ҒАСБ КИТОБИ Принтер учун
16.03.2008 й.
"Кифоя" китобидан
"Кифоя" китобидан

Ғасб сўзи луғатда бир нарсани зулм ила куч ишлатиб тортиб олишга айтилади. Шаръий истилоҳда эса: Арзугулик ва муҳтарам молни эгасининг рухсатисиз очиқ-ойдин унинг қўлидан тортиб олишга ғасб дейилади.

Ғасбнинг ҳаромлигига бир қанча далиллар бор:
1. Аллоҳ таоло «Нисо» сурасида: «Эй иймон келтирганлар! Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Магар ўзаро розилик ила тижорат бўлса, майли», деган (29-оят).
2. Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Бир-бирларингизнинг молларингизни ботил йўл билан еманг. Билиб туриб одамларнинг молларидан бир қисмини ейишингиз учун ҳокимларга гуноҳкорона ташламанг», деган (188-оят).
3. Имом Бухорий ва Муслим Абу Бакра разияллоҳу анҳудан қилган ривоятда Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи вассалам: «Албатта, қонларингиз ва молларингиз ушбу ойингиз, ушбу юртингиз ва ушбу кунингиз ҳурматидек ҳаромдир», деганлар.
Кўчмас мулкда ғасб бўлмайди. Агар у ғосиб – ториб олганнинг қўлида ҳалок бўлса ҳам тўлаб бермайди.
Имом Муҳаммад, бу ҳам ғасб ва ҳалок бўлганда ғосиб тўлаб беради, деганлар.
У(ғосиб)нинг амали ила нуқсон етган бўлса зомин бўлади. Қулни хизматга солиш ғасбдир. Гиламнинг устига ўтириш ғасб эмас.
Бировнинг уловини унинг изнисиз минса ҳам ғасб қилган бўлади. Чунки бу ҳолда улов эгасининг қўлидан чиққан бўлади. Гиламнинг устига бировнинг ўтириши эгасининг қўлидан чиққанига белги эмас.
Ғасбнинг ҳукми билиб қилганга гуноҳ бўлишидир. Ўрнида турган бўлса қайтариб беради. Ҳалок бўлса тўлаб беради.
Кайл, вазн ва бир-бирига яқин адад билан ўлчанадиган нарсаларга ўхшаб мислийда мисл вожиб бўлади.
Мислий нарх деганда пул эмас, буғдой ёки шунга ўхшаш нарсаларга сотиш тушунилади.
Ғасб қилинган нарсанинг ўзи ҳалок бўлганда ғосиб унинг мисли-ўхшашани топиб тўлайди. Кайл билан ўлчанадиган бўлса кайлб билан, вазн ёки адад билан ўлчанадиган бўлса улар билан ўлчаб худди йўқолган нарсанинг ўзига ўхшатиб тўлайди.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Ким сизга душманлик қилса, сиз ҳам унга шунга ўхшаш душманлик қилинг», деган (194-оят).
Аллоҳ таоло «Наҳл» сурасида: «Агар иқоб қиладиган бўлсангиз, ўзингизга қилинган иқобга ўхшаш иқоб қилинг», деган (126-оят).
Аллоҳ таоло «Шуро» сурасида: «Ёмонликнинг жазоси ўз мислидек ёмонликдир», деган (40-оят).

Агар ўхшаши топилмаса, хусуматлашган кундаги нархи ила қийматини тўлайди.
Мисол учун, ҳўл мевани ғасб қилиб еб юборган. Хусуматлашаётган пайтда ҳўл мева мавсуми чиқиб кетган. Ўша кундаги нархи ила қийматини тўлайди.
Тафавути бор ададий нарсага ўхшаш мислий бўлмаган нарсада қиймати тўланади.
Агар ғосиб молнинг ҳалок бўлганини даъво қилса, то мол боқий бўлса айтиб бергудек муддатга ҳибсга олинади. Кейин бадалини беришга ҳукм чиқарилади.
Ғасб қилинган нарсанинг айни ўзини қайтариб олиш аввалги мақсад бўлади. Чунки кишилар ҳузурида ўзининг нарсасининг алоҳида қадри бўлади.
Ғосиб қўлга тушгандан кейин ғасб қилинган нарса ҳалок бўлди, деб даъво қилди. У бадал тўлаб осон қутулмоқчи ва нодир нарсани ўзиники қилиб олмоқчи бўлиши мумкин.
Шунинг учун, уни ғасб қилинган нарсанинг айни ўзини топасан, деб қамаб қўйилади. Қанча муддатга қамаш қозининг ихтиёрида. Аммо ғосиб қамоқда ҳам ўз даъвосидан қайтмади. Ғасб қилинган нарса ҳалок бўлган, деб туриб олди. Қози унинг гапига ишонч ҳосил қилганда кейингина бадалини тўлашга ҳукм чиқаради.
Бадал тўлашда, агар мол эгаси зиёда эканига ҳужжат келтира олмаса, ғосибнинг гапи қабул қилинади.
Ғосиб ўз гапи билан тўлаганидан ва эгаси уни олганидан кейин қиймати кўпроқ экани зоҳир бўлса, бадални олади ёки тўланган нарсага рози
бўлиб қўяверади.
Яъни, бу ҳолатда ихтиёр мол эгасида бўлади. Истаса аввалги тўланган нарсага рози бўлади. Истаса камини тўлашни талаб қилади.
Агар ўз қавли ила зомин бўлмаган бўлса, у(зиёда) ғосибники бўлади.
Чунки мол эгаси ўзи рози бўлиб талаб қилган миқдордаги тўловни олган. Энди зиёда чиқса, уни ҳам талаб қилишга ҳақи йўқ.
Агар ғасб қилинган ёки омонат нарсани ижарага қўйса ёхуд иккисида тасарруф ила фойда кўрган бўлса, садақа қилиб юборади.
Агар ғасб қилинган нарсани исми ўзгариб кетадиган даражада ўзгартиб юборган ва фойдасини кўпайтиб юборган бўлса, уни тўлаб беради. Унинг бадалини бергандан кейингина ўзига мулк қилиб олиши мумкин. Мисол учун, қўйни сўйиб пишириб юборган ёки мисни идиш қилиб юборган бўлса.

Тилло ва кумушда бунга хилоф ўлароқ иккисини ҳеч нарсасиз эгасига қайтариб берилади.
Агар ғосиб кийимни йиртган ёки унинг ўзини ёхуд фойдасининг баъзисини йўқотган бўлса, эгаси уни ғосибга қолдириб қийматини олади. Ёки уни олади ва ғосиб камини тўлаб беради.
Озгина йиртилганда эса, ғосиб нуқсонни тўлаб беради.
Ким ўзидан бошқанинг ерига бино қурса ёки дарахт экса, кўчириб олиб ерни қайтаришга амр қилинади.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким эгаси бўлмаган ерни обод қилса, у ҳақлидир», дедилар. Урва: «Умар розияллоҳу анҳу ўз халифалигида шунга ҳукм қилган», деди. Бухорий, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Бошқа бир ривоятда: «Ким ўлик ерни тирилтирлса, у ўшаникидир. Золимнинг у ерга экишга ҳаққи йўқдир», дейилган.

Молик кўчирилишига амр қилинган бино ёки дарахтнинг нуқсонини тўлаб беради.
Агар ғосиб кийимни қизилга бўяб қўйган бўлса, эгаси истаса оқ кийимнинг қийматини олади, истаса бўялган нарсани олиб, бўёқ зиёда қилган қийматни тўлайди.
Агар ғосиб кийимни қорага бўяб қўйган бўлса, эгаси истаса оқ кийимнинг қийматини олади, истаса бўялган нарсани оллади ва ғосибга ҳеч нарса бермайди
.
Бу гап Абу Ҳанийфа р-ҳ.ники. Чунки у кишининг даврида Бани Умаяя халифалига бўлиб уларда қора ранг нуқсон ҳисобланар эди. Аммо имом Абу Юсуф ва Муҳаммадлар қора ҳам қизилга ўхшаш ранг деганлар. Чунки икковларининг даврида аббосийлар қора рангни шиор қилиб олган эдилар.
Ғасб қилинган нарсадан ажрамаган ёки ажраган зиёда ҳалок бўлса, фақат қасддан қилингандагина тўлаб берилади. Шунингдек, эгаси талаб қилгандан кейин ман қилган бўлса ҳам, тўлаб беради.
Ғасб қилинган нарсадан ажрамаган зиёдадан семириш ва гўзаллашиш каби нарсалар ирода қилинади. Ажраган зиёдадан эса ҳайвонинг боласи ёки дарахтнинг меваси кабилар тушунилади. Мазкур фойдалар ғосибнинг қўлидаги омонатнинг ҳукмида бўлади. Чунки улар айнан ғосибнинг қўлида турган пайтда пайдо бўлган. Шунинг учун, мазкур зиёдалар ғосибнинг қўлида туриб табиий ҳолда ҳалокатга учраса, тўлаб берилмайди. Аммо ғосибнинг ўзи уларни ҳалокатга учратса, тўлаб беради. Агар молнинг эгаси ғосибдан нарсасини қайтариб беришни талаб қилгандан кейин унда ҳосил бўлган зиёда ҳалок бўлса ҳам тўлаб берилади.
Мусулмоннинг хамри, чўчқаси ва ғасб қилинган нарсанинг фойдаси тўлаб берилмайди.
Чунки хамр ва чўчқа мусулмон одам учун мол бўлмайди. Шунинг учун, мусулмоннинг хамри ва чўчқасига талофат етказган одам ким бўлишидан қатъий назар тўлаб бермайди. Аммо зиммийнинг хамри ва чўчқасига талофат етказган одам тўлаб беради. Чунки бу икки нарса зиммийлар учун мол ҳисобланади.
Ғасб қилинган нарсанинг фойдаси тўлаб берилмайди деганда, мисол учун, агар у ҳовли бўлса ундан ўтиргани учун ғосиб ҳақ бермаслиги тушунилади.
Ким ноҳақдан чақимчилик қилса ёки жарима соладиган ҳокимга мол борлиги ҳақида гапирса ва у жарима солса, зомин бўлади.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz