РИЗО Принтер учун
09.01.2008 й.

Бизнинг тилимизда “розилик”, “рози бўлиш” шаклида ишлатиладиган маъно арабчада ризо дейилади ва сахат – норозиликнинг тескарисини англатади. Ризонинг таърифи ҳақида бир-бирини тўлдирувчи таърифлар келган: Муновий: «Ризо инсоннинг ўзига етган мусибат ёки етмай қолган яхшиликни ўзгармасдан, нафсоний яхшилик билан қабул қилишидир», деган. Баъзилар: «Ризо қазонинг аччиғига нисбатан қалбнинг суруридир», дейишган. Яна: «Ризо қайси ҳукмда бўлса ҳам, жазаънинг бўлмаслигидир», дейилган.
Баъзилар: «Ризо – ҳукмни хурсандлик билан кутиб олиш», дейишса, бошқалар: «Ҳукмлар жараёни остида қалбнинг сокин бўлиши ризодир», дейишган.

Уламолар ризони икки турга тақсимлаганлар:
Биринчи тур. Ўзига амр қилинган нарсани адо қилишга ҳамда наҳйи қилинган нарсани тарк қилишга рози бўлиш. Бунинг ичига Аллоҳ таоло мубоҳ қилган нарсаларни ҳаддан ошмаган ҳолатда бажариш ҳам киради.
Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида: «Агар Аллоҳ ва Унинг Расули уларга берган нарсаларидан рози бўлганларида ва Аллоҳ бизга кифоя қилур, бизга тезда Аллоҳ ва Унинг Расули ўз фазлидан беради, албатта, биз Аллоҳга рағбат қилувчилармиз, деганларида, яхши бўларди», деган (59-оят).
Бу юқори одоб намунасидир. Аллоҳ ва Унинг Расули нима берса, шунга чин қалбдан рози бўлиш иймоннинг талабидир. Мўмин-мусулмон дилидагина рози бўлиб қўявермай, уни тилига ҳам чиқариб айтади. Келажакда ҳам доимо Аллоҳнинг Ўзигагина рағбат қилишини таъкидлаб айтади.
Бу турдаги ризо вожибдир. Шунинг учун ҳам Қуръони Каримда бу каби ишларда ризони тарк қилганлар қораланган.
Иккинчи тур. Камбағаллик, беморлик ва хорлик каби мусибатлардан ризо бўлиш. Бу ризо ҳам вожиблигини уламолар таъкидлаганлар. Баъзилар уни мустаҳаб деганлар.
Аммо кофирлик, фосиқлик ва осийликка рози бўлиш мумкин эмас.
Қуръони каримда ризо ҳам Аллоҳ таолога, ҳам бандага нисбат берилган: «Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Ундан рози бўлдилар» («Баййина» сураси, 8-оят).
Яъни, Аллоҳ улардан бу дунёда қилган иймон-эътиқод ва тоат-ибодатларидан рози бўлди. Мўмин бандалар ҳам ўзларига берилган олий мартабалар ва яхшиликлар учун Аллоҳ таолодан рози бўлдилар.
Ризо ҳақида келган оятлар ҳам шу маънони ифода этади ва бир неча йўналишларда бўлади.
1. Ҳар бир ишда Аллоҳ таолонинг розилигини исташ вожиб.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Ва одамлардан Аллоҳнинг розилигини тилаб жонини сотадиганлар бор. Ва Аллоҳ бандаларга меҳрибондир», деган (207-оят).
Бу ҳақиқий мухлис мўминнинг васфи. Унинг ягона мақсади – Аллоҳнинг розилигини топиш. Бу йўлда у ҳамма нарсани сарфлашга, ҳатто жонини беришга ҳам тайёр. Фақат Аллоҳ таолонинг розилигини топса бўлди. Ушбу сифат эгаларидан бири Суҳайб Румий розияллоҳу анҳу бўлган.
Имом Фахриддин Розий ривоят қилади: «Суҳайб Румий Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилиб жўнаганида Қурайш мушрикларидан бир гуруҳи уни қайтармоқчи бўлиб ортидан борди. Шунда у уловидан тушиб, ўқдонидаги ўқларни тизиб қўйиб, камонни қўлига олди-да: «Эй қурайш аҳли, менинг ичингизда энг мерганлардан бири эканимни яхши биласизлар-а?! Аллоҳга қасамки, ўқдондаги ўқ тугамагунча биттангиз ҳам менга яқинлаша олмайсиз! Сўнгра қиличим билан, қўлимда қанчаси қолса, шунчаси билан чопаман. Кейин нимани истасангиз, қилаверасиз» деди.
Улар: «Сен бизнинг юртимизга келганингда ҳеч нарсанг йўқ гадо эдинг, ҳозир эса кўплаб мол-дунёга эга бўлдинг», дейишди.
«Молимнинг қаердалигини айтиб берсам, ўз йўлимда кетавераманми?» деди Суҳайб.
«Ҳа», дейишди улар.
У моли Макканинг қаерида эканини айтиб берди. Мадинага келиб, Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳузурларига кирди. Пайғамбар алайҳиссолату вассалом уни кўришлари билан: «Савдо фойда келтирди, эй Суҳайб! Савдо фойда келтирди, эй Суҳайб!» дедилар.
Бир оз сўнг Аллоҳ: «Ва одамлардан Аллоҳнинг розилигини тилаб жонини сотадиганлари бор», деган ояти каримани нозил қилди».
Мусулмонларнинг аввалги авлодларида шу оят васф қилган сифатга эга бўлган инсонлар жуда кўп етишиб чиқди. Шу боисдан улар қисқа муддат ичида дунёни адолатга тўлдирдилар. Кейинги даврларда ҳам ушбу сифат эгалари бўлган.
Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида: «Улар сизларни рози қилиш учун Аллоҳнинг номи ила қасам ичарлар. Агар мўмин бўлсалар, Аллоҳни ва Унинг Расулини рози қилмоқлари ҳақли эди», деган (62-оят).
Мунофиқларнинг қабиҳ сифатларидан бири одамларни рози қилиш учун Аллоҳнинг номи ила қасам ичишларидир.
«Улар сизларни рози қилиш учун Аллоҳнинг номи ила қасам ичарлар».
Одатда, мунофиқлар ҳар ҳар нарсага, ҳар шароитга мослашиб, нима қилиб бўлса ҳам, вазиятдан қутилиб чиқишга уринадилар. Кишилардаги иймон ва диёнат туйғуларини қўзғотиб, уларни ишонтириш учун Аллоҳнинг номини ўртага қўйиб, қасам ҳам ичаверадилар. Мақсадлари – одамларни рози қилиш.
«Агар мўмин бўлсалар, Аллоҳни ва Унинг Расулини рози қилмоқлари ҳақли эди».
Ҳа, агар улар ҳақиқий мўминлар бўлганларида, ҳар бир ишни Аллоҳнинг ва Пайғамбарнинг розилиги учун қилардилар.
2. Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва мўминларни бу дунё ва охиратда рози қилиши.
Аллоҳ таоло «Моида» сурасида: «Аллоҳ: «Бу кун ростгўйларга ростгўйликлари манфаат берадиган кун. Уларга остидан сувлар оқиб турган жаннатлар бор, унда абадий-боқий бўлурлар. Аллоҳ улардан рози бўлди. Улар Аллоҳдан рози бўлди. Бу эса улуғ ютуқдир» деди», деган (119-оят).
Оятдаги ростгўйларан мурод иймони содиқлардир. Кундан мурод эса, қиёмат кунидир.
«Бу кун ростгўйларга ростгўйликлари манфаат берадиган кун».
Аллоҳ таолонинг таъкидлашича, қиёмат кунида иймонлиларга иймони манфаат беради. Мазкур манфаат қуйидаги шаклда зоҳир бўлади.
«Уларга остидан сувлар оқиб турган жаннатлар бор, унда абадий-боқий бўлурлар».
Яъни, қиёмат куни иймонлиларга дарахтлари остидан анҳорлар оқиб турган жаннатлар бор. Улар бу ерда абадий қолурлар.
«Аллоҳ улардан рози бўлди. Улар Аллоҳдан рози бўлди. Бу эса улуғ ютуқдир».
Бундай бўлишида ҳеч шубҳа йўқ.
Аллоҳ таоло «Тавба» сурасида: «Биринчи пешқадам муҳожирлар ва ансорийлар ва уларга яхшилик билан эргашганлар. Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар. Уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни тайёрлаб қўйди. Уларда абадий қолурлар. Ана ўша улкан ютуқдир», деган (100-оят).
Бу ояти каримада васф қилинган пешқадам муҳожир ва ансорийлардан кейин мусулмон бўлиб, худди пешқадам мусулмонлар каби ихлосли, ибодатли ва тақводор мусулмонларнинг барчасидан:
«Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар».
Банда эришиши мумкин бўлган энг юқори мартаба Аллоҳнинг розилигидир. Зотан, ҳар бир банданинг олий мақсади ҳам шу. Банданинг Аллоҳдан розилиги Унинг қадарига ишониш, қазосидан яхшилик кутиш, неъматларига шукр қилиш, бало-офатларига сабр қилишдир.
Аллоҳ улардан рози эканидан «Уларга остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларни тайёрлаб қўйди».
Улар мазкур жаннатга вақтинчаликка кирмаслар. Балки «Уларда абадий қолурлар».
Аллоҳ таоло улардан рози бўлмаганда уларни бундай икромга сазовор қилмас эди.
«Ана ўша улкан ютуқдир».
Бундан ортиқ ютуқ бўлиши мумкинми?
3. Аллоҳ таолонинг розилиги набийлар ва мўминларнинг олий мақсадидир.
Аллоҳ таоло «Тоҳа» сурасида: «Эй Мусо, сени қавмингдан нима илгарилатди?
У: «Улар ана изимдалар. Рози бўлишинг учун мен Сенга шошдим, эй Роббим», деди
», деган (83–84-оятлар).
Яъни, қавмим ана у ёқда, ортимдан келяпти. Мен эса, Сенинг розилигингни топиш учун шошилдим, дедилар.
Аллоҳ таоло «Аҳқоф» сурасида айтади: «Биз инсонни ота-онасига яхшилик қилишга буюрдик. Онаси унга қийналиб ҳомиладор бўлди ва уни қийналиб туғди. Ва унинг ҳомиласи ва кўкракдан ажратиши ўттиз ойдир. Токи у камолга етиб, қирқ ёшга кирганида: «Роббим Ўзинг менга ва ота-онамга берган неъматларингга шукр қилишимга ва сен рози бўлган солиҳ(иш)ни қилишимга илҳом бергин. Ва менинг зурриётларимни ҳам солиҳлардан қилгин. Албатта, мен тавба қилдим ва албатта, мен мусулмонларданман, деди» (15-оят).
Ҳар бир инсон учун Аллоҳнинг унга берган неъматига шукр қилиш муҳим ишдир. Ношукрлик куфрони неъмат. Мўмин-мусулмонликка зиддир. Бу иш ўта муҳим ва нозик бўлганидан Аллоҳ таолонинг Ўзидан мадад сўралмоқда.
Шу билан бирга, қолган умрини шукр билан қўшиб, солиҳ амалларни кўпроқ қилишга, Аллоҳнинг розилигини ахтаришга истак кучаяди. Шунинг учун ҳам ушбу дуода «Сен рози бўладиган солиҳ(иш)ни қилишга илҳом бергин», дейилмоқда.

1. Аллоҳ таоло рози бўлган кимсаларгагина шафоат насиб этади.
Аллоҳ таоло «Нажм» сурасида: «Осмонларда қанчадан-қанча фаришталар мавжуд, уларнинг шафоати ҳеч фойда бермас. Магар Аллоҳ Ўзи хоҳлаган ва рози бўлганларга изн берса», деган (26-оят).
Маълумки, мушриклар, бут-санамлар бизни шафоат қилади, дердилар. Шунингдек, фаришталар Аллоҳнинг қизлари, улар ҳам шафоат қилади, деб эътиқод қилишарди. Бундай эътиқоднинг замини пуч экани ушбу ояти карима ила исботланди. Дунёю охират ҳаммаси Аллоҳники бўлганидек, шафоат ҳам Аллоҳникидир. У кимга изн берса, ўшагина шафоат қила олади. Мушриклар ўзларининг ботил эътиқодларидан умид қилмай қўя қолсинлар.
Ризо ҳақида келган ҳадиси шарифлардан намуналар: Аббос ибн Абдулмуталиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳни Робб, Исломни дин, Муҳаммадни Расул, деб рози бўлса, иймон таъмини тотган бўлади», дедилар». Муслим ва Термизий ривоят қилишган.
Ушбу ҳадисда ризо ҳақида улкан маъно баён этилмоқда. Унда иймон таъмини тотиш, иймон мукаммаллигига эришиш қайси йўл билан амалга ошиши мумкинлиги баён қилинмоқда. Бунинг учун эса, қуйидагилар амалга ошиши керак:
«Аллоҳни Робб» деб рози бўлиш.
«Робб» тарбиячи маъносини англатади. Урфда эса кўп маъноларни, жумладан, ризқ берувчи, тадбирини қилувчи, яратувчи, эга маъноларини ифода қилади.
Робб Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан биридир. Аллоҳ таоло бутун оламларнинг яратувчиси, уларга ризқ берувчи, тадбирларини қилувчи, эгалик қилувчи ва тарбияловчиси бўлганидан шундай аталган.
Аллоҳни Робб деб рози бўлиш эса, Аллоҳ менинг яратувчим, эгам, ризқ берувчим, тадбиримни қилувчим, деб чин дилдан рози бўлишини англатади.
Рози бўлишлик оғиздаги қуруқ гап эмас, ёки кўнгилдаги гумон ҳам эмас. Балки тўлиқ ишонч ва қаноатдир. Ким шу ишонч билан, шу қаноат билан яшаса, иймон таъмини тотиш йўлида катта қадам босган бўлади. Кейинги қадамлар эса, Исломни диним деб, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни расул деб рози бўлиш билан бўлади.
Демак, иймон таъмини тотиш учун инсон тўлиқ Исломга чин дилдан рози бўлиши керак. Фақат Исломга тўлиқ амал қилиб яшашим керак, деган ишончга ва қаноатга эга бўлиши керак.
Ислом динига тўлиқ амал қилиб яшаш учун эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни расул, яъни Аллоҳнинг элчиси, деб рози бўлиш керак.
Ислом таълимотларини, ҳукмларини Аллоҳдан қабул қилиб, бандаларга етказган, ҳаётга тадбиқ қилиб кўрсатган зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир. У зотни расул, деб рози бўлмагунча иймон таъмини тотиб бўлмайди.
Ҳа, Аллоҳни Робб, Исломни дин, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Расул, деб рози бўлган одамгина иймон таъмини тотиши мумкин.
Шу мақсад йўлида машаққатларни кўтаришга рози бўлган одамгина иймон таъмини тотиб кўриши мумкин. Аммо, чин қалбдан розилик, ишонч ва қаноат бўлмаса, иймон таъми ҳам бўлмайди.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Уч нафар киши йўлда кетаётган эканлар, ёмғирда қолибдилар. Тоғдаги ғорга кириб олибдилар. Бас, уларнинг ғорига тоғдан бир харсанг тушиб, чиқар йўлларини тўсиб қолибди.
Улар бир-бирларига: «Аллоҳ учун қилган солиҳ амалларингизга бир назар солиб, уларни васийла қилиб, Аллоҳга дуо қилинглар, шоядки, сизларга кушойиш берса», дебдилар.
Улардан бири: «Эй бор Худоё! Албатта, менинг қари ота-онам бор эдилар. Менинг кичик ёшдаги болаларим ҳам бор эди. Уларнинг барчасининг риоясини қилардим. Уларнинг олдига қайтиб келсам, сут соғиб, болаларимдан олдин ота-онамга ичирар эдим. Бир куни кеч қолиб, кечасигача кела олмадим. Келиб, икковларини ухлаб қолганларини кўрдим. Одатдагидек сут соғдим ва ота-онам икковларининг бош тарафларида уйғотиб юбормай, деб кутиб турдим. Болаларга ичиришни ҳам эп кўрмадим. Болалар очликдан оёғим остида қичқиришар эди. Тонг отгунча шу ҳолда турдим. Агар шу ишда Сенинг розилигингни тилаб қилганимни билсанг, бизга бир тирқиш очгин, осмонни кўрайлик», деди.
Бас, Аллоҳ тирқиш очди. Ундан осмонни кўрдилар.
Бошқаси эса: «Эй бор Худоё! Мен амакимнинг қизига эркаклар аёлларга энг ашаддий муҳаббат қўйишларидек муҳаббат қўйган эдим. Бас, ундан талаб қилдим. У (қиз) бош тортди. У ўзига юз динор беришимни сўради. Мен пулни жамлаб келиб, уни ушлаб икки оёғи орасига тушдим. Шунда қиз: «Эй Аллоҳнинг бандаси! Аллоҳдан қўрқ! Узукни ҳаққини бермасдан очма!» деди. Мен ўрнимдан турдим. Агар шу ишни Сенинг розилигингни тилаб қилганимни билсанг, бизга яна ҳам каттароқ тирқиш оч», деди.
Бас, яна тирқиш очди.
Учинчи шахс: «Э бор Худоё! Мен бир фарақ гуручга мардикор ёллаган эдим. У ишни бажариб бўлганидан сўнг: «Ҳаққимни бер», деди. Мен унга ҳаққини кўрсатдим. У олишга рағбат қилмади. Мен ўша гуручни экишда давом этавердим. Ундан бир қанча сигир ва молбоқарлар ортдирдим. У қайтиб келиб: «Аллоҳдан қўрқ!» деди.
Мен унга: «Анави сигирлар молбоқарлари билан сеники, олавер», дедим.
«Аллоҳдан қўрқ! Мени истеҳзо қилма!» деди.
«Сени истеҳзо қилаётганим йўқ, олавер», дедим.
У олди. Агар мен шу ишни Сенинг розилингни тилаб қилганимни билсанг, қолган қисмини ҳам очиб юбор», деди.
Бас, Аллоҳ очиб юборди».
Бошқа бир ривоятда: «Чиқиб, юриб кетдилар», дейилган. Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳнинг розилиги талаб қилинадиган илмни фақат дунёнинг ўткинчи матоҳига эришиш учун ўрганса, қиёмат куни жаннатнинг ҳидини ҳам топа олмайди», дедилар». Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилишган.

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Намознинг аввалги вақти Аллоҳнинг розилигидир. Охирги вақти Аллоҳнинг авфидир», дедилар». Икки ҳадисни Термизий ривоят қилган.
Демак, Аллоҳнинг розилигини топаман, деган одам намозни аввалги вақтида ўқиши керак. Охирги вақтида ўқиса, ноилож қолганда афв тариқасидаги рухсатдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким мендан бир калималарни олиб уларга амал қилади ёки уларга амал қиладиганларга таълим беради?» дедилар.
«Мен! Эй Аллоҳнинг Расули,» дедим.
Бас, у зот менинг қўлимдан тутдилар ва беш нарсани санадилар: «Ҳаромдан сақлан, одамларнинг энг обиди бўласан. Аллоҳ сенга тақсим қилган нарсага рози бўл, одамларнинг энг бойи бўласан. Қўшнингга яхшилик қил, мўмин бўласан. Ўзингга яхши кўрган нарсани одамларга ҳам яхши кўр, мусулмон бўласан. Кулгини кўпайтирма, чунки кўп кулги қалбни ўлдирадир».
Термизий ва Аҳмад ривоят қилган.
Аллоҳ тақсим қилган нарсага рози бўлган одам қаноат номли улкан сифат соҳиби бўлади. Қаноатли одам эса одамларнинг энг бойи бўлади.

Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қаноатни лозим тутинглар! Қаноат туганмас молдир», дедилар». Имом Тобароний ривоят қилган.
Ўтган азизларимиздан Абу Ҳазим раҳматуллоҳи алайҳ: «Уч нарса бор. Улар кимда мужассам бўлса, унинг ақли расо бўлади: ўзини ўзи билса, тилини тийса ва Аллоҳ азза ва жалла берган ризққа рози бўлса», деган.

Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мукофотнинг катталиги балонинг катталигига қараб бўлади. Албатта, Аллоҳ таоло қачон бир қавмга муҳаббат қилса, бало ила синаб кўради. Ким рози бўлса, унга ризолик бўлади. Ким ғазаб қилса, унга ғазаб бўлади», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлиб сабр қилган бандадан Аллоҳ таоло рози бўлади. Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлмай, ўзига етган балодан ғазаби чиқса, ўша бандага Аллоҳ таолонинг ғазаби бўлади.
Шунинг учун мўмин банда ўзига етган ҳар бир кўнгилсизликни Аллоҳ таоло томонидан синов деб билиб сабр қилса, Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлса, албатта, Аллоҳ таоло ҳам ундан рози бўлади.

Саъд розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг ҳукмига рози бўлмоғи одам боласининг саодатидандир. Аллоҳнинг истихорасини тарк қилмоғи одам боласининг бадбахтлигидандир. Аллоҳнинг ҳукмидан ғазабланмоғи одам боласининг бадбахтлигидандир», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Мўмин банда ўзига мусибат етганда уни Аллоҳ таолонинг ҳукми сифатида қабул қилиб рози бўлиши зарурлиги ушбу ҳадиси шарифда алоҳида таъкидланмоқда. Саодатга эришишни истаган одам Аллоҳ таолонинг ҳукмига рози бўлмоғи даркор.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилдилар: «Албатта, Аллоҳ таоло аҳли жаннатга: «Эй аҳли жаннат!» дейди.
«Эй Роббимиз, лаббайка ва саъдайка! Яхшилик Сенинг қўлингда» дейдилар.
«Рози бўлдингизми?!» дейди.
«Эй Роббимиз, бизга нима бўлдики, рози бўлмасак? Ҳолбуки, Сен бизга махлуқотларингдан бирортасига бермаган нарсани бердинг», дейдилар.
«Сизларга бундан ҳам афзал нарсани берайми?» дейди.
«Эй Роббимиз! Қайси нарса бундан ҳам афзал?!» дейишади.
«Устингиздан розилигимни тушираман. Ундан сўнг сиздан абадул обод норози бўлмайман», дейди». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.

Ризонинг фойдалари:

1. Ризо кишини Аллоҳ таолонинг муҳаббати ва розилигига мушарраф қилади.
2. Ризо Аллоҳ таолонинг норозилигидан сақлайди.
3. Ризо иймоннинг баркамоллиги ва Исломнинг гўзаллигига далолат қилади.
4. Ризо жаннатга олиб борувчидир.
5. Ризо дўзахдан четланишдир.
6. Ризо банданинг тақвосидан бир кўринишдир.
7. Ризо банданинг Робби ҳақида яхши гумонлигига далилдир.
8. Ризо Аллоҳ таоло розилигини қозониш йўлидир.
9. Ризо бандага руҳий ва маънавий роҳат бағишлайди.
10. Ризо бандани руҳий ва маънавий изтироблардан озод қилади.

РИЗОНИНГ ҲАҚИҚАТИ

Ризо сабрдан юқори турадиган сифатдир. Сабр ҳавойи нафсга хилоф бўлган нарсаларга ва бало-офатларга чидашга ўз ҳаракати ила чора кўришдир.
Ризо эса Аллоҳ таолонинг муҳаббатига ғарқ бўлиш туфайли ўзига етган аламларни сезмаслик ва уларга парво қилмасликдир.
Аламларни сезмасликни рақиби билан муштлашаётган кишида мулоҳаза қилиш мумкин. У муштлашувга берилиб кетиб, ўзига етган жароҳат ва зарбаларнинг аламини сезмайди. Аммо муштлашув тамом бўлганидан кейин аламларни ҳис қилади.
Аллоҳ таолонинг муҳаббати қалбни энг кўп ва қаттиқ машғул қилувчи омилдир. Бу муҳаббатга ғарқ бўлган одам ўзига етаётган ҳар турли аламни розилик ила қабул қилиши турган гап.
Аламларга парво қилмаслик аламни сезса ҳам, ундан рози бўлишдан иборат. Бу ҳолат худди талаби ризқ учун сафарга чиққан одамнинг ҳолатига ўхшайди. У сафари давомида турли машаққатларга учрайди. Аммо сафаридан келадиган фойдаларни ўйлаб мазкур машаққатларга парво қилмайди.
Аллоҳ таолонинг муҳаббати ила қалби тўлган ҳамда У зотнинг ажру савобидан, берадиган даражаларидан ва яхши ваъдаларидан умидвор бўлган банда ҳам мазкур нарсаларга эришиш йўлидаги аламларга парво қилмайди. Балки, уларга ўз ихтиёри билан боради.
Қуйида ўрганадиган ривоятларимиз бу ҳақиқатни тўлиқроқ англаб олишимизга ёрдам берар, деган умиддамиз
– Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу Абу Мусо Ашъарий розияллоҳу анҳуга ёзган мактубида: «Албатта, яхшиликнинг барчаси ризодадир. Агар қурбинг етса, ризода бўлишга ҳаракат қил. Акс ҳолда сабр қил», деганлар.
– Маймун ибн Меҳрон айтади: «Ким қазога рози бўлмаса, унинг аҳмоқлигига даво топилмас».
– Робийъ ибн Анас эса бундай дейди: «Аллоҳга муҳаббатнинг аломати Уни кўп зикр қилишдир. Бир нарсага муҳаббат қилсанг, албатта, унинг зикрини кўп қилурсан.
Диннинг аломати Аллоҳга махфий ва ошкора ихлос қилишдир. Шукрнинг аломати Аллоҳнинг қадарига рози бўлиш ва қазосига таслим бўлишдир».
– Абдулазиз ибн Абу Равод: «Гап арпа нонни сирка билан ейишда ёки жуну жанда кийишда эмас. Гап Аллоҳ азза ва жалладан рози бўлишда», деган.
– Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу айтади: «Бўлган нарсани “бўлмаса қани эди”, деганимдан ёки бўлмаган нарсани “бўлса қани эди”, деганимдан кўра чўғни ютиб юборганим ва унинг нимани куйдирса куйдириб, нимани қолдирса, қолдиргани афзал».
– Бир одам Муҳаммад ибн Восеъга чиққан ярага назар солиб туриб: «Бу ярани кўриб, сенга раҳмим келмоқда», деганида «У чиққанидан бери кўзимга чиқмагани учун шукр қилмоқдаман», деган экан у.

ДУО РИЗОГА ХИЛОФ ЭМАС

Дуо ўз соҳибини ризо мақомидан чиқармайди. Шунингдек, куфр, маъсият ва фисқу фужурни, уларнинг аҳлини ва сабабларини ёмон кўриш ҳам кишининг ризо мақомига хилоф эмас.
Баъзи тушунмаган кишилар ва баттоллар куфр, маъсият ва фисқу фужур ҳам Аллоҳ таолонинг қазои қадари, уларга ҳам рози бўлиш вожиб, деганлар. Бу жоҳиллик ва шариат сирларини билмасликдан бошқа нарса эмас.
Шариатнинг буюруқлари ҳикматини бандалар англайдиган ва англамайдиган турларга бўлинади. Кўпгина ҳукмларнинг фойдаси ва ҳикмати маълум бўлади. Баъзи бир кўрсатмаларнинг фойдаси банда кўзига кўринмаслиги ва ҳикмати ақлига илинмаслиги мумкин.
Мисол учун намозни оладиган бўлсак, унинг фойдаси, ҳикмат маълум ва машҳур. Аммо нима учун бомдоднинг фарзи икки ракъат ва пешин намозиники тўрт ракъат фойдасини ҳам, ҳикматини ҳам биров билмайди. Биров бунинг сабабини сўрамайди, лекин амрга бўйсиниб амал қилаверади.
Бу каби бандаги фойдаси ва ҳикмати ошкор бўлмаган шариат ишлари «таъаббудий амаллар” деб аталади. Яъни, фақат ибодат учун, шариат буюруғи бўлгани учун бажариладиган ишлар дегани. Дуони ҳам анна шу ишлар қаторига қўшиш мумкин. Аллоҳ таоло Қуръони каримда бандаларини дуо қилишга буюрган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари тинмай дуо қилганлар ва дуо қилишга чорлаганлар. Шу билан бир вақтда ризо мақомининг олий чўққисида бўлганлар.
Куфр, маъсият ва фисқу фужурга норози бўлиш ҳам таъаббудий амаллардан ҳисобланади. Уларга рози бўлишдан Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини ман қилган.
Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳу: «Банда мункардан йироқ бўла туриб, уни қилган одамнинг гуноҳи мислича гуноҳга қолиши мумкин», дедилар.
«Бу қай тарзда бўлади?» дейилди.
«У ҳақда хабар етганда рози бўлгани учун», дедилар у зот.
Аллоҳ таоло яхшилик йўлида ҳамкорлик қилишга, ёмонликка ҳамкорлик қилмасликка амр қилган.
У зот «Моида» сурасида: «Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг. Гуноҳ ва душманлик йўлида ҳамкорлик қилманг», деган (2-оят).

Баро ибн Озиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларида ўтирган эдик. Бас, у зот: «Иймоннинг энг бақувват ҳалқаси Аллоҳ учун яхши кўриш ва Аллоҳ учун ёмон кўришдир», дедилар». Имом Аҳмад ривоят қилган.
Шу ерда тушуниш мушкул бўлган ҳолат пайдо бўлади. Қазои қадарга рози бўлиш вожиблиги ҳақида келган оят ва ҳадисларга юқорида айтилаётган дуо ва куфр, маъсият ва фисқу фужурга норози бўлиш лозимлиги ҳақидаги ҳукмлар тескари эмасми?
Куфр, фисқу фужур ва маъсиятни Аллоҳнинг қазоси эмас деб бўлмайди-ку! Агар улар Аллоҳнинг қазоси билан бўладиган бўлса, уларга норози бўлиш мумкин эмаску!
Бир нарсани бир вақтнинг ўзида ҳам ёмон кўриб, ҳам ундан рози бўлиш мумкин эмас-ку!
Мана шу масалани англаб етишга кўпчилик эриша олмаган. Ҳатто баъзилар мункарга сукут қилиш ризо мақомидир ва ҳусни хулқдандир, деган ботил тушунчага ҳам боришган.
Аслида эса маълум нарсадан бир вақтнинг ўзида ҳам рози, ҳам норози бўлиш мумкин эмаслиги унга бир тарафлама қарагандагина кузатилади. Аммо ўша нарсадан бир тарафдан рози, бошқа тарафдан норози бўлиш мумкин.
Айтайлик бир одам сизга ва сизнинг душманларингиздан бирига ҳам душман эди. Сизга душманлигини ёқтирмайсиз? Аммо сизнинг душманингизга нисбатан душманлигини ёқтирасиз. Ана ўша одамнинг ўлимидан бир вақтнинг ўзида ҳам рози, ҳам норози бўлишингиз мумкин. Сизга нисбатан душман душман бўлгани учун ўлимидан рози бўласиз. Аммо душманингизнинг душман бўлгани учун ўлимидан норозисиз.
Худди шунга, ўхшаш маъсиятнинг ҳам икки тарафи бор:
Биринчиси – унинг Аллоҳ таолога боғлиқлиги ва У зотнинг иродаси ва қазои қадари ила бўлганлиги. Бу маънода рози ва таслим бўлишдан бошқа илож йўқ.
Иккинчиси – маъсиятнинг бандага боғлиқ бўлиб, Унинг нияти ва касби ила бўлганлиги. Маъсият унинг сифати ва Аллоҳга ёмон кўринганига далолат қилади. Бу маънода уни ёмон кўришдан бошқа илож йўқ.
Бу маъноларнинг барчаси «яхши ва ёмон қадарнинг барчаси Аллоҳдан эканига иймон келтириш»дан чиққандир.
Дуо ҳеч қачон Аллоҳ таолонинг қазои қадарига зид бўлиши мумкин эмас. Аллоҳ таоло бандаларини таъаббуд учун дуо қилишга амр қилган. Дуо билан зикрнинг мусаффолиги, қалбнинг хушуъси ва тазарруъ зоҳир бўлади. Дуо қалб равшанлиги, кашф калити ва лутф сабабидир.
Кўза кўтариб, сув ичиш Аллоҳ таолонинг чанқоқ қадарига рози бўлишга хилоф бўлмагани каби дуо ҳам ҳеч қачон қадарга норозилик бўлиши мумкин эмас.
Аллоҳ таоло сув ичишни чанқоқни кетказишга сабаб қилиб қўйганидек, дуони ҳам Ўзи кўп нарсаларга сабаб қилиб қўйган ва бандаларини дуо қилишга амр этган.
Дуо ҳақида «Талхийси шарҳи ақийдатут-тоҳавия» китобида қуйидагилар келган: «Жумҳури мусулмонлар ва бошқа дин аҳллари дуо манфаатни жалб ва зарарни даф қилиш учун энг кучли сабаблардан эканига ишонишади. Аллоҳ таолонинг бандасининг, хоҳ мусулмон бўлсин, хоҳ кофир бўлсин, дуосини ижобат қилиб, унга ризқ ва ёрдам бериши бунга далилдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Аллоҳдан сўрамаса, У зот ундан ғазабланади», дедилар». Термизий ривоят қилган.
Аллоҳ таоло Ўзининг олти сифатга асосан дуо қилишга амр қилган:

1. Вужуд (борлиги). Чунки йўққа дуо қилинмайди, бирор нарса сўралмайди.
2. Ғанийлиги (бойлиги). Чунки фақирга дуо қилинмайди. Ундан бирор нарса сўралмайди.
3. Эшитувчилиги. Чунки карга дуо қилинмайди ва бирор нарса сўралмайди.
4. Карам (сахийлик). Чунки бахилга дуо қилинмайди ва бирор нарса сўралмайди.
5. Раҳмат. Чунки раҳмсизга дуо қилинмайди, бирор нарса сўралмайди.
6. Қудрат. Зеро, ожизга дуо қилинмайди. Ундан бирор нарса сўралмайди.
Дуони инкор қилувчи, ушбу олти сифатни инкор қилувчи каби бўлади. Ундан ғофил бўлган, олти сифатдан ғофилдир.
Фойда: Билингки, сабабларга суяниб, дуо қилмаслик, тавҳиддаги ширкдир. Сабабларни бутунлай тан олмаслик ақлдаги нуқсондир. Сабабларни ишлатишдан юз ўгириш эса, ишларни сабабларга боғлаб қўйган шариатга айб тақашдир.
Таваккул ва умидворлик тавҳид, ақл ва шариат вожиб қилган нарсалардан иборат. Сабабларга ҳам суяниб қолинмайди, уларни беҳудага ҳам чиқармайди. Балки Аллоҳга таваккул қилган ҳолда, сабаблар Аллоҳнинг иродаси ва изни ила натижали бўлади, деб ҳаракат қилади.
Аллоҳ таоло дуоларни ижобат қилишига далил:

1. «Ва Роббингиз: «Менга дуо қилинглар, сизга ижобат қилурман», деди» (Ғофир, 60).

2. «Қачонки, бандаларим сендан мен ҳақимда сўрасалар, бас, албатта, мен яқиндирман. Дуо қилувчи дуо қилганда дуосини ижобат қилурман» (Бақара, 186).

3. «Албатта, ибодатимдан такаббурлик қиладиганлар тезда жаҳаннамга бўйин эгган ҳолларида кирурлар» (Ғофир, 60).

Баъзилар: «Одамлар Аллоҳдан сўрайдилар, аммо Аллоҳ ҳеч нарса бермаслиги ёки сўрамаган нарсасини бериши ҳам мумкинми?» дейдилар.
Бу саволга учта жавоб бор:
Биринчиси, дуони ижобат қилиш ҳақидаги оят сўровчига бир нарса беришни ўз ичига олмаган. Оят дуонинг ижобат қилинишини ўз ичига олган. Дуо қилувчи эса сўровчидан умумийроқ маънодаги шахсдир. Шунинг учун ҳам, дуо ижобат қилиниши сўровни беришдан кўра умумийроқдир.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Ҳар кеча Роббимиз таборака ва таоло туннинг охирги учдан бири қолганда дунё осмонига тушади ва: «Ким Менга дуо қилади, Мен унга ижобат қилсам, ким Мендан сўрайди, Мен унга ато қилсам, ким Менга истиғфор айтади, Мен уни мағфират қилсам», дейди». Бешовлари ривоят қилган.
Ушбу ҳадисда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дуо қилувчи билан сўровчининг, ижобат билан неъматнинг орасини фарқламоқдалар.
Иккинчидан, дуони ижобат қилиш сўралган нарсани беришдан кўра кенг ва умумийдир.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам дедилар: «Қайси бир одам гуноҳ аралаштирмасдан, қариндошлик алоқасини узмасдан туриб дуо қилса, албатта, Аллоҳ таоло унга бунинг сабабидан уч хислатдан бирини беради: ё сўраганини тезда беради, ё ўшанинг мислича яхшиликни унинг учун сақлаб қўяди, ё ўшанинг мислича ёмонликни ундан буриб қўяди», деганлар.
Шунда одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, ундоқ бўлса (дуони) кўпайтирамиз», дедилар.
У зот: «Аллоҳ кўпайтирувчироқдир», дедилар». Аҳмад, Ҳоким ривоят қилганлар. Заҳабий саҳиҳ, деган.
Учинчидан, албатта, дуо талаб қилинган нарсага эришишни тақозо қилувчи сабабдир. Сабабнинг эса, шартлари ва монъелари бор. Қачон шартлар ҳосил бўлиб, ман қилувчилар йўқ бўлса, талаб қилинган нарсага эришилади. Гоҳида дуо қилувчи учун хайрлироқ нарса ҳосил бўлиши мумкин.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz