Илмсиз кишининг илмий гапларга аралашиши ва ноўрин саволлар бериши Принтер учун
28.12.2007 й.

Ҳар ким ўзини кўрсаткиси келади. Илмсиз киши ҳам ўзини илмли қилиб кўрсатиш ила ҳузурланади. Диний илмга оид гапларни гапириб турганда шайтон унинг хаёлига олим ва фозил бўлиб, қолгани ҳақидаги даъвони солади. Шу тарзда шайтоннинг изидан бориб, куфр гапларни гапириб юборганини ўзи ҳам билмай қолади.

Қийин ва ўзининг даражасидан юқори масалаларни сўраш ҳам офат ҳисобланади.
Имом Термизий Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Одамлардан қодир бўлганларига Аллоҳ учун Байтуллоҳни ҳаж қилиш фарз-дир», ояти нозил бўлганда, одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, ҳар йилими?» деб сўрашди.
У зот индамадилар. Улар яна: «Ҳар йилими?» дейишди.
У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Йўқ. Агар «ҳа» десам, фарз бўлиб қоларди», дедилар. Шунда Аллоҳ таоло қуйидаги оятни нозил қилди:
«Эй иймон келтирганлар! Ҳар хил нарсаларни сўрайверманглар. Агар зоҳир бўлса, сизга ёмон бўлади. Агар Қуръон нозил қилиниб турган чоғда сўрасангиз, сизга зоҳир бўлади. Ҳолбуки, Аллоҳ уларни авф қилган эди. Аллоҳ мағфиратли ва ҳалим зотдир» («Моида» сураси, 101-оят).
Бу ояти кариманинг сабаб нузули ҳақида кўплаб ривоятлар бор. Улардан бирини юқорида зикр қилдик.
Аслида, бу оят ўша пайтда кенг ёйилган бир одатни муолажа этиш учун нозил қилингандир.
Эндигина жоҳилият замонидан чиқа бошлаган одамларнинг табиати ҳам ҳар хил бўлган. Улар орасида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳига васаллам бўлар-бўлмас саволлар билан мурожаат қилувчилари ҳам мавжуд экан.
Баъзилари ўзини кўрсатиш учун, баъзилари фитна қўзиш учун ва яна бошқалари фаросати етмаганидан ҳам савол бераверар экан. Ўша пайтдаги воқеъликни тасвирловчи ривоятларда бу ҳол яққол кўзга ташланиб туради.
Имом ибн Жарир Табарий Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда қуйидагилар зикр қилинади: «Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабланиб, юзлари қизариб, минбарга чиқиб ўтирдилар.
Шунда бир одам туриб қаршиларига борди-да: «Менинг жойим қаерда?» деб сўради.
«Дўзахда!» дедилар.
Бошқа бири туриб: «Менинг отам ким?» деди.
«Отанг Ҳузайфа!» дедилар.
Шунда Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу ўринидан туриб: «Аллоҳни Робб деб, Исломни дин, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Пайғамбар ва Қуръонни имом, деб рози бўлдик. Эй Аллоҳнинг Расули, албатта, биз жоҳилиятдан ва ширк-дан яқиндагина чиққан одамлармиз. Оталаримизнинг кимлигини Аллоҳнинг Ўзи билади», деди.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ғазабдан тушдилар. Кейин «Эй иймон келтирганлар, ҳар хил нарсаларни сўрайверманглар», ояти нозил бўлди».
Бундан бошқа ривоятлар ҳам бор. Аммо мазкурлари кифоя қилар ,деган фикрдамиз.
Бу оятни ўрганар эканмиз, Қуръони карим ақида, шариат масалаларини баён қилиш билан бирга, мусулмонларнинг кундалик ҳаётларига аралашиб, уларнинг қўлидан етаклаб, тарбиялаб ҳам боргани, ҳатто савол бериш одобигача ўргатгани маълум бўлади.
Аслида, сўраб ўрганиш, маърифат ҳосил қилиш яхши нарса. Аммо ҳамма нарсанинг меъёри ва чегараси бўлганидек, саволнинг ҳам чегараси ва услуби бор.
Ислом воқеълик дини бўлганидан маърифат учун бериладиган саволлар ҳам воқеъликдан келиб келиб чиқиши, кишиларга манфаат жалб этиши лозим. Инсоннинг илмини оширмайдиган, маърифатига хизмат қилмайдиган, воқеъликда бўлмайдиган икир-чикирларни сўрайверишдан кимга фойда бор?
Айниқса, Қуръон нозил бўлиб турган пайтда. Чунки шариатнинг янгидан-янги ҳукмлари жорий этилиб турган пайтда ҳар хил саволлар берилаверса, қўшимча ҳукмлар тушиб, кўпчиликка жабр бўлиб қолиш эҳтимоли бордир.
«Ҳаж ҳар йили фарзми?» деб қайта-қайта сўраган одамга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Агар «ҳа», десам, фарз бўлиб қоларди», деб жавоб қилганларидан ҳам шу маъно чиқади.
Ўша бир кишининг саволи сабаб бўлиб, ҳаж ибодати ҳар йили фарз бўлиб қолганда, мусулмонларга қанчалик қийин бўлишини тасаввур ҳам қилиб бўлмайди.
Бўлар-бўлмас нарсаларни сўрайвериш ҳар хил қийинчилик ва ноқулайликларга сабаб бўлиши мумкинлигидан ҳам уни ман қилинмоқда.
Бошқа ривоятларда зикр қилинишича, юқоридаги ривоятда:
«Отам ким?» деб сўраган одам Абдуллоҳ ибн Ҳузайфа розияллоҳу анҳу бўлган. У киши қадимдан мусулмон эди. Ҳабашистонга ҳижрат қилган, Бадр ғазотида қатнашган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг элчилари сифатида у зотнинг мактубларини Форс подшоҳи Кисрога олиб борган эътиборли шахс эди.
Аммо у киши дабдурустдан «Отам ким?» деб ноқулай савол берди. Саволининг ноқулайлигини, айниқса, онасидан дакки эшитганида, яна ҳам яхшироқ ҳис этди.
Онаси у кишига: «Сендан кўра оқроқ болани кўрмадим. Онанг жоҳилият аёллари қилган ишларни қилиб қўйган бўлганида, уни одамлар орасида шарманда қилган бўлар эдинг!» деган экан.
Шунда Абдуллоҳ ибн Ҳузайфа: «Аллоҳга қасамки, Расулуллоҳ мени бир қора қул насабидансан, деганларида, шундай бўлар эди», деди.
Яъни, Абдуллоҳнинг отаси Ҳузайфа экани маълум ва машҳур бўлишига қарамай, худди онам хиёнат қилиб биров билан зино қилмаганмикан, дегандек шубҳага бориб савол берган.
Шунга ўхшаш ноқулайликлардан мусулмонларни сақлаш мақсадида уларга хитоб қилиниб:
«Эй иймон келтирганлар! Ҳар хил нарсаларни сўрайверманглар. Агар зоҳир бўлса, сизга ёмон бўлади», дейилмоқда.
Яъни, сизга керакли қисми айтиб қўйилган, сўраган нарсангиз юзага чиқса, ўзингизга ёмон бўлади. Тоқатингиздан ташқари таклиф бўлиши ёки бошқа бир оғирроқ ҳукм келиши мумкин.
Имом Бухорийнинг «Саҳиҳ»ларида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта, Аллоҳ таоло сизларга фарзларни буюрди, уларни зое қилманг; чегаралар қўйди, ундан тажовуз қилманг; бир қанча нарсаларни ҳаром қилди, уларни паймол қилманг; сизларга раҳм этиб, эсидан чиқиб эмас, бир қанча нарсаларни зикр қилмади, улар ҳақида сўраманг», дейдилар.
Имом Муслим Омир ибн Саъддан, у эса, ўз отасидан қилган ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мусулмонларга ҳаром қилинмаган бир нарса ҳақида сўрсаю, унинг саволи сабабидан ўша нарса мусулмонларга ҳаром қилинса, ўша одам мусулмонлар ҳақида энг катта гуноҳ қилган бўлади», дейдилар.
Бу ҳоллар Қуръони карим тушиб турган пайтда айниқса хавфли бўлиб, ҳар бир лаҳзада янги оят тушиб, қўшимча савол туфайли мусулмонларга таклиф кучайиши эҳтимоли бўлади.
Аввалги авлод мусулмонлари бу ҳақиқатни яхши тушуниб етганларидан, ўзларини эҳтиёт қилишар эди.
Имом Доримий ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан қилган ривоятда шундай дейилади: «Расулуллоҳнинг саҳобаларидан кўра яхшироқ қавмни кўрмадим. Улар У зот вафот этгунларига қадар ўн учта савол сўрашган, холос.
Бу саволларнинг ҳаммаси Қуръонда зикр қилинган.
«Сендан ҳаром ой ҳақида сўрайдилар»; «Сендан ҳайз ҳақида сўрайдилар», каби.
Улар фақат ўзларига манфаатли нарсаларнигина сўрашар эди».
Имом Молик эса: «Мен бу юртнинг (яъни, Мадинаи Мунавваранинг) китоб ва суннатдан бошқа нарсага амал қилмаслигини кўрдим. Агар бир янги масала пайдо бўлса, амир уламоларни тўпларди. Уламолар нимага иттифоқ қилсалар, амалга оширардилар. Сизлар бўлса, саволларни кўпайтираверасизлар, Расулуллоҳ бу ишни хуш кўрмаганлар», деган экан.
Ҳа, афсуски, бир замонлар келиб мусулмонлар Исломнинг бошқа таълимотлари қатори бу таълимотини ҳам унутиб, бўлар-бўлмас масалаларни хаёлан тўқиб чиқаришга, уни ҳал қилишга ортиқча вақт, ақл-заковат ва куч-қувват сарфлашга ўтиб кетдилар. Бу ҳақда кўп гаплар бўлиб ўтган.
Аммо ҳаммаси бефойда нарсалар экани одамни афсуслантиради. Баъзи фиқҳ китобларида шу қабилдаги масалани ўқисанг, ҳайрон қоласан. Мисол учун, қуйидагича савол берилади: «Ҳомиладор аёлни тўлғоқ тутиб, боланинг боши чиққанда намоз вақти кириб қолса, қандай қилиб намоз ўқийди?» Жавоб тайёр: «Боланинг бошидан каттароқ қилиб ердан чуқур ковлайди. Саждага борганда, ўтирганда, боланинг боши ўша чу-қурда тушиб туради, ҳеч қаерга тегмайди. Зарар тортмайди». Лекин «Воқеъликда шу иш бўлиши мумкинми?», деган фикр хаёлга келмаган.
Бунга ўхшаш саволлар ва уларга жавоб ахтаришлар, жавоб бир хил бўлмай қолса, орада жанжал чиқаришлар керагидан ортиқ кўрилган.
Бундай ҳол фақат фиқҳда эмас, илми калом, фалсафа ва бошқа соҳаларда ҳам авж олган. Оқибат ҳаммага маълум. Аслида, бу ишлар Ислом руҳига тўғри келмайди.
Воқеъликда бўлмаган нарсани савол қилиб сўраш аввалги мусулмонлар одатида йўқ эди.
Имом Доримий ўзларининг «Сунан» китобларида ривоят қилишларича, Ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бўлмаган нарсани сўраган одамни лаънатлар экан.
Зуҳрий розияллоҳу анҳудан қилинган ривоятга қараганда, улуғ саҳобалардан Зайд ибн Собит ал-Ансорий розияллоҳу анҳу бирор иш ҳақида масала сўралса, «Бу содир бўлдими?» деб сўрар экан.
Агар: «Ҳа, содир бўлди”, дейилса, у иш ҳақида билганларини айтар экан.
Агар, ҳали содир бўлгани йўқ, дейилса: «Содир бўлгунча қўйиб туринглар», дер экан.
Ушбу оятнинг нозил бўлишига бир қанча сабаблар бўлиб, уларнинг ҳар бирида етарлича ваъз-насиҳатлар борлигини аввалда кўрдик.
Шунга ҳам қарамасдан, Аллоҳ таоло кўп беўрин савол яхшиликка олиб бормаслигини ўтганларнинг мисолида ҳам ўрнак қилиб кўрсатишни ирода қилди ва қуйидаги оятни туширди:
«Сиздан олдин ҳам бир қавм уларни сўраган, сўнгра эса, уларга кофир бўлган эди» (“Моида” сураси, 102-оят).
Бунга энг ёрқин мисол Бани Исроилдир. “Бақара” сураси тафсирида уларнинг қурбонликка амр этилган сигирнинг сифатлари ҳақида бирин-кетин ноўрин саволлар бериб, ўзларига ўзлари қийин қилиб олганлари, кейин кофир бўлганлари ҳақида батафсил сўз юритилади. Бунга ўхшаш ҳоллар яна келади.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга айтмай тинч қўйсам, мени ҳам тинч қўйинглар. Шубҳасиз, сизлардан олдингиларни ҳалок қилган нарса – саволларнинг кўплиги ва пайғамбарларига хилофлари бўлган», деганлар.
Беҳуда саволларни беравермаслик ҳақида бир қанча ҳадиси шарифлар ҳам бор.
Абу Ҳурарйа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан четда бўлинглар. Сизларга нимани амр қилган бўлсам, ундан қудратингиз етганини қилинг.
Албатта, сизлардан олдингиларни саволларининг кўплиги ва пайғамбарларига хилоф қилишлари ҳалок қилган», дедилар». Муслим ривоят қилган.
Муғийра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, Аллоҳга сизларга оналарга оқ бўлишни, қизларни тирик кўмишни, (ҳуқуқларни) ман қилишни, бер-бер, дейишни ҳаром қилди. Ва яна сизларга қийлу қолни, кўп саволни ва молни зое қилишни ёмон кўрди», дедилар». Икки Шайх ривоят қилган.
Анас Ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Аллоҳ азза ва жала: «Албатта, умматнинг «Бу нима, бу нима?» дейишида давом эта бориб, ҳаттоки Аллоҳ халойиқни халқ қилди. Бас, Аллоҳни ким халқ қилди?» ҳам дейдилар», дейди». Икки Шайх ривоят қилган.
Олим бўлмаган кишиларнинг илмнинг нозик тарафларидан сўрашлари ва сўз юритишлари катта офатдир. Айниқса, эътиқод масалаларининг нозик жойларидан сўз юритиш улар учун кони зарар бўлиб, заррача фойдаси йўқдир.
Бизнинг замонимиздаги энг катта офатлардан бири шу иш бўлиб қолди. Ўзи бирор соат низомли таълим олмаган кишилар мусулмонларнинг тўртдан учини кофирга чиқариб, фатво беришга журъат этмоқдалар, турли ихтилофларни урчитмоқдалар. Уларнинг шундан бошқа ишлари ҳам, ташвишлари ҳам йўқ.
Кези келганда, мисол тариқасида ибрат учун бир ачинарли ҳодисани эслаб ўтмай иложи йўқ. Олимлардан бири билан кимлиги номаълум шахс бир масалада тортишиб қолибди. Ҳалиги киши ўзининг гапини тўғри, олимнинг гапини нотўғри деб туриб олибди. Охири ўзининг гапи китобда борлигини даъво қилибди. Бориб китобини олиб ҳам келибди. Ўша гап ёзилган жойини қўли билан кўрсатибди.
Олим китобни ўқиб қараса, ҳалиги одам айтган гапнинг кетидан бу гап нотўғри, тўғриси қуйидагича деб олимнинг айтгани ёзилган экан.
Олим киши: «Мана, пастдаги сатрга қаранг, менинг гапим тўғри экан-ку!» деса, ҳалиги шахс: «мен ўқишни билмайман», дер эмиш.
Билмаган нарсасини гапиришнинг ўзи залолат, адашув, улкан гуноҳ. Шариат ҳукмини билмасдан туриб, бошқа бир кишига нотўғри нарсани «шу шариат ҳукми», деб айтиш эса, умуман тенги йўқ залолатдир. Чунки, шариатдан бошқа ишларда билмасдан гапириб йўл қўйилган хато туфайли бу дунёнинг баъзи бир ишларига зарар етиши мумкин.
Аммо шариат бўйича жоҳиллик билан гапиришда эса ҳам бу дунё, ҳам охират куяди. Чунки, шариат масаласи ҳалол-ҳаром, савоб-гуноҳ, жаннат-дўзах орасида айланадиган масаладир. Бу ишда билмасдан фатво бериш фатво берувчининг ўзини залолатга кетказади.
Шу билан бирга ўша илмсиз равишда фатво берган одам ўзгаларни ҳам залолатга кетказади. Унинг хато фатвоси ҳаммаёқни бузади. Одамлар, фалончи айтди, деб унинг гапини бир-бирларига етказадилар, ўзаро тарқатадилар. Натижада залолат кенг тарқайди.
Бирор нарса сўралганда «бу масалани мен билмайман», дейиш билмасдан, тахмин билан жавоб беришдан кўра миллион марта афзалдир. Шаръий масалаларда фатво бериш, турли саволларга жавоб қайтариш учун диний мансаб, бир оз нарсани билиш ёки чиройли салла-чопон восита бўла олмайди.
Бундай мақомга етиш учун махсус илмларни ўқиган, ўша илмнинг устозларидан ижозат олган киши бўлиши керак. Шу билан бирга ўша ўқиб, ижозат олган киши тақво, ростгўйлик, илмига амал қилиш каби маълум шахсий сифатларга ҳам эга бўлиши лозим.
Мусулмонлар ана шундай кишиларни олим сифатида ҳурмат қилиб, эъзозлашлари, улардан фатво сўраб, турли ишларда иршодлар олишлари керак.
Беш-олти сурани чала ёд олиб, икки-учта ҳадиснинг маъносини бировдан ўрганиб олган, ўзини аллома қилиб кўрсатишга уринаётганлардан эҳтиёт бўлиш керак.
Шунингдек, араб тилини билиш ёки баъзи араб юртларига бориб келиш ҳам кишига шаръий масалада фатво айтиш ҳуқуқини бермайди. Инсоннинг араб бўлиши, арабча кийиниши, муқаддас жойларда истиқомат қилиш олим бўлиши дегани эмас. Мазкур васфга эга бўлганлар ичида дунёнинг энг жоҳил одами унвонига даъвогарлар ҳам кўп.
Шунингдек, кимнинг китобини ва қайси йўналишдаги китобни ўқишни ажрата билишда ҳам гап кўп. Қўлга тушган ҳар бир китобни «ҳақиқат шунда экан», деб ўқиб кетавериш ҳам яхшиликка олиб бормайди.
Бу масалада ҳам ҳушёр бўлиш керак. Чунки Ислом уламолари мусулмонлар орасини бузиш, динга зарба бериш мақсадида мусулмонларнинг диёрларида кўплаб зарарли, ишончсиз, бетайин китобларни ҳам тарқатишга уринмоқдалар.
Шариат илмларидан тўлиқ хабардор бўлмаган киши бошлиқлик ўрнига интилмаслиги ва билмасдан фатво бермаслиги лозим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимга илмсиз равишда фатво берилса, бунинг гуноҳи унга фатво берган кимсага бўлади. Кимки ўз биродарига тўғрилик бош қа тарафда эканини билиб туриб бошқа бир ишни кўрсатса, батаҳқиқ унга хиёнат қилган бўлади», деганлар». Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу ҳадиси шарифларида икки муҳим масалани баён қилмоқдалар.
Биринчиси – илмсиз кишининг фатво бериши мумкин эмаслиги.
Иккинчиси – билиб туриб бировга нотўғри йўл кўрсатиш хиёнат эканлиги.
Бир мусулмон одам қилмоқчи бўлган ишини Аллоҳнинг амрига мувофиқ бўлишини, Ислом шариатига мос бўлишини хоҳлади, дейлик. Аммо уни қандоқ қилса тўғри бўлишини билмади. Бориб бир кишидан ўша ишнинг ҳукмини сўрайди. Чунки, ўша одам бу ҳукмни билса керак, деб ўйлайди.
Аслида ўша фатво сўралган одам, фатво беришга қодир бўлмаса, мазкур ишнинг ҳукмини аниқ ва ишончли равишда бўлмаса, «билмайман», деб айтиши керак.
Аммо, билмасаю, ўзича тахмин билан нотўғри жавоб берса. Сўраган одам соф ният билан Аллоҳнинг динининг ҳукми шу экан, деб ҳалиги нотўғри ишни қилса нима бўлади?
«Кимга илмсиз равишда фатво берилса, бунинг гуноҳи унга фатво берган кимсага бўлади».
Чунки нотўғри ишнинг содир бўлишига илмсиз равишда фатво берган киши сабаб бўлди. Агар у нотўғри фатво бермаганида, ҳалиги одам биладиган бошқа одамдан сўраб, ишини тўғри ҳолда амалга оширган бўлар эди.
Нотўғри фатвога ишониб, нотўғри ишни савоб ниятида қилган кишига эса гуноҳ бўлмайди. Аммо у киши фатвонинг нотўғри эканини билиш билан ўша ишни тўхтатиши, иккинчи бор ҳалиги жоҳил одамдан фатво сўрамаслиги лозим. Ўзи учун ишончли, тақводор, инсофли ва билимдон устоз топиб олиши керак.
Яна бошқа бир киши келиб бировдан маслаҳат сўради. «Фалон нарсани амалга оширишим учун қайси йўлни тутмоғим керак?», деб сўради. Сўралган одам ўша нарсани амалга ошириш учун қайси йўлни тутса яхши бўлишини билади.
Аммо ўзига ишониб, йўл сўраган одамга била туриб бошқа, нотўғри йўлни кўрсатди. Бундай алдамчи одамни ким деб баҳолаш мумкин? Ушбу ҳадиси шарифда бундай одамни қуйидагича баҳоламоқда:
«Кимки ўз биродарига тўғрилик бошқа тарафда эканлигини билиб туриб бошқа бир ишни кўрсатса, батаҳқиқ унга хиёнат қилган бўлади».
Бу жойда «ўз биродарига» иборасига эътибор берайлик. Бундан ўртада биродарлик алоқаси бор одамга нисбатан мазкур ишни қилиб бўлмаса-да, биродар бўлмаган кишиларга нисбатан қилаверса бўлар экан, деган тушунча келиб чиқмайди. Муомала бобида Ислом барча инсонларни бир-бирларига биродар деб билади.
Ислом ҳукми бўйича ҳатто ғайридинларга ҳам ёлғон гапириб, уларни алдаб бўлмайди. Шунинг учун ҳам ушбу ҳадиси шарифда барча одамларнинг биродарлиги кўзда тутилмоқда.
Одатда ишончга, омонатга хиёнат қилган одам «хоин» дейилади. Бир одам иккинчисига ишониб, «бир ишни қандай қилай?» деб сўраши омонатдир. Сўралган одам ишончни оқлаб тўғри жавоб берса омонатга хиёнат қилмаган бўлади. Агар билиб туриб, бошқа нарсани айтса, хиёнат қилган бўлади.
Демак, биров қайси бир нарсани сўраса ҳам, билиб аниқ жавоб бериш керак. Билмай туриб жавоб бериш ҳам, билиб туриб, нотўғри жавоб бериш ҳам гуноҳ бўлади.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Бир масалани аниқ билмай туриб фатво бериш мумкин эмас.
2. Бир масалани билмай туриб фатво берган одам гуноҳкор бўлади.
3. Унинг нотўғрилигини билмай ихлос билан нотўғри фатвога амал қилган одам гуноҳкор бўлмайди.
4. Сўралган масалани билган одам тўғри жавоб бериши заарур.
5. Тўғри йўлни билиб туриб бошқа йўлни кўрсатган одам хоин ва гуноҳкор саналади.

Энди бу ҳадиси шариф ҳукмини бугунги ҳаётимизга солиштириб кўрайлик. Билимсиз равишда фатво бераётганлар қанчалар кўп. «Намоз ўқимаса ҳам бўлаверар экан», «ароқни ичиш эмас, маст бўлиб кўчада тўполон қилиши ҳаром экан», «у экан, бу экан», деган гапларни айтадиганлар ҳар қадамда учраб туради.
Баъзи бир чаласаводлар эса, икки-уч оғиз нарсани ёдлаб олиб, мусулмонларнинг ярмидан кўпини кофир ёки мушрикка, дунёдаги аксар нарсаларни ҳаромга чиқариб юбордилар.
Билиб туриб тўғрисини айтмайдиганлар ҳам оз эмас. Дунёнинг мансабини ўйлаб бойларга ва зўровонларга яхши кўринаман, деб шариатнинг ҳукмини эмас, ўшаларнинг хоҳишини айтаётганлар ҳам ҳаммага маълум.
Бу икки ҳолат ҳам ўз эгалари ва мусулмонлар бошига кўпгина бало-офатлар ёғдириши турган гап. Бундай бало офатлардан қутулиш учун ҳар ким ўз чегарасини билиши керак.
Билмаган, лаёқатсиз кишилар инсоф қилиб диний ишларга аралашмаслиги, фатво беришга ўтмаслари фарз. Ким фатво бермоқчи бўлса, хато гапни айтса, гуноҳи ўзининг бўйнига бўлишини ўйлаб қўймоғи лозим.
Билган кишилар эса, Ислом таълимотларини, шариат ҳукмини, билган нарсасини тўғрилигича етказиши лозим. Агар тўғрисини айтиш жонига таҳдид соладиган бўлса, унда жим турсин. Лекин ёлғон гапириб, тўғри нарсани била туриб тескарисини айтмасин.
Билмаган одамнинг бир оғиз сўзи билан қанчадан-қанча одамлар залолатга кетишига, гуноҳга ботишига сабаб бўлади. Беш кунлик дунёнинг матоҳини деб, ўзининг ҳам, ўзгаларнинг ҳам охиратини куйдирмасин.
Авф ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Одамларга фақат амир ёки маъмур ёки риёкор томонидангина гапирилади», дедилар». Абу Довуд ва Аҳмад ривоят қилишган.
Ҳақиқий исломий жамиятда мусулмонларга ичларида Исломни яхши билган, тақводор, илмли, ақл-фаросатли ва бир қанча етук сифатларга эга бўлган чин мусулмон киши амир бўлади.
Биринчи навбатда мусулмонларга амри маъруф, наҳий мункар, ваъзу насиҳат қилиш ҳуқуқига ана ўша амир ҳақлидир.
Иккинчи ўринда эса, масъул киши тарафидан шу ишга амр қилинган шахс ҳақлидир. Бундоқ шахслар шаръий илмларни тўлиқ ўрганиб, расмий ижозат-шаҳодатнома ёки маълум ва машҳур уламоларнинг рухсатини олган киши бўлади.
Ана ўшандай кишиларгина мусулмонларга ваъз-насиҳат, иршод, амри маъруф ва нахий мункар қилишлари мумкин.
Агар мазкур сифатларга эга бўлмаган кишилар бу ишни қилсалар, риёкорлик учун қилган бўладилар. Ўзларини билимдан қилиб кўрсатиш учун риёкорлик қилаётган бўладилар.
Ушбу риёкорлик йўли билан мусулмонлар ичида обрў қозонмоқчи, уларнинг ишончига, ҳурматига сазовор бўлмоқчи бўладилар. Аслида эса алдамчилик қиладилар. Мусулмонликни қуруқ гап билан эмас, чин ихлос билан, Исломга амал қилиш билан тарғиб қилиш лозим.
Афсуски, ичимизда шу қабилдаги риёкорлар жуда ҳам кўп. Оқкўнгил мусулмонлар ҳақиқий олим ким, риёкор-қаллоб ким, буни яхши билиб олишлари керак.
Бунинг учун Исломни ўрганиш, ҳақ-ноҳақ гапларни фарқлай билиш, гапираётганларнинг Исломга амал қилишига қараш керак. Ҳақиқий уламоларга қулоқ осиб, риёкорлардан сақланиш керак.
Ноўрин саволлар сўраш ҳам тил офатларидан биридир. Бу борада ҳам асл қоидаларни билиб олиб, уларга амал қилиш лозим.

ФАТВО СЎРАШ ОДОБЛАРИ

Фатво берувчи олим савол сўраган кишига нисбатан муршид ва устоз мақомида бўлади. Шунинг учун фатво сўровчи у билан бўладиган муомаласида одобли бўлмоғи, уни илми учун улуғламоғи ва эҳтиром қилмоғи лозим.
Ғам-ғуссада бўлган, аччиқланиб ёки қалби машғул бўлиб турган олимдан фатво сўраш одобдан эмас.
Олимдан савол сўраган пайтда унинг далилини сўралмайди. Жуда сўраш лозим бўлса, бошқа мажлисда ёки фатвони қабул қилиб олгандан бир оз ўтиб сўраса жоиз.

Фатво сўровчи учун қуйидагилар макруҳдир:

1. Кўп савол сўраш.
2. Динда фойдаси йўқ нарсаларни сўраш.
3. Воқеъликда йўқ нарсани сўраш.
4. Қийин масалаларни сўраш.
5. Таъаббудий масалаларнинг ҳикматини сўраш. («Бомдод намози нима учун икки ракъат», «нимага икки марта сажда қилинади» кабилар).
6. Саволда ҳаддан ташқари чуқур кетиш.
7. Бошқалардан устун келиш учун сўраш.
8. Бир олимдан сўрагандан кейин бошқасидан яна ўша саволни сўраш.
9. Енгил фатво берадиган одамни излаб топиб сўраш.

Агар илмда ва адолатда бир хил олимлар бир нечта бўлсалар, сўровчи ўзи хоҳлаганига мурожаат қилиши мумкин. Аммо баъзи уламолар, уларнинг энг афзалидан сўраган маъқул, деганлар.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz