ВАСИЯТ ҲАҚИДА Принтер учун
18.04.2008 й.
ВАСИЯТ ҲАҚИДА
***

«Васият» луғатда етказиш маъносини англатади. Чунки, у ила васият қилгувчи бу дунёдаги яхшилигини охиратига ҳам етказади. «Васият» шариат бўйича, ўлимдан кейин қўшимча ҳақ сифатида ихтиёрий садақа таъйин қилишдир. Исломнинг аввалида ота-она ва яқин қириндошлар фойдасига васият қилиш вожиб эди.

Мусулмон инсон ўлимидан олдин молининг бунчасини отамга, бунчасини онамга, яна бу қисмини фалончига, у қисмини пистончига беринглар, деб васият қилар эди.
Мерос оятлари тушиши билан бу нарсалар амалдан қолиб, қолган молни оят асосида меросхўрлар орасида тақсим қилиш жорий қилинди.
Васият қилиш эса мандуб бўлиб, фақат молнинг учдан бирига ўтадиган бўлиб қолди. Васият фақат уни қилган шахснинг вафотидан кейин амалга оширилади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Васият қилгудек нарсаси бор мусулмон кишига васиятини ёзилган ҳолда ҳузурига қўймай икки кеча (бемор бўлиб) ётиб қолиши дуруст эмас», дедилар». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Иссиқ жонга ишониб бўлмас, киши бемор бўлиб ётиб қолиши билан васиятини гувоҳлар олдидан ёздириб қўйгани яхши. Чунки, бу молу-дунёга тегишли иш. Ёзиб қўйилмаса, кейинчалик меросхўрлар ўртасида жанжал чиқиб, қариндош-уруғ, ака-ука, опа-сингиллар ўртасига совуқлик тушиши мумкин. Баъзилар маййитнинг номидан хайру-эҳсон қилайлик, тарикасидан савобли жойларга сарф қилайлик деса, бошқалар кўнмаслиги мумкин.
Шунинг учун меросдан ташқари хайр нарсага сарф қилмоқчи бўлса, молнинг эгаси кўзининг очиқлигида ўзи таъйин қилгани яхши. Савобли иш қилган бўлади. Аммо ёзишнинг ўзи кифоя қилмайди, гувоҳлар ҳам бўлиши керак. Ёзилган нарса гувоҳларсиз тан олинмаслиги мумкин.
Ушбу ишга амал қилиш йўқ даражасига тушиб қолганидан деярли ҳар бир маййитнинг орқасидан унинг молу мулки тўғрисида жанжал чиқади. Шу эътибордан ҳар бир мусулмон одам бу ишга эътибор билан қараши керак.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам динор ҳам, дирҳам ҳам, қўй ҳам, туя ҳам тарк қилмадилар. Бир нарсани васият ҳам қилмадилар». Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ривоятдаги ва умуман ушбу фаслдаги ҳамма васият маъноси кишининг ўлими олдидан молу-мулки ҳақида васият қилмоғи ҳақидадир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз вафотларидан олдин васият қилмаганлар, чунки васият қилинадиган молу мулкнинг ўзи бўлмаган.
Бу эса Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг улуғворликлари, камтарликлари ва дунё ташвишидан узоқликлари аломатидир. Аллоҳ таоло у зот соллаллоҳу алайҳи васалламни бундоқ ташвишдан ўзи фориғ қилган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, бир эркак ёки аёл олтмиш йил Аллоҳнинг тоатида амал қилур, сўнгра икковларига ўлим ҳозир бўлур. Ана шунда зарарли васият қилиб қўйиб иккисига ҳам дўзах вожиб бўлур», дедилар» деб туриб Абу Ҳурайра: «Қилинган зарар етказмайдиган васият ёки қарздан сўнг» оятини қироат қилди». Абу Довуд ва Термизий саҳиҳ санад билан ривоят қилган.
Шарҳ: Эркак бўлсин, аёл бўлсин васият қилишда жуда эҳтиёт бўлиш кераклиги ушбу ривоятдан очиқ-ойдин кўриниб турибди.
Умр бўйи тоат ибодатда ўтиб ўлим олдидан битта зарарли васият қилиш билан дўзахи бўлиб қолиш мумкин экан.
Ўлими олдидан бировга, хусусан, ўз меросхўрларига зарар етказадиган васият қилиш мусулмон шахс учун ҳаромдир. Фалончига меросимдан берилмасин каби васиятлар зарарли васиятлар қаторига киради.
Бундоқ васият қилиш нотўғри эканига Қуръони Каримнинг мерослар оятида ҳам ишора борлигидан Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини айтиб бўлганларидан кейин, ўша оятни ҳам далил сифатида тиловат қилиб қўйганлар.

ВАСИЯТ УЧДАН БИРГАДИР

Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Фатҳ йили бемор бўлиб, унинг сабабидан ўлимга яқинлашдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мени кўргани келдилар. Шунда: «Эй, Аллоҳнинг Расули, менинг кўп молим бор ва биргина қизимдан бошқа меросхўрим йўқ. Молимнинг ҳаммасини васият қилайми?» дедим.
«Йўқ», дедилар.
«Молимнинг учдан иккисиничи?» дедим.
«Йўқ», дедилар.
«Яриминичи?» дедим.
«Йўқ», дедилар.
«Учдан бириничи?» дедим.
«Учдан бир. У ҳам кўпу. Албатта, сен меросхўрларингни бой ҳолларида ташлаб кетишинг, уларни юк бўлиб одамлардан тиланиб юрадиган қилиб ташлаб кетишингдан яхшироқдир. Сен ҳар ҳандай нафақа қилсанг ҳам, албатта, ажр оласан. Ҳаттоки, аёлингнинг оғзига тутган луқма учун ҳам ажр оласан», дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, энди ҳижратимдан ажраб қоламанми?!» дедим.
«Сен мендан кейин ажраб қолиб Аллоҳнинг розилигини ирода қилиб солиҳ амал қилсанг, албатта, мартабанг ва даражанг зиёда бўлур. Шоядки, сенининг ажраб қолишингдан бир қавмлар манфаат бўлсалар ва бошқалари зарар тортсалар. Эй, бор Худоё, асҳобларимнинг ҳижратларини олдингга ўтказгин ва уларни ортларига қайтармагин!» дедилар
». Бешовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида ҳурматлари юқори эканлиги.
Бу ҳодиса Маккада, фатҳ кунлари бўлган. Ана шундоқ серташвиш кунда ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақт топиб, Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг кўргани келишлари, улкан ҳурмат-эътиборга далолат қилади. Ҳадиснинг давомидаги муомалаларидан ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Саъд розияллоҳу анҳуни жуда ҳурмат қилишлари кўриниб турибди.
2. Бемор бўлиб ётган одам молини васият қилиш ҳақида қайғурмоғи, билмаса биладиган кишидан сўрамоғи лозимлиги. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу айнан шундоқ қилдилар.
3. Вафот этаётган киши молининг ҳаммаси, учдан иккиси ёки яримини хайр ишига васият қилиши жоиз эмаслиги.
4. Вафот этаётган киши молининг учдан бирини хайри-эҳсон ишига васият қилса жоизлиги.
Агар ундан озроқ бўлса яна ҳам яхшилиги. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга учдан бирга рухсат бериб туриб, кейин, учдан бири кўп, деб қўйишлари шуни кўрсатади.
Васият этаётган кишининг васияти учдан бирдан кўпга ўтмаслигини авввал ўрганганмиз. Ўша ҳукмни жорий қилини шига ушбу ҳадиси шариф далил эканини ҳам айтиб ўтганмиз.
Бундоқ қилишда меросхўрларнинг ҳақини ҳимоя қилиш, ҳамда молу-мулк эгасига ўз вафотидан олдин хайри-эҳсон қилишга ҳам маълум даражада имкон бериш борлигини ҳам гапирганмиз.
5. Мусулмон киши ўз фарзандларига орқасидан молиявий таъминот қолдириб кетишга ҳаракат қилмоғи яхши эканлиги.
6. Мўмин-мусулмон киши ҳалол-пок йўлда қилган ҳар бир нафақаси учун ажру савоб олиши аниқ эканлиги.
7. Аҳли аёлга қилинган сарф-харажатдан ҳам ажру-савоб олиш турган гап эканлиги. Эр ўз аёлининг оғзига тутган биргина луқма учун ҳам савоб олади. Бу эса, аҳли аёлнинг ризқи-рўзини яхшилаш учун ҳаракат қилмоқни тақозо қилади. Демак, баъзи кишиларнинг аҳли-аёлдан қисиб, хўжа кўрсинга нафақа қилишлари тўғри эмас.
8. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳунинг, эй, Аллоҳнинг Расули, энди, ҳижратмдан ажраб қоламанми?! деган лари, беморлигим туфайли Мадинага қайтиб кета олмай, Маккада қолиб кетсам, қилган ҳижратимдан ажраб қолган бўламанми? деганларидир.
9. Беморни кўргани келган одам, унинг кўнглини кўтарадиган гап қилмоғи лозимлиги.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга айнан шундоқ муомала қиладилар.
10. Вақтида ҳижрат қилган одам, беморлиги ёки бошқа ўз иродасидан ташқари сабаб туфайли ҳижрат жойига қайтиб бора олмай қолса, ҳижрати савоби камаймаслиги.
11. Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳуга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам башоратлар берганликлари:
а) Ажраб қолиб ҳам қилган ҳар бир солиҳ амаллари туфайли мартабалари ва даражалари билан бўлавериши. Шунинг учун ҳам у киши жаннатнинг башорати берилган ўн кишининг бири бўлган бўлсалар ажаб эмас.
б) У кишининг қолишларидан баъзи қавмлар-мўминлар манфаат топиши ва бошқалар-кофирлар зарар тортиши ҳақиқатда шундоқ бўлган.
Саъд ибн Абу Ваққос розияллоҳу анҳу кейин ҳам мўминларга фойда, кофирларга зарар етказадиган ишларни кўп қилганлар. Мазкур беморликларидан тузалиб кетиб ўн бешинчи ҳижрий санагача жиҳод ва улкан ишларни кўп қилиш шарафига муяссар бўлганлар.

Имрон ибн Ҳусойн розияллоҳу анҳудан: «Бир киши ўлими олдидан олтита қулини озод қилди. Унинг ўшалардан бошқа моли йўқ эди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни чиқариб учга бўлдилар. Сўнгра ораларида қуръа ташладилар. Кейин иккисини озод қилиб, тўрттаси қул бўйича қолдирдилар ва у кишига қаттиқ гап айтдилар». Муслим, Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Ўлим кўзга кўриниб қолганда, бошқа ҳеч нарса кўзга кўринмай охират ташвишини қилиб қолинади.
Ушбу ривоятнинг қаҳрамони ҳам шундоқ қилган, олтита қулдан иборат бор мулкини Аллоҳнинг йўлига атаб, уларни озод қилиб юборган.
Аслида қул озод қилиш жуда ҳам яхши иш. Лекин, бу сафаргиси ўлим тўшагида ётган киши томонидан қилингани учун Набий соллаллоҳу алайҳи васалламга ёқмаган. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур олти қулни чақиртириб келганлар. Ўлим олдидан қилинган қул озод қилишни васият ўрнида кўриб қулларни иккитадан учга бўлганлар. Васиятнинг учдан бирига ўтиш эътиборидан уч гуруҳдан қайси бирига қуръа чиқса озод бўлишини айтиб туриб қуръа ташлаганлар. Қуръа чиққан икки қулни озод бўлдингиз, деганлар. Қолган тўрттаси қул ҳолида меросхўрларга қоладиган бўлган. Шундоқ қилиб, васият молнинг учдан бирига ўтган.
Кейин Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳалиги кишига қилган нотўғри иши учун койиб қаттиқ гап айтганлар.
Демак, вафотдан олдин молнинг ҳаммасини хайри-эҳсонга атаб қилинган васиятга фақат молнинг учдан бир қисмида амал қилинади, холос.
Бу қоидага ҳеч ким хилоф қилган эмас. Фақат меросхўрлар ҳаммаси рози бўлсагина учдан бирдан кўпида ҳам васиятга амал қилиш мумкин.
Агар меросхўрлардан баъзисини ўз улушидан воз кечмоқчи бўлса ҳам, фақатгина меросни тақсим қилингандан кейингина воз кечиши мумкин. Тақсимдан олдин чиқиб кетса, мерос бўлишнинг табиий ва адолатли ҳолини бузилган бўлади.
Ушбу ривоятдан, баъзи бир айрим қийин ҳолатларда қуръа ташлаш жоизлиги ҳам билинади.

ВОРИСГА ВАСИЯТ ҚИЛИШ ЙЎҚ

Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг видолашув ҳажидаги хутбаларида: «Албатта, Аллоҳ ҳар бир ҳақ эгасига ҳақини берди. Ворисга васият қилиш йўқ. Болага тўшакка қараб нисбат берилади. Зинокорга тош берилади. Ҳисоблари эса Аллоҳга ҳавола. Ким отасидан бошқанинг (насабини) даъво қилса ёки ўз мавлоларидан бошқага қўшилиб олса, унга қиёматгача Аллоҳнинг узилмас лаънати бўлгай. Хотин эрининг уйидан унинг изнисиз нафақа қилмас», дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули, таомни ҳамми?» дейилди.
«У энг афзал молимизк-у», дедилар у зот
». Термизий ва унинг икки соҳиби ривоят қилган.
Шарҳ: Видолашув ҳажи пайтига келиб, Ислом дини аҳкомлари мукаммаллашиб бўлган эди. Шунинг учун ҳам ўша ҳаж видоловуш ҳажи бўлган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умри шарифлари охирлашиб қолганининг аломати бўлган.
Ушбу ривоятда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хутбаларидан келтирилаётган иқтибосда ҳам Ислом ҳукмларининг мукаммаллашганига ишорат бор.
У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, Аллоҳ ҳар бир ҳақ эгасига ҳақини берди, деганлари шуни кўрсатади.
Жумладан, мерос масаласида ҳам Аллоҳ таоло, мерос оятларида ҳар бир ҳақ эгасига ҳақини берган.
Шунинг учун ҳам, «Ворисга васият қилиш йўқ».
Яъни, меросхўрга васият қилиш йўқ. У Аллоҳ таоло бўлиб берган насибасини олади.
Маълумки, Исломнинг дастлабки даврида, меросни бўлиш мерос қолдирувчининг васиятига биноан тақсим қилинар эди. У ўз ўлимидан олдин, молимнинг бунчасини отамга, бунчаси боламга, у қисми фалончи қариндошимга, бу қисми пистончига берилсин, деб васият қилар ва ўша васиятга биноан тақсимланар эди.
Энди эса Аллоҳ таоло меросни меросхўрларга тақсимлаб қўйди, фақат ўша тақсимгагина амал қилинади. Бошқа ҳеч ким бу ишга аралаша олмайди. Жумладан, мерос қолдирувчи ҳам. У фалончи меросхўримга унча мерос берилсин, пистончи меросхўримга бунча мерос берилсин ҳам дея олмайди.
Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисдаги, болага тўшакка қараб нисбат берилади, деганлари, аёл кимнинг никоҳида бўлса – кимнинг тўшагида бўлса – ўша одамнинг боласи ҳисобланади, деганларидир.
Бу ҳолат баъзи одамлар, фалончи менинг болам, деб даъво қилиб қолган пайтда содир бўлади. Мисол учун, биров, фалон аёлнинг туққан боласи мендан бўлган, деб даъво қилиб қолди. Аёл эса инкор қилмоқда. Эри ҳам бола ўзимники демоқда. Бу ҳолда даъвогар ноҳақ ҳисобланади. У ўзини зино қилганлигини эътироф қилган киши сифатида оила кўрган киши бўлса, тошбўрон қилинади. Ҳадисдаги зинокорга тош берилади, дейилгани шуни билдиради.
Шариатда зоҳирий ҳолатга қараб ҳукм чиқарилаверади. Ҳақиқий «ҳисоблари эса Аллоҳга ҳавола». Ҳақиқий ҳукмни Аллоҳ таолонинг Ўзи қиёматда чиқаради. Ким ёлғон гапирган бўлса, қилганига яраша тортади.
Қасддан бировнинг насабига қўшилишни Исломда қаттиқ қораланади. Бу ўзидан бўлмаган болани, меники дейишни қаршиси, ўзининг отаси бўлмаган одамни, менинг отам, қабилани, менинг қабилам, дейишдир.
Чунки, бу ҳолларда кўпгина ношаръий ишлар содир бўлади, ҳақ-ҳуқуқлар поймол этилади. Бегона одам ёлғон даъво билан маҳрам ҳолига кириб олиши, мўмина-муслималар билан ношаръий ҳолатларда бўлиши, мерос олиши ва бошқаларнинг меросдаги насибаларини бузиб юбориши мумкин.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадисда, ундоқ одамга Аллоҳ таолони лаънати узилмай етиб туришини таъкидлаб айтмоқдалар. Қиёматда эса, қилганига яраша жазосини оладир.
Шу билан бирга бу ҳадисда мўмина-муслима аёл ўз эрининг уйидан унинг изнисиз нафақа қилиши жоиз эмаслиги ҳам таъкидланмоқда.
Кишилар томонидан, аёл киши таомни ҳам эрининг изни билан бериши керакми? деган маънодаги саволга, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, ҳа, деган маънода жавоб бердилар.
Ўйлаб кўрадиган бўлсак, оиладаги кўпгина келишмовчиликлар, уруш-жанжаллар ушбу набавий амрга амал қилмаслик оқибатидан келиб чиқади.
Хонимлар ўз эрларидан сўрамай ўзларига яқин ёки маъқул кишиларга уйдаги нарсаларни бериб юборишади. Эр билгандан кейин аччиғи чиқади. Ҳеч бўлмаганда сўрамай бериб юборганлик оғир ботади ва оқибатда, оилада ноқулай ҳолат вужудга келади.

ВАСИЙ ЕТИМНИНГ МОЛИДАН МАЪРУФ ИЛА ЕЙДИ

Васий етим болаларга қараб, уларнинг мол-мулкларининг тасарруф қилиб туриш топширилган шахсдир.
Васийни ўлими олдидан отанинг ўзи васият йўли билан, қариндош уруғлар маслаҳат билан ёки мусулмон ҳоким фармон билан таъйинлаши мумкин.
Исломдаги бу ҳукм гўдак-етим болаларнинг молу-мулкини беҳудага зое бўлмаслиги учун шариатга киритилган.
Иккинчи хил васий бўлиш ҳам мумкин. Етим бўлмаса ҳам молни исроф қиладиган, эси паст одамларга ҳам васий таъйин қилиниши мумкин.
Ҳокимнинг фармони билан эси паст, исрофчи, нотўғри сарф харажат қиладиган кишилар молиявий муомала қилиш ҳаққидан маҳрум қилинади. Унинг қилган молиявий ишлари қонуний кучга эга бўлмайди. Фақат унинг васийсигина бу ишни қилиши мумкин.
Одатда васийликка диндорлиги ва омонатлилиги билан машҳур кишилар таъйин қилинади. Шу билан бирга Аллоҳ таоло васийларни ўз қарамоғидаги кишининг молини ейишдан қаттиқ огоҳлантиради.

Аллоҳ таоло: «Албатта, етимларнинг молларини зулм ила ейдиганлар, қоринларида оловни ерлар ва, албатта, қизиган дўзахга кирурлар», деган.
Шарҳ: Ушбу оят етимларга васий бўлган кишилар учун қаттиқ эслатмадир. Ушбу оят нозил бўлганидан кейин васийлар қаттиқ қўрқиб, ўз таомлари ва ичимликларини қарамоғларидаги етимларнинг таом ва ичимликларидан ажратиб қўйдилар. Ҳатто, етимлардан ортиб қолган таомларга ҳам яқин йўлламай қўйдилар. Васийлар учун машаққат туғилди. Бу ҳолни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга айтилган эди, Аллоҳ таоло: «Сендан етимлар ҳақида сўрайдилар...» оятини нозил қилиб, маъруф йўл билан ейиш мумкинлигини баён қилди.
Молиявий тасарруфда эси паст бўлган кишиларнинг васийларига хитоб қилиб Аллоҳ таоло:
«Аллоҳ (ҳаётингизни) тургизиш (воситаси) қилган мол-мулкларингизни эси пастларга берманг. Уларни ўша моллардан ризқлантиринг, кийинтиринг ва уларга яхши сўзлар айтинг», дейди.
Уламоларимиз молу мулкни яхши тасарруф қила олмайдиган ҳар бир киши ушбу оятдаги «эси паст»дан кўзланган шахс бўлади, деганлар.
Ушбу ояти каримага амал қилиб, уламоларимиз «ҳажр» деб аталган қоидани ишлаб чиққанлар. Бу сўз луғавий жиҳатдан қотириш маъносини англатади. Шариатда эса, эси пастларга, яъни, молни яхши тасарруф қилишни билмайдиганларга молларини ўз ҳолига ишлатишни ман этишдир.
Шундоқ қилиб мусулмонларга фойда келтирадиган молу мулкни ноўрин сарфлаш, исроф қилишни олди олинган бўлади. Шу билан бирга эси пастнинг васийга ҳам унинг молини ноҳақдан емаслиги лозим.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Ким бой бўлса, иффатли бўлсин. Ким камбағал бўлса, тўғрилик билан есин», етимнинг валийси ҳақида нозил бўлгандир. Агар муҳтож бўлса, унинг молидан, моли миқдорида маъруф йўл билан олади», дедилар». Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Яъни, ояти каримада агар етимнинг васийси бой бўлса, иффатини сақласин, етимнинг молига ҳеч тегмасин. Аммо камбағал бўлса, эҳтиёжига яраша, маъруф йўл билан етимнинг молидан фойдаланса бўлади, дейилмоқда. Топганда жойига қўйиб қўяди, дейдилар, баъзи уламоларимиз.
Демак, етимнинг васийси унинг молидан маъруф йўл билан емоғи Қуръонда бор ҳукм экан.

Амр ибн Шуъайбдан, у отасидан, у бобосидан розияллоҳу анҳум ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига келиб: «Мен фақирман. Менинг ҳеч нарсам йўқ. Қарамоғимда бир етим бор», деди. Шунда у зот: «Етимингнинг молидан исроф қилмай, шошилмай ва ўзингники қилиб олмай егин», дедилар». Абу Довуд ва Насаий ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ривоятда зикри келган васийнинг гапидан, қарамоғидаги етимнинг молидан есам бўладими? деган савол чиққан. Шунинг учун Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга жавоб берганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, шошилмай, деганлари етим балоғатга етиб қолса, унга молини топширишим керак бўлади, шунинг учун тезроқ фойдаланиб олай, деб етимнинг молини ўз мақсадлари йўлида сарфлашдан қайтаришдир.
У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, ўзингники қилиб олмай, деганлари, васий турли йўллар билан етимнинг молини ўз ҳисобига ўтказиб олиши жоиз эмаслигини кўрсатади.
Васий муҳтож бўлса, етимга қарагани учун, унинг ўша хизматини қиладиган одам қанча хизмат ҳақи олса шунча олишга ҳақи бор. Ортиқча олса маъруф йўл билан олган бўлмайди. У ҳолда етимнинг молини ноҳақдан еган бўлади ва юқоридаги оятда зикр қилинганларга қўшилиб, қорнига оловни еган бўлади.

Абу Зарр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Эй, Абу Зарр, мен сенинг заифлигингни кўриб турибман. Албаттта, мен ўзимга яхши кўрган нарсани сенга ҳам яхши кўраман. Зинҳор ва зинҳор икки кишига ҳам амир бўлмагин, етимнинг молига валий бўлмагин», дедилар». Абу Довуд ва Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Амир ва васий бўлишлик ўта улуғ омонатли ишдир. Шу билан бирга ўта нозик иш ҳамдир. Бу мақомларда эҳтиёт бўлмаган одам бир зумда охиратини куйдириб олиши ҳеч нарса эмас. Икки кишига бўлса ҳам амир бўлган одам адолат билан иш тутмоғи, зулм қилмаслиги керак. Агар заррача зулм қилса, золимлардан бўлади. Золимлар эса, қиёмат кунининг зулматидадирлар.
Шунингдек, етимнинг молини еб қўйиш туфайли қоринга дўзахнинг оловини еб олиш мумкин.
Абу Зарр Ғифорий розияллоҳу анҳу бунга ўхшаш ишларни идора қилишда, бошқаришда заиф бўлганлар. Шунинг учун у кишига Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам мазкур ишларни ўз зиммасига олмасликни насиҳат қилганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, ўзимга яхши кўрган нарсани сенга ҳам яхши кўраман, дейишлари, агар мен ҳам сенга ўхшаш бўлганимда бу ишни қилмас эдим, деган маънога ишоратдир.
Албатта, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ишлардан заиф бўлмаганлар балки амирларнинг амири, васийларнинг васийси бўлганлар ва бу ишларни мутлоқ адолат билан адо этганлар.
Демак, эплай олмайдиган шахс амир ҳам, васий ҳам бўлмаслиги керак.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri