Даъватнинг 21 аср кўриниши Принтер учун
17.01.2007 й.

Рисоламни бошлашдан олдин, яқин ўтмишда ўтган олимлардан бирининг ажойиб фикрини эслаб қолдим. Ушбу ажобтовур жумлалар мавзуимизни янада осон суратда тушунтиришга ёрдам бериб юборади: "... Бугунги кунда мусулмонлар ғарбликлардан ҳар жабҳада ортда боришмоқда. Буни инкор қилмаймиз. Аммо Аллоҳга ҳамд бўлсинки, ислом мусулмонлар мавқеъи билан ўлчанмайди ва ҳар бир соҳанинг биринчи рақамли кишиси албатта иймон келтиради. Чунки ислом ўша - ўз соҳасининг пешқадамидан ҳам юқори савиядаги йўлдир!!!"
Ҳа, бугунги илғор соҳаларда ҳам вазият шундай. Мусулмонларнинг ўзлари ўша соҳани гуллатишмаётган бўлса, гуллатиб бўлганлар исломни қабул қилишмоқда. Аллоҳу Акбар!

Ана шундай соҳалардан бири шак шубҳасиз СПОРТдир. Спорт оламидаги биринчи рақамли тур эса ФУТБОЛ десак, баскетбол ва хоккейнинг ашаддий мухлислари ҳам индамайгина рози бўлишади. Чунки чарм тўп усталари шу қадар дунёни ўзларига қаратишдики, асти қўяверинг. Энг нуфузли спорт турларидан ташкил топган Олимпиада мусобақаларига сарфланадиган ҳаражат ва олинадиган фойда биргина футбол бўйича ўтадиган Европа чемпионатига кетган ҳаражат ва фойда олдида бир қисм бўлиб қолади. Европа мамлакатларида ўтказилган сўровларда агар Олимпиада баҳсларидан футбол тури олиб ташланса, унга бўлган эътибор 70 фоизга камайиши ўз ифодасини топган.
Бугунги кунда футбол дунёга танилишнинг энг асосий воситаси бўлиш билан биргаликда, у билан ҳар қандай йўлни тарғиб этиш мумкин бўлиб қолди. Шунинг учун бўлса керак, ҳар қандай масалада ечим излашга тўғри келса, футбол оламига мурожаат қилмасликдан бошқа чора қолмаяпти.
Яқинда Германия яшил майдонларида 18-жаҳон чемпионати баҳслари ўтказилди. Хабарингиз бор, унда кўпгина мусулмон мамлакатлари вакиллари қатнашишди. Яхлит терма жамоаларни олганда, ислом вакиллари эътиборга молик натижаларни қўлга киритишмади, бироқ, баъзи ғарб мамлакатларида ҳаракат қилаётган мусулмон юлдузларнинг ўйини билан чемпионат анча бойиди. Энг асосий томони шундаки, жаҳон чемпионати ўйинлари поёнига етганидан сўнг, ислом динини қабул қилган бир неча футболчининг рўйхати оммавий ахборот воситаларида эълон қилинди. Инша Аллоҳ, бундан кейин ҳам уларнинг сони ортиб боради. Бундан бир неча кун муқаддам Islam.uz сайтида Франция терма жамоаси ярим ҳимоячиси Франк Рибери қай тарзда исломни қабул қилгани ҳақида ўзига хос мақола чоп этилди. 23 ёшли футболчи ислом қоидасига биноан муслимани фақат муслим эр қабул қилиши эътибори билан ҳақ динни ихтиёр этди. Риберининг бу борада берган интервьюларида, исломни жиддий ўрганганлиги ва кўр-кўрона фақат бир қиз учун мусулмон бўлмаганлигини айтиб ўтган.
Франция терма жамоасининг бошқа бир вакили, афсонавий Зайниддин Зидан ҳақида ортиқча таърифнинг ҳожати йўқ. Чунки у учинчи маротаба қатнашган мусобақасида ҳатто мозийнинг машҳур юлдузлари ҳам орзу қилишса бўладиган чиройли ўйинлар кўрсатди. Зидан-ку, ота-онаси мусулмон бўлган, шу боис, у билан фахрланиш ноўрин, дегувчилар топилса, бошқа машҳур номларни ҳам эслатиб ўтамиз. Голландия терма жамоаси ҳимоячиси Ҳолид Булахруз ҳамда яқиндагина исломни қабул қилган Робен Ван Перси (ҳақиқий голланд), Швеция терма жамоаси ҳужумчиси Златан Иброҳимовичлар ана шулар сирасидандир.
Мусобақа давом этаётган пайтда, Швейцария терма жамоасининг ишонган юлдузи Александр Фрай ҳам ислом дини нажот йўли эканлигини англаб етди ва Украина билан кечган плей-офф баҳсидан олдин тавҳид калимасини нутқ қилиб, ҳаммага мусулмон бўлганлигини маълум этди. Шунингдек, насороларнинг ашаддийлари жойлашган Бразилия томонларда ҳам бир йигитнинг гол ургач, мусулмонларга ўхшаб сажда қилганлиги барчанинг эътиборини ўзига тортди. Маълум бўлишича, ёш бразилиялик ҳужумчи Фред ҳам "Лион"даги фаолияти давомида Францияда яшовчи мусулмонларнинг таъсирида ислом неъматидан баҳра олишга улгурган экан. Аллоҳ бу йигитларга исломни муборак қилсин ва умрларининг охиригача ҳақ йўлдан оғиб кетмасликларида ёрдам берсин.
Сўнгги кунларда Диего Армандо Марадона қалбида ҳам исломга мойиллик сезилгани ҳақида маълумотлар бор. Аргентиналик юлдуз Италия журналистлари билан ўтказилган анжуманда христианлик динини чуқур тушуна олмаётганидан, унга бу динни тўғри тушунтириб беришмаётганидан қаттиқ ранжиган. Ҳатто ўз суҳбатида: "Мен Италияда неча йил яшаган бўлсам, ҳақиқий насронийни кўрмадим" деган сўзларни ҳам айтган. Ваҳоланки, агар Италияда топилмаган бўлса бундай киши, дунёнинг бирор бурчида топилмайди. Ватикан жойлашган мамлакат-а!!!
Мана шу жиҳатларни жиддий ўрганган ислом олимлари сўнгги пайтларда мусулмон футболчиларга жуда кўп мурожаатлар қилишмоқда. Ана шундай хитоблардан бири Британия мусулмонлари уюшмасининг собиқ раиси Анас Тикритий томонидан янгради:
- Бугун мусулмон уламолардан кўра мусулмон спортчиларнинг овози муҳимроқ ўрин эгаллайди. Биз шунинг учун ҳам, исломни диним деб юрган футболчиларни ислом ҳақидаги нотўғри тушунчалардан поклашга чақирамиз. Улар чиройли ўйинлари билан, исломий одоблари ва интервьюларда мусулмонликларини эслатиш ила дунё аҳлига ўрнак бўлишлари мумкин. Ва ҳар бир аҳли қибла ҳам айни пайтда мусулмон ўйинчиларнинг мавқеъи насронийларникига қараганда баландроқ эканлигидан фахрланиши керак. Ҳар хил бўлмағур гапларни, фитнага сабаб бўладиган хабарларни тарқатиб юрмасликларини сўраймиз.
Дарҳақиқат, бугунги кун тақозоси шу. Барчанинг нигоҳи машҳур инсонларга қаратилган. Машҳурлик борасида футболчилар ҳатто Голливуд актёрларини ҳам доғда қолдиришмоқда. Ўтган йили мамлакат ўртасида ўтказилган сўровга кўра Зидан Франциянинг энг таниқли инсони бўлганлиги фикримизни тасдиқлайди. Франциялик машҳур олим Француа Бурганинг фикрига кўра, ғарб мамлакатларида ислом ҳақида уйғонган нотўғри тушунчаларни айнан Зидан ва Рибери сингари футболчилар йўқотишлари мумкин. Чунки улар шундоғам мусулмон киши "масжид остонасидан нарига чиқмаган инсон" эмаслигини ўз ўйинлари билан исботлаб бўлишди. Буёғига, улардан сўраладиган нарса шуки, майдонда ҳам, унинг ташқарисида ҳам ҳақиқий мусулмоннинг тимсоли бўлиб юришса. Чунки дунёнинг нариги бурчагида "Zidane 5" либосини эртадан кечга қадар эгнидан туширмайдиган қора танли болакай ҳам, Мадрид дўконларидан бирида отасига "Билол (Николья) Анелька либосини олиб беринг!", деб йиғлаётган испан ўғлони ҳам эртага катта бўлгач, ўз "кумирлари" бажарган ҳаракатларни амалга оширишади.
Тикритий ўз суҳбатида давом этиб шундай дейди:
- Ўтган йилги рамазонда Шотландиянинг Абердин деган шаҳрига боргандим.
Кутилмаганда масжид тўлди. Одам шу қадар кўп эдики, ҳайрон бўлдим, наҳотки, Шотландияда мусулмонлар сони шунчалик ошиб кетдими, деб. Маълум бўлишича, ўша куни масжидга икки машҳур футболчи келган экан. Йиғилган жамоатнинг аксари ана шу футболчиларнинг ҳурматига келишган экан.
... Ҳа, азизлар, булар бугунги кунда содир бўлмоқда. Узоққа бормайлик, 2002 йилги жаҳон чемпионатида ажойиб ўйинлар кўрсатган Туркия терма жамоаси футболчилари ўз мамлакатлари шарафини қанчалик ҳимоя қилган бўлишса, мусулмонларнинг ҳам юзларини ёруғ қилишди. Биринчидан, ушбу юрт мундиалда учинчи ўринни қўлга киритди. Иккинчидан, кўпгина баҳсларда Ҳоқон Шукур ҳамда Ҳоқон Унсалдек етакчи футболчиларнинг аёллари стадионга ҳижоб ўраб келганликлари трансляция давомида бот-бот намойиш этилди. Шарҳ давомида россиялик шарҳловчилар: "Бу муслима аёллар ислом динида шундай юриш лозимлиги учун ҳам юзларидан бошқа жойларини кўрсатишмаяпти" дейишган эди. Хуллас, футбол кимга ёқиш ёқмаслигидан қатъий назар, айни дамда жуда катта қуролга айланиб бўлди. Бу қурол фақат ғарбликларнинг қўлида бўлиши керак, деб ким айтди?
Биз рисоламиз сўнггида ўзбек футболчиларидан ҳам мазмунли ўйин кўрсатиб, юртимиз номини дунёга таратишни, шу билан биргаликда, футбол орқали ислом фарзандлари ҳам бошқалардан қолишмасликларини намойиш этишларини сўраб қоламиз.

Хайрулло Ҳамидов.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz