ҚАБР, ДАФН ВА УНИНГ ВАҚТИ Принтер учун
09.11.2007 й.

Бизнингча икки услубдан қайси бирини ихтиёр қилиш имкони бўлса, лаҳад услуб афзал кўрилиши биз мусулмонларга хослиги, бошқа миллатлар эса шаққни ихтиёр қилганликларини бўлса керак. Амалда ҳам мусулмонлар ернинг тузилиши имкон бермаганидагина лаҳадни қўйиб шаққ қазийдилар. Бошқа миллатлар эса нима бўлишидан қатъий назар шаққ қазийдилар.

Аллоҳ таоло: «Сўнгра уни ўлдирди ва қабрга киргазди. Кейин қачон хоҳласа, қайта тирилтирди», деган (Абаса. 21-22).
Шарҳ: Демак, қабр масаласи Қуръони Каримда зикр қилинган. Инсоннинг яратган Аллоҳ уни ўлдирувчи ҳамдир ва ўлганидан кейин қабрга қўйилишини ирода қилган зот ҳамдир. Инсон аслида тупроқдан яратилган, у вафот этганидан сўнг яна қайтадан тупроққа берилиши энг маъқул ва мантиқийдир.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Лаҳад бизларга, шаққ биздан бошқаларга», дедилар». Сунан эгалари ва Аҳмад ривоят қилган.
Шарҳ: Лаҳад ерни ковлаб сўнгра қибла томонидан айвон очиб ўликни қўядиган жой тайёрлаш услубидаги қабрдир.
Шаққ – ёрма – эса тўғри ковлаб тушиб яна ковланган жой ўртасидан жасад учун жой тайёрлашдир.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадисларининг тушунишда турли фикрлар ўртага қўйилган.
Баъзи кишилар лаҳад биз мусулмонларга, шаққ биздан бошқа миллатларга, дейилгандир, деб айтганлар.
Унда Абу Убайда ибн Жарроҳдек улуғ, жаннат башорати берилган ўн кишидан бири бўлмиш саҳобийнинг шаққ усулида гўр қазишга мутахассис бўлиши қандоқ бўлади?
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рафиқи Аълога интиқол қилганларида саҳобалар, шаққ кавлайдиган олдин келса, шаққ, лаҳад кавлайдиган олдин келса, лаҳад кавлаймиз, дейишларини қандоқ тушунилади? Бошқа фикрлар ҳам шунга ўхшаш саволларга тўқнаш бўлаверади.
Бизнингча икки услубдан қайси бирини ихтиёр қилиш имкони бўлса, лаҳад услуб афзал кўрилиши биз мусулмонларга хослиги, бошқа миллатлар эса шаққни ихтиёр қилганликларини бўлса керак. Амалда ҳам мусулмонлар ернинг тузилиши имкон бермаганидагина лаҳадни қўйиб шаққ қазийдилар. Бошқа миллатлар эса нима бўлишидан қатъий назар шаққ қазийдилар.

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу ўлимидан олдинги беморлигида «Менга лаҳад қазинглар. Устимга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қилинганга ўхшаб ғишт қаланглар», деган. Муслим, Аҳмад ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Саҳобаи киромлар каттаю кичик ҳар бир нарсада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашишга уринар эдилар. Мана, улардан бирлари, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу ўзларининг қабри ҳам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламникига ўхшаш бўлишини васият қилмоқдалар. Ривоятдан ери юмшоқ бўлиб, лаҳад кавлаш имкони йўқ жой бўлмасдан имкон бор жойларда лаҳад афзал экани кўриниб турибди. Бизнинг ғишт, деганимиз хом лойдан қотирилган бўлакни англатади. У бизнинг бугунги тушунчамиздаги хом ғишт ёки гувала бўлиши мумкин. ўликни лаҳадга қўйилгандан кейин, лаҳаднинг оғзига ўша нарсалар қаланиб туриб, устидан тупроқ тортилади.

Абул Ҳайяж розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Менга Али ибн Абу Толиб: «Сени мени Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам юборган нарса билан юборайми?! Бирорта тимсолни қўймай йўқ қиласан. Бирорта кўтарилган қабрни қўймай текислайсан», деди». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Аввало ровий Абул Ҳайяж розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Абул Ҳайяж куняси билан машҳур бўлган бу саҳобани исмлари, Ҳаббон ибн Ҳусайн Асадий ал-Куфий.
Бу зот ҳадис илмида ишончли деб тан олинган тобеъийнлардан бўлиб, Амморни котиблари эдилар.
Ҳадисларни Али ва Амморлардан ривоят қилдилар.
Бу зотдан икки ўғиллари Жарир ва Мансур, Абу Воил, Шаъбийлар ривоят қилишди.
Жоҳилият даврида турли ҳайкал, тимсол шаклидаги буту санамларга сиғиниш, қабрларга сиғиниш авж олгани маълум. Ислом ақидаси бу нарсаларни йўқ қилди. Тимсол эса ҳайвон ҳайкали бўлган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳуни ҳайкалларни йўқотиш ва қабрларни текислаш учун юборганлари машҳур воқеъа.
Ушбу ривоятда эса ҳазрати Али розияллоҳу анҳу Абул Ҳайяж розияллоҳу анҳуни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларини қайси вазифа билан юборган бўлсалар ўша вазифа билан юборганлари ҳақида сўз кетмоқда.
Исломдан жонли нарсалар ҳайкали ҳаромдир. Чунки, бу иш ақиданинг бузилишига олиб келиши мумкин. Бунга ҳайкал ва суратларга сиғиниш тарихи гувоҳ. Ривоятларда баён қилинишига, ўтган қавмларга аҳли солиҳ кишилар ўтса, уларни эслаб туриш учун суратлари ёки ҳайкалларини қўйишган. Биринчи авлод уларни тўғри маънода ҳурмат билан эслаб турган. Кейинги авлодлар оталаримиз буларни ҳурмат қилар эди, деб ўзларидан бир нарсаларни қўшиб сурат ва ҳайкалларнинг эҳтиромини яна ҳам зиёда қилишган.
Шундоқ қилиб бориб бир неча авлоддан сўнг мазкур сурат ва ҳайкалларга ибодат қилиш бошланган. Ана ўша аччиқ тажриба юзасидан Исломда жонли нарсаларнинг ҳайкал ва суратларини чизиш ва ишлаш ман қилинган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса бирларини йўқ ва ишлаш қилишга буюрганлар.
Қабрга сиғиниш ҳам қабрларни зийнатлаш, уларнинг устига турли бинолар қуриш туфайли келиб чиққан. Шунинг учун ҳам қабрларни баланд кўтаришга рухсат йўқ.
Жумҳур уламолари, жумладан, имом Абу Ҳанифа, Имом Молик ва Имом Аҳмадлар қабрнинг устидаги тупроқни туянинг ўркачига ўхшатиб бир қарич миқдорда кўтарса бўлади. Чунки, Суфён ат-Таммордан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабри шарифлари шундоқ экани ривоят қилинган, деганлар.
шофеъий мазҳаби эса, паст ҳам эмас, баланд ҳам эмас ер юзи билан тенг бўлиши керак. Чунки, Қосим ибн Муҳаммад ибн Абу Бакрдан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабри шарифлари шундоқ экани ривоят қилган, дедилар.
Эътибор берадиган бўлсак, уламоларимиз ичида қабр устига мармар, ғиштли бино ва бошқа нарсалар қуриш ёки қўйиш ҳақида гап ҳам бўлмаган. Чунки, бу масалада гап бўлиши мумкин ҳам эмас. Қабрнинг устидаги тупроқни бир қарич кўтаришга рухсат берилмаган ҳоллар бўлганидан кейин бошқани гапиришга ҳожат қолармиди?
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Алини қабрларни битта ҳам қўймай текислашга амр қилганларидан кейин, ким журъат қилиб мазкур нарсаларга рухсат бера олур эди. Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан фақат бир марта содир бўлган амр ҳам эмас. У зот доимо қабрларни текислашга амр қилар эдилар. Буни келгуси ҳадисдан ҳам билиб оламиз.

Фазола розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қабрларни текислашга амр қилаётганларини эшитдим». Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Аввало ровий Фазола розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишайлик.
Фазола ибн Абд ибн Нофиз ибн Қайс Ансорий ал-Авсий, кунялари Абу Муҳаммад. Бу зот Уҳуд ғазоти ва бундан кейинги ғазотларда, дарахт остидаги байъатда, Шомни ва Мисрни фатҳ этишликда иштирок этдилар.
Мисрда бўлган денгиз ғазотида аскарлар устидан бошлиқ бўлдилар. Кейинчалик Муовия бу зотни Димашқ шаҳрига волий этиб тайинладилар.
Ҳаммаси бўлиб 50та ҳадис ривоят қилдилар. Бу ҳадисларни Умар ибн Хаттоб ва Абу Дардодан ривоят қиладилар.
Бу зотдан Ханаша Санъоний, Амр ибн Молик Жанбий, Абдурраҳмон ибн Жубайр, Ибн Мухайриз, Абу Язин Хулоний ва бошқалар ривоят қилишди. Фазола ҳижратини 53-йили Димашқда вафот этдилар.
Ушбу ҳадислардаги амрларга бўйсуниб қабрларни текис қилишни жорий қилишимиз лозим.

Ҳишом ибн Урва розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ансорийлар Уҳуд куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Бизга қийинчилик ва жароҳат етди. Биз учун амрингиз қандоқ бўлади?» дейишди.
«Қазинглар, чуқур қилинглар, кенг қилинглар, икки, уч кишини бир қабрга қўйинглар», дедилар у зот.
«Қайсилари олдин қўйилади?» дейилди.
«Қуръонни кўп биладиганни», дедилар
». Сунан эгалари ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифнинг ровийси Ҳишом ибн Урва розияллоҳу анҳу билан яқиндан танишиб олайлик.
Ҳишом ибн Урванинг кунялари Абу Мунзир. Бу зот тобеъийнлардан бўлиб, ҳижратни 61-йили Мадинада таваллуд топдилар. Ва Ибн Умар, Саҳл ибн Саъд, Жобир, Анас ибн Молик каби саҳобалар билан кўришганлар.
Ҳишом ибн Увра ҳадис олимларидан бўлиб, ҳадис тўплаш учун Куфа, Бағдод каби шаҳарларга сафар қилдилар.
Ҳадисларини оталаридан, амакилари Абдуллоҳ ибн Зубайр, Авф ибн Ҳорис, Абу Салама, Ваҳб ибн Касонлардан ривоят қилдилар.
Бу зотдан Аюб Сижистоний, Ибн Исҳоқ, Юнус ибн Язид, Муҳаммад ибн Жаъфар, Яҳё ибн Абдуллоҳ ва бошқалар ривоят қилишди.
Ҳишом ибн Урва 400 дан зиёд ҳадис ривоят қилдилар. Ва ҳижратнинг 146-йили Боғдодда вафот этдилар.

Бу ривоятдан олинадиган фойдалар:

1. Қабр кавлашга амр қилинган одамларнинг узрлари бўлса, раҳбарга айтишлари кераклиги.
2. Қабрни чуқур ва кенгроқ қилиб кавлаш керак.
3. Ер қаттиқ, ўлик кўп бўлиши каби узрлар бўлганда икки, уч кишини бир қабрга қўйиш мумкинлиги.
4. Бирдан ортиқ кишини бир қабрга қўйилганда Қуръонни кўп биладиганини қиблага яқин томонга қўйиш кераклиги.
5. Аҳли Қуръонни икки дунёда фазли бўлиши.

ал-Мутталиб ибн Абу Вадоъа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Усмон ибн Мазъун вафот қилганда жанозасини олиб чиқиб дафн қилинди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бир одамга тош олиб келишни буюрдилар. У тошни кўтара олмади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари туриб бориб, икки билакларини шимариб, тошни кўтариб олиб келиб унинг бош томонига қўйдилар ва: «Бу билан акамнинг қабрини белгилайман ва аҳлимдан ким ўлса унинг ёнига дафн қиламан», дедилар».
Шарҳ: Аввало ривоят соҳиблари Мутталиб ибн Абу Вадоъа розияллоҳу билан яқиндан танишиб олайлик:
Мутталиб ибн Абу Вадоъа ал-Ҳорис ас-Саҳлий ал-Қураший, оналари Арво бинти Ҳорис ибн Абдулмутталиб, Маккани фатҳ этилган куни Исломга кирдилар.
Ҳадисларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ва Ҳафса онамиздан ривоят қилдилар.
Бу кишидан ўғиллари Жаъфар, Абдурраҳмон, Кусайрлар ва Соиб ибн Язид, Икрима ибн Холид, Абдуллоҳ ибн Ҳорислар ривоят қилишди.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан эмикдошлик яқинлиги қаттиқ ҳурмат қилинганлиги.
Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бир аёлни, Ҳалийма Саъдийяни эмганлар. Шунинг учун эмикдош ака-ука бўлиб қолганлар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳуни тирикликларида ҳам, ака, деб ҳурмат қилар эдилар. Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳу вафот этганларида қаттиқ қайғурганлар. Худди туғишган акаларини дафн қилгандек, дафн қилганлар.
Агар у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гапларига диққат билан разм солсак, Усмон ибн Мазъун розияллоҳу анҳуни, акам, дейдилар, эмишган акам, демайдилар. Шундан ибрат олиб мусулмончиликда эмишганлик қардошлигига эътибор қанчалик эканини билиб олинса бўлади.

2. Раҳбар киши ўз одамларини хизматга буюришга ҳақли экани. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам тошни олиб келишга бир кишини амр қилдилар.

3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бақувват, ғайратли ва камтарликлари. Енг шимариб тошни ўзлари олиб келиб қабрнинг бош томонига қўйдилар.

4. Қабрни белгилаш учун тош ёки шунга ўхшаш табиий, содда нарсалар қўйиши мумкинлиги.
Қабрнинг устига сурат, мармар тошлар, ёзувлар ва бошқа нарсалар қўйиш ҳеч-ҳеч мумкин эмас. Бундоқ қилувчилар бошқа миллатларга ёки ўтганларга эргашишларини ҳужжат қиладилар, холос. Лекин ҳеч бир шаръий далиллари йўқ. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан қилган ҳадисга хилоф қиладилар, холос.

5. Белгиланган бир жойга яқин қариндош-уруғларни дафн қилиш мумкинлиги. Белгилашнинг ҳам, яқин кишиларни бир жойга қўйишнинг ҳам ҳикмати битта бўлиб, тириклар уларнинг зиёратини қилишда тез ва осон топишларидир.

Абу Исҳоқ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «ал-Ҳорис ўз жанозасини Абдуллоҳ ибн Язийд ўқишини васият қилди. Бас, у унинг жанозасини ўқиди ва қабрнинг оёқ томонидан киритиб қўйиб: «Бу суннатдандир», деди». Икксини Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятдан киши ўз ўлими олдидан унинг жаноза намозини ким ўқиши ҳақида васият қилса эканлиги олинади.
Маййитни қабрга боши билан қабрнинг оёқ томонидан киритиб қўйишни эса, Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳаблари ушбу ривоятдан олганлар.
Ҳанафийлар эса келгуси ҳадислардан бирини далил қилиб бошқача айтишган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам маййитини қабрга қўйсалар: «Бисмиллаҳи ва ала суннати Расулиллаҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам», дер эдилар». Сунан эгалари ривоят қилган.
Термизийнинг лафзида: «Бисмиллаҳи ва Биллаҳи ва ала миллати Расулуллоҳи соллаллоҳу алайҳи васаллам», дейилган.
Шарҳ: Демак, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари, қўллари билан баъзи маййитларни қабрга қўйганлар.
Ушбу ривоятдан маййитни қабрга қўйишда нима дейишлик кераклиги ҳам билинади. Бу лафзларни маййитни қабрга қўяётганлар ҳам, жанозада иштирок этаётганлар ҳам айтадилар.

Уқба ибн Омир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни уч вақтда намоз ўқишдан ва ўликларимизни қабрга қўйишдан наҳий қилар эдилар. Қуёш кўтарилиб чиқаётганда то кўтарилиб бўлгунча. Қоқ тушдаги қиём вақтидан то қуёш моил бўлгунча. Қуёш ботишга моил бўлгандан то ботиб бўлгунча». Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Шарҳ: Ушбу мазкур вақтларда маййитни қабрга қўйиш макруҳ ҳисобланади. Бошқа вақтларда қўйса бўлаверади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Одамлар мақбарада олов кўриб қолиб борсалар, қабр ичида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам турган эканлар ва соҳибингизни менга узатиб беринг, деяётган эканлар. Билишса, (маййит) овозни зикр ила кўтариб юрувчи киши экан». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Термизийнинг лафзида: «Бас, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам уни қибла томондан олдилар ва:
«Аллоҳ сени раҳмат қилсин, кўп оҳ урувчи ва Қуръон тиловат қилувчи эдинг, дедилар», дейилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Маййитни кечаси дафн қилиш жоизлиги.
2. Ёруғлик учун кечаси қабристонда олов ёқиш мумкин.
3. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари қабрга тушиб кишиларни дафн қилганлари.
4. Маййитни қабрга қибла томондан олиш кераклиги.
ҳанафий мазҳаби ушбу ривоятни олган.
5. Қабрга қўяётиб, маййитга хитоб қилиш унинг яхши фазилатларини айтиб, унга Аллоҳдан раҳмат сўраш мумкинлиги.
6. Зокирлик, кўп Қуръон тиловат қилиш фазилат экани.

ҚАБР ЗИЙНАТЛАНМАЙДИ, УСТИГА БИНО ҚИЛИНМАЙДИ ВА УНГА ЎТИРИЛМАЙДИ

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрни бўр билан сувашни, унинг устига ўтиришни ва унинг устига бино қуришни наҳий қилганлар».
Бешовларидан фақат Бухорий ривоят қилмаган.
Термизийнинг лафзида: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам қабрларнинг бўр билан сувалишидан, уларнинг устига ёзилишидан ва уларнинг устига бино қурилишидан ва босилишидан қайтарганлар», дейилган.
Шарҳ: Имом Шофеъий қабрни лой билан суваб қўйишга рухсат берганлар, холос.
Бошқа ҳар қандай нарсани қабр устига қилиш мумкин эмас. Албатта, олдин ўтган белги учун тош қўйиш бундан мустасно.
Қабрлар инсон хотирасидаги ҳассос нарсалардан бўлгани учун, ўтган умматларнинг залолатга кетиши сабабларидан бири айнан қабрлар бўлгани учун Исломда бу масалага алоҳида эътибор билан қаралган. Биз ўрганаётган ҳадиси шарифларда мазкур эътибор қисман ўз аксини топган.
Ушбу ҳадисда қабрларга нисбатан қилиниши наҳий қилинган ишлар санаб ўтилмоқда:
1. «Қабрни бўр билан суваш».
Бўр сувоқ, лой сувоқдан бироз зийнатли чиқиши, оқ бўлиши маълум. Шунинг эътиборидан қабрга нисбатан бу иш ман қилинган. Чунки, бу ишда тириклар учун керак молни зое қилиш бор. Исломда эса ҳар қандай молни зое қилиш ҳаромдир. Бир оз ақл юритилса, бўр сувоқ ман бўлгандан кейин ундан кўра кўп маблағ кетадиган нарсаларни қабр устига қилиш умуман мумкин бўлмайди. Бинобарин, турли бошқача сувоқлар қилиш, тошлар ётқизиш, занжир, панжара тортиш ва ҳакозолар мутлақо мумкин бўлмайди.
Иккинчидан, қабрнинг устига олтин суви юритилганда ҳам қабрнинг ичидаги ўликка ёки у ишни қилган тирикка ёки бошқа бирор жонзотга ҳеч бир фойда бўлмайди. Бефойда ишни қилиш эса мусулмон инсон учун ҳаром.
Учинчидан, қабр оддий табиий ҳолида турса ёққан қор-ёмғирдан, ўсган ўт-ўланлардан қабр ичидаги маййитга фойда тегади. Қабр устини турли нарсалар билан ёпганлар эса, маййитга бу хайрдан маҳрум қиладилар.
2. «Қабр устига ўтириш».
Шунингдек, тик туриш ёки ётиш ҳам мумкин эмас. Чунки бу тасарруфда қабр ичидаги мусулмон бандага ва унинг яқин кишиларига нисбатан ҳурматсизлик бор.
3. «Қабр устига бино қуриш».
Бунда ҳам бўр билан сувашдаги ҳикматлар каттароқ ҳажмда айтилади.
Имом Моликнинг шогирдлари Ибн Абдулҳакам қабри устига бино қуришни васият қилган одамнинг васиятига амал қилинмайди. Шунга биноан қабрлар устига қурилган нарсалар бузиб ташланиши керак, деган.
4. «Қабрнинг устига ёзиш».
Жумҳур уламолари қабр устига унинг эгасининг исми ҳам, бошқа бирор нарса ҳам ёзиш мумкин эмас, деганлар.
ҳанафий мазҳаби уламолари, қабрнинг йўқолиб кетиш ёки хорланиши туфайли белги учун ҳожат тушса, белги бўладиган нарсани ёзилса бўлади, деганлар.
Ушбу нарсани яхшилаб ўрганиб, шариат бўйича иш кўришга ҳозирги кунимизда жуда катта эҳтиёж бор. Баъзи жойларда ушбу таълимотларга амал қилинмай қўйган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, бирингизнинг чўғ устига ўтириши, у кийимини куйдириб баданига ўтиши, унинг учун қабр устига ўтирганидан кўра яхшироқдир», дедилар».
Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятдан қабр устига эътиборсизлик билан ўтириш қанчалар ёмон иш эканини билиб оламиз.

ҲОЖАТ УЧУН МАЙЙИТНИ КЎЧИРСА, ҚАБРНИ ОЧСА ЖОИЗ

Шариат ҳукми бўйича, модомики маййитнинг суягидан бирор нарса бор экан қабрни очиш ҳаромдир. Ҳатто, қабристонда бошқа янги қабрларни ковлаш пайтида ҳам бу ишга йўл қўйилмайди. Қабрни очишга фақат истисно тариқасидагина рухсат берилади. Келгуси ҳадислардан ўша истисно қилинган ҳолатларнинг баъзилари ҳақида сўз кетади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Отам билан бир одам бирга дафн қилинган эди. Кўнглим тинчимади. Охири уни чиқариб алоҳида қабрга қўйдим». Бухорий, Насаий ва Абу Довуд ривоят қилган.
Абу Довуд: «Бас уни олти ойдан кейин чиқардим. Унинг соқолининг ерга теккан жойидан баъзи қисмлари бир оз ўзгарган экан, холос», деган гапни зиёда қилган.
Шарҳ: Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг оталари билан бир қабрга кўмилган одам Амр ибн Жамуҳ Ансорий розияллоҳу анҳу бўлиб, улар иккиси дўст бўлганлар ва Уҳуд уруши куни шаҳид бўлганлар. Икковлари бир қабрга қўйилган. Аммо Жобир розияллоҳу анҳунинг кўнгиллари ҳеч тинчимаган. Шунинг учун олти ойдан кейин қабрни очиб отасини чиқариб бошқа қабрга кўмган. Жобир розияллоҳу анҳунинг оталари Абдуллоҳ розияллоҳу анҳунинг таналари кўмилганига олти ой бўлишига қарамай чиримай турган экан. Бу ҳам бежиз эмас.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг борликларидаги қилинган бу иш у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг иқрорлари билан бўлган. Агар нотўғри бўлса, албатта, тузатар эдилар. Ҳаттоки, баъзи ҳолатлардаги каби Қуръон оятлари нозил бўлиши мумкин эди.
Демак, бир қабрга икки киши қўйилган бўлса, жасад чиримаган бўлса, қабрни очиб бирини бошқа томонга олиб кўмиш мумкин экан.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадинага келдилар ва масжид қуришга буюрилдилар. Бас, у зот: «Эй, Бани Нажжор, мен билан мана бу боғингизни баҳолашинг», дедилар. Улар: «Йўқ. Аллоҳга қасамки, унинг баҳосини фақат Аллоҳдан оламиз», дедилар.
Бас, у зотнинг амрлари ила мушрикларнинг қабрлари очилди, сўнгра чуқурлари текисланди. Кейин амр бериб хурмоларни кестирдилар. Хурмоларни масжиднинг қибла томонига тиздилар. Эшигининг кесакисини тошдан қилдилар. Улар ражз услубида шеър айтиб харсангларни кўтаришиб кела бошладилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам улар билан бирга: «Эй, бор Худоё, охират хайридан ўзга хайр йўқ.
Ансор ва муҳожирларни мағфират қил», деб ишлар эдилар
». Учовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Аввало ушбу ҳадисдан олинадиган фиқҳий ҳукм ҳақида гапирадиган бўлсак, масжид қурилишига баъзи қабрлар тўғри келиб қолса, уларнинг ичидаги чириган суякларни авайлаб олиб бошқа муҳтарам жойга кўмиб қўйса бўлади. Масжид қурилиши давом этаверади.
Аммо, бу ривоятда жуда ҳам ажойиб ижтимоий, ахлоқий ва бошқа масалалар бор:

1. Масжиди Набавийни қуришга Пайғамбаримизга Аллоҳ томонидан амр бўлгани.
2. Пайғамбар алайҳиссаломнинг бошқалар мулкини эҳтиром қилишлари. Бани Нажжорнинг боғини сотиб олиб масжидга қўшишни истадилар. Улардан боғлари ерини масжидга беришни эмас, баҳолаб сотишни сўрадилар.
3. Бани Нажжорликларнинг хайри-эҳсон йўлида фидокорликлари. Улар боғларини сотишни эмас, Аллоҳнинг савоби учун совға қилишга уриндилар.
4. Пайғамбаримиз бошлиқ саҳобаи киромларни жамоатчилик ишида фаол иштирок этганлари. Оғир тошларни кўтарганлари.
5. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг масжидлари дастлаб қурилганда хурмо ва тошдан бўлгани.
6. Кўпчилик бўлиб ишлаётганда иш оғирини енгиллаштириш, кишиларни қизиқтириш учун оҳанг билан шеър айтиш мумкинлиги.
7. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам масжид қурилишида шахсан ишлаганлари ва ражз усулида оҳанг билан шеър айтганлари.

Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Маййитнинг суягини синдириш, худди тириклигида синдириш кабидир», дедилар». Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадиси шарифни айтишларига бир ҳодиса сабаб бўлган. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бир жанозада эканлар. Қабр ковлаётган гўрковларнинг қаршисида бир болдир суяги чиқиб қолибди. Гўрков уни синдирмоқчи бўлибди. Шунда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифни айтган эканлар.
Ҳа, Ислом таълимоти бўйича кишининг ўлигига етказилган озор, унинг тиригига етказган озор билан баробар. Шунинг учун ўликларнинг ҳурматини яхшилаб жойига қўйиш керак. Айниқса қабрлар масаласида жуда эҳтиёт бўлиш керак. Мабодо зарурат учун қабрни очишга мажбур бўлиб қолинса эски қабр-ку нима ҳам бўлар эди, демасдан суяклар чиқиб қолиши мумкинлигини унутмай, уларни синдирмаслик ёки ихонат қилмаслик чораларини кўриб ишлаш керак.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам билан Тоифга чиқдик. Бир қабр олдидан ўтдик. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бу Абу Риғолнинг қабри. У ушбу ҳарамда эди. Уни мудофаа қилар эди. У ердан чиққан вақтида шу жойда унинг қавмига етган офат унга ҳам етди ва шу ерга дафн қилинди. Бунинг аломати ўлароқ у билан бирга бир тилло калтак ҳам дафн қилинган. Агар сиз унинг қабрини очсангиз у билан бирга ўша нарсани ҳам топасиз», дедилар.
Одамлар тезда калтакни чиқариб олдилар
». Абу Довуд ривоят қилган.
Шарҳ: Ҳадисда номи зикр қилинган Абу Риғол, Тоифдаги Сақиф қабиласининг отаси ҳисобланар экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг айтишларича Абу Риғолнинг қавми Аллоҳнинг офатига учраб ҳалок бўлган экан. Аммо Абу Риғолнинг ўзи ҳарами шарифда, Каъбаи Муаззама яқинида бўлгани учун унга офат тегмай турган экан. Вақти соати келиб Абу Риғол ҳарамдан чиқиб Тоифдаги Пайғамбаримиз кўрсатган жойга етганда қавмига етган офат унга ҳам етиб ҳалок бўлган экан.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам, бунинг аломати ўлароқ у билан бирга бир тилло калтак ҳам дафн қилинган. Агар унинг қабрини очсангиз, у билан бирга ўша нарсани ҳам топасиз, деганларидан кейин қабрни очишганда йигирма ритлдан ортиқроқ суяниб юрадиган тилло асо чиққан экан.
Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кўпчилик билмайдиган нарсаларни билишлари очиқ-ойдин кўриниб турибди. Уламоларимиз бу ҳадисдан, зарурат юзасидан, жумладан, ўлик билан кўмилиб кетган молни олиш учун қабрни очса бўлади, деган ҳукмни олишган.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz