Ҳижрий йил ҳисоби бошланиши Принтер учун
09.01.2008 й.
Хижрий йил хисоби

Вақт ўтиши билан Ислом давлати ҳамма томондан улғайиб борар эди. Чегаралар, вилоятлар, амирлар ва бошқалар сони тезлик билан ортиб борар эди. Девонлар ташкил қилинди. Ҳамма тарафдан пойтахтга мактублар кела бошлади. Бошқа алоқалар ҳам ривожланиб борди...

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир куни Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан мактуб олди. Унда, сендан мактублар келади. Тарихи номаълум бўлади. Тарихни белгиласанг яхши бўлар эди, деган маъно бор эди.
Бир марта Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ўзлари мактуб олди. Унда Шаъбон ойида деган маъно бор эди. Қайси Шаъбон? Ўтганими, ҳозиргисими ёки келгусисими била олмай қийландилар.
Ямандан, Яъло ибн Умайядан Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳуга мактуб келди. Унинг мактубида тарих белгиланган эди. Бу иш ҳазрати Умар розияллоҳу анҳуга маъқул келди.
У киши шуро мажлисини чақириб, ўртага мусулмонларга хос тарих-йил ҳисоби қабул қилиш масаласини қўйдилар. Ислом давлати ўзлигини намоён қилиш, бировга тақлид қилмай ўзига хос йил ҳисобига эга бўлиши керак эди.
Биринчи масала тарихни қачондан бошлаш керак, деган саволга жавоб топишдан иборат эди.
Бир киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вафот этган йилларини биринчи йил деб ҳисоблашни таклиф қилди.
Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбар бўлган йилларини биринчи йил деб ҳисоблашни таклиф қилди.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳижрат қилган йилларини биринчи йил деб ҳисоблашни таклиф қилди. Ҳижрат ҳақ билан ботилнинг ораси ажрашига сабаб бўлган, деди.
Бошқа бирлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг туғилган йилларини биринчи йил деб ҳисоблашни таклиф қилди.
Кўпчилик Али розияллоҳу анҳунинг таклифини ёқлаб овоз берди.
Иккинчи масала йил ҳисобини қайси ойдан бошлаш масаласи эди.
Абдурраҳмон ибн Авф розияллоҳу анҳу, Ражаб ойини биринчи ой қилиб олайлик, у ҳаром ойларнинг биринчиси, деди.
Толҳа ибн Убайдуллоҳ розияллоҳу анҳу Рамазон ойини биринчи ой қилиб олайлик, у умматнинг шарафли ойи, деди.
Али розияллоҳу анҳу, Муҳаррамни биринчи ой қилиб олайлик, унинг ўзи йилнинг биринчи ойи, деди.
Шу гап ҳаммага маъқул бўлди. Ана шундоқ қилиб Ислом уммати ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг ташаббуслари ва ғайратлари ила 16 - ҳижрий санадан бошлаб ўзининг йил ҳисобига эга бўлди.
Албатта, бу катта иш эди. Дунёга етакчилик қилиш даъвоси бор уммат учун ана шунга ўхшаш шиор бўладиган нарсалар кераклиги ҳеч кимга сир эмас.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz