ЗИКР ва ЗОКИРЛАР фазли Принтер учун
23.07.2008 й.
ЗИКР ва ЗОКИРЛАР фазли

Аллоҳ таоло инсонни халқ қилганда уни жисм ва руҳдан иборат бўлишини ирода қилган. Кўзга кўриниб турган зоҳирий жисмнинг ёлғиз ўзи руҳсиз бўлса ҳеч нарсага арзимаслиги ҳаммага маълум. Жисм инсоннинг шакли ва қуруқ суврати, холос. Инсоннинг ҳақиқати унинг жисмида жойлашган махфий руҳдан иборат эканини ҳам билмоғимиз лозим.

Худди ана ўша руҳ унинг жонидир, ақлидир, тафаккуридир, ахлоқи ва бошқа инсоний хислатларидир.
Агар тандан руҳ чиқса, тан ҳеч нарсага арзимай қолади. Руҳи чиққан одам ўлади, уни ер остига дафн қилинади. Сўнгра унинг танаси чирийди ва оз кунлардан кейин тупроққа аралашиб кетади. Демак, инсон ҳаёти унинг руҳи биландир.
Ана ўша руҳнинг асл моҳиятини Аллоҳ таолонинг Ўзидан бошқа ҳеч ким билмайди. Инсоннинг руҳ ҳақида билган нарсаси Қуъони Каримда ва ҳадиси шарифда келган маълумотлардир.
Аллоҳ таоло сиз билан бизга руҳни поклашни, уни тарбиясига, қаровига алоҳида эътибор беришни амр қилган.
Инсоннинг жисмининг боқий туриши, саломатлиги, қувватли ва фойдали бўлишида озуқа муҳим омил эканини ҳамма яхши билади. Шунингдек, инсоннинг руҳи ҳам озуқага муҳтож эканини яхши билишимиз лозим.
Руҳнинг озуқаси эса Аллоҳ таолонинг зикри билан бўлади.
Шунинг учун ҳам ҳар бир банда ўзи учун Аллоҳ таолонинг доимий равишда зикрини қилиб туришга одатланиши керак. У бу билан дунё ва охирати учун улкан фойдаларга соҳиб бўлади. Аллоҳ таолонинг зикри ҳаётнинг асли, балки айни ҳаётдир.
Мазкур закрни адо қилиш эса уч босқичга бўлинади.
Биринчи босқич.
Фарз ибодатларни ўз вақтида ва ҳеч қўймасдан ихлос билан адо этишдан иборатдир. Бундай ибодатларга жумладан намоз, рўза, закот ва ҳажлар киради.
Иккинчи босқич.
Банданинг суннат қилинган зикрларни ўзига вазифа қилиб олиб махсус вақтда уни адо этиб юриши билан бўлади. У мазкур вазифаларини доимий равишда ихлос билан адо этиб юради. Албатта, бу вазифалар фарз, вожиб ва суннат бўлган ибодатлардан кейинги ўринда туради.
Учинчи босқич.
Имкон борича кўпроқ зикр қилишдан иборатдир. Бунда банда макон, замон ва закрни чегараламай иложи борича кўпроқ зикр билан машғул бўлади.
Зикр шунчалар муҳим нарса экан уни ўрганиш ва амалга ошириш лозим. Фарз, вожиб ва суннат бўлган зикрларни «Намоз китоби» ва бошқа китобларда ўрганганмиз.
Энди иккинчи ва учинчи босқичдаги зикрларни ўрганмоғимиз ва уларга амал қилишимиз керак. Келинг, сўзни аввал зикрнинг луғавий маъносини ўрганишдан бошлайлик.
Зикр сўзи луғатда бир неча хил маънони англатади:
1. Тилда жорий бўлган нарса. Яъни, кишининг нутқ қилган нарсаси зикр дейилади. Фалончи фистон нарсани зикр қилди дегани ўша нарсани тилга олиб нутқ қилганини билдиради.
2. Бир нарсани дилга, эсга олиш. Бу маъно унитишнинг тескариси бўлади.
Демак зикр икки хил бўлади. Тил билан зикр қилиш. Дил билан зикр қилиш.
Буларнинг ҳар бири ҳам икки турли бўлади. Унитганини эслаш ва унитмаса ҳам ёдидаги нарсани ёдлашни давом этдириш.
Зикр уламолар истилоҳида банданинг ўз Роббисини тили ва дили билан эслашидир. Бу У зотнинг ўзини, сифатларини, амалларини, ҳукмларини зикр қилиш ёки китобини тиловат қилиш ёхуд У зотга дуо қилиш, У зотдан бирор нарсани сўраш, У зотга ҳамду сано айтиш, У зотни улуғлаш ва У зотга шукр келтириш каби нарсалар ила бўлади.
Зикр ҳар бир бандадан талаб қилинган ва ҳар бир бандага маҳбуб қилинган нарсадир. Зикр ҳар доим қилиниши марғуб ишдир. Фақатгина шариат истино қилган, қазои ҳожат ва хутба эшитиш пайтига ўхшаш ҳолатлардигина зикр қилинмайди.
Аллоҳ таолонинг Ўзи Қуръони Каримдаги кўплаб оятларда сиз билан биз бандаларга зикр қилишни амр этган. Зикрда бардавом бўлиш ва уни кўп қилишни нажот учун шарт қилиган. Зикр қилувчиларни мақтаган, уларни Ўз оятларидан баҳраманд бўладиганлар деб атаган ва зокирларни ақл эгалари эканини таъкидлаган.
Аксинча, Аллоҳ таоло Ўзини зикр қилмайдиганларни қоралаган, зикрни унитиб бошқа нарсани эслайдиганларни ҳасрат надоматда қолишини таъкидлаган.
Аллоҳ таоло «Тоҳо» сурасида: «Ким менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унга торчилик ҳаёти бўлур ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирурмиз», деди».
Демак, инсон Аллоҳни унутса, Уни зикр қилмаса-эсламаса, Унинг ҳидоятига эргашмаса, ўзига ўзи қилади. Аввало, ундай одам бу дунёда танглик-торликда ҳаёт кечиради. Иймонсизлиги туфайли ўзи тўйса ҳам, кўзи тўймас бўлиб қолади. Молу дунё, айшу ишрат ичида кўмилиб ётса ҳам, унга оз кўринади. Улардан ажраб қолишидан қўрқаверади. Иймонсизлиги туфайли кетма-кет муаммолар келиб чиқаверади.
«...ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирурмиз».
Бу ҳам ҳаёти дунёда қилган қилмишига муносиб жазодир. Лекин унинг ўзи нима учун кўр ҳолда тирилтирилганлигини тушуна олмайди.
Гоҳида зикр вожиб бўлади. Бунга мисол тариқасида намозда такбири таҳримани айтиш ва қироати Қуръон қилишни келтириш мумкин.
Гоҳида зикр ҳаром ҳам бўлиши мумкин. Бунга мисол қилиб жоҳилият аҳлининг табиясини, ширк маъносини билдирадиган зикрларни келтириш мумкин.
Шунингдек, Жума намози хутбаси бўлаётганда зикр қилиш ҳам ҳаром ҳисобланади.
Баъзи уламолар зикрни энг афзал амал деганлар. Улар ўзларининг бу гапларига имом Термизий Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйидаги ҳадисни далил қиладилар.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Агар у қиличи билан кофирлар ва мушрикларга ҳаттоки у сингунча зарба берган ва қонга бўялган бўлса ҳам, Аллоҳни зикр қилувчилар даражаси ундан афзал бўлгай», дедилар».
Мазкур уламоларнинг бу борада келтирадиган иккинчи далиллари имом Термизий Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилган қуйидаги ҳадиси шарифдир:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга Роббиларингиз наздида амалларингизнинг энг яхшиси, покизаси ва даражангизнинг энг юқорисини, сиз учун тилло ва кумуш нафақа қилишдан ҳам яхшиси, душманингизга йўлиқиб сиз уларнинг бўйнига, улар сизнинг бўйнингизга урушидан ҳам яхшисини айтиб берайми?» дедилар.
«Ҳа», дейишди.
«Аллоҳнинг зикри!» дедилар».
Бир хил амал қилувчиларнинг афзали уларнинг ичида Аллоҳни кўп зикр қиладиганлари бўлади.
Мисол учун намозхонларнинг энг афзали зикрни кўп қиладигани, рўзадорларни афзали рўзасида Аллоҳни кўпроқ зикр қиладигани бўлади. Ҳаж, умра ва бошқа амалларда ҳам шу каби бўлади.
Барча ибодатларни шариатга киритилиши Аллоҳнинг зикрини қоим қилиш учун бўлгандир.
Бунга далил сифатида «Тоҳо» сурасидаги: «Ва намозни Менинг зикрим учун қоим қил», оятини олсак бўлади.
Шунингдек, имом Муслим Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам масжидлар ҳақида: «Умар Аллоҳ азза ва жалланинг зикри, намоз ва қироати Қуръон учундир», деганлар.
Имом Абу Довуд, Аҳмад ва Термизийлар Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилган ҳадисда айтиладики: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, байтнинг тавофи, Сафо ва Марванинг саъйи ва тош отиш Аллоҳ таолонинг зикри учун жорий қилингандир», дедилар».
Бу ҳадиси шарифдан ҳаж амалларининг ҳаммаси, жумладан тавоф, саъйи ва тош отиш Аллоҳнинг зикри учун эканини билиб оламиз. Зикр эслаш, уни доимий равишда эсда тутиш маъноси эканини эътиборга оладиган бўлсак, бу маъно яна ҳам чуқур эканини билиб оламиз. Ўша зикрдан бошқа яна ҳаж ва умрада тил билан айтиладиган зикрлар ҳам бор.
Зикр ўзи энг улуғ, афзал ва муҳташам ибодат бўлишига қарамай энг осон ибодат ҳамдир. Чунки у фақатгина тилни ҳаракатга келтириш билан бўлади. Тилни ҳаракатга келтириш эса бошқа аъзоларни ҳаракатга келтиришдан кўра осондир. Зокир тўшагида ўтирган ҳолида, бозорда юра туриб, соғлигида ҳам, беморлигида ҳам, ўтирганда ҳам, турганда ҳам, ётганда ҳам, юрганда ҳам, хурсанчилидан ҳам, хафачилигида ҳам, сафарида ҳам, ҳазарида ҳам фазлга эга бўлаверади.
Зикр дил ва тил билан бўлади. Тил билан бўладиган зикр тилни ҳаракатга келтириб ақалли ўзи эшитадиган овоз чиқариш билан бўлади. Бунга ўхшаш тилдаги зикр билан намоздаги зикрлар амалга оширилади. Бу ҳолатда зикрни дил билангина қилиш кифоя қилмайди.
Зикрни ҳам тил, ҳам дил билан қилиш уни фақат тил билан ёки фақат дил билан қилишдан афзал эканига уламолар иттифоқ қилганлар.
Зикрни тил билан қилиш афзалми, дил билан қилиш афзалми деган саволга жавоб беришда эса уламолар икки хил фикр айтганлар. Баъзилари дил билан қилиш деса, бошқалари тил билан қилиш деганлар.
Аммо зикрнинг тааммул ила руҳий тарбия устозлари ўргатганидек қилишда эса сўзсиз зикри хафий-махфий зикр афзалдир.
Бироз чўзилиб кетган кириш сўзидан кейин шарҳ қилаётган китобимизда келтирилган оят ва ҳадисларни ўрганишга киришайлик.

Аллоҳ таоло: «Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эрта-ю кеч Уни поклаб ёд этинглар», деган.
Аллоҳни зикр қилиш, қалбни Унга боғлашдир, У мени кузатиб турибди, деган доимий эътиборда туришдир. Аллоҳнинг буйруқларини бир лаҳза ҳам эсдан чиқармай, амалга оширишдир.
Ҳа, мўминлар Аллоҳни кўп зикр қилишлари матлубдир. Аллоҳ кўп зикр қилингандагина турли ёлғон, бўҳтон, иғво, ғийбат, чақимчилик каби гуноҳ гап-сўзлардан узоқлашади.
Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг қалбида беҳуда гапларга, сўкишишларга, кишига обрў келтирмайдиган ҳолатларга жой қолмайди.
Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг қалбида дунёнинг, унинг матоҳларининг зикрига жой қолмайди.
Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг қалбида турли кўнгилхушликларга, инсон зеҳнини чалғитувчи маишатларга жой қолмайди.
Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг қалбига Аллоҳнинг муҳаббатидан бошқа муҳаббат сиғмайди.
Аллоҳни кўп зикр қилган одамнинг, аввало, тилида Аллоҳнинг исми жо бўлади. Сўнгра бу муборак исм аста-секин ҳалқумига, кўксига ва қалбига етиб боради. Гарчи бундай инсон тили билан Аллоҳнинг исмини айтмаса ҳам, қалби «Аллоҳ, Аллоҳ» деб туради. Ниҳоят, бутун вужуди шу ҳолатга етади. Ана шунда зокирлик мақомига эришади.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи ривоят қилган ҳадисда қуйидагилар айтилади: «Расулуллоҳнинг ҳузурларига икки аъробий келди. Улардан бири: «Эй, Аллоҳнинг Расули, қайси киши энг яхши одам?» деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Кимнинг умри узоқ бўлиб, амали яхши бўлса, ўша», дедилар.
Иккинчиси эса: «Эй, Аллоҳнинг Расули, Исломнинг таклифлари кўпайди. Менга бир ишни амр қилингки, уни маҳкам тутай», деди.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Доимо тилинг Аллоҳнинг зикри ила хўл бўлсин», дедилар.
Ҳа, Аллоҳнинг зикрини кўп қилиш мўмин бандани олий мақомларга эриштиради.
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Роббингиз «Модомики бандам мени зикр этиб, лаблари қимирлар экан, мен у билан биргаман», дейди», деганлар.
«Ва эрта-ю кеч Уни поклаб ёд этинглар».
Эрталаб ҳам, кечқурун ҳам дунёда катта ўзгаришлар рўй беради. Шунинг учун ҳам бу икки вақтда Аллоҳни поклаб ёд этиш алоҳида таъкидланмоқда.
Агар бандалар Аллоҳ таолони кўп зикр қилиб, уни эрта-ю кеч поклаб ёд этсалар, мукофоти нима бўлиши келаси оятда айтилмоқда:
«У сизларни зулматлардан нурга чиқариш учун Ўзи ҳам, фаришталари ҳам саловот айтадир. У мўминларга ўта меҳрибон бўлган зотдир».
Аллоҳ таолонинг бандага саловот айтиши У зотнинг бандага бўлган раҳматини билдиради. Фаришталарнинг саловот айтиши эса, бандага Аллоҳнинг раҳмати ёғилишини тилаб, дуо қилишларини англатади.
«У мўминларга ўта меҳрибон бўлган зотдир».
Шунинг учун бандаларининг зикрига муҳтож бўлмаса ҳам, бандалар ўз фойдалари учун Уни зикр қилсалар ҳам, Ўзини кўп зикр қилган, эртаю кеч поклаб ёд этган бандаларига Ўзи саловот айтиб, фаришталарига ҳам саловот айттирмоқда. Бундан ортиқ яна қандай меҳрибонлик бўлиши мумкин?!
Имом Бухорий ривоят қилган ҳадиси қудсийда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ таоло «Ким Мени ичида зикр қилса, Мен ҳам уни ичимда зикр қиламан, ким Мени жамоат ичида зикр қилса, Мен ҳам уни унинг жамоатидан яхшироқ жамоат ичида зикр қиламан», дейди», деганлар.
Яъни, фаришталар ичида зикр қиламан, деганидир.
«У зотга йўлиқадиган кундаги сўрашишлари саломдир. Ва уларга гўзал ажрни тайёрлаб қўйгандир».
Аллоҳни кўп зикр қиладиган, эртаю кеч Уни поклаб ёд этадиган ана ўша бандаларга Аллоҳ таолонинг Ўзи ва фаришталари саловот айтиши билан бирга уларнинг:
«У зотга йўлиқадиган кундаги сўрашишлари саломдир».
Аллоҳга йўлиқадиган қиёмат кунида ўша мўминларнинг ҳол-аҳвол сўрашишлари саломдан иборатдир. Аввало, салом бериб кутиб олинади, қолаверса, барча хавфу хатардан, қиёмат куни даҳшатларидан ва дўзах азобидан саломатлик ато этилади.
«Ва уларга гўзал ажрни тайёрлаб қўйгандир».
Ва Аллоҳ таолонинг Ўзи бундай зокир бандаларга гўзал ажрни, жаннатни тайёрлаб қўйгандир.
Уламолар ушбу биз ўрганаётган «Эй, иймон келтирганлар! Аллоҳни кўп зикр қилинглар. Ва эрта-ю, кеч Уни поклаб ёд этинглар» (Аҳзоб сураси 41-42-оятлар)га ва шу маънодаги бошқа оят ва сураларда келган Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш ҳақидаги амрларга ва тарғибларга биноан зикрни кўп қилиш мандубдир деганлар.

Аллоҳ таоло яна: «Бас, Мени эслангиз, сизни эслайман. Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз», деган.
Ушбу оят ўзи қисқа бўлишига қарамай, олам-олам маъно касб этади. Аллоҳ таоло Ўзи яратган, ҳаёт ва ризқ ҳамда бошқа керакли нарсаларни берган бандаларига:
«Мени эслангиз», демоқда.
Хўш, Аллоҳ бу ожиз бандаларининг эслашига муҳтожми? Йўқ, у беҳожат зот. Ҳамма муҳтожлик бандаларда. Лекин бу амр бандаларга яхшилик етиши учундир. Улар Аллоҳни зикр қилиб эслашлари ила Аллоҳ таоло уларни зикр қилишига, эслашига эришадилар. Аммо зикр билан зикрнинг фарқи бор, албатта. Ҳеч нарсага арзимайдиган ожиз банданинг эслаши қайда-ю, оламларнинг Парвардигори бўлган Аллоҳ таолонинг эслаши қайда! Банда қандай, қачон ва қаерда эслайди? Аллоҳ-чи?
Имом Бухорий Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилган. ҳадиси қудсийда Аллоҳ таоло
«Эй, одам боласи! Агар Мени ўзинг эсласанг, Мен ҳам сени Ўзим эслайман, агар кўпчилик ичида эсласанг, Мен сени фаришталар ичида эслайман», деган.
«Ва Менга шукр қилингиз, куфр қилмангиз».
Шукр қилиш неъмат берувчи зотга мақтов сўзларини айтиш ва неъматни уни берган зотнинг розилиги учун ишлатиш билан бўлади. Аммо тили билан шукр деса-ю, амали билан Аллоҳнинг айтганидан бошқани қилса, куфрони неъмат қилган бўлади. Мўмин-мусулмон доимо Аллоҳни зикр этиб, унга шукр қилгандагина, иши олға босади.

Аллоҳ таоло яна: «Аллоҳни кўп зикр қилгувчи эркаклар ва (Аллоҳни кўп) зикр қилгувчи аёллар, ўшаларга Аллоҳ мағфиратни ва улуғ ажрни тайёрлаб қўйгандир», деган.
Аллоҳни кўп зикр қилиш барча олиймақом инсоний сифатларнинг юзага келишига ва бардавом бўлишига асосий омилдир. Аллоҳни кўп зикр қилиш ҳар бир мусулмон эркак ва аёл учун зарурий амаллардандир.
Ибн Абу Ҳотим Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган. ҳадиси шарифда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачонки эр киши кечаси хотинини уйғотса ва икковлари икки ракатдан намоз ўқисалар, ўша кеча Аллоҳни зикр қилган эркаклардан ва зокира аёллардан бўладилар», дерлар.
Ҳа, зокирлик даражаси олий рутбадир. Зокирлик мақоми олий мақомдир. Ҳар бир мусулмон эркак зокирлик сифатини эгаллаши лозим. Ҳар бир муслима зокира сифатига эга бўлиши керак.
«...ўшаларга Аллоҳ мағфиратни ва улуғ ажрни тайёрлаб қўйгандир».
Яъни, мазкур сифатларга эга бўлган ҳар бир эркакка ва ҳар бир аёлга Аллоҳ таоло бу дунёда гуноҳларини кечиришга тайёр, у дунёда ажр қилиб жаннатни шай этиб қўйди.
Юқорида зикр этилган олиймақом сифатлар соҳиби бўлган ҳар бир мўмин ва мўмина доимо Аллоҳ таолонинг ҳар қандай амрини сўзсиз бажаришга тайёр туради.
Аллоҳ таоло «Ҳадид» сурасида: «Иймон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари юмшаш, айни чоқда, олдин китоб берилган, сўнг муддат ўтиши билан қалблари қотиб қолган, кўплари фосиқ бўлганларга ўхшамаслик вақти келмадими?!» деган.
Инсон қалби тез ўзгарувчан нарса. Араб тилида «қалб» сўзи ўзгариш, айланиш каби маъноларни англатади. Қалбнинг тез ўзгарувчанлигини Қуръони Карим тез-тез эслатиб туради. Ушбу оят ҳам шундай эслатмалардан биридир. Инсон тез-тез Аллоҳнинг зикрини қилиб турса, қалби юмшайди, «мулойим бўлади, ҳис қилиш малакаси ошади.
«Иймон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари юмшаш…»
Оятдаги «нозил бўлган ҳақ» Қуръони Каримдир. Демак, уни тиловат қилиш ёдлаш, ўрганиш, унга амал қилиш инсон қалбини юмшатади.
Агар Аллоҳ тез-тез эслаб турилмаса, Қуръон ва шариатдан, дин таълимотларидан узоқлашилса, инсон қалбини моғор босади, бағри тошга айланади. Унга Аллоҳнинг зикри ҳам, диний таълимотлар ҳам таъсир қилмайдиган бўлиб қолади. Аввал Таврот ва Инжил каби илоҳий китоблар берилган яҳудий ва насронийларнинг вақт ўтиши билан оятда тасвирланганидек қалбларини моғор босиб, қаттиқ бўлиб қолган. Уларнинг кўплари фосиқлардир.
«…айни чоқда, олдин китоб берилган, сўнг муддат ўтиши билан қалблари қотиб қолган, кўплари фосиқ бўлганларга ўхшамаслик вақти келмадими?!»
Лекин қотиб қолган қалблардан умид узмаслик керак. Аллоҳнинг ўзига ҳамма нарса осон. У худди қуриб-қақшаган ерни жонлантирганидек, моғор босиб қотиб кетган қалбни ҳам юмшата олади.
Аллоҳ таоло «Анфол» сурасида: «Албатта, Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи, оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қилгувчи ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир», деган.
Бу ояти каримада мўминларнинг бир неча сифати зикр қилинган. Оят «Албатта», деган таъкид билан бошланаётгани диққатни тортади.
«Аллоҳ зикр қилинса, қалблари титрагувчи»лар... мўминлардир.
Демак, мўминни ажратиш учун Аллоҳни зикр қилиш керак экан. Аллоҳ зикр қилинганда қалбини титроқ босиб, ундан қўрқиб турган одам мўмин бўлади. Яъни, масалан, бирон ишни Аллоҳ буюрган, қилиш керак, дейилса, Аллоҳдан қўрқиб ўша ишни бажаришга киришган одам мўмин бўлади. Гапни эшитиб туриб, Аллоҳ зикр қилингандан кейин ҳам қўрқмай, у ишдан бўйин товлаган одам мўмин эмас.
Мисол учун, Аллоҳ намоз ўқишни фарз қилган, Унинг амрини бажариш ҳар бир мусулмонга фарздир дейилса, қалбини титроқ босиб, дарҳол намоз ўқишни бошлаган одам мўмин. Мазкур ҳукмни эшитиб, яна ўқимай кетаверадиганлар эса, мўмин эмасдир.
Ушбу мисолни бошқа ҳар бир амрга ва қайтариққа солиштириб олаверинг.
«оятлари тиловат этилса, иймонларини зиёда қилгувчи» лар ... мўминлардир.
Яъни, Аллоҳнинг оятлари тиловат қилинганда, иймони зиёда бўладиган инсон мўминдир. Қалбига Қуръон таъсир этадиган, иймонини бақувват қиладиган инсон мўминдир. Аммо Қуръони Карим оятлари қанчалик тиловат қилинса ҳам, иймони зиёда бўлмай тураверадиган инсон мўмин эмасдир.
«...ва Роббиларига таваккул қилгувчиларгина мўминлардир».
Яъни, фақат Аллоҳ таологагина қайтадиган, Унигина кўзлайдиган, Ундангина паноҳ тилайдиган, Ундангина ҳожатларини раво қилишни сўрайдиган, Унгагина рағбат қиладиган, У хоҳласа, бўлади, хоҳламаса, бўлмайди, деб эътиқод қиладиган кишиларгина мўминлардир. Бу дегани дунёдаги ишларга аралашмай, сабабини ахтармай туравериш керак, дегани эмас. Мўмин ҳар бир ишни режага солиб, пухта ўйлаб, турли сабабларни топиб, кейин қилади. Лекин ўша тадбирларнинг ўзигагина суяниб қолмайди. Фикр, режа ва тадбирлар натижа берди, ҳам демайди. Балки, Аллоҳга суянади. Натижани Аллоҳдан деб билади. Шундай тушунчага эга бўлмаган одам мўмин эмас.
Мулоҳаза қилинса, Қуръонда одамлар мўминлар ва мўмин эмасларга ажратилган. Баъзилар айтаётганидек, «ҳақиқий мўмин, оддий мўмин ва мўмин бўлмаганлар»га эмас. Мазкур сифатларга эга бўлганларгина мўминдир, бошқалари мўмин эмас. Учинчи тоифа йўқ. Агар бўлса Аллоҳ айтар эди.
Аллоҳ таоло «Раъд» сурасида: «Иймон келтирганлар ва Аллоҳнинг зикри ила қалблари ором топганлар. Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?» деган.
Ҳа, иймон келтирганларнинг қалблари Аллоҳнинг зикри ила ором топади. Чунки у қалблар ўзларининг Аллоҳга доимий боғлиқ эканларини ҳис этадилар. Чунки бу қалблар дунёдаги ҳамма нарса Аллоҳдан эканлигини яхши биладилар. Аллоҳдан ўзганинг қўлидан ҳеч нарса келмаслигини ҳам яхши биладилар. Бу дунёю у дунёнинг саодати Аллоҳнинг ихтиёрида эканини яхши биладилар. Шундай бўлганидан кейин нега Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасин?!
«Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором топмасми?»
Бу оромнинг нелигини уни тотиб кўрганларгина биладилар. Иймонсизлар қалб ороми нима эканидан бутунлай бехабардирлар. Улар ер юзидаги энг бадбахт одамлардир. Дунёдаги энг бахтли одамлар эса, Аллоҳ томон йўналганлар, ҳидоят топганлар, иймон келтирганлар ва қалблари Аллоҳнинг зикри ила ором топганлардир.
Аллоҳ таоло «Бақара» сурасида: «Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида эслайдиган, осмонлару ернинг яратилишини тафаккур қиладиганлар: «Роббимиз, буни бекорга яратганинг йўқ, Ўзинг поксан, бизни ўт азобидан сақлагин, дерлар», деган.
Ушбу ояти каримадан кўриниб турибдики, Аллоҳнинг биру борлиги ҳамда чексиз қудрати ва бошқа комил сифатларини тўла англаб етиш учун ибодат, зикр ва тафаккур лозим экан. Бири бўлиб иккинчиси бўлмаса ҳам, иш битмас экан. Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларда зикр қилиш даражаси улуғ даража бўлиб, инсон ибодатда олий мақомга эришгандагина ушбу даражага кўтарилади.
«Аллоҳни тик турган, ўтирган ва ёнбошлаган ҳолларида эслайдиган, осмонлару ернинг яратилишини тафаккур қиладиганлар»:
Шундай даражада тафаккур қилган одам қалби соф ҳолга келади ва дуо қилса, ижобат бўладиган мақомга етади.
«Роббимиз, буни бекорга яратганинг йўқ».
Ибодат қилиб, осмонлару ернинг яратилиши ҳақида фикр юритган одам, албатта, Аллоҳ таоло бу нарсаларни бекорга яратмаганини тушуниб етади ва уни «Ўзинг поксан», деб тасбиҳ айтиб ёдга олади. Ушбу борлиқнинг яратилиши, ундаги нарсаларнинг ҳақиқатини тушуниб етиш буларни қилишда тадбиркорлик, ҳикмат ва мақсад борлигини англаб етишга олиб боради. Шундай бўлса, бу дунёда яшаётган кишилар учун адолат ҳам зарурлигини тушуниб етади. Демак, одамлар қилган ишларнинг ҳисоб-китоби ҳам бўлади. Бу иш бу дунёда эмас, у дунёда амалга оширилади. Шу боисдан охират умидида дуо қилиш бошланади:
«...бизни ўт азобидан сақлагин».
Дўзахда куйишдан ҳамма ҳам қўрқади. Хусусан, ибодатли, иймонли, тафаккурли кишилар бу ҳақиқатни тўлиқ ҳис этадилар.
Аллоҳ таоло «Нур» сурасида: «(У) бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига ва уларда Ўз исми зикр қилинишига изн бергандир. Уларда Унга эртаю кеч тасбиҳ айтурлар;
Бир кишиларки, уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан машғул қила олмас. Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган кундан қўрқарлар
», деган.
Аллоҳнинг нури, нурли чироқ, иймон нури
«(У) бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига...» изн берган.
Яъни, моддий ва маънавий жиҳатдан юқори даражада бўлишига Аллоҳ таолонинг Ўзи амр қилган. Бу уйларни баланд қилиб қуришга изн берган.
«ва уларда Ўз исмининг зикр қилинишига изн бергандир».
Яъни, ўша баланд қилиб қурилган уйларнинг даражасини янада баландлатиш учун уларда Ўзининг исмини зикр этишни буюрган. Шу маъноларни эътиборга олиб, уламоларимизнинг кўплари, бу уйлардан мурод масжидлардир, дерлар.
Ҳазрати Абдуллоҳ ибн Аббосдан «Масжидлар Аллоҳнинг ердаги уйларидир», деган гап ҳам нақл қилинган.
Ушбу оятнинг тафсирида Ҳофиз ибн Касир масжид қуришга тарғиб қилувчи, масжид одобларини ўргатувчи ҳадислар билан бир қаторда масжидга зеб беришдан қайтарувчи ҳадисларни ҳам келтирганлар.
Масжидларнинг ҳақиқий ободлиги уларда Аллоҳга ибодат қилиш билан бўлади. Шунинг учун ҳам оятнинг давомида ва кейинги оятда айнан шу нарса зикр қилинмоқда.
«Уларда Унга эрта-ю кеч бир кишилар тасбиҳ айтурларки…».
Яъни, у уйларда Аллоҳга шундай кишилар эрта-ю кеч тасбиҳ айтурлар-Аллоҳни поклаб ёд этурларки,
«уларни тижорат ҳам, олди-сотди ҳам Аллоҳнинг зикридан, намозни тўкис адо этишдан ва закот беришдан машғул қила олмас».
Бу ерда Аллоҳнинг нурини идрок этишга ва унинг файзидан баҳраманд бўлишга ҳақли кишиларнинг сифатлари келтирилмоқда. Аллоҳ таоло неъматини, нурини кўринганга ато қилавермайди, албатта. Балки, маълум сифатларга эга бўлган зотларгагина ато этади. Ана ўша инсонларнинг сифатларидан бири Аллоҳ таолони эртаю кеч поклаб ёд этиш–тасбиҳ айтиш бўлса, яна бир сифати тижоратга ҳам, олди-сотдига ҳам машғул бўлмас дан, Аллоҳни зикр этишларидир. Яъни, иш вақтида ҳам Аллоҳни унутмайдилар. Тижорат ва олди-сотди билан машғул бўлиб, намозни, хусусан жамоат намозини ва зикрни қолдирмайдилар. Менинг ўзим тижорат қилиб, зўрға топдим-ку, деб закот беришдан ҳам қочмайдилар. Чунки:
«Улар қалблар ва кўзлар изтиробга тушадиган кундан қўрқарлар».
Яъни, қиёмат кунидан қўрқарлар. У кунда тижорат билан, олди-сотди билан машғул бўлиб, Аллоҳнинг зикрини, намозни тўкис адо этишни, закот беришни унутганларнинг қалблари ва кўзлари қўрқинчдан изтиробга тушади.
Аллоҳ таоло «Аъроф» сурасида: «Роббингни эрта-ю кеч ичингда тазарруъла, қўрқиб, овоз чиқариб гапирмай зикр қил ва ғофиллардан бўлма», деган.
Яъни, Аллоҳни доимо зикр қилиб юр. Аллоҳ таоло ҳамма нарсани эшитиб турувчи Зот. Унга қарата баланд овозда дуо ёки зикр қилишнинг ҳожати йўқ. Энг муҳими, зикр бардавом бўлиши ва дилдан чиққан, тазарруъли бўлиши шарт. Акс ҳолда, инсон ғофиллардан бўлиб қолади.
Аллоҳ таоло «Муззамил» сурасида: «Ва Роббингнинг исмини зикр эт ва Унинг ибодатига бутунлай ажралиб чиқ», деган.
Яъни, ўз ишингга Аллоҳни доимо зикр қилиш ила ёрдам сўра. У зотга тамомила ажраб чиқиб, фақат Унинг Ўзига суян, ўз ишларингдан бирортасида Аллоҳдан ўзгага суянма.
Аллоҳ таоло «Тоҳо» сурасида: «Ким менинг зикримдан юз ўгирса, албатта, унга торчилик ҳаёти бўлур ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирурмиз», деди», деган.
Қайси бир инсон Аллоҳни унутса, Уни эсламаса, зикрини қилмаса, Унинг ҳидоятига эргашмаса, ўзига ўзи қилади. Аввало, ундай одам бу дунёда танглик-торликда ҳаёт кечиради. Иймонсизлиги туфайли ўзи тўйса ҳам, кўзи тўймас бўлиб қолади. Молу дунё, айшу ишрат ичида кўмилиб ётса ҳам, унга оз кўринади. Улардан ажраб қолишидан қўрқаверади. Иймонсизлиги туфайли кетма-кет муаммолар келиб чиқаверади.
«...ва қиёмат куни уни кўр ҳолида тирилтирурмиз».
Бу ҳам ҳаёти дунёда қилган қилмишига муносиб жазодир. Лекин унинг ўзи нима учун кўр ҳолда тирилтирилганлигини тушуна олмайди.
Энди ўрганаётган мавзуимизга оид баъзи ҳадиси шарифларни ўрганишга ўтайлик.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ азза ва жалла «Мен бандам Мен ҳақимда нима гумон қилса, ўшандоқман. У Мени зикр қилган чоғда, Мен у биланман. У Мени ичида зикр қилса, Мен ҳам уни ичимда зикр қиламан. У Мени жамоат ичида зикр қилса, Мен ҳам уни, унинг жамоатидан яхшироқ жамоат ичида зикр қиламан. Агар у Менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир аршин яқинлашаман. Агар у Менга бир аршин яқинлашса, Мен унга бир қулоч яқинлашаман. Агар у мен томон юриб келса, Мен у томон югиргилаб бораман» деди», дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган..
Шарҳ: Банда Аллоҳ таоло ҳақида қандоқ гумон қилса, Аллоҳ таоло унга ўша гумонга мос муомала қилади. Шунинг учун мўмин банда доимо Аллоҳ таоло ҳақида яхши гумонда бўлмоғи керак.
Аллоҳга истиғфор айтаётган одам У зотнинг мағфират қилишини гумон қилса, мағфират қилинади.
Аллоҳ таолога дуо қилаётган одам У зотнинг қабул қилишини гумон қилса, дуоси қабул бўлади.
Аллоҳ таолога ибодат қилаётган одам У зотнинг ўша ибодатни қабул қилишини гумон қилса, ибодати қабул бўлади.
Аллоҳ таолога зикр қилаётган одам У зотнинг қурбат қилишини гумон қилса, унда Аллоҳ таолога муқарраблик ҳосил бўлади.
Ким Аллоҳ таолони холи ҳолда зикр қилса, Аллоҳ таоло ўша бандани алоҳида Ўзига савоб ва мартабалар беради.
Ким Аллоҳ таолони аҳли солиҳ кишилар билан бирга бўлиб зикр қилиб эсласа, Аллоҳ таоло уни малоикалар ичида эсга олади.
Ҳадиси шарифда зикр қилинган «Агар у Менга бир қарич яқинлашса, Мен унга бир аршин яқинлашаман. Агар у Менга бир аршин яқинлашса, Мен унга бир қулоч яқинлашаман. Агар у мен томон юриб келса, Мен у томон югиргилаб бораман» ибораларидаги қарич, аршин, қулоч, юриш ва югиргилаш каби маънолар одамлар орасидаги ўлчов тушунчалари маъносида эмас. Балки, банданинг озгина тоатига Аллоҳ таоло кўплаб савоб ва мартабалар бериши маъносидадир.
Демак, фарз, вожиб ва суннат амалларни адо қилиб қўйиб Аллоҳ таолога янада кўпроқ қурбат ҳосил қиламан деган банда қанчалик кўп нафл ибодат қилса, Аллоҳ таолога шунчалик қурбат ҳосил қилаверади. Банда бу ҳақиқатни яхшилаб англаб етмоғи лозимдир.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳнинг бир тоифа фаришталари бор. Улар йўлларда айланиб аҳли зикрларни излаб юрадилар. Қачон улар Аллоҳни зикр қилаётган қавмни топсалар «ўзингиз истаган нарсага келинглар» деб нидо қиладилар. Бас, уларни қанотлари билан ўраб олиб дунё осмони баробар бўлиб турадилар.
Шунда Роббилари Ўзи билиб турса ҳам:
«Бандаларим нима демоқдалар?» дейди.
«Сенга тасбиҳ, такбир, ҳамд айтмоқдалар ва Сени улуғламоқдалар», дейдилар.
«Улар мени кўрганларми?» дейди.
«Йўқ. Аллоҳга қасамки, Сени кўрганлари йўқ», дейдилар.
«Агар Мени кўрганларида қандоқ бўларди?» дейди.
«Агар улар Сени кўрганларида яна ҳам қаттиқроқ ибодат қилардилар, Сени яна ҳам қаттироқ улуғлардилар ва Сенга яна ҳам қаттиқроқ тасбиҳ айтардилар», дейдилар.
«Мендан нимани сўрамоқдалар?» дейди.
«Сендан жаннатни сўрамоқдалар», дейдилар.
«Улар уни кўрганмилар?» дейди.
«Йўқ. Аллоҳга қасамки, Эй, Робб, улар уни кўрмаганлар», дейдилар.
«Агар улар уни кўрганларида қандоқ бўларди?» дейди.
«Агар улар уни кўрганларида унга яна ҳам қаттиқроқ ҳирс қўярдилар, уни яна ҳам қаттироқ талаб қилардилар ва унга яна ҳам қаттиқроқ рағбат қилардилар», дейдилар.
«Улар нимадан паноҳ тиламоқдалар?» дейди.
«Дўзахдан», дейдилар.
«Улар уни кўрганмилар?» дейди.
«Йўқ. Аллоҳга қасамки, улар уни кўрмаганлар», дейдилар.
«Агар улар уни кўрганларида қандоқ бўларди?» дейди.
«Агар улар уни кўрганларида ундан яна ҳам қаттиқроқ қочардилар, ундан яна ҳам қаттироқ қўрқардилар», дейдилар.
«Мен сизларни гувоҳ қилиб айтаманки, албатта, уларни мағфират қилдим», дейди.
Шунда фаришталардан бир фаришта:
«Уларнинг ичида фалончи бор. У улардан эмас. У ўзининг ҳожати учун келган, холос», дейди.
«Улар ҳаммажлислар. Уларнинг ҳаммажлислари ҳам бадбахт бўлмас», дейди», дедилар
». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Аллоҳ таолонинг зикрини қилиш қанчалар улуғ иш эканлиги ва бу ишни қилган кишилар улуғ мартабага эришишлари ҳақида сўз кетмоқда. Ҳадиси шарифдан ҳатто зокирларга суҳбатдош бўлган киши ҳам уларнинг шарофатидан фойда топиши ҳақида сўз кетмоқда.
«Аллоҳнинг бир тоифа фаришталари бор. Улар йўлларда айланиб аҳли зикрларни излаб юрадилар».
Бундан Аллоҳ таоло Ўзини зикр қиладиган бандаларини излаб топиб тақдирлаш учун алоҳида фаришталар гуриҳини таъйин қилиб қўйгани келиб чиқади. Албатта, бу ҳам зикр ва зокирларнинг фазли улуғлигидан бўлгандир.
«Қачон улар Аллоҳни зикр қилаётган қавмни топсалар, «ўзингиз истаган нарсага келинглар» деб нидо қиладилар».
Мазкур фаришталардан қай бирлари Аллоҳни зикр қилаётган қавмни топсалар, бошқа шерикларини «ўзингиз истаган нарсага келинглар» деб чақирадилар.
«Бас, уларни қанотлари билан ўраб олиб дунё осмони баробар бўлиб турадилар».
Фаришталар зудлик билан зокирларни ўраб оладилар. Улар бу ишга қаттиқ қизиққанлигидан зокирларни ўрашда устма-уст бўлиб осмонгача кўтарилиб кетадилар.
«Шунда Роббилари Ўзи билиб турса ҳам:
«Бандаларим нима демоқдалар?» дейди.
Бундан Аллоҳ таоло зокирларнинг фазлини улуғлаш мақсадида, буни фаришталарга ҳам яна бир бор билдириш мақсадида Ўзи билиб турган нарса ҳақида улардан савол сўрайди. Бу саволнинг жавоби жуда ҳам аниқ бўлади. Фаришталар Аллоҳ таолога, зокир бадаларинг:
«Сенга тасбиҳ, такбир, ҳамд айтмоқдалар ва Сени улуғламоқдалар», дейдилар».
«Улар мени кўрганларми?» дейди.
«Йўқ. Аллоҳга қасамки, Сени кўрганлари йўқ», дейдилар.
«Агар Мени кўрганларида қандоқ бўларди?» дейди.
«Агар улар Сени кўрганларида яна ҳам қаттиқроқ ибодат қилардилар, Сени яна ҳам қаттироқ улуғлардилар ва Сенга яна ҳам қаттиқроқ тасбиҳ айтардилар», дейдилар».
Бундан фаришталар ҳам зокир бандаларнинг ҳоллларидан яхши хабардор эканликлари, Аллоҳ таолонинг кўрмай зикр қилишнинг аҳамияти қанчалар олий эканлиги чиқади.
«Мендан нимани сўрамоқдалар?» дейди.
«Сендан жаннатни сўрамоқдалар», дейдилар.
«Улар уни кўрганмилар?» дейди.
«Йўқ. Аллоҳга қасамки, Эй, Робб, улар уни кўрмаганлар», дейдилар.
«Агар улар уни кўрганларида қандоқ бўларди?» дейди.
«Агар улар уни кўрганларида унга яна ҳам қаттиқроқ ҳирс қўярдилар, уни яна ҳам қаттироқ талаб қилардилар ва унга яна ҳам қаттиқроқ рағбат қилардилар», дейдилар».
Демак, банда Аллоҳ таолодан жаннатни сўраши турган гап. Аллоҳ таоло Ўзига фарзу вожиб бўлган амрларни адо қила бориб имкон топиб зокирлар қаторига қўшилган бандаларига жаннатни ато қилиши ҳам ваъда бўлмоқда.
«Улар нимадан паноҳ тиламоқдалар?» дейди.
«Дўзахдан», дейдилар.
«Улар уни кўрганмилар?» дейди.
«Йўқ. Аллоҳга қасамки, улар уни кўрмаганлар», дейдилар.
«Агар улар уни кўрганларида қандоқ бўларди?» дейди.
«Агар улар уни кўрганларида ундан яна ҳам қаттиқроқ қочардилар, ундан яна ҳам қаттироқ қўрқардилар», дейдилар.
Демак, банда Аллоҳ таолодан дўзахга ташламаслигини сўраб юриши матлубдир. Бу сўровга нисбатан зокирларга алоҳида муомала бўлар экан.
«Мен сизларни гувоҳ қилиб айтаманки, албатта, уларни мағфират қилдим», дейди.
Аллоҳ таоло зокирларни излаб топиб тақдирлаб юриш ишини топширган фаришталарини гувоҳ қилиб туриб уларни мағфират қилганини эълон қилмоқда.
«Шунда фаришталардан бир фаришта:
«Уларнинг ичида фалончи бор. У улардан эмас. У ўзининг ҳожати учун келган, холос», дейди.
Ўша ўзи зокир бўлмаса ҳам, шахсий ҳожати туфайли бир сафар уларнинг зикр мажлисига қўшилиб қолган одамнинг ҳукми нима бўлади? Бу саволга Аллоҳ таоло қуйидаги жавобни беради:
«Улар ҳаммажлислар. Уларнинг ҳаммажлислари ҳам бадбахт бўлмас», дейди».
Ҳа, ҳар банда зокирлардан бўлишга ҳаракат қилсин. Агар зокирлардан бўлмаса, ҳеч бўлмаса зокирларга ҳамсуҳбат бўлсин.

Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳ зикр қилинадиган уй билан зикр қилинмайдиган уйнинг мисоли худди тирик ва ўликка ўхшайди», дедилар». Икки шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Банда ўз роббиси ҳар доим ва ҳар жойда зикр қилиши керак бўлганидан уйда ҳам зикр қилиб турмоғи лозим. Қай бир уйда Аллоҳ таолонинг зикри бўлиб турса ўша уй тирикдир. Қай бир уйда Аллоҳ таолонинг зикри бўлмаса ўша уй ўликдир.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир кунда юз марта «Лаа илаҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ҳува алаа кулли шайъин қодийр» деса, бу унинг учун ўнта қулни озод қилишга баробар бўлади, унга юзта ҳасана битилади ва ундан юзта ёмонлик ўчирилади. Бу унга ўша куни шайтондан сақлаш бўлади. Ўша ҳол кеч киргунча давом этади. Биров ундан кўра афзал нарса қила олмайди. Илло ким ўшандан кўпроқ қилган бўлсагина, кўпроқ савоб бўлиши мумкин. Ким бир кунда юз марта «субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи» деса унинг хатолари ҳатто денгиз кўпикларича бўлса ҳам ўчирилади», дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда алоҳида сўзлар ва жумлаларни маълум ададда зикр қилиш ҳақида сўз кетмоқда. Демак, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан нақл қилинган иборалар ила санаб зикр қилиш ҳам катта савобга, гуноҳларнинг кечирилишига ва бошқа фойдаларга молик нарса. Бу ишларни қилган одам айни суннатга мувофиқ ишни қилган бўлади.
Зикрнинг қанчалар осон йўл билан катта фазлларга эриштирадиган омил эканини ушбу ҳадиси шарифда яққол кўриб турибмиз.
Бир киши бир кунда юз марта «Лаа илаҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду ҳува алаа кулли шайъин қодийр» деса, қанчалар фазлга эга бўлади.
Бу амални қилиш учун ўтирган, ётган, юриб кетаётган ёки ўзи учун фойдали бўлган бирор ишни қилиб туриб тили ва дили билан бир неча дақиқа зикр керак, холос. Ана ўша ўта содда ва енгил ишни қилган одамга қуйидаги нарслар ваъда қилинмоқда:
1. Бу унинг учун ўнта қулни озод қилишга баробар бўлади.
2. Унга юзта ҳасана битилади.
3. Ундан юзта ёмонлик ўчирилади.
4. Унга ўша куни шайтондан сақлаш бўлади.
5. Ўша ҳол кеч киргунча давом этади.
6. Биров ундан кўра афзал нарса қила олмайди.
Ҳар биримиз гуноҳларимизнинг ўчирилиши учун ҳар қандай оғир ишни қилишга ҳам тайёрмиз. Аммо буни жуда осон йўли ҳам бор экан. Ўша йўлни Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатиб:
«Ким бир кунда юз марта «субҳаналлоҳи ва биҳамдиҳи» деса унинг хатолари ҳатто денгиз кўпикларича бўлса ҳам ўчирилади», дедилар».
Бу жуда ҳам осон ишни ўзига кундалик вазифа қилиб олган одам улкан бахт соҳиби бўлади.

Муслим ва Термизийнинг ривоятида: «Ким ўн марта «Лаа илаҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, лаҳул мулку ва лаҳул ҳамду, юҳъйи ва юмийту ва ҳува алаа кулли шайъин қодийр» деса, валади Исмоилдан тўрт жонни озод қилгандек бўлади», дейилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда ҳам олдинги ҳадиси шарифдагига ўхшаш маъно бор. Аммо бу ҳадисда айтиладиган зикрнинг адади юзта эмас ўнтадир. Озод бўладиган қул эса оддий одам эмас Исмоил алайҳиссаломнинг фарзандларидан ўн донасидир.
Бир дона қул озод қилишнинг ўзи осон эмас. Аммо бу ишга бериладиган мукофотнинг ўзи ҳам оз эмас. Аммо Аллоҳ таоло бу ишни зокирлар учун жуда ҳам осонлаштириб қўйган. Ким ўн марта юқоридаги зикрни айтса, Исмоил алайҳиссаломнинг фарзандларидан ўн донасини озод қилган кишининг мартабасини олаверади. Бунинг учун эса икки дақиқа вақт кетса кетади, бўлмаса йўқ.
Бу ва олдинги ҳадисларда зикрни санаб қилиш борлигига очиқ-ойдин далил бор.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир қавм ўтириб Аллоҳ азза ва жаллани зикр қилсалар, албатта, уларни фаришталар қуршаб олур, раҳмат ўраб олур, устиларидан сакийна нозил бўлур ва Аллоҳ уларни Ўз ҳузуридагилар ичида зикр қилур», дедилар».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Аллоҳ азза ва жаллани жамоат бўлиб зикр қилиш мумкинлиги ва бу фазл эканлиги.
2. Аллоҳ азза ва жаллани жамоат бўлиб зикр қилганларни фаришталар қуршаб олиши.
3. Аллоҳ азза ва жаллани жамоат бўлиб зикр қилганларни раҳмат ўраб олиши.
4. Аллоҳ азза ва жаллани жамоат бўлиб зикр қилганларни устиларидан сакийна нозил бўлиши.
5. Аллоҳ азза ва жаллани жамоат бўлиб зикр қилганларни Аллоҳ Ўз ҳузуридагилар ичида зикр қилиши.
Демак, Аллоҳ таолонинг зикрини жамоат бўлиб ҳам қилиб туриш керак.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Муфарридлар ўзиб кетдилар», дедилар.
«Муфарридлар нима, Эй, Аллоҳнинг Расули?» дейишди.
«Аллоҳни кўп зикр қиладиган эркаклар ва аёллар», дедилар
».
Шарҳ: Демак, зокирлар бошқалардан ўзиб кетган шахслар бўлар экан. Зокирлар ҳам эркаклардан, ҳам аёллардан бўлиши бор экан. Бошқалардан ўзиб кетиш учун Аллоҳ таолони кўп зикр қилиш керак экан.
Аллоҳни кўп зикр қиладиганлар кимлар эканини тушунтириш учун Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳу қуйидагиларни айтган:
«Бундан мурод Аллоҳ таолони намозлардан кейин, эртаю, кеч, ётар жойларда, уйқусидан уйғонганда, ҳар бор уйидан чиққанда ва уирганда Аллоҳ таолони зикр қилишдир».
Абу Амр ибн Салоҳ, Аллоҳни кўп зикр қиладиган эркаклар ва аёллардан бўлиш учун эрта-ю, кеч, турли вақтларда ва ҳолатларда ривоятларда келган зикрларни бардавом айтиб бориш лозим, деган.
Тасаввуф уламолари алоҳида бир зикрни кўп қилиш чегараси ўша лафзни етмиш минг марта айтишдир, деганлар.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Муовия масжиддаги ҳалқа олдига чиқди ва: «Сизларни нима мажлис қурдирди?» деди.
«Аллоҳни зикрини қилиб мажлис қурмоқдамиз», дейишди.
«Аллоҳга қасамки, ундан бошқа нарса сизларни ўтказгани йўқми?» деди.
«Аллоҳга қасамки, ундан бошқа нарса бизларни ўтказгани йўқ», дейишди.
«Мен сизлардан туҳмат юзасидан қасам ичишни талаб қилганим йўқ. Ҳеч ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга мен каби яқин манзилада бўлиб туриб мен каби оз ҳадисли бўлмаган. Албатта, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз саҳобаларидан бўлган бир ҳалқа олдига бордилар ва:
«Сизларни нима мажлис қурдирди?» дедилар.
«Аллоҳни зикрини қилиб, бизни Исломга ҳидоятга бошлагани ва берган неъматлари учун ҳамд айтиш учун мажлис қурмоқдамиз», дейишди.
«Аллоҳга қасамки, ундан бошқа нарса сизларни ўтказгани йўқми?» дедилар.
«Аллоҳга қасамки, ундан бошқа нарса бизларни ўтказгани йўқ», дейишди.
«Мен сизлардан туҳмат юзасидан қасам ичишни талаб қилганим йўқ. Аммо ҳузуримга Жиброил келиб Аллоҳ азза ва жалла сизлар билан фаришталарга фахрланаётганининг хабарини берди», дедилар
». Учовини Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Муовия розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга яқин кишиларидан бўлишларга, у зотнинг қариндошлари ва қайиноғалари ҳамда ваҳий котибларидан бирлари бўлишларига қарамай ҳадиси шарифларни оз ривоят қилганлар. Бу ҳадиси шариф ўша оз сонли ривоятлардан биридир. Бу омил ривоятнинг ўта аниқлигини билдиради.
Бу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Зикр ҳалқалари қуриш катта фазилат экан.
2. Зикр ҳалқаларини масжидларда қуриш яхши иш экан.
3. Зикр ҳалқалари қуриш холис мақсадла бўлиши керак.
4. Бир маънони таъкидлаш учун иккинчи томондан қасам ичишни сўраш мумкинлиги.
5. Аллоҳ азза ва жалла мухлис зокирлар билан фаришталарга фахрланиши.
6. Жамоат бўлиб зикр қилиш жоизлиги.

Ҳанзала ал-Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:(У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди).
«Эй, Аллоҳнинг Расули! Ҳанзала мунофиқ бўлди», дедим.
«Нима учун?» дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули! Сизнинг ҳузурингизда бўлганимизда дўзах ва жаннатни бизга эслатасиз. Ҳаттоки биз кўзимиз билан кўргандек бўламиз. Сизнинг ҳузурингиздан чиққанимизда жуфти ҳалолларга, болаларга ва молу мулкка аралашиб кўп нарсани унитамиз», дедим.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Жоним қўлида бўлган зот билан қасамки, агар менинг ҳузуримда бўлган ҳолингизда бардавом бўлсангиз, албатта, мажлисларингизда, йўлларингизда ва тўшакларингизда сизлар билан фаришталар қўл бериб кўришар эдилар. Лекин, Эй, Ҳанзала, бир соат ундоқ, бир соат бундоқ, бир соат ундоқ, бир соат бундоқ, дедилар
».
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф жуда ҳам машҳур ҳадислардан бўлиб унинг аввалги қисми қуйидагича:
«Абу Бакр мени учратиб қолиб:
«Қандоқсан, Эй, Ҳанзала?!» деди.
«Ҳанзала мунофиқ бўлди», дедим.
«Субҳаналлоҳи! Нима демоқдасан?!» деди.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлганимизда у зот бизга дўзах ва жаннатни эслатадилар. Ҳаттоки биз кўзимиз билан кўргандек бўламиз. Қачон у зотнинг ҳузурларидан чиққанимизда жуфти ҳалолларга, болаларга ва молу мулкка аралашиб кўп нарсани унитамиз», дедим.
«Аллоҳга қасамки, биз ҳам шунга дучор бўламиз!» деди Абу Бакр.
Мен Абу Бакр билан тезлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. У зотнинг олдиларига кириб» деб, давом этилади.
Бу ҳадиси шарифдан кўпгина фойдалар олинади:
1. Устозлар етук бўлсалар кишиларнинг руҳий тарбия асосида юқори даражаларга эришиларига сабаб бўлишлари мумкинлиги.
2. Устоздан узоқлашган шогирдда руҳий поклик чўққисидан пастлаш бўлиши мумкинлиги.
3. Фарзу вожибларни адо этгандан кейин нафл ибодатлар, эслатиш ва зикр туфайли кишиларнинг руҳий даражалари ҳар хил бўлиши.
4. Руҳий даражани доимий равишда олий даржада ушлаб туриш матлуб эмаслиги.
5. Шариат ҳудудида оила, бола чақа ва молу мулк ташвишида бўлиш мунофиқлик ёки номарғуб нарса эмаслиги.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қай бир қавм бир мажлисда ўтирсалару унга Аллоҳни зикр қилмасалар ва набийларига саловот айтмасалар, албатта, бу улар учун ҳасрату надомат бўлгай. У зот истаса уларни азоблагай, истаса мағфират қилгай», дедилар».
Шарҳ: Бундан ҳар бир мажлисда Аллоҳ таолони зикр қилиш ва муборак номлари зикр қилинганда Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга саловот айтиш лозиму лобуд эканлиги келиб чиқади.
Бу ишларни қилмаслик эса ўз эгаларини оғир аҳволга солиб қўяди.
Шунинг учун ҳам мусулмон оламида ҳар бир мажлисни бошлашдан ёки тугатиш пайтида Қуръони Каримдан тиловат қилиш одатга айланган.
Шунинг учун ҳам саҳобаи киромлар катта-ю, кичик ҳар бир ўтиришнинг охирида «Валасри» сурасини тиловат қилганлар.
Шунинг учун ҳам ўтирганда ва турганда махсус дуоларни қилиш одат тусига кирган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон бир банда «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни айтса, албатта, унга токи аршга етиб боргунча осмоннинг эшиклари очилур. Модомики, гуноҳи кабиралардан четланган бўлса», дедилар».
Шарҳ: Бундан зикрнинг фойдасидан баҳраманд бўлиш учун зокир гуноҳи кабираларни қилмаган бўлиши кераклиги чиқади. Ана шунда унинг зикрига аршгача етиб бориш имкони туғилади ва унинг дуолари ҳам қабул бўлади.
Бу ҳадиси шарифда «Лаа илаҳа иллаллоҳу»нинг фазли қанчалар улуғ экани баён қилинмоқда.
«Лаа илаҳа иллаллоҳу» ила Аллоҳдан ўзга барча нарсадан илоҳлик-ибодатга сазоворликни манфий қилади.
«Лаа илаҳа иллаллоҳу» илоҳлик-ибодатга сазоворликни фақат Аллоҳ таолонинг Ўзига исбот қилади.
«Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни тавҳид калимаси, калимаи тоййиба ва ихлос калимаси ҳам дейилади.
«Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни уламолар қисқача қилиб «таҳлил» деб айтадилар. Китобларда «таҳлил айтди» деган ибора келса, «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни айтди деб англаш керак.
«Лаа илаҳа иллаллоҳу» барча пайғамбарларга юборилган динларнинг хулосасидир.
«Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни нутқ қилмагунча уни айтишга қодир кишининг иймони дуруст бўлмайди.
«Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни айтиб шаҳодат келтирган ва Муҳаммад алайҳиссаломнинг пайғамбарликларини тасдиқлаган одам мусулмон бўлади.
«Лаа илаҳа иллаллоҳу» озон ва иқоматнинг жузидир.
«Лаа илаҳа иллаллоҳу» энг афзал зикрдир.
«Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни ҳар замон ва маконда айтиб туриш мустаҳабдир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қачон жаннат боғлари ёнидан ўтсангиз сайл қилинг», дедилар. Мен: «Жаннат боғлари нимадир?» дейишди.
«Зикр ҳалқалари», дедилар
».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифдан зикр ҳалқалари фазли очиқ-ойдин кўриниб турибди. Улар оз эмас, кўп эмас жаннат боғлари, деб аталамоқда.
Демак, ким ёруғ дунёда зикр ҳалқаларига кирса жаннат боғига кирган бўлади.
Ким зикр ҳалқаларига кириб, зикр қилса жаннат боғида сайл қилган бўлади. Мўмин банда учун ҳар куни кўп марта жаннат боғига кириш, унда сайл қилиш имкони берилган экан. Бу имкониятдан тўлиқ фойдаланишимиз лозим. Зикр ҳалқаларига киришимиз, жаннат боғига кириш эканини англаб етмоғимиз керак. Ўша ўзимиз кирган жаннат боғида кўпроқ сайл қилиб қолишга ҳаракат қилишимиз керак. Бу фазилатга таниш-билишларни, ёру-дўст, бола-чақаларни ҳам чорлашимиз лозим.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Алллоҳни барча вақтларида зикр қилиб юрар эдилар».
Шарҳ: Шунинг учун у зотга уммат бўлган ҳар бир киши ҳам доимо Аллоҳ таолони эслаб зикр қилиб юриши лозим. Зотан ҳақиқий мўмин ўз ҳаётининг бирор лаҳзасида ҳам Аллоҳ таолони зикр қилмай яшаши мумкин эмас. Доимо У зотнинг зикри ила бўлиши лозим. Аммо махсус зикр этиладиган лафзларни айтиб туриш учун эса уларни ўрганиб олиб доимо зикр қилмоқ керак бўлади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Зикрнинг афзали «Лаа илаҳа иллаллоҳу»дир. Дуонинг афзали «Алҳамду лиллаҳи»дир», деганларини эшитдим».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда Аллоҳ таолони зикр қилишни истаган бандаларга дастлабки зикр лафзи нима эканлиги ҳақида дарс келмоқда. Ким Аллоҳ таолонинг махсус лафз ила зикр қилишни истаса «Лаа илаҳа иллаллоҳу»ни кўпроқ айтсин. Ўшанда энг афзал зикрни қилган бўлади. Балки одам боласи айтиши мумкин бўлган энг афзал лафзни айтган бўлади.
Биров ўзига берилган неъматни зиёда бўлишини сўраб дуо қилмоқчи бўлса, бу борадаги энг афзал дуо «Алҳамду лиллаҳи»дир. Чунки «Алҳамду лиллаҳи»да Аллоҳ таолога берган неъмати учун шукр маъноси бор. Аллоҳ таоло Қуръони каримда «Шукр ила неъматлар бардавом бўлур» деган.

Бир киши: «Эй, Аллоҳнинг Расули! Ислом шариати мен учун кўпайиб кетди. Менга ўзим маҳкам ушлайдиган нарсанинг хабарини беринг», деди.
«Тилинг Аллоҳнинг зикридан хўл бўлиб турсин», дедилар
».
Шарҳ: Мўмин банданинг тилидан доимо Аллоҳ таолонинг зикри тушмай турса, ул банда дунёдаги бирча савобли ишларнинг энг яхшисини қилаётган бўлади.
Ушбу ҳадиси шарифга амал қилишга ўтмоқ зарур.

Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга Роббингиз ҳузуридаги энг яхши, энг пок, энг даражотларингизни юқори қиладиган, сиз учун тилло кумуш инфоқ қилишдан ҳам яхшироқ ва душманингизга йўлиқиб, сиз уларнинг бўйнингизга, улар сизнинг бўйнингизга зарба бергандагидан ҳам яхшироқ амалларингизнинг хабарини берайми?» дедилар.
«Оре, Эй, Аллоҳнинг Расули!» дейишди.
«Аллоҳ таолонинг зикри», дедилар».
Шарҳ: Бундан кези келганда зикр хайри садақа ва жиҳоддан ҳам афзал бўлиши чиқади. Бас, ундоқ экан доимий равишда Аллоҳ таолони зикрини қилишга одатланайлик.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Қайси ибодатнинг қиёмат куни Аллоҳнинг ҳузурида даражаси афзал?» деб сўради.
«Аллоҳни кўп зикр қилувчи эркаклар ва аёллар», дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули! Аллоҳнинг йўлида ғазот қилувчи ким?» дедим.
«Агар қиличи билан кофирлар ва мушрикларга ҳаттоки у сингунча зарба берган ва қонга бўялган бўлса ҳам, Аллоҳни зикр қилувчилар даражаси ундан афзал бўлгай», дедилар
».
Шарҳ: Аллоҳ таоло фарз ва вожиб қилган ибодатлардан кейин келадиган нафл ибодатлар ичида энг афзали шароитга қараб зикр бўлиши мумкин экан.

Тамийм ад-Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўн марта «Ашҳаду аллаа илаҳа иллаллоҳу, ваҳдаҳу лаа шарийка лаҳу, илаҳан воҳидан, аҳадан сомадан, лам яттахиз соҳибатан, ва лаа валадан, ва лам якун лаҳу куфван аҳадун» деса, Аллоҳ унга кирқ милён ҳасана ёзади», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда зикрнинг ҳам, унга бериладиган ажрнинг ҳам адади очиқ-ойдин айтилмоқда. Бир зикрни ўн марта айтиб, қирқ милён савоб олиш қандоқ ҳам осон. Шунинг учун ҳам уламоларимиз, зикр туфайли бошқа амаллар ила эриша олинмайдиган нарсаларга эришилади, деганлар.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам менга: «Мен сенга, агар сен мағфират қилинган бўлсанг ҳам уни айтсанг Аллоҳ мағфират қиладиган калималарни ўргатиб қўяйми? Лаа илаҳа иллаллоҳул Алиййил Азийм. Лаа илаҳа иллаллоҳул Ҳалиймул Карийм. Лаа илаҳа иллаллоҳу. Субҳаналлоҳил Роббил аршил Азийм. Алҳамду лиллаҳи Роббил аламийн», дедилар». Ушбу ўнтани Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳазрати Али розияллоҳу анҳуга «сен мағфират қилинган бўлсанг ҳам» деганлари у кишининг жаннат башоратини олган ўн кишидан бири эканликларидандир.
Бундан зикрни маълум даражага эришган одам қилмай қўйса ҳам бўлаверади деган хаёлга бориш мутлақо нотўғри экани чиқади.
Банда ким бўлишидан, қанчалар юқори мартабага эга бўлишидан ва қанчалар қурбат ҳосил қилган бўлишидан қатъий назар бари бир зикр қилиши унинг фазлига фазл, қадрига қадр қўшилади.
Агар бирор киши Аллоҳ таолонинг ҳузуридаги шарафи учун зикр айтмай қўйса ҳам бўлаверса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бўлар эдилар. Аммо у зот зокирларнинг имоми бўлганлар.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz