ТАЛАШИБ ТОРТИШИШ Принтер учун
28.01.2008 й.
ТАЛАШИБ ТОРТИШИШ
ТАЛАШИБ ТОРТИШИШ

Аллоҳ таоло: «Инсон ўзи кўп тортишувчи бўлган эди», деган. Соиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:нинг ҳузурларига келдим. Бас, (одамлар) мени мақтай бошладилар ва зикр қила бошладилар. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен сизларнинг ичингизда уни энг яхши билувчиман», дедилар.
«Рост айтдингиз! Отам, онам сизга фидо бўлсин! Сиз шеригим эдингиз. Қандоқ ҳам яхши шерик эдингиз. Хилоф ҳам қилмас эдингиз. Талашиб тортишмас ҳам эдингиз» дедим
». Абу Довуд ва Насаий. ривоят қилган.

Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифнинг ровийси Соиб ибн Абу Соиб розияллоҳу анҳу авваллари Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:нинг шериклари бўлган эдилар. Икки шерик юир-бирларини жуда ҳам яхши билар эдилар. Шунинг учун улар бир-бирларини васф қилишда бошқалардан кўра афзал эдилар.
Соиб ибн Абу Соиб розияллоҳу анҳунинг Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:га қилган васфларида у зотнинг талашиб тортишиш одатлари йўқлиги айтилмоқда. Ким Муслимга умматман деса, у зотга эргашаман деса, у зотдан ўрнак оламан деса, ҳеч ҳам талашиб тортишувчи бўлмасин.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ёлғонни тарк қилса, ҳолбуки, у ботилдир, унга жаннатнинг саҳнида бир уй қурилади. Ким ҳақ бўлиб туриб талашиб тортишишни тарк қилса, унга жаннатнинг ўртасида уй қурилади. Ким хулқини гўзал қилса, унга жаннатнинг юқорисида уй қурилади», дедилар. Термизий ва Абу Довуд ривоят қилган.

Абу Довуднинг лафзида: «Мен ўзи ҳақ бўлиб туриб талашиб тортишишни тарк қилган одамга жаннатнинг саҳнида бир уй бўлишига, ҳазил бўлса ҳам ёлғонни тарк қилган одамга жаннатнинг ўртасида бир уй бўлишига ва хулқини гўзал қилган одамга жаннатнинг юқорисида бир уй бўлишига кафилдирман», дедилар».
Шарҳ: Бу икки ривоятдан нафақат ноҳақдан талашиб тортишиш балки, ҳақ бўлиб туриб ҳам бу ишни қилиш яхши эмаслигини билиб оламиз. Чунки, нима бўлса ҳам талашиб тортишиш кишилар ўртасига ҳиқду адоватни солади. Шу туфайли жамият аъзолари ўртасида душманлик руҳи тарқалади. Агар ҳақ бўлса талашиб тортишмай бошқа яхши йўллар билан ҳам унга эришса бўлади.
Ёлғон ҳам жуда ёмон нарса. Ҳатто ҳазиллашиб ҳам ёлғон гапириб бўлмайди. Ҳазил эса ноўрин ва кўп бўлса кишининг ҳайбатини кетказади. Шунинг учун ёлғондан ҳам ноўрин ва кўп ҳазилдан ҳам йироқда бўлмоқ лозим.
Гўзал хулқли бўлиши ҳаммадан гўзал. Ислом доимо мусулмонларни гўзал хулқли бўлишга чақирган. Бу ҳадиси шарифда эса гўзал хулқли бўлган мўмин-мусулмонларга жаннатнинг энг юқори жойидан уй ваъда қилинмоқда.

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биродаринг ила талашиб тортишма, у билан ҳазиллашма ва унга ваъда қилсанг, ваъдангга хилоф қилма», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: сиз билан бизларни уч нарсадан қайтармоқдалар;

1- Талашиб тортишишдан.
2- Беҳуда ҳазиллашишдан.
3- Ваъдага хилоф қилишдан.

Ваъдага хилоф қилиш мунофиқларнинг ишидир. Бу ёмон одат мусулмонга мутлақо тўғри келмайди.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сенинг хусуматчи бўлиб туришинг гуноҳкорлик учун етарлидир», дедилар». Иккисини Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Хусуматчилик ҳам талашиб тортишишнинг бир кўринишидир. Бу иш ҳам катта гуноҳдир. Мусулмон одам бу ёмон хулқдан узоқда бўлмоғи лозим.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz