ЁМОН ГУМОН ВА ҲИҚДУ ҲАСАД Принтер учун
23.07.2008 й.
ЁМОН ГУМОН ВА ҲИҚДУ ҲАСАД
***

Бу нарсалар ҳам ёмонликнинг турлари, ёмон ахлоқнинг кўринишилари қаторига киради. Биз ёмон гумон деб таржима қилган маъно диний адабиётимизда бадгумонлик деб ҳам аталаб келган. Бадгумонлик кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан тухмат ва ҳадик юритишдир. одатда бундай гумонларнинг кўпи асоссиз, бехуда бўлади. Ҳасад сўзи луғатда арчиш ва силиш маъносини билдиради. Чунки ҳасад қалбни арчади ва шилади. Уламолар ҳасад - бировга етган неъматга рашк билан қараш ва ўша неъматнинг ўз соҳибдан кетиб, ҳасадчига етиб келишини қаттиқ хоҳлаш, дейдилар

Аллоҳ таоло: «Эй иймон келтирганлар! Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир. Жосуслик қилманглар», деган.
Ҳужурот сурасидан бўлган бу оятда Аллоҳ таоло Ўзининг мўмин бандаларига: «Эй иймон келтирганлар!» деб муржаат қилмоқда ва улар учун жуда муҳим бўлган масалаларни баён қилмоқда.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло мўмин-мусулмон бандаларини бир неча ёмон сифатларидан, ахлоқий касалликлардан, ҳар қандай ҳалокатга элтувчи дардлардан қайтармоқда.
Улардан биринчиси:
«Кўп гумонлардан четда бўлинглар, чунки баъзи гумонлар гуноҳдир».
Гуноҳга олиб борувчи иллатлардан бири-бадгумонликдир. Бадгумонлик кишилар ҳақида бўлар-бўлмасга ёмон шубҳалар қилиш, уларга нисбатан туҳмат ва ҳадик маъносида фикр юритишдир. Одатда, бундай гумонларнинг кўпи асоссиз, беҳуда бўлади. Шу боисдан ҳам: «...кўп гумонлардан четда бўлинглар», дейиляпти.
Ўтган уламолардан аз-Зажжож раҳматуллоҳи алайҳи: «Бадгумонлик-яхши кишилар ҳақида ёмон гумон қилишликдир. Аммо аҳли фисқ бўлса, ундан нима фосиқлик зоҳир бўлган эса, шуни гумон қилишга ҳаққимиз бор», деганлар.
Ўйлаб кўрилса, ўзаро низолар ва келишмовчиликлар кўпроқ бир-биридан ёмон гумонда бўлишдан ҳам келиб чиқади. Ёмон гумондан четда бўлиш учун доимо кишилар ҳақида яхши гумонда бўлиш, улар ҳақида етган хабарларни яхшиликка йўйиш керак.
Бу ҳақида ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу: «Агар яхшиликка буришнинг бирорта йўли бўлса ҳам, мўмин биродарингдан чиққан сўз ҳақида фақат яхши гумон қил», деган эканлар.
Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Зинҳор ва зинҳор бадгумон бўлманглар, чунки, бадгумонлик сўзнинг энг ёлғонидир», деганлар.
Бошқа бир ҳадисда эса: «Гар одамларнинг айбини ахтарадиган бўлсанг, уларни бузасан», деган эканлар.
Хусусан, иш бошида турган раҳбарлар бу нарсада эҳтиёт бўлишлари лозимлиги Имом Абу Довуд Абу Умомадан ривоят қилган ҳадисда яққол кўринади. Бу ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Агар амир одамлардан айб ахтараверса, уларни бузади», деганлар.
Маълумки, кимнинг ўйига бадгумонлик ўрнашса, у одам ўша гумонини тасдиқлаш учун ҳужжат ва далил қидира бошлайди. Натижада гумон остидаги одамнинг ўзига билдирмасдан, айбини ахтаришга тушади. Буни эса жосуслик дерлар Шунинг учун ҳам, биз ўрганаётган ояти каримада гумондан четланишга амр қилингандан сўнг
«Жосуслик қилманглар», деб бу қабиҳ ишдан қайтарилмоқда.
Одатда, жосуслик деб бировга ёмонлик етказиш ниятида айбларини ва заиф жойларини ўзига билдирмай яширинча ахтаришга айтилади. Бу иш ҳам катта гуноҳлардандир. Чин мусулмон кишининг қалби бу каби жирканч одатлардан пок бўлмоғи зарур. Боз устига, бу иш Ислом динининг асосий ғояларидан бири бўлмиш инсоннинг кароматини, ҳурмат, иззати ва обрўйини ҳимоя қилиш масаласига чамбарчас боғлиқдир.
Ислом мазкур ҳуқуқларнинг муқаддаслигини эътироф этади, уларнинг ҳеч бир ҳолда паймол бўлмаслигининг чорасини кўради. Ислом жамиятида инсонларнинг жонлари, молу мулклари, уй-жойлари омонликда, сир-асрорлари-ю яширин нарсалари бехатар бўлиши зарур. Хатто жиноятнинг олдини олиш баҳонаси билан ҳам одамларнинг ортидан жосуслик қилишга ижозат йўқ. Очиқ-ойдин кўриниб турган ишга қараб ҳукм чиқарилади. Гумон қилишга, шубҳаланишга ва пойлашга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Бадгумонликдан сақланиг. Албатта, бадгумонлик энг ёмон ёлғончиликдир. Пойлаш ва жосуслик билан шуғулланманг. Ким ўзарга уриниб ўзаро ҳасад қилишманг. Бир бирингизни ёмон кўрманг ва бир бирингизга қарши тадбир қилманг. Аллоҳнинг бандалари, биродар бўлинглар», дедилар». Тўртовлари ривоят қилган.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Ҳасаддан сақланиглар! Шубҳасиз, ҳасад худди олов ўтинни ёки хашакни егандек ҳасанотларни ейди. Абу Довуд ва Ибн Можа ривоят қилган.

Зубайр ибн Авом розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларга сиздан олдинги умматларниинг дарди; ҳасад ва ёмон кўришлик ўрмалаб кирди. У қирувчидир. Сочни қирувчи демайман. Лекин у динни қиради. Жоним қўлида бўлган зот ила қасамки, мўмин бўлмагунларингча жаннатга кирмайсизлар. Бир бирингизга муҳаббат қўймагунингизча мўмин бўлмайсизлар. Сизларга ўша нарсангизни собит қиладиган нарсани айтайми? Орангизда саломни тарқатинг», дедилар».
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифларда асосан ҳасад ҳақида сўз кетмоқда. Маълумки, энг катта маънавий жиноятлардан ҳисобланган ҳасад кўплаб зарар келтирувчи ижтимоий дарддир. Ҳа, ҳасад айнан ёмон дарддир. Бу дард ҳам ҳасадчининг ўзинини, ҳам бошқаларни куйдириб, кул қилади.
Келинг, аввал «ҳасад нима?» деган саволга жавоб берайлик.
Уламолар, ҳасад-бировга етган неъматга рашк билан қараш ва ўша неъматнинг ўз соҳибидан кетиб, ҳасадчига етиб келишини қаттиқ хоҳлашдир, дейдилар. Ҳаётнинг энг майда икир-чикирларидан тортиб энг баланд чўққиларигача ҳар нарсада ҳасад бордир.
Агар инсон бошқа бир кишига етган неъматдан севиниб, ўша неъматни ўз эгасида барқарор бўлишини хоҳлагани ҳолда, ўзига ҳам берилишини тиласа, ҳавас қилган бўлади.
Ҳасад катта гуноҳдир. Ҳавас эса, гуноҳ саналмайди. Чунки, ҳасадчи бировга ёмонликни раво кўради, ҳавасчи эса, бировга етган яхшиликдан хурсанд бўлади ва ўзига шу каби неъматнинг бе-рилишини орзу қилади.
Исломда бошқа маънавий жиноятлар қатори ҳасад ҳам қаттиқ қораланади ва катта гуноҳ ҳисобланади. Қуръони Каримнинг оятларини диққат билан ўқиган одам, Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васалламнинг сўзларини, у кишининг мўъжизаларини, у кишига Қуръон тушаётганини кўриб-билиб туриб ҳам иймонга кирмаган-лар учун асосий тўсиқ ҳасад бўлганини яхши билиб олади. Яҳудийлар: нима учун биздан эмас, араблардан пайғамбар чиқади, дея ҳасад қилиб Исломга кирмадилар. Бошқа араб қабилалари ҳам аввал бошда шунга ўхшаш ҳаракат қилиб, Қурайшга ҳасад қилдилар. Қурайшнинг кўпчилик зодаганлари эса, нима учун бир камбағал-етим пайғамбар бўлар экан-у, биз аслзодалар, қавмнинг раҳбарлари эса унга эргашишимз керак экан, деган ҳасад билан мусулмон бўлмадилар. Кўриб туриб-мизки, ҳасад-катта ҳалокатларга олиб борадиган дард экан. Ҳатто энг катта бадбахтлик ҳисобланган кофирликка, ҳам сабаб бўлар экан. Демак, қалбида ҳасади бор кишининг Исломга кириши ҳам амри маҳол экан.
Худди шу маънони, Ибн Ҳиббон Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадиси шарифдан тушуниб оламиз. Бу ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўмин банданинг ичида Аллоҳнинг йўлидаги (амалда ютилган) чанг ва жаҳаннамнинг олови жамъ бўлмайди. Бир банданинг ичида иймон билан ҳасад жамъ бўлмайди», деганлар.
Ушбу ҳадиси шарифда икки турли нарса бир банданинг қалбида жамъ бўлмаслиги хабари берилмоқда.
Биринчиси: Аллоҳнинг йўлида иш қилиб, шу аснода чанг ютган одамнинг ичига жаҳаннамнинг олови кирмаслиги, яъни, ўша одам жаҳаннамдан озод бўлиб жаннат аҳлидан бўлишлиги-дир.
Иккинчиси эса, бир банданинг ичида иймон билан ҳасаднинг жамъ бўлмаслиги.
Демак, иймон билан ҳасад худди олов билан сувдек бир-бирига тамоман зид нарсалар экан. Бири бор жойда иккинчиси бўлмас экан. Бошимизга етган ва етаётган бало-офатлар бекорга эмаслигини шундан тушуниб олсак ҳам бўлади.
Имом Абу Довуд Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳасаддан сақланинг! Чунки ҳасад яхшиликларни худди олов ўтинни егандек, еб юборади», деганлар.
Ушбу ҳадисдан ҳасадчи инсоннинг қилган савоб ишлари бўлса, бекорга чиқиши ҳамда умуман ҳасад бор жойда яхшилик қолмаслигини тушуниб оламиз. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳасадни худди зарарли оловга ўхшатмоқдалар. Ёнғин чиққан ерда олов ҳамма нарсани еб битирганидек, ҳасад ҳам аввало ҳасадчининг ичини куйдиради. Кейин аста аланга олиб, йўлида нима яхшилик бўлса, ҳаммасини куйдириб битиради. Шунинг учун ҳам ҳасадчи шахсга эътибор билан назар солсангиз, унда ҳеч бир яхшилик аломатларини тополмайсиз. Ҳасад тарқалган жамиятда ҳам худди шу манзаранинг ўзини кўрасиз. Ҳасадчилар жамиятида яхшиликдан асар ҳам қолмайди.
Имом Табароний Зомрата ибн Саълабата розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Модомики ҳасад қилишмаса, одамлар яхшиликда бардавом бўладилар», дейдилар.
Демак, ҳасад қилишса, ораларидан яхшилик кўтарилар экан. Одамлари орасидан яхшилик кўтарилганда жамиятнинг ҳало-катга дучор бўлиши шубҳасиздир!
Ҳасаднинг инсонлар ва жамият учун нақадар даҳшатли хатар эканлигини муҳаддисларимиз Абдуллоҳ ибн Каъбдан (у киши ўз оталаридан ривоят қилганлар) ривоят қилган ҳадисдан билиб оли-шимиз мумкин. Расули Акрам а-с.:
«Молга ҳирс қўйиш ва мусулмон кишининг динига ҳасад қилиш қўрадаги қўйлар томон қўйиб юборилган икки оч бўридан ҳам ёмонроқдир», деганлар.
Ушбу ҳадиси шарифда, молга ҳирс қўйиш ва ҳасаднинг қанчалик хавфли эканлигини сиз билан бизнинг тасаввуримизга янада яхшироқ сингдириш учун, мазкур ўхшатиш ишлатилмоқда. Бу икки хавфли жиноят қўй қўрасига қўйиб юборилган икки оч бўрига қиёсланмоқда. Одатда, оч бўри қаттиқ қўриқлаб турилган қўйларни ҳам ўлдириб, еб кетади. Аммо икки оч бўрини қўрага қамалган қўйлар ичига қўйиб юборилса-чи? Қўй бечораларнинг ҳоли нима бўлиши аён: оч бўрилар уларнинг ҳаммасини бирма-бир ҳалок қилади. Молга ҳирс қўйиш ва ҳасад, жамият ичига қўйиб юборилган икки оч бўри каби, жамиятни ҳалокат сари бошлайди.
Молга ҳирс қўйиш оқибатида, одамлар Худога бандаликдан чиқиб, молу-дунёнинг бандасига айланади. Молу-дунё нимани амр қилса, шуни бажарадиган бўлиб қолишади. Мол-дунё эса, ўзига ҳирс қўйган одамни ҳеч нарсадан қайтмасликка амр этади. Оқибатда унга банда бўлган шахс барча гуноҳлар ва ёмонликлар-дан тап тортмайдиган бўлиб қолади.
Мусулмон кишининг динига ҳасад қилиш асли ёмон нарса бўлган ҳасаднинг энг ёмон турларидан биридир. Мусулмон кишининг динига ҳасад қилишнинг тарихи пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга ҳасад қилиш билан боғлиқдир.Бундай ҳасадчиларнинг боболари ва устозлари пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламга ҳасад қилган кофир ва мушриклар эдилар. Инсоннинг диндорлиги унинг Аллоҳга ва Аллоҳнинг унга бўлган муҳаббатининг аломатидир.Аллоҳ бир бандасига муҳаббат қилса, ер юзидаги бандаларнинг қалбига ҳам ўша шахсга бўлган муҳаббатни солиб қўяди. Диндор шахсни ҳамма яхши кўриб, ҳурмат қилади. Агар бу диндор шахс илмли бўлиб, инсонларга диний ҳукмларни ту-шунтириб, даъват қилиб турса, мусулмонлар уни янада кўпроқ ҳурмат қилишади. Унинг атрофида тўпланишади. Шундай қилиб, бу уламонинг халқ ичидаги обрўйи кун сайин ортиб боради. Бу ҳол иззатталаб, ҳурматталаб ҳасадчиларга ёқмайди. Уларнинг бу ҳасади мазкур муҳтарам уламони диний нуқсонларда айблашга, унга туҳмат қилишга сабаб бўлади. Бундай ҳасадчиларнинг катта устозлари ҳам мусулмонларнинг пайғамбари Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламни ёлғончи, сеҳргар, фолбин, жинни, деб айблаганлар. У пайғамбарлик даъвоси билан биздан раҳбарликни тортиб олмоқчи, деб туҳмат қилганлар. Бугунги кунда ҳам уламоларга ҳасад қилувчилар шунга ўхшаш айбнома ва туҳматларни ўз замонаси услуби билан такрорламоқдалар. Натижада, банданинг динига ҳасад қилиш, дунёдаги энг муқаддас туйғу бўлган динга зарар етказишга олиб келади. Бу эса, энг катта гуноҳдир. Айни чоқда, инсон жамиятига тасаввур қилиб бўлмайдиган зарар етади. Шу сабабдан ҳам Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам мусулмон кишининг динига ҳасад қилувчиларни қўрадаги қўйларга қўйиб юборилган оч бўриларга ўхшатганлар. Шунинг учун ҳам аввалги зикр қилинган ҳадислардан бирида «ҳасад билан иймон бир кишида жамъ бўлмаслигини» баён қилганлар.
Шунинг учун ҳам Имоми Табароний Абдуллоҳ ибн Буср розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам жумладан: «Ҳасад эгаси мендан эмас», деганлар.
Яъниким, ҳасадчи менинг умматим эмас, деганларидир. Ўзини билган одам учун бундай ҳолга тушишдан ҳам ортиқроқ бадбахтлик йўқдир.
Ҳар бир инсон бошқа маънавий жиноятлардан қутула бориш баробарида, ҳасад каби катта маънавий жиноятдан ҳам қутулиши шарт. Ўшандагина элу юртимизда бирор яхшиликдан умид қилсак бўлади. Ҳар биримиз ҳасаддан фориғ бўлиб, қалбимиз тоза ҳолга келиб, қуйидаги ҳадисда зикр қилинган саодатманд саҳобий розияллоҳу анҳу даражасига етишишга ҳаракат қилишимиз лозим.
Имом Аҳмад, Имом Муслим, Имом Насаий каби улуғ муҳаддислар ривоят қилган ҳадисда улуғ саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу қуйидагиларни ҳикоя қиладилар:
«Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам билан бирга ўтирган эдик. У зот: «Ҳозир ҳузурингизга аҳли жаннатлардан бир одам чиқади», дедилар.
Ансорийлардан, соқолидан таҳорат суви оқиб турган, чап қўлида ковуш тутган киши чиқиб келди. Эртасига Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам айни гапни айтган вақтларида, яна ўша одам кечаги ҳолида чиқиб келди. Учинчи куни ҳам худди шу ҳолат такрорлангач, Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам ўринларидан туриб, мажлисдагилар тарқалганида Абдуллоҳ ибн Амр ҳалиги одамга эргашиб борди-да: «Отам билан орамиздан гап ўтиб қолиб, уч кунгача унинг ол-дига кирмасликка қасам ичган эдим. Агар маъқул топсангиз, мен-га шу муддат ўтгунча уйингиздан жой бериб туринг», деди. У одам «Хўп» деб жавоб берди.
Ҳазрати Анас ривоят давомида шундай дейдилар: «Абдуллоҳ, ўша уч кеча у билан бирга тунаганини, у одамнинг кечалари ҳеч бедор бўлмаганини, гапириб юрар эди. Агар у одам безовта бўлса, ўрнида ағдарилиб ётар ва бомдодгача Аллоҳни зикр қилиб, такбир айтиб чиқар экан. Абдуллоҳ яна шуларни айтган экан:
«Аммо ундан фақат яхши гапларни эшитдим. Уч кеча ўтгандан сўнг унинг амали ҳеч нарса эмас экан, деган фикрга келай дедим. Унга: «Эй Аллоҳнинг бандаси! Отам билан орамизда ҳеч гап ўтгани йўқ. Мен Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васалламдан уч марта: «Ҳозир ҳузурингизга аҳли жаннатлардан бир киши келади», де-ган гапни эшитдим. Уч марта ҳам сен чиқиб келдинг. Сенинг ҳузурингдан жой олиб, қиладиган амалларингга назар солиб, сен-га иқтидо қилиш орзусида эдим. Аммо каттароқ бир иш қилганингни кўрмадим. Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи васаллам айтган гапларга сени нима эриштирган?» деб сўрадим. У эса:
«Ўзинг кўрган нарсадан бошқа ҳеч нарса йўқ», деди.
Қайтиб кетаётганимда у мени ёнига чақириб:
«Ўзинг кўрган нарсалардан бошқа ҳеч нарса йўқ. Фақат, мен қалбимда мусулмонлардан бирор кимсага гина-кудурат сақламайман. Ҳеч кимга, унга Аллоҳдан етган яхшиликка нисбатан ҳасад қилмайман», деди.
«Сени ўша мақомга етиштирган шу хислатинг экан», дедим», дея ҳикоя қилади Абдуллоҳ инб Амр розияллоҳу анҳу
Ҳақиқатан ҳам, инсонлар қалбида ўзгаларга нисбатан ҳасад бўлмаслиги улуғ фазилатдир. Чунки, бундай одамдан ҳеч бир ёмонлик чиқмайди. Аллоҳ барчамизни ҳасадгўйликдан сақласин! Элу юртимизни бу оғир дарддан Ўзи қутқарсин!Омин!

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri