...мўмин киши учун саҳиҳ ҳадис етган чоқда уни худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан эшитгандек қабул қилмоғи лозим. Айтингчи, мўмин киши учун ўша ҳадисни қабул қилишни ва унга амал қилишни олдин фалончининг фикрига, каломига ва мазҳабига солиштириб кўраман, деб ортга суриш тўғри келадими?!
Аҳли жаннат учун (Аллоҳни) кўриш ҳақдир. У кўриш ихотасиз ва кайфиятсиздир. Худди Роббимиз китоби нутқ қилганидекдир: «Ўша Кунда бир юзлар порлоқдир. Ўз Робисига назар солгувчидир». (Қиёмат сураси, 22). Бунинг тафсири Аллоҳ таоло ирода қилганидек ва билганидекдир. Бу ҳақда саҳиҳ ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан келган барча нарса, у киши айтганларидекдир. Унинг маъноси у киши ирода қилганларидекдир. Бу борада ўзимизча таъвил қилишга киришмаймиз ва ҳавойи нафсимизга биноан асосиз гумонлар қилмаймиз. Чунки, инсон Аллоҳга ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга таслим бўлмагунича ва ўзи учун иштибоҳли бўлган нарсани олимларга қайтармагунича зинҳор динида саломат бўла олмайди.
Шарҳ: Ушбу бандда жаҳмия, мўътазилия ва уларга эргашган хавориж ва шийъаларга раддия бордир. Чунки, улар Аллоҳ таолони жаннатда кўриш масаласида мусулмонлар жумҳурига хилоф қилганлар. Уларнинг бу ақийдалари Қуръон ва Суннат орқали мардуддир.
Аллоҳни жаннатда кўришлик собитлигини саҳобалар, тобеъинлар, Исломнинг диндаги маъруф имомлар, аҳли ҳадислар ва аҳли сунна ва жамоага мансуб барча қолган тоифалар тасдиқлаганлар. Бу масала, ақийда бобидаги энг шарафли ва энг улуғ масалалардандир. Чунки, унинг мавзуъи–Аллоҳни жаннатда кўришдир, энг улуғ, энг шарафли ва энг лаззатли неъматдир.
Муаллифнинг: «Аҳли жаннат учун (Аллоҳни) кўриш ҳақдир», деб аҳли жаннатни хослаб айтишидан улардан бошқалар кўрмаслиги келиб чиқади.
Шунингдек, оятда «Йўқ, албатта ўша кунда улар ўз Роббиларидан ҳижоблангандирлар» (Мутаффифин сураси, 15) дейишлигидан, Аллоҳ таоло кофирлардан ҳижобланиб олиб, уларга кўринмаслиги ҳамда мўминлар билан Аллоҳ ўртасида ҳижоб бўлмаслиги келиб чиқади.
Муаллифнинг:»У кўриш ихотасиз ва кайфиятсиздир» дейиши. Аллоҳ таоло улуғлиги ва гўзаллиги камолидан уни кўзлар кўрса ҳам ихота қила олмаслигини билдиради. Худди бир нарсани билинадию, аммо, уни илм билан ихота қилиб бўлмаганидек. Киши ақл кўзи билан Аллоҳни ихота қилиб билмаганидек, очиқ кўзи билан ҳам кўриб ихота қила олмайди.
Аллоҳ таоло: «Уни илм ила ихота қила олмайдилар», (Тоҳа сураси, 110) деган.
Муаллифнинг: «Бу борада ўзимзича таъвил қилишга киришмаймиз ва ҳавойи нафсимизга биноан асоссиз таъвиллар қилмаймиз» дегани, мўътазилийларга ўхшаб кўриш ҳақида Қуръон ва Суннатда келган далилларни ўз фикримизча таъвил қилмаймиз ва турли асоссиз гумонларни айтмаймиз, деганидир. Чунки, энг тўғри таъвил суннатда келган нарсага мувофиқ таъвилдир. Бузуқ таъвил эса, суннатга хилоф таъвилдир.
Таъвил, гапирувчининг ирода қилган нарсаси ҳақида хабар беришдир. У кўчирма гап эмасдир. Бузуқ таъвил қилувчи эса, Аллоҳга ва Унинг Расулига нисбатан ёлғон тўқувчидир. Аллоҳ таоло:» Аллоҳга ёлғон тўқигандан ҳам золимроқ кимса борми?!», (Соф сураси, 7) деган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга қасддан ёлғон гапирса, дўзахдан ўзига ўрин тайёрлай берсин», деганлар.
«Таъвил қилувчи кофир бўлмайди», деган гап бўлса, унда тўғри таъвил ва диндаги зарурий бўлмаган нарсадаги таъвил кўзда тутилган бўлади.
Каломни, гапнинг бориши далолат қилмайдиган равишда, маъно ишора қилмайдиган равишда, суннатда келган нарсага хилоф равишда таъвил қилиш эса, ҳавои нафсига мос гумон қилиш бўлади.
Ҳақиқатни айтганда, ашаддий низочи далилнинг лафзи ва матнини инкор қилишдан ожиз бўлганида, маъносини инкор қилишга ўтади ва менимча бунинг маъноси ундоқ бўлса керак, дейди.
Муаллифнинг: «Чунки, инсон Аллоҳга ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга таслим бўлмагунича ва ўзи учун иштибоҳли бўлган нарсани олимларга қайтармагунича зинҳор динида саломат бўла олмайди» дегани, ҳеч ким Аллоҳнинг Китоби ва Унинг Расулининг суннатига таслим бўлиб, бўйин эгмагунча, уларга шак келтириб, эътироз қилишдан ва фосид таъвиллар қилишдан сақламагунча динида саломат бўла олмайди, деганидир.
Баъзилар: «Ақл нақлнинг аслидир, агар нақл ақлга тўғри келмаса ақлнинг айтганини қиламиз», дейишлари шунга ўхшайди. Чунки, нақл собит ва саҳиҳ бўлса, ақлнинг далолат қилгани жаҳлдир.
Вожиб шулки, Аллоҳ таолонинг китобига ва Унинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатига комил таслим бўлиб, уларга бўйин сунмоқ, икковларининг хабарини тасдиқ ила қабул қилмоқ, уларга ботил хаёлимиздаги нарсани ақл, деб эътироз қилмаслигимиз керак. Бас, юборилган Расулни ҳукмини қабул қилишда, таслим бўлишда, бўйин сунишда ва итоат қилишда танҳо зот, деб қабул қилишимиз лозим. Расул юборувчи зот Аллоҳни эса ибодатда, хушуъ-хузуъда, тавбада ва таваккулда танҳо зот деб қабул қилмоғимиз лозим.
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларни бажариш, хабарларни тасдиқлаш учун аввал шайхга, имомга, мазҳаб бошига, тоифага ёки одамлар наздида улуғ ҳисобланган қандайдир шахснинг гапига солиштириб, агар изн берсалар амрга амал қилиниб, хабар қабул қилинадиган бўлмаса, тарк этиб ёки бузуқ таъвил қилиб ўша шайх ва имом ёки бошқаларнинг гапига мос қилинадиган нарса эмас. Бу - каломни ўз маъносидан бузишдир. Бу - ширкдан кейинги энг катта гуноҳдир.
Балки, мўмин киши учун саҳиҳ ҳадис етган чоқда уни худди Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзларидан эшитгандек қабул қилмоғи лозим. Айтингчи, мўмин киши учун ўша ҳадисни қабул қилишни ва унга амал қилишни олдин фалончининг фикрига, каломига ва мазҳабига солиштириб кўраман, деб ортга суриш тўғри келадими?! Йўқ. Албатта, ҳеч кимга қарамасдан қабул этиб, амал қилмоққа шошилишлари лозим.
Аҳли жаннатнинг Аллоҳни кўришига далил:
«Ўша Кунда бир юзлар порлоқдир. Ўз Роббисига назар солувчидир» (Қиёмат сураси, 22) оятидир. Муаллиф раҳматуллоҳи алайҳ далиллар ичидан ушбуни зикр қилиши, унинг энг очиқ ва энг зоҳир далил эканлигидандир.
Ким ушбу оятни таъвил номи билан бузадиган бўлса, унинг учун охират, жаннат, дўзах, ҳисоб ҳақидаги оят ва ҳадисларни таъвил қилиш жуда ҳам осондир. Оят ва ҳадисларни таъвил қилувчи ва бузувчи ҳар-бир бузғунчи ушубу оятни таъвил қилувчини фосид услубидан ва касодли узридан фойдаланади. Тўғри таъвил билан нотўғри таъвил орасидаги фарқ ҳақида олдин гапириб ўтдик.
Ушбу таъвилга ўхшаш нарсалар дину дунёни бузгандир. Яҳудий ва насаролар Таврот ва Инжилга нисбатан шундоқ қилгандир. Аллоҳ бизларни уларга ўхшаган нарсани қилишдан хазир бўлишга чақирган.
Ботилчилар эса, фақат уларнинг йўлидан юришни хоҳладилар. Бузуқ таъвил динга ва унинг аҳлига қанчадан жиноятлар қилди.
Ҳазрати Усмон розияллоҳу анҳу ҳам бузуқ таъвил туфайлигина ўлдирилдилар. Шунингдек, Жамал куни, Сиффинда, Ҳусайининг ўлдирилишида, Ҳаррада бўлган ишлар ҳам бузуқ таъвил туфайли бўлди. (Мазкур воқеаларда мусулмонлар бир-бирлари билан урушиб, кўплаб улуғ зотлар ўлдирилган. Таржимон.)Хавориж, Мўътазилия, Рофиза каби фосид мазҳаблар чиқиши ҳам, умматнинг етмиш учга бўлиниши ҳам фосид таъвил туфайли бўлган.
(Шарҳи ал-Ақийда ат-Таҳовия» 204 с.)
Ҳеч шак-шубҳа йўқки, ушбу оятда назарни юзга ифода қилиниши, сўнгра «ила» ҳарфининг келтирилиши, Аллоҳ таоло инсон юзидаги кўз билан ўзига назар солишни ирода қилганига очиқ-ойдин далилдир. Бундан бошқа ҳеч қандай маъно бўлиши мумкин эмас. Ушбу оятни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, Ибн Аббос, Хасан ал-Басрий, Икрима ва Аҳли сунна ва жамоа тафсирчилари худди шундоқ тафсир қилганлар.
2–»Улар учун у (жаннат)да хоҳлайдиган нарсалари бор. Бизнинг ҳузуримизда эса зиёдаси бор» (Қоф сураси, 35) ояти. Али ибн Аби Толиб ва Анас ибн Молик розияллоҳу анҳулар: «Бундан мурод Аллоҳнинг юзига назар солишдир», деганлар.
3–»Гўзал (амал) қилганларга, гўзал (мукофот) ва зиёдаси бор» (Юнус сураси, 26) ояти. «Гўзал (мукофот)» жаннатдир, «зиёда» эса Аллоҳнинг юзига назар солишдир. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ва саҳобалар худди шундоқ тафсир қилганлар. Имом Муслим ривоят қилган ҳадиснинг охирида: «Бас, ҳижобни очади. Улар У зот таборака ва таолога назар соладилар. Уларга У зотга назар солишдан кўра махбуброқ нарса ато қилинмагандур. Зиёда шудир», дейилган. Ибн Жарир бир гуруҳ саҳобалардан, жумладан Абу Бакр Сиддиқ, Ҳузайфа, Абу Мусо ал-Ашъарий, Ибн Аббос розияллоҳу анҳулардан ривоят қилишича, улар ҳам худди шундоқ тафсир қилганлар.
4–»Йўқ! У (кофир)лар ўша Кунда албатта Роббиларидан ҳижобланадирлар», (Мутаффифин сураси, 15) ояти. Имом Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи ва бошқа имомлар ушбу оят ила аҳли жаннат Аллоҳнинг жамолини кўришга ҳужжат келтирганлар. Буни Табарий ва бошқалар зикр қилганлар.
Ал-Ҳоким ар-Робеъ ибн Сулаймондан ривоят қилишича у қуйидагиларни айтган: «Муҳаммад ибн Идрис аш-Шофеъийдан ушбу оят ҳақида сўралганда мен ҳозир эдим, аш-Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи шундай деди: «Анавилардан ғазаб туфайли ҳижоблангандан кейин, авлиёлари у зотни розилиги туфайли кўриши турган гап».
Кўриш ҳақида ривоят қилинган ҳадислар мутавотир ва жуда ҳам кўпдир. Уларни саҳиҳ, муснад ва сунан китоблар соҳиблари ривоят қилгандилар. Кўриш ҳақидаги ҳадисларни ўттизтача саҳобий ривоят қилгандир.
1–Абу Ҳурайранинг ҳадиси: «Баъзи одамлар: «Эй Аллоҳнинг расули, қиёмат куни Роббимизни кўрамизми?», дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Тўлин ой кечасида, ойни кўрмай қоласизларми?, дедилар. Улар: «Йўқ, эй Аллоҳнинг расули», дедилар. У киши соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Булут йўқ пайтда қуёшни кўрмай қоласизларми?», дедилар. Улар: «Йўқ», дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта сизлар У зотни ана шундоқ кўрасизлар», дедилар. (Бухорий, Муслим).
2–Худди Абу Ҳурайранинг юқоридаги ҳадисига ўхшаш ҳадис Бухорий ва Муслимлар томонидан Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ҳам ривоят қилинган.
3–Жарир ибн Абдуллоҳ ал-Бажалийнинг ҳадиси:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ўлтирган эдик. У киши ўн тўрт кунлик ойга назар солдиларда: «Албатта сизлар Роббингизни, манавини кўраётганингиздек очиқ-ойдин кўрасизлар. Уни кўришда кўзингиз тўсилмайди», дедилар. (Бухорий, Муслим).
4–Суҳайб розияллоҳу анҳунинг ҳадиси. Бу ҳадиснинг бир бўлагини Имом Муслим ривояти ила, «Гўзал (амал)қилганларга гўзал мукофот ва зиёда бор» (Юнус сураси, 26) ояти тафсирида келтирилган.
5–Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳунинг ҳадисларида жумладан қуйидагилар айтилган: «Жаннати Аднда у қавм билан Роббиларини кўриш орасида У зотнинг юзидаги кибриё ридоси бўлади холос». (Бухорий, Муслимлар ривоят қилганлар).
6–Адий ибн Хотим розияллоҳу анҳунинг ҳадисларида жумладан қуйидагилар келган: «Сиздан ҳар бирингиз мулоқот куни албатта Аллоҳ ила мулоқотда бўлади. У билан анинг ўртасида ҳижоб ҳам, таржима қиладиган таржимон ҳам бўлмас. Бас, У зот: «Наҳотки, Мен сенга Пайғамбар юбормаган бўлсам, у сенга етказмаган бўлса?!», дейди. У: «Ҳа эй, Робб (юбординг)», дейди. У зот: «Наҳотки: мен сенга мол ато қилмаган бўлсам, фазл бермаган бўлсам?!», дейди. У: «Ҳа, эй, Робб (бердинг)», дейди. (Бухорий ривоят қилган ).
КЎРИШНИ ИНКОР ҚИЛУВЧИЛАРНИНГ
ДАЛИЛЛАРИ ВА УЛАРГА ЖАВОБЛАР
1–Мўътазилийлар Аллоҳ таолонинг «У: «Мени ҳеч кўрмассан», деди, (Аъроф сураси,143) оятини далил қилиб, Аллоҳ, Мусо алайҳиссаломга «ҳеч» деган сўзни ишлатиб, келажакда кўриш мумкин эмаслигини таъкидлади», дейдилар.
2–Улар яна: «У зотни кўзлар идрок этмас» (Анъом сураси, 103) оятини ҳам далил қиладилар. Шунга биноан, кўзлар Аллоҳ таолога назар солишга қодир эмаслар, дейдилар.
Биринчи оятнинг жавоби: «Бу оят мўътазилийларнинг зиддига далилдир, уларнинг фойдасига эмас. Чунки, бу оят кўришнинг собитлигига бир неча томондан далолат қилади.
Биринчидан: Мусо алайҳиссаломдек Аллоҳ билан гаплашган, У зотнинг муҳтарам пайғамбари бўлган ва ўз замонасида Роббисини энг яхши таниган зотдан жоиз бўлмаган нарсани, яъни Аллоҳга назар солишни, сўраш мумкин эмас. Балки, бу улар учун амри маҳолдир.
Иккинчидан: Аллоҳ таоло Мусо алайҳиссаломнинг саволини худди Нуҳ алайҳиссаломнинг саволини «Мен сенга жоҳиллардан бўлмаслигингни ваъз қиламан» (Ҳуд сураси, 46), деб инкор қилгани йўқ.
Учинчидан: «Аллоҳ таоло «Мени ҳеч кўрмассан» (Аъроф сураси, 143), деди.
«Мен кўрилмасман» ёки «Мени кўриш жоиз эмас», дегани йўқ. Икки жавоб орасидаги фарқ очиқ-ойдин. Бу эса Аллоҳ таоло кўрилишига, аммо Мусо алайҳиссаломнинг қуввати У зотни кўришга бу дунёда етмаслигига далолат қилмоқда. Аллоҳ таолонинг «Лекин тоққа назар сол» (Аъроф сураси, 143), дейиши ҳам шунга далолат қилади. Агар бу дунёда тажаллига тоғ қодир бўлмаса заиф инсон қандоқ қилиб, қодир бўлсин?!
Мўътазилийларнинг «ҳеч» маъносини ифода қилувчи »Лан» ҳарфи абадийлик маъносини билдиради, деб даъво қилишлари ботилдир. Чунки, бу ҳарф қайд қилинган чоғида ҳам манфийлик маъноси охиратда давом этмайди. Қандоқ қилиб қайд қилинмаган ҳолда ўтиши мумкин? Ибн Молик: «Ким «Лан» абадий равишда нафий қилади, деса гапи мардуддир», деган.
Иккинчи оятнинг жавоби: Бу оят ҳам жуда латиф жиҳатдан кўришни собитлигига далолат қилади. Аллоҳ таоло уни мақтов борасида зикр қилди. Маълумки, мақтов фақат собит сифатларда бўлади. Субитсизлик эса камолот эмас, шунинг учун мақталмайди.
Маъно шулки, албатта У зот кўринади, аммо идрок қилинмайди, иҳота қилинмайди. Идрок қилиш, иҳота қилиш кўришдан кўра зиёда нарсадир. Ҳа, Аллоҳ таоло кўрилади, аммо идрок қилинмайди, билинади аммо Уни илм ила иҳота қилиб-қамраб олиб бўлмайди. Ушбу оятни саҳобалар ва имомлар шундоқ тушунганлар.
Исломнинг қадами фақатгина таслим бўлиш ва бўйинсуниш устидагина собит бўлур.
Шарҳ: Бу истиора услубидир. Ҳиссий қадам фақат бирор нарсанинг устида собит бўлади. Бу гапнинг маъноси шулки, Ким Қуръон ва Суннатда келган нарсаларга таслим бўлиб, бўйсунмаса, ва уларга эътироз қилиб, қарши чиқишни тарк қилмаса исломи собит бўлмайди.
Имом Бухорий Имом Муҳаммад ибн Шиҳоб аз-Зуҳрийдан қилган ривоятда у киши раҳматуллоҳи алайҳи: «Аллоҳдан рисолат, Расулдан етказиш, биздан таслим бўлиш», деганлар. Бу жамловчи гап бўлиб, «Аллоҳ таолонинг ҳаққини, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг маъсулиятлари бўлмиш-етказишни ва бизнинг бурчимиз Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган нарсага таслим бўлиб, бўйинсунишимизни ўз ичига олгандир. Оқил одам билурки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳдан келтирган хабарда маъсумдирлар, У кишининг хато қилишлари мумкин эмас. Бас, биз учун У кишига таслим бўлиб, амрларига бўйинсунишимиз вожибдир.
Далил:
1–»Пайғамбар зиммасида фақат етказиш бор». (Анкабут сураси, 18)
2–»Пайғамбар зиммасида фақат очиқ-ойдин етказиш бор».(Нахл сураси, 35).
3–»Қайси бир пайғамбарни юборган бўлсак, фақат ўз қавми тилида, уларга баён қилиб бериш учун юбордик. Бас, Аллоҳ хоҳлаган кишини адаштирур ва хоҳлаган кишини ҳидоят қилур». (Иброҳим сураси, 4).
4–»Йўқ! Роббинг ила қасамки, токи ораларидаги хилофга сени ҳакам қилмагунларича, сўнгра сен чиқарган ҳукмдан нафсларида тинчлик бўлиб, бутунлай таслим бўлмагунларича (бўлмас)». (Нисо сураси, 65).
«Кимки, ўзига илми ман қилинган нарсани билишга отилса, таслим бўлишга фаҳмини қаноат қилдирмаса, бу матлаби уни холис тавхиддан, соф маърифатдан ва саҳиҳ иймондан тўсибдир».
Шарҳ: Бу аввалги гапни таъкидлаш ва дин асосларида илмсиз бирор нарсани гапиришдан огоҳлантиришдир.
Яъни, кимки, Аллоҳ таоло ва Унинг Расули ман қилган, иштибоҳли нарсалар, Аллоҳ зоти ва сифатининг ҳақиқиқати ҳамда шунга ўхшаган нарсаларни билишга уринса, ўз фаҳми ва илмини Аллоҳ ва Расул айтган нарсаларга таслим қилишга ўргатмаса, унинг кўзлаган нарсаси ботилдир. Бу нарса уни холис тавҳиддан, соф маърифатдан ва саҳиҳ иймондан ман қиладир.
Далил:
1–»Аммо қалбларида (ҳақдан) тойиш борлар, шубҳасиз, ўхшашлиги бор нарсага фитна истаб, уни таъвил қилишни истаб эргашурлар. Унинг таъвилини фақатгина Аллоҳ билур». (Ол-и Имрон сураси, 7).
2–»Ўзингда илми бўлмаган нарсага эргашма. Албата кўз, қулоқ ва қалбнинг барчаси ундан масъулдир». (Ал-исро сураси, 36).
3–»Одамлардан илмсиз равишда Аллоҳ ҳақида тортишадиганлари ва ҳар бир ўз бошимча шайтонга эргашадиганлари бор». (Ҳаж сураси, 3).
4–»Одамлардан Аллоҳнинг йўлидан адаштириш учун илмсиз, ҳидоятсиз ва очиқ-ойдин китобсиз равишда Аллоҳ ҳақида тортишадиганлари, ёнбошига бурилиб кетадиганлар бор. Унга бу дунёда хорлик бор ва қиёмат куни унга ёнғин азобини тотдирамиз». (Ҳаж сураси, 8).
5 -»Аллоҳдан бўлган ҳидоятсиз, ўз ҳавои нафсига эргашган кимсадан адашганроқ ким бор?!» (Қасос сураси, 50).
6–»Улар фақат гумонга ва нафси ҳавосига эргашмоқдалар халос. Ҳолбуки, батаҳқиқ уларга Роббиларидан ҳидоят келган эди» (Нажм сураси, 23) оятлари ва Имом Термизий Абу Амома ал-Боҳимий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисларидир. Ўша ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳеч бир қавм ҳидоятда бўлганларидан кейин адашмайди. Магар жадал-тортишув- берилсагина адашадилар», деганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошқа бир ҳадисларида: «Одамларнинг Аллоҳ ҳузурида энг ғазабга кўп дучори, кўп хусумат қиладиганидир», деганлар. (Бухорий ва Муслим Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилганлар).
ПАЙFАМБАР АЛАЙҲИССАЛОМНИНГ
СЎЗЛАРИГА ТАСЛИМ БЎЛМАСЛИК
ТАВҲИДДАГИ НУҚСОНДИР
Ҳеч шак-шубҳа йўқки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга таслим бўлмаган одамнинг тавҳиди нуқсонга учрайди. У Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам келтирган нарсадан қанчалик чиқса, тавҳиди шунча миқдорда нуқсонга учрайди. Чунки, у одам Аллоҳдан бошқани ўзига илоҳ қилиб олган бўлади. «Аллоҳ таоло: «Ҳавосини илоҳи қилиб олган кимсани кўрмайсанми?!», деган. (Жосия сураси, 23). Яъни, ҳавойи нафсига ибодат қилган одамни кўрмайсанми?, дегани.
ОЛАМГА ФАСОД УЧ ФИРҚА
ОРҚАЛИ КИРГАН
Абдуллоҳ ибн Муборак розияллоҳу анҳу:
«Динни фақат подшоҳлар, ёмон аҳборлару роҳиблар бузди», деган маънода байт айтганлар.
1–Золим подшоҳлар, ўзларининг золим сиёсатлари билан шариатга мухолиф бўладилар ва ўша сиёсатларини Аллоҳ ва Унинг Расулининг ҳукмидан устун қўядилар.
2–Ёмон аҳборлар-шариатдан ўз фикрлари ва фосид қиёслари билан чиққан олимлардир. Улар Аллоҳ ва Унинг Расули ҳалол қилган нарсани ҳаром, ҳаром қилган нарсани ҳалол қиладилар.
3–Роҳиблар-сўфилардан чиққан жоҳиллар бўлиб, иймон ва шариат ҳақиқатларига завқ, хаёл ва турли ботил кашфларни устун қўйиб, Аллоҳ изн бермаган нарсаларни шариатга киритадилар. Аллоҳ пайғамбари орқали жорий қилган динни ботил қиладилар.
«Агар сиёсат билан шариат мухолиф бўлиб қолса, сиёсатни устун қўямиз», дейишлик ҳар замон ва ҳар макондаги подшоҳ ва амирларнинг одати бўлган.
«Агар ақл билан нақл мухолиф келиб қолса, ақлни устун қўямиз», дейишлик, ақл бандалари ва ҳозирги кунимиздаги зиёли ёшларимизнинг одатидир.
Роҳиблар ва завқ соҳиблари бўлса: «Агар завқ ва кашф шариатнинг зоҳири билан мухолиф бўлиб қолса, завқ ва кашфни устун қўямиз», дейдилар.
Шунинг учун ҳам, Румий ўз маснавийсида: «Ошиқонро мазҳабу миллат жудо аст»–»Ошиқлар учун бошқа мазҳаб ва дин бордир», деган. Яъни, улар завқ, виждон ва кашфни шариат зоҳири устидан ҳакам қиладилар, дегани. Шариат зоҳирини инкор қилувчи ботинийларнинг ҳоли шу.
Аллоҳ таоло мазкур уч тоифа ҳақида қуйидагиларни айтади:
1–»Албатта подшоҳлар бир юртга кирганларида уни бузадилар ва азиз аҳлини хор қиладилар. Ана шундоқ қилурлар». (Намл сураси, 34)
2–»Эй, иймон келтирганлар, албатта аҳборлардан ва роҳиблардан кўплари одамларнинг молларини ботилдан ерлар ва Аллоҳнинг йўлидан тўсарлар». (Тавба сураси, 34).
«Бас, у куфр ва иймон, тасдиқ ва такзийб, иқрор ва инкор орасида васвасага тушган, адашган, шак қилган ҳолида музабзаб бўлур. У мўмин тасдиқ қилувчи ҳам эмас, кофиру ёлғонга чиқарувчи ҳам эмас».
Шарҳ: Яъни, фаҳмини таслимга қониқтира олмаган, холис тавҳиддан, соф маърифатдан ва саҳиҳ иймондан тўсилган одам, изтиробга тушиб, иймон ила куфр, тасдиқлаш ила ёлғонга чиқариш, иқрор ила инкор орасида иккиланишга тушади. Ўзини васвасага, ҳайратга, динида шак-шубҳага туширади. Мўмин бўлиб, чин қалбдан тасдиқлай ҳам олмайди, кофир бўлиб, тили билан ёлғонга ҳам чиқара олмайди.
Муаллиф раҳимаҳуллоҳ васф қилган ушбу ҳол ҳар бир Қуръон ва суннатдан оғиб нотўғри илми каломда юрган ёки илми калом билан Қуръон ва суннатни жамламоқчи бўлган одамнинг ҳолидир. Улар бир-бирига тўғри келмай қолганда Қуръон ва суннатда келган нарсани таъвил қилишга ўтади, уни фикрга солиштириб кўради. Иши охир ҳайратга, залолатга ва шак-шубҳага бориб тақалади.
Мана, файласуфларнинг мазҳабларининг ва айтганларини энг яхши билган одам Ибн Рушд ўзининг Ғаззолийнинг «Таҳофутул Фалосифа» китобига раддия қилиб ёзган «Тахфутут-Таҳофут» китобида нима ёзганини олиб кўрайлик: «Илоҳиётда ким бирор ярагулик нарса айтибди?» Яъни, файласуфларнинг илоҳиётда айтган гаплари ҳеч нарсага арзимайди, демоқчи.
Илми каломнинг имомларидан бири, имом Ғаззолий охири келиб илми калом масалаларида ҳайратга тушди. Илми калом ҳақида китоб ёзиб, унга «Илжомул авом ан илмил Калом» («Овомни илми каломдан тийиш») деб номлади. Агар илми калом зарурий нарса бўладиган бўлса, дин ишида кифоя қиладиган бўлса, нима учун у ўз китобини уламоларга хос қилиб овом халқни унинг фойдаларидан тийди? Кейин эса, имом Ғаззолий мазкур йўлларнинг ҳаммасидан юз ўгириб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларига юзланди ва Саҳиҳ Бухорий кўксида турган ҳолида вафот этди.
Улуғ имом, катта тафсирнинг соҳиби Имом Фахриддин Абу Абдуллоҳ Муҳаммад ибн Умар ар-Розий ўз умрининг охирида ёзган китобида:
«Умр бўйи қилган баҳсларимиздан фойда олмадик. Деди, дедидан бошқа нарсани жамламадик», деганлар.
Шунингдек, у киши яна: «Агар каломий тарийқатларни ва файласуфларнинг йўлларини таъаммул қилиб кўрсанг, дардга даъво, чанқоққа сув бермаслигини кўрасан. Энг яхши тарийқа, Қуръон тарийқаси эканини биласан. Ким мен қилган тажрибаларни қилиб кўрса, мен билган нарсаларни билади», деганлар.
Имоми Ҳарамайни Абул Маъолий ал-Жувайний:
«Эй асҳобларимиз! Калом билан машғул бўлманглар! Агар илми калом мени нимага етказишини билганимда, у билан шуғилланмаган бўлар эдим», деганлар.
Имом Абу Юсуф раҳматуллоҳи алайҳи: «Ким динни калом ила талаб қилса, зиндиқ бўлади. Ким молни кимё билан талаб қилса, касодга учрайди. Ким ғариб ҳадисни талаб қилса, ёлғончи бўлади», деганлар.
Имом аш-Шофеъий раҳматуллоҳи алайҳи: «Аҳли калом ҳақида менинг ҳукмим, уларни дарахт шохлари ва ковушлар билан уриб, қавм ва уруғлар бўйлаб айлантириб: «Қуръон ва суннатни тарк қилиб, илми каломга юзланганнинг жазоси шудир», деб жар солишдир», деганлар.
Дорус Салом (Жаннат) аҳлининг кўриш ҳақидаги иймони, улардан ким ваҳмни ва фаҳм ила таъвилни эътибор қилса, саҳиҳ бўлмайди. Чунки, кўришнинг ва Роббликни изофа қилинадиган ҳар бир маънонинг таъвили, таъвилни тарк қилишдир. Таслимни лозим тутишдир. Мусулмонларнинг дини шулдир. Ким (Аллоҳ сифатларини) манфий қилишдан ва ўхшатишдан сақланмаса, тояди ва поклашга эриша олмайди.
Шарҳ: Яъни, аҳли жаннат Аллоҳни ундоқ сифат ила кўрса керак, деган ваҳм билан иймон саҳиҳ бўлмайди. Шунингдек, менинг фаҳмимча, Аллоҳни кўриш бундоқ бўлса керак, деб, таъвил қилиш билан ҳам, иймон саҳиҳ бўлмайди.
Яна, Аллоҳга тегишлик бошқа маъноларни таъвил қилиш ҳам мумкин эмас.
Хулоса қилиб айтганда, жаннатда Аллоҳни кўриш ҳақидаги иймон мазкур икки йўл билан саҳиҳ бўлмайди. Агар таъвил маъносини бошқача қилиб айтганда ҳам. Чунки, таъвилчилар, таъвил, лафзнинг зоҳирий маъносидан бошқага буриш халос, бунинг нимаси ёмон, дейишади.
Улар ушбу ҳийла билан кўп нарсаларни бузишади. Улар, биз ўз гапимизга тўғри келмаган нарсани таъвил қиламиз, дейдилар. Ўзлари қиладиган бузғунчиликни, таъвил, деб номлайдилар. Балки ҳар бир маънони ағдар-тўнтар қилиб чиқадилар.
Аслида эса, уларга турли фосид таъвилларни тарк қилиб, Қуръон ва суннат далаолат қилган нарсаларга таслим бўлмоқлари лозим эди. Чунки, ҳақиқий мусулмонларнинг дини шудир.
ТАЪВИЛ ТУШУНЧАСИ
ВА УНИНГ ҚИСМЛАРИ
Таъвил сўзи, луғатда қайтиш маъносини англатади. Истилоҳда эса, бир лафзнинг маъносини қайтаришдир. Ёки, лафзнинг маъносини кучли маънодан, кучсиз маънога қайтаришдир. Агар ўша қайтариш далил ва исбот билан бўлса, таъвил тўғри бўлади. Далил ва исботсиз бўлса, бузуқ таъвил бўлади.
1–Аллоҳнинг китоби ва Унинг расулининг суннатида таъвил тушунчаси: Каломни қайтариладиган ҳақиқатга, таъвил дейилади. Хабарнинг таъвили-берилган хабарнинг айни ўзидир. Амрнинг таъвили-буюрилган ишнинг ўзидир. Бу худди Ойша розияллоҳу анҳудан қилинган қуйидаги маънога ўхшайди: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рукуъларида «Субҳанакаллоҳумма ва биҳамдика, Аллоҳумма иғфир ли»-дер эдилар. Қуръонни таъвил қилар эдилар». Яъни, Қуръонда қилинган амрни бажарар эдилар.
«Улар унинг таъвилидан бошқа нарсани кутмаяптилар. Унинг таъвили келган кунда, бундан олдин уни унитганлар: «Батаҳқиқ, Роббимизнинг пайғамбарлари ҳақ ила келган эдилар», дерлар». (Аъроф сураси, 53)
Яъни: Аллоҳнинг каломининг ҳақиқати ва таъсдиғи келган кунда, деганидир.
2–Муфасирлар каломидаги таъвил тушунчаси:
У–каломни тафсир қилиш, тўғри келадими-йўқми бари-бир маъносини баён қилишдир. Бу–маъруф истилоҳдир. Бу таъвил, худди тафсирга ўхшаб тўғриси мақталади, ботили ёмонланади.
3–Мутааххир фақиҳ ва мутакаллимлар истилоҳдаги таъвил тушунчаси:
Лафзни кучли эҳтимолдан, кучсиз эҳтимолга буришдир. Бу эса, кучли далолат юзасидан қилинади. Аммо унинг ҳақида низо бўлади. У икки қимсдан иборат бўлади. Саҳиҳ ва фосид.
Саҳиҳ таъвил, Қуръон ва Суннат таълимотлар далолат қилган маъноларга мувофиқ бўлади.
Фосид таъвил эса, унга хилоф бўлади.
Муаллифнинг: Ким (Аллоҳ сифатларини) манфий қилиш ва ўхшатишдан сақланмаса, тояди ва поклашга эриша олмайди», дегани, ким таъвил йўли билан ёки бошқа йўл билан Аллоҳ таолонинг сифатларини манфий-салбий қилишдан сақланмаса, шунингдек, Аллоҳнинг сифатларини Унинг махлуқлари сифатига ўхшатишдан сақламаса, ҳақдан тойган бўлади ва ҳеч қачон покланишга эриша олмайди, деганидир. Бу мўътазилийларга ва кўриш масаласида улар билан ҳамфикр бўлганларга раддиядир. Шунингдек, Аллоҳни Унинг махлуқотларидан бирор нарсага ўзшатадиганларга раддиядир.
Аллоҳни Унинг махлуқотларига ўхшатиш куфр эканига далил:
«Унга ўхшаш йўқдир»(Шўро сураси, 11) деган оятдир. Аллоҳ таолонинг: «У зот ўта эшитувчидир, ўта кўрувчидир» (Шўро сураси, 11) деган сўзи эса, собит сифатларни манфий қилиш ҳам куфр эканига далилдир. |