ЭНГ КАТТА ЗУЛМ ВА МАХУЛҚЛАРГА ЗАРАР КЕЛТИРИШДИР Принтер учун
23.07.2008 й.
ЭНГ КАТТА ЗУЛМ ВА МАХУЛҚЛАРГА ЗАРАР КЕЛТИРИШДИР

Аллоҳ таоло:«Сен ҳаргиз, Аллоҳ золимлар қилаётган нарсадан ғофил, деб гумон қилма. Фақатгина уларни кўзлар қотиб қоладиган кунгача қўйиб қўядир, холос. Улар бошларини кўтарган ҳолда югурурлар. Кўзлари ўзларига қайтмас. Кўнгиллари эса, бўм-бўш бўлур», деган.

Бу ояти карималар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:га хитоб қилиш билан бошланмоқда. У зотни Аллоҳ таолони ғофил деб гумон қилмасликка чорланмоқда. Албатта, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳеч қачон Аллоҳ таоло ғофил деб гумон қилмайдилар. Лекин баъзи кишилар зоҳирда золимларга ҳеч нарса бўлмай, ўйнаб-кулиб юрганларини кўрганда турли хаёлларга бориши мумкин. Баъзилар, фалончилар шунча золимлик қилса ҳам, уларга ҳеч нарса бўлмайди-я, Аллоҳнинг иқоби золимларга келадиган бўлса, ўшаларга келиши керак эди, каби фикрларни хаёлидан ўтказиши мумкин. Ана шундай гумонларни рад қилиш учун Аллоҳ таоло: «Сен ҳаргиз, Аллоҳ золимлар қилаётган нарсадан ғофил, деб гумон қилма», демоқда.
Балки, У зот золимларнинг ҳамма қилаётган ишларини жуда ҳам яхши билади. У зотнинг фаришталари золимлар қилган ишларнинг заррачаси бўлса ҳам ёзиб, ҳисоб-китоб қилиб турибди. Золимларга гуноҳ қилган пайтдаёқ азоб келмаслиги Аллоҳ уларнинг амалидан ғофил қолганини англатмайди, балки атайлаб азобни ортга сурганини билдиради.
«Фақатгина уларни кўзлар қотиб қоладиган кунгача қўйиб қўядир, холос».
«Кўзлар қотиб қоладиган кун» деганда қиёмат куни тушунилади. Ўша кундаги даҳшатдан, қўрқинчдан одамларнинг кўзлари қотиб, юмилмайдиган, қимирламайдиган бўлиб қолади.
Золимларга ўша куни азоб-уқубат келади. Бу дунёдаги заррача ёмонликлари учун ҳам жазо оладилар. Улар қиёмат кунининг даҳшатидан, у кунда бериладиган азобдан қўрқиб, қочишга жой топа олмаган қушчага ўхшаб типирчилаб қоладилар.
«Улар бошларини кўтарган ҳолда югурурлар».
Яқин атрофдан нажот йўқлигига ишонгач, бошларини кўтариб узоқларга қарайдилар ва тезроқ бирорта бошпана топиш мақсадида у ён-бу ён югурадилар.
«Кўзлари ўзларига қайтмас».
Даҳшатдан қотиб қолган. Фақат атрофларидаги даҳшатли нарсалардан узилмайди. Ўзларига қайтмайди.
«Кўнгиллари эса, бўм-бўш бўлур».
Қўрқув туфайли бўм-бўш бўлиб қолган кўнгилларига бирон нарса сиғмайди.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зулм қиёмат кунининг зулматларидир», дедилар». Икки шайх ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Араб тилида бирор нарсани ўз ўрнидан бошқа ерга қўйишга зулм дейилади. Истилоҳда эса бировга ноҳақдан ёмонлик қилиш зулм дейилади. Бировга унинг ўз айбига яраша таъзир бериш жазо ҳисобланади. Аммо ўша таъзирни ҳаддан ошириб юбориш зулм бўлади. Беайб одамга ёмонлик қилиш эса бошдан оёқ ҳаммаси зулм бўлади.
Исломда бировга зулм қилиш қаттиқ қораланади. Балки ушбу мавзуъ сарлавҳасида келганидек, зулм ёмонликларнинг энг каттаси ҳисобланади.
Исломда золимларга қарши қаттиқ чоралар кўрилади. Бу ҳадиси шарифда ҳам золимларнинг қиёмат кунга ҳолларидан бири ҳақида сўз кетмоқда. Бу дунёда золим бўлган одам у дунёда зулмоғларда қолиши турган гап экан. Бу эса катта бахтсизликдир. Аллоҳ таоло Ўзи асрасин.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бир қарич ерни ноҳақдан олса, қиёмат куни уни етти қават ерга ютқазилади», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: «Ким бир қарич ерни зулм ила олса, қиёмат куни унинг бўйнига етти қават ер ўралади», дейилган. Икки шайх ва Аҳмад ривоят қилган.
Шарҳ: Қадимдан кишилар орасида ер талаш бўлиб келади. Тушунмаган одамлар турли воситалар билан бир қарич бўлса ҳам бировнинг ерини ўзига қўшиб олишга ҳаракат қиладилар. Исломда бу иш зулм ҳисобланади ва катта гуноҳ сифатида қораланади. Бу зулмни қилган одам қиёмат куни мислсиз азобга дучор қилинади. Уни етти қават ерга ютқазилади ва унинг бўйнига етти қават ер тавқи лаънат қилиб ўраб қўйилади. Ким анашу ҳолга тушмайин деса бировга зулм қилмасин.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бировга унинг обрўсидами ёки бошқа нарсадами озгина зулм қилган бўлса ҳам бугун, динор ҳам дирҳам ҳам бўлмай қолмасдан аввал ундан розилик сўраб олсин. Агар унинг солиҳ амали бўлса ундан қилган зулми миқдорича олинади. Агар унинг савоблари бўлмаса соҳибининг гуноҳларидан олиб унга юкланади», дедилар». Бухорий ривоят қилган.
Шарҳ: Бирорта золим ўзининг зарача зулмига ҳам жазосини олмай қолмайди. Агар у бу дунёда жазодан қочиб қутулган бўлса ҳам у дунёда қочиб қутила олмайди. Золимдан олинадиган ўчнинг энг оддийси қиёматда унинг савобини мазлумга ёки мазулмнинг гуноҳини унга олиб бериш билан бўлади.
Шунинг учун бу дунёда ҳар қанча кичик зулмни ҳам оз санамасдан мазлумдан ўз ҳаққини ҳалол қилишни сўраб олиш зарур. Бўлмаса, охиратда қийин бўлади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. У унга зулм ҳам қилмайди ва ташлаб ҳам қўймайди. Ким ўз биродарининг ҳожатини чиқарса, Аллоҳ унинг ҳожатини чиқаради. Ким бир мусулмоннинг ғамдан фориғ қилса, Аллоҳ ундан қиёмат кунининг ғамларидан бир ғамни фориғ қилади. Ким мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ қиёмат куни унинг айбини беркитади», дедилар». Тўртовлари ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда кишиларга зулм қилишни ҳаромлигини баён қилиш билан бирга бир қанча қилиниши лозим ишларни ва уларга бериладиган укофотларни ҳам зикр қилинган.
1- Мусулмон мусулмоннинг биродаридир. У унга зулм ҳам қилмайди ва ташлаб ҳам қўймайди.
Мусулмонга зулм қилиш ҳаромдир. Мусулмон одам бошқа бир мусулмонга зулм қилса ўз биродарига зулм қилган бўлади. Зеро мусулмон мусулмонга нафақат зулм қилмаслиги, балки уни ёрдамсиз ташлаб қўймаслиги ҳам лозим. У баъзи бир сабабларга кўра зулмга учраганда ҳам биродари ундан зулмни кўтаришга ҳаракат қилмоғи керак.
2- Ким ўз биродарининг ҳожатини чиқарса, Аллоҳ унинг ҳожатини чиқаради.
Мусулмон шахс зулм бўлмаган чоғида ҳам бировларнинг ҳожатини чиқаришга ҳаракат қилади. Чунки унинг эътиқоди бўйича бировларнинг ҳожатини чиқарган одамнинг ҳожатини Аллоҳ таолонинг Ўзи чиқаради.
3- Ким бир мусулмонни ғамдан фориғ қилса, Аллоҳ ундан қиёмат кунининг ғамларидан бир ғамни фориғ қилади.
Мусулмон одам ўзининг мусулмон биродаридан турли ғамларни аритиш учун иложи борича ҳаракат қилади. Чунки унинг эътиқоди бўйича бировларнинг ғамини аритган одамнинг ғамини Аллоҳ таолонинг Ўзи аритади.
4- Ким мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ қиёмат куни унинг айбини беркитади.
Мусулмон одам ўзининг мусулмон биродарининг турли айбмларни беркитиш учун иложи борича ҳаракат қилади. Чунки унинг эътиқоди бўйича бировларнинг айбини беркитган одамнинг айбини Аллоҳ таолонинг Ўзи беркитади.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Зулмдан қўрқинглар! Чунки зулм қиёмат кунининг зулматларидир. Ўта бахилликдан қўрқинглар! Чукни ўта бахиллик сиздан олдингиларни ҳалок қилган. У уларни қонларини тўкишга ва ҳаром қилинган нарсаларини ҳалол санашга олиб борган», дедилар». Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда иккита катта ёмонликдан четда бўлишга чақирилмоқда. Уларнинг биринчиси зулмдир. Зулмнинг оқибати эса қиёмат куни зулматлари ичида сарсон-саргардан бўлиб қолиш билан тугайди.
Мазкур икки ёмон нарсанинг иккинчиси ўта бахилликдир. Бу ҳам ёмон оқибатга олиб борадиган нарсадир. Ўта бахилликнинг ёмон оқибати у дунёдан олдин бу дунёнинг ўзидаёқ намоён бўлиши тажрибадан ўтган. Ўта бахиллик биздан олдинги ўтган қавмларни ҳалок қилган. У уларни қонларини тўкишга ва ҳаром қилинган нарсаларини ҳалол санашга олиб борган. Улар ўзларининг ўта бахилликлари жазосига бир-бирларининг қонларини тўкканлар. Улар ўзларининг ўта бахилликлари жазосига бир-бирларининг ўзаро ҳаром бўлган нарсаларини ҳалол санашгача бориб етганлар.
Шунинг учун ҳам зулм қилишдан, ҳам ўта бахил бўлишдан ҳазар қилиш лозим.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Касодга учраган кимлигини биласизларми?» дедилар. «Бизнинг ичимизда касодга учраган дирҳами ҳам, матоҳи ҳам йўқ одам», дейишди.
«Менинг умматимдан касодга учрагани қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келган, аммо буни сўккан, буни зинода айблаган, бунинг молини еган, бунинг қонини тўккан, буни урган одамдир. Бунга унинг савобларидан берилур, анвунга ҳам унинг савобларидан берилур. Агар унинг унинг зиммасидаги нарса тамом бўлмасдан аввал унинг савоблари тугаб қолса, уларнинг хатоларидан олиниб унинг устига ташланур. Сўнгра у дўзахга ташланур», дедилар».
Шарҳ: Тўлиқ маънода касодга учраган одам бу дунёда одамларга ёмонлик қилган шахс бўлар экан. Ушбу ҳадиси шарифда ўша касодга учраганларнинг энг яхшиси ҳақида сўз кетмоқда. Чунки у қиёмат куни намоз, рўза, закот билан келган бўлади.
Аммо у бу каби ибодатлар билан келган бўлса ҳам ўша даҳшатли кунда оғир аҳволда қолади. Чунки у бу дунёда буни сўккан, буни зинода айблаган, бунинг молини еган, бунинг қонини тўккан, буни урган одам бўлган эди.
Шу ерда кишининг касодга учратадиган, унинг ибодатларини ҳам пучга чиқарадиган ёмонликлардан ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинганларини санаб ўтайлик:
1- Бировни сўкиш.
2- Бировнинг обрўсини тўкиш.
3- Бировнинг молини ейиш.
4- Бировнинг қонини тўкиш.
5- Бировни уриш.
Манашу ишларни қилган одам қиёмат куни касодга учраши турган гап. Аввал мазкур касодга учраган бахтсизнинг савоблари бўлса уларни олиб унинг ёмонлигидан зарар топган бечораларга тақсимлаб берилади.
Кейин эса мазкур касодга учраган бахтсизнинг устига бу дунёда унинг ёмонлигидан зарар топган бечораларнинг гуноҳлари юкланади.
Охирида мазкур касодга учраган бахтсизни жаҳаннам қаърига улоқтирилади.
Ана кўрдингизми, Бировни сўкиш, бировнинг обрўсини тўкиш, бировнинг молини ейиш, бировнинг қонини тўкиш ва бировни уриш қандоқ ҳам ёмон иш. Бас, ўша ва уларга ўхшаган бошқа ишлардан сақланайлик.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, қиёмат куни ҳақларни ўз аҳлига адо қилурсиз. Ҳаттоки шохсиз қўйга шохли қўйдан ўч олинади», дедилар». Иккисини Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу дунёда баъзи бир ёмонлар ўз ёмонлигидан баъзисининг жазосидан қутилиб қолиши мумкин. Аммо қиёмат куни ҳеч бир ҳақ зое бўлмайди. Ҳар бир нарса ўз ўрнини топиши муқаррар. Бунда фақат одамлар орасидаги ҳақ-ҳуқуқларгина эмас, балки барча махлуқотлар орасидаги ҳақ-ҳуқуқлар ҳам ўз эгасини топадилар. Ҳаттоки бу дунёда ўзининг шохи борлигидан фойдаланиб шохсиз қўйни сузган қўйдан ҳам ўч олинади. Бас, шундоқ экан одам болалари ҳам ўзларининг «шох»ларини ишга солиб ўзгаларнинг ҳақини поймол қилишга урина кўрмасинлар.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Бир киши Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:нинг ҳузурларига келиб: «Э-и, айтингчи, бир одам молимни олмоқчи бўлиб келса?» деди. «Унга молингни берма», дедилар.
«У мен билан урушсачи?» деди.
«Сен ҳам у билан уруш», дедилар.
«У мени қатл қилсачи?» деди.
«Сен жаннатдасан», дедилар.
«Мен уни қатл қилсамчи?» деди.
«У дўзахдадир», дедилар
». Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Бировнинг молини ўзиники қилиб олмоқчи бўлган одамнинг ҳоли қанчалар ёмон эканлигини қаранг. Ҳатто уни ёмонлигини устида, ўз молини ҳимоя қилиб ўлдирган одамга жазо белгиланмаган. Бунинг устига ҳалиги ёмонлик қилувчининг ўзи биров тарафидан ўлдирилса ҳам дўзахга тушиши таъкидланган. Ёмонлик ёмонда. Гарчи ўша ёмонлик бировниинг молига нисбатан қилинган суиқасд бўлса ҳам.

Абу Бакра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мутакаббир золимлик ва қариндошлик алоқаларини кесишдан бошқа Аллоҳ таоло соҳибига бу дунёда уқубатини бериб, яна охиратга ҳам соқлаб қўядиган гуноҳ йўқдир», дедилар». Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Биз «мутакаббр золимлик» деб таржима қилган маъно ҳадиси шариф матнида «бағйу» деб келган. Бунда очиқдан-очиқ, ошкора зулм кўзда тутилган бўлади. Унда золим қилаётган зулмидан хижолат бўлиш ўрнига у билан фахрланиб, манманлик билан зулм қилади.
Қариндошлик алоқаларини узиш ҳақида аввалроқ батафсил гап юритилган.
Ушбу икки ёмонлик ўзига хос хусусиятга эга экан. Бу ёмонликларни қилган ёмонларга Аллоҳ таоло бу дунёнинг ўзида шошилинч жазони берар экан. Аммо ўша жазо билан иш битмас экан. Аллоҳ таоло бу икки ёмонликни қилган ёмон учун охират азобини ҳам тайёрлаб қўяр экан.
Бас, шундоқ экан бағйу ва қариндошлик алоқаларини кесишга яқин ҳам бормас экан.

Ҳишом ибн Ҳакийм розияллоҳу анҳу Шомда офтобга турғазиб қўйилиб, устларидан ёғ қуйилаётган ажам деҳқонларни кўриб қолиб: «Бу нима?!» деди.
«Харож бермаганлари учун азобланмоқдалар», дейилди.
«Гувоҳлик бераманки, мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: «Албатта одамларни бу дунёда азоблаганларни Аллоҳ азоблайди»-деганларини эшитганман», деди». Муслим ривоят қилган.
Шарҳ: Кейин Ҳишом ибн Ҳаким розияллоҳу анҳу амирнинг олдига кириб бу ҳадисни айтдилар. Ҳалигиларни қўйиб юборишга амр қилинди.
Ҳа, инсонларни азоблаганлар мабода бу дунёда жазодан қутулиб қолсалар ҳам у дунёда ҳеч қачон қутила олмайдилар.
Ислом ҳукми бўйича инсонни ноҳақдан урган, озор берган шахснинг гуноҳи фақат мазлумнинг қасос олиши ёки кечириб юбориши билангина ювилиши мумкин, холос.
Халифа Умар ибн Хаттоб одамларни урган ёки урдирган волийларни ўзларини урдирар эдилар.
Бир куни бир жангчи ўз амири Абу Мусо розияллоҳу анҳудан шикоят қилиб келди. У ўз улушини тўлиқ берилишини қаттиқ туриб талаб қилгани учун амир уни урган ва сочини олдириб ташлаган эди.
Умар розияллоҳу анҳу амир Абу Мусога «Агар бу ишни кўпчилик ичида қилган бўлсанг, унга кўпчилик ичида ўзингдан қасос олишга имконият яратиб бер. Холи жойда қилган бўлсанг, унга ўзингдан холи жойда қасос олишга имконият яратиб бер. Бўлмаса иш бошқачага айланади», деб мактуб юборди.
Амир Абу Мусо халифанинг амрига бўсиниб жангчига ўзидан қасосини олиш имкониятини яратиб берди. Лекин, жангчи уни афв этди.
Бунга ўхшаш мисоллар тўлиб ётибди. Ислом таълимотлари қуруқ гап эмаслиги ҳаммага маълум.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бир аёл ўзининг мушуги туфайли дўзахга кирди. Уни боғлаб қўйиб, унга таом ҳам бермади, уни ердаги нарсалардан емоғи учун қўйиб ҳам юбормади. У озиб тўзиб ўлди», дедилар». Икки шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Исломда ҳайвонот оламига қанчалар катта эътибор берганини шундан билиб олса ҳам бўлади. Бир мушукни боқмай ёки унинг ўзига кун кўриш учун шароит яратиб бермага шахснинг дўзахга тушиши ҳақида ҳукм чиқиши кичкина нарса эмас. Ҳа, ислом барча оламлар учун Аллоҳ таоло томонидан раҳмат қилиб юборилган диндир.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким ўз биродарига темир парчаси ила ишора қилса ҳам фаришталар ўшани қўйгунча уни лаънатлаб турадилар. Агар ўша ўзининг ота бир ёки она бир ака-укаси бўлса ҳам», дедилар». Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ерда бировга таҳдид ила бирор нарсани ўқталиш ҳақида сўз кетмоқда. Ана ўша иш ҳам ёмонлик аломати бўлгани учун Исломда қаттиқ олинади. Ўша ёмонликка белги бўлган шини қилаётган одамни шум ниятидан қайтиб ўқталишни қўйгунича фаришталар маънатлаб турадилар. Бунда таҳдидга қолган шахс ким бўлишидан қатъий назардир.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Биротангиз силоҳ ила ўз биродарига ишора қилмасин. Яна шайтон қўлига тегиб қўйиб, дўзахдан бир чуқурга тушиб турмасин», дедилар».
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифда қурол ўқталиш ҳақида эмас у билан ишора қилиш ҳақида кетмоқда. Бошқача қилиб айтганда бехосдан бировга озор етказиб қўйиш ҳақида кетмоқда. Мусулмон киши беихтиёр бировга озор етказиб қўйишдан ҳам ҳазир бўлиши керак экан. Аслида бировга ёмонлик қилиш нияти йўқ бўлса ҳам унга қурол билан ишора қилмаслик керак экан. Чунки билиб бўлмайди, шайтон орага кириб фалокат юз бериб қолиш эҳтимоли бор. Ана ўша эҳтимолдан ҳам эҳтиёт бўлиш зарур.
Бундан кутилмаганда бировга ёмонлик етиши олдини олиш ҳам зарурлиги чиқади.

Убайдуллоҳ ибн Зиёд Маъқил ибн Ясор розияллоҳу анҳунинг олдига у ўлим тўшагида ётганида кирди. Убайдуллоҳ ундан савол сўради. Шунда у: «Агар ҳаётим борлигини билганимда сенга гапримас эдим. Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:нинг «Аллоҳ раъийятнинг устига қўйган банда ўлаётган кунида ўз раъийятини алдаган ҳолда ўлса, албатта, Аллоҳ унга жаннатни ҳаром қилади», дедилар».
Бошқа бир ривоятда: «Қай бир амир мусулмонларнинг ишига бош бўлиб туриб, улар учун жидди жиҳад қилмаса ва насиҳат қилмаса, албатта, улар билан бирга жаннатга кирмайди», деди.
Шунда Убайдуллоҳ: «Шуни менга бу кундан аввал айтсанг бўлмасмиди?» деди.
«Мен сенга айтмаган эдим», деди». Икки шайх ривоят қилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бировнинг хотинини ёки мамлукини йўлдан урса, биздан эмас», дедилар». Абу Довуд ва Насаий. ривоят қилган.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда ёмонликнинг яна бир тури ҳақида сўз кетмоқда. Бировнинг яқин кишилари билан орасидаги алоқаларини бузиш ҳам катта гуноҳ ҳисобланади. Айниқса эри хотиннинг орасини бузиш ёки хожа билан ходимнинг орасини бузиш жуда ҳам ёмондир. Шунинг учун ҳам бундай нобакорликни ўзига раво кўрган шахсга унинг мусулмонлар сифидан чиқиши ҳақида таҳдид қилинмоқда. Бу эса жазоларнинг энг ашаддийси бўлади. Мусулмон одам бу каби ёмонликларга яқин ҳам келмаслиги лозим.

Ҳузайфа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Лоқайд одам бўлманглар. Одамлар яхшилик қилса, яхшилик қиламиз. Одамлар зулм қилса, зулм қиламиз, деманглар. Аммо ўзингизни одамлар яхшилик қилсалар, яхшилик қилишга, агар улар ёмонлик қилсалар, зулм қилмасликка ўргатинглар», дедилар».
Шарҳ: Мусулмон киши одамларнинг қилганига қараб эмас ўз динининг кўрсатмасига биноан амал қилади. У доимо яхшилик қилишга ва зулм қилмасликка амр қилингандир. Одамлар нима бўлсалар ҳам мусулмон яхшиликдан қолмайди ва ёмонликни қилмайди.

Абу Сирма розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким зарар қилса, Аллоҳ унга ҳам зарар қилади. Ким машаққат қилса, Аллоҳ унга ҳам машаққат қилади», дедилар».
Шарҳ: Одамларга зарар келтирган шахснинг жазосини Аллоҳ таолонинг Ўзи беради. Зараркунандага Аллоҳ таолонинг Ўзи зарар беради. У зот қандоқ қилиб унга зарар беришни Ўзи билади.
Ким ўзига одамларга машаққатни жалб қилишни раво кўрса, Аллоҳ таоло ҳам унинг бошига машаққатни солади.
Шунинг учун ҳам зинҳор одамларга зарар келтириш ва уларга машаққатни раво кўришга яқин ҳам бормаслик керак.

Абу Бакр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Мўминга зарар келтирган ёки унга макр қилган малъундир», дедилар». Ушбу учтани Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ким лаънати бўлмайин деса бировга зарар келтирмасин ва бировга қарши макру ҳийла ишлатмасин.

Абдуллоҳ ибн Ҳубший розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким Сидрни кесса, Аллоҳ унинг бошини дўзахга тўғрилайди», дедилар». Абу Довуд ва Насоий. ривоят қилган.
Шарҳ: Сидр дарахтнинг номи. Бу ҳадиси шарифда одамларга фойда берадиган дарахтни бефойда кесиш ҳақида сўз кетмоқда. Ҳаммага маълум сабабларга кўра фойда олиш учун ўзининг ҳақи бор дарахтларни кесиш мумкинлиги мумкин.
Ушбу ҳадиси шарифдан Исломнинг наботот оламига қанчалик аҳамият берганини билиб олсак бўлади. Дарахтни беҳуда кесиш туфайли бир кишининг дўзахи бўлиши осон иш эмас.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz