КОФИРЛИК ҲАҚИДА ФАТВО БЕРИШ Принтер учун
05.10.2007 й.

...Асримизнинг динда ғулувга кетиш оқибатида долзарб масаласига айланган муаммолардан бири мусулмонларни кофир деб фатво чиқаришнинг кўпайганидир. Бу масала кейин чиққан масалалардандир. Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг вақтларида бирор кишини кофир деб ҳукм чиқарилганини ҳеч ким бўлмайди. Чунки, Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг ўзлари мусулмонларни бу ишдан қаттиқ қайтарар эдилар...

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса иймоннинг аслидир; «Лаа илаҳа иллаллоҳу» деган кимсага тегмаслик: Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз. Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз», дедилар». Абу Довуд ривоят қилган.
Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Уч нарса иймоннинг аслидандир», демоқдалар.
Бу масалани баён қилишнинг энг кучли усулларидан биридир. Аввал баён этиладиган нарсаларнинг ададини, аҳамиятини айтиб, кейин бирин кетин улар васф қилинади. Демак, биз ўрганадиган нарсаларнинг адади учта. Улар энг муҳим нарсалар, чунки иймоннинг аслидан ҳисобланадилар. Мусулмон киши учун дунёда иймондан муҳимроқ нарса йўқ. Иймоннинг асли эса муҳимнинг муҳимидир.
1. «Лаа илаҳа иллаллоҳу», деган кимсага тегмаслик».
Яъни, калимаи шаҳодатни айтиб, ўзини мусулмонлигини билдириб турган кишига тегмаслик, унинг жонига, молига зарар етказмаслик зарур. Зоҳирида мусулмон бўлиб кўриниб, Исломнинг зоҳирий амалларини қилаётганлар билан мусулмонча муомала қилинаверади. Кишиларнинг ички сирлари ва ҳисоб китоблари Аллоҳнинг Ўзига ҳавола!
«Гуноҳи туфайли уни кофирга чиқармаймиз».
Яъни, «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни айтиб, зоҳирида мусулмон бўлиб кўринган одамни қилган гуноҳ иши туфайли кофирга чиқармаймиз. У кофир эмас, осий мўмин бўлади.
«Амали туфайли уни Исломдан чиқармаймиз».
Яъни, калимаи тавҳидни айтиб, Исломни зоҳиридан кўрсатиб турган одамни амали туфайли Ислом дини, Ислом миллатидан чиқармаймиз. Бундай одамларга амалига яраша таъйин қилинган шаръий жазо берилади. Эътиқоди бузилмаса, Исломдан чиққан ҳисобланмайди. Умумий қоида–шу!
Аммо кейинчалик бўлиб ўтган ҳодисаларга назар солсак, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам нима учун бу масалага алоҳида эътибор бериб, уни иймоннинг аслидан, деб атаётганларини тўлиқроқ тушуниб оламиз. Кейинроқ айни шу Пайғамбаримиз «қилмаймиз», деб айтган нарсани қиладиганлар чиқди. Баъзи фирқалар мўмин кишини қилган гуноҳи туфайли кофирга чиқаришга киришдилар. Мусулмон одамни қилган ёмон амали сабабидан Исломдан чиқаришни авж олдирдилар.
Бу ишга биринчи бўлиб журъат этганлар «Хавориж» фирқаси бўлди. Улар, «мўъмин киши гуноҳ иш қилса, кофирга айланади», «Ёмон амал қилган мусулмон, Исломдан чиқади», дедилар.
Бора-бора «Хавориж»ларнинг қиладиган иши мусулмонларни кофирга чиқаришдан бошқа бўлмай қолди. Уларнинг бу ашаддий мавқифлари қирғин барот урушларга, мусулмонларнинг беҳисоб қонлари тўкилишига олиб келди. Энг ёмони, ақийда бобида кераксиз ихтилофлар авж олди.
Натижада ақийда пойдевори дарз кетди. Фақат Аҳли сунна ва жамоа мазҳаби уламолари жасорати ва улкан меҳнати эвазига бу дарз қайтадан тўғриланди.
Кейинги пайтларда ҳам, ҳар даврнинг ўз «Хавориж»лари чиқиб турибди. Бизнинг асримизда ҳам, «Лаа илаҳа иллаллоҳ»га мансуб кишилар ичида, калимаи тавҳид аҳлини, аҳли қиблани кофирга чиқарувчилар оз эмас.
Замонамиз «Хавориж»лари ҳам, қадимги мазҳабдошларидан ўрнак олиб, уларга суяниб иш кўрадилар. Буларнинг ҳам, ўтмишдаги маслакдошлари каби мусулмонлардан бошқалар билан асло ишлари йўқ.
Замонамиз «Хавориж»лари ҳам, иложи борича кўпроқ мусулмонни кофирга чиқаришни ўзларининг бош вазифалари деб биладилар. Уламоларимиз хаворижларчалик Исломга катта зарар етказган куч йўқлигини таъкидлайдилар.
Минг афсуслар бўлсинким, тарихдаги бу нохуш ҳолат биз яшаб турган замонда ҳам такрорланди. Ғулувга кетган тоифалар аста-секин мусулмонларни кофирга чиқариш ишини такрорладилар. Улар аввал ҳокимядагиларни, кейин ўзларига очиқ қарши чиққанларни кофирга чиқардилар.
Бора –бора уларнинг доираларида ҳозирда мусулмонман деб юрганларнинг учдан иккиси мушрик ва кофир дейдиган гаплар тарқалди. Кейинроқ бу нисбат яна юқорилаб борди.
Тирикларни кофирга чиқариб бўлганларидан кейин ўлганларга осилишни бошладилар. Ўтган уламоларимизнинг китобларини титкилаб ўзларига ёқмайдиган гапларни топиб уларни ҳам кофирга чиқаришни бошладилар. Охири бориб аҳли сунна ва жамоа мазҳабининг икки имомлари Ашъарий ва Ал-Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳимолар ҳам буларнинг дастидан четда қолмадилар.
Ва ниҳоят, мазкур «фатвочилар»нинг шогиридлари устозларини кофирлиги ҳақида фатво чиқаришга етишди.
Бу масаланинг ўта хатарли эканини англаб етиш учун куфрнинг маъносини, таърифини ва унга боғлиқ шаръий ҳукмларни бир оз бўлсада тушуниб етиш керак.

ХАВОРИЖЛАР ВА ДИНДАН ОТИЛИБ ЧИҚУВЧИЛАР ҲАҚИДА

Абу Саъид разияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Али ибн Абу Толиб Ямандан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломга тупроғидан тозаланмаган ёмби тиллони қарз ила ошланган терига солиб юборди. Бас, у зот уни тўрт киши; Уяйна ибн Бадр, ал-Ақраъ ибн Ҳобис, Зайд ал-Хойл ва Алқама ибн Улоса орасида тақсимладилар. Шунда у зотнинг саҳобаларидан бир киши «Улардан кўра бунга биз ҳақли эдик», деди.
Бас, бу Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаломга етди ва: «Менга ишонмайсизларми?! Ҳолбуки, мен осмондаги зотнинг ишончлисиман. Менга эртаю кеч осмоннинг хабари келиб туради», дедилар.
Шунда кўзлари ичига кирган, икки яноғи бўртиб чиққан, дўнгпешона, серсоқол, тақирбош ва иштонини шимариб олган бир киши ўрнидан туриб:
«Эй Аллоҳнинг Расули Аллоҳдан қўрқинг!» деди.
«Шўринг қурсин! Мен ер аҳлининг Аллоҳдан қўрқишга энг ҳақлиси мен эмасмани?!» дедилар.
Сўнгра ҳалиги киши ортига қайтиб кетди. Шунда Холид ибн Валид:
«Эй Аллоҳнинг Расули Унинг бўйнига зарба берайми?» деди.
«Йўқ. Эҳтимол у намоз ўқир», дедилар.
«Қанчадан қанча намозхон тили билан дилида йўқ нарсани айтади», деди Холид.
Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Албатта, мен одамларнинг қалбини тешиб кўришга ҳам, қоринларини ёриб кўришга ҳам амр қилинмаганман», дедилар.
Сўнгра у зот кетиб бораётган ҳалиги кишининг ортидан назар солиб туриб:
«Мана шунинг жинсидан бўлган бир қавмлар чиқади. Улар Аллоҳнинг китобини кўп тиловат қиладилар. Аммо у уларнинг бўғизларидан нарига ўтмайди. Улар диндан худди ўқ камондан чиққандек чиқадилар. Агар уларни топсам, албатта, Самуд қавмидек қатл қилардим», дедилар».
Ушбу ҳадиси шарифда кейинчалик чиқиб, динда ғулувга кетиб мусулмонлар орасида фитна чиқарадиган тоифа аъзоларининг баъзи кўринишлари, сифатлари ва ишлари ҳақида маълумотлар келмоқда.
«Шунда кўзлари ичига кирган, икки яноғи бўртиб чиққан, дўнгпешона, серсоқол, тақирбош ва иштонини шимариб олган бир киши ўрнидан туриб: «Эй Аллоҳнинг Расули Аллоҳдан қўрқинг!» деди».
Уларнинг кўзга кўринган сифатларидан бири мусулмон йўлбошчилар, уламо ва фузалоларга нисбатан беҳурмат бўлиш ва ўзларининг ёлғон даъволари билан уларнинг обрўсини тўкишга ҳаракат қилиш бўлади.
Ушбу ривоятда зикри келаётган номояндалари ҳам Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломни Аллоҳ таолодан қўрқмасликда, адолат қилмасликда айбламоқдалар. Эътибор беринг-а! Бир бетайин нобокор Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломни айбламоқда! Унинг издошлари ҳам Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васаломнинг меросхўрлари уламоларга нисбатан шундоқ муомалада бўладилар.
«Улар Аллоҳнинг китобини кўп тиловат қиладилар».
Буни ҳам бировлардан ажраб туриш учун қиладилар. Чин қалбдан Аллоҳ таоло учун қилмайдилар. Тиловатни қиладилар.
«Аммо у уларнинг бўғизларидан нарига ўтмайди».
Қалбларига етиб бормайди. Уни англаб етиш ва онгларига сингдиришга уринмайдилар ҳам. Шунинг учун
«Улар диндан худди ўқ камондан чиққандек чиқадилар».
Бир оз сабаб топилса бўлди. Тезда соқолни қирдириб, кийимни ўзгартиб ҳеч нарсани кўрмагандек бўлиб тураверадилар.
«Агар уларни топсам, албатта, Самуд қавмидек қатл қилардим».
Чунки улар қаерда бўлсалар ҳам фитна чиқарадилар ва мусулмонларга катта зарарлар етказадилар.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Али Яманда турганида ёмби тиллони тупроғи билан Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломга юборди. Бас, у зот уни тўрт киши; Уяйна, ал-Ақраъ, Зайд ал-Хойл ва алқамалар орасида тақсим қилдилар. Бунда қурайшликлар ғазабландилар ва: «Нажднинг катталарига бериб бизни тарк қиладими?!» дейишди.
Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Албатта, мени буни уларни улфат қилиш учун қилдим», дедилар.
Кейин бир серсоқол, икки ёноғ бўртиб чиққан, кўзлари иичига кирган, пешонасин дўнг ва сочи қирилган киши келиб: «Аллоҳдан қўрқ! Эй Муҳаммад!» деди.
«Агар мен осийлик қилсам, Аллоҳга ким итоат қилади?! У зот мени ер аҳлига ишонадию, сизлар менга ишонмайсизларми?!» дедилар.
Сўнгра ҳалиги одам орқасига қараб кетди. қавмдан бири уни қатл қилишга изн сўради. Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Манашунинг жинсидан бўлган бир қавмлар чиқади. Улар Аллоҳнинг китобини кўп тиловат қиладилар. Аммо у уларнинг бўғизларидан нарига ўтмайди. Улар аҳли Исломни қатл қиладилар ва аҳли бутларни тарк қиладилар. Улар Исломдан худди ўқ камондан чиққандек чиқадилар. Агар уларни топсам, албатта, Од қавмидек қатл қилардим», дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Бу ривоят ўзидан олдингисини тўлдириб ва унга бир оз равшанлик киритмоқда.
«Улар аҳли Исломни қатл қиладилар ва аҳли бутларни тарк қиладилар».
Мусулмонлар орасида фитна чиқарган ва чиқараётган тоифаларнинг ҳолига ва тарихига диққат билан назар соладиган бўлсак, бу улкан ҳақиқат яққол номоён бўлади. Улар доимо аҳли Исломга осиладилар. Бошқалар билан ишлари бўлмайди. Балки баъзи бир ҳолатларда улар мусулмонмаслар билан ҳамкорлик қиладилар.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Биз Пайғамбаримиз саллалоҳу алайҳи васалом билан бирга эдик. У зот мол тақсимлаётган эдилар. У зотнинг ҳузурларига Зулхувайсира келди. У Бани Тамимлик бир одам эди. Бас, у: «Эй Аллоҳнинг Расули Адолат қилинг!» деди.
Шунда Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассалом: «Шўринг қурсин! Мен адолат қилмасам, ким адолат қилади?! Агар адолат қилмасам, ноумид бўлибман, хусронга учрабман!» дедилар.
Бас, Умар ибн Хаттоб: «Эй Аллоҳнинг Расули Менга изн беринг. Унинг бўйнига зарба берай!» деди.
«Уни тек қўй. Албатта, унинг шерклари бордир. Сизлардан бирингиз уларнинг намози олдида ўзининг намозини, рўзаси олдида ўзининг рўзасини ҳақир санайди. Улар Қуръон қироат қилурлар. Аммо бўғизларидан нарига ўтмас. Исломдан камондан ўқ чиққандек чиқурлар. Ўқнинг учига назар қилинса, ундан ҳеч нарса топилмас. Сўнгра ўқ учи қадаладиган жойга назар солинса, ундан ҳам ҳеч нарса топилмас. Кейин ўқнинг ўзига назар қилинса, ундан ҳам ҳеч нарса топилмас. Сўнг унинг патига назар қилинса, ундан ҳам ҳеч нарса топилмас. Ҳолбуки, у гўнгдан ҳам, қондан ҳам ўтганди. Уларнинг белгиси бир қора одам бўлиб унинг билакларидан бирида аёлнинг маммасига ўхшаш ёки парча гўштга ўхшаш нарса бўлиб ликкиллаб туради. Улар одамлар тафриқага тушганда чиқурлар», дедилар. Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Бу ривоятда зикри келаётган мол тақсимлаш ва унга боғлиқ ҳодисалар Ҳунайн ғазотидан кейин Жаърона номли ерда бўлиб ўтган.
Зулхувайсира машҳур нобакорлардан бирининг исми. У ўзининг душманлиги билан машҳур бўлган.
Бу ривоятда мазкур фитначи тоифа аъзоларининг бошқа сифатлари ҳам зикр қилинмоқда.
«Сизлардан бирингиз уларнинг намози олдида ўзининг намозини, рўзаси олдида ўзининг рўзасини ҳақир санайди».
Улар намоз ўқиганларида сиртдан кўрган одам қоил қоладиган қилиб ўқийдилар. Улар рўза тутганларидан сиртдан кўрган одам қоил қоладиган қилиб тутадилар. Ҳаттоки саҳобалар уларнинг намози ва рўзаси олдида ўз намоз ва рўзаларини ҳақир санайдиган бўлади.
Кези келганда, эслаб ўтилган ривоятларда зикр қилинган салбий сифатларнинг баъзиларининг рўйхатига кўз ташлаб чиқайлик.

1. Улар Аллоҳнинг китобини кўп тиловат қиладилар. Аммо у уларнинг бўғизларидан нарига ўтмайди.
2. Улар диндан худди ўқ камондан чиққандек чиқадилар.
3. Уларнинг кўзга кўринган сифатларидан бири мусулмон йўлбошчилар, уламо ва фузалоларга нисбатан беҳурмат бўлиш ва ўзларининг ёлғон даъволари билан уларнинг обрўсини тўкишга ҳаракат қилиш бўлади.
4. Улар аҳли Исломни қатл қиладилар ва аҳли бутларни тарк қиладилар.
5. Улар гапни гўзал гапирурлар, амални ёмон қилурлар.
6. Улар Аллоҳнинг китобига даъват қилурлар. Ҳолбуки, ўзларида ундан ҳеч нарса йўқ.

Ушбу ва бу борадаги ҳадисларда келган сифатларни ўзида жамлаган биринчи ақийдада ғулувга кетган тоифа ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳунинг даврларида пайдо бўлди. Масалани теранроқ тушуниш учун хаворижлар ҳақида бир оз бўлсада сўзлаб ўтишга тўғри келади.
Аслида хавориж сўзи «хуруж» қарши чиқишдан олинган бўлиб улар ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуга қарши чиққанлари учун шу ном билан аталган эдилар. Кейин уларнинг фикрий хуружлари яна ҳам зиёда бўлди. Улар ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳакамлик ишини қабул қилганлари учун кофир бўлди деб фатво чиқаришди.
Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу улар билан турли йўлларни ишга солиб гаплашиб кўрдилар, насиҳат қилдилар аммо фойдаси бўлмади.
Хаворижлар ҳазрати Али сафардалик пайтни ғанимат билиб ер юзида катта фасод қилдилар. Улар мусулмонларнинг бегуноҳ қонини тўкиб, йўлтўсарлик қилиб, Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ўзларига ҳалол ҳисобалашган эдилар. Улар ўлдирган кишилар ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Абдуллоҳ ибн Хаббоб розияллоҳу анҳу ва у кишининг ҳомиладор аёллари ҳам бор эди.
Ишнинг тафсилоти қуйидагича бўлган эди.
Хаворижлар гуруҳ-гуруҳ бўлиб шаҳар қишлоқларга чиқиб ўзларининг тескари ташвиқотларини олиб боришни бошлаган эдилар. Улар дуч келган одамни тўхтатиб:
«Ҳакамликни қабул қилиш куфр бўлмаганмиди?
Али ҳакамликни қабул қилиб гуноҳор бўлмадими?
У ўз гуноҳига иқрор бўлиб тавба қилмагунича, унинг байъати ва итоатидан холи эмасмизми?» деб сўрашар эди.
Ким, ҳа, деб жавоб берса уни қўйиб юборишар. Ким, йўқ, деб жавоб берса, уни ўлдиришар эди.
Улар Абдуллоҳ ибн Хаббоб розияллоҳу анҳуни ва аёларини тутиб қамашиб қўйди. Айнан Абдуллоҳ ибн Хаббоб розияллоҳу анҳу уларни биринчи бўлиб хавориж деб номлаган эдилар. Хаворижлар у кишидан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг баъзи ҳадиси шарифлари ҳақида сўрашди.
У киши уларга: «Мен отамдан эшитганман, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, келажакда фитна бўладир. Унда ўтирган тургандан яхшидир, турган юргандан яхшидир, юрган саъйи қилгандан яхшидир, деган эканлар, дедилар.
Улар у кишидан ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳақида сўрадилар. У киши яхши гапларни айтдилар. Шунда хаворижлар ғазабланиб Абдуллоҳ ибн Хаббоб розияллоҳу анҳу ва у кишининг аёлларини ҳайдаб кета бошладилар.
Йўлда кетаётиб хурмо дарахтидан бир дона хурмо узулиб тушди. Хаворижлардан бири уни олиб оғзига солиши билан бошқаси унга қараб, эгасидан сўрамй туриб ёки нархини бермай туриб ейсанми, деб бақирди. Наригиси шоша-пиша оғзидаги хурмони олиб қўйди ва қаттиқ надомат қилиб истиғфор айта бошлади.
Улар бир неча қадам юриб туриб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобалари Абдуллоҳ ибн Хаббоб розияллоҳу анҳуни ҳузур қилиб сўйдилар. Сўнгра у кишининг аёлларига ташландилар. Аёл розияллоҳу анҳо, мен ҳомиладорман! Аллоҳдан қўрқинглар! деб ёлборса ҳам хаворижларнинг бурунларига пашша қўнганча ҳам таъсир қилмади. Уни ҳам бўғизладилар.
Бу икки улуғ инсоннинг айби ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу тўғрисида, ўша пайтда дунёдаги энг афзал мусулмон ҳақида тўғри гапни айтганлари эди.
Ўз ўзидан бир дона хурмони изнсиз емоқни гуноҳ ҳисоблаган ерида икки улуғ инсонни; Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобасини ва у кишининг ҳомладор аёлини рост гапни айтгани учун тап тортмай бўғизлаб ташлайдиган хавориж деган махлуқлар кимлар ўзи, деган савол пайдо бўлади.
Аслида хаворижлар таълим тарбия кўрмаган, аммо диндорликнинг чўққисига чиққанлик даъвосини қилувчи шахслар бўлади. Уларнинг илми бўлмагани учун ўзининг камчилигини озгина билган нарсасини маҳкам тутиб ҳаддан ошиш ва бошқаларни нуқсонда айблаш ила ҳаспўшлашга ўтадилар.
Али ибн Абу Толиб каррамаллоҳу важҳаҳу даврларида бош кўтарган биринчи хаворижлар асосан саҳролик тарбиясиз дайдилар ва қали қасоватли аъробийлардан иборат эди. Уларда одоб-ахлоқ, ҳилм ва босиқлик каби нарслардан асорат ҳам йўқ эди. Илмлари бўлмагани учун кўпроқ ўзларига ёқиб қолган нарсага маҳкам ёпишишга ўтар эдилар. Худди ана ўша омиллар хаворижларни ҳазрати Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу энг ашаддий тарафдорлигидан энг ашаддий душманларига айлантирган эди.
Ислом ақийда бобида ҳам, ибодат бобида ҳам, ўзини тутиш бобида ҳам ва бошқа бобларда ҳам мўътадилликка асосланган. Бундоқ мўътадилликнинг чегарасини билиш учун эса асосли илмий мезон керак. Ана ўша асосли мезонга эга бўлиш учун эса Исломий илмларнинг барчасини асл масдарлардан, етук ва тақводор уламолардан тўлиқ ўрганиш керак. Бу нарсаларга одоб-ахлоқ, ҳилм ва босилик ва ҳамда ҳар бир нарсани ўз ўрнида тўғри баҳолай билиш омиллари қўшилгандагина ўнг ёки сўлга бурилиб ҳалокат жари ёқасига келиб қолиш хавфини олди олинган бўлади.
Ақийдада ҳаддан ошиб ғулувга кетишнинг оқибати жуда ёмон бўлади. Бу иш кўпчиликнинг бошига бало офат бўлади. Уламоларимиз ҳозирги кунда мусулмонларнинг бошига тушаётган кўплаб бало офатларнинг сабабларидан бири худди шу ақийдада ғулувга кетган замона хаворижлари эканини таъкидлайдилар.

Мусулмонни кофир дейиш ҳукми

Маъсият туфайли кофирга чиқариш

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz