Ал-Олим ва ал-Мутаъаллим Принтер учун
09.05.2008 й.
Сен уларнинг камчиликларидан баъзиларини кўриб, уларга қарши далил излаётганингни пайқадим. Агарда улар сенга: «саҳобаларга етган нарса сизга етмайдими?» десалар, уларга: «саҳобаларнинг ўринларида бўлганимда, уларга етган нарса менга ҳам етарди, аммо уларнинг ҳузурида бўлган зот менинг ёнимда йўқ», дегин.

(Устоз ва шогирд)

Ушбу китобнинг номи, гарчи олим ва таълим олувчи, деган маънони англатса-да, биз уни «Устоз ва Шогирд», деб таржима қилдик. Зеро, китоб Абу Ҳанифа билан у зоти шарифнинг шогирдлари Имом Абу Балхий савол-жавоблари асосида таълиф этилган. Устоз ва шогирд ўртасида бўлиб ўтган илмий баҳсу мунозарани Имом Абу Муқотил ибн Муслим ас-Самарқандий ривоят қилиб, бизгача етказган. Китобдаги савол-жавоблар ҳар бир мусулмон билиши зарур бўлган ўта муҳим ва ўта нозик масалаларни қамраб олган. Уни диққат билан ўқиб чиққан ватандошларимиз, хусусан, толиби илмлар исломий эътиқодга оид ўзларини қийнаб юрган саволларга қониқарли жавоб топадилар, деб умид қиламиз.

Китоб шундай бошланади:

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

Аллоҳга ҳамд бўлсинки, Унинг инъомлари (неъматлари) боис солиҳ амаллар камолот чўққисига эришади.
Саййидларнинг Саййиди, хожамиз Муҳаммад, соллаллоҳу алайҳи ва саллам ва у зотнинг авлодларига, саҳобаларига ва покиза аҳли аёлларига дуруду салом бўлсин!
Яратилиш ва парҳезкорлик жиҳатидан ҳам энг ҳақир бўлган, балки, ҳақиқатдан ҳам ҳеч нарсага арзимайдиган Мустафо Ошир, Аллоҳ уни мағфират қилсин ва номини гунохларидан кўра азиз қилсин, деди:
- Мен бузрук имомимиз Абу Ҳанифанинг (Аллоҳ у зотдан рози бўлсин) «ал-Олим ва ал-Мутааллим» асарини пирим ва устозим Ҳожи Ҳусайн ибн Муҳаммад ибн Ҳасан ал-Миймий ал-Басрийдан (Аллоҳ раҳмат қилсин у зотни) ривоят қиламан...
Китобни мазкур сўзлар билан бошлаган Мустафо Ошир ҳақиқатдан ҳам «ал-Олим ва ал-Мутааллим» рисоласи Имоми Аъзам қаламларига мансуб эканлигини исбот қилиш учун мазкур рисолани бевосита Имомимизнинг оғизларидан эшитган Имом Абу Муқотил Ҳафс ибн Муслим ас-Самарқандийгача яшаб ўтган барча ровийларнинг номларини бирма-бир санаб ўтган.
Худди шунингдек, Мустафо Ошир Абу Ҳанифанинг «ал-Фиқҳ ал-Абсат» асарини имомимизнинг оғизларидан у зотнинг шогирдлари Абу Мутиъ ал-Ҳакам ибн Абдул-лоҳ ал-Балхий, «ал-Фиқҳ ал-Акбар»ни эса Имомимизнинг ўғиллари Ҳаммод ибн Абу Ҳанифа эшитиб, ривоят қилганларини таъкидламоқ учун уларгача бўлган ҳамма ровийларни номма-ном баён қилган.
Биз ўқувчиларга малол келтирмасликни назарда тутиб, китобларни ривоят қилишда иштирок этган ровий-ларнинг тўлиқ номларини муфассал баён қилишни лозим топмадик. Уларни билишни истаганлар китобларнинг асл нусхаларига мурожаат этишлари мумкин.

УСТОЗ ВА ШОГИРД

Шогирд:
- Устоз! Чуқур билимингиз, бой тажрибангиз, фазлу карамингиз ёрдамида кўнглимдан жой олган шубҳали саволларга қониқарли ва аниқ жавоб олиш учун ҳузурингизга келдим. Ҳаёт тақозоси билан мен турли хил фикрдаги одамларни учратиб тураман ва улар менга баъзида шундай саволлар берадиларки, уларга жавоб топишдан ожиз бўлиб қоламан. Уларнинг саволларига жавоб беролмасам-да, билганим ҳақиқатдан қайтмайман. Зеро, ҳақни баён этгувчилар бор. Ҳақ йўқ бўлмайди. Ботил яшамайди.
Шунингдек, мени ҳали ҳеч нарсани билиб улгурмаган ёш толиби илмларга тенглаштиришларини ва гоҳида мени кўнглига келган нарсани айтаверадиган «бирсом» (жигар билан қалб ўртасининг шамоллашидан пайдо бўладиган касаллик) дардига мубтало бўлган беморга қиёс қилишларини истамайман. Шунинг учун, устоз, Аллоҳ таоло ҳолингизни хайрли қилсин, эргашганим ҳақиқат аслини билишни ва уни сўзлашни истайман, токи ҳаводор ҳаддан ошмоқчи ё мени ҳақдан қайтармоқчи бўлса, мақсадига эришмасин, ё толиби илм мендан таълим олмоққа келса, унга ўзим тушиниб, ўргатай.
Устоз:
- Билмаган нарсларингни билишга интилишинг ҳар қанча таҳсинларга лойиқ. Билиб қўйгинки, инсон жисмидаги ҳамма аъзолар унинг кўзларига боғлиқ бўлганидек, унинг амаллари ҳам илмга боғлиқдир. Чўлда, адашилганида керак бўлган кўп озуқадан кўра тўғри юрилганида, зарур бўлган озгина озуқа қанчалик фойдали бўлса, илмга асосланган озгина амал ҳам жаҳолат ила қилинган ҳар қанча кўп амаллардан фойдалироқдир. Шунинг учун Аллоҳ таоло: «..."Биладиганлар билан билмайдиганлар тенг бўлурми?!" Дарҳақиқат, фақат ақл эгаларигина эслатма олурлар» (Зумар, 9, мазмуни), деб марҳамат қилади.
Шогирд:
- Қалбимда илм олишга бўлган иштиёқимни янада зиёда қилдингиз, устоз. Юқорида айтганимдек, мен турли савиядаги одамлар билан мулоқотда бўлиб тураман. Улардан, иншааллоҳ, менинг назаримда энг паст савияда бўлганларидан гапни бошлайман. Менга уларга қарши далилларни айтинг. «Бу ишга асло дахл этма. Зеро, саҳобалар ҳам бу ишларнинг ҳеч бирига дахл этмаганлар. Улар қилганини қил», дейдиган тоифаларни кўрдим. Улар мени билганимдан ҳам оширишди. Улар тошқин дарё ичида турган, унинг саёз жойини билмаганидан ғарқ бўлаётганга, жойингда тур, саёз жойни излама, деяётган кишига ўхшайдилар.
Устоз:
- Сен уларнинг камчиликларидан баъзиларини кўриб, уларга қарши далил излаётганингни пайқадим. Агарда улар сенга: «саҳобаларга етган нарса сизга етмайдими?» десалар, уларга: «саҳобаларнинг ўринларида бўлганимда, уларга етган нарса менга ҳам етарди, аммо уларнинг ҳузурида бўлган зот менинг ёнимда йўқ», дегин.
Биз, бизни бадном қилувчиларни ва қонларимизни тўкишни ҳалол дегувчиларга дучор бўлдик. Қайси биримиз ноҳақ ва қайси биримиз ҳақ? Буни билмаслигимиз мумкин эмас. Биз ўзимизни ва номусимизни ҳимоя қилмоғимиз лозим. Расулуллоҳнинг, алайҳиссалом, асҳоблари эса, қарши курашувчилари бўлмаганидан аслаҳага эҳтиёж сезмаган халққа ўхшар эдилар. Биз эса, бизни бадном қилувчиларга ва қонларимизни тўкишни ҳалол дегувчиларга дучор бўлдик.
Инсонлар келишолмаган масалани эшитганида киши сўзлашдан тилини тийсада, қалбини тиёлмайди. Зеро, қалб томонлардан бирини ё иккисини ҳам ёқтирмаслиги керак. Аммо келишолмаган томонларнинг ҳаммасини ёқтириши мумкин эмас.
Агар қалб зулмга мойил бўлса, золимларни яхши кўради. Қайси халқни яхши кўрса, улар жумласидан бўлади. Агар қалб ҳаққа ва унга эргашганларга мойил бўлса, уларга дўст бўлади. Бунинг сабаби шуки, амал ва сўзларнинг юзага чиқиши қалбга боғлиқдир. Шунинг учун ҳам тил билан имон келтириб, қалб билан имон келтирмаган банда Аллоҳ наздида мўмин эмас ва аксинча, қалб билан имон келтириб, тил билан имон келтирмаган банда Унинг наздида мўминдир.
Шогирд:
- Устоз, айтинг-чи, ким ҳақу ким ноҳақ эканлигини билмаслигимнинг менга зарари борми?
Устоз:
- Ҳақни ноҳақдан ажрата олмаслигинг сенга бир томондангина зарар қилмайди. Бошқа томонлардан ҳам зарар қилади. Сенга зарари етмайдиган томони шундаки, сен ноҳақнинг амали учун жазо олмайсан, Аммо унинг сенга зарарли томонлари эса ушбулардир:
1. Тўғрини нотўғридан ажрата олмаслигинг сабабли одамлар орасида илми йўқ экан, деган ном оласан; Ҳақ ёки ноҳақ эканлигингни билмаслигинг хато қиляпсанми ёки йўқми, ажрата олмаслигинг сабабли сени шубҳага туширади ва ундан чиқиш йўлини билмайсан; Ҳақни ноҳақдан ажрата олмаслигинг натижасида сен бировни Аллоҳ ризолиги учун яхши кўришингни ва ёки бировни Аллоҳ ризолиги учунгина ёмон кўришингни билмай қоласан.
Шогирд:
- Устоз, кўзларимдан жаҳолат пардасини олиб ташладингиз. Айтинг-чи, устоз, тўғри деб билинган киши мухолифларининг тўғрилигини ёки адашганини билмаса, уни ҳақиқатни билувчи ҳақиқат аҳлидан деб аташ мумкинми?
Устоз:
- Тўғри деб билинган киши мухолифларининг тўғрилигини ё адашганини билмаса, адашган ва тўғрини билмаган жоҳилдир. Эй биродар! Улар менинг наздимда энг жоҳил ва паст тоифадир. Улар оппоқ кўйлак сотиб олиб, бир-биридан унинг рангини суриштираётган тўрт кишига ўхшайди. Уларнинг бири кўйлакнинг рангини қизил дейди, бошқаси сариқ, учинчиси эса қора ва ниҳоят, тўртинчиси унинг ранги оқ, дейди. Учови ҳақида қандай фикрдасан, улар ҳақмилар ёки адашдиларми? — деб тўртинчисидан сўралса, у, мен аниқ биламанки, кўйлакнинг ранги оқ, аммо улар ҳақ бўлсалар ҳам ажаб эмас, деб жавоб беради. Худди шунингдек, бу тоифадаги одамлар: «биз аниқ биламизки, зинокор кофир эмас» ва «Зинокор зино қилаётган вақтида ундан имони кўйлагини ечган каби ечилади», деб ривоят қилган ровий, ажаб эмаски, ростгўй бўлса, биз уни ёлғончи ҳисобламаймиз, дейдилар. Шунингдек, улар: биз имкони бўла туриб, ҳаж қилмасдан вафот этган бандани мўмин деб атаймиз, унга жаноза ўқиймиз, талаби мағфират қиламиз ва унинг учун ҳажжи бадал амалини адо этамиз, яҳудий қавмида ва ёки масиҳий қавмида вафот қилибди, дейдиганларни ҳам ёлғончига чиқармаймиз, дейишади. Бундай тоифадаги одамлар шиалар, хаворижлар ва муржиаларнинг айтганларини инкор этадилар, аммо уларнинг сўзларини айтадилар.
Бу уч тоифанинг сафсаталарини рост дегувчилар, ёлғон деб ҳисоблайдиганлар ҳам бор. Яна бу борада, Расулуллоҳ, алайҳиссалом, айтганлар, деб ҳисоблаганлари ривоятлар келтиришади. Улар: биз, шубҳасиз, Аллоҳ таоло Расулини (с.а.в.) ихтилоф чиқариш, мусулмонлар бир-бирларининг юзларини тирнашлари учун эмас, балки раҳмат этиб, тарқалганларни бирлаштириш, иттифоқни кучайтириш учун юборганини биламиз, дейишади ва ихтилофлар ривоятларнинг турли-туманлиги боис рўй бергандир, уларнинг носих ва мансухлари бор, деб ўйлайдилар-у, ривоятларни қандай эшитган бўлсак, шундай ривоят қиламиз, дейишади. Хайф уларгаки, оқибатларига тегишли ишларга оз аҳамият берадилар, одамлар олдиларида тик туриб, баъзи мансух бўлганларни айтадилар. Ваҳоланки, бугунги кунда мансухларга амал қилиш залолатдир. Чунки одамлар, мансухларга амал қилсалар, залолатга кетадилар.
Бизга маълумки Пайғамбаримиз, алайҳиссалом, бир оятни ҳеч қачон икки хил тафсир қилмаганлар, барча инсонларга носих оятларни носих ва мансухларни мансух, деб тафсир этганлар. Носих ва мансух масаласи фақат амр ва наҳийга оид оятларга дахлдордир. Хабар ва сифатларнинг ҳеч бирида мансух йўқдир.
Шогирд:
Устоз, Аллоҳ Сизни Жаннат билан сийласин. Ҳақиқатдан ҳам, сиз олижаноб муаллим экансиз. Илм соҳасида мен билмаган янги бобни очиб бердингиз. Мазкур тоифадаги одамлар сўзларининг заифлиги, фикрларининг ожизлигини чуқур билишда мен эътибор қилмаган томонларини баён этдингиз. Энди иккинчи тоифа кишиларнинг: «Аллоҳнинг дини кўп, у, яъни дин, Аллоҳ фарз этган барча амални бажариш, ҳаром қилган ҳамма нарсалардан сақланиш», дейишларини рад қилиш йўлини айтинг.
Устоз:
- Сен барча пайғамбарлар бир динда эканликларини билмасмидинг?! Уларнинг ҳеч бири қавмини ўзидан олдин ўтган пайғамбарнинг динини тарк этишга даъват қилмаган. Зеро, ҳамма пайғамбарларнинг дини бир бўлган. Ҳар бир пайғамбар ўз шариатига даъват этган, ўзидан аввал ўтган пайғамбарнинг шариатидан қайтарган. Уларнинг шариати ҳар хил ва кўп бўлган. Шунинг учун Аллоҳ: «...Ҳар бир (уммат) учун (алоҳида) шариат ва йўл (тайин) қилиб қўйдик. Агар Аллоҳ хоҳласа эди, сизларни бир уммат (бир хил шариатда) қилиб қўйган бўлур эди...» (Моида, 48, мазмуни). Аллоҳ уларга бир динни барпо этишни буюрган. У дин тавҳид - Аллоҳни бир ва ягона, деб эътиқод қилмоқлик динидир. Аллоҳ бандаларнинг ушбу динда гуруҳ-гуруҳ, тоифа-тоифа бўлиб кетмасликларини буюрган. Аллоҳ уларнинг динини битта қилган.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Аллоҳ Нуҳга тавсия қилгани, ваҳий орқали хабар бергани ва сизга (эй Муҳаммад), Иброҳимга, Мусога, Исога тавсия қилганлари диндан эканлигини шаръий (қонуний) қилиб қўйди».
«...сизлар учун дин бўйича Нуҳга буюрган нарсани ва Биз сизга (Муҳаммадга) ваҳий қилган нарсани, (шунинг-дек), Биз Иброҳим, Мусо ва Исога буюрган нарсани -шариат қилди...» (Шўро, 13, мазмуни). Бундан ташқари Аллоҳ бошқа оятларида ҳам: «(Эй, Муҳаммад,) Сиздан илгари Биз юборган ҳар бир пайғамбарга ҳам: "Мендан ўзга илоҳ йўқ, бас, Менга ибодат қилинглар", — деб ваҳий юборгандирмиз» (Анбиё, 25, мазмуни).
«...Аллоҳнинг яратувчилигини (англангиз!). Аллоҳнинг яратишига ўзгартириш йўқ. Энг тўғри дин шудир...» (Рум, 30, мазмуни). Аллоҳнинг динини ўзгартириб бўлмас. Дин алмаштирилган, бузилган ва ўзгартирилган эмас. Аммо шариатлар ўзгартирилган ва алмаштирилган. Аллоҳ баъзи халқларга ҳалол этган нарсани бошқа халққа ҳаром қилган, Аллоҳ баъзи бир ишни бир халққа амр қилган ва бошқа халқни ундан қайтарган. Шундай бўлгач, шариатлар кўп ва турли-туман бўлган. Шариатлар амрлардир.
Агар Аллоҳ таолонинг ҳамма амрларини бажариш ва барча қайтариқларидан тийилиш дин бўлса, Аллоҳ таолонинг бирор амрини бажармаган ё бирор қайтариғига қўл урган кимса диндан чиқади ва кофир бўлади. Агар кофир бўлса у билан мусулмонлар орасидаги никоҳ, мерос, жаноза, сўйганини ейиш каби ишлар йўқ бўлади. Зеро, Аллоҳ таоло уларнинг барчасини мўминлар ўртасида жорий қилган. Имон сабабли бир-бирларига ношаръий қон тўкиш ва молларини ношаръий ейишни ҳаром қилган.
Аллоҳ таоло мўминларни, динга иқрор бўлганларидан сўнг уларга фарзларни адо этишни амр этган. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«(Эй, Муҳаммад), имон келтирган бандаларимга айтинг, намозни мукаммал адо этсинлар...» (Иброҳим, 31, мазмуни}, «Эй, имон келтирганлар, тақволи бўлишларингиз учун сизлардан олдинги (уммат)ларга фарз қилингани каби сизларга ҳам рўза тутиш фарз қилинди...» (Бақара, 183, мазмуни), «Эй, имон келтирганлар! Сизларга ўлдирилган кишилар учун қасос олиш фарз қилинди...» (Бақара, 178, мазмуни); «Эй имон келтирган бандалар, Аллоҳни кўп зикр қилинглар!..» (Аҳзоб, 41, мазмуни).
Ушбу фарзлар имон бўлганида эди, оятларда Аллоҳ таоло уларни бажармасларидан илгари бандаларни мўминлар, деб хитобан атамаган бўлур эди. Шубҳасиз, Аллоҳ таоло имон ва амал ўртасини ажратди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади: «Имон келтириб, солиҳ амалларни қилганларга...» (Бақара, 25, мазмуни); «Йўқ, кимки юзини (ўзини) Аллоҳга бўйсундирса, Рабби ҳузурида унга ажр муҳайёдир...» (Бақара, 122, мазмуни); «Кимки охиратни истаса ва мўминлик ҳолвда (ўз) саъйи билан ҳаракат қилса, бас, ундай зотларнинг саъйлари (Аллоҳ наздида) манзурдир» (ал-Исро, 19, мазмуни).
Аллоҳ таоло имонни амалдан бошқа этди. Мўминлар Аллоҳга имон келтирганликларидан намоз ўқийдилар, закот берадилар, рўза тутадилар, ҳажга борадилар ва Аллоҳни зикр қиладилар. Улар намоз ўқишлари, закот беришлари, рўза тутишлари ва ҳажга боришларидан Аллоҳга имон келтирмайдилар. Улар аввал имон келтириб, сўнг амал қиладилар. Шунинг учун уларнинг фарзларни бажаришлари Аллоҳ таолога имон келтирганликларидандир. Уларнинг имонлари фарзларни бажарганликларидан эмас.
Бунга мисол: Бир одам қарздор бўлса, у, аввало, қарздорлигига иқрор бўлади, сўнгра қарзини тўлайди. У ҳеч қачон олдин қарзини тўлаб, сўнгра қарзига иқрор бўлмайди. Унинг қарзига иқрор бўлиши уни тўлаганидан эмас, балки унинг қарзини қайтариши қарзига иқрор бўлишидандир. Қуллар хожаларига хизмат қилганларидан уларга қулликни иқрор этмайдилар, балки қуллар хожаларига қул эканликларига иқрор бўлганидан уларга хизмат қиладилар.
Сизлар ҳам бир-бирингизга хизмат қиласиз, бу билан қулликка иқрор бўлган бўлмайсиз, хизмат қилишни қулликка иқрорлик дейилмайди. Бошқа биров қулликка иқрор бўлса-да, ишламаса ундан қуллик исми йўқолмайди.
Шогирд:
- Жуда яхши тушунтирдингиз, устоз. Менга айтинчи, имон ўзи нима?
Устоз:
— Имон тасдиқ, маърифат, яқийн (шубҳасизлик), иқрор ва Исломдан иборатдир. Тасдиқ қилишда одамлар уч хил даражада бўладилар:
Аллоҳни ва У томондан келган барча нарсани дили ва тили билан тасдиқ қиладиганлар;
Аллоҳни ва У томондан келган барча нарсани дили билан тасдиқ қиладиган, аммо тили билан инкор этадиганлар;
Аллоҳни ва У томонидан келган барча нарсани тили билан тасдиқ қиладиган ва аммо дили билан инкор этадиганлар.
Шогирд:
- Устоз, мен топа олмай юрган масалани очдингиз. Айтинг-чи, мазкур уч даражадаги одамлар Аллоҳ таоло наздида мўмин ҳисобланадими?
Устоз:
- Аллоҳни ва У томонидан келган барча нарсаларни дили ва тили билан тасдиқ қилган бандалар Аллоҳ наздида ҳам, одамлар наздида ҳам мўминдирлар.
Тили билангина тасдиқ қилиб, дили билан инкор этган банда Аллоҳ наздида кофир, аммо одамлар наздида мўминдир. Чунки, одамлар бундай кимсанинг қалбида нима борлигини билмайдилар. Шунинг учун одамлар ундан зоҳир бўлган иқрорига қараб, уни мўмин, деб аташлари мумкин. Улар қалбларни билишга қийналишлари керак эмас.
Одамлардан, уларнинг наздида кофири, лекин Аллоҳ таоло наздида мўмини бор. Улар диллари билан Аллоҳни тасдиқ қиладилар, лекин улар хавфу хатардан ўзларини ҳимоя қилиш учун тиллари билан куфрни изҳор қиладилар ва одамлар уларнинг эҳтиёткорлигини билмай, уларни кофирлар деб атайдилар. Аммо улар Аллоҳ наздида мўминдирлар.
Шогирд:
- Кўп яхши гапларни айтдингиз, устоз. Аммо имонни тасдиқ, маърифат, яқийн, иқрор ва Ислом деб кўп ҳисобладингизми?
Устоз:
- Сен кўпам шошилаверма, фатвода эҳтиёт бўл. Менинг айтаётганимга эътирозинг бўлса, самимий бўлсанг, мендан уларни шархлаб беришни сўра! Одам эшитган сўзини ёқтирмаслиги ҳам мумкин. Унга агар сўз шархлаб берилса, ундан қониқиш пайдо бўлади. Сен бир гапни эшитиб ёқмагани учун уни қоралаш мақсадида, бу сўзнинг мен билмаган тафсири ва сабаби бўлса керак, биродаримдан унинг тафсирини сўрайин, балки, бу сўзлар унинг оғзидан беихтиёр чиқиб кетгандир, уни аниқлаб олсам яхши бўларди, унинг асл мақсадини билмасдан туриб, уни айбдор қилишим дуруст эмас, деб одамлар орасида тарқатиб юрувчига ўхшама.
Шогирд:
- Устоз, Аллоҳ сизни собитқадам қилсин, сизга берган яхшиликни давомли қилсин! Сўзларингизни англаб етдим. Мендан содир бўлган нуқсону камчиликни кечиринг, мен ҳали ғўр шогирдман. Менга сиз тавсиф қилган тасдиқ, маърифат, иқрор, Ислом ва яқийнларнинг эътиборингиздаги даражаларини ва тафсирини айтиб беринг.
Устоз:
- Мазкур калималар турли бўлса ҳам, аммо уларнинг маънолари бир, яъни Имондир. Аллоҳни парвардигорим деб иқрор бўлиш, Уни парвардигорим деб тасдиқ қилиш, Уни парвардигорим деб яқийн этиш, Уни парвардигорим деб таниш (маърифат) Имондир. Бу сўзлар турли бўлса ҳам, уларнинг маъноси бирдир. Масалан, бир кишини: эй одам, эй киши, эй фалончи дейилса ҳам, унинг бир ўзи чақирилади.
Шогирд:
- Устоз, агар илмим саёзлигини ва раъйим заифлигини билмаганимда, ҳузурингизга келмаган бўлардим. Устоз, мендан сизга ёқмайдиган ҳатти-ҳаракат содир бўлганини сезган ёки оғирлик ўтган бўлса, мени койиманг. Зеро, беморни даволаш оғирлиги табибга, кўзи ожизнинг оғирлиги кўзи очиққа тушади. Худди шунингдек, олим саводсиз одамнинг оғирлигини кўтариши лозим. Сўзларингиздан жоҳил одам эшитса, унга ёқмайдиган сўзлар борлигини, агар унга ётиғи билан тушунтирилса, қаноат ҳосил қилишини англадим. Шунингдек, имон, тасдиқ, маърифат, яқийн ва иқрорни жуда яхши тушунтирдингиз. Энди айтингчи, бизнинг имонимиз фаришталар ва пайғамбарлар имонлари каби, деб қандай айтамиз. Шубҳасиз, уларнинг бизлардан кўра Аллоҳга итоатлироқ эканликларини биламиз-ку? Устоз:
- Сен фаришталар ва пайғамбарларнинг биздан кўра Аллоҳга итоатлироқ эканликларини билибсан. Мен сенга имон амал эмас, деган эдим. Шунинг учун, бизнинг имонимиз ҳам уларнинг имонлари кабидир. Чунки биз ҳам улар каби Аллоҳнинг яккаю ягоналигини, Унинг парвардигорлигини, Унинг қудратини ва У томонидан келган барча нарсаларни тасдиқ қилганмиз. Шунинг учун имонимиз фаришта ва расулларнинг имонлари каби деймиз. Анбиё ва расуллар ҳам уларни тасдиқлаганлар. Фаришталар-ку Аллоҳнинг ажойиботларини кўриб, Унга имон келтирганлар, биз эса уларни кўрмасдан турибоқ, имон келтирганмиз.
Шогирд:
- Устоз, Аллоҳ сизни нажот топганлардан қилсин! Айтганларингиз ғоят гўзал. Менга аён бўлдики, бизнинг имонимиз, тасдиқимиз ва жазмимиз фаришталарникидек экан. Айтинг-чи, улар нега бизга нисбатан Аллохдан қўрқадиганроқ ва Унга итоатлироқлар? Баъзи жоҳиллар бирор банданинг хатосини ё мусибат етганида бесабрлигини ёки душмандан қўрққанини ёки ҳою ҳавасга берилганини кўрганида, бу яқийн заифлиги деб айтишни қаердан олишган?
Устоз:
- Жоҳилларнинг яқийн заиф дейишларига келсак, улар яқийннинг тафсирини билмаганларидан айтишган. Яқийн бир нарсани ҳеч иккиланмай қатъий билмоқликдир. Имон келтирганларнинг бирортаси гуноҳ қилсалар ҳам, Аллоҳнинг ягоналигига, Унинг китобларига, Унинг фаришталарига шак-шубҳа қилмайдилар. Биз одамларнинг ҳолатини ўзимизнинг ҳолатимизга қиёслаймиз. Биздан хато ўтиши, бошимизга бирор мусибат етганида бесабрлик қилишимиз, душмандан қўрқишимиз мумкин. Аммо ҳеч қачон бизнинг қалбимизда Аллоҳга ва Унинг томонидан келган барча нарсаларга шубҳа туғилмайди. Биз бошқаларни ҳам ўзимиздай деб ўйлаймиз.
Ҳа, фаришталар, пайғамбарлар бизга нисбатан Аллоҳдан қўрқувчироқ ва Унга биздан кўра итоатлироқдирлар, бунинг бир неча сабаблари бор:
1. Улар пайғамбарлик ва расуллик билан сийланганларидек, қўрқиш, рағбат, олий хулкларда ҳам бошқалардан ортиқ қилинганлар;
Пайғамбарлар фаришталардан биз кўрмаган ажойиботларга шоҳид бўлганлар; Пайғамбарларга гуноҳ ишлар олдида фурсат қўйилмаган;
Пайғамбарлар гуноҳкорлар бошига тушаётган жазони кўриб турар эдилар ва бу ҳолат уларнинг гуноҳ ишлардан тийилишларига сабаб бўлган.
Шогирд:
- Устоз, сиз баён этганингизни тушундим. Сиз ҳақиқатни баён этишда ва уларни айтишда давом этмоқдасиз. Сиз менга баён этганингиз яқийнимиз, хавфимиз ва журъатимиз пайғамбарларнинг шундай хислатлари қандай фарқ қилишини қиёслаб тушунтириб беришингизни жуда истар эдим. Агар жоҳил ишининг оқибатини ўйласа ва ўрганишни истаса, унга тушунмаган бир ишни қиёслаб тушунтирсангиз, тез тушуниб олишга имкони бўлади.
Устоз:
- Ҳа, қиёс ҳақида сўраб тўғри қилдинг. Зеро, ҳар бир толиби илм шериги билан дарсини музокара қилаётганида уни тушуна олмай қолса, ундан қиёслаб беришини илтимос қилади. Билгинки, тўғри қиёс ҳақни изловчининг ҳаққини рўёбга чиқаради. Қиёс ҳақдор томонида тўғри ва рост гувоҳликка ўтаётган адолатли шоҳидга ўхшайди. Жоҳил одамлар ҳақни инкор қилмаганида, олимлар қиёс ва қиёслаш усулини ишлаб чиқмаган бўлур эдилар.
Бизнинг яқийнимиз ва фаришталарнинг ва пайғамбарларнинг яқийнлари бир бўлса-ю, уларнинг қўрқуви бизнинг қўрқувимиздан ортиқ бўлишининг қиёсини исташингга келсак, буни, иккита бир хил сузиш маҳоратига эга бўлган кимсалар серсув ва тезоқар дарё ёқасига келиб, улардан бири сувга тушишдан қўрқмайдиган, иккинчиси қўрқадиган бўлганига ёки бир хил дардга чалинган икки беморга бир хил аччиқ дори берилганида, улардан бири уни ичишдан қўрқмагани, иккинчиси эса қўрққанига қиёслаш мумкин.
Шогирд:
- Яхши тушунтирдингиз, устоз. Бизнинг имонимиз пайғамбарларникидек бўлса, имонларимизнинг савоблари ҳам бир хил эмасми? Агарда бир хил бўлса, у вақтда пайғамбарларнинг биздан афзалликлари нимада? Дунёда имонларимиз тенг бўладиган бўлса, охиратда ҳам имон савобида тенг бўлишимиз керак. Агарда имонимиз савоби охиратда уларникидан кам бўлса, яъни имонимиз тенг бўлса-ю, бизга уларникидан кам савоб берилса, зулм бўлиб қолмайдими?
Устоз:
- Сен масалани жуда жиддийлаштириб юбординг. Фатвода эҳтиёт бўл! Бизнинг имонимиз пайғамбарларнинг имони каби эканлигини билмайсанми? Зеро, биз ҳам улар имон келтирган нарсаларга имон келтирганмиз. Аммо улар имонлари ва ибодатлари савобида биздан кўра ортиқдир. Чунки Аллоҳ уларни пайғамбарлик билан бошқалардан афзал қилганидек, уларнинг сўзларини ҳам, ибодатларини ҳам, уйларини ҳам, иқомат қиладиган жойларини ҳам, барча ишларини ҳам бошқаларникидан афзал қилган. Аллоҳ бизнинг савобимизни уларники билан баробар қилмагани зулм эмас. Зулм бизнинг савобимизни камайтириб, ранжитганида бўлар эди. Аммо бизнинг ҳақимизни камайтирмай берса, зулм бўлмайди. Пайғамбарлар бу дунёда бошқалардан ортиқ фазилатга эгадирлар. Зеро, улар халқ йўлбошчилари ва Аллоҳнинг ишончли бандаларидир. Аллоҳга ибодатда, Ундан қўрқишда, машаққат ва оғирликларга чидаш ва дош беришда ҳеч ким уларга тенг кела олмайди. Яна Аллоҳнинг изни билан одамлар пайғамбарлар туфайли фазилатга эришганлар. Пайғамбарларга, уларнинг дуолари шарофати билан Жаннатга кирадиган бандаларнинг савоблари билан тенг савоб ҳам бўлади.
Шогирд:
- Аллоҳ сизни Жаннат билан сийласин, устоз. Ҳақни баён этдингиз. Аллоҳ ширкдан бошқа яна қандай гуноҳлар учун бандаларни азоблашини биласизми? Ё гуноҳларнинг ҳаммаси мағфират қилинади деб ўйлайсизми? Ё уларнинг баъзилари мағфират қилинади деб ўйласангиз, айтинг-чи, улар қайсилари?
Устоз:
- Мен Аллоҳнинг бандани ширкдан бошқа гуноҳ учун азоблашини билмайман. Ахли қиблалар гуноҳкорлардан бирортасини Аллоҳ ширқдан бошқа гуноҳи учун азоблашига гувоҳлик бера олмайди. Аниқ биламанки, ширкдан бўлак баъзи гунохлар мағфират қилинади. Уларнида билмайман. Чунки Аллоҳнинг: «Агар сизлар ман этилган гуноҳларнинг катталаридан сақлансангизлар, кичик гуноҳларингизни сизлардан ўчирурмиз...» (Нисо, 31, мазмуни) оятига кўра, кечириладиган ва кечирилмайдиган ҳамма гуноҳи кабиралар ва кичик гуноҳларни билмайман. Аллоҳ ширкдан бошқа барча гуноҳларни мағфират қилса, ажаб эмас. Зеро, Аллоҳ: «Албатта, Аллоҳ Ўзига ширк келтириш (гуноҳи)ни кечирмагай ва (лекин) ана шундан бошқа (гунохлар)ни Ўзи хоҳлаган бандаларидан кечирур...» (Нисо, 48, мазмуни). Аммо мен Аллоҳнинг қайси бандани мағфират қилишни исташини ва қайси бандани мағфират қилмаслигини ҳам билмайман.
Шогирд:
- Айтинг-чи устоз, шояд қотилни Аллоҳ мағфират қилади ва бегонага бир қараганни азоблайди дея оласизми? Сизнинг назарингизда афв умид қилишда улар иккаласи ҳам бир хил даражада эмасми?
Устоз:
- Агар Аллоҳ қотилни мағфират қиладиган бўлса, бегонага бир қараган одам мағфират қилинишга ҳақлироқдир. Агарда бегонага бир қараганга азоб берса, қотил ундан кўра кўпроқ азобланишга лойиқдир. Чунки Аллоҳ: «Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир...» (Ҳужурот, 13, мазмуни), деган. Бегонага бир қараган киши, одам ўлдирмаган бўлса, у қотилга нисбатан тақводорроқдир. Энди сен айтганингдек, уларнинг умидвор бўлиш масаласига келсак, менинг назаримда иккаласи тенг эмаслар. Менимча, гуноҳи сағира қилган гуноҳи кабира қилгандан кўра умидворроқ. Лекин мен иккаласининг ҳам охиридан қўрқаман. Аммо мен учун гуноҳи кабира қилганнинг оқибати гуноҳи сағира қилганнинг охиридан хатарлироқ. Бунга қиёс келтирай. Икки кишидан бири денгизга ва иккинчиси кичик дарёга тушди. Мен уларнинг иккаласи ҳам сувга ғарқ бўлиб кетишларидан қўрқаман ва иккаласининг ҳам нажот топишларига умид қиламан. Аммо шунга қарамай, мен кичик дарёга тушган кишига нисбатан, денгизга тушган кимсанинг ғарқ бўлишидан кўпроқ қўрқаман ва денгизга тушган кимсага кўра кичик дарёга тушган кимсанинг нажот топишига кўпроқ умидвор бўламан. Худди шунга ўхшаш, мен гуноҳи кабира қилган одамнинг тақдиридан кўпроқ қўрқаман. Гарчи мен иккала гуноҳкорнинг мағфират қилинишидан умидвор бўлсам ҳам, ва уларнинг амалларига қараб оқибатидан қўрқсам ҳам, гуноҳи кабира қилганнинг оқибати гуноҳи сағира қилганнинг оқибатидан қўрқинчлироқ, гуноҳи сағира қилганнинг оқибати гуноҳи кабира қилганнинг оқибатидан умидлироқдир.
Шогирд:
- Қиёсни жуда яхши қилдингиз, устоз. Айтинг-чи, гуноҳи кабира содир қилган кишининг гуноҳи кечирилишини сўраш яхшими ёки уни лаънатлаб, дуоибад қилган яхшими? Сиз қайси бирини ихтиёр этган бўлардингиз, уни лаънатлаган бўлармидингиз ёки унга истиғфор айтармидингиз? Буларнинг барини менга тушунтириб беринг!
Устоз:
- Аллоҳга ширк келтиришдан бошқа ҳамма гуноҳлар икки тоифага бўлинади. Бу икки тоифадаги гуноҳдардан қайси бирини қилган банданинг гуноҳи кечирилишини сўраб, унинг ҳаққига дуои хайр қилиш афзалдир. Агарда уни лаънатласанг, гуноҳкор бўлиб қолмайсан. Масалан, бир одам сенга нисбатан айб иш қилиб қўйса, сен унинг гуноҳидан кечиб, уни лаънатламаганинг албатта яхшироқдир.
Шунингдек, бир одам Аллоҳга гуноҳ иш қилиб қўйди, аммо Унга ширк келтирмади, ундай одамга раҳмдиллик қилиб, калимаи шаҳодатнинг ҳурматидан унга мағфират тилашинг афзалроқдир. Агарчи, сен унинг ҳаққига дуоибад қилиб, эй Раббим, уни гуноҳи учун жазолагин деб илтижо қилсанг, гуноҳкор бўлиб қолмайсан. Аммо у гуноҳкор бўлмаса ҳам, эй Раббим, уни жазолагин, десанг, гуноҳкор бўлиб қоласан. Гуноҳкорга истиғфор айтишингда икки хислат бор. Бири шуки, у одам мўмин банда, иккинчиси, сен гуноҳкор бандани Аллоҳ азоблашини аниқ билмайсан. Агарда Аллоҳ унга азоб беришини аниқ билсанг, у ҳолда унга истиғфор айтишинг ҳаромдир. Чунки Аллоҳ азобланишга маҳкум этилган гуноҳкорга истиғфор айтишни манъ қилган. Аллоҳ азоблайман деганга мағфират сўраш Аллоҳнинг сўзини бажармаслигини тилаш: эй Аллоҳ, мени бир ўзимни ўлдирмагин, дейиш кабидир. Чунки Аллоҳ: «Ҳар бир жон ўлим (аччиғи)ни тотувчидир...» (Оли-Имрон, 185, мазмуни) деб марҳамат қилган.
Калимаи шаҳодат шарофати ва ҳурмати юзасидан калимаи шаҳодат келтирган ва унга иқрор бўлган бандалар учун истиғфор айтиш афзалдур. Аллоҳга ибодатлар қилганида калимаи шаҳодатга иқрорликдан кўра ортиғи йўқдир. Еру осмон ва улар бағридаги нарсалар оддида тухум қанчалик кичик бўлса, барча фарз амаллар калимаи шаҳодат олдида тухумдан ҳам кичикроқдир.
Аллоҳга ширк келтириш қанчалик катта гуноҳ бўлса, калимаи шаҳодат келтириш шунчалик катта савобдир. Аллоҳ таоло бирор ёмон амал гуноҳини ширкнинг гуноҳини катта қилгандек катта этмаган: «...Аллоҳга ширк келтирмагин! Чунки, ширк улкан зулмдир» (Луқмон, 13, мазмуни) «Аллоҳга чин ихлос қилиб, Унга ширк келтирмаган ҳолингизда (мазкур ишларни бажаринг). Кимки Аллоҳга ширк келтирса, бас, у гўё осмондан қулаган ва уни қушлар (ўлжа қилиб) олиб кетган ёки уни (қаттиқ) шамол йироқ жойларга учириб кетгандекдир» (Ҳаж, 31, мазмуни); «(Мушриклар): «Раҳмон фарзанд тутди», -- дедилар. (Эй, мушриклар,) сизлар шундай оғир гап айтингизки, унинг (оғирлигидан) осмонлар ёрилиб, Ер бўлиниб, тоғлар қулаб, парчаланиб кетаёзур» (Марям, 88—91, мазмуни).
Аллоҳ қотиллик ва ундан кичик гунохлар хусусида бунча қаттиқ айтмаган.
Шогирд:
- Борган сари, эй устоз, суҳбатингизга иштиёқим зиёда бўлаётир. Аллоҳ сизни барча мўминлар номидан сийласин! Уларнинг яхшилари ва гуноҳкорлари тўғрисидаги сўзингиз, фикрингиз ва муносабатингиз, фазилатларини билишингиз, уларга меҳрибонлигингиз жуда гўзалдир. Айтинг-чи, устоз, аҳяи қиблалар ҳақидаги фикру мулоҳазаларида адолат аҳлининг баъзилари баъзилардан афзалми?
Устоз:
- Адолат аҳлларининг уммат ҳурматини улуғлашда сўзлари бирдир. Бироқ, илмда, Аллоҳнинг амрларини улуғлашдаги асосда, Унга дуою илтижо қилишда, қийинчиликларни кўтаришда, мўминларни фасод ишлардан ҳимоя этишда, уларнинг ҳурматини улуғлаш йўлини излашда ва ҳимоя этишда, адолат ахлларининг бир-биридан ортиқ эканликлари намоён бўлади. Улар гўё юрт бошига душман бостириб келган вақтда бир бўлиб халқни ҳимоя қилишга отланган аскарларга ўхшайдилар. Аскарлар ҳам бир-биридан жанг қилиш ва душманни қириш маҳоратида, ёвни енгиш учун ҳийла ишлатишда, молу давлатларини фидо қилишда, ёвга қарши тарғибу ташвиқот ишларида фарқ қиладилар.
Шогирд:
— Қасам ичаманки, устоз, бу каби қиёслашни шу кунга қадар эшитган эмасман. Айтинг-чи, гуноҳи кабира қилган мўмин Аллоҳнинг душмани бўладими?
Устоз:
- Мўмин одам Аллоҳга ширк келтирмаса, ҳар қанча гуноҳ қилса ҳам, Унга душман бўлмайди. Душман эса ўз душманидан нафратланади ва уни камситади. Мўмин одам, бирор гуноҳи кабира қилса-да, Аллоҳ унга барча нарсалардан азиз ва севимли зот бўлиб қолаверади. Агар бундай одамга ўзини ёқиб юбориш ёки Аллоҳга юрақдан туҳмат қилишдан бирини танлаш ихтиёри берилса, албатта, у ўзини ўтда ёқиб юборишни Аллоҳга туҳмат қилишдан яхши кўради.
Шогирд:
- Унга Аллоҳ бошқа нарсалардан суюклироқ бўлса, нега гуноҳ қилади? Ахир бир одам иккинчи бир одамни яхши кўрса, унинг буйруғидан бош тортмайди-ку?!
Устоз:
- Ҳа, фарзанд отани севади, аммо шунга қарамасдан унга саркашлик қилиши мумкин. Мўминга Аллоҳ ҳаммадан ҳам маҳбубдир. Агар у Аллоҳга гуноҳ қилса, бу шаҳватнинг зоҳир ва ғолиб бўлганидандир. Масалан, бир одам султон ҳузурида хизматчи эди. Султон уни ишдан бўшатди ва сўнгра унга азоб берди, қийнади. Шунга қарамасдан, у, имкон берилса, ўз ишига қайтаверади. Аёл ҳам туғиш машаққатларига қарамай, нифосдан фориғ бўлгач, яна фарзанд туғишни орзу қилаверади.
Шогирд:
- Шаҳватнинг ғолиб келиши тўғрисида маълум сўзни айтдингиз. Жуда кўп обидларни шаҳват енган. Одам, алайҳиссалом ва Довуд, алайҳиссалом, улар жумласидандирлар. Менга айтинг-чи, устоз, мўмин гуноҳ учун азобланишини билган ҳолда гуноҳ қиладими?
Устоз:
- Мўмин одам гуноҳ учун азобланишини билса, гуноҳ қилмайди. Аммо икки сабабга кўра гуноҳ ишга қўл уради:
Биринчиси, у Аллохдан мағфират умид қилади ва иккинчиси, у касал бўлишидан ёки ўлиб қолишидан олдинроқ Аллоҳга тавба этишдан умид қилади.
Шогирд:
- Киши азобланишидан қўрққан нарсага ҳам қўл урадими?
Устоз:
- Ҳа, киши ўзига зарар қиладиган овқатга, сувга, жангга ҳам гоҳо қўл уради. Унда денгизга тушганида ғарқ бўлмасликка, жангга кирганида зафар қозонишга умид бўлмаганида эди, у ҳеч қачон жангга ҳам кирмас ва денгизга ҳам тушмаган бўлар эди.
Шогирд:
Тўғри айтдингиз, устоз. Мен буни шахсан бошимдан ўтказганман. Бир кун бир овқатдан еганимда қорним оғриб қолди. Мен уни истеъмол қилганимдан жуда афсусландим ва ўша овқатни бошқа ҳеч емасликка аҳд қилдим. Аммо кейинроқ уни яна шундай овқат келтиришганида сабрим чидамади ва уни едим.
Менга куфр ҳақида батафсил маълумот беринг, устоз. Унинг номи, изоҳи ҳақида сўзлаб беринг.
Устоз:
- Куфрнинг номи ва шарҳи бор. Унинг шарҳи; инкор этиш, бўйин товлаш ва ёлғонга чақиришдир. «Куфр» арабча сўздир. Араблар инкорга куфр номини берганлар. Аллоҳ Қуръони каримни араб тилида нозил қилган. Бир мисол келтираман. Бир одамнинг иккинчи бир одамда дирҳамлари бўлса, қарзини қайтариш муддати келгач, уни курганида, қарзга инкор бўлиб, тўламаса, қарз берган киши уни «кофараний» демай, «моталаний», яъни, у қарзини берадиган вақтини ўтказиб юборди, дейди. Агарда қарздор қарзини мутлақо инкор этиб, уни рад қилса, ҳақдор «моталаний» демай, «кофараний» дейди. Шунга ўхшаш, мўмин одам бирор фарз амални, уни инкор этмаган ҳолда, тарк этса, у гуноҳкор дейилади. Агарда у фарз амалини мутлақо инкор этган ҳолда тарк этса, Аллоҳнинг фарз амалини тарк этувчи кофир, дейилади.
Шогирд:
- Тўғри айтдингиз, устоз. Киши инкор этганлиги сабабли мункир, тасдиқ қилса, мусаддиқ, ёмонлик қилса, ёмон, яхшилик қилса, яхши дейилиши маълум. Энди тавҳидни баён этиб, мен: «Муҳаммад алайҳиссаломни инкор қиламан», деган киши ҳақида айтинг.
Устоз:
- Биз бундай одамни кофир ва Аллоҳни танийман, деган гапида ёлғончи деймиз. Уларнинг Муҳаммад алайҳиссаломни инкор этиши Аллоҳни инкор этишига далилдир. Аллоҳни инкор этган шахс Муҳаммад алайҳиссаломни инкор этади. Насронийлар Аллоҳнинг ягоналигини инкор қилганидан, «Аллоҳ учтанинг учинчиси», деб гумон қиладилар. Улар Аллоҳ бечора, хасис, Узайр Унинг боласи, Унинг шакли одам боласига ўхшайди, деб гумон қиладилар. Оташпарастлар ва Ою Қуёшга сиғинувчилар ҳам улар кабидирлар. Аллоҳ: «...Бизнинг оятларимизни фақат кофирларгина инкор қилурлар» (Анкабут, 47, мазмуни), «Бас, Раббингиз ҳаққи, улар ўрталарида чиққан низоларга Сизни ҳакам қилмагунларича ва сўнгра чиқарган ҳукмингиздан дилларида танглик сезмай, тўла таслим бўлмагунларича, зинҳор имон келтирмагайлар» (Нисо, 66, мазмуни), деган.
Биз, «Аллоҳни танийман, аммо Муҳаммад алайҳис-саломни инкор қиламан», деган банданинг ушбу сўзини, унинг Аллоҳни инкор этишлигига далил қиламиз. Унинг гапи, икки қафиз (огирлик ўлчови, бир қафиз тахминан ўн саккиз килога тенг) юкни ҳам кўтара олмайдиган одамнинг йигирма қафизни Кўтара оламан, деганидек гап. Биз биламизки, икки қафиз кўтара олмайдиган банда, йигирма қафиз юкни мутлақо кўтара олмаслиги ойдек равшан.
Агарда бир одам, Аллоҳ ҳақлигини биламан, аммо инсон яратилганлигига мен иқрор эмасман, деса, биз биламизки, у ўз гумонида ёлғончидир. Агарда у Аллоҳни таниганида эди, Аллоҳдан ўзга нарсалар махлуқлигини биларди. Худди шунингдек, бир одам олдида бир хил масофада чироқ ва гулхан бўлса ва у, мен чироқни кўряпман, аммо гулханни кўрмаяпман деса, биз унинг ёлғончилигини биламиз. Чунки кичкинагина чироқни кўрган одам катта гулханни жуда яхши кўради.
Шогирд:
- Жавобларингиз мени ўта хушнуд қилди. Айтинг-чи, устоз, бир одам Пайғамбаримиз алайҳиссаломга, «мен сизнинг Аллоҳнинг элчиси эканингизни биламан ва шунга қарамай, сизни қатл қилишни хоҳлайман», деса нима бўлади?
Устоз:
- Бу камситувчиларда бўладиган муаммо. Бундай бўлиши эҳтимолдан йироқ. У чиндан ҳам Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг Аллоҳнинг элчиси эканликларини билса, у зотни қатл этишни, ўлимларини ва уларга озор етишини ҳам ҳеч истамайди. Бу бир одамнинг бошқасига: «сен менга ҳамма одамлардан кўра ҳам суюклисан, аммо мен сени ўз қўлим билан ўлдириб, гўштингни ейишни истайман», деганига ўхшаб кетади.
Аллоҳнинг ягоналигини тасдиқ қилган ва Муҳаммад алайҳиссаломга имон келтирганлардан бирортаси Расулуллоҳни бесавод камбағал бўлганлар, дейишда у зотни айблаш ё камситишни хаёлларига келтирмайди. Ким Аллоҳни ва Муҳаммад алайҳиссалом Унинг пайгамбари эканликларини билса, асло у зот шаънини камситадиган гапни айтмайди. Аллоҳ таоло Пайғамбаримизнинг мартабаларини улутлаб, марҳамат қилади: «Кимда-ким Пайғамбарга итоат этса, демак, у Аллоҳга итоат этибди...» (Нисо, 80, мазмуни). Зеро, Аллоҳ Пайғамбаримизни инсонлару жинларнинг барчасига йўлбошчи ва фарзларига омонатдор қилган. Аллоҳ таоло: «...Пайғамбар сизларга келтирган нарсани олинглар, у сизларни қайтарган нарсадан қайтинглар ва Аллоқдан қўрқинглар!..» (Хашр, 7, мазмуни), деб марҳамат қилади.
Шогирд:
— Субҳаналлоҳ! Аллоҳ Қиёмат кунида сизнинг йўлингизни мунаввар айласин. Бир одам: «Аллоҳни танийман, лекин Унинг боласи бор бўлишини истайман», деса қандай бўлади?
Устоз:
- Ҳайҳот ва яна ҳайҳот. Аллоҳ боладан муназзаҳдир. Бу ва юқорида берган саволинг ва уларга ўхшаш саволлар камситувчиларда бўладиган муаммолардир. Ўлик одам туш кўради, деб қандай айта оласан. Аллоҳнинг ягоналигига ишонган киши ўлик одамни туш кўради, демаганидек, Аллоҳнинг боласи бор, дейишни ҳам истамайди. Шогирд:
- Қасам ичаманки, юқоридаги саволлар, сиз айтганингиздек, камситувчиларда бўладиган муаммолар. Жуда бемаъни гаплар. Айтинг-чи, бугунги нифоқ аввалги нифоқ кабими? Бугунги куфр аввалги куфрдекми? Нифоқ қадимда қандай бўлган?
Устоз:
- Ҳа, бугунги нифоқ ва бугунги куфр аввалгиларидек. Бугунги Ислом ҳам аввалги Исломдир. Сенга аввалги нифоқ тўғрисида айтиб берай.
Аввалги нифоқ инкор этиш, тил билангина иқрор ва тасдиқ қилиш, қалбда ёлғон дейиш бўлган ва бугунги нифоқ ҳам шундай. Аллоҳ Қуръони каримда мунофиқларни шундай тавсиф қилган: «(Эй, Муҳаммад,) мунофиқлар ҳузурингизга келиб: "Гувоҳлик берамизки, Сиз, албатта, Аллоҳнинг пайғамбаридирсиз", — дерлар...» (Мунофиқун, 1, мазмуни). Аллоҳ мунофиқларнинг мазкур гувоҳликлари ёлғон эканлигини таъкидлаб: «Сиз Унинг пайғамбари эканлигингизни Аллоҳ албатта билур ва Аллоҳ мунофиқларнинг ҳақиқатан ёлғончи эканликларига ҳам гувоҳлик берур» (мазкур оятнинг давоми), деб марҳамат қилади. Уларни ёлғончи дейиш, айтганлари ёлғонлигидан эмас, балки тиллари билан айтганлари дилларидаги тасдиқларига мувофиқ бўлмаганидандир. Бақара сурасида Аллоҳ мунофиқларнинг асл башаралари тўғрисида шундай деган: «Имон келтирган кишиларга дуч келиб қолганларида: «Биз ҳам имон келтирдик», — дейдилар. Ўз шайтонлари (бошлиқлари) билан холи қолганларида эса: «Биз, албатта, сизлар билан биргамиз, фақат биз (мўминларни) мазах қилувчилармиз, холос», — дейдилар» (Бақара, 14, мазмуни).
Шогирд:
Қасамки, гапларингиз тўғри, устоз! Айтинг-чи, Аллоҳ одамларни нега мўминлар ва кофирлар, деб атади ва биз уларни нега муминлар ва кофирлар деймиз?
Устоз:
- Аллоҳ уларнинг қалбларидаги эътиқодлари учун мўминлар ва кофирлар дейди. Биз эса уларнинг тиллари билан иқрор ва тасдиқ қилишларига, ёлғон ва сохта сўзларига, кийимларига ва ибодатларига қараб уларни мўмин ёки кофир, деймиз. Масалан, бизга нотаниш халқнинг масжидларида қиблага қараб намоз ўқиётганига шоҳид бўлсак, уларни мўминлар деб айтамиз ва уларга салом берамиз. Аммо улар масиҳийлар ё яҳудийлар бўлишлари эҳтимолдан холи эмас. Пайғамбаримиз алайҳиссалом даврларида мусулмонлар мунофиқларни ҳам уларнинг ташқи ва зоҳиран иқрор бўлганларига қараб, улар қалбларидаги ёлғон учун Аллоҳ эътиборида кофир бўлсалар ҳам, мўминлар деб атайверганлар. Шунинг учун биз Аллоҳ эътиборида кофир бўлганларни ҳам юзаки кўринишларига қараб мўминлар, бошқаларни эса қиёфасига қараб, кофирларнинг кийим-бошини кийиб олган бўлса, қалбида Аллоҳни иқрор ва тасдиқ қилиб, намоз ўқиб юришини билмаганимиз учун Аллоҳ наздида мўмин бўлса-да, кофир деймиз. Аллоҳ бизни бунинг учун жазоламайди. Чунки Аллоҳ бизга қалб илмини ва унинг сир-асрорларини билишни юкламаган. Бизга Аллоҳ одамларни мўминлар, деб аташни, уларни севишни, уларнинг зоҳирий ножўя амаллари учунгина улардан нафратланишни буюрган. Аллоҳ сиру асрорлардан хабардор ва уларни билувчи зотдир. Аллоҳ кироман котибийн фаришталарига ҳам одамларнинг зоҳирий амалларини ёзиб боришга амр қилган. Уларга ҳам қалб сари йўл йўқ. Зеро, қалб ишидан фақат Аллоҳ хабардор, агар ваҳий этилса Пайгамбарлар ҳам ваҳий орқали уларга хабар берилган нарсанигина билади, холос. Қалб илмини ваҳий этилмасдан билишни даъво қилган банда, Аллоҳнинг илмини билишни даъво қилган бўлади. Аллоҳга хос бўлган қалб илми ва шунга ўхшаш илмни биламан, деб даъво қилган банда катта гуноҳ қилган бўлади ва у кофир ва дўзахий бўлишга маҳкумдир.
Шогирд:
- Жуда яхши гапларни айтдингиз, устоз! Энди айтинг-чи, «иржо»нинг асли ва унинг шарҳи қандай бўлади, ким ишини «таъхир», яъни «иржоъ» қилади?
Устоз:
- Иржо асли фаришталар томонидан содир бўлган. Уларга Аллоҳ ашёларни кўрсатиб: «Агар ростгўй бўлсангиз, ана у нарсаларни номлари билан Менга айтиб берингиз!» (Ба-цара, 31, мазмуни) деб марҳамат қилганида, улар асоссиз гапириб, хато қилишдан қўрқиб, тўхтаб қоладилар. Ва бироздан сўнг: «Зоти покинг ҳаққи, бизда Ўзинг билдирганингдан ўзга илм йўқдир. Албатта, Сен илм ва ҳикмат эгасидирсан» деб жавоб қиладилар. Билмаган нарсаси тўғрисида сўралган одам, ўйламасдан гапириб, адашса, хатокор бўлиб, тўғри топса, асоссиз гапирганидан таҳсинга сазовор бўлмаганидек, фаришталар беҳуда гапирмадилар. Шунинг учун Аллоҳ Пайғамбаримизга: «(Эй инсон), ўзинг (аниқ) билмаган нарсага эргашма!», яъни аниқ билмаган нарсанши сўзлама, «Чунки қулоқ, кўз, тил — буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (жавоб берур)» (Ал-Исро, 36, мазмуни) деб марҳамат этади.
Аллоҳ пайғамбарига билмаган нарсаси тўғрисида тахмин билан сўзлашга, бировга адоват қилишга, туҳмат қилишга мутлақо рухсат бермаган. Афсуски, одамлар бир-бирларига нималар қилмайдилар, билмасдан, гумон билан ўзгаларни айблайдилар!
Агар сендан, сен билмаган ҳалол ё ҳаром ҳақида сўраш-са, «Аллоҳу аълам биҳи», яъни, уни Аллоҳ билгувчироқ-дир, десанг тийилган бўласан. Ва яна ҳузурингга уч киши келиб, сен билмаган ва тажриба ва қиёсда билмаган ҳадис ҳақида сўрашса, уни билишни Аллоҳга ҳавола этсанг, вуқуф қилган бўласан.
«Иржоъ»нинг шарҳи: Тасаввур қилгин, сен бир тинч ва хотиржам қабила ичида эдинг. Уларни шу ҳолатда тарк этдинг. Кейинчалик эшитиб қолдингки, улар икки тоифага бўлинишиб, бир-бирлари билан урушиб кетибдилар.
Бу нохуш хабарни эшитиб, сен яна уларнинг олдига бординг. Кўрдингки, улар эски ҳолатдагидек бир-бирлари билан иноқликда яшаётган эканлар. Лекин уруш натижасида қурбонлар берилганига шоҳид бўлдинг. Бу тўғрисида икки томондан ҳам сўраб-суриштирдинг. Икки томон ҳам ўзларига зулм қилинганини таъкидладилар. Уларнинг қайси бири ҳақ, қайси бири ноҳақ эканлигини исботлаш учун эса бирорта ҳам гувоҳ йўқ. Улар бир-бирлари билан хусуматда бўлганлари сабабли, уларнинг бир-бирларига нисбатан берган гувоҳликлари айблаш учун асос бўла олмайди. Шу вазиятда сен у икки томоннинг бирортасини жабрланган ва бошқасини зулмкор, демай туришинг лозим. Аммо уларнинг иккаласи ҳам ҳақ эмаслигини билишинг керак. Чунки бир-бирини ўлдирганлиги боис уларнинг иккаласи ҳам хато қилган ёки бири ҳақ ва иккинчиси ноҳақ бўлиши мумкин. Шунда жиноят қилган томонни дўзахий ё жаннатий, демай туришинг «иржоъ» дейилади.
Барча одамлар, бизнинг фикримизча, уч даражага бўлинадилар:
Биринчи даража - Пайғамбарлар жаннатийдирлар ва пайғамбарлар жаннатий деганлар ҳам жаннатий;
Иккинчи даража - мушриклар, уларни дўзахий деб шаҳодат берасан;
Учинчи тоифа - муваҳдидлар. Уларни Жаннат аҳли ё Дўзах ахли дейишдан тийиласан.
Лекин биз уларга яхшиликни умид қиламиз, оқибати ёмон бўлишидан ҳам қўрқамиз. Улар ҳақида Аллоҳ таоло-нинг: «...Яхши ишни бошқа — ёмонига аралаштириб юборганлар. Аллоҳ уларнинг тавбаларини шояд қабул қилса...» (Тавба, 102, мазмуни), деб марҳамат қилганини айтамиз.
Биз улар учун яхшиликни умид қиламиз. Зеро, Аллоҳ истаган бандасининг ширкдан бўлак гуноҳини кечиради, гуноҳлари ва хатолари сабабли уларнинг оқибатидан қўрқамиз.
Шогирд: - Мунча ҳам адолатли, мунча ҳам тушунарли ва мунча ҳам ҳақиқатга яқин бўлган сўзлар! Айтинг-чи, устоз пайғамбарлар ва улар айтганлардан бошқа намоз ўқийдиган, рўза тутадиган одамни кўриб, уни Жаннатга киради, дея оласизми?
Устоз:
- Йўқ.
Шогирд:
- Сиз одамларнинг: «Мўмин зино қилса, бошидан имонини кўйлагини ечгандай ечиб ташлайди ва тавба қилса, унинг имони қайтарилади», деган ривоятларини тасдиқлайсизми ёки унга шубҳа билан қарайсизми? Агар бундай сўзни тасдиқласангиз, хаворижларнинг сўзига қўшиласиз. Сўзларига шубҳа қилсангиз, хаворижларнинг аслига шубҳа қилиб, айтган ҳақиқатингиздан қайтган бўласиз. Агарда уларнинг сўзини ёлғонга чиқарсангиз улар сизга, Пайғамбаримиз сўзларини рад қиляпсан, дейдилар. Чунки улар ривоят қилган гап ровийларининг силсиласи Пайғамбаримиз алайҳиссаломгача бориб етади.
Устоз:
- Мен хаворижларни ёлғончиларга чиқараман. Уларни ёлғончига чиқаришим ва уларнинг сўзларини рад қилишим асло Пайғамбаримиз алайҳиссаломни ёлғончига чиқариш, деган маънони англатмайди. Пайғамбарнинг сўзлари ёлғон дейман деган кимсагина Пайғамбаримиз сўзларини ёлғонга чиқарган бўлади. Аммо одам, мен Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг барча сўзларига ишонаман, лекин у зот нотўғри ва Қуръонга хилоф гап айтмаганлар, деса, бу унинг Пайғамбарни ва Қуръонни тасдиқ этиши ва Пайғамбаримиз Қуръонга хилоф қилмаганлар дейиши бўлади. Мабодо, у зот Қуръон оятларига зид бирор нарса деганларида ёхуд Аллоҳ таолога нисбатан ноҳақ сўз айтганларида, Аллоҳ уларни жазоламасдан қўймас эди. Чунки Аллоҳ таоло: «Агар (пайғамбар) Бизнинг номимиздан (Биз айтмаган) баъзи сўзларни тўқиб айтганида эди, албатта, Биз унинг ўнг қўлидан тутган, сўнгра унинг шоҳтомирини узиб ташлаган бўлар эдик. У ҳолда сизлардан бирор киши ундан (пайғамбардан ҳалокатни) тўса олувчи бўлмас эди» (Ал-Ҳааққа, 44—47, мазмуни), деб марҳамат қилган.
Аллоҳнинг пайғамбари ҳеч қачон Унинг китобига хилоф қилмайди. Аллоҳнинг китобига хилоф қилган Унинг пайғамбари бўлмайди. Уларнинг ривояти Қуръонга хилофдир. Чунки, Аллоҳ таоло Қуръонда зинокор эркак ва фоҳиша аёл деб номлаб, улардан имонни рад этмади. Аллоҳ шундай марҳамат қилади: «Сизлардан ўша (зинокорлик)ни қилганларнинг иккиси (эркак ва аёл)га...» (Нисо, 16, мазмуни). Бу оятдаги «сизлардан» сўзида мўминлар назарда тутилмоқ-да. Насронийлар ёки яҳудийлар назарда тутилмаган.
Кўриб турибсанки, биз далил асосида хаворижларнинг сўзларини рад қилмоқдамиз. Қуръони каримга хилоф ҳадисни Пайғамбардан деб айтаётган кишини қайтариш Пайғамбаримизни қайтариш ёки у зотни ёлғончига чиқариш деган гап эмас, балки, унинг Пайғамбардан деб гапирган ботил ва туҳмат сўзини рад этишдир. Бундай одамнинг раддияси зинҳор Пайғамбаримиз алайҳиссаломга қаратилган эмас.
Биз Пайғамбаримиздан эшитган ва эшитмаган ҳамма ҳадисларни бош устига қўйиб қабул қиламиз, уларга ишонамиз ва Пайғамбар айтгандайлигига иқрормиз. Пайғамбар, Аллоҳ қайтарган бирор нарсани буюрмаганлигига, Аллоҳнинг буйруқларидан бирорта нарсани тушириб ҳам қолдирмаганлигига, Аллоҳ тавсиф қилган нарсани бошқача қилиб тавсиф қилмаганликларига, барча ишда Аллоҳга мувофиқ бўлганликларига, Пайғамбаримиз алайҳиссалом Аллоҳ айтмаган нарсани Аллоҳ айтган деб ичларидан тўқиб чиқармаганликларига, Аллоҳнинг буйруғисиз бирор ўзгариш қилмаганликларига, сохтакор бўлмаганликларига иқрормиз. Шунинг учун, Аллоҳтаоло: «Кимда-ким Пайғамбарга итоат этса, демак, у Аллоҳга итоат этибди...» (Нисо, 80, мазмуни), деб марҳамат қилади.
Шогирд:
- Яхши тушунтириб бердингиз, устоз. Одамларнинг: «ичкилик истеъмол қилувчи банданинг намози қирқ кун қабул бўлмайди», деган гапларига нима дейсиз? Эзгу ва солиҳ амалларни нима йўқ қилади?
Устоз:
Мен уларнинг: «ичкилик ичувчининг намозини Аллоҳ қирқ кеча-кундуз қабул қилмайди», деган сўзларини изоҳлаб бера олмайман. Уни ҳақиқатга мос равишда тушунтириб бермас эканлар, мен уларни ёлғончи, дейман. Аллоҳ гуноҳ қилган бандани жазолаши ёки уни авф қилиши, қилмаган гуноҳи учун жазо бермаслиги, банданинг қилган ибодатларини ҳисобга олиб қўйганидек, унинг гуноҳларини ҳам бўйнига ёзиб қўйиши Унинг адолатидан эканлигини биламиз. Масалан, бир одам молининг закотидан бериши лозим бўлганини тўла бермай, унинг 50 дирҳамини берса, Аллоҳ мазкур бандани бермаган закоти учун, унинг миқдорича жазолайди, аммо унинг закотини берган қисмини савобини унинг ҳисобига ёзиб қўяди. Ёки бир одам рўза тутса, намоз ўқиса, ҳажга борса ва қотиллик қилса, яхши амаллари унинг ҳисобига, ёмон амали ҳам унинг бўйнига ёзилади. Аллоҳ таоло:
«...Унинг касб этгани (яхшилиги) — ўзига, ва орттиргани (ёмон амали) ҳам ўзигадир...» (Бақара, 286, мазмуни);
«Албатта, Мен сизлардан амал қилувчиларнинг — хоҳ эркак бўлсин ва хоҳ аёл бўлсин — амалини зое қилмасман...» (Оли Имрон, 195, мазмуни);
«...биз яхши амал қилувчиларнинг ажрини зое қилмагаймиз» (Аъроф, 170, мазмуни);
«...сизлар фақат ўзларингиз қилиб ўтган амалларингизга қараб тақдирланурсизлар» (Ёсин, 54, мазмуни);
«...сизлар фақат ўзларингиз қилиб ўтган қилмишларингиз жазосини олурсизлар» (Тур, 16, мазмуни);
«Бас, кимки дунёда зарра миқдорича яхшилик қилган бўлса, (Қиёмат куни) уни кўрар. Кимки зарра миқдорича ёмонлик қилган бўлса, уни ҳам кўрар» (Залзала, 7—8, мазмуни) деб марҳамат қилган.
Аллоҳ таоло энг кичик яхшиликни ҳам, ёмонликни ҳам ҳисоб қилади: «Биз Қиёмат куни учун адолатли тарозилар қўюрмиз, бас, бирор жонга заррача зулм қилинмас. Агар хантал (ўсимлиги) уруғидек (яхши ёки ёмон) амали бўлса ҳам, ўшани келтирурмиз! Биз ўзимиз етарли ҳисоб-китоб қилувчидирмиз» (Анбиё, 47, мазмуни).
Буларга зид гапирган кимса ёлғон сўзлаган, Аллоҳни адолатсизлик ва зулм билан тавсиф қилган бўлади. Шубҳасиз, Аллоҳ бандаларни зулм ва адолатсизликдан омон этган зотдир. У ўзини Шакуур, деб атаган. Чунки Аллоҳ бандаларга солиҳ амал қилганлари учун ажр беради. У энг меҳрибон Зотдир. Солиҳ амалларнинг савобини уч нарсадан бўлак ҳеч нарса йўққа чиқармайди: Аллоҳга ширк келтириш. Чунки Аллоҳ: «Кимки, имондан куфрга қайтса, (қилган савобли) иши, албатта, зое бўлур...» (Моида, 5, мазмуни), деган. Миннат қилиш. Одам Аллоҳнинг ризолиги учун қул озод қилса ёки дўст-биродарлик, қариндош-уруғчилик риштасига риоя қилса ёки садақа қилса-ю, сўнг аччиғи чиққан вақтида ёки одатий пайтда яхшилик кўрсатган биродарига: мен сени озод қилганман, ёки силаи раҳм қилган кишисига: мен сени қариндошим, деб ёрдам қўлимни чўзиб юрардим, ёки садақа берган кишисига: мен сенга эҳсон бергандим деса, у қилган хайрли ишларнинг савоби юзига урилади. Зеро, миннат қилишлик ва озор беришлик билан амалларнинг савоби йўқ бўлади. Риё — одамларга кўз-кўз қилиш учун амалга оширилган солиҳ ишларни Аллоҳ қабул этмайди.
Ушбу уч хил нарсадан бошқа қилмишлар хайрли ишларнинг савобини йўқ қилмайди.
Шогирд:
- Гапларингиз ўта адолатли тавсифлардандир. Айтинг-чи, устоз, бир одам сизни куфрда айбласа, сиз унга нима деган бўлар эдингиз?
Устоз:
— Ундай одам ёлғончидир. Мен уни кофир деб атамайман, ёлғончи дейман. Чунки икки хил ҳурмат бор: Аллоҳ ҳурмати ва банда ҳурмати. Ширк келтириш, куфр келтириш, Аллоҳни ёлғончига чиқариш Аллоҳ ҳурматини тўкишдир. Бир-бирига зулм қилиш бандалар ҳурматини тўкишдир. Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарини ёлғончига чиқараётган бандани мени ёлғончига чиқараётган одам билан тенглаштирмайман. Зеро, Аллоҳ ва Унинг Пайғамбарини ёлғончи деювчининг гуноҳи барча одамларни ёлғончи деювчининг гуноҳидан оғирдир. Мени куфрда айблаётган банда менинг наздимдагина ёлғончидир. Унинг ёлғон сўзи учун унга ёлгон айтишим дуруст бўлмайди. Чунки Аллоҳ: «...бирор қавм (кишилари)ни ёқтирмаслик сизларни адолатсизлик қилишга ундамасин! Одил бўлингиз! Зеро, у (адолат) тақвога яқинроқцир...» (Моида, 8, мазмуни), «Бирор қавмга нисбатан бўлган адоват зинҳор улар ўртасида адолатни тарк этишингизга сабаб бўлмасин!» -- деган.
Шогирд:
- Тўғри, устоз. Марҳамат қилиб айтинг-чи, бир одам ўзини ўзи кофирман деса, бу ҳолда сиз нима деган бўлар эдингиз?
Устоз:
- Бундай одамнинг ўзини алдашини таҳқиқ қилиш менга лозим эмас, дейман. Агарда у ўзини эшак деса, мен рост гапирди, дейишим керак эмас. Мабодо у, мен Аллоҳни эътироф этмайман, Унинг пайғамбарини ҳам тан олмайман ва унга ишонмайман деб, ўзини мўминман десада, уни кофир деб атайман, шунингдек, Аллоҳни бир деб биламан, У томонидан нозил этилганларга имон келтирганман деб, ўзини кофирман деса ҳам, уни мўмин деб атайман.
Шогирд:
- Устоз, у одамнинг ўзидан кўра ҳам унга нисбатан яхши гапни айтдингиз. Сиз ҳақсиз. Агарда у сизга, мен сенинг динингни инкор қиламан, шунингдек, сенинг маъбудингга мункирман деса, нима деган бўлар эдингиз?
Устоз:
— Агарда шундай деса, мен унга жавоб қайтаришга шошилмаган бўлар эдим. Мен ундан: сен Аллоҳнинг динидан юз ўгирдингми ёки Унинг ўзиданми, деб сўраган бўлар эдим. Агарда у мазкур икки саволнинг қайси бирига бўлса ҳам, ҳа, деб жавоб берса, уни мен мушрик кофир, деб атаган бўлар эдим. Мабодо у, мен Аллохдан ҳам, Унинг динидан ҳам бўйин товламайман, мен фақат сенинг динингдан юз ўгираман, зеро, дининг куфр дини ва сен сиғинаётган илоҳингдан юз ўгираман, чунки сен шайтонга сажда қиласан, деса мен уни кофир деб атамайман. Чунки у шахсан менга нисбатан ёлғон сўзламоқда.
Шогирд:
Қасам ичаманки устоз, бу айтганларингиз тақво аҳлининг сўзларидандир. Айтинг-чи, шайтонга итоат этган ва унинг хоҳишини истаган кимса кофир ва шайтонга сиғинувчи эмасми?
Устоз:
- Бу саволинг билан нима демоқчилигингни биласанми?! Мўмин Аллоҳга бўйсунмаса, бу бўйсунмаслиги билан, агар амали шайтон тоати ва хоҳишига мувофиқ келса, шайтонга итоат қилган ва унинг хоҳишини истаган ва қасд қилган бўлмайдими?
Шогирд:
- Устоз, ибодат ўзи нима, уни қандай изоҳлаб берасиз?
Устоз:
- «Ибодат» сўзи тоат, рағбат ва Парвардигорга иқрорлик маъноларини ўзида жам қилган. Бу шундай: киши Аллоҳга имонда итоат этса, унинг қалбига Аллоҳнинг мағфиратидан умидворлик ва Унга гуноҳ қилишдан қўрқиш киради. Қалбида ушбу уч хислат бор банда Аллоҳга ибодат қилади. Кишида Аллохдан умидворлик ва қўрқиш бўлмаса, мўмин бўлмайди. Аммо бир мўминнинг Аллоҳдан қўрқиши кучли, бошқасиники кам бўлиши мумкин. Шунингдек, Аллохдан ўзга нарсага, ундан савоб истаб ё азобидан қўрқиб, итоат қилган инсон ўша нарсага сиғинган бўлади, Аллоҳга эмас. Агарда ҳар нарсага итоатнинг ўзигина ибодат бўлганида, Аллохдан бошқага итоат этган киши унга ибодат қилган бўлар эди.
Шогирд:
- Яхши сўзларни айтдингиз, устоз! Айтинг-чи, киши Аллоҳдан бошқа бир нарсадан қўрқса ёки ундан бирор манфаат умид қилса, у кофир бўлиб қоладими?
Устоз:
- Қўрқиш ва умид қилиш икки хил бўлади:
1. Бир одам бошқа бир одамдан, Аллоҳнинг иродасисиз зарар ё фойда қила олади, деб қўрқса ё умид қилса, бундай одам кофирдир.
2. Бир одам Аллоҳдан умид қилиб ё қўрқиб, бошқа бир одамдан умид қилса ёки ундан қўрқса, Аллоҳ унга бошқанинг қўлидан ё бир нарса сабабидан зиён етказишидан хавфсираса, кофир бўлмайди. Чунки ота фарзандининг унга яхшилик қилишидан, туякашнинг туяси унинг молини ташиб беришидан, қўшни қўшнисининг унга яхшилик қилишидан, султон ўзининг ҳимоя қилинишидан умид қилади. Бу билан уларнинг қалбига куфр кириб қолмайди. Чунки уларнинг умидлари Аллохдандир, Ўғлининг ва қўшнисининг яхшилик қилишини Аллохдан умид қиладилар. Аллохдан шифо беришини умид қилиб, дори ичган бемор кофир бўлиб қолмайди. Аллоҳ азобига дучор бўлиб қолишдан қўрқиб, ёмонликдан қўрқилади ва ундан қочилади. Буларни Мусо алайҳиссаломнинг ҳатти-ҳаракатларига қиёслаш мумкин. Аллоҳ уни пайғамбарликка танлаб олди ва унга каломини бевосита етказди. Аммо шунга қарамасдан у: «Бас, мени ўлдириб қўйишларидан қўрқаман», деди (Шуаро, 14, мазмуни). Ёки Пайғамбаримиз алайҳиссаломни олайлик. У зот қўрққанларидан Ҳиро ғорига қочиб кириб олдилар. Бу ҳолатларда на Мусо алайҳиссалом ва на Пайғамбаримиз, саллаллоҳу алайҳи ва саллам, қалбларига куфр дохил бўлмади. Шунга ўхшаш одамлар йиртқич ҳайвондан, илону чаёндан, уйнинг қулашию йўлнинг ўпирилиб кетишидан ёки озиқ-овқатга тушиб қолган заҳарнинг зарар келтиришидан табиий ҳолда қўрқадилар. Аммо уларнинг қалбларига куфр кирмайди, аммо қўрқинч киради.
Шогирд:
- Айтганларингизни англадим, устоз. Энди Аллохдан қўрқмай, аммо махлуқлардан қўрқадиган мўмин тўғрисида нима дейсиз?
Устоз:
- Мўмин ҳеч нарсадан Алоҳдан қўрққанидан ортиқ қўрқмайди. Чунки Аллоҳ унинг баданига бирор азоб берадиган дард етказса ҳам ёки бошига оғир мусибат туширса ҳам, эй Аллоҳ, менга берган дарду мусибатларинг нега шунчалар ёмон, деб оламга дод солмайди ва ҳатто ўзига-ўзи паст овозда ҳам гапирмайди. Аксинча, у Аллоҳ зикрини кўпроқ қила бошлайди. Агар шундай фалокатларнинг ўндан бири унга дунё султонларидан бири томонидан етказилса, гапини султонга етказмайдиган ишончли одамлар олдида тили билан султоннинг золимлигини айтган бўларди.
Мўмин банда ҳеч ким йўқ кимсасиз жойда ҳам, одам-лар орасида ҳам, пинҳона ҳам, ошкора ҳам, иссиқда ҳам, совуқда ҳам Аллоҳдан қўрқади. Дунё султонларидан на шодлик ва қайғуда, на пинҳон ва ошкора қўрқилади. Ма-салан, унга совуқ тунда жанобат етса, гарчи Аллоҳдан ўзга ҳеч ким унинг жунуб бўлганини билмаса-да, ўзини зўрлаб бўлса ҳам, ўрнидан туради ва Ундан қўрққанлиги учун ғусл қилади. Мўмин жазирама иссиқ кунлари чанқоқлик азобини тортса ҳам, уни биров кўриб турмаётган бўлса ҳам, Аллоҳдан қўрққанидан, рўза тутади, сабр қила-ди, бесабрлик қилмайди.
Киши дунё султонлари олдидагина улардан чўчийди ва қўрқади, улар гойиб бўлгач, унда қўрқувдан асар ҳам қолмайди. Демак, мўмин учун Аллоҳдан қўрқишдан ортиқроқ қўрқув бўлмас экан.
Шогирд:
- Онт ичаманки, устоз, биз бошимиздан кечирганларни сўзлаб бердингиз. Энди имон ва куфрни билмаслик тўғрисида нима дейсиз?
Устоз:
- Одамлар Парвардигорни билишлари ва тасдиқ қилишлари билан мўмин бўладилар ва Уни инкор этиш билан эса кофир бўладилар. Агар улар Аллоҳнинг маъбуд Зот эканлигига иқрор бўлсалар ва Унинг яккаю ягона эканлигини ва У томонидан келган нарсаларни тасдиқ қилсалар, имоннинг яхшилигини ва куфрнинг ёмонлигини билгач, имон ва куфрнинг номларини билмасалар, кофир бўлмайдилар. Масалан, бир одамга асал ва алоэ тақдим қилдилар ва у уларни тотиб кўриб, асал ширин ва алоэ аччиқ эканлигини билди, аммо у уларнинг номлари нималигини билмайди. Бундай одамни ширин ва аччиқни ажрата олмайдиган демаймиз, балки уни асал ва алоэларни номларини билмаган, деймиз. Шунга ўхшаш, имоннинг яхшилигини ва куфрни ёмонлигини билган, аммо уларнинг номини билмаган одамни Аллоҳни билмас экан, демаймиз, балки уни имон ва куфр сўзларининг номини билмас экан, деймиз.
Шогирд:
- Мўмин азобланса, унга имони фойда берадими? У имонга келганидан кейин ҳам, имони бўлатуриб, азобланадими?
Устоз:
- Сен мендан илгари сўралмаган масалалар ҳақида сўрамоқцасан. Иншааллоҳ, саволингга жавоб бераман.
Мўмин одам имони бўлиб, азобланса, ҳа, унга имони фойда беради. Унинг имони боис ундан энг қаттиқ азоб кўтарилади. Энг қаттиқ азобга эса кофир дучор қилинади. Чунки, куфрдан кўра ҳам каттароқ гуноҳ йўқ. Мазкур мўмин Аллоҳга куфр қилгани йўқ, балки Унинг баъзи буйруқларини бажармай, гуноҳ қилгани учун Аллоҳ уни қилган гуноҳига яраша азоблайди. Аммо қилмаган гуноҳи учун Аллоҳ уни азобламайди. Масалан, бир киши одам ўлдирди, аммо ўғирлик қилмади. У қотиллиги учунгина азобланади, ўғирлик учун эмас. Зеро, Аллоҳ: «Қилган қилмишларингиз учун жазоланасиз», деб таъкидлаган. Маълумки, беморнинг дарди оз бўлса, унга енгил бўлади. Қил-ган қилмиши учун бу дунёда азобланса, у қаттиқ азобдан озод этилгандир. Бир тур азоб билан азобланадиганга икки тур азоб билан азобланадиган одамдан кўра енгилроқдир.
Шогирд:
- Қасамки, бу ҳақиқатдан маълум, устоз. Айтинг-чи, кофирларнинг ибодатлари кўп ва турли бўлган ҳолда, куфрда бир хил бўлиб қолишлари нимадан?
Устоз:
Кофирнинг куфри бир, ибодатлари кўп ва турли бўлиши Еру осмон аҳлларининг имонлари бир, аммо уларнинг фарз амаллари кўп ва турли-туман бўлганидандир. Масалан, фаришталарга фарз бўлган нарсалар бизга буюрилган фарзлардан кўра бошқачароқ. Шунингдек, биздан илгари ўтган Бани Одамларга фарз бўлган амаллар бизга фарз бўлган амаллардан фарқ қилади. Аммо фаришталарнинг ва олдингиларнинг ва бизларнинг имонларимиз бир хилдир, барчамиз ёлғиз ва ягона Аллоҳга имон келтирганмиз, танҳо Унга бандачилик қилганмиз ва У томонидан келган барча нарсаларни тасдиқ этганмиз. Шунга ўхшаш кофирларнинг ҳам куфри ва инкори бир хил. Аммо уларнинг сифатлари кўп ва турлича. Масалан: яҳудийга кимга сиғинасан, десанг, у, Аллоҳга, деб жавоб беради. Аллоҳ ҳақида сўрасанг: У Узайрнинг отаси ва инсон қиёфасида, дейди. Ким шу фикрда бўлса, Аллоҳ таолога имон келтирган бўлмайди. Агар насронийдан: кимга сиғинасан, деб сўрасанг, у, Аллоҳга сиғинаман, дейди. Ундан Аллоҳ таоло ҳақида сўрасанг: У Исонинг жасадида, Марямнинг қорнида, нарсага яширинган ва уни қамраган, унга сингган, дейди. Бундай саволни мажусийга берсанг, у ҳам: Аллоҳга сиғинаман, дейди. Ундан Аллоҳ ҳақида сўрасанг, Унинг шериги, боласи ва хотини бор, деб жавоб қилади. Бундай эътиқоддаги одам, албатта, мўмин эмас. Бу одамларнинг барчасининг Аллоҳни танимаслиги ва Уни инкор этиши бир хил. Аммо уларнинг ибодатлари ва тавсифлари кўп ва турличадир.
Уларни қуйидаги уч нафар одамга қиёслаш мумкин. Улардан бири: — Менда дунёда ўхшаши йўқ марварид бор, — деди ва қора узум донини чиқариб қўйди ва унинг марварид эканлигини исбот қилиш учун онт ҳам ичди ва одамлар билан баҳслаша бошлади. Улардан иккинчиси: Менда баҳоси энг юқори бўлган марварид бор, деди-да ёнидан беҳини чиқариб қўйди ва биринчи одам каби ҳаракат қилди. Навбат учинчи одамга келди ва у: Менда дунёда яккаю ягона бўлган марварид бор, - деб, бир парча қуритилган лойни ўртага қўйди ва у ҳам чиқарган нарсаси марварид эканлигига онт ичди ва одамлар билан шу хусусда баҳсу мунозара қилди.
Ушбу мисолдан мазкур уч нафар одамнинг марваридни билмасликда ва танимасликда бир хил нодонликлари намоён бўлди. Уларнинг бирортаси ҳам умуман марварид нима эканлигини билмайди. Уларнинг сифатлари кўп ва турли-туман. Бу сенинг улар сифатлаган «маъбудларига» сиғинмаслигинг билан билинади. Чунки улар «маъбудларини» иккита, учта дейдилар ва сифатлаганларига сиғинадилар. Сен эса маъбудингни битта дейсан ва биттага сиғинасан. Демак, сенинг маъбудинг уларникидан бошқа ва уларнинг «маъбудлари» сеникидан бошқадир. Шунинг учун Аллоҳ таоло: «(Эй, Муҳаммад,) айтинг: «Эй кофирлар! Мен сизлар ибодат қилаётган нарсага ибодат қилмасман. Сизлар ҳам мен ибодат қиладиган (Аллоҳ)га ибодат қилувчи эмассизлар»» (Кофирун, 1—3, мазмуни), деган.
Шогирд:
— Сиз тавсиф қилганингизни билиб олдим. Аллоҳ Раббимиз дея туриб, Аллоҳни билмайдиганлар, Уни танимайдиганлар қаердан пайдо бўлади, устоз?
Устоз:
— Уларнинг «Раббимиз Аллоҳдир», дейишларини биламан. Улар шундай десалар ҳам, Аллоҳни билмайдилар. Чунки, Аллоҳ шундай деб хабар берган: «Қасамки, агар улардан: «Осмонлар ва Ерни ким яратган?» - - деб сўрасангиз, албатта, «Аллоҳ», — дерлар. Сиз «Аллоҳга ҳамд!»— денг. Йўқ, уларнинг аксарияти (ҳақиқатни) билмаслар» (Луқмон, 25, мазмуни). Бу оятдан кўриниб турибдики, «Аллоҳ — Раббимиз» дейдиганларнинг кўпчилиги уни билмасдан, тушунмасдан айтадилар. Улар онасидан кўр туғилиб, тун ва кун, сариқ ва қизил тўғрисида билмай гапираётган болага ўхшайди. Худди шундай кофирлар ҳам Аллоҳ таоло номини мўминлардан эшитиб, Уни билмай, эшитганларини гапираверади. Бу хусусда Аллоҳ: «Илоҳингиз ягона илохдир. Бас, охиратга имон келтирмайдиганларнинг диллари (Унинг ягона эканлигини) инкор қилур ва улар мутакаббирдирлар» (Наҳл, 22, мазмуни), деган.
Шогирд:
- Тўғри васф қилдингиз, устоз. Сиз ўзингиз Пайғамбаримиз алайҳиссаломни Аллоҳ орқали таниганмисиз ёки Аллоҳни Пайғамбаримиз орқали таниганмисиз? Агарда сиз у зотни Аллоҳ орқали таниганман, десангиз, бу қандай бўлади? Ахир Аллоҳга бизни Пайғамбаримиз (с.а.в.) даъват қиладилар-ку?!
Устоз:
- Ҳа, биз Пайғамбаримиз алайҳиссаломни Аллоҳ орқали таниймиз. Аллоҳ мўминлар қалбига Пайғамбаримизни (с.а.в.) билиш ва тасдиқ қилиш туйғусини солмаганида эди, гарчи Расулуллоҳ Аллохга даъват қилсалар ҳам, ҳеч ким у зотнинг айтаётганлари ҳақ эканини билмас эди. Шунинг учун Аллоҳ: «(Эй, Муҳаммад!) Сиз ўзингиз суйган кишиларни ҳидоят қила олмайсиз, лекин Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишиларни ҳидоят қилур...» (Қасас, 56, мазмуни), деган.
Аллоҳни таниш Расулуллоҳ (с.а.в.) орқали бўлганида, одамларга Аллоҳни таниганлари учун Раулуллоҳ миннат қилардилар. Лекин Аллоҳ таоло Расулуллоҳга Ўзини танитгани учун одамларга Расулллоҳни (с.а.в.) тасдиқ қилишни ўргатгани учун миннат қилади. Шунинг учун банданинг: «Аллоҳни пайғамбар орқали танидим», дейиши мумкин эмас, балки «банда, ҳар бир яхшиликни фақат Аллоҳ орқали билади», дейиши лозим.
Шогирд:
- Мени жуда хушнуд этдингиз, устоз! Энди «вилоят» ва «бароат» сўзларини изоҳлаб берсангиз. Бу икки хислат бир одамда жамъ бўладими?
Устоз:
- «Вилоят» — яхши ишга рози бўлишлик, «бароат» эса ёмон ишдан нафратланиш демакдир. Бу икки хислат бир одамда жамъ бўлиши ҳам ва жамъ бўлмаслиги ҳам мумкин. У иккиси жам бўладиган инсон яхши ишни ҳам, ёмон ишни ҳам қиладиган мўминдир. Сен унинг яхши ишни қўллаб, уни қилгани учун яхши кўрасан. Унинг ёмон ишига қаршилик қиласан ва бунинг учун уни ёмон кўрасан. Бу вилоят ва бароат бир одамда жамъ бўладими, деган саволинга жавоб. Кофирда ҳеч қандай яхшилик йўқ. Сен уни ёмон кўрасан ва ундан барча ишда узоқ юрасан. Сен яхши кўрадиган ва ҳеч ёмон кўрмайдиган инсон ҳамма солиҳ ишларни қиладиган, ёмон амаллардан ўзини сақлаган мўмин кишидир. Сен унинг ҳамма нарсасини ёқтирасан, ундаги бирор нарсани ёмон кўрмайсан.
Шогирд:
Мунча ажойиб сўзларни айтдингиз, устоз! Энди менга куфрони неъмат ҳақида гапириб беринг!
Устоз:
- Куфрони неъмат кишининг неъматлар Аллоҳ томонидан эканлигини инкор этишидир. Неъматлардан бирортасини инкор қилиб, улар Аллоҳ томонидан эмас, деган банда Аллоҳ неъматларини инкор қилган бўлади. Зеро, Аллоҳни инкор қилган кимса, Унинг неъматларини инкор қилади. Чунки, Аллоҳ таоло: «(Улар) Аллоҳнинг неъматини танийдилар, кейин эса уни инкор этадилар...» (Наҳл, 82, мазмуни), деган.
Кофирлар тунни тун, кунни кун дейдилар, сиҳат-саломатлик, бойлик ва роҳату фароғатда яшашлари неъмат эканлигини биладилар, бироқ улар мазкур неъматларни ҳақиқий хожаси Аллоҳга эмас, балки ўзларининг «маъбудларига» нисбат берадилар. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло юқорида эслатганимиздек, баён қилади: «(Улар) Аллоҳнинг неъматини танийдилар, кейин эса уни инкор этадилар...». Кофирлар неъматларнинг Эшитувчи, Кўрувчи, ўхшаши йўқ, ҳар бир ишга Қодир, ёлғиз Аллоҳдан экан-лигини инкор этадилар.
Булар сен сўраганларинг ҳақидадир.
Ёрдам умид қиладиганимиз Аллохдир, Аллоҳдан ўзгага эҳтиёжимиз йўқ, Ишончимиз Удир.

Оламларнинг Парвардигори Аллоҳга ҳамд, Хожамиз ва саййидимиз Муҳаммад алайҳиссаломга, авлодларига ва барча саҳобаларига Қиёмат кунигача дуруд ва саломлар бўлсин!

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri