Аллоҳнинг рушди ҳидояти туфайли бу ишнинг–ҳайкалга топинишнинг очиқ-ойдин залолат эканини яхши билар эдилар. Шунинг учун ҳам мушриклардан ушбу жавобни эшитганларида:
«У: «Батаҳқиқ, сиз ҳам, ота-боболарингиз ҳам очиқ-ойдин залолатдасизлар», деди». (54 оят)
Бу дунёдаги ҳақиқат, тўғри йўл ота-боболарнинг қилган иши билан эмас, Аллоҳнинг кўрсатган йўлланмаси билан белгиланади.
Иброҳим алайҳиссаломнинг бундай кескин гапига жавобан:
«Улар: «Сен бизга ҳақ ила келдингми ёки ўйин қилгувчиларданмисан?» дедилар». (55 оят)
Улар, гапинг жиддийми ёки ҳазил қиляпсанми, деб сўрадилар. Эътиқодлари пуч бўлганидан, дарҳол шак-шубҳага тушиб, иккиланиб қолдилар.
Иброҳим алайҳиссаломнинг эса, иккиланадиган жойлари йўқ эди. Шунинг учун ҳам тўла ишонч билан гапирдилар:
«У: «Йўқ! Роббингиз осмонлару ернинг Роббидир. У зот уларни яратгандир. Мен бунга гувоҳлик бергувчиларданман». (56 оят)
Яъни, сизга ўхшаб иккиланиб ўтиришга ўрин йўқ!
Сиз Унинг ҳақида иккиланиб турган,
«Роббингиз осмонлару ернинг Роббидир».
Ўша зот сизнинг Роббингиз, яратувчингиз, ризқ берувчингиз ва тарбиячингиз бўлгани каби, ҳамма осмонлару ернинг ва улардаги нарсаларнинг ҳам Роббидир.
«У зот уларни яратгандир».
Уларнинг ҳаммасини ўша Робб сифатига эга зот–Аллоҳ яратгандир, йўқдан бор қилгандир.
«Мен бунга гувоҳлик бергувчиларданман».
Ана ўша гапларнинг ҳақлигига гувоҳлик берувчиларданман.
Чунки Иброҳим алайҳиссалом бу гапларни асосий масдардан Пайғамбар сифатлари ила қабул қилиб олганлар. Шунинг учун ҳам тўла ишонч ила гувоҳлик беришга ҳақлари бор.
Сўнгра Иброҳим алайҳиссалом уларга ва бутларига қарши аёвсиз кураш олиб боришларини очиқ айтдилар:
«Аллоҳга қасамки, сизлар ортга ўгирилиб кетганингиздан кейин санамларингизга бир бало қиламан», деди». (57 оят)
Яъни, Иброҳим алайҳиссалом ўзлари билан тортишаётган қавмларига, уларнинг санамларига бир ёмонлик етказишлари аниқлигини қасам ила таъкидлаб айтдилар. Аммо нима қилишларини очиқ-ойдин айтмадилар. Араб тилида «санам» деб бош қисми инсон шаклига ўхшатиб ишланган бутларга айтилади.

ЯГОНА АЛЛОҲНИНГ ЎЗИГА ИЙМОНГА ДАЪВАТ

Ўтган умматлар орасида Аллоҳга ширк келтиришда ғоят машҳур бўлган қавмлардан бири Иброҳим алайҳиссаломнинг умматлари эди. Улар нафақат буту-санамларга, балки юлдуз, ой, қуёш каби нарсаларга ҳам сиғинишар эди. Иброҳим алайҳиссалом уларга бу нарсаларга эмас, уларни яратган Холиққа-Аллоҳ таолонинг Ўзига иймон келтириб, ибодат қилишга даъват қилдилар. Бу даъватни таъсирли чиқиши учун ўша қавмга таъсир қиладиган турли услубларни қўлладилар. Ана ўшандоқ тасарруфлардан бирини «Анъом» сурасида ажойиб бир услубда баён қилинади:
«Иброҳимнинг отаси Озарга: «Санамларни худолар қилиб оласанми? Мен сени ва сенинг қавмингни, албатта, очиқ-ойдин адашувда кўрмоқдаман», деганини эсла». (74 оят)
Маълумки, Иброҳим алайҳиссалом ўз қавмлари–Ироқ калдонийлари орасида ўсиб-улғайди. Ақлини танигач, қараса, отаси ҳам, қавмнинг бошқа аҳли ҳам тошдан, ёғочдан ўзлари йўниб-ўйиб ишлаб олган бут ва санамларга сиғинмоқдалар.
Иброҳим алайҳиссалом соф қалби ва онги ила бу иш нотўғри эканлигини, жонсиз тош ёки жонсиз ёғоч одамлар томонидан бир оз ишлов берилгани билан худога айланиб қолмаслигини тушуниб етди. Жонсиз тош ва жонсиз ёғоч, одамлар қанча ишлов берса ҳам жонсизлигича қолади.
Ўзи жонсиз бўлган нарса ўзгаларга қандай қилиб жон ато қила олсин?! Ўзи ақлсиз нарса қандай қилиб ўзгаларга ақл беради?! Ўзидан зарарни қайтара олмайдиган нарса қандай қилиб ўзгалардан зарарни қайтара олади?!
Ушбу ҳақиқатни англаган ёш Иброҳим алайҳиссалом отасини ва унинг қавмини очиқ-ойдин адашувда эканини ҳам англаб етди. Бу тушунчани уларнинг вакили бўлган ўз отаси юзига очиқчасига айтди:
«Санамларни худолар қилиб оласанми? Мен сени ва сенинг қавмингни, албатта, очиқ-ойдин адашувда кўрмоқдаман» деди.
Аллоҳ таоло ушбу ояти каримада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ана ўша тарихий ҳодисани эслатиш ила Иброҳим алайҳиссаломнинг қиссаларини бошламоқда. Мазкур қиссанинг тафсилоти қуйидагича:
«Худди шундай қилиб, Иброҳимга аниқ ишонувчилардан бўлиши учун осмонлару ернинг мулкларини кўрсатурмиз». (75 оят)
Яъни, Иброҳимга худди отаси ва унинг қавми очиқ-ойдин адашувда эканлигини соф қалби ва онги ила кўрсатганимиздек, унга ушбу соф қалб ва онг ила осмонлару ердаги мулкларни, улардаги сиру асрорларни ҳам кўрсатамиз. Шунда у бут ва санамларга ибодат қилишни инкор этиш даражасидан, Аллоҳга шаксиз ишонувчилик даражасига кўтарилади.
Энди Аллоҳ таоло Иброҳимга алайҳиссалом кўрсатган мулклардан баъзилари зикр қилинади:
«Уни тун ўраб олганида юлдузни кўриб: «Мана шу Роббимдир», деди. У ботиб кетганида эса: «Ботувчиларни ёқтирмасман», деди». (76 оят)
Бут ва санамлар худо бўла олиши мумкин эмаслиги бир боқишдаёқ аён бўлди. Энди Иброҳим алайҳиссалом ўз қавми худо деб эътиқод қиладиган нарсалардан каттароғларига ҳам бир-бир назар ташлаб, уларга бу нарсалар ҳам худоликка мутлақо ярамаслигини тушинтириб чиқмоқчи бўлди.
Маълумки, калдонийлар юлдузни ҳам худо деб эътиқод қилар эдилар. Кишини тун ўраб олганида кўзига яққол кўринадиган порлоқ жисм–юлдуз бўлади.
«Уни тун ўраб олганида юлдузни кўриб: «Мана шу Роббимдир», деди».
Бепоён осмонда, баланд-баландларда нур сочиб турибди. У ҳаммани кўриб турган бўлиши мумкин.
Иброҳимнинг алайҳиссалом қавми ҳам беҳудага юлдузга ибодат қилмаётгандир? Шунинг учун ҳам юлдуз худо бўлиши мумкинлигини жиддий ўйлаб кўриш керак. Эҳтимол, ҳақиқатдан ҳам мана шу юлдуз Роббдир?! Аммо... аммо... ботиб кетди-ку? Худо бўлса, ботармиди? Худо бўлса, маълум вақтда кўриниб, маълум вақтда кўринмай қолармиди? Вақти келганда чиқиб, белгиланган вақти етганда ботиб кетармиди? Ботувчилар худо бўла олмайди.
«У ботиб кетганида эса: «Ботувчиларни ёқтирмасман», деди».
Хўш, бу ҳам худо бўла олмаса, худо қани? Бошқа ёқдан излаш керак. Қани, бир қараб кўрсин-чи, эҳтимол, топилиб қолар. Иброҳим атрофга қараб:
«Чиқаётган ойни кўрганда: «Мана шу Роббимдир», деди. У ҳам ботганида: «Агар Роббим мени тўғри йўлга бошламаса, албатта, адашувчилардан бўламан», деди. (77 оят)
Иброҳим алайҳиссалом ойни аввал ҳам кўриб юрган эди, аммо бу дафъа унга бошқача назар билан қарамоқда. Юдуздан кўра ой ёрқинроқ ва улканроқ туюлмоқда. Эҳтимол уни худо деса бўлар? Эҳтимол у ботмас?
«Чиқаётган ойни кўрганда: «Мана шу Роббимдир», деди».
Аммо... аммо у ҳам ботиб кетди-ку! Бу ҳам бўлмади.
«У ҳам ботганида: «Агар Роббим мени тўғри йўлга бошламаса, албатта, адашувчилардан бўламан», деди».
Аллоҳнинг Ўзи, Робби Ҳақиқийнинг Ўзи ҳидоятга бошламаса, иш чатоқ, одамнинг адашиши турган гап. Ёки яна бир бор уриниб кўриш керакми?
«Чиқаётган қуёшни кўрганда: «Мана шу Роббим. Бу каттароқ», деди. У ҳам ботиб кетганида: «Эй қавмим, мен сиз ширк келтираётган нарсадан воз кечдим», деди. (78 оят)
Демак, олдинги уринишлар ҳам–ибодатга сазовор зотни излаш йўлидаги уринишлар ҳам Иброҳимнинг қавми гувоҳлигида бўлган эди. Иброҳим алайҳиссалом улар ибодат қилаётган нарсалар ҳақиқатан ҳам худо бўлиши мумкинми, деган саволга мушрик қавмнинг кўзи ўнгида уларнинг нуқтаи назарида туриб фикр юритган. Шу йўл билан уларнинг очиқ-ойдин адашувда эканликларини амалда кўрсатишга уринган.
Ҳар бир инсоннинг кўзига яққол ташланиб, уни доимо ҳайратга солиб турувчи самовий жисмлардан бири қуёшдир. Эҳтимол уни худо деб эътиқод қилиш, унга ибодат қилиш мумкиндир?
«Чиқаётган қуёшни кўрганда: «Мана шу Роббим. Бу каттароқ», деди».
Аммо у ҳам ботади. У ҳам маълум қоидага бўйинсунади. У ҳам худо бўла олмайди.
«У ҳам ботиб кетганида: «Эй қавмим, мен сиз ширк келтираётган нарсадан воз кечдим», деди».
Демак, қавмнинг худо деб эътиқод қилаётган нарсаларининг ҳаммаси бир пулга ҳам арзимайди. Булардан воз кечиш лозим.
«Эй қавмим, мен сиз ширк келтираётган нарсадан воз кечдим».
Менинг улар билан ҳеч қандай алоқам йўқ. Мен улардан покман. Менинг юзланадиган Роббим бор:
«Албатта, мен юзимни осмонлару ерни яратган Зотга, тўғри йўлга мойил бўлган ҳолимда юзлантирдим ва мен мушриклардан эмасман. (79 оят)
Бу иқрор Иброҳим алайҳиссаломнинг мушрик қавмдан ажралиб, ёлғиз Аллоҳ таолога, осмонлару ерни яратган Зотга, мушриклар Унга ширк келтираётган бут ва санамлар, ой-у юлдузлар ва қуёшни яратган Зотнинг Ўзигагина юзланганини эълон қилишларидир.
У кишининг бу юзланишлари,–ушбу йўллари миллатлари ҳанифлик деб номланади. Бу дегани–фақат тўғриликка мойил бўлиш, юзланиш, йўл тутиш деганидир.
Албатта, мушрик қавм Иброҳимдан буни эшитиб индамай кетавермади. Одатдагидек, ботил фикрларини ҳимоя қилиб, у киши билан баҳслашишни бошладилар.
«Ва қавми у ила тортишди. У: «Мен билан Аллоҳ ҳақида тортишасизларми, ҳолбуки, У мени ҳидоят этди. Мен Унга ширк келтираётган нарсангиздан қўрқмасман. Магар Роббим бирор нарсани ирода этса, бўлиши мумкин. Роббим барча нарсани Ўз илми ила қамраб олган. Эсласангиз бўлмасми?» деди». (80 оят)
Бузуқ қалб ва онг ҳар нарсани ўз ўлчови билан ўлчайди ва ўз кўзи ила кўради. Ҳар қандай ёмонликни яхшилик деб баҳолаши ва уни ҳимоя қилиши турган гап. Бундай ҳолга тушиб қолганлар уларни тўғри йўлга даъват қилувчиларни ҳам ўзларига душман деб биладилар. Уларга қарши ҳар нарса қиладилар.
Мана, Иброҳим алайҳиссалом ўз Роббига юзланганлигини эълон қилишидан ва ҳали мушрикларга, уларнинг худоларига тил тегизмасидан аввал баҳсга киришдилар. Ўзлари ибодат қилаётган, на фойда, на зиён етказа олмайдиган, тош, ёғочдан ишланган бут-санамлар ва осмон жисмларининг заифлигини, ақидалари пучлигини унутиб, камолот соҳиби бўлган Аллоҳ таоло ҳақида тортиша бошладилар. Ҳақиқий мўмин бўлган Иброҳим алайҳиссалом ҳам ҳақиқий мўминнинг йўлини тутдилар. У киши ўзлари иймон келтирган, Унинг йўлини тутган ягона Аллоҳ таоло ҳақида ишонч ва хотиржамлик, сабот ва кўнгли тўқлик билан сўзлай бошладилар.
«Мен билан Аллоҳ ҳақида тортишасизларми?» деди.
Мени ҳидоятга солган Зот ҳақида мен билан тортишасизларми? Менга У Ўзини танитди. Мен ақлим, виждоним ва бутун вужудим ила Уни танидим. Энди эса, сизлар Уни борми-йўқми деб мен билан гап талашасизларми?
«Мен Унга ширк келтираётган нарсангиздан қўрқмасман».
Ўзингиз ёғоч ёки тошдан ясаб олган бутлардан, юлдуз, ой ва қуёшдан ва шунга ўхшаш сиз худо деб Аллоҳга шерик қилаётган нарсадан қўрқмайман. Уларнинг ҳаммасини менинг Роббим яратган, улар бировга фойда ҳам, зарар ҳам келтира олмайдиган нарсалардир.
«Магар Роббим бирор нарсани ирода этса, бўлиши мумкин».
Яъни, ҳамма нарса Аллоҳнинг иродаси билан бўлади. Шунинг учун Аллоҳдан ўзгадан қўрқишнинг ҳеч ҳожати йўқ.
«Роббим барча нарсани ўз илми ила қамраб олган».
Аллоҳнинг илмидан ташқари ҳеч қандай илм йўқ.
«Эсласангиз бўлмасми?»
Ана ўшанда ширк эмас, якка ва ягона Аллоҳга ибодат келтирган бўлар эдингиз.
«Қандай қилиб мен сиз ширк келтирган нарсадан қўрқай. Ҳолбуки, сиз ўзингизга ҳеч ҳужжат туширмаган нарсани Аллоҳга ширк келтириб туриб қўрқмайсиз-у? Агар билсангиз, айтинг-чи, қайси гуруҳ хотиржам бўлишга ҳақлироқ?! (81 оят)
Оддий мантиқ айтиб турибди. Сизлар худодан қўрқмай, ҳеч қандай ҳужжат-далилсиз, ўзингиздан-ўзингиз баъзи нарсаларни Унга шерик қилиб олдингиз ва яна қўрқмай юрибсиз. Сиз шундай қилганингиздан кейин, ҳақиқий Аллоҳга иймон келтириб туриб, нима учун мен сизларнинг сохта худоларингиздан қўрқай?!
«Агар билсангиз, айтинг-чи, қайси гуруҳ хотиржам бўлишга ҳақлироқ?!»
Ким ўзини эмин санашга ҳақлироқ? Айтинг! Агар сиз айтмасангиз, мен айтай:
«Иймон келтирганлар ва иймонларига зулмни аралаштирмаганлар. Ана ўшаларга хотиржамлик, омонлик бор. Улар ҳидоят топганлардир. (82 оят)
Демак, хотиржам бўлиш, турли азоб-уқубатлардан омонда бўлиш учун иймон лозим ва бу иймонга зулм аралаштирмаслик керак. Ушбу ояти каримадаги зулмдан мурод–ширкдир.
Саҳобаи киромлар бу оят тушгандан кейин Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан ва ўзаро бир-бирларидан сўраганларида, зулмдан мурод ширк эканлиги аён бўлган.
Албатта, Аллоҳга иймон келтирган, ихлос қилган ҳамда эътиқодда, ибодатда ва амалда Унга ҳеч нарсани шерик қилмайдиганлар ҳар бир нарсага қодир Аллоҳнинг ҳимоясида бўладилар. Ундай Зотнинг ҳимоясидаги одам эса, доим хотиржам ва омонликдадир. Ана ўшалар ҳидоят топганлар бўлади.
«Ана ўшалар, Иброҳимга қавмига қарши (тортишувда) берган ҳужжатларимиздир. Кимни хоҳласак, даражасини кўтарамиз. Албатта, Роббинг ҳикматли ва яхши билувчи зотдир». (83 оят)
Мушрик қавм билан тортишган Иброҳим алайҳиссаломга Аллоҳнинг Ўзи «Айт» деган хитоблар билан қавмга қарши қандай ҳужжат-далиллар келтиришини ўргатиб турди.
Аллоҳ таолодан келган ҳужжатларни қўллаган Иброҳим алайҳиссалом тортишувда мушриклардан устун келдилар. Ғолиб бўлдилар. Бу билан Аллоҳ таоло у кишининг даражаларини улуғ қилди.
«Албатта, Роббинг ҳикматли ва яхши билувчи зотдир».
Шунинг учун У кимга ҳужжат беришни, кимни ғолиб қилишни яхши билади ва ҳикмати ила йўлга солади.

АЛЛОҲНИНГ СИФАТЛАРИ БАЁНИ

Иброҳим алайҳиссалом ўз қавмларига фақат Аллоҳ таолонинг борлигини айтиб кифояланмадилар. Балки уларга Аллоҳ таолонинг баркамол сифатларини ҳам батафсил баён қилиб бердилар
Иброҳим алайҳиссалом ўз қавмларини санамларга ибодат қилиш ва унга боғлиқ барча бидъат-хурофотлардан озод қилиш учун кураш олиб бордилар. У зот уларни ер юзидаги ҳар бир инсон учун лозим бўлган улкан ҳақиқатни-Алоҳнинг ягона Ўзига иймон келтириб, ибодат қилишни англаб етишларига ҳаракат қилдилар.
Ана ўша уринишларидан бир кўринишни «Шуаро» сураси қуйидагича васф қилади:
«Ва уларга Иброҳимнинг хабарини тиловат қилиб бер.
Ўшанда у отаси ва қавмига: «Нимага ибодат қилмоқдасизлар?» деган эди». (69-70 оятлар)
Иброҳим алайҳиссаломнинг оталари ҳам, қавмлари ҳам нотўғри йўлдан бориб, буту санамларга ибодат қилар эдилар. Иброҳим алайҳиссалом буни яхши билар эдилар. Шунинг учун у кишининг:
«Нимага ибодат қилмоқдасизлар?» деган саволлари аслида инкор этиш учун берилди. Иброҳим алайҳиссаломнинг саволларига жавоб қуйидагича бўлди:
«Улар: «Санамларга ибодат қилмоқдамиз. Ва уларга ихлос ила ибодат қилишда бардавом бўлурмиз», дедилар. (71 оят)
Тош ёки бошқа нарсадан юзи инсон юзига ўхшатиб ишланган бутга «санам» дейилади.
Иброҳим алайҳиссаломнинг саволларига у кишининг қавмлари:
«Санамларга ибодат қилмоқдамиз», деб жавоб беришларидан, уларнинг ўзлари худога эмас, санамларга сиғинаётганларини тан олганлари билиниб турибди.
Шу билан бирга, улар залолатдан қайтиш ниятлари йўқлигини фахр-ла эълон қилмоқдалар.
«Ва уларга ихлос ила ибодат қилишда бардавом бўлурмиз».
Улар, Иброҳим алайҳиссалом санамларга ибодат қилишни тарк этишни таклиф қилиб қолиши мумкин, дея олдиндан жавобни айтиб қўймоқдалар. Ақл ишлатмай, бир нарсага муккасидан кетишнинг оқибати доимо шундай бўлади.
Иброҳим алайҳиссалом қавмларидан санамларга ибодат қилишда бардавомлик қарорини эшитгач, уларга қуйидаги саволни бердилар:
«У: «Илтижо қилганингизда улар сизни эшитадиларми?
Ёхуд наф ёки зарар етказа оладиларми?» деди. (72-73 оятлар)
Худо дегани ҳеч бўлмаганда, ўзига илтижо қилаётган одамнинг сўзини эшитиши керак. Сизнинг санамларингиз:
«Илтижо қилганингизда улар сизни эшитадиларми?»
Яна худо деган зот ўзига топинганларга фойда ёки зарар етказиши ҳам керак, ахир. Унинг фойдасидан умидвор бўлиб, зарар етказишидан эҳтиёт бўлиб, унга ибодат қилса ярашади. Хўш, сизнинг санамларингиз:
«...наф ёки зарар етказа оладиларми?»
Улар Иброҳим алайҳиссаломнинг бу ҳаққоний саволларига тўғридан-тўғри жавоб бермадилар. Чунки жавоб беришса, ўзлари шарманда бўлишлари аниқ. Санамлари уларнинг илтижосини эшитмаслиги ҳаммага маълум. Ўзлари тош ёки ёғочдан йўниб ясаб олган ҳайкаллари нимани ҳам эшитарди?
Шунингдек, у санамлар мушрикларга ҳам, ўзларига ҳам фойда-зарар етказа олмайдилар. Жонсиз нарса қандай қилиб фойда ёки зарар етказсин?
Мушриклар санамларга ибодатлари сабабини пардали қилиб баён этдилар:
«Улар: «Йўқ, биз ота-боболаримизни шундай қилаётганларини кўрдик», дедилар». (74 оят)
Яъни, йўқ, санамлар бизнинг илтижоларимизни эшитмайдилар, бизга фойда ҳам, зарар ҳам етказмайдилар. Аммо ота-боболаримизнинг санамларга шундай ибодат қилаётганларини кўрдик ва биз ҳам уларга ўхшатиб ибодат этмоқдамиз, дедилар.
Бунинг отини кўр-кўрона тақлид дейилади. Ўз ақлини ишлатмай, бировга тақлид қилавериш оқилона тасарруфли одамнинг иши эмас.
Иброҳим алайҳиссалом мушриклардан бу жавобни эшитгач, уларга ўйиб-ўйиб оладиган гапларни айтдилар.
«У: «Нимага ибодат қилаётганингизни билдингизми?!
Сиз ва қадимги оталарингиз?! (75-76 оятлар)
Яъни, нимага ибодат қилаётганингизни ҳеч ўйлаб кўрдингизми ўзи?
«Албатта, Роббул Оламийндан бошқа уларнинг барчаси менга душмандир», деди». (77 оят)
Иброҳим алайҳиссалом санамлар ҳеч бир ишга қодир эмаслигини мушрикларга билдириб қўйиш учун улар ўзларига душман эканлигини кўпчилик олдида ошкора эълон этдилар.
Сўнгра уларга Роббул Оламийн бўлган Аллоҳ таолони васф қилишга ўтдилар:
«У мени яратган зотдир. Бас, мени ҳидоят қиладиган ҳам, Унинг Ўзи». (78 оят)
Мени йўқдан бор қилган зот ўша Роббул Оламийндир. Энди мени тўғри йўлга ҳам Ўша зотнинг Ўзи бошлайди.
«Ва мени таомлантирадиган ва суғорадиган ҳам, Унинг Ўзи». (79 оят)
Менинг ризқимни Унинг Ўзи беради. Ўша Роббул Оламийннинг Ўзи мени едириб, ичиради.
«Бемор бўлганимда менга шифо берадиган ҳам, Унинг Ўзи». (80 оят)
Тафсирчи уламоларимиз шу ўринда Иброҳим алайҳиссалом улкан одоб намунасини кўрсатганларини эслатиб ўтадилар. У зот бемор бўлишни ўзларига, шифо беришни Аллоҳ таолога нисбат бердилар. Зотан, банданинг беморлиги ҳам Аллоҳ таолонинг иродаси ила бўлади.
«Мени ўлдирадиган, сўнгра тирилтирадиган ҳам, Унинг Ўзи». (81 оят)
Бу дунёда жонимни олиб ўлдирадиган ҳам, у дунёда қайта тирилтирадиган ҳам Унинг Ўзидир.
«Ва менинг хатоимни қиёмат куни мағфират қилишидан умидвор бўлганим ҳам, Унинг Ўзи». (82 оят)
Чунки у кунда Роббул Оламийндан ўзга ҳукмдор бўлмайди. Фақат Унинг Ўзигина ҳукм чиқаради. Бандаларни мағфират қилиш ҳам фақат унинг ихтиёрида бўлади.
Демак, мушрикларнинг илтижони эшита олмайдиган, фойда ёки зарар келтира олмайдиган санамларидан фарқли ўлароқ Роббул Оламийн ҳамма нарсага қодирдир. У одамларни ва бошқа нарсаларни йўқдан бор қилиб яратади, ҳидоятга солади, таомлантиради, сув беради, даволайди, ўлдиради, қайта тирилтиради, қиёмат куни мағфират қилади.
Шунинг учун санамлардан воз кечиб, Роббул Оламийнга ибодат қилиш керак. Фақат Унинг Ўзига илтижо этиш лозим.

ПОДШОҲ ИЛА МУНОЗАРА

Албатта, бўлиб ўтаётган бу гап-сўзлар ўша вақтдаги худолик даъвосини қилган подшоҳига етиб борган бўлиши керак. Шунинг учун у Иброҳим алайҳиссаломни мунозарага чорладилар. Анашу машҳур мунозара «Бақара» сурасида қуйидагича васф қилинади:
«Аллоҳ подшоҳлик бериб қўйгани сабабидан Иброҳим билан Роббиси ҳақида ҳужжат талашганни билмадингми? Иброҳим: «Менинг Роббим тирилтиради ва ўлдиради», деганда, у: «Мен тирилтираман ва ўлдираман», деди. Иброҳим: «Албатта, Аллоҳ қуёшни Машриқдан чиқарур, бас, сен уни Мағрибдан чиқаргин-чи», деди. Бас, куфр келтирган лол қолди. Ва Аллоҳ золим қавмларни ҳидоятга солмас». (258 оят)
Ушбу ояти карима Иброҳим алайҳиссалом билан у кишининг даврларида ўтган бир ҳукмдор подшоҳнинг тортишувини ҳикоя қилади. Қуръони Карим одатдагидек, у подшоҳнинг исмини зикр қилмайди. Чунки ибрат унинг исмида эмас, балки тасарруфидадир.
Тортишув Парвардигори олам ҳақида бўлган. У кофир подшоҳ, гапига қараганда, Аллоҳнинг борлигига шубҳа қилмайди, балки Унинг сифатларига шубҳа қилади. Аммо уни бундай тасарруфга олиб келган нарса нима? Нима сабабдан шунчалик даражада ноқобул бўлиб, Аллоҳнинг улул азим Пайғамбарларидан бўлган Иброҳим алайҳиссалом билан Парвардигори олам ҳақида тортишди экан?
«Аллоҳ подшоҳлик бериб қўйгани сабабидан...»
Аслини олганда, Аллоҳ унга подшоҳлик, мулк берганига шукр қилиши керак эди. Лекин кофирлик ёмон нарса, шунинг учун кофирга султон, ҳукм, подшоҳлик берилса, ҳаддидан ошади, туғёнга кетади. Ҳатто худолик даъвосини қилади. Ўзининг ожиз банда эканини унутади. Унга неъматни ким берганини билмайди. Шукр қилиш ўрнига, ношукрлик қилади. Бу жуда ҳам ёмон иш.
«Аллоҳ подшоҳлик бериб қўйгани сабабидан Иброҳим билан Роббиси ҳақида ҳужжат талашганни билмадингми?»
Аллоҳ берган катта неъмат сабабидан Аллоҳнинг сифатларини инкор қилиб, Унга қарши чиқиш қандай ҳам ёмон иш! Ояти кариманинг кейинги жумлаларини ўргансак, бу ишнинг нақадар ёмон эканлиги янада намоён бўлади.
«Иброҳим: «Менинг Роббим тирилтиради ва ўлдиради», деганда, у: «Мен тирилтираман ва ўлдираман», деди».
Кофир билан тортишувда Иброҳим алайҳиссалом «тирилтириш» ва «ўлдириш» Аллоҳ таолонинг иши эканини бежиз зикр қилмаганлар. Биз ожиз бандалар ҳар лаҳзада тирилтириш ва ўлдириш ҳолатининг гувоҳи бўлиб турамиз. Кимдир ҳаётга кириб келади, кимдир ҳаётни тарк этиб, ўлимга дучор бўлади. Бу жараён ҳар лаҳзада такрорланиб туради. Лекин ҳозиргача ҳаётнинг ва ўлимнинг ҳақиқатини ҳеч ким тушуниб етгани йўқ. Ҳаёт асари борлигини кўриб, бу тирик, деймиз: ўлим аломати зуҳур этганини кўриб, бу ўлик, деймиз. Тирилтириш ва ўлдириш фақат Аллоҳ таолога боғлиқ сифат. Бу сифатига ҳеч ким, ҳеч қандай даражада яқин ҳам кела олмайди.
Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳиссалом ушбу сифатларни айнан кофир подшоҳ билан бўлган тортишувда зикр қилдилар. Бу гапни эшитган кофир подшоҳ: «...мен тирилтираман ва ўлдираман», деди».
Подшоҳлик қилиб, ўз халқи устидан ҳоким бўлиб турган одам иймонли, тақводор бўлмаса, туғёнга кетади. Ўзининг айтгани бўлиб турганини кўргандан кейин, ҳаддидан ошади. Фуқароларга маош беришга амр қилиб, мен ризқ беряпман, деб ўйлайди. Бировга мусибатида кўмак берса, уни мен балодан сақлаб қолдим, дейди. Унинг кофирлиги борган сари туғёнга олиб бораверади. Охири, ҳамма иш менинг ихтиёрим билан бўлади, демак, тирилтириш ва ўлдириш ҳам менинг ихтиёримда, дейишгача етиб боради. Худонинг сифатларини ўзига нисбат беради. Одатда бундай кишилар туғёнга кетганлари сабабидан оқилона гапларга ҳам эътибор бермай, ўзларини оқилликда тенги йўқ ҳисоблаб қоладилар. Улар фақат пешоналари тўқиллаб қаттиқроқ нарсага урилгандагина бир оз ўзларига келадилар.
Шунинг учун Иброҳим алайҳиссалом кофир подшоҳга тириклик нимаю ўлим нима эканини майдалаб тушунтириб ўтирмасдан, тўғридан-тўғри пешонасига тўқиллатиб:
«...албатта, Аллоҳ қуёшни машриқдан чиқаради, сен уни мағрибдан чиқаргин-чи?» деди».
Қуёшнинг машриқдан чиқиб мағрибга ботиши доимо такрорланиб турадиган жараёндир. Даврий муддати йигирма тўрт соатдир. Эътибор берилса, бу ҳол улкан мўъжизадир, Аллоҳнинг чексиз қудратига далилдир. Аллоҳ томонидан жорий этилган бу интизомни ким ўзгартира олади? Аллоҳнинг сифатларига шерикликни даъво қилиб, «Мен тирилтираман ва ўлдираман», деб айтиб, ҳаддидан ошаётган кофир подшоҳми? Агар қўлидан келса, даъвоси тўғри бўлса, мана, таклиф бўлди: Аллоҳнинг низомини бузсин-чи. Қуёшни мағрибдан чиқарсин-чи. Ҳолбуки:
«Бас, куфр келтирган лол қолди».
Чунки, таклиф қилинган нарсани амалга ошириш қўлидан келмайди. Жим қолишдан бошқа иложи йўқ. У набокор очиқ-ойдин ишни тушуниб етмади. Таслим бўлиб, иймон келтириш ўрнига, куфр келтириб, талашиб-тортишишди. Адолат йўлида юрмай, зулмни ихтиёр қилди.
«Ва Аллоҳ золим қавмларни ҳидоятга солмас».
Ўлим ва ҳаётнинг сир-асрори ҳақида сўз кетиб турганда, шу маънони таъкидлаш учун яна бошқа бир қисса келтирилади:

У ЗОТНИНГ БУТЛАРНИ ПАРЧАЛАШЛАРИ

Бутлар ҳақидаги тортишувлардан биридан сўнг Иброҳим алайҳиссалом бутларни парчалаш ҳақидаги ниятларини амалга оширишга қарор қилдилар. Иброҳим алайҳиссалом нобакор қавмнинг додини бериш, бутларнинг қўлидан ҳеч вақо келмаслигини амалда исбот қилиш мақсадида бошқача тасарруф қилишга ўтдилар.
Бу тасарруфни «ас-Саффот» қуйидагича васф қилади:
«Бас, У юлдузларга бир назар солди.
Ва: «Албатта, мен беморман» деди». (88-89 оятлар)
Тафсирчи уламоларимиз келтиришларича, Иброҳим алайҳиссаломнинг қавмида маълум ва машҳур байрамлар бўлган. Баъзи тафсирчилар мушрикларнинг бу байрамини, Нийрўз ёки Наврўз бўлса керак, дейдилар. Улар ўша байрамларида боғларга, сайлгоҳларга, ўйин-кулги ва кайфу сафога чиқишар эди. Чиқишдан олдин эса, сохта худолари ҳузурига турли мева-чевалар қолдириб кетишар эди. Ўйин-кулги ва кайфу сафодан кейин келиб, ўша таомларни муборак таом сифатида қайтариб олишар эди.
Нобакор қавмнинг тўғри йўлга юришидан умиди узилганидан кейин Иброҳим алайҳиссалом ўзларича бир режа тузиб, мазкур байрам кунини кутди. У зот ўз қавмидан кўрган нобакорлик, саркашликлар оқибатида юраклари жуда сиқилган, ҳузур-ҳаловатларини йўқотган, қавмлари учун қайғуриб ноқулай ҳолатга тушиб қолган эди.
Байрамга отланиб чиққан қавм аъзолари Иброҳим алайҳиссалом ҳузурларига келиб, у кишини ўзлари билан байрамга чиқишларини сўрашди. Шунда:
«Бас, У юлдузларга бир назар солди...»
Ҳалиги одамларга жавоб беришдан олдин, худди ибодатхонадаги бошқа одамлар каби, осмонга ўзига хос бир назар солди. Бу ҳолатлари суҳбатдошларида, у осмондаги юлдузлардан бирор нарсани билиб олди, шекилли, деган гумон пайдо қилиши мумкин эди.
«Ва: «Албатта, мен беморман», деди».
Юраги сиқилавериб, ноқулай ҳолатга тушиб қолганини айтди. Қавмига куявериб, қалби дардга тўлганини билдирди. Шошилиб турган одамлар бу гапдан кейин дарҳол Иброҳим алайҳиссаломни қолдириб, йўлларида давом этишди.
«Дарҳол, ундан юз ўгириб юриб кетдилар». (90 оят)
Улар кетишганидан сўнг Иброҳим алайҳиссалом олдилари таомга тўла сохта худолар билан ибодатхонада ёлғиз ўзлари қолдилар.
«Бас, тезда уларнинг худоларига бурилди ва: «Қани, емайсизларми?!
Сизга нима бўлди?! Гапирмайсизлар?!» деди. (91-92 оятлар)
Иброҳим алайҳиссалом дарҳол мушрикларнинг ибодатхонасидаги бут ва санамларига қараб, уларнинг олдидаги, одамлар қўйган таомларни кўрсатиб:
«Қани, емайсизларми?!» дедилар.
Бундай дейиши ўша сохта худолар ва уларни худо деб юрган жоҳил мушриклар устидан истеҳзо эди. Олдига қўйилган таомни ҳис қила олмайдиган бут ва санамни худо деб унга сиғиниш, илтижо қилиш, ундан ёрдам сўраб, мағфират кутиш инсоният учун, инсон ақли учун ор-уят бир нарсадир.
Иброҳим алайҳиссаломнинг гапига бут ва санамлар лом-мим дея олмай туравердилар. Иброҳим алайҳиссалом сўзларида давом этиб:
«Сизга нима бўлди?! Гапирмайсизлар?!» деди».
Эй худолар! Сизга нима бўлди ўзи?! Жим турибсиз?! Савол берса ҳам жавоб бермайсизлар?
«Сўнг уларга яқинлашиб, ўнг қўл билан ура бошлади». (93 оят)
Яъни, Иброҳим алайҳиссалом бут ва санамларга яқинлашиб, уларни ўнг қўлидаги болта билан уриб синдира бошлади.
«Бас, уларни парча-парча қилиб ташлади. Магар энг каттасини, шоядки унга қайтсалар, деб қолдирди. (Анбиё сураси 58 оят)
Иброҳим алайҳиссалом ҳамма бутларни парча-парча қилиб ташладилар ва энг катта бутга тегмасдан қолдириб қўйдилар. Бу хабарни эшитган қавм:
«У томон шошиб, бир-бирларини туртиб келишди». (Анъом сураси 94 оят)
Мушриклар Иброҳим алайҳиссалом томон шошиб-пишиб, тезроқ бориш учун бир-бирларини туртишиб-суришиб етиб келишди.
Қавм байрамдан қайтиб келиб, бутларини парчаланган ҳолда кўриб, даҳшатга тушди ва:
«Улар: «Бизнинг худоларимизга ким бундай қилди?! Албатта, у золимлардандир!» дедилар. (Анъом сураси 59 оят)
Ва бу саволга жавоб излай бошладилар. Ана ўшандагина худолари ҳақида уларга ёқмайдиган гап айтиб юрган Иброҳим исмли йигит эсларига келди.
«Улар: «Уларни эслаб юрган бир йигитни эшитган эдик, уни Иброҳим, деб айтиларди», дедилар». (Анъом сураси 60 оят)
Яъни, худоларимизни ёмонлик ила эслаб юрган бир йигит ҳақида эшитган эдик. Унинг исми Иброҳим эди. Эҳтимол, бу ишни ўша Иброҳим қилгандир, дейишди.
«Улар: «Уни одамлар кўзи олдига олиб келинглар. Шоядки гувоҳ бўлсинлар», дедилар. (Анъом сураси 61 оят)
Мушриклар худоларини синдирган шахснинг адабини бериб қўйишга қарор қилдилар. Улар бу жазо чорасининг бошқа одамлар кўзи олдида бўлишини афзал кўрдилар. Шоядки бошқалар кўриб, ибрат олиб, бундан кейин ҳеч ким худоларимизга қўл текизмаса, деб ўйладилар. Ва ниҳоят Иброҳим алайҳиссаломни одамлар қошига келтириб, сўроқ қила бошладилар.
«Улар: «Худоларимизга буни сен қилдингми, эй Иброҳим?!» дедилар. (Анъом сураси 62 оят)
Яъни, худоларимизни парча-парча қилиб ташлаган сенмисан, дедилар.
Уларнинг бу саволига жавобан:
«У: «Йўқ, буни манави, уларнинг каттаси қилди. Агар гапирадиган бўлсалар, улардан сўраб кўринглар», деди. (Анъом сураси 63 оят)
Иброҳим алайҳиссалом: Йўқ, бу ишни ўша худоларингизнинг каттаси қилди, ҳамма кичик худоларни синдириб ташлаб, ўзи бутун қолди. Агар менга ишонмасангизлар, гапирадиган бўлсалар, уларнинг ўзларидан сўраб кўринглар, дедилар.
Иброҳимнинг алайҳиссалом бу гапларида ҳар қандай жоҳилнинг ҳам ҳушини жойига келтирадиган ҳақиқат бор эди. Бутлар худо бўлса, қандай қилиб парча-парча бўлиб кетадилар? Қандай қилиб ўзларини ким синдирганини айтиб бера олмайдилар?
Эй мушриклар, сизлар бутларга худо деб сиғинмоқдасизлар. Лекин парчаланиб кетадиган нарса худо бўла оладими? Ўзини ким синдирганини айтиб бера олмайдиган нарса худо бўла оладими?
Иброҳим алайҳиссаломнинг бу гаплари мушрик қавмига таъсир қилди.
«Бас, улар ўзларига келдилар ва: «Албатта, сизлар ўзингиз золимдирсизлар», дедилар. (Анъом сураси 64 оят)
Иброҳим алайҳиссаломнинг мантиқли саволларидан кейин мушриклар ўзларига келдилар. Ҳеч нарса қўлидан келмайдиган бутларни «худо» деб юрганлари нотўғри эканлигини тушундилар ва бир-бирларига:
«Албатта, сизлар ўзингиз золимдирсизлар», дедилар.
Ҳақиқий Аллоҳ ҳаққига зулм қилиб, ўзингиз ясаб олган бутларни худо деб юрибсиз, дедилар.
«Сўнгра яна бошлари айланиб: «Сен, батаҳқиқ, буларнинг гапирмаслигини билар эдинг!» дедилар. (Анъом сураси 65 оят)
Ақли жойида одам мушрик бўлармиди? Ақли кирганда ҳақиқатни тан олишди. Ақли кетиб, яна эски ҳолларига қайтдилар ва Иброҳим алайҳиссаломга ҳужумни давом эттирдилар:
«Сен, батаҳқиқ, буларнинг гапирмаслигини билар эдинг!» дедилар.
Шу тарзда Иброҳим алайҳиссаломга осилиб кетишди. Сен худоларимизнинг гапирмаслигини олдиндан билар эдинг. Яна нимага бизларга, агар улар гапирадиган бўлсалар, ўзларидан сўранглар, деяпсан, деб дўқ уришди.
Шунда, Иброҳим алайҳиссалом ҳам очиқчасига ўтдилар:
«У: «Сиз, Аллоҳни қўйиб, ҳеч манфаат ҳам, зарар ҳам бермайдиган нарсага ибодат қиласизми?!
Сизга ҳам, Аллоҳни қўйиб, ибодат қилаётган нарсаларингизга ҳам суф-э! Ахир, ақл юритиб кўрмайсизларми?!» деди. (Анъом сураси 66-67 оятлар)
Яъни, ўйлаб кўрмайсизларми? Буларнинг нимасига сиғиняпсиз ўзи?! Булар сизга фойда ҳам бермаса, зиён ҳам етказа олмаса, нима учун фойда берадиган, зиён етказа оладиган Аллоҳни қўйиб, буларга топинмоқдасизлар?! Сизга ҳам суф! Аллоҳни қўйиб ибодатини қилаётган «худо»ларингизга ҳам суф! Ақл юритиб кўрмайсизларми?!
Ақл ва мантиқ бобида мағлубиятга учраган мушрик қавм, одатдагидек, ўз рақибини жисмоний йўқ қилиш йўлига ўтдилар.
«Улар: «Уни куйдиринглар! Агар (бир иш) қиладиган бўлсангиз, худоларингизга ёрдам беринг!» дедилар». (Анъом сураси 68 оят)
Яъни, мушриклар бир-бирларига, Иброҳимни куйдириб, худоларингизга ёрдам беринглар, Иброҳимни куйдириб юборишингиз худоларингизга ҳақиқий ёрдам бўлади, дедилар.
Лекин улар гапларида катта нуқсон борлигини, бу талаблари худоларининг сохта эканини исбот этишини ўйлаб кўришмас эди. Бандасининг ёрдамига муҳтож худо қандай қилиб худо бўлиши мумкинлиги устида фикр юритишмас эди.

«ЭЙ ОЛОВ, СЕН ИБРОҲИМГА САЛҚИН ВА САЛОМАТЛИК БЎЛ!»

Нобакор қавм Иброҳим алайҳиссаломнинг юқоридаги гапларидан тўғри хулоса чиқариб олмади. Кофирларнинг доимий одатлари бўйича, ақлий ва мантиқий баҳсда енгилганларидан кейин куч ишлатишга ўтишди.
«Улар: «Унинг учун (ўчоқ) бино қилинглар, бас, уни гулханга отинглар!» дедилар». (Анъом сураси 97 оят)
Жиноятчи мушрик қавм бир-бирларига, Иброҳимни жазолаш учун катта гулхан ёқадиган жой қуринглар, унга олов ёқиб, Иброҳимни гулханга отинглар, дейишди. Хуллас, мушриклар катта гулхан ёқиб, Иброҳим алайҳиссаломни ўша гулханга отдилар.
«Биз: «Эй олов, сен Иброҳимга салқин ва саломатлик бўл!» дедик». (Анбиё сураси 69 оят)
Олов Иброҳим алайҳиссаломга салқин бўлди, саломатлик бўлди ва унга ҳеч қандай озор ёки зарар етмади.
Аслида, Аллоҳ таоло оловга куйдириш хусусиятини берган. Ёнишга қобилиятли нарсага қачон олов тегса, ёнади. Буни кўрган одамлар, олов фалон нарсани ёндирди, дерлар. Аслида, олов бир сабаб, ҳақиқатда эса, Аллоҳ ёндирган бўлади. Чунки бу дунёда ҳамма нарса Аллоҳнинг амри ила бўлади. Агар ёндириш оловнинг иши бўлса, ҳамма нарсани ёндириши керак эди. Лекин кўпгина нарсаларга олов тегса ҳам, ёнмайди. Шунингдек, ёнишга лаёқатли айрим нарсалар ҳам Аллоҳ хоҳламаса, ёнмай қолади. Бундай ғайритабиий ҳолатлар одамларда, олов ёндиради, деган нотўғри фикр ўрнида, олов Аллоҳ хоҳласа ёндиради, деган тўғри тушунча бўлиши учун пайдо қилинади.
Одатда, олов одамни ҳам ёндиради. Шу боис мушриклар, Иброҳимни оловга ташласак, ёниб кетади, ундан қутуламиз, деб ўйлаб, у кишини оловга отдилар. Лекин оловга ёндириш хусусиятини берган зот унга:
«Эй олов, сен Иброҳимга салқин ва саломатлик бўл!» деб амр этди.
Шунда оловнинг куйдириш хусусияти йўқолиб, ўрнига салқинлик хусусияти келди. Олов Иброҳим алайҳиссалом учун нафақат салқинлик, балки саломатлик ҳам бўлди. Агар олов фақат салқинлик бўлиб қолса, у кишига бошқа озор етиши мумкин эди. Лекин Аллоҳнинг амри ила ҳам салқинлик, ҳам саломатлик бўлди. Ҳеч бир зарар етмади.
«Улар у(Иброҳим)га ёмонлик ирода қилган эдилар. Биз уларни энг зиёнкорлар қилиб қўйдик». (Анбиё сураси 70 оят)
Мушриклар Иброҳимга ёмонликни ирода қилиб, уни оловда куйдириб юбормоқчи бўлган эдилар. Биз Иброҳимни сақлаб қолдик. Мушрикларни эса, зиёнга учратдик. Уларни мислсиз азобга дучор қилдик.

ҲИЖРАТ

Бу ишлардан кейин Иброҳим алайҳиссалом бошқача йўл тутишга қарор қилди.
«У: «Албатта, мен Роббимга боргувчиман. У мени ҳидоят қилур. (ас-Саффот сураси 99 оят)
Яъни, мен бу жойларни ташлаб, Роббим амр этган ерларга ҳижрат қиламан. Унинг Ўзи мени тўғри йўлга ҳидоят қилади, деди.
Аллоҳнинг йўлида юриш ҳақидаги даъватлар, тушунтиришлар ва баҳслар отага ҳам, қавимга ҳам таъсир қилмади. Улар бу ваъз-насиҳат ва даъватлардан фойда олиш ўрнига зулмни кучайтирдилар. Даъватчига турли ёмонликлар қилдилар. Уни ҳам ўзларининг ботил йўлларига юргизмоқчи бўлдилар.
Охир-оқибат бориб уни жисмонан йўқ қилишга уриндилар. Чунки унинг тирик юриши ўша нобакор қавм учун катта таҳлика эди. Оддий халқ унинг орқасидан кетиб қолишидан қўрқардилар. Ана шунда Иброҳим алайҳиссалом:
«Албатта, мен Роббимга боргувчиман», деб дину диёнат учун ҳижратга кетишни афзал кўрди.
Аллоҳ учун ватанини, аҳлини, яқинларини, манфаатларини бутунлай ташлаб кетишга қарор қилди. Соф ниятини тушунмаган нобакор қавмдан, эски, ўзлари ўрганиб қолган одатларни тарк этишни хоҳламаётган золим шахслардан воз кечишни хоҳлади. Фақат Аллоҳ билан қолиш, фақат Аллоҳдангина ёрдам сўраш ва фақат Аллоҳ айтганидек яшашни ихтиёр қилди. Шунинг учун ҳам ишонч билан:
«У мени ҳидоят қилур».
Аллоҳ Ўзи мени тўғри йўлга ҳидоят қилади. Икки дунё саодатига элтувчи йўлга бошлайди, деди.
Қатода розияллоҳу анҳунинг айтишларича, Иброҳим алайҳиссалом халойиқлардан биринчи бўлиб Биби Сора билан Шом ерларига ҳижрат қилган зотдирлар.
Шундай қилиб ҳижрат юзага келди. Бир ҳолатдан иккинчи бошқа бир ҳолатга ажраб чиқилди. Турли-туман алоқалар ва боғланишлар бутунлай тарк этилиб, улардан ажраб, фақат битта алоқа, битта боғланиш, яъни, Аллоҳ таоло билан алоқа ва боғланиш қолди.
Шу пайтгача Иброҳим алайҳиссалом фарзанд кўрмаган эди. Ҳижрат ёлғизлигида Аллоҳдан фарзанд сўради.
«Роббим, менга солиҳлардан ато эт» деди.
Бас, Биз унга бир ҳалим ўғилнинг хушхабарини бердик». (ас-Саффот сураси 100-101 оятлар)
Ёши бир жойга бориб қолган, бегона юртларда муҳожир бўлиб юрган бефарзанд одам учун жуда буюк бир хушхабар эди бу. Узоқ давом этган фарзандсизликдан кейин фарзандли бўлиш қанчалик бахт! Узоқ давом этган фарзандсизликдан сўнгра, айниқса, ўғиллик бўлиш қанчалик бахт! У ўғилнинг ҳалим бўлиши қанчалик бахт! Бу фарзанд Исмоил эди!
Аммо ўша ҳалим ўғил дунёга келгунча ҳали олдинда анчагина ишлар, саргузаштлар бор эди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Иброҳим пайғамбар алайҳиссалом ҳеч ёлғон гапирмаган. Фақат учта кизб бўлган. Иккитаси Аллоҳнинг зотида; «Мен беморман», деган гапи ва «Йўқ, буни манави, уларнинг каттаси қилди», деган гапи. Биттаси Сора ҳақида. Бас, у киши бир жабборнинг ерига борди. У зот билан Сора ҳам бор эди. У(Сора) одамларнинг гўзали эди. У зот унга:
«Албатта, манабу жаббор сени менинг хотиним эканингни билса, сен учун мендан устун бўлади. Шунинг учун агар сендан сўраб қолса менинг синглим эканингни айтгин. Албатта, сен менинг Исломдаги синглимсан. Албатта, мен ер юзида мен ва сендан бошқа мусулмон борлигини билмайман», деди.
Улар ўша ерга кирганларида уни жабборнинг аҳлидан баъзилари кўриб қолиб унинг олдига бориб:
«Сенинг ерингга бир аёл келди. У сендан ўзгага муносиб эмас», деди.
У одам юборди. Уни олиб келишди.
Иброҳим алайҳиссалом намозга турди.
У(Сора) унинг олдига кирганда ўзини тута олмай қўлини унга узатди. Бас, кўли қаттиқ тиришиб қолди. Шунда унга:
«Аллоҳга дуо қил. Қўлимни қўйиб юборсин. Сенга зарар етказмайман», деди. У (айтганини) қилди. У(жаббор) яна (ёмонликка) қайтди. Яна қўли аввалгидан ҳам қаттиқроқ тиришиб қолди. Унга яна аввалги гапини қайтарди. У (айтганини) қилди. У(жаббор) яна (ёмонликка) қайтди. Шунда унга:
«Аллоҳга дуо қил. Қўлимни қўйиб юборсин. Аллоҳга қасам! Сенга зарар етказмайман», деди. У (айтганини) қилди. Бас, унинг қўли бўшади. Уни олиб келганни чақириб:
«Сен менга шайтонни олиб келибсан! Одамни олиб келмабсан! Уни менинг еримдан чиқариб юбор! Унга Ҳожарни бер!», деди.
У юриб кетди. Иброҳим алайҳиссалом уни кўриб (намозни) битирди ва:
«Нима гап?!» деди.
«Яхшилик! Аллоҳ фожирнинг қўлини тийди! Хизматчи ҳам берди», деди.
Абу Ҳурайра:
«Ана ўша сизнинг онангиз бўлади. Эй осмон суви фарзандлари!» деди.
Муслим ва Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдаги «жабборнинг еридан» мурод Миср. Иброҳим алайҳиссалом Биби Сора билан Мисрга ҳижрат қилган вақтларида у ерга золим бир шахс подшоҳлик қилар эди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Фақат учта ёлғон бўлган. Иккитаси Аллоҳнинг зотида; «Мен беморман», деган гапи ва «Йўқ, буни манави, уларнинг каттаси қилди», деган гапи. Биттаси Сора ҳақида», деган гапларидан зинҳор ва зинҳор Иброҳим алайҳиссалом умрларида уч марта ёлғон гапирган эканлар деган фикр келиб чиқмаслиги керак. Бу ердаги «ёлғон»да сиртидан ёлғон бўлиб кўринган, аслида бошқа тарафга буриб юборса бўладиган гаплар кўзда тутилган.
Эсимизда бўлса, Иброҳим алайҳиссалом «Мен беморман», деган гапни мушриклар у кишини байрамга бирга боришга таклиф қилганларида айтган ва сиртда жисмоний беморлик тушинилса ҳам аслида руҳий қийин ҳолатни кўзда тутилган эди.
«Йўқ, буни манави, уларнинг каттаси қилди» деган гапни эса, парчаланиб ётган бутларни кўрган бутпараст қавм, бизнинг олиҳаларимизни ким бундоқ қилди, деганларида айтган эдилар. Унда агар буларни худо деган гапингиз тўғри бўлса, «буни манави, уларнинг каттаси қилди», деган маъно бор эди. Албатта, бу ёмон, гуноҳ маънодаги ёлғон доирасига кирмаслиги ҳаммага маълум.
Сора ҳақидаги «ёлғон»нинг нима эканлиги ушбу ривоятнинг ўзида баён қилиб берилмоқда.
«Бас, у киши бир жабборнинг ерига борди. У зот билан Сора ҳам бор эди. У(Сора) одамларнинг гўзали эди. У зот унга:
«Албатта, манабу жаббор сени менинг хотиним эканингни билса сен учун мендан устун бўлади. Шунинг учун агар сендан сўраб қолса менинг синглим эканингни айтган. Албатта, сен менинг Исломдаги синглимсан. Албатта, мен ер юзида мен ва сендан бошқа мусулмон борлигини билмайман», деди».
Демак, бу ерда сиртдан насаб бўйича сингиллик бўлиб кўринса ҳам аслда дин қордошлиги кўзда тутилган. Бу ҳам, албатта, ёлғонга кирмайди.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг «Ана ўша сизнинг онанингиз бўлади. Эй осмон суви фарзандлари!» деган сўзлари арабларга қаратилгандир. Арабларнинг насаблари маълум бўлганидан шундоқ дейилар экан.
Қиссанинг давоми шулки, Биби Сора золим подшоҳ ўзларига совға қилган чўри Ҳожарни эрлари Иброҳим алайҳиссаломга совға қилдилар. У киши ўзларининг туғмасликларини бир оз бўлса ҳам эсдан чиқариш учун эрлари бошқа аёл билан ҳам турмуш қилиб кўришини ўйлаган бўлсалар ажаб эрмас. Биби Ҳожар ҳомиладор бўлиб Исмоилни туғдилар. Ўша вақтда Иброҳим алайҳиссалом 86 ёшда эканлар.
Аллоҳ таоло ирода қилган ҳикматга биноан Биби Соранинг рашклари қўзиди. Иш охири бориб Биби Ҳожарни гўдаги билан бошқа томонга олиб бориб қўйишга келишилди.

ГИЁҲСИЗ ВОДИЙГА ЗУРРИЁТНИ ЖОЙЛАШТИРИШ

Иброҳим алайҳиссалом йўл юриб, йўл юрсалар ҳам мўл юриб ҳозирги Каъбаи Муаззаманинг ўрнига Биби Ҳожар билан гўдак Исмоилни қодириб ортларига қайтдилар. Маълум бир жойга етиб У киши она болани кўрадиган улар эса у зотни кўрмайдиган жойда туриб Аллоҳ таолога илтижо ила қуйидаги дуони қилдилар:
«Эй Роббимиз, ҳақиқатда, мен ўз зурриётимдан, Сенинг Байтул Ҳароминг ёнига, гиёҳсиз водийга жойлаштирдим. Эй Роббимиз, намозни тўкис адо этишлари учун. Бас, Ўзинг одамлардан баъзиларининг қалбларини уларга талпинадиган қилгин ва уларни мевалардан ризқлантиргин. Шояд шукр қилсалар». (Иброҳим сураси 37 оят)
Иброҳим алайҳиссалом ўз зурриётидан бўлмиш Исмоил алайҳиссаломни Аллоҳнинг Байтул Ҳароми ёнига, ўсимликсиз водийга жойлаштиришининг бош сабабини намоз демоқдалар.
«Эй Роббимиз, намозни тўкис адо этишлари учун»
Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳга ибодат қилишлари, намозни тўкис адо этишлари учун зурриётларидан баъзисини машаққатларга тўла, сувсиз, гиёҳсиз, иссиқ чўлнинг ўртасига жойлаштирдилар.
Одатда одамлар гиёҳсиз чўлларга боришни истамайдилар. У ердаги машаққатлардан қўрқадилар. Эй Роббимиз:
«Бас, Ўзинг одамлардан баъзиларининг қалбларини уларга талпинадиган қилгин»
Уларнинг қалблари доимо, ўша мен зурриётимдан баъзисини жойлаштирган, Байтул Ҳаром ёнидаги водийга талпиниб турадиган бўлсин.
«ва уларни мевалардан ризқлантиргин».
Яна ўша зурриётимни ва улар билан бирга ўша ерда яшаётганларни мевалардан ризқлантиргин.
«Шояд шукр қилсалар», деб дуо қилдилар.
Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломнинг бу дуоларини қабул этди. Мазкур юртни, Ҳарами Шарифни омонлик юрти қилиб қўйди. Унинг омонлигига таҳдид соладиганларни ҳалок қилди. У ердагилар Аллоҳга ибодатни тўғри қилиб, намозни тўкис адо этганларида, омонликка қўшиб тўқчиликни ҳам берди. Мусулмон бўлган одамлар қалбини ўша томонга талпиниб турадиган этиб қўйди. У жойнию аҳолисини, ерларида ҳеч нарса ўсмаслигига қарамасдан, турли мевалар билан ризқлантириб қўйди.
Иброҳим алайҳиссалом ҳар замонда келиб оилаларидан хабар олиб турдилар. Исмоил ҳам ўсиб, улғайиб борди.
Кейин нима бўлганини «ас-Саффот» сурасининг қуйидаги оятларидан билиб оламиз:

ҚУРБОНЛИК ҚИЛИШ

«Бас, қачонки (бола) унинг ўзи билан бирга юрадиган бўлганида: «Эй ўғилчам, мен тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман, боқиб кўр, нима дерсан?» деди. У: «Эй отажон, сенга амр этилганни бажар, инша Аллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсан», деди». (102 оят)
Бу ояти каримадаги ота-бола ўртасидаги биргина савол ва биргина жавоб инсоният тарихида Аллоҳ йўлида кўрсатилган фидокорликнинг энг юксак намуналаридан биридир. Аллоҳ таолога нисбатан одобнинг энг юқори чўққиси саналади. Аллоҳ таолонинг йўлида ҳеч нарсани аямасликнинг энг юксак намунасидир.
Умр бўйи жоҳил, мушрик, Аллоҳни тан олмаган, нобакор бир қавм билан жанжаллашиб ўтган, улар томонидан турли жафолар чеккан, ҳатто катта гулханга отилган қари бир одам эди Иброҳим. Ноилож қолиб, ватанини, элини, халқини, яқинларини, уй-жойини, барча манфаатларини тарк этиб, бошқа юртга ёлғизликка ҳижрат қилган бир одам эди Иброҳим. Ёши улғайиб, фарзанд кўришдан умиди узилган бир пайтда Аллоҳ таоло унга ҳалим бир ўғил берди. Иброҳим ўғлини кўз қорачиғидек авайлаб асраб ўстирди. Фарзанд ота-онасининг кўз қувончи бўлиб ўсиб борди. Ота боласини кўриб қувонар эди.
«Бас, қачонки (бола) унинг ўзи билан бирга юрадиган бўлганида...»
Ёлғиз ўғил Иброҳим алайҳиссалом билан бирга юрадиган бўлиб, отасининг ёнига кирган чоғда, тафсирчи уламолар айтишларича, ўн уч ёшга тўлганида, ота боласига қараб:
«Эй ўғилчам, мен тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман, боқиб кўр, нима дерсан? деди».
Кексайиб қолганда кўрган жигарбандини отанинг ўзи сўймоқчи! Аллоҳнинг йўлида сўймоқчи! Тушида шуни кўрибди. Ота тушини Аллоҳнинг амри деб қабул қилди. Чунки Пайғамбарларнинг туши ваҳийдир. Бир марта эмас, бир неча бор кўрибди, шунинг учун ҳам жигарбандига: «Сени сўяётганимни кўрмоқдаман», деди, кўрдим, демади. Бу иш Аллоҳ учун ҳижрат қилган одамга катта синов эди. Умр бўйи дину диёнат йўлида турли синовлардан ўтиб келган шахсга яна бир бор улкан синов рўбарў бўлди. Қариганида топган гулдай жигаргўшасини, эндигина ёнига кириб, ўзи билан бирга юрадиган бўлганда, ўз қўли билан сўйиши керак эди.
Мўмин, мухлис банда Иброҳим алайҳиссалом бу ишни ўзига хос босиқлик, хотиржамлик ва ишонч билан қабул қилиб олди. Иккиланмади, қандай бўлар экан, деб ўйлаб ўтирмади, қутулиш учун бошқа чора изламади.
Лекин масаланинг иккинчи томони бор эди. Сўйилиши лозим бўлган қурбонлик ҳам одам эди. Жони бор, қони бор, эси-ҳуши, ақли бор эди. Иброҳим алайҳиссалом фарзандидаги шу жиҳатларни ҳисобга олиб, Исмоилнинг бу ишга қанчалик тайёрлигини синаб, унга маслаҳат солди.
«Эй ўғилчам, мен тушимда сени сўяётганимни кўрмоқдаман, боқиб кўр, нима дерсан?» деди.
Ҳа, бу нафақат отанинг ўзига, балки боласига ҳам синов эди. Ота узоқ умри давомида кўпгина синовлардан ўтган. Ўғил эса, энди биринчи бор жиддий синовга рўбарў бўлаётган эди. Шу билан бирга, ўғил Аллоҳ таоло у туғилишидан олдин хабар бериб қўйганидек ҳалим ўғил эди. Ҳар қандай оғирликни ҳам чидам билан қарши олишга тайёр фарзанд эди. Шундай бўлди ҳам,
«У: «Эй отажон, сенга амр этилганни бажар, инша Аллоҳ, мени сабр қилгувчилардан топурсан», деди».
Эй отажон! Сенга мени сўйиш амр қилинган бўлса, мени сўй; болажонимни сўйсам, у нима қилар экан, деб ўйлаб ўтирма; мен Аллоҳ хоҳласа, сабр этаман, сабр қилувчи бандалардан бўлишга ҳаракат қиламан, деди.
Нақадар буюк жасорат! Нақадар улкан одоб! Нақадар Аллоҳнинг амрига ажойиб итоат!
«Икковлари таслим бўлиб, уни пешонасича ётқизганида.
Биз унга нидо қилдик: «Эй Иброҳим!
Батаҳқиқ, сен тушни тасдиқ қилдинг! Албатта, Биз гўзал иш қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз». (103-105 оятлар)
Ота-бола қуруқ гап билангина кифояланмадилар фидокорликларини оғзидагина бажармадилар. Амалга ўтдилар.
Ота-бола:
«Икковлари таслим бўлиб...»
Аллоҳнинг амрига бўйинсуниб, итоат қилиб, амрни адо этишга тайёр эканликларини тилда айтганларидан сўнг, уни амалга оширишга ўтдилар ва ота:
«уни пешонасича ётқизганида...»
Сўйиш вақтида кўз кўзга тушмасин деб болажонини ерга қаратиб ётқизиб, уни сўйишга шайланиб, бўйнига пичоқ тортаётган бир пайтда:
«Биз унга нидо қилдик: Эй Иброҳим! Батаҳқиқ, сен тушни тасдиқ қилдинг!»
Сен тушингда кўрган амрни тасдиқлаб амалга оширдинг. Аллоҳнинг амрига таслим бўлиб, болангни сўйишга жазм қилдинг. Амрдан кўзланган мақсад ҳосил бўлди. У ҳам бўлса, бандаларнинг тамомила Аллоҳга таслим бўлишлари эди. Ҳар бир ишда Аллоҳнинг амрига итоат этишлари, фақат Унинг розилигини кўзлаб иш қилишлари эди. Ана ўша мақсад амалга ошди. Аллоҳга бандаларнинг жони керак эмас. Аллоҳга бандаларнинг қони ҳам керак эмас.
«Албатта, биз гўзал иш қилгувчиларни мана шундай мукофотлаймиз», деб унга нидосини давом этдирди Аллоҳ.
Ҳа, Аллоҳ таоло Пайғамбари Иброҳим алайҳиссаломга нидо қилиб, дедики: Эй Иброҳим, биз доимо гўзал иш қилган бандаларимизни сенга ўхшатиб мукофотлаймиз. Уларни турли синовлар учун танлаб олишимиз ҳам мукофотдир. Чунки шу синовлар орқали улар ажр-савобларга, олий мартабаларга эришадилар, бундан ортиқ мукофот борми? Сени ҳам ўғлингни қурбонлик учун сўйиш орқали синовга дучор қилдик. Юзаки қараганда, бу синов бало-офат ва мусибат бўлиб кўринади. Аммо, аслида эса, мукофотдир. Олий мақомларга эришиш омилидир. Шу синов бўлмаганида, сен қиёматгача фидокорлик тимсоли бўлиб қолмас эдинг. Ҳаммага ўрнак бўлмас эдинг. Илоҳий китобларда зикр қилинмас эдинг. Номинг ибодатларда тиловат этилмас эди.
«Албатта, бу очиқ-ойдин синовнинг айни ўзидир». (106 оят)
Яъни, Иброҳимга ўғлини қурбонликка сўйиш амри очиқ-ойдин синовнинг айни ўзидир, бошқа нарса эмасдир. Бу синовдан у яхши ўтди. Унинг ўғли саломат қолди.
«Биз унинг ўрнига катта қурбонлик фидо қилдик». (107 оят)
Яъни, биз Исмоилнинг ўрнига жаннатдан чиқарилган катта бир қурбонликни фидо қилдик.
Иброҳим қурбонлик учун боласини сўйишга тайёрлигини билдирди. Уни ётқизиб, бўйнига пичоқ тиради. Аммо Аллоҳнинг мақсади Исмоилнинг қонини оқизиш бўлмагани учун пичоқ ўтмади. Шунда Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга юқоридаги нидони қилди ва Исмоил алайҳиссаломнинг ўрнига сўйиш учун жаннатдан катта бир қўчқорни ато этди. Иброҳим алайҳиссалом ўша қўчқорни қурбонликка сўйди. Бу ишлар Минода-ҳозир мусулмон ҳожилар қурбонлик сўядиган жойда бўлиб ўтди.
Инсоният тарихидаги ўша буюк фидокорлик ҳодисаси ҳар йили такрорланадиган ибодатга айланди. Ҳар йили мусулмонлар дунёнинг турли томонларидан келиб, бу қиссани ёдга оладилар. Бу улуғ фидокорлик қиссасини ўзлари қайтадан яшайдилар.
Иброҳим алайҳиссалом ва Исмоил алайҳиссаломдек Аллоҳнинг йўлида ҳар қандай қурбон беришга тайёр эканликларини тиллари, диллари ва амаллари билан изҳор этадилар. Фидокорлик аломати сифатида қурбонликлар сўядилар. Бу ҳаракатлари билан иймон байроғини янада юқори кўтарадилар. Аллоҳга бўлган итоатларининг энг гўзал томонларини намоён қиладилар. Аллоҳга таслим бўлишни тажрибаларидан ўтказадилар.
Шу билан бирга, Аллоҳ таоло яна айтадики:
«Ва кейингилар ичида унинг учун (олқишлар) қолдирдик». (108 оят)
Дунё тургунча келадиган авлодлар уни мақтаб-олқишлаб ўтадиган қилиб қўйдик.
«Иброҳимга салом бўлсин!» (109 оят)
Иброҳим алайҳиссаломга Аллоҳ салом айтмоқда! Саломини қиёматгача боқий мўъжизаси Қуръонни Карим орқали эълон қилмоқда! Бу ҳол зот алайҳиссаломнинг қадрлари нақадар юксаклигини яна бир бор кўрсатади.

БАЙТУЛЛОҲНИНГ ҚУРИЛИШИ

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга ва у кишининг солиҳ амалли зурриётларига имомлик ваъда қилганлигини аввал ўрганган эдик. Ўша имомликнинг кўринишларидан бири–Байтуллоҳни қуриш ва унга тегишли ишлар бўлди.
Имом Бухорий Аблуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган узун қиссада, жумладан, шу иборалар ҳам бор:
«Иброҳим:
«Эй Исмоил, Аллоҳ менга бир иш буюрди», деди. Исмоил:
«Роббингиз буюрган ишни адо этинг», деди.
«Сен ёрдам берасанми?» деди.
«Ёрдам бераман», деди.
«Аллоҳ менга мана шу ерга уй қуришни буюрди», деб кичик тепалик ва унинг атрофини кўрсатди. Ана ўшанда Байтуллоҳнинг пойдеворини кўтара бошладилар. Ўғил тош таширдилар, ота қурардилар».
«Бақара» сурасида бу жараён қуйидагича ёритилади:
«Иброҳим билан Исмоил «Эй Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сенинг Ўзинг эшитувчи, билувчи зотсан», деб байтнинг пойдеворларини кўтараётганини эсла.
«Роббимиз, икковимизни Ўзингга мусулмон бўлганлардан қил ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга мусулмон уммат қил, бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт. Албатта, Сенинг Ўзинг тавбаларни кўплаб қабул этувчи, раҳмли зотсан».
«Роббимиз, уларга ўзларининг ичидан уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Пайғамбар юбор. Албатта, Сенинг Ўзинг азиз ва ҳикматли зотсан». (127-129 оятлар)
Юқоридаги оятлар Байтуллоҳнинг қурилиш жараёнини жонлантириб кўз олдимизга олиб келади.
Ота-бола Пайғамбарлар Аллоҳ таолонинг амрига бўйсуниб, дарҳол иш бошладилар. Қалблари тўла тақво ила:
«Эй Роббимиз, биздан қабул эт, албатта, Сенинг Ўзинг эшитувчи, билувчи зотсан», деб илтижо айлаб, дуо қилдилар. Бу жуда улкан мақомдир. Салафи солиҳлардан Вуҳайб ибн ал-Вард раҳматуллоҳи алайҳи ушбу оятни ўқиганларида йиғлаб туриб:
«Эй Роҳманнинг халили! Роҳманнинг байтининг пойдеворларини кўтариб турибсан-у, яна қабул бўлмай қолармикан, деб қўрқяпсанми?!» деган эканлар. Улкан қалблар, етишган шахслар ана шундай ҳассос бўладилар.
Иброҳим ва Исмоил алайҳимассалом Байтуллоҳни қурар эканлар, фурсатни қулай билиб, кўнгилларидаги бошқа дуоларни ҳам қилиб олдилар:
«Роббимиз, икковимизни сенга мусулмон бўлганлардан қил...»
Ўзлари мусулмон бўла туриб, яна шу дуони қиляптилар. Ҳидоятда бардавом бўлиш учун Аллоҳдан ёрдам умиди. Бутун борлиғи ила Аллоҳга таслим бўлишдан ажрамаслик умиди. Ва улар шу билан бирга ўзларига насиб бўлган иймон неъматидан, зурриётлари ҳам баҳраманд бўлишини тиламоқдалар:
«...ва зурриётимиздан ҳам Ўзингга мусулмон уммат қил», демоқдалар.
Ақида иши муҳим иш, у мўмин инсон учун энг аҳамиятли масаладир. Шунинг учун аввалги оятларда аҳли ҳарамга ризқ сўраган ота-бола Пайғамбарлар энди зурриётларига Аллоҳдан иймон-ислом сўрамоқдалар.
Улар яна Аллоҳдан:
«Бизга ибодатларимизни кўрсат, тавбамизни қабул эт», деб сўраяптилар.
Биз, «ибодатларимизни» деб таржима қилган сўз арабчада «манасикана» дейилган. «Маносик» сўзи аслида ибодат маъносини англатса ҳам, урфда ҳаж ибодатлари маъносида ишлатилади. Шунинг учун бу дуода, мана, Сенинг уйингни қуряпмиз, энди уни ҳаж қилишни ҳам Ўзинг ўргат, деган маъно бўлади. Дуонинг охирида Аллоҳнинг уларни умидвор қилган сифатлари ҳам қўшиб айтиляпти:
«Албатта, Сенинг Ўзинг тавбаларни кўплаб қабул этувчи, раҳмли зотсан».
Учинчи оятда Иброҳим ва Исмоил алайҳимассалом Аллоҳ таоло томонидан катта неъмат–зурриётларига ўз ичларидан Пайғамбар юборишини сўрамоқдалар.
«Роббимиз, уларга ўзларининг ичидан уларга оятларингни тиловат қилиб берадиган, китобни ва ҳикматни ўргатадиган, уларни поклайдиган Пайғамбар юбор».
Ўша Пайғамбар уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб беради. Китобни, яъни, Аллоҳнинг китобини ўргатади. Ўқишни, маъноларини, унга амал қилишни ва унга тааллуқли бошқа нарсаларни ўргатади. Ҳикматни ҳам ўргатади. «Ҳикмат»нинг маъноси–ҳар бир нарсани ўз жойига қўйиш демакдир. Уламоларимиз «ҳикмат»дан мурод–Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатлари, деганлар. Мазкур Пайғамбарнинг вазифаларидан бири–уларни поклашдир. Яъни, ширк, куфр ва ёмон одатлардан поклашдир.
Аллоҳ таоло Иброҳим ва Исмоил алайҳимассаломнинг дуоларини кўп асрлардан сўнг истижобат қилиб, Муҳаммад алайҳиссаломни Пайғамбар қилиб юборди. У киши Иброҳим ва Исмоил алайҳимассаломнинг зурриётларидан бўлиб, дуодаги барча сифатлар у кишида мужассам.
Чин дилдан қилинган дуо, албатта, қабул бўлади. Лекин қабул қилувчи Зот қачон хоҳласа, ўшанда қабул қилади. Одамлар буни тушунмай шошилади, ноумид бўлади, холос.

ҲАЖНИНГ БОШЛАНИШИ

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга фақат Байтуллоҳни қуриш шарафинигина бермади. Балки уни қуришдан асосий мақсад бўлган ҳаж ибодатини йўлга қўйишдек буюк бахтни ҳам айни ўша зотга раво кўрди.
Ана ўша инсоният тарихидаги энг улкан ҳодисалардан бири қандай кечганлигини «Ҳаж» сурасининг ушбу ояти карималаридан ўрганамиз:
«Биз Иброҳимга Байтнинг жойини белгилаб бериб: «Менга ҳеч нарсани шерик қилма, Байтимни тавоф қилгувчилар, (ибодатда) қоим тургувчилар ҳамда рукуъ, сужуд қилгувчилар учун поклагин.
Одамларни ҳажга чақир, улар сен томон пиёда, узоқ-узоқ йўллардан юриб, озиган уловлар устида келсинлар.
Ва ўзларига бўладиган манфаатларга шоҳид бўлсинлар. Маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (сўйишда) Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар. Бас, улардан енглар ва бечора ва фақирларга ҳам егизинглар.
Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар, назрларига вафо қилсинлар ва «қадимги уй»ни тавоф қилсинлар», деганимизни эсла. (26-29 оятлар)
Демак, Байтуллоҳни қуриш иши Аллоҳ таолонинг Ўзининг бевосита кўрсатмалари асосида бўлган.
«Биз Иброҳимга Байтнинг жойини белгилаб бериб...»
Ҳатто Каъбаи Муаззамани қаерга қуришни ҳам Аллоҳ таолонинг Ўзи белгилаб берган. Белгилаб берганда ҳам, Ўзининг Пайғамбари Иброҳим алайҳиссаломга белгилаб берган.
Иброҳим алайҳиссалом ўғиллари Исмоил алайҳиссалом билан Аллоҳ таолонинг амрига мувофиқ кўрсатилган жойга Байтуллоҳни қуриб битирганларидан сўнг, Аллоҳдан қуйидаги фармон келди:
«Менга ҳеч нарсани шерик қилма...»
Яъни, менга дунёдаги ҳеч бир нарсани шерик келтирма. Байтнинг эгасига ширк келтириш мумкин эмас. Унинг шериги йўқ.
«...Байтимни тавоф қилгувчилар, (ибодатда) қоим тургувчилар ҳамда рукуъ, сужуд қилгувчилар учун поклагин».
Байтуллоҳнинг эгаси Аллоҳ таоло томонидан, унинг қурувчиси Иброҳим алайҳиссаломга айтилаётган бу сифатлар мусулмонларда мавжуд. Демак, Байтуллоҳга, Масжидул Ҳаромга мусулмонлар ҳақлидирлар.
«Одамларни ҳажга чақир...»
Эй Иброҳим, одамларни ҳаж ибодатига чақир.
«...улар сен томон пиёда, узоқ-узоқ йўллардан юриб, озиган уловлар устида келсинлар».
Энг узоқ юртлардан ҳам келсинлар. Пиёда юриб бўлса ҳам, келсинлар. Йўл узоқлигидан, машаққатлилигидан уловлари озиб-ҳориб кетса ҳам, келсинлар.
Байтуллоҳнинг эгаси унинг қурувчисига шундай деб турганидан кейин, бировнинг мусулмонларни ундан тўсишга ҳеч ҳақлари йўқ.
«Ва ўзларига бўладиган манфаатларга шоҳид бўлсинлар».
Байтуллоҳни ҳаж қилишда ҳар бир ҳожи учун кўплаб дунё ва охират манфаатлари бор. Ҳажда ижтимоий, иқтисодий ва маънавий манфаатлар кўп. Ҳажга келувчилар, аввало, Аллоҳга ибодат қилади, тақвоси зиёда бўлади, қолаверса, бир-бирлари билан танишадилар, ўзаро фикр ва тажриба алмашадилар, фойдали маслаҳатлар оладилар, шунингдек, савдо-сотиқ, тижорат ҳам қиладилар. Уларнинг бу манфаатларидан баҳраманд бўлишга ҳақлари борлигини Аллоҳнинг Ўзи эълон қилиб қўйган.
«Маълум кунларда уларга ризқ қилиб берган чорва ҳайвонларини (сўйишда) Аллоҳнинг исмини зикр қилсинлар».
Ҳаж палласи Аллоҳни зикр қилиш авжига чиқадиган мавсум. Бу мавсумнинг авжи эса, ийд кунлари бўлиб, унда зикр қурбонлик сўйиш жараёнида яна авжланади. Ҳар бир ҳожи Аллоҳни йўлида барча нарсани қурбон қилиш рамзи сифатида Аллоҳнинг номини зикр этиб туриб, туя, мол, қўй каби чорва ҳайвонларини қурбонлик қилади.
«Бас, улардан енглар ва бечора ва фақирларга ҳам егизинглар».
Қурбонлик қилувчи ҳожи қурбонлигидан ўзи еса ҳам бўлади, бева-бечора, фақир-фуқароларга егизса ҳам бўлади.
Масжидул Ҳаромнинг эгаси Аллоҳ таолонинг бу амрига қарши мусулмонларни ўша манфаатлардан, қурбонлик қилишдан, Аллоҳнинг номини зикр этишдан тўсишга Қурайш кофирларининг нима ҳаққи бор?
«Сўнгра ўзларидаги кирларни кетказсинлар...»
Қурбонлик қилиб бўлганидан кейин, ҳожига эҳромдан чиқишга рухсат бўлади. Шунда унинг учун эҳром вақтида мумкин бўлмаган соч олдириш ёки қисқартиришга, қўлтиқ остидаги ва бошқа жойлардаги тукларни, тирноқларни олишга изн берилади. Ҳожи бу ишларни бажариб, ювиниб-таранади. Оятда
«...ўзларидаги кирларни кетказсинлар...» дейишдан мақсад шу.
«...ва «қадимги уй»ни тавоф қилсинлар».
«Қадимги уй»дан мурод Каъбатуллоҳ. Бу тавофни фарз тавоф, ифоза тавофи, дейилади. Бу тавофсиз ҳаж ҳаж бўлмайди. Шуни адо этишлик билан ҳаж ибодати ҳам тугайди.
Масжидул Ҳаромнинг тарихи ва унда қилинадиган амаллар ана шулардан иборат. Аллоҳ таоло у ернинг ҳурматини сақлашга чақирган. У ерда маълум ишларни ҳаром қилган. Бунга ҳамма амал қилиши керак.
Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга қариган чоғларида ато этган ҳалим ўғил-Исмоилга боғлиқ ҳодисалар ана шулардан иборат. Энди гапни бошқа тарафдан эшитинг.

ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ МЕҲМОНЛАРИ

Аллоҳ таоло Иброҳим алайҳиссаломга Исмолидан бошқа фарзанд беришни ҳам ирода қилган эди. Ана ўша хурсандчилик хабарни ўзига хос бир услубда етказишни ирода қилди.
Бу ҳолни бизга «Зарият» сурасидаги оятлар очиқлаб беради:
«Сенга Иброҳимнинг карамли меҳмонларининг хабари келмадими?» (24 оят)
Иброҳим алайҳиссалом ҳузурига келган меҳмонлар ёш, хушрўй йигитлар сувратидаги фаришталар эди. Уларни Аллоҳ таоло «карамли» деб сифатлади, чунки улар Аллоҳнинг ҳузурларида мукаррам эдилар.
Иброҳим алайҳисаломнинг бундан хабарлари йўқ эди. Шунинг учун ҳам улар кириб у зотга салом берганларида алик олдилар-да, танимаётганларини изҳор қилдилар.
«Улар унинг ҳузурига кириб, «Салом» деганларида, у «Салом, нотаниш қавмлар», деди». (25 оят)
Сўнгра:
«Аҳлига бориб, семиз бузоқни (пишириб) келтирди». (26 оят)
Ушбу оятда Иброҳим алайҳиссаломнинг ниҳоятда меҳмондўст зот эканликларини очиқ-ойдин кўрсатилмоқда. Ҳузурларига нотаниш кишилар келиб салом беришлари билан алик олиб, меҳмонларга билдирмай, дарров аёлларига бориб семиз бузоқни пиширтириб олиб келишлари сахийлик ва меҳмондўстликнинг юқори даражадаги аломатларидандир.
«Уни уларга яқин сурди ва: «Емайсизларми?» деди». (27 оят)
Яъни, меҳмонлар олдиларига қўйилган гўштни емай ўтираверганларидан сўнг Иброҳим алайҳиссалом бузоқ гўштини уларга яқинроқ суриб, «Емайсизларми?» дедилар.
Фаришталар овқат емайдилар, шунинг учун улар яна овқатни емай ўтиравердилар. Одатда, меҳмон мезбондан норози бўлса, унга ёмонликни раво кўрса, овқатини емайди. Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳиссалом:
«Улардан хавфсиради. Улар «қўрқма», дедилар ва унга илмли ўғил башоратини бердилар». (28 оят)
Яъни, Иброҳим алайҳиссаломда, таомларини емаётган меҳмонлардан қўрқиш аломатлари пайдо бўлди. Буни меҳмонларнинг ўзлари ҳам сездилар-да, у кишига «қўрқма, биз Аллоҳ тарафидан юборилган фаришталармиз, сенга бир илмли ўғил фарзанд кўришингнинг башоратини олиб келдик», дедилар.
Бу гапларни Иброҳим алайҳиссаломнинг хотинлари ҳам эшитиб турган эканлар.
«Бас, хотини қичқириб келди ва ўз юзига шапалоқ тушириб, «қари, туғмас хотин-а?!» деди». (29 оят)
Маълумки, Иброҳим алайҳиссалом тўқсон ёшларигача фарзанд кўрмаганлар. Сўнгра кичик хотинлари Биби Хожар онамиздан Исмоил алайҳиссаломни кўрганлар. Ундан сўнг ҳозир ҳикоя қилинаётган ҳодисалар бўлиб ўтган. Башорати берилаётган фарзанд, Исҳоқ алайҳиссалом, аёл эса катта хотинлари, Биби Сора эканлиги оят сиёғидан билиниб турибди.
Иброҳим алайҳиссаломнинг хотинлари ўзларининг туғмасликларини яхши билардилар, бунинг устига қариб-қартайиб, фарзанд кўришдан бутунлай умидлари узилган эди. Шунинг учун ҳам хабарни эшитиб даҳшатга тушдилар. Одатда хотинлар бирор ғайри табиий хабарни эшитсалар, ҳайрат ва таажжубларини «Вой шўрим!» дея юзларига шапатилаб (ёки шунга ўхшаш хатти-ҳаракатлар билан) ифодалайдилар. Шу сингари Иброҳим алайҳиссаломнинг хотинлари ҳам ўз юзларига шапалоқ билан урдилар. Чунки бу Аллоҳнинг амри эканини, хабарни фаришталар келтирганини у киши англай олмаган эдилар. Бу ҳақиқатни у кишига фаришталарнинг ўзлари англатдилар.
«Улар: «Сенинг Роббинг шундай деди. Албатта, Унинг Ўзи ҳаким ва олимдир», дедилар». (30 оят)
Яъни, фаришталар Иброҳим алайҳиссаломнинг аёлларига: «Бунақа даҳшатга тушма, ажабланма ҳам, бу гапларни сенинг Парвардигоринг айтди, у ҳамма нарсага қодир-хоҳласа, туғмасга ҳам, қари кампирга ҳам фарзанд бераверади», деган маънодаги гапни айтдилар. Дарҳақиқат шундай ҳам бўлди. Аллоҳ катта ёшдаги икки қари бандасига илмли, кейинчалик Пайғамбар бўладиган Исҳоқ исмли ўғил фарзанд берди.
Аллоҳ таоло ота-онанинг қўшилишидан фарзанд дунёга келишини асосий қоида қилиб қўйган. Бу қоидага кишилар шунчалик ўрганиб кетишганки, кўплари ҳақиқий яратувчи Аллоҳ эканини унутиб, иш фақат эру хотин билан битаверади, деган бузуқ ақидага ҳам борадилар. Бандалар Аллоҳни эсдан чиқармасликлари учун яратганнинг Ўзи баъзи ҳолларда юқоридаги қоидани «бузиб» туради. Баъзи кишиларга фақат ўғил беради, қизга зор қилиб қўяди. Баъзиларга фақат қиз беради, улар ўғилга зор бўлишади. Баъзиларга ўғил-қизни аралаш беради. Баъзиларни эса бутунлай фарзандсиз қилиб қўяди. Демак, эр-хотиннинг қўшилиши асосий омил эмас, Аллоҳнинг иродаси асос эканини мазкур ҳолатлар доимо эсимизга солиб турмоғи лозим.
Қариб қолган аёлларнинг туғмаслиги ҳам умумий қоида. Айниқса, улар ёшликларидан туғмас бўлиб ўтган бўлсалар. Бу ҳам кишиларнинг онгига сингиб кетган. Ҳатто Иброҳим алайҳиссаломдек улуғ Пайғамбарнинг аёллари ҳам бу қоидадан ташқарига чиқишни хаёлларига сиғдира олмадилар. Лекин Аллоҳнинг Ўзига ҳамма нарса осон. Буни ҳеч қачон унутмаслик керак.
Меҳмонларнинг ким эканини очиқ-ойдин билиб олган Иброҳим алайҳиссалом уларга савол бера бошладилар.
«У: «Эй элчилар! Сизнинг ишингиз надир?» деди». (31 оят)
Иброҳим алайҳиссалом меҳмонлар фаришталар эканликларини билдилар. Улардан Аллоҳ ўзларига илмли ўғил фарзанд беришни ирода қилганлиги ҳақидаги хушхабарни ҳам эшитдилар.
Лекин улуғ Пайғамбар бўлган у зот бу фаришталарни бошқа ишлари борлигини сезиб турган бўлсалар керак. Улардан,
«Эй элчилар! Сизнинг ишингиз надир?» деб сўрадилар.
«Улар: «Албатта, биз жиноятчи қавмга юборилганмиз». (32 оят)
«Уларнинг устидан лойдан (пиширилган) тошларни ташлаш учун.
Роббинг ҳузурида исрофчилар учун белгилаб қўйилганларни», дедилар». (33-34 оятлар)
Оятдаги «жиноятчи қавм»дан мурод Лут қавмидир. Бу қавм инсоният тарихида бўлмаган улуғ жиноятни содир этган. Улар ўзларига эркак билан эркакнинг жинсий алоқа қилишини раво кўрдилар.
Бу жиноятдан уларни Пайғамбар Лут алайҳиссалом кўп қайтардилар, лекин самара бермади. Оқибатда улар Аллоҳнинг азобига дучор бўлдилар.
Ўша жиноятчи қавмга Аллоҳ таоло ирода қилган азобни етказиш ушбу, Иброҳим алайҳиссалом билан суҳбатлашиб турган фаришталарга топширилган эди. Шу билан бирга уларга йўл-йўлакай Иброҳим алайҳиссаломга илмли ўғил башоратини бериб ўтиш ҳам топширилган эди.
Аммо Иброҳим алайҳиссалом уларни саволга тутиб қолганларидан кейин ўзларининг бажаришлари лозим бўлган асосий ишлари ҳақида хам ахборот бера бошладилар.
Улар:»Албатта, биз жиноятчи қавмга юборилганмиз…», дедилар.
Яъни, аслида биз Аллоҳ таоло томонидан жиноятчи Лут қавмига юборилганмиз.
«Уларнинг устидан лойдан (пиширилган) тошларни ташлаш учун».
Яъни, ўша жиноятчи қавм аъзолари устидан лойдан пиширилган қаттиқ тошларни ташлаб ўлдиришимиз керак.
«Роббинг ҳузурида исрофчилар учун белгилаб қўйилганларни», дедилар».
Ўша лойдан пиширилган қаттиқ тошлар Аллоҳ таоло томонидан исрофчилар учун белгилаб қўйилган-баъзи ривоятларда айтилишича, ҳар гуноҳкорни ўлдириш керак бўлган тошга унинг исми ёзилиб қўйилган эди.

ИСҲОҚНИНГ БЕРИЛИШИ

Юқоридаги Иброҳим алайҳиссаломга фаришталар томонидан хушхабари берилган илмли фарзанд Исҳоқ эди.
Бу маънони «ас-Саффот» сураси очиқ-ойдин баён қилади:
«Яна Биз унга солиҳлардан бир Пайғамбар бўлажак Исҳоқнинг хушхабарини бердик». (112 оят)
Иброҳим алайҳиссаломнинг Аллоҳ таоло томонидан мукофотланишлари юқорида зикр этилган нарсалар билан кифояланиб қолмади. Аллоҳ таоло у кишига яна бир ўғил кўришлари, унинг исми Исҳоқ бўлиши, у ҳам солиҳлардан, Пайғамбарлардан бўлишининг хушхабарини берди.
Аммо бу билан ҳам кифояланмади, яна зиёда қилди:
«Ва унга ҳам, Исҳоққа ҳам барака бердик. Икковларининг зурриётидан гўзал амал қилгувчи ҳам, ўзига очиқ-ойдин зулм қилгувчи ҳам бўлур». (113 оят)
Яъни, Иброҳимга ҳам, Исҳоққа ҳам барака бердик. Уларнинг наслидан Пайғамбарлар чиқадиган қилиб қўйдик. Барака шундан иборат. Икковларининг зурриётидан ким ўша Пайғамбарларга эргашса, гўзал иш қилган бўлади. Қайси бири эргашмаса, ўзига ўзи очиқ-ойдин зулм қилган бўлади.

ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ФАЗИЛАТЛАРИ

Қуръони Карим Иброҳим алайҳиссаломнинг шахсларига, қиссаларига алоҳида эътибор қаратганини ўрганиб чиқмоқдамиз. Каломи илоҳийда у зотнинг қиссалари, фаолиятлари ва даъватларидан ташқари шахсий фазилатлари ҳам батафсилроқ ёритилади. Келинг ана шу масалага тегишли баъзи ояти карималарни ўрганиб чиқайлик.
Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида Иброҳим алайҳиссаломни васфларида қуйидагиларни айтади:
«Албатта, Иброҳим Аллоҳнинг итоат қилгувчи, ҳаққа мойил уммати эди. Мушриклардан бўлган эмас». (120 оят)
Ушбу ояти карима Иброҳим алайҳиссаломни «уммат» деб атамоқда.
Бу оятдаги «уммат» сўзига «имом» ҳамда «миллат» маънолари берилган.
Иккинчи маънога келсак, Иброҳим алайҳиссалом бир ўзлари бутун бошли бир миллат-умматга тенг келган, деган маънони англаймиз.
Агар «уммат»дан «имом» маъносини олсак, «йўлбошчи»ни тушунамиз. Дарҳақиқат, бир умматни тўғри йўлга бошловчи имомга унга эргашганларнинг ҳам ажри-савоби берилади. Шунинг учун икки маъно бир-бирини тўлдириб келади, деб ҳар иккисини ҳам олаверган маъқул.
Иброҳим алайҳиссаломнинг яна бир сифатлари,
«Аллоҳга итоат қилгувчи», Унга бўйинсуниб, ибодат қилувчи эканларидир.
Бошқа бир сифатлари,
«ҳаққа мойил» эканликларидир. Яъни, ҳақ динга мойил бўлганлар, нотўғри йўлларга юрмаганлар.
Энг муҳим сифатлари,
«мушриклардан бўлган эмас».
Шундай экан, у кишини ўз раҳнамолари деб даъво қилаётган араб мушрикларида Иброҳим алайҳиссаломнинг қайси сифатлари бор? Бирортаси ҳам йўқ-ку! Шунингдек, уларда Иброҳим алайҳиссаломнинг кейинги оятларда келадиган сифатлари ҳам йўқ:
«Унинг неъматларига шукр қилгувчи эди. У зот уни танлаб олди ва сиротул мустақиймга ҳидоят қилди». (121 оят)
Иброҳим алайҳиссалом Аллоҳнинг неъматларига ҳам сўзларида, ҳам амалларида шукр қилгувчи эдилар. Мушрикларга ўхшаб, оғизда тан олиб, амалда бошқача ибодат қилиб куфр келтирмас эдилар. Ушбу сифатлари учун Аллоҳ Иброҳим алайҳиссаломни танлаб олди ва тўғри йўлга ҳидоят қилди.
«Унга бу дунёда яхши (ҳаёт) бердик. Охиратда эса, у, албатта, солиҳлардандир». (122 оят)
Иймони ва шукр қилгани туфайли, мазкур гўзал сифатларга эга бўлгани туфайли бу дунёда у кўплаб яхшиликларга эришди. Охиратда эса, албатта, аҳли солиҳлардан бўлади. Демак, икки дунёнинг саодатига эришиши муқаррар.
Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида Иброҳим алайҳиссаломни Ўзига дўст-халил қилиб олганини бутун оламга эълон қилади:
«Яхшилик қилувчи бўлган ҳолида юзини Аллоҳга таслим қилган ва Иброҳимнинг тўғри динига эргашган кимсанинг динидан ҳам яхшироқ дин борми? Ва Аллоҳ Иброҳимни дўст тутган эди». (125 оят)
Ушбу оятдаги савол бир нарсани билиш учун берилаётган савол эмас. Балки бор нарсани иқрор қилиш учун айтилаётган тасдиқ саволидир.
«Юзини Аллоҳга таслим қилиш»–мусулмон бўлишдир.
«Иброҳимнинг тўғри динига эргашиш» ҳам мусулмонликдир. «Аллоҳга юзини таслим қилиш» ибораси ҳар бир ишни иймон билан, Парвардигори Оламга ихлос қилган ҳолда бажаришга айтилади. Қилган яхши амалнинг қабул бўлишига иймон қанчалик шарт бўлса, ихлос ҳам (яъни, ишни Аллоҳнинг розилиги учун ихлос билан адо этиш) шунчалик шартдир.
Иброҳим алайҳиссаломнинг миллати–дини Ислом эди. Аллоҳ таоло бошқа оятларда ҳам бу ҳақиқатни баён этган. Демак, оятда Исломдан ўзга ҳақиқий дин йўқ, дейилмоқда ва бу динга одамларни янада қизиқтириш учун Иброҳим алайҳиссаломни Аллоҳ таоло Ўзига дўст тутганини таъкидламоқда.
«Ва Аллоҳ Иброҳимни дўст тутган эди».
Шунинг учун ҳам Иброҳим алайҳиссалом «Халилуулоҳ» лақабини олганлар.
Иброҳим алайҳиссаломни «Ҳуд» сурасида ҳам ажойиб сифатлар ила васф қилинади:
«Албатта, Иброҳим ҳалийм, тазарруъли ва У зотга тез қайтувчидир». (75)
Ҳалиймлик сифати, ғазабга сабаб бўладиган ҳоллардан четланувчи, босиқ ва тез аччиқланмайдиган кишига нисбат берилади.
«Тазарруъли» деб таржима қилган сўзимиз ояти каримада «аввоҳ» деб келган бўлиб, «кўп оҳ урувчи» жуда тақводор, тазарруъ ила кўп дуо қилувчи шахс, деган маънони англатади.
Оятдаги «мунийб» сифатини «У зотга тез қайтувчи» деб таржима қилдик, бу ҳам ҳар бир нарсада Роббига тез қайтувчи шахс, деганидир.
Қуръони Каримда Иброҳим алайҳиссаломнинг ушбу сифатлари бир неча бор такрорланган.
У зотнинг айни шу сифатлари доимо Аллоҳ таолога тазарруъ ила дуо қилишга етакларди. Қуръони Каримда Иброҳим алайҳиссаломнинг ҳалимлик, оввоҳлик ва мунийблик ила қилган дурдона дуоларидан гўзал намуналар келган.

ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ДУОЛАРИ

Иброҳим алайҳиссалом ва у кишига эргашган мўминларнинг «Мумтаҳина» сурасида келган Аллоҳ таолога илтижолари:
«Эй Роббимиз, фақат Сенга таваккал қилдик, фақат Сенгагина қайтдик ва қайтиб борадиган жой ҳам фақат Сенгагинадир». (4 оят)
Яъни, эй Роббимиз, биз барча ишларимизда фақат Сенинг Ўзинггагина суяндик. Гуноҳларимиздан тавба қилиб фақат Сенинг Ўзинггагина қайтдик. Ва охиратда ҳам қайтиб борадиган жойимиз фақат Сенинг Ўзинггинадир.
Келаси оятда Иброҳим алайҳиссалом билан у кишига эргашган мўминларнинг Аллоҳ таолога илтижолари давом этади.
«Эй Роббимиз, бизни кофирларга фитна қилиб қўймагин ва бизни кечиргин. Эй Роббимиз, албатта, Сен, Ўзинг ғолибсан ва ҳакимсан». (5 оят)
«Фитна» сўзи бир неча хил маънода, жумладан, синов, азоб, адашув ва куфр маъноларида ишлатилади. Шунга биноан оятнинг маъноси бир неча хил чиқиши мумкин.
«Эй Роббимиз, бизни кофирларга фитна қилиб қўймагин ва бизни кечиргин».
1. Эй роббимиз, бизни кофирларнинг йўлдан тойишларига сабаб қилиб қўйма. Яъни, бизни ёмон ишлардан пок сақлагин, токи, улар динга кирмоқчи бўлиб турганларида айниб қолишмасин, дегани.
2. Эй роббимиз, бизни кофирлар қўлида азобланишга дучор қилмагин.
3. Эй роббимиз, уларни бизнинг устимиздан ҳоким қилмагилки, бизни диндан чиқармасинлар ва ҳоказо.
«Эй Роббимиз, албатта, Сен, Ўзинг ғолибсан ва ҳакимсан».
Эй Роббимиз Сен, Ўзинг ғолиблик сифатинг ила бизга кофирлар устидан ғалаба ато қилгин.
Эй Роббимиз Сен, Ўзинг ҳакимлик сифатинг ила бизнинг ишларимизни ҳикматли бўлишини насиб этгин.
Иброҳим алайҳиссаломнинг «Шуаро» сурасида келган дуолари:
«Эй Роббим, менга ҳикмат ҳадя эт ва мени солиҳларга қўшгин». (83 оят)
Эй Роббим, менга ҳикмат–илм бергин, у билан тўғрини нотўғридан, яхшини ёмондан, фойдани зарардан ажратадиган бўлай.
«...ва мени солиҳларга қўшгин».
Иброҳим алайҳиссалом улуғ Пайғамбар бўла туриб, Аллоҳдан ўзларини аҳли солиҳларга қўшишини сўрашлари улкан камтаринлик намунасидир. Айни чоқда, у зот аҳли солиҳларнинг мартабасини ҳам кўтармоқдалар.
«Ва менга кейин келгувчилар ичида содиқ мақтовлар бўладиган қилгин». (84 оят)
Яъни, ўтиб кетганимдан кейин ҳам одамлар мени қиёматгача яхшилик билан эслаб юрадиган қилгин.
«Ва мени наъийм жаннати ворисларидан қилгин». (85 оят)
Яъни, мени неъматли жаннатга киритгин.
«Ва отамни мағфират қил. Албатта, у адашганлардан бўлди». (86 оят)
Иброҳим алайҳиссалом ўзларининг кофир оталари ҳақига, отанинг Аллоҳга душманлиги аён бўлмасидан олдин, дуо этиб мағфират сўраганлар.
«Ва қайта тирилтириладиган кунда мени шарманда қилмагин». (87 оят)
Қиёмат кунида шарманда қилмагин.
«У кунда на мол манфаат берар ва на болалар». (88 оят)
Ҳа, у кунда иймон ва солиҳ амалдан бошқа ҳеч нарса фойда бермайди.
«Магар ким Аллоҳ ҳузурига тоза қалб ила келса, (ўша манфаат топар)». (89 оят)
Энди Иброҳим алайҳиссаломнинг фазилатлари ҳақида келган ҳадиси шарифлардан бирини ҳам зикр этишга ижозат бергайсиз.
Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадии:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менга анбиёлар кўрсатилди. Қарасам, Мусо шануъалик эркакларга ўхшаган одам экан. Ийсо ибн Марям алайҳиссаломни кўрдим. Қарасам, кўрган одамларим ичида Урва ибн Масъудга жуда ҳам ўхшаш экан. Иброҳим Аллоҳнинг унга саловотлари бўлсинни ҳам кўрдим. Қарасам, кўрган одамларим ичида сизнинг соҳибингизга ўхшар экан. Яъни, ўзлари соллаллоҳу алайҳи васаллам. Жиброил алайҳиссаломни кўрдим. Қарасам у кўрган одамларим ичида Диҳяту ибн Халифага ўхшар экан», дедилар».
Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда зикр қилинаётган кўрсатилиш Исро кечаси, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам осмонларга чиққанларида бўлган.
Урва ибн Масъуд розияллоҳу анҳу буғдой ранг, сочлари елкасига тушган гўзал инсон бўлган эканлар.
Диҳяту ибн Халифа розияллоҳу анҳу Диҳятул Калбий номи ила машҳур саҳобий бўлганлар. У киши розияллоҳу анҳу гўзал ҳиндомли зот бўлганлар.
Бу ерда Иброҳим алайҳиссаломнинг ташқи қиёфалари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ўхшашлиги фазл сифатида зикр қилинмоқда.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Набий Иброҳим алайҳиссалом Қадумда саксон ёшларида ўзларини хатна қилдилар», дедилар».

ИБРОҲИМ АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ ВАФОТЛАРИ

Иброҳим алайҳиссалом 175 йил умр кўрганларидан сўнг бу дунёни тарк этдилар. У зотни оила аъзолари ал-Макфийла номли ғорга, завжалари Биби Соранинг ёнларига дафн қилдилар. У жой ҳозирда фаластиннинг Халил шаҳридадир.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri