ТАВҚИ ЛАЪНАТГА УЧРАГАН ФИРЪАВН Принтер учун
29.10.2007 й.

ЁКИ ҚУРЪОНИ КАРИМДА БАЁН ЭТИЛГАН 3500 ЙИЛЛИК МЎЪЖИЗА

...Мана, дунёда бошқа ўхшаши йўқ ўша мўъжиза. Британия мўзейида сақланаётган 3500 йиллик бу жасад инсон ақл-идрокини титратиб юборади, лол қолдиради...

Кўҳна дунё тарихига қизиқувчилар қадим Мисрда ўзини худо деб эълон қилган Фиръавннинг қилмишларини яхши биладилар. Қуръони каримда, жумладан, "Юнус" сурасида бу ҳақда махсус маълумот ва ҳукмлар ҳам бор. Уч минг йил муқаддам юз берган даҳшатли воқеаларнинг садоси ашёвий далил сифатида... Инглизистондаги музейлардан бирида сақланаётгани ҳар қандай одамнинг ақлини лол қолдиради!
Лондондаги машҳур Британия музейини томоша қилганларни ҳайратга соладиган ва эътиборини тортадиган бир кўргазма бор. У - ойна ичида сақланаётган сажда ҳолатида қотган бир инсоннинг жасадидир. Шуниси ҳайратланарлики, бу жасад бўлимдаги бошқа жасадлардан кескин фарқ қилади: мўмиёланмаган, дориланмаган, шунга қарамай, барча аъзолари ўз ҳолича сақланган. Ҳатто жасаднинг сарғайган сочлари ва соқоллари ҳам бемалол кўринади.
Жасадларнинг бир неча ҳафтадаёқ батамом бузилиши маълум ҳақиқат, бироқ, ажабо, орадан уч ярим минг йил ўтган бўлишига қарамай бу жасад нега чиримаган, бузилмаган? Ҳатто мўмиёланган жасадлар ҳам маълум вақт ўтгач бузила бошлайди - буни фан исботлаган. Унда бу жасаднинг бузилмагани сири нимада?
Бу сирни бизга муқаддас китобимиз - Қуръони карим оятлари очиб беради. Шу аснода Қуръонимизнинг бетакрор, муқаддас мўъжиза эканлиги яна бир бор исботланади.
Қуръони каримдаги оятлар Ҳазрати Мусо алайҳиссаломнинг Фиръавн билан олиб борган курашларини ибратли тарзда тушунтириб беради.
Ҳазрати Мусо алайҳиссалом милоддан 1200 йиллар, яъни, бундан уч ярим минг йиллар аввал яшаганлар. Ўша пайтларда ҳам яхшилик билан ёмонлик ўртасида кураш давом этган. Маълумки, Фиръавн Мусо алайҳиссаломнинг энг ашаддий душманларидан эди. Туғилажак бир ўғлон улғайгач, уни ўлдириши ва салтанатни йиқитажаги тушида аён бўлган Фиръавн, янги туғилган ҳамма ўғил чақалоқларни ўлдиришга буйруқ беради. Аммо Аллоҳ таоло ўша пайтда туғилган Ҳазрати Мусо алайҳиссаломни ўз ҳимоясига олади ва уни ўзининг расули деб эълон қилади.
Фиръавнинг у зотга қаршилиги Мусо алайҳиссалом пайғамбарлик мақомига кўтарилганларидан кейин янада кескинлашади ва тезлашади.
Фиръавн Мусо алайҳиссаломга ва у кишига эргашган Бани Исроил қабилаларига қаттиқ бир зулм ўтказа бошлаган бир пайтда Аллоҳ таоло ўз расулига ва унга эргашганларга Мисрдан чиқиб кетишга ваҳий орқали рухсат беради. Мусо алайҳиссалом қавмлари билан йўлга чиққанидан хабар топган Фиръавн катта бир қўшин билан уларни таъқиб этади (Шуаро, 52-53-оятлар; Тоха, 77-оят).
Ҳазрати Мусо алайҳиссалом ва у кишининг одамлари бу таъқибдан қутулиш учун Аллоҳнинг изни билан Қизил денгиз қирғоғигача келишади. Олдинда душман каби денгиз, ортда эса денгиз каби душман. Шундай бир оғир вазиятда илоҳий ваҳийга биноан Ҳазрати Мусо ҳассаларини денгизга урадилар. Шу вақт Аллоҳнинг иродаси ила сув иккига бўлиниб, ўртада йўлак ҳосил бўлади ва Мусо алайҳиссалом одамлари билан бу йўлдан соғ-омон ўтиб олишади (Шуаро, 62-64-оятлар).
Фиръавн ва унинг қўшини денгиз сувининг айрилганлиги мўъжизасини даҳшатли ҳайронлик билан кўради. Лекин барибир кин ва адоват ғолиб чиқиб, улар денгиздан очилган "йўл"дан таъқибни давом эттирадилар. Лекин қўшин "йўл"нинг ярмига етганда денгиз суви Аллоҳнинг амри билан қайтадан бирлашади ва тўлқин бутун бошли қўшини ва Фиръавнни ўз домига тортади (Шуаро, 65-66-оятлар).
"Юнус" сурасининг 90-оятида бу ҳодиса қуйидагича баён этилган: «Биз Бани Исроилни денгиздан ўтказганимиздан кейин уларга зулму-зўравонлик қилиш учун Фиръавн ва унинг лашкари қувиб етди. Энди унга (Фиръавнга денгизда) ғарқ бўлиш пайти етганида эса, у деди: "Ҳеч қандай илоҳ йўқ, магар Бани Исроил иймон келтирган зот - Аллоҳгина борлигига иймон келтирдим. Мен мусулмонлардандирман -Аллоҳга бўйинсунувчилардандирман"».
Лекин Ҳақ таоло шу пайтгача ўзини "Худо" деб даъво қилиб келган Фиръавннинг бу иймонини, тавба-тазаррусини қабул қилмайди.
Кейинги ояти каримада шундай дейилади: «Энди-я! Ахир сен илгари (яъни, шу пайтгача) итоатсизлик қилган ва бузғунчи кимсалардан бўлган эдинг-ку!» Ва сувга ғарқ қилиб юборилади.
Шу суранинг 92-оятида эса воқеанинг давоми бундай баён этилади. Яъни, сувга ғарқ бўлган Фиръавнга Аллоҳ таоло: «Мана бугун ўзингдан кейинги кишиларга оят-ибрат бўлишинг учун сенинг жасадингни қутқарурмиз. Дарҳақиқат, кўп одамлар Бизнинг оятларимиздан ғофилдирлар (яъни, улардан ибрат ололмайдилар)», деб хитоб қилади.
Ҳа, Қуръони карим ҲАҚдир ва ҲАҚИҚАТдир. Ва ундаги бирорта ҳукм ҳозиргача ўз кучини йўқотмаган. Оятларда ғоят аниқ баён этилган Фиръавн ходисаси бунга яққол мисол ва кишини лол қолдирадиган исботдир. Чунки орадан неча асрлар ўтгач, ўхшаши йўк бу жасадни - 3000 йиллик бир мўъжизани Аллоҳ таоло ибрат сифатида бизга кўрсатиб, асримиз соҳилларига (92-оятда кўрсатилганидек) чиқариб қўйибди!
Жасад топилган жой ҳам кишини ниҳоятда ҳайратда қолдирадиган мўъжизанинг буткул исботига етарли далилдир. Гап шундаки, жасад ҳодиса бўлиб ўтган Қизил денгиз соҳилидаги Жабалаин деган жойдан топилган. Ва инглиз тадқиқотчилари уни қизиган қумлар орасидан чиқариб олиб, ўз ўлкаларига олиб кетганлар.
Жасаднинг ёшини аниқлаш учун олиб борилган тадқиқотлар натижасида бу жасад энг камида уч минг йиллик тарихга эга эканлиги аниқланди. Бу эса, у одам Ҳазрат Мусо алайҳиссалом даврларида яшаб ўтганини кўрсатади.
Айни чоқда, оятлар ва уларга берилган тафсирлар моҳияти хам ҳодисанинг ҳақиқат эканлигини очиқлайди. Масалан, 1144 йили вафот этган аз-Замахшарий Юнус сурасининг 92-оятини қуйидагича тафсир қилади ва ўзидан саккиз аср (!) кейин топиладиган жасадни худди кўриб тургандай тасвирлайди:
«...Сени денгиз қирғоғидаги бир гўшага отамиз... Жасадингни қеч бир нуқсонсиз ва бузилмаган, яланғоч ва кийимсиз ҳолда сендан бир неча аср кейин келадиганларга ибрат бўлсин, деб қўриқлаймиз» (Кашшоф тафсири, 2-жилд, 251-252-бетлар).
Оят ва тафсирда Фиръавн жасадининг "бус-бутун" қолишининг таъкидланиши уни мўмиёланмаган ҳолда эканини исботлайди. Чунки, одатда, жасадлар мўмиёланса, айрим ички аъзолари олиб ташланади.
Демак, дунёда мисли кўрилмаган бу жасаднинг ҳолати оят ва тафсирларга бу жиҳатдан ҳам уйғун келяпти. Бу жасадни уч минг йил қўриқлаш муқаддас китобимиз Қуръони каримни нозил этган Парвардигоримиз учун мушкул иш эмас.
Фақат, сажда ҳолатидаги бу жасадга қараб бизлар ибрат олишимиз ва ёлғиз Парвардигоримизга САЖДА ҚИЛИШИМИЗ КЕРАК!

ТАФСИРИ ҲИЛОЛДАН (Юнус сураси 90-92)

90. Ва Бани Исроилни денгиздан ўтказдик. Бас, Фиръавн ва унинг аскарлари ҳаддан ошган ва туғён қилган ҳолда уларни таъқиб этдилар. Токи унга ғарқ бўлиш етганида: «Бани Исроил иймон келтирган зотдан ўзга илоҳ йўқлигига иймон келтирдим ва мен мусулмонларданман», деди.
Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломлар Аллоҳнинг амри ила қавмларини зулм ва истибдоддан озод қилиш учун Мисрни ташлаб чиқдилар. Орқаларидан Фиръавн аскарлари билан қувиб кела бошлади. Йўлдан денгиз чиқиб қолди. Ҳамма, энди қўлга тушдик, деб ўйлади. Аммо Мусо алайҳиссалом, Аллоҳ ёрдам беради, дедилар. Аллоҳ у зотга, қўлингдаги асо билан денгизни ур, деб амр этди. Урган эдилар, денгиз иккига ёрилиб, йўл очилди. Мусо ва Ҳорун алайҳиссаломлар бошлиқ қавм нариги томонга ўтиб олдилар. Бу оятда:
«Ва Бани Исроилни денгиздан ўтказдик», дейилмоқда.
Ҳа, Аллоҳ таоло ўтказмаганида, ҳеч ҳам ўта олмас эдилар.
«Бас, Фиръавн ва унинг аскарлари ҳаддан ошган ва туғён қилган ҳолда уларни таъқиб этдилар».
Улар мўминларни иймонларидан қайтармоқчи ва ўзларига қул қилиб олмоқчи эдилар. Улар Бани Исроилнинг изидан қувиб боравердилар. Фиръавн ва унинг қавми ҳаммалари денгиз ичига тушиб бўлганларида, Аллоҳнинг амри ила ажраб турган сув яна Аллоҳнинг амри ила аввалги ҳолига қайтди. Золимларни ғарқ қилди. Кофирларнинг бошлиғи Фиръавн эса:
«Токи унга ғарқ бўлиш етганида: «Бани Исроил иймон келтирган зотдан ўзга илоҳ йўқлигига иймон келтирдим ва мен мусулмонларданман», деди».
Энди унинг ҳеч иложи қолмаган эди. Мулкидан ажраган эди. Ҳукмидан ажраган эди. Амалдорларидан ва аскарларидан ажраган эди. Ўлими муқаррарлигига ақли етганида кўзи очилди. Иймонга келди. Аммо бу фойда бермайди. Унга ва унга ўхшашларга бундай пайтда қуйидагилар айтилади:

91. Эндими! Олдин исён қилган ва бузғунчилардан бўлган эдинг-ку?!
92. Бугун сенинг баданингни қутқарамиз. Токи ўзингдан кейингиларга ибрат бўлгин. Албатта, кўп одамлар Бизнинг оятларимиздан ғофилдирлар.

Соғлик-саломатлик, куч-қувват, молу мулк, ҳукм, мансаб ва бошқа имкониятлар борида қиларини қилиб юрган ҳар қандай одам ҳам ўлимига кўзи етиб қолганида Худони эслайди. Лекин бунинг фойдаси йўқ. Бу ҳақиқат ўша тоифадаги кишиларга уларнинг энг кўзга кўринган вакили Фиръавн мисолида тушунтирилмоқда.
«Эндими! Олдин исён қилган ва бузғунчилардан бўлган эдинг-ку?», деб аввалги қилганлари юзига солинмоқда.
«Бугун сенинг баданингни қутқарамиз».
Жонингни эмас. Жонингни оламиз. Бошқалар каби ўласан. Чунки сен ҳам оддий-ожиз бандасан. Аммо жасадингни қутқарамиз. Балиқлар ҳам емайди. Сувга оқиб ҳам йўқ бўлмайди. Бошқа сабаб билан ҳам йўқ бўлиб кетмайди.
«Токи ўзингдан кейингиларга ибрат бўлгин».
Шунчалар мулкка эга бўлсанг ҳам, қанча катта даъволар қилган бўлсанг ҳам, аскарларинг шунча кўп бўлса ҳам, барибир Аллоҳнинг азобидан қутула олмаганингни кўриб ибрат олсинлар. Ўлик ҳолдаги жонсиз жасадинг сув устида чорасиз қалқиб, оқиб юрганини ҳамма кўрсин. Ҳамма кўриб, ҳолинг шу эканку?!, десин.
«Албатта, кўп одамлар Бизнинг оятларимиздан ғофилдирлар».
Шунинг учун ҳам Бизнинг айтганимизда юрмай, ўзларини турли йўлларга урадилар.
Ривоятларда келишича, ўша Фиръавн ва унинг аскарларини Аллоҳ таоло ҳалок қилиб, Мусо алайҳиссалом ва мўминларни қутқарган кун «Ошуро» куни–муҳаррам ойининг ўнинчи куни экан.
Имом Бухорий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар айтилади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага янги келган вақтларида яҳудийлар Ошуро кунининг рўзасини тутар эдилар. У зот улардан:
«Бу рўзасини тутаётган кунингиз қандай кун?» деб сўрадилар. Улар:
«Бу кун Мусо Фиръавндан устун келган кун», дейишди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга:
«Сизлар улардан кўра Мусога ҳақлироқсизлар, ўша куннинг рўзасини тутинглар», дедилар».
Келаси оятда ундан кейин Бани Исроилнинг ҳолати баён қилинади.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri