Талабанинг одоби Принтер учун
25.12.2007 й.

Агар талаба Аллоҳ учун холис бўлса ажр-савобга эга бўлади ва саъйу харакатига барака берилади. Оқибатда Аллоҳ олимлар ва уларнинг йўлидан юрганлар учун берган шарафга лойиқ бўлади. Аксинча, у ихлосни йўқотса, амалига риё аралашса, илм олишдан мақсади мақтаниш ёки сохта обрў топиш ёҳуд мартаба ва раҳбарликни қўлга киритиш бўлса, бундай илм қиёмат куни ўз соҳибига қарши ҳужжат бўлади ва Аллоҳнинг ҳузурида на ажр ва на насибага эришади. Аллоҳ таоло айтади: «Ким ўз амали билан охират экинини (яъни савобини) истар экан, Биз унга экинларнинг ҳосилини мўл-зиёда қилурмиз. Ким дунё экинини истар экан, Биз унга ўшандай дунё матоларидан берурмиз ва унинг учун охиратда бирон насиба бўлмас». (Шўро: 20).

Илм талаб қилиш фазилати ва уламолар мартабаси

Талабанинг одоби ҳақида сўз бошлашдан аввал илм талаб қилишнинг фазилати, уламолар мартабаси ва уларнинг Аллоҳ субҳанаҳу ҳузурида қадр-қийматларининг баландлиги ҳақида қисқача гапириб ўтсак. Бу мавзуда келган қуръон оятлари, ҳадиси шарифлар, саҳобаи киромлар ва салафи солиҳларнинг сўзларини ҳам келтирамиз.
Зеро талаба илм талаб қилиш билан юксак шарафга ва олий мартабага эришиш мумкинлигини билса таълим олиш ва таълим бериш йўлидан юришга, шаръий одоб билан ҳулқланишга янада кўпроқ ҳаракат қилади. Оқибатда Аллоҳ субҳанаҳу наздида унинг мартабаси ва фазилати зиёда бўлади, қадр-қиймати ошади, одамлар ҳам ундан манфаат кўрадилар.
Қуйида илм талаб қилишга тарғиб қиладиган ҳужжатларни, уламолар эришадиган мартаба ҳамда Аллоҳ улар учун ҳозирлаб қўйган катта ажр-мукофотлар ва улуғ фазилатлар ҳақида қисқача айтиб ўтамиз.

Илм талаб қилишнинг фазилати ва уламолар мартаби ҳақида келган қуръон оятлари

Аллоҳ таоло уламоларнинг фазилати ҳамда уларнинг мартабалари ва қадр қийматлари ҳақида бундай дейди: Айтинг: «биладиган зотлар билан билмайдиган кимасалар баробар бўлурми?! Дарҳақиқат ақл эгаларигина панд-насиҳат олурлар». (Зумар-9).
Яна Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳ сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража-мартабаларга кўтарур». (Мужодала-11).
Албатта даражаларни кўтариш улуғ фазлу марҳаматга далолат қилади ва дунёда олий мартаба, шон-шуҳрат каби маънавий юксакликни ҳамда жаннатдаги олий мартаба каби ҳиссий юксакликни ўз ичига олади. (Фатҳул-Борийдан).
Илмнинг фазилатига ва уни доимо зиёда қилишга қуйдаги оят ҳам далил бўлади.
«Айтинг, (эй Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Роббим, илмимни зиёда қилгин»». (Тоҳо-114).
Аллоҳ субҳанаҳу пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайши васалламни илмдан бошқа бирон нарсани кўпайтиришга буюрмади. Албатта ояти каримада назарда тутилган илм, бу бандага роббисини танитадиган ҳамда ибодат ва муомаладаги дин буйруқларини ўргатадиган шариъй илмдир.
Аллоҳ илмни ва уламоларни шарафлаб, уларга кўп ва умумий яхшиликларни берди.
«У ўзи истаган кишиларга ҳикмат (фойдали илм) беради. Кимга ҳикмат берилган бўлса, бас, аниқки, унга кўп яхшилик берилибди. Ваъз-эслатмаларни фақат аҳли донишларгина оладилар». (Бақара-269).
Мужоҳид айтадилар: «Оятда зикр қилинган ҳикматнинг маъноси илм ва фиқҳдир».
Қуйдаги оят ҳам илмнинг нақадар аҳамият касб этишини ва илм талаб қилишнинг зарурлини ифодалайди.
«Бас, (эй Муҳаммад) хеч қандай илоҳ йўқ, магар Аллоҳгина бор эканлигини билинг ва ўз гуноҳингиз учун ҳамда мўъмин ва мўъминалар (нинг гуноҳлари) учун мағфират сўранг». (Муҳаммад-19).
Бу ояти-каримада Аллоҳ таоло имом Бухорий айтганларидек, амалдан аввал илмни ёд этди.
Фойдали илмнинг кўп самаралари бўлиб, уларнинг энг муҳими – илм Ўз соҳибида Аллоҳдан қўрқишни пайдо қилади. Зеро уламолар инсонлар ичида Парвардигордан энг қўрқувчироқ бандалардир. Чунки уларга Роббиларини танитадиган қалблардаги иймонни мустаҳкамлайдиган илмни таълим олганлар.
Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло айтди: «Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқур». (Фотир-28)
Уламолар ақл-идрокли ва фаҳм-фаросатли кишилардир.
«Ушбу масалаларни биз одамлар (ибрат олсинлар) учун айтурмиз. (Лекин) уларни фақат илм эгаларигина англай олурлар». (Анкабут-43)
Қуръони Карим оятларини ўрганган киши илмнинг ва уламоларнинг мартаба-даражаларини билиб олади. Қуръонда унинг самараси ҳамда фаҳмлаш, идрок этиш, мунозара қилиш, фикрлаш ва ақл ишлатишга тарғиб этувчи кўплаб оятлар бор.

ИЛМ ТАЛАБ ҚИЛИШ ВА УНИНГ МАРТАБАСИ ҲАҚИДАГИ ҲАДИСЛАР

Ҳадис китобларида илм олишга буюрадиган ва тарғиб этадиган, уламоларнинг мартаба ва шарафларини улуғлайдиган ҳамда улар сифатланиши лозим бўлган ҳулқу одоблар ҳақида кўплаб ҳадислар келган. Саҳиҳ Бухорийнинг ўзида илм, уни талаб қилиш ва унга тарғиб қилиш ҳақида юздан ортиқ ҳадис келган. Ҳаттоки Имом Бухорий ўз китобида «Имон китоби» дан кейин алоҳида «Илм китоби» ни келтирганлар.
Бошқа ҳадис китобларида ҳам Набий соллоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари, саҳоба ва тобеинларнинг илм ҳақидаги сўзлари кўплаб келтирилган. Буларнинг барчаси уламолар эгаллаган буюк мартабаларга, Аллоҳ таоло талабага беражак юксак мақомлара ишора килади.
Ижозатингиз билан қуйида бу хусусдаги айрим ҳадисларни келтириб ўтамиз.
Муовия разияллоҳу анҳу айтадилар: Мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганларини эшитдим: «Аллоҳ бир кишига яхшиликни ирода қилса, уни динда фақиҳ (билимдон) қилиб қўяди». (Бухорий: 1-25)

Динда фақиҳ (билимдон) бўлиш Аллоҳнинг бандаларига берган энг катта неъматидир

1. Абу Мусо Ашъарий разияллоҳу анҳудан ривоят. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Аллоҳ мен орқали юборган ҳидоят ва илмнинг мисоли ерга ёққан жалага ўхшайди. Баъзи ерлар борки сувни қабул қилиб, кейин кўп ўт–ўлан ва кўкатларни ундириб чиқаради. Баъзи ерлар тақир бўлиб, сувни ушлаб қолади. Натижада Аллоҳ у билан инсонларни фойдалантиради. Одамлар уни ичадилар, чорвалари ва экинларини суғорадилар. Ёмғир суви бошқа (учинчи) турдаги ерга ҳам тушади. У текис бўлиб, на сувни ушлаб қолади ва на кўкат ундиради. Бу (биринчи ва иккинчи ернинг) мисоли Аллоҳнинг динида фақиҳ (билимдон) бўлган ва Аллоҳ мен орқали юборган нарсани унга фойдали қилган, натижада таълим олган ва таълим берган кишига ўхшайди.(Учинчи ернинг) мисоли унга (илмга) қайрилиб қарамаган ва мен олиб келган Аллоҳнинг ҳидоятини қабул қилмаган кишига ўхшайди».
Бу ҳадисда илм олиш ва ўрганишга тарғиб бўляпти. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари олиб келган динни инсонлар муҳтож бўлиб турган вақтларида устларига ёққан ёмғирга ўхшатаяптилар. Сўнгра динга қулоқ солувчиларни ёмғир тушган хар ҳил ерга қиёс қиляптилар.
Уларнинг биринчи тури амал қилувчи ва бошқаларга таълим берувчи олим бўлиб, у серҳосил ерга ўхшайди. Бу ер сувни ичиб, ўзи ҳам фойдаланади ва ўт–ўлан ўстириб, бошқаларга ҳам фойда беради.
Иккинчиси илмни эгаллаб ўзида жамлаган киши. Лекин у илмига амал қилмайди ёки жамлаган илмида билимдон эмас. Аммо бошқаларга етказади. Бундай одам сувни устида ушлаб қолиб инсонларга фойда берган ерга ўхшайди.
Учинчиси илмга қулоқ солади. Лекин уни ёдламайди, амал қилмайди ва бошқаларга ҳам етказмайди. Бундай киши сув турмайдиган текис ерга ўхшайди.
Ҳадисда аввалги икки тоифа, гарчи мартабалари ҳар хил бўлса-да, илм билан фойдаланишда муштарак бўлганлари учун битта мисол билан чекланди. Учинчи - қораланган тоифага илм билан фойланмагани учун алоҳида мисол келтирилди. (Фатҳул борий: 1-77) Шубҳасиз, илм йўлидан юриб, ўзи ундан фойдаланадиган, ўзгага ҳам фойда берадиган киши билан жоҳилликка рози бўладиган, зулматларда яшайдиган, нубувват меросидан бирор бир насиба олмайдиган кимса ўртасида катта фарқ бор.

2. Абу Дардо разияллоҳу анҳу айтадилар: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганларини эшитдим: «Ким илм истаб бир йўлдан юрса, Аллоҳ уни жаннат йўлларидан бирига йўллаб қўяди. Фаришталар илм толиби учун қанотларини пасайтирадилар. Албатта олим ҳаққига осмонлару – ердагилар, ҳаттоки сув остидаги балиқлар ҳам истиғфор айтадилар. Ҳақиқатда олимнинг обиддан афзаллиги бадр кечасидаги тўлин ойнинг бошқа юлдузлардан афзаллиги кабидир. Олимлар Пайғамбарларнинг меросхўрларидир. Пайғамбарлар динор ва дирҳамни мерос қолдирмадилар. Балки илмни мерос қолдирдилар. Ким уни олса, (меросдан) тўлиқ насибасини олибди». (Абу Довуд: 3641)
Ушбу ҳадисда талаба қўлга киритадиган катта ҳурмат зикр қилиняпти. Фаришталар уни улуғлаб унинг олдида хокисорлик билан қанотларини пасайтирадилар. Осмондаги, ердаги ва денгиздаги ҳисобини Аллоҳнинг ўзи биладиган маҳлуқотларнинг ҳаммаси талаба учун истиғфор айтиб, унинг ҳаққига дуо қилади. Талабанинг пайғамбарлар меросидан насиба олиш пайида юришининг ўзи унга етарли фахр бўлади. Улар дунёни, дунёнинг арзимас матоларини йиғиш билан машғул бўладиган ва унинг ортидан ҳаллослаб чопадиган дунё аҳлига ташлаб қўйишади.
Абдуллоҳ ибн Масуъд разияллоҳу анҳу айтадилар: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганларини эшитдим: «Биздан бирон бир нарсани эшитиб сўнг уни бошқаларга эшитганидек етказган кишиниг юзини Аллоҳ ёруғ қилсин. Баъзан етказилган киши эшитувчидан кўра ёдида сақлагувчироқ бўлади». (Термизий: 2659)
Шубҳасиз, бу талаба учун жуда катта фазилатдир. У илмни ўрганиб, бошқаларга ўргатгани, ҳадисни ёд олиб, ривоят қилгани учун Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам унга кўркамлик ва гўзаллик тилаб дуо қиляптилар. Гарчи у ўзи ривоят килаётган ҳадиснинг баъзи маъноларига тушунмаса-да, уларни ёдлаб, омонатдорлик билан етказгани учун ажр–савобга эга бўлаверади.
Имом Ибн Қаййим айтадилар: «Юзнинг ёруғ бўлиши – юзда балқ уриб турувчи гўзаллик ва чирой бўлиб у иймон, ичнинг софлиги ва қалб сурури белгисидир». («Мифтоҳу дарус-саода» китобидан)

3. Абу Ҳурайрадан ривоят: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Одам боласи вафот этса, уч нарсадан бошқа (барча) амали ундан узилади. (Бу уч нарса) садақаи жория ёки фойда берадиган илм ёҳуд унинг ҳақига дуо қилувчи солиҳ фарзанддир». (Муслим: 1631)
Ҳа, мўл-кўл ёмғир каби ёғилиб турувчи савоб ва ҳасанотлар нақадар яхши. Олимнинг илмини шогирдлари авлоддан - авлодга етказар эканлар, китобларидан турли ҳлкаларги инсонлар фойдаланар эканлар, ҳасанотлар унга тўхтамай бориб тураверади. Шундай қилиб олим ўзидан кейин қолдириб кетган фойдали илми туфайли ажр-савобдан баҳраманд бўлаверади.

САҲОБАЛАР ВА САЛАФИ СОЛИҲЛАРНИНГ ИЛМ ТАЛАБ ҚИЛИШ ФАЗИЛАТИ ҲАҚИДА АЙТГАН СЎЗЛАРИ

Али разияллоҳу анҳу айтадилар: «Илм мол-дунёдан яхшидир. Илм сени сақлайди. Мол- дунёни эса сен сақлайсан. Илм ҳукм қилувчидир, молнинг устидан эса ҳукм қилинади. Мол йиғувчилар ўтиб кетдилар. Илм тўплагувчилар эса боқий қоладилар. Ўзлари орамизда йўқ бўлсалар-да, шахслари қалбларда мавжуддир». (Адабу-дунё вад-дин)
Ибн Масъуд талаба ёшларни кўрганда бундай дер эканлар: «Марҳабо, эй ҳикмат булоқлари, зулмат чироқлари, кийими эски-ю қалби янгилар, уйларнинг маҳбуслари ва ҳар бир қабиланинг райҳонлари». («Жомеу баёнил илми ва фазлиҳ»)
Яъни илм талаби билан машғул бўлиш, дарс ва мубоҳаса учун уйда ўтириш уларнинг энг асосий сифатларидандир. Илм излаш янги кийимларни кийишдан, тенгдошлари каби кўчаларда сайр қилишдан уларни тўсиб туради.
Муоз ибн Жабал разияллоҳу анҳу айтадилар: «Илм ўқинглар. Зеро уни Аллоҳ учун ўрганиш қўрқувни пайдо қилади. Илм талаб қилиш ибодат, уни ёдлаш тасбеҳ, у ҳақда баҳс қилиш жиҳоддир. Уни билмаган кишига ўргатиш садақа, эгаларига сарфлаш Аллоҳга яқин бўлишдир. У ҳалол билан ҳаромни ажратувчи белги ва жаннат аҳли йўлларини ёритувчи маёқдир. Илм ёлғизликда улфат, ғарибликда ҳамроҳ, холи қолганда суҳбатдош, шодонлик ва хафаликда йўл кўрсатувчи, душманга қарши қурол, дўстлар ўртасида зийнатдир. Аллоҳ илм сабабли баъзи қавмларни юксакларга кўтариб, уларни яхшиликда йулбошчи ва пешво қилиб қўяди. Илм туфайли уларнинг изларидан юрадилар, амалларига эргашадилар ва фикрларини қабул қиладилар. Малоикалар улар билан дўстлашишни хоҳлайдилар, қанотлари билан уларни сийпалайдилар. Улар учун барча ҳўлу-қуруқ, денгизнинг катта балиқларию майда ҳашоратлари, қуруқликдаги ертиқичлару чорва ҳайвонларнинг барча–барчаси истиғфор айтади. Илм қалбларга ҳаёт бериб, жаҳолатдан қутқаради, кўзларга нур бериб, зулматдан қутқаради. Банда илм туфайли солиҳлар даражасига, дунё ва охиратдаги олий мартабага етиб олади. Илм борасида фикр юритиш рўзага тенгдир. Уни дарс қилиб ўрганиш қиёми лайл билан баробардир. У билан қариндошлик риштаси боғланади. У туфайли ҳалол ҳаромдан ажралади. Илм амалнинг имоми, амал эса унинг эргашувчисидир. У бахтли кишиларга берилади. Бахтсизлар эса ундан маҳрум этилади». («Мифтоҳу дорис-саода» китобидан).
Умар ибн Хаттоб бундай дедилар: «Бир киши Тиҳома тоғларича гуноҳ билан уйидан чиқади. Илмга қулоқ солса, унда қўрқув пайдо бўлади ва гуноҳидан қайтиб, тавба қилади. Натижада биронта гуноҳсиз уйига қайтиб келади. Бас, уламолар мажлисидан ажралманглар». ( «Мифтоҳу дорис-саода»)
Умар яна дедилар: «Эй, инсонлар, илмни маҳкам ушланглар. Зеро Аллоҳ субҳанаҳунинг яхши кўрадиган ридоси бор. Ким илмнинг бир бобини ўрганса, Аллоҳ унга ўз ридосиди кийдиради. Агар у гуноҳ қилса, то вафот этгунича ундан ридосини олиб қўймаслик учун ундан ғазабини тияди». (Юқоридаги манбадан)
Абу Дардо разияллоҳу анҳу айтадилар: «Бир масалани ўрганишим менга кечаси билан намоз ўқишимдан яхшироқдир». (Юқоридаги манбадан)
Ҳасан Басрий айтадилар: «Илмнинг биронта бобини ўрганиб, сўнг уни бир мусулмонга ўргатишим менга дунёнинг ҳаммаси Аллоҳ йўлида меники бўлмоғидан яхшироқдир». (Ал-мажмуъ шарҳи муҳаззаб)
Имом Шофеий айтадилар: «Фарз ибодатларидан кейин илм талаб қилишдан афзалроқ нарса йўқ». (Юқоридаги манбадан)
Илм ва унинг мартабаси ҳақида айтилган шеър ва байтларнинг ҳисоби йўқ. Мисол тариқасида шоирнинг қуйидаги байтини келтирамиз.

Фахрланиш илм аҳлига хосдир, зеро улар
Ҳидоят излаганга тўғри йўл кўрсатурлар.
Ҳар кимнинг қадри қилган яхши иши биландир
Жоҳиллар эса илм аҳлига душмандир.

Имом Шофеий айтадилар:
Билгин, киши олим бўлиб туғилмас,
Илм эгаси жоҳил сингари бўлмас.
Қавмнинг улуғи гар билимсиз экан,
Халқлар унга боққанда кичик экан.
Қавмнинг кичиги агар олим бўлса,
Мажлислар унга боққанда катта экан.

ТАЛАБАНИНГ ОДОБИ

Аллоҳ субҳанаҳу бандаларига элчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни башоратчи, огоҳлантирувчи ва Аллоҳга унинг изни билан даъват қилувчи, нур сочувчи чироқ қилиб юборди. У зотга ҳидоят, таълим ва ислоҳ китоби бўлмиш Қуръонни нозил қилди.
«У (Аллоҳ) омийлар (яъни илмсиз кишилар) орасига ўзларидан бўлган, уларга Қуръон оятларини тиловат қиладиган, уларни (ширк ва жаҳолатдан) поклайдиган ҳамда уларга Китоб - Қуръон ва Ҳикмат – ҳадисни ўргатадиган бир пайғамбарни (яъни Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни) юборган зотдир. Шак-шубҳасиз, улар (ўзларига пайғамбар келишидан илгари) очиқ залолатда эдилар». (Жумъа: 2)
Ояти каримада келганидек, Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватлари учта асосни ўз ичига олади: Аллоҳнинг ваҳйини етказиш, гуноҳлардан поклаш ҳамда таълим бериш.
Поклашдан мақсад, исломни тадбиқ этиш, унинг буйруқларига бўйсуниб, қайтарганларидан тийилиш йўлида нафсни тарбиялаш ҳамда ислом чақираётган фазилатли хулқлар ва юксак одоблар билан хулқланишдир.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларнинг нафсларини тарбиялаш ва поклаш вазифасини гўзал равишда адо этдилар ҳамда уларга исломий одобларни ўргатдилар. Ниҳоят, улар зўравон ва қўпол кишилардан меҳрибон, гўзал хулқли ва мулойим инсонларга айландилар. Хулқи Қуръон бўлган Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳулқларидан намуна олдилар. Саҳобаи киромлар ҳам исломни тарқатишда ўз вазифаларини адо этдилар. Улар ўз шогирдлари бўлган тобеинларга илмдан олдин одобни ўргатишга ҳаракат қилар эдилар. Улар талаба учун энг аввало керак бўладиган ахлоқни, қолаверса ўзи, оиласи, устозлари, ёру биродарлари ва атрофидаги барча инсонлар билан муомала қилиш одобини таълим берар эдилар. Саҳобалардан кейин бу вазифа тобеинларга ўтди. Улар ҳам ўз шогирдларига одоб ва илмда устоз бўлдилар. Бу анъана авлоддан авлодга шундай давом этиб кетаверди. Улар илмни таълим олгандек одобни ҳам таълим олар эдилар.
Хатиб Бағдодий Молик ибн Анасдан ривоя қиладилар. У киши айтадиларлар: «Ибн Сийрин бундай деганлар: «Улар (саҳобалар) илмни таълим олганлари каби ҳидоятни ҳам таълим олар эдилар». («Ал-жомеъ ли ахлоқир – ровий ва одобис-сомиъ» китобидан)
Молик, Ибн Шиҳобдан ривоят қиладилар. У киши бундай деган эканлар: «Бу илм Аллоҳнинг одобидир. У билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга одоб берди. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз ўрнида умматларига одоб бердилар. Бу Аллоҳнинг ўз Росулига бошқаларга етказиши учун берган омонатидир. Кимда – ким бирон илмни эшитса, уни ўзи билан Аллоҳ азза ва жалланинг ўртасида ҳужжат қилсин». (Юқоридаги манбадан)
Иброҳим ибн Ҳубайб айтадилар: «Отам менга бундай дер эдилар: «Эй ўғлим, фақиҳ ва олимларнинг олдига бориб, улардан таълим олгин ҳамда уларнинг одоб – ахлоқлари ва кўрсатмаларини олгин. Зеро бу иш менга сенинг кўп ҳадис ёдлашингдан кўра маҳбуброқдир». (Юқоридаги манбадан)
Ибн Муборак айтдилар: «Муҳаммад ибн Ҳусайн менга бундай дедилар: «Биз кўп ҳадисдан кўра кўп одобга муҳтождирмиз». (Юқоридаги манбадан)
Закариё Анбарий айтадилар: «Одобсиз илм ўтинсиз олов кабидир. Илмсиз одоб эса жасадсиз руҳ кабидир». (Юқоридаги манбадан)
Молик ибн Анасдан ривоят қилинади. Оналари уларга бундай дер эканлар: «Робиъанинг олдига бор. Унинг илмидан олдин одобини ўрган». («Танвийрул – ҳаволик» китобидан)
Юқорида талабага одобнинг нақадар зарурлиги, олимнинг ҳам, шогирднинг ҳам ҳаётида одоб алоҳида аҳамият касб этиши ҳақида салафи солиҳ имомларининг сўзларини келтириб ўтдик.
Қуйида талаба бошқалардан ажралиб туриши лозим бўлган одоб ва хулқларни ўқувчининг ҳукмига ҳавола этамиз. Шояд, на мол, на фарзанд фойда бермайдиган, Аллоҳ ҳузурига тоза дил билан келган кишигина нажот топадиган кунда талабага илми фойда берса, унинг зарарига эмас, балки фойдасига ҳужжат бўлса.

Биринчи - Ихлос

Талаба аввало ихлос билан қуролланиб, сўзи ва амалида Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло учун ихлосли бўлишни ўз олдига мақсад қилиб қўйиши лозим. Чунки Аллоҳ холис Ўзи учун бажарилган амалнигина қабул қилади.
«Ҳолбуки улар фақат ягона Аллоҳга, У зот учун динни холис қилган, тўғри йўлдан оғмаган ҳолда ибодат қилишга ва намозни тўкис адо этишга, закотни адо этишга буюрилган эдилар». (Баййина: 5).
Агар талаба Аллоҳ учун холис бўлса ажр-савобга эга бўлади ва саъйу харакатига барака берилади. Оқибатда Аллоҳ олимлар ва уларнинг йўлидан юрганлар учун берган шарафга лойиқ бўлади. Аксинча, у ихлосни йўқотса, амалига риё аралашса, илм олишдан мақсади мақтаниш ёки сохта обрў топиш ёҳуд мартаба ва раҳбарликни қўлга киритиш бўлса, бундай илм қиёмат куни ўз соҳибига қарши ҳужжат бўлади ва Аллоҳнинг ҳузурида на ажр ва на насибага эришади. Аллоҳ таоло айтади: «Ким ўз амали билан охират экинини (яъни савобини) истар экан, Биз унга экинларнинг ҳосилини мўл-зиёда қилурмиз. Ким дунё экинини истар экан, Биз унга ўшандай дунё матоларидан берурмиз ва унинг учун охиратда бирон насиба бўлмас». (Шўро: 20).
Кимда-ким илми билан дунё бойликларига эришишни ёки одамларни рози қилишни ёҳуд инсонлар устидан ҳукмрон бўлишни мақсад қилган бўлса, «мукофотини» ўшалардан олаверсин.
Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам солиҳ амалларнинг қабул бўлиши ният ва ихлосга боғлиқ эканлигини баён қилдилар. Бухорий ва Муслим Умар ибн Хаттобдан ривоят қиладилар. Умар (р.а) дедилар: Мен Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бундай деганларини эшитдим: «Амаллар ниятларга боғлиқдир. Ҳар бир кишига ният қилган нарсаси берилур. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Росули учун бўлса, бас, унинг ҳижрати Аллоҳ ва Росули учун деб эътибор қилинур. Кимнинг ҳижрати дунё топиш ёҳуд бир аёлга уйланиш бўлса, бас унинг ҳижрати, ҳижрат қилган нарсаси учун деб эътибор қилинур».
Абу Ҳурайра (р.а) айтди: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай деганларини эшитдим: «Қиёмат куни инсонлар ичида энг биринчи ҳукм қилинадигани жангда шаҳид бўлган кишидир. Уни олиб келинганда Аллоҳ унга берган неъматларини эслатади, у Аллоҳнинг неъматларини тан олади. «Бу неъматларни нимага ишлатдинг?» сўрайди Аллоҳ. У айтади: «Сенинг йўлингда жанг қилиб, шаҳид бўлдим». Аллоҳ айтади: «ёлғон гапирдинг. Сен «бу баҳодир экан», деб айтилиши учун жанг қилгандинг, ҳақиқатда шундай дейилди». Сўнгра (фаришталарга) буюрилади. Уни юзтубан судралиб дўзахга улоқтирилади. (Яна бири) илм олган, илм берган ва қуръон ўқиган кишидир. Уни ҳам олиб келинади. Аллоҳ унга берган неъматларини эслатади. У Аллоҳнинг неъматларини эътироф этади. «Бу неъматларни нимага ишлатдинг?» сўрайди Аллоҳ. У айтади: «Илм олдим, илм бердим ва Сен учун қуръон ўқидим». Аллоҳ айтади: «Ёлгон гапирдинг. Сен, «олим экан», деб айтишлари учун илм ўқиган эдинг, «қори экан» деб айтишлари учун қуръон ўқиган эдинг. Ҳақиқатда шундай дейилди». Сўнгра (фаришталарга) буюрилади. Уни юзтубан судралиб дўзахга улоқтирилади». (Муслим: 1950).
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади: Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай дедилар: «Кимда-ким Аллоҳ азза ва жалланинг юзини истаб ўрганиладиган илмни дунёвий мақсадга эришиш учун ўрганса қиёмат куни жаннатнинг ҳидини ҳам топа олмайди». (Абу Довуд: 3664).
Аллоҳнинг юзини истаб ўрганиладиган илм, шаръий илмдир. Демак бу ҳадиси шарифдан маълум бўляптики шаръий илм ихлос билан ўрганилсагина Аллоҳ уни қабул қилар экан. Аммо дунёвий илмларга келсак, уларни касб ва ризқ топиш мақсадида ўрганилади. Шундай бўлсада, агар мусулмон киши дунёвий илмни холис ният билан ўрганса хамда умматни оёққа турғазиш, уни душманлардан устун қилиш учун фарзи кифояни амалга оширишни мақсад қилса, албатта унга Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг ҳузурида ажр-мукофот берилади.
Ихлос ҳақида саҳобалар ва салафи солиҳлардан жуда кўп асарлар ривоят қилинган. Қуйида уларнинг баъзиларини келтирамиз.
Али (р.а.) айтадилар: «Эй илмни ёд олувчилар, унга амал қилинглар. Илмига амал қилган ва илми амалига мувофиқ келган кишигина ҳақиқий олимдир. Яқинда илмни ёд олган, лекин илми ҳалқумидан юқори кўтарилмайдиган қавмлар келади. Уларнинг илмлари амалларига, ичлари ташқиларига тескари бўлади. Ҳалқа-ҳалқа бўлиб ўтириб олиб бир-бирларига мақтанадилар. Ҳаттоки бир киши суҳбатдошидан унинг ҳалқасини ташлаб иккинчи ҳалқага бориб қўшилгани учун ғазабланади. Уларнинг бундайин мажлислардаги амаллари Аллоҳ таолога кўтарилмайди». (Нававийнинг «Мажмуъ» китобидан).
Суфён (р.ҳ) айтадилар: «Банданинг илми зиёда бўлиши билан дунёга рағбати ҳам зиёдалашса Аллоҳдан шунчалик узоқлашаверади». (Нававийнинг «Мажмуъ» китобидан).
Шунинг учун уламолар холис бўлиш ва ҳолисликни мустаҳкамлаш ҳақидаги ҳадисларга, ҳусусан, талабани риё ва сохта обрўдан эҳтиёт бўлишга чақирувчи ҳадисларга қаттиқ эътибор берганлар.
Имом Абу Бакр Ожуррий (р.ҳ.) талабанинг одоби ҳақида гапириб, бундай дейдилар: «Талаба билсинки, Аллоҳ таоло унинг зиммасига ўзига ибодат қилишни фарз қилган. Ибодат эса илм билан амалга ошади. Демак, унинг илм талаб қилишдан мақсади шу бўлсин. Албатта илм талаб қилиш вақтида ихлосни ўзига қурол қилсин. Агар илмий ютуқларга эришса, фазилатни ўзига нисбат бермай, Аллоҳдан деб билсин. Зеро фарзларни адо этиш ҳамда ҳаром нарсалардан тийилишни унга фақат Аллоҳ таоло ўргатди». («Ахлақул-уламо» китобидан)
Имом Нававий (р.ҳ.) илмнинг фазилати ва уламоларнинг мартабаси ҳақида гапиргандан кейин бундай дедилар: «Билинки, илм талаб қилишнинг фазилати ҳақида айтган гапларимиз уни дунёвий мақсад учун эмас, балки Аллоҳнинг розилигини истаб ўрганган киши ҳақидадир. Кимда-ким илмни мол-дунё орттириш ёки мансаб ва обрў-эътиборга эришиш ёҳуд машҳурлик ва одамларни ўзига қаратиш ёки мунозараларда рақибларни енгиш каби дунёвий мақсад учун ўрганса, бундай илм қоралангандир» (Нававийнинг «Мажмуъ» китобидан)
Агар талаба риё ва манманликни яхши кўриш каби иллатлар ўзида пайдо бўлаётганини сезиб қолса, ниятини тўғрилашга ҳаракат қилсин ва нафсини ихлосга мажбур этсин. Шайтон васвасаларидан узоқлашиб, унинг ёмонлигидан паноҳ сўрасин. Шундагина нияти покланади ва шайтоннинг нафсга кириб олувчи туйнуги тўсилади.
Хатиб Бағдодий Ибн Саммокдан ривоят қиладилар. У киши айтадилар: «Суфён Саврий бундай деганини эшитдим: «Ниятимни тўғрилашдан кўра оғирроқ нарсани бошимдан кечирмадим, чунки у ҳадеб ўзгариб кетаверади». (Алжомеъ лиахлақир-ровий китобидан).
Ривоят қилинишича Башр ибн Хорис ҳадис айтиб, санадини зикр қилди. Сўнгра «Астағфируллоҳ. Санадни зикр қилишда ҳам қалбда кибр пайдо бўлар экан», деди. (юқоридаги манба).
Ҳақиқатда у қалбига кибр ва мақтанчоқлик кириб қолишидан ташвишланди. Ҳолбуки у фақатгина санадни, яъни ровийларни ва ҳадис ривоят қилувчи шайхларнигина зикр қилган эди. Мана шу ҳам риёга йўл очиш эхтимоли борлиги учун нафсига келадиган хатардан огоҳланиб истиғфор айтди.
Убайдуллоҳ ибн Абу Жаъфарнинг бундай деганлари ривоят қилинади: «Бир киши мажлисда гапириб туриб ўзида фахрланиш сезса, дарҳол жим бўлсин. Агар сукут сақлаб ўтирганида сукути ўзига ёқиб фахрланса, гапира бошласин». (юқоридаги манба).
Аввало талаба шайтоннинг нафсга кирувчи туйнукларини билиб олиши ва ундан эҳтиёткор бўлиши керак. Шайтон риё ва ундан сақланиш мавзусини ўзига қурол қилиб олади. Шу билан у талабани илм олишдан, олимни илм мажлисидан, даъватчи ва мударрисни таълим ва панд-насиҳатдан тўсади. У: «Одамларга сенинг гапинг ёқяпти. Бу риёга олиб боради» деб васваса қилади. Ёки уларнинг ўзлари «одамларга менинг гапим ёқиши ва мени мақташларидан риё пайдо бўлмасмикан» деган хавотирга бориб амални тўхтатадилар.
Уламолар айтадилар: «Бошиданоқ риё мақсадида қилинган амал билан холис ва соф ниятда бошланиб, амалини бажариб бўлгач эса одамларнинг мақтовини эшитиб хурсанд бўлиш ўртасида катта фарқ бор». (Мухтасар Минҳажил-қосидийн китобидан)
Абу Зар (р.а) айтадилар: «Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтилди: «Бир киши яхши амални бажарганда одамлар уни мақтасалар, бундай инсон ҳақида нима дейсиз?» У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб бердилар: «Бу мўминга мана шу дунёда берилган нақд башоратдир»». (Муслим: 2642).
Уламолар огоҳлантирадилар: «Талаба ўзида озгина риёни сезиши билан илм олишни тўхтатмасин. Балки илм олишни ва тарқатишни давом эттириш билан бирга ниятини тўғирласин».
Имом Нававий (р.ҳ.) айтадилар: «Бирон кишига ниятининг яхши бўлмагани учун таълим бермаслиги дуруст эмас. Чунки унинг нияти яхшиланиши мумкин. Кўпинча янги бошлаганларга нафслари кучсиз бўлгани ёки ниятни тўғрилашга одатланмаганлари учун уни тўғрилаш қийин бўлиб туюлади. Аммо юқоридаги сабаб туфайли ўқувчиларга илм беришни тўхтатиш кўпгина илмни йўқотишга олиб боради. Қолаверса, илм олишни давом эттирсалар, унинг баракасидан ниятлари тўғриланиб кетиши мумкин. Ахир салафлар айтганларку: «Илмни Аллоҳдан бошқаси учун талаб қилдик. Лекин илм фақат Аллоҳ учун талаб қилинишини хоҳлади». Бунинг маъноси улар охир-оқибатда илмни Аллоҳ розилиги учун ўрганадиган бўлдилар». (Мажмуъ китобидан)
Имом Ибн Жавзий ҳам бу хатардан огоҳлантириб, бундай дейдилар: «Кўпинча Иблис даъватчига васваса қилиб, бундай дейди: «Сендай одамнинг маъруза қилиши ярамайди. Бундай маърузани қалби уйғоқ кишигина қилиш мумкин». Бу васваса таъсир қилиб, даъватчи маъруза айтмай қўяди. Мана – шайтоннинг ҳийласи! У қандай йўл билан бўлса ҳам яхшиликдан тўсишга ҳаракат қилади. Шайтон яна шундай васваса қилади: «Сен айтаётган панд-насиҳат ўзингга ёқяпти, сўзингга ҳамма қулоқ солишидан фахрланяпсан. Бундай ҳолатда риё аралашиб қолади. Одамлардан узоқда ёлғиз бўлсанг риёдан саломат бўласан». Аслида шайтоннинг мақсади яҳшилик эшигини тўсиш бўлади».
Ушбу мавзуни имом /аззолийнинг сўзлари билан якунлаймиз. У киши талабага ўзини ҳисоб-китоб қилиши, нима учун илм талабида юрибди, нима учун илм машаққатларини кўтаряпти? каби саволлар билан ўзини сўроқ қилиши кераклигини сўзлаб, бундай дейдилар: «Илмни такрорлаб, китобларни мутолаа қилиб саноқсиз кечаларни бедор ўтказдинг. Уйқуни ўзинга харом қилдинг. Бундай машаққатнинг сабаби нима? Мен билмайман. Агар ниятинг дунёвий обрўга эга бўлиш, дунё матоси ёки мансабни қўлга киритиш ёҳуд тенгдошларинг ва илмдаги шерикларингдан ўзиб кетиш билан фахрланиш бўлса, сенга азоб бўлсин азоб бўлсин! Агар илм таҳсилидан мақсадинг Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариаътини тирилтириш, ахлоқингни тузатиш ва ёмонликка буюрувчи нафсни синдириш бўлса сенга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин, раҳмати бўлсин!» (Аййуҳал-валад китобидан).

Иккинчи – илмга амал қилиш ва маъсиятлардан узоқ бўлиш

Илмга амал эргашсагина у фойдали илм бўлади. Илмига амал қилмайдиган олимдан қиёмат куни илми ҳақида сўралади. Илмга амал қилиш шартлиги ҳамда амалсиз илмдан огоҳлантириш ҳақида қуръонда, хадисда ва салаф имомларнинг сўзларида кўп далиллар бор. Аллоҳ таоло айтади: «Эй мўминлар, сизлар нега ўзларингиз қилмайдиган нарсани (қиламиз деб) айтурсизлар? Сизларнинг ўзларингиз қилмайдиган ишни (қиламиз деб) айтишларингиз Аллоҳ наздида ўта манфур ишдир». (Соф: 2,3)
«Одамларни яхшиликка чорлаб, ўзларингизни унутасизларми? Ҳолбуки, ўзларингиз китоб (Таврот) тиловат қиласизлар. Ақлингизни юргизмайсизларми?» (Бақара: 44)
Шубҳасиз тақво қилиш ва шариатда барқарор туриш, қуръон ва хадисни махкам ушлаш талабанинг қуролидир. Агар у Аллоҳ субҳанаҳунинг розилигини, илмнинг нури, баракаси ва фазилатини қўлга киритмоқчи бўлса бу қуролни асло тарк қилмаслиги керак. Аллоҳ таоло айтади: «Аллоҳдан қўрқингиз! Аллоҳ сизларга (ҳақ - ҳидоят йўлини) билдиради. Аллоҳ ҳамма нарсани билгувчидир». (Бақара: 282)
Дарвоқе, Росулуллох соллаллоҳу алайхи васаллам олим қиёмат куни илмига амал қилган ёки қилмагани ҳақида сўралишини айтганлар.
Абу Барза ал-Асламийдан ривоят қилинади: Росулуллох соллаллоху алайхи васаллам айтдилар: «Қиёмат куни банда умрини нима билан ўтказгани, илмига амал қилгани, молини қаердан топиб қаерга сарфлагани ва жасадини нима ишларда эскиртгани ҳақида сўралмагунича қадамлари жойидин силжимайди». (Термизий: 2417)
Усома ибн Зайд (р.а) дедилар: Росулуллох соллаллоху алайхи васаллам шундай деганларини эшитдим. «Қиёмат куни бир киши олиб келиниб, дўзахга ташланади. Унинг қорнидаги ичаклари осилиб тушади. Худди эшак тегирмон тоши атрофида айланганидек у ҳам ичаклари атрофида айланиб юради. Дўзах аҳли унинг олдига йиғиладилар ва сўрайдилар: «Эй фалончи сенга нима бўлди? Сен яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтармасмидинг?» У айтади: «Ҳа яхшиликка буюрардим, бироқ ўзим қилмасдим. Ёмонликдан қайтарар эдим, лекин ўзим уни қилардим»». (Муслим: 2989)
Хадисда зикр қилинган, баданни титратиб юборадиган бундай кўриниш, Аллоҳ тарафидан берилган илмга амал қилмайдиган кишининг уқубатидир. У инсонларни яхшиликка буюриб, ёмонликдан қайтариш билан чекланди. Нафсини эса одамлар кўзидан узоқда, ғафлатда, маъсиятлар ортидан қувган ҳолида ташлаб қўйди. Лекин у ҳар қанча яширмасин Аллоҳдан махфий иш қилолмайди. Аллоҳ дунёда унинг гуноҳларини яширгани учун одамлар уни солиҳ киши деб гумон қилганлар. Қиёматда эса унинг жирканч амаллари барчага ошкор қилиниб, шармандаи шармисор бўлади.
Шунинг учун Саҳобаи киромлар тақво аҳлидан бўлсалар-да, қуръон ва ҳадисга қаттиқ амал қилсалар-да, қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида туриб, билган илмларига амал қилганлари тўғрисида сўралишдан қаттиқ қўрқар эдилар.
Абу Дардо (р.а) дедилар: «Қиёмат куни менга, «билдингми ёки билмадингми?» - деб айтилишидан қўрқаман. Албатта мен «билдим» - деб айтаман. Шунда Аллоҳ азза ва жалланинг китобидаги буюрувчи ёки қайтарувчи биронта оят қолмай барчаси менинг олдимга келиб ўзининг мажбуриятини сўрайди. Буюрувчи оят «Буйруққа амал қилдингми?» деб сўраса, қайтарувчи оят «Қайтарилгандан тийилдингми?» деб сўрайди. Мен Аллоҳдан фойдасиз илмдан паноҳ беришини сўрайман». (Жомеъу баёнил-илми ва фазлиҳи китобидан).
Абу Дардо яна шундай дедилар: «Илмингга амал қилмагунингча олим бўлолмайсан». (Ахлақул-уламо китобидан)
Дарҳақиқат илмнинг самараси амалдир. Одамлар фойдали илмнинг таъсирини илм соҳибининг юзидаги нурда, қалбидаги қўрқувда, ахлоқидаги покликда ҳамда Аллоҳга, инсонларга ва ўзига нисбатан самимий бўлишида кўрадилар. (Ар-расул вал-илм китобидан).
Хатиб Бағдодий Ҳасан Басрийнинг бундай деганларини ривоят қиладилар: «Бир киши илм ўрганишни бошлайди. Кўп ўтмай илм унинг хушуъсида, юриш-туришида, тилида, кўзида ва қўлида кўрина бошлайди». (Алжомеъ лиахлақир-ровий ва адабис-самиъ китобидан)
Шунингдек талаба гуноҳни тарк қилиш учун нафси билан курашмоғи лозим. Зеро гуноҳдан узоқ бўлиш илмнинг баракаси, нури ва ихлосни ҳосил қилишда катта ёрдам бўлади. Чунки гуноҳлар туфайли қалбни зулмат қоплайди. Зулмат чулғаган қалбда илм нури учун ўрин йўқ. Фақат тавба қилиш, Аллоҳ таолога истиғфор айтиш билан зулмат чекинади. Салафи солиҳлар гуноҳларни тарк қилиш илмни эгаллашдаги ва ёдлаб уни унутмасликдаги асос эканлигини яхши билардилар.
Бишр ибн Ҳорис айтадилар: «Илм эгаллашни хоҳласанг, гуноҳга қўл урма» (Ал-жомиъ лиахлақир-ровий ва адабис-самиъ)
Қосим ибн Абдураҳмондан ривоят қилинади. Абдуллоҳ айтадилар: «Киши гуноҳи сабабли илмни унутади деб ўйлайман». (юқоридаги манбадан).
Имом Шофеъий (р.ҳ) зеҳнлари жуда ўткир бўлсада, бир куни устозлари Вакиъга ёдлаш қувватлари сустлашиб қолганидан шикоят қилдилар. Шунда устоз ўз шогирдига даволаниш йўлини ўргатди. У ҳам бўлса маъсиятдан узоқ бўлиш ва Аллоҳнинг ғазабини келтирувчи ҳар қандай нарсани қалбдан қувиб чиқариш эди. (юқоридаги манбадан).
Имом Шофеъий бу ҳодисани назмга солиб, бундай деган эканлар:

Нолидим хотирамдан Вакеъга,
«Гуноҳ қилма!» - уқтирди у менга.
Айтди у илм илоҳий нур эканин,
Бундан эса осий маҳрум эканин. (Шофеий девони)

Шубҳасиз, қалбнинг дунё ишлари билан машғул бўлиши, қалбни илмдан юз ўгиришига олиб боради. Шайтон маъсият зулмати қоплаган қалбни Аллоҳнинг зикридан ва илм талабидан буриб қўяди. Шундай қилиб у паришонхотир бўлиб қолади.
Аллоҳ таоло айтади: «Уларни шайтон эгаллаб олиб, уларга Аллоҳни эслашни унуттирди». (Мужодала: 19)
Имом Ибн Мунодий (р.ҳ) айтадилар: «Тез ёд олишнинг бир неча сабаблари бор. Улардан бири ҳар қандай гуноҳдан узоқ бўлиш. Киши нафсини койиса ва Аллоҳга қалби билан юзланса, қулоғи эшитгани эсида қолади. Зеҳни ҳам унинг устига қопланган гуноҳдан тоза бўлади». (Муташобиҳ ал-қуръонил-азийм китобидан)
Аллоҳ таоло айтади: «Йўқ, (ундоқ эмас)! Балки уларнинг дилларини ўзлари касб қилгувчи бўлган гуноҳлари қоплаб олгандир». (Мутаффифун: 14).
Шунинг учун талаба нафсини текшириб, ҳисоб – китоб қилиши, агар нафси биронта маъсиятга мойил бўлса уни тийиб қўйиши, шунингдек нафс ҳийласи ва шайтон васвасасидан эҳтиёт бўлиши даркор.
Албатта илм билан амал ўртасида мустаҳкам алоқа бўлиши керак. Илм ва амал бирлашсагина кўнгилни мусаффо этади ва сув баданни поклаганидек нафсни поклаб тозалайди. Аллоҳ таоло илм ва ибодатни «ҳаёт» деб номлаган:
«Эй, мўминлар, Аллоҳ ва унинг Расули сизларни абадий ҳаёт берадиган нарсага даъват қилар экан, уни қабул қилинглар». (Анфол:24)
Амал билан ҳамроҳ бўлган илмгина қиёмат куни ўз соҳибига фойда беради, мана шундай илм боқий қолади.
Али (р.а) айтадилар: «Илм амални чақиради, агар келса яхши, йўқса у кўчиб кетади». («Иқтизо ул-илмил-амал» китобидан.)
Хубайб ибн Убайд Раҳбий (р.ҳ) айтадилар: «Илмни ўрганинглар, ёд олинглар ва ундан фойдаланинглар. Уни зийнатланиш мақсадида ўрганманглар. Ҳали умрингиз узун бўлса одамлар ҳудди кийим билан безангандек илм билан безанишларини кўрасиз». (Юқоридаги манбадан)
Фузайл ибн Иёз айтадилар: «Олим илмига амал қилмас экан, жоҳил бўлади. Қачон илмига амал қилса олим бўлади.» (Юқоридаги манбадан).
Бишр ибн Ҳорис (р.ҳ) айтадилар: «Илм амал қилган кишига чирой бўлади. Амал килмаган кишига эса у накадар зарарли-а». (Юқоридаги манбадан)
Молик ибн Динор (р.ҳ) айтадилар: «Олим илмига амал қилмас экан, худди сув силлиқ тош устида турмаганидек, унинг ҳам маърузаси қалбларда ўрнашмайди». (Софватус-софва» китобидан)
Шу ўринда мавзуга тааллуқли гўзал шеърлардан бир неча байтлар келтирамиз.

Илм сени шараф чўққисига еткарур,
Аҳли илм хурофотдан омон сақланур.
Илмни маъсиятга булғамагин, эй олим,
Илм учун ўринбосар йўқлиги маълум.

Абул-Атоҳия айтади:
Эй, насиҳат ўқувчи, нечук шубҳага тушдинг,
Ўзинг айблаган ишга охири ўзинг тушдинг?

Шоир айтади:
Эй, ўзгаларга таълим берувчи,
Ўзингга ҳам бу таълимни бер-чи.
Нафсингни тия олсанг, унга ҳокимсан,
Ўзингни залолатдан қайтариб кўр-чи.

Шунда гапинг олинур, илмингга ҳам
Эргашилур, фойда берур таълим ҳам.
Даво йўлин хасталарга кўрсатасан,
Ваҳоланки хастасан-ку, ўзинг ҳам!

Қайтармагин бир хулкни қилиб туриб мислини
Ордир сенга жуда катта қилиб турсанг ўзини.
қилғилиқни қилиб туриб, ундан қайтарсанг,
Ўта кетган уят иш бу, агар сен билсанг.

Имом Нажмиддин Насафий талабага васият қилиб шундай дейди:

Буйруқ ва қайтариқлар риоясин қил,
Намозга бардавом бўл, ҳимоясин қил.

Шариат илмини изла, ижтиҳод қил,
Олим бўлай десанг, пок ризқни ҳосил қил.

Илоҳингдан сўра, зеҳнинг бутун сақласин,
Бўшашмагин, умидингни Аллоҳ оқласин.

Шу ерда суҳбатимизни Имом Ғаззолийнинг талабага қилган васиятлари билан тугатсак.
Шундай дедилар: «Агар юз йил илм ўқиб, мингта китоб жамласанг ҳам илминга амал қилмас экансан, Аллоҳнинг раҳматига мушарраф бўла олмайсан. Аллоҳ таоло айтади: «Инсон учун фақат ўзи қилган ҳаракатигина бўлур. (яъни, ўзгаларнинг қилган яхши амалларидан унга бирор фойда етмас)» (Ван-нажм: 39).
«Бас, ким Парвардигорига рўбарў бўлишдан умидвор бўлса, у ҳолда яхши амал қилсин.» (Каҳф: 110) («Аййуҳал-валад» китобидан)
Ғаззолийнинг илмга амал қилиш ҳақидаги васиятларидан яна бири: «Билгинки, илминг бугун сени маъсиятлардан қайтариб, тоатга ундамаётган экан,эртага сени жаҳаннам азобидан тўса олмайди. Агар бугун амал қилмасанг, ўтган кунларингни ўрнини тўлдирмасанг, эртага Қиёмат куни «Бизни дунё ҳаётига қайтаринг, яхши амаллар қиламиз», деб айтишинг тайин».

Учинчи – тавозуъ (камтарлик)

Тавозуъ мўминларнинг умумий, талабанинг эса хос сифатларидандир. Аллоҳ таоло Росулуллох соллаллоху алайхи васалламни тавозуъли, камтар ва мулойим бўлишга буюрди.
«Ўзингизга эргашган мўминлар учун қанотингизни паст тутинг (яъни, уларга ҳуш хулқ билан камтарона муомалада бўлинг)» (Шуаро:215)
Шунингдек, такаббурлик, бировни менсимаслик Аллоҳ ёқтирмайдиган ва қайтарган хулқлардан эканини хабар беради.
«Одамлардан (мутакаббирлик билан) юзингни ўгирмагин ва ерда кибру ҳаво билан юрмагин. Чунки Аллоҳ барча кибру ҳаволи, мақтанчоқ кимсаларни суймас.» (Луқмон:18)
Камтарликка тарғиб қилувчи, мутакаббирликни ёмонлаб, ундан қайтарувчи ҳадислар жуда кўп. Улардан баъзиларини келтирамиз.
Иёз ибн Химор (р.а) дан ривоят қилинади. Росулуллох соллаллоху алайхи васаллам бундай дедилар: «Аллоҳ менга ваҳий қилиб (деди): «Камтарин бўлинглар. Токи биров бировга фахрланмасин. Бирон киши бирон кишига зулм қилмасин»». (Муслим: 2865)
Абдуллоҳ ибн Масъуддан ривоят қилинади: Росулуллох соллаллоху алайхи васаллам дедилар: «Қалбида зарра оғирлигича кибр бўлган киши жаннатга кирмайди». (Муслим: 91)
Абу Ҳурайра (р.а) айтадилар: «Бир киши (чиройли) кийимда,ўзига оро бериб, сочи таралган холда кибр билан қадам босиб юриб борар эди. Тўсатдан Аллоҳ уни ерга юттириб юборди. Энди у Қиёмат кунигача ерга шўнғиб кетаверади.» (Муслим: 2088)
Саҳобалар ва салафи солиҳлардан ҳам талабани мутакаббирлик, мақтанчоқлик ва ўзини баланд тутишдан қайтарганлари ривоят қилинган.
Умар ибн Хаттоб (р.а) айтадилар: «Илмни ўрганинглар. Илм учун сокинлик ва ҳалимликни ўрганинглар. Сизлар таълим бераётганларга камтарин бўлинглар. Таълим олаётган кишиларга ҳам камтарин бўлинглар. Шафқатсиз олимлардан бўлманглар. Акс холда илмингиз жоҳиллигингиздан устун бўла олмайди.» («Жамиъу -баянил - илм ва фазлиҳ» китобидан)
Мужоҳид (р.ҳ) айтадилар: «Илмни уятчан одам ҳам, мутакаббир одам ҳам ўргана олмайди» («Ал-Мажмуъ» китобидан)
Фузайл ибн Иёз айтадилар: «Аллоҳ таоло камтарин олимни яхши кўради. Шафқатсиз олимни ёмон кўради. Ким Аллоҳ учун камтарин бўлса Аллоҳ унга ҳиматини беради». («Ал-фақиҳ вал-мутафаққиҳ» китобидан).
Масруқ айтадилар: «Кишининг Аллоҳдан қўрқиши илмли эканига кифоя қилади. Кишининг илми билан мақтаниши эса жоҳил эканига кифоя қилади».
Талаба энг аввало камтаринлик билан сифатланиши ҳамда ўзини баланд тутиш ва Аллоҳ берган илм билан мақтанишдан сақланиши керак. Шунингдек у ўз қадрини билсин. Модомики илм олишда давом этар экан у талаба ҳисобланади. Ҳеч қачон «олим бўлдим, етар энди», деган гумон билан илмни тўхтатмасин. Тенгдошларидан ўзини илмлироқ деб санамасин, оддий одамларни эса «Улар жоҳиллар, менинг илмимга муҳтожлар», деган даъво билан менсимай, мажлислар тўрида керилиб ўтирмасин.
Имом Абу Бакр Ожуррий олим ва шогирднинг ахлоқи ҳақида гапириб, шундай дейдилар: «Агар Аллоҳ унинг номини мўминлар орасида «Аҳли илм», деб танитса ва одамлар унинг илмига муҳтож бўлсалар, у олимга ҳам омига ҳам камтарин бўлсин. Агар илмда ўзи билан тенг бўлганларга камтарлик қилса уларнинг қалбида муҳаббат пайдо бўлиб, унга яқин бўлишга ҳаракат қиладилар. Агар уларга кўринмай қолса у билан кўришишга муштоқ бўладилар. Модомики илм олар экан уламоларга ҳам камтарлик қилиши унга вожиб бўлади. Илмда ўзидан паст бўлганларга камтарин бўлиш эса илмнинг Аллоҳ ҳузурида шарафли эканлигидандир». («Аҳлақул- улама» китобидан)
Талаба билсинки такаббурлик–бу одамларни ундан узоқ қиладиган, одамларга уни ёмон кўрсатадиган бад сифатлардандир. Аксинча камтарлик ва мулойимлик одамларни унга яқинлаштирадиган, илмидан фойдаланишга ундайдиган сифатлардандир.
Али (р.а) айтадилар: «Кимнинг сўзи мулойим бўлса, унга муҳаббат қўйиш вожиб бўлибди.» («Ал-фақиҳ вал-мутафаққиҳ» китобидан).
Одатдагидек, сўзимизни шоирнинг сўзи билан якунлаймиз. У олимни такаббурлик ва бировларни менсимасликдан огоҳлантиради. Илмнинг офати кибр ва ғазаб Молнинг офати исроф ва наҳаб (талон-тарож)
(«Жамиъу – баянил – илм» китобидан)

Тўртинчи – Уламоларни ҳурмат қилиш ва илм мажлисларида иштирок этиш

Талабанинг одобларидан бири – уламоларни ҳурмат қилиш, улар олдида камтарин бўлиш, уларга ёмонлик қилишдан ва обрўларини тўкишдан эҳтиёт бўлишдир. Зеро олимлар юксак мартаба ва олий шараф эгалари ҳисобланадилар. Аллоҳ уларнинг қадрини кўтарди, мартабаларини олий қилди. Албатта Аллоҳ Ўзи ҳаром қилган нарсаларга риоя қилишга буюрган.
«Кимки Аллоҳ ҳаром қилган нарсаларни ҳурмат (риоя) қилса, бас, бу Парвардигори наздида ўзи учун яхшидир». (Ҳаж: 30)
«Ким Аллоҳ қонунларини ҳурмат қилса, бас, албатта (бу ҳурмат) дилларнинг тақводорлиги сабабли бўлур». (Ҳаж:32)
Аллоҳ ҳурмат қилишга ва улуғлашга буюрган барча нарса Аллоҳнинг қонунларидир. Шубҳасиз, уламолар ҳам мана шу буюрилган нарсалар жумласига киради. Зеро илмнинг фазилати ва уламоларнинг мартабаси ҳақида жуда кўп оят ва ҳадислар келган. Аллоҳ таоло мўмин бандаларига Пайғамбар солллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида товушларини пасайтиришга, камтарин ва ҳокисор бўлишга буюрди. Шундай қилсаларгина улар Аллоҳнинг раҳмати ва мағфиратига лойиқ бўладилар.
Аллоҳ таоло айтади: «Эй, мўминлар, (токи қилган яхши) амалларингиз ўзларингиз сезмаган ҳолларингизда беҳуда-бефойда бўлиб қолмаслиги учун сизлар (пайғамбар билан сўзлашган пайларингизда) овозларингизни пайғамбарнинг овозидан юқори кўтарманглар ва унга бир-бирларингизга очиқ (дағал) сўз қилгандек очиқ-дағал сўз қилманглар. Албатта Аллоҳнинг пайғамбари ҳузурида овозларини паст қилган зотлар-ана ўшалар Аллоҳ дилларини тақво учун имтиҳон қилган (яъни, тақво имтиҳонидан ўтган) зотлардир. Улар учун мағфират ва улуғ ажр-мукофот бордир». (Ҳужурот: 2-3)
Албатта, Аллоҳ таоло бандаларига буюрган бу одоб уламолар ва илм мажлисларига ҳам тааллуқлидир. Чунки уламолар пайғамбарларнинг меросхўридир. Қуръон оятлари тиловат қилинадиган, ҳадислар ривоят қилинадиган, ҳалол-ҳаром ҳукмлари айтиладиган шаръий илм мажлисларини ҳурмат қилиш ва у ерда товушни пасайтириш вожибдир. Уламоларга одобсизлик ҳисобланадиган, уларга озор берадиган нарсалардан эҳитиёт бўлиш лозим. Аллоҳ таоло айтади:
«Мўмин ва мўминаларга бирон гуноҳ қилмасалар ҳам озор берадиган кимсалар бўҳтон ва очиқ гуноҳни ўз устиларига олибдилар». (Аҳзоб: 58)
Уламоларни ҳурмат қилишга ундовчи, уларга ёмонлик килишдан қайтарувчи ҳадислар жуда кўп бўлиб, уларнинг баъзиларини келтирамиз.
Абу Ҳурайрадан ривоят қилинади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: «Аллоҳ азза ва жала айтади: «Ким Менинг дўстимга озор берса, Мен унга уруш эълон қилурман»». (Бухорий: 7,190)
Хотиб Бағдодий Имом Шофеъий ва Абу Ҳанифадан ривоят қиладилар. Улар дейишди: «Агар уламолар Аллоҳнинг дўстлари бўлмаса, унда Аллоҳнинг дўсти йўқ экан». («Тибян» китоби)
Абу Мусо Ашъарий (р.а) дедилар: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Сочи оқарган мусулмонни ва Қуръонга чуқур кетмайдиган ёки ундан узоқлашиб кетмайдиган ҳофизи Қуръонни икром қилиш ҳамда адолатли султонни ҳурмат қилиш Аллоҳ таоло (бу кишиларни) улуғлашининг (аломатидандир)». (Абу Довуд: 4843)
Ибн Аббос айтдилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Кичигимизга раҳм қилмаган, каттамизни ҳурмат қилмаган, яхшиликка буюриб ёмонликдан қайтарманган киши биздан эмас»». (Термизий: 1921)
Бошқа ҳадисда шундай дедилар: «Каттамизни улуғламаган, кичигимизга раҳм қилмаган, олимимизни ҳаққини билмаган киши биздан эмас». (Аҳмад: 1258)
Қуйида уламоларни ҳурмат қилиш, илм мажлисларини икром қилиш ва у ерда одоб сақлаш ҳақида саҳобалар ҳамда салафи солиҳларнинг сўзлари ва қилган ишларидан баъзиларини келтирамиз.
Амирул-мўминийн Али ибн абу Толиб айтдилар: «Сенинг зиммангдаги олимнинг ҳақлари: одамларга умумий салом бериб, унинг ўзига алоҳида салом беришинг, унинг олдига ўтиришинг, унинг ҳузурида қўлинг ва кўзинг билан имо-ишора қилмаслигинг, унга «Фалончи сизнинг гапингизнинг аксини айтган эди», деб айтмаслигинг, унинг олдида бировни ғийбат қилмаслигинг» (Тибян китобидан)
Али (р.а) яна шундай дедилар: «Унга кўп савол бермаслигинг, жавоб беришда уни машаққатга қўймаслигинг, эриниб турганида уни мажбурламаслигинг, кетиш учун ўрнидан турса, кийимидан тортмаслигинг, унинг сирини фош қилмаслигинг, унинг ҳузурида биронтасини ғийбат қилмаслигинг, буларнинг ҳаммаси олимнинг ҳақларидир. Олим хурмо дарахтига ўхшайди. У сенга мевасидан ташлашини кутиб туришинг керак». (Ал-фақиҳ вал- мутафаққиҳ).
Марҳамат қилиб умматнинг билимдони, улуғ саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос (р,а) илм талабидаги одоби ва илмга муштоқлиги ҳақида бизга айтганларига қулоқ солайлик. У айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафот этгач, мен бир ансорий биродарга айтдим: «Келинг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан сўраб, улардан таълим олайлик. Ҳозир улар кўпчилик». У менга шундай жавоб берди: «Эй, Ибн Аббос сенинг гапингдан ажабланаётирман. Одамларни сенга муҳтожлар, деб ўйласанми? Ахир уларнинг ичида Росулуллох соллаллоху алайхи васалламнинг қандай улуғ саҳобалари бор». Шундай қилиб, у илмни тарк қилди. Мен бўлсам саҳобалардан ҳадисларни сўраб ўргана бошладим. Агар бир кишининг ҳадис билиши менга маълум бўлса, унинг уйига борардим. Агар у тушки уйқуда бўлса, эшиги олдида ридоимни ёстиқ килиб кутиб ётар эдим. Шамол эса устимга тупроқ сочарди. Саҳобий уйқусидан уйғониб олдимга чиқиб, айтарди: «Эй, Расулуллоҳнинг амакиваччаси, сизни бу ерга нима етаклаб келди? Одам юборсангиз олдингизга ўзим борардим-ку». Мен айтардим: «Мен сизнинг олдингизга келишга ҳақлиман». Сўнгра ундан ҳадисни сўрардим. Орадан анча вақт ўтгач ансорий биродарим, мендан масала сўраш учун атрофимга одамлар йиғилиб олганини кўрди ва «Бу йигит мендан ақллироқ экан»-деди. (Алжомеъ лиахлақир-ровий ва адабис-самиъ).
Шаъбий айтадилар: «Зайд ибн Собит (р.а) уловларига миниш учун бордилар ва оёқларини узангига қўйдилар. Ибн Аббос (р.а) дарҳол бориб, узангини ушладилар. Зайд: «Қўйинг, эй Расулуллоҳнинг амакиваччаси, бундай қилманг» - дедилар. Ибн Аббос: «Йўқ, биз уламолар ва улуғларга шундай муомала қиламиз» - деб жавоб бердилар». (Жомеъу баёнил-илми ва фазлиҳи).
Ҳасан ибн Али ўғлига дедилар: «Эй, ўғлим, агар уламолар билан ўтирсанг, гапиришдан кўра кўпроқ эшитишга интилгин. Чиройли жим туришни ўрганганингдек чиройли қулоқ солишни ҳам ўрган. Гарчи узун бўлса ҳам, ўзи тўхтамагунча бировнинг гапини бўлма». («Жомеъу баёнил-илми ва фазлиҳи» китобидан).
Имом Шофеъий айтадилар: «Моликнинг ҳузурида уни иззат-икром қилганимдан китоб саҳифасининг шитиллашини эшитиб қолмасин, деб секин варақлар эдим». (Тазкиратус-сомеъ).
Шубҳасиз, толиби илмдан уларнинг олдиларида ўтириши, илмларидан ўрганиши, уларнинг хузурларида одоб сақлаши ва хизматларида бўлиши талаб қилинадиган уламолардан мақсад, илмларига амал қилувчи ва Роббиларидан тақво қилувчи уламолардир
Ибн Сийрин (р.ҳ) дедилар: «Бу илм диндир, уни кимдан олаётганизга қаранглар». («Ал-жомеъ» китобидан).
Иброҳим дедилар: «Агар бир кишидан илм олиш учун борсалар, унинг юриш-туришига, намозига ва холига қараб кейин илм олардилар». («Ал-жомеъ» китобидан).
Машҳур уламолар талабанинг уламоларга нисбатан одоб сақлаши, камтар ва камсуқум бўлиши, мулойим ва ҳокисор бўлиши ҳақида батафсил гапирганлар. Уларнинг баъзиларини келтирамиз.
Имом Абу Бакр Ожуррий (р.ҳ) айтадилар: «Агар талаба уламолар билан ҳамсуҳбат бўлишни яхши кўрса, уларнинг олдиларида одоб сақлаб ўтирсин ва камтарин бўлсин. Овозини уларнинг овозларидан пастлатиб гапирсин. Сўраса, камтаринлик билан сўрасин. Аксар саволи ибодатни ўрганишга қаратилган бўлсин. Сўраган нарсасини билишга муҳтож эканлигини уларга билдирсин. Агар улардан бирор илмни ўрганса, «Сизлардан кўп яхшилик ўргандим» деб айтиб, сўнгра ташаккур билдирсин. Агар улар ғазаблансалар ҳам улардан ғазабланмасин. Балки уларни ғазаблантирган сабабни қидирсин. Сўнгра дарҳол шу нарсадан тийилиб уларга узр билдирсин. Уларни хафа қиладиган савол бермасин. Барча ишида мулойим бўлсин. «Мен сизлардан кўра билимдонроқман» қабилида улар билан мунозара қилмасин. Балки баҳслашишдан мақсади, уларга чиройли муомала қилиш билан бирга улардан фойдалниш бўлсин». (Ахлоқул-улама).
Имом Нававий айтадилар: «Талаба илмга ҳам, муаллимга ҳам камтарин бўлсин. Зеро муаллимига камтарин бўлса, илмга эришади. Биз барчага камтарин бўлишга буюрилганмиз. Устозга камтаринлик қилиш эса биринчи ўринда лозимдир. Талаба муаллимга бўйсунсин. Ишларида у билан маслаҳатлашсин. Сўнгра хаста одам билимдон, холис табиб кўрсатмаларига амал қилганидек муаллимнинг панд-насиҳатларига риоя қилсин.» («Ал-мажмуъ» китобидан).
Имом Нававий яна айтадилар: «Агар нафсига зид бўлса ҳам муаллимини рози қилиши, унинг ҳузурида бировни ғийбат қимаслиги, унинг сирини фош қилмаслиги, уни ғийбат қилишса, тўхтатиши, агар кучи етмаса шу мажлисдан туриб кетиши, унинг рухсатисиз олдига кирмаслиги, унинг ҳузурига ҳурмат-эҳтиром билан, қалбини бекорчи нарсалардан фориғ қилиб, покиза бўлиб кириши, мажлисдаги одамларнинг елкасини хатлаб олдинга ўтмасдан, бўш жой топиб ўтириши фақат муаллимнинг ўзи ёки мажлисдагилар юқорига таклиф қилсалар олдинга ўтиши шогирднинг одобларидандир. Талаба шунингдек ўзининг тенгдошлари ва мажлис иштирокчиларига ҳам одоб билан муомала қилсин. Чунки уларга нисбатан одоб сақлаши устозига нисбатан одоблилиги ва унинг мажлисини ҳурмат қилишининг белгисидир». («Ал-мажмуъ» китобидан).
Имом Нававий сўзларида давом этиб шундай дейдилар: «Агар муаллим унга қўрслик қилса ҳам, у биринчи бўлиб узр сўрасин. Айб ўзида эканини изҳор қилсин. Бу иши унга динида ҳам дунёсида ҳам фойда беради. Ҳамда муаллимнинг қалбида унга нисбатан яхши таассурот қолдиради. Ахир айтганлар-ку: «Ким таълим олиш хорлигига сабр қилмаса, умри жаҳолат сўқирлигида ўтади. Ким илм машаққатига сабр қилса, унинг оқибати дунё ва охиратда азизлик бўлади.» (Юқоридаги манбадан)
Талаба уламоларни ҳурмат қилиш ва илм мажлисларини икром қилиш каби Ислом тарғиб қилган сифатлар билан сифатланиши учун қуйидаги одобларга ҳам риоя қилиши лозим.

1- Талаба устозидан ўзи билган ҳадис ёки масалани эшитса, дарҳол устозининг сўзига қўшилмаслиги балки сукут сақлаб, қулоқ солиши лозим. Салафи солиҳлар бунинг аҳамиятли эканлигини фаҳмлашган.
Муоз ибн Саид айтадилар: «Ато ибн Абу Рабоҳ (р.а) ҳузурида эдик. Бир киши ҳадис айта бошлаганди, бошқа бир одам унинг ҳадисига аралашди. Шунда Ато айтди: «Субҳаналлоҳ! Бу қандай ахлоқ? Бу қандай ақл? Мен бир кишидан ҳадис эшитсам, унга ўзимни бу ҳадисни яхши билмайдиган қилиб кўрсатаман. Ваҳоланки ҳадисни мен ундан кўра яхшироқ биламан»». («Ал-жомеъ» китобидан).
Холид ибн Сафвон айтадилар: «Агар бир киши сиз эшитган ҳадисни айтаётган ёки сиз билган хабарни етказаётган бўлса, ёнингиздагиларга бундан хабардорлигингизни билдириб қўйиш мақсадида унинг сўзига қўшилманг. Чунки бу енгилтаклик ва одобсизлик ҳисобланади». («Ал-жомеъ» китобидан).

2- Кўп бахсдан қайтариш.
Илмда кўп бахслашиш жанжал, тортишув ва адоватга ҳамда уламоларга нисбатан ёмон гумонга бориш, уларни айблаш, ноҳақ туҳмат қилиш ва шу каби ҳаром ишларга олиб боради. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам чиройли тарзда кечмайдиган мунозарадан қайтардилар. Росулуллох соллаллоху алайхи васаллам дедилар: «Бир қавм ҳидоятдан кейин, (фойдасиз) мунозарага киришсагина адашади». (Термизий: 3250).
Салафлардан бирлари айтганлар: «Аллоҳ бир бандага яхшиликни хоҳласа, унга амал эшигини очиб, мунозара эшигини ёпиб қўяди. Агар Аллоҳ бир бандага ёмонликни ирода қилса, унга амал эшигини ёпиб, мунозара эшигини очиб қўяди». (Фазлу илмис-салаф а(ъ)лал-холаф).
Молик (р.ҳ) айтадилар: «Илмда тортишув қалбни қотиради ва камситишни олиб келади». (Юқоридаги манбадан).
Ҳасан Басрий тортишаётган қавмни эшитиб қолиб, шундай дедилар: «Анави қавм ибодатдан зерикибди, сўз уларга енгил бўлибди, тақволари камайиб, гапга берилибдилар». (Юқоридаги манбадан).
Имом Ибн Ражаб Ҳанбалий (р.ҳ) айтадилар: «Ҳозир одамларнинг кўпчилиги мана шу иллатга, яъни илмда кўп баҳсу мунозара қилишга гирифтор бўлганлар. Улар ким кўп гапириб, диний масалаларда кўп бахс-мунозара қилса, уни бошқалардан кўра олимроқ, деб ўйлайдилар. Бу ҳақиқий жоҳилликдир. Чунки илм кўп гапириш ёки кўп ҳадис ёд олиш эмас, балки у қалбга ташланадиган нур бўлиб, банда унинг ёрдамида ҳақни англайди ва ҳақ билан ноҳақ ўртасини ажратади». (Юқоридаги манбадан)
Имом Абу Бакр Ожуррий (р.ҳ) илмда тортишиш ва кўп мунозара қилишдан огоҳлантирганларидан кейин бундай дедилар: «Агарда биров: бирорта илмий масала тушунарсиз бўлиб қолса, унда нима қилиши керак?»- деб сўраса, қуйидагича жавоб берилади: «Ҳақиқатда, мақсади тушунмаган илмини ўрганиш бўлса, тақводор, илмига амал қилувчи олимнинг олдига борсин ва у билан илм талаб қилувчи киши сифатида мунозара қилсин. Шунингдек, у олимга «Мен ҳақни аниқлаш мақсадида сиз билан мунозара қиляпман» - деб айтсин. Сўнгра инсоф билан, адолатли мунозара қилсин». (Ахлаақул улама)
Имом Шофеъий айтадилар: «Агар биров билан мунозара қилган бўлсам, у тўғри йўлни топиб, ҳаққа муваффақ этилишини ҳамда Аллоҳнинг ҳифзи-ҳимоясида бўлишини хоҳладим. Агар биров билан мунозара қилган бўлсам, Аллоҳ менинг тилимдан ёки унинг тилидан ҳақни баён қилишига парво қилмадим.» (Алфақиҳ вал-мутафаққиҳ)
Имом Ибн Жавзий уламолар ва талабаларни мунозарали масалаларда шайтоннинг васваса қилишидан огоҳлантириб, дедилар: «Улардан бири ҳақиқат рақиби томонда эканини била туриб ҳам сўзидан қайтмайди ҳамда рақиби ҳақида: у қандай ҳақ бўлиб чиқадия, деб сиқилади. Кўпинча рақиби ҳақ эканини била туриб раддия беришга ҳаракат қилади. Бу энг қабих ишдир. Аслида мунозара қилишдан мақсад ҳақиқатни аниқлаш эди.» (Юзага чиқариш эди)
Имом Шофеиий ҳам айтганлар-ку: «Бир киши билан мунозара қилганимда, у ҳужжатни инкор этса, менинг наздимда обрў-эътибори қолмасди. Агар ҳужжатни қабул этса, иззат-икром қилар эдим». («Талбийсу Иблис» китобидан)

3- Чигал масалалардан узоқ бўлиш
Савол илмнинг калитидир. Лекин ўз қадрини биладиган ва уламоларни ҳурмат қиладиган талаба сўраш одобига ҳам риоя қилиши керак. У илм талабида ва ҳақни истаб савол сўраши керак. Баъзида уламоларга савол ёғдираётган шундай кишини кўрасизки унинг мақсади тўғри йўлни топиш эмас, балки уламоларни мот қилиш, оёғидан тойиш камчилигини фош қилиш ва одамлар ўртасида обрўсизлантириш бўлади.
Уламолар бундай кимсаларни тинглаб ўтириш ва уларга жавоб беришдан қайтарганлар. Чунки улар жавобга арзимайдиган аҳмоқ кимсалардир.
Имом Ғаззолий айтадилар: «Кимда-ким ҳасад қилиб ва кўролмаганидан савол берса, унга қанчалик чиройли, фасоҳатли ва аниқ жавоб берсангиз ҳам унинг кўролмаслиги, адовати ва ҳасади зиёда бўлаверади. Яхшиси унга жавоб бермаслик, ундан юз ўгириб ўз ёғига қовурилган ҳолда ташлаб қўйиш керак.
Аллоҳ таоло айдати: «Бас, (Эй, Муҳаммад алайҳис-салом) сиз бизнинг эслатмамиздан орқа ўгириб кетган ва фақат ҳаёти дунёнигина истаган кимсалардан юз ўгиринг!» (Ван-нажм: 29-оят. «Аййуҳал-валад» китобидан).
Имом Нававий айтадилар: «Мот қилиш ва қийин аҳволга солиш мақсадида савол берадиган киши жавобга лойиқ эмас.» («Ал-мажмуъ» китобидан).
Олимлар ёки талабалардан бирининг обрўсини тўкиш учун чигал масалаларни восита қилиб олиш билан шайтон тузоғига илиниб қолишдан толиби илм эҳтиёт бўлиши керак.
Шунинг учун салафи солиҳлар ҳаётда деярли содир бўлмайдиган нодир масалалар хусусида бахс юритишдан ўзларини олиб қочардилар. Сабаби жуда оддий, улар мунозара ва бахсга берилиб, тойилиб кетишдан ташвишланар эдилар.
Имом Ожуррий Хорижа ибн Зайд ибн Собитдан ривоят киладиларки, агар у кишидан биронта масала сўралса, «Бу ҳодиса рўй берганми?»-деб сўрардилар. Агар «Рўй бермади»- деб айтишса, жавоб бермас, «Ҳа»- дейишса, жавоб берардилар». («Ахлаақул-улама» китобидан)
Имом Ожуррий бошқаларнинг хатосини топиш ва мулзам қилиш учун фақат бахс-мунозарали масалалар билан машғул бўлиб қолишдан огоҳлантириб, салафи солиҳлар бир-бирларининг хатосини топишга ҳаракат қилмаганлари, балки илмда холис мунозара қилувчи, ақлли уламо бўлганлари, шунинг учун Аллоҳ уларнинг илмини манфаатли қилганини баён қилганлар. (юқоридаги манбадан).

4- Уламоларни камситишдан узоқ бўлиш.
Баъзи талабалар Иблиснинг ҳийласига алданиб, биродарларидан ёки уламолардан бирининг фикри унинг фикрига зид бўлгани учун ғийбат қилади, ёмонлайди. Гоҳо бу холат ихтилоф қилиш ўринли бўлган ижтиҳодий масалаларда ҳам рўй беради.
Сўнгра ўзини унга меҳрибон кўрсатиб «Бечора фалочи фитнага тушиб қолди ёки фалон масалада хато қилди» - деб сохта дуо қилади. Бундай бадбахтликдан Аллоҳ бизни асрасин. («Талбийсу Иблис» китобидан).
Шунинг учун талаба ихтилоф одобини ўрганиши лозим. У биродарларини яхши кўришга ва илмий ихтилоф сабабли биродарининг обрўсини тўкмасликка ўзини ўргатиши керак. Шунингдек, бошқалар фикрини ҳурмат қилиш, муҳаббат ва дўстликни йўқотмаган холда, илмий йўл билан мунозара қилиш талабанинг доимий йўли бўлиши, ундан бир лаҳза ҳам ажралмаслиги лозим.
Афсуски, фикрдаги қарама-қаршилик кўпинча шахсий адоватга, мунозарада одобсизлик қилишга, мусулмонларнинг, айникса уламоларнинг обрўсини тўкишга, хато ва камчиликларини топиб, фош қилишга олиб боради.
(«Адабул-хилааф» китобидан).
Имом Нававий Ҳофиз ибн Асокирдан қуйидагиларни нақл қилдилар: «Эй биродар, Аллоҳ бизни ва сизни ўз розилигига муваффақ этсин ҳамда Ўзидан чинакам қўрқадиган, ҳақиқий тақво эгаларидан қилсин. Билингки уламоларнинг гўшти заҳарлидир. Уларни камситувчиларни шарманда қилишдаги Аллоҳнинг одати маълумдир. Ким уламоларни айблаш ва камситишда тилига эрк берса, Аллоҳ таоло уни ўлимидан олдин қалбини ўлдириш билан балога гирифтор қилади.
«(Пайғамбарнинг) амрига хилоф иш қиладиган кимсалар ўзларга бирон фитна- кулфат етиб қолишидан ёки аламли азоб етиб қолишидан ҳазир бўлсинлар.» (Нур: 63) («Тибян» китобидан).

Бешинчиси – Илм олиш йўлида сабр қилиш

Сабр- Ислом буюрган фазилатли ахлоқлардандир. Сабр уч хил бўлади:
Аллоҳга ибодат қилишдаги машаққатларга сабр қилиш;
Аллоҳга осийлик бўладиган ишлардан тийилишда сабр қилиш;
Дунё мусибатларига сабр қилиш.
Инсон мақсадига етиши учун сабрнинг мазкур турлари зарурдир. Зеро дунёдаги муваффақият ва охиратдаги нажот фақатгина сабр билан қўлга киритилади. Деҳқон сабр билан экинни парвариш қилмаса хосилини йиғиб-териб ололмаганидек, талаба ҳам дарс машаққатларига сабр қилмаса илмни эгаллай олмайди. Олий мақсадларга фақатгина, оғир машаққатларни босиб ўтиш ва аламли ғам-ғуссаларни бошдан кечириш билан эришилади.
Аллоҳ таоло Қуръони Каримнинг жуда кўп оятларида Росулуллох соллаллоху алайхи васалламни сабрга буюрди.
«( Эй, Муҳаммад алайҳис-салом машаққат ва озорларга) сабр қилинг! Зотан, Аллоҳ чиройли амал қилувчиларнинг ажр-мукофотларини зое этмас.» (Ҳуд: 115).
«(Эй, Муҳаммад алайҳис-салом бу даъват йўлида сизга етган озор-азиятларга) сабр-тоқат қилинг. Ёлғиз Аллоҳ ёрдами билангина сабр қилишга қодир бўлурсиз. Уларнинг (яъни, мушрикларнинг динга кирмаганликлари) устида маҳзун бўлманг. Уларнинг макру ҳийлаларидан сиқилманг ҳам! Зотан Аллоҳ тақводор бўлган ва чиройли амал қилувчи зотлар билан биргадир.» (Наҳл: 127-128).
«Парвардигорларининг Юзини кўзлаб (мехнат-машаққатларга) сабр тоқат қилиб намозларини тўкис адо этган ва биз ризқ қилиб берган нарсалардан махфий ва ошкора инфоқ – эҳсон қилган ҳамда ёмонликни яхшилик билан қайтарадиган зотлар-ана ўшалар учун охират диёри бордир.» (Раъд: 22).
Аллоҳ субҳанаҳу буюрган сабр турларидан бири Аллоҳга тоат-ибодат қилишда сабр қилишдир. Аллоҳ субҳанаҳу деди:
«У осмонлар, ер ва уларнинг орасидаги бор нарсаларнинг Хожасидир. Бас, сиз унга ибодат қилинг ва бу ибодатда сабр-тоқатли бўлинг! Унинг учун бирон «Тенг» ни билурмисиз?! (Йўқ! Билмассиз!)» (Марям: 65)
Араб грамматикасида қатъий буйруқни ифодаловчи шакл бўлиб, оятда ана шу шакл келган «...бу ибодатда сабр-тоқатли бўлинг», яъни ўта сабрли бўлинг. Чунки тоат йўли нафснинг ичидан ҳам ташқарисидан ҳам тўсиқлар билан ўралган.
Банда Аллоҳга ибодат қилиш борасида тоат-ибодатдан олдин ниятни тўғирлаш ва ибодатдан чалғитувчи нарсалардан юз ўгиришда сабрга мухтож бўлади. Шунингдек ибодат вақтида Аллоҳ унинг амалини кузатиб турганини ҳис қилиши ва ибодатини гўзал суратда адо этиши учун ҳам сабрга муҳтож бўлади. Ибодатни адо этгач, риё ва сумъа билан уни бекор қилиб юбормаслик учун ҳам сабр қилишга муҳтож бўлади.
Шубҳасиз, сабрга муҳтож бўладиган ибодатларнинг энг муҳими: Аллоҳнинг розилигини истаб ўрганиладиган илмдир. Хусусан, нафс роҳат ва дангасаликка жуда моилдир. Илм олиш эса оғир меҳнатга, машаққат чекишга, кечалари бедор бўлишга ва дунё неъматларининг кўпидан воз кечишга, шунингдек илм ўрганиш ва уламолар билан учрашиш учун сафар қилишига ҳамда доимий музокара, ёд олиш ва такрорлашга муҳтождир.
Ҳофиз ибн Абдул Бар Яҳё ибн Абу Касирдан ривоят қиладилар. У киши айтдилар: «Отамнинг шундай деганларини эшитдим: «Илмга бадан роҳати билан эришилмайди», бошқа ривоятда: «Илм жисм роҳати билан қўлга киритилмайди.»- дейилган.
Талаба қийинчиликларга бардошли бўлишга, кундузги машаққатлар ва тунги бедорликларни бошидан кечиришга, илм йўлида сафар оғирликларига чидамли бўлишга нафсини тайёрлаши керак. Уламолар Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг битта ҳадисларни ўрганиш учун узоқ сафарларга чиқардилар.
Ҳофиз ибн Абдул Бар ривоят қиладилар. Жобир ибн Абдуллоҳга (р.а) Абдуллоҳ ибн Унайс Ансорийда (р.а) Жобир билмайдиган ҳадис борлиги ҳабари келди. Шунда Жобир (р.а) йўлга отландилар ва Абдуллоҳдан (р.а) ушбу ҳадисни тинглаш учун бир ойлик масофа йўл босиб Шом вилоятига етиб келдилар. (юқоридаги манбадан)
Ибн Аббос (р.а) дедилар: «Бизга Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг саҳобаларидан бирида ҳадис борлиги хабари келарди. Агар хоҳласам унга одам жўнатишим ва у менинг олдимга келиб ҳадис айтиб бериши мумкин эди. Лекин мен ўзим унинг олдига борардим. Токи у менинг олдимга чиқиб ҳадис айтиб бермагунича эшиги олдида кутиб турардим.» (юқоридаги манбадан).
Яҳё ибн Саид айтдилар: «Бир ҳадис талабида бир неча кунлар ва тунларни юриб ўтказишга тайёр эдим.» (юқоридаги манбадан)
Шаъбий дедилар: «Агар бир киши Шомнинг узоқ ўлкасидан, Яманнинг узоқ ўлкасига бир ҳикматли гапни этишиш учун сафар қилса, уни «бекорга сафар қилибди»- деб ўйламайман.» (юқоридаги манбадан).
Шубҳасиз, илм орзу қилинадиган юксак мақом ва Аллоҳнинг бахтли бандалари унга интиладиган шарафли ғоядир. Ким илм талабида сабр қилса мақсадига етади. Аллоҳ унга ишини енгил, тўсиқларни босиб ўтишни осон қилиб қўяди. Айниқса ёлгиз Аллоҳдан мадад сўраса ҳамда илмнинг фазилати ва уламоларнинг мартабалари ҳақидаги далилларни қалбидан ўтказса, малоикалар унинг қилаётган бу ишидан рози бўлиб қанотларини пасайтириб туришлари ҳамда бу илм пайғамбарларнинг қолдирган мероси, тақводорларнинг озуқаси, муваффақият ва нажот йўли эканлигини доим ёд этиб турса, буларнинг барчаси толиби илмни зиёда сабрга ва илм ўрганиш учун жидди-жаҳд қилишга ундайди.
Хатиб Бағдодий Жунайддан ривоят киладилар. У зот: « Бир киши бирон нарсани жидду-жаҳд ва содиқлик билан талаб қилса, албатта уни қўлга киритади. Гарчи ҳаммасига эришмаса ҳам бир қисмини қўлга киритади» - деб айтдилар.
(Ал-жомеъ ли ахлоқир ровий ва адабис-саамиъ)
Хатиб Бағдодий Фазл ибн Саид ибн Салимнинг қуйидаги сўзини ҳам ривоят қилганлар: «Бир киши илм таҳсилига киришди-ю, уни эгаллай олмади. Сўнг илм олишдан воз кечмоқчи бўлди. Тасодифан тоғ тепасидан катта тош устига оқиб тушаётган сув олдидан ўтиб қолди. Сув тошда ўз изини қолдирган эди. У бундан таъсирланиб ўзига: «Сув шундай майин бўла туриб мустаҳкам, баҳайбат тошда из қолдирибди. Аллоҳга қасамки, илм таҳсил қилганим бўлсин» -деди ва илм таҳсилига киришиб уни қўлга киритди» (юқоридаги манбадан)
Имом Шофеъий айтадилар: «»

Машаққатлар миқдорича юксакликка чиқилар
Олийлик талаб қилган, тунларни бедор ўткизар.
Гар олийликни талаб қилса машаққатсиз
Зое қилур умрини маҳол талабида.
( Шофеъий девонидан)

Абдуллоҳ ибн Муборак (р.ҳ) айтади:
Эй, толиби илм, тақвога шошгин,
Кам ухлагин-у, тўйишдан қочгин.
( Жамеъ баянил илм)

Шоир айтади:
Кўнглингга ёқмаса жазирама ёз,
Кузнинг салқинию, қишдаги аёз.
Ром этса сени баҳор ҳавоси,
Қачон илм оласан, ўйлагин бироз?!
(Мин бадаиъил-ҳиком)

Талаба илм таҳсил қилиш вақтида оладиган лаззат ва роҳат уни сабрга ундайдиган кучли сабаблардандир.
Имом Мовардий айтадилар: «Илм ҳар бир лаззатнинг ўрнини босувчи, ҳар қандай шаҳватдан беҳожат қилувчидир. Ким илм билан ёлғиз қолса, кимсасизликдан зерикмайди. Ким китоблардан тасалли топса, овунчоқсиз қолмайди. Илм каби ҳамсуҳбат, ҳалимлик каби ёрдамчи йўқдир.» («Адабуд дуня вад дин» китобидан).
Бундай роҳат талабага етаётган машаққатларни унуттиради ва бажараётган оғир меҳнатини енгиллатади. Чунки у илм дунёсига кириш билан ям-яшил майсазорни кўради, у ерда яйрайди, роҳатланади, натижада у илм учун бағишлаган кунларида бошқа биронта нарсада топилмаган лаззат ва роҳатни топади.
Шундай қилиб илм олишга бўлган рағбати кучаяди. Илм талабанинг наздида шундай бир нарсага айланадики ундан бир лаҳза ҳам ажралишга сабр қилолмайди, унинг ўрнига бошқа нарса бўлишига кўзи қиймайди ва ундан ҳечам тўймайди. Шунинг учун Анас ибн Молик (р.ҳ) ривоят қилган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: «Икки очкўз ҳечам тўймайди. (бири) Илмнинг талабгори, (иккинчиси) молнинг талабгори». (Ҳоким ривоят қилди)
Яъни бу икки тоифа ўзи истаган нарсани қанчалк қўлга киритса ҳам тўймайди. Балки истагани кўпайгани сари қизиқиши ва ҳарислиги қаттиқ бўлгани сабабли яна кўпроқ қўлга киритиш пайига тушади. Лекин бу икки тоифа тенг эмас.
Шоирнинг қуйидаги гапи нақадар чиройли:

Илм косасин сипқордим бирма-бир
На шароб тугади ва на мен қондим
(«Аддийнул холис»дан)

Талаба Имом Шофеъийнинг (р.ҳ) қуйидаги байтларини ўзига шиор қилиб олиши лозим:

Таълим аччиғин бир соат тотмаган
Жоҳилият хорлигин бир умр тортур
Йигитлик, Аллоҳга қасамки, илм, тақво билан.
Йигитлик эътиборсиздир гар иккиси йўқ бўлса.

Муаллиф: доктор Анас Аҳмад Корзун.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri