„Аллоҳни ёд эт...” Принтер учун
12.09.2008 й.
rasm

Кимки Парвардигорни ёд этса ва риоясини қилса, яъни рози бўладиган ишларни бажариб, ғазабини келтирадиганидан тийилса, Аллоҳ таъоло у бандасини ҳар доим Ўз паноҳида асрайди. Зеро ҳеч ким ўзича сақлана олмайди.

Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм

Муқаддима

Бандаларининг ҳолидан ҳамиша хабардор, доим уларни кузатиб турувчи Аллоҳга ҳамд бўлсин. Барокатли буюк Зот Аллоҳ осмонда буржларни яратди. Уларга чироқ осди. Ойни нурга тўлуғ этди. Зикрни ёхуд шукрни хоҳловчи кишилар учун кеча ва кундузни алмашиб турадиган қилди. Гувоҳлик бераман, Аллоҳдан бошқа илоҳ йўқ ва яна гувоҳлик бераманки, Муҳаммад Аллоҳнинг бандаси ва росулидир. Аллоҳ пайғамбари Муҳаммадни Ўз изни билан тўғри йўлга бошловчи ҳодий қилиб жўнатди. Аллоҳ ва Унинг дини ҳақида ҳабар берувчи элчи, дўзах азобидан огоҳлантирувчи назир этиб тайинлади. Шунингдек ягона илоҳга бандалик қилишга чорлайдиган омонатни адо этадиган, умматга насиҳат берадиган, то ўлим келгунича Аллоҳ йўлида ҳаққоний жиҳод қиладиган, башарият йўлини ёритадиган нурли чироқ этиб жўнатди. Пайғамбаримиз Муҳаммадга, унинг аҳли байтларига, саҳобаларига Аллоҳнинг раҳмати ва беадад саломи бўлсин.
Аммо баъд ...
Бу китоб „Аллоҳни ёд эт...” деб номланди. Модомики, ер юзида Ислом бор экан, лоақал бир мусулмон ҳаёт экан, бу калима такрорланаверади.

Кимки тақво қилса, мақталиб охир,
Азизу ҳорлардан Аллоҳ сақлагай,
Аллоҳдан бошқага кўз тиккан кимса
На ўзгани ва на ўзини оқлагай.
Аллоҳ арқонини қўлда маҳкам тут,
Ундан бошқа руки нажот бермаган.

Термизий ва Аҳмадлар саҳиҳ деб санаган бир ҳадисда ибн Аббос розиаллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:
„Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) нинг орқаларида турган эдим. Ул зот алайҳиссалом менга дедилар: „Эй бола, сенга шундай калималарни ўргатаманки, қулоғинга қуйиб ол: „ Аллоҳни ёд эт, Аллоҳ сени ҳимоясига олур. Аллоҳни ёд эт, Аллоҳни рўпарангда топурсан. Сўрасанг Аллоҳдан сўра. Мадад тиласанг, Аллоҳдан тила. Билгинки, кишилар сенга наф етказмоқ учун йиғилсалар, фақат Аллоҳ тақдир қилган нарсадагина ёрдам бера оладилар. Агар бирон зарар етказмоққа жамлансалар, Аллоҳ сенга тақдир қилганидан ортиғига эриша олмайдилар. Қаламлар кўтарилди, саҳифалар қуриди. (тақдир хати битилиб бўлди)."
Имом Аҳмаднинг ривоятида ушбу сўзларни зиёда қилган:„Албатта, ғалаба билан сабр, қувонч билан қайғу биргадир. Албатта, ҳар бир қийинчилик билан бирга енгиллик ҳам бордир".

Мавзунинг аҳамияти

Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) нинг ибн Аббосга берган ўгитлари аввалгилару охиргилар учун васиятдир.
Солиҳ кишилардан бири деган эди: „Агар дўстинга, биродиринга ё фарзандинга яхшилик қилмоқчи бўлсанг, унга: „Аллоҳни ёд эт. Аллоҳ сени сақлайди", деб насиҳат бер". Бир уламо: „Бу ҳадисдаги улуғ маънолардан даҳшатга тушдим", дейди.
Сулаймон ибн Довуд алайҳумассалом айтганди: „Одамларга билдирган ва билдирмаган нарсаларни бизга ўргатдинг. Бас, маҳфийу ошкора ҳолатда Аллоҳни ёд этишдан кўра яхшироқ нарсани топмадик".

Бу китоб кимлар учун

Бу китоб маълум бир тоифа кишиларга мўлжалланмаган. Бу китоб подшоҳлар, амирлар, вазирлар ва бошқа вазифадор шахслар учун; табиблар, муҳандислар, савдогарлар, деҳҳонлар ва ҳарбийлар учун, борини барча эркаку аёллар учундир.

Сен ўзинг сақладинг, Парвардигорим
Золим йўқ қилмоққа чоғланган замон.
Ҳифзу ҳимоянга олганинг учун
Бўйсунди золим ҳам менга бегумон.

Аллоҳ таолонинг сақлаши

Бутун махлуқотни Аллоҳ субҳанаҳу ва таъоло яратгандир. Уларни сақлайдиган ва бошқарадиган ҳам Яратган Зотнинг Ўзидир. Ер юзида бирон жонзот йўқки, Аллоҳ унинг ризқини белгилаб қўймаган бўлса.
...Зотан, Аллоҳ энг яхши сақлагувчидир ва У зот меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир". (Юсуф сураси, 64-оят).
Бир киши шоҳдан -шоҳга учаётган чумчуқни кўриб қолди. Оғзида бир парча гўшт билан дарахт тепасига интиларди. Шунда киши ўша дарахт тепасига чиқди. Ва у ерда қари, кўзи кўр илонни кўрди. Чумчуқ илонга яқинлашганда илон вишиллади ва оғзини очди, чумчуқ гўштни унинг оғзига ташлади.
Бу илоннинг ризқи дарахтнинг тепасига етиб боради. Кўр илонга уни чумчуқ элитиб беради. Чумчуқ чирқиллаганда илон оғзини очади.
Ажабо! Кўр илонга чумчуқни кўрсатган зот ким? Якка-ю ёлғиз Аллоҳ эмасми?! У зот барча жонзотларнинг ва чумчуқнинг ҳам Парвардигоридир!
„Ўрмалаган нарса борки, барчасининг ризқи Аллоҳнинг зиммасидадир. У зот уларнииг турар жойларини ҳам, борар жойларини ҳам билур. Ҳамма нарса очиқ-равшан Китобда бордир". (Ҳуд сураси, 6-оят).
Кимки Парвардигорни ёд этса ва риоясини қилса, яъни рози бўладиган ишларни бажариб, ғазабини келтирадиганидан тийилса, Аллоҳ таъоло у бандасини ҳар доим Ўз паноҳида асрайди. Зеро ҳеч ким ўзича сақлана олмайди.
Аллоҳ у бандасини диндан тойилишдан сақлайди. Мана шуниси мусулмон учун жуда қимматлидир.
Аллоҳ у бандасини ҳар қандай ёмонликдан сақлайди маҳлуқларини унга бўйсундиради. Зеро, Аллоҳ энг яхши сақлагувчи ва меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир.
Аллоҳнинг динда бандасини соғ-саломат сақлаши ва аҳамиятли масала бўлса-да, бу нарсани ақл кўп ҳам илғаб ололмайди. Бас, Аллоҳ бандасининг қалбини шубҳа гумонлардан сақлайди; ширк ва нифоқдан, довдираш ва иккиланишдан сақлайди. Ҳар қандай бузғунчи манбаларнинг таъсирига тушишдан сақлайди. У манбалар атрофдагилар эса, мақсади ва қиёфаси ўлик кишилардир. Ҳуллас Парвардигорини ёд этган риоясини қилган бандани Аллоҳ ўз ҳифзу-ҳимоятига олади, унга хайр ва нажот йўлини кўрсатади.
Жон ҳалқумга келганда, дунёдан ажралаётган онларда шайтоннинг ҳужуми кучайган бир пайтда Аллоҳ бандасини Ўз ҳимоясига олади, Шайтоннинг ҳуруж қанчалик кўпаймасин, Аллоҳ содиқ мўминини Ўзининг мустаҳкам сўзи билан собит қилади, паноҳига олади, тўғри йўлга йўллайди, „Ла илаҳа иллаллоҳ Муҳаммадур расулуллоҳ” калимасига мушарраф этади.
Қанча кишилар Аллоҳ белгилаган чегарадан чиқдилар... Кейин ўлим онларида тиллари уларга ҳиёнат қилди, шаҳодат калимасини айтишдан ожиз қолди. Улар надомату ҳасратда ёндилар. Пушаймон соатларида кетма-кет туғулаётган афсуслардан азият чекдилар. Чунки улар Аллоҳ таъолони унутган эдилар. Бас, Аллоҳ ҳам уларни унутди. Энди уларнинг дунё ва охирати куйди. Мана шу нарса ҳақиқий зиён кўриш эмасми?!
Аллоҳ таъоло дўстларини, солиҳ бандаларини ҳамиша паноҳида асрайди. Бунга мисоллар жуда кўп. Ўқувчи биродарим, улардан баъзиларини сизга ҳавола этяпман.

Аллоҳнинг душман макридан сақлаши

Аллоҳ пайғамбари Иброҳим алайҳис салом қавмини ҳаққа даъват этди. Нодон қавм эса пайғамбарнинг бу ишини кўролмади. Иброҳим алайҳиссалмни даъватдан тийишга қурблари етмагач, уни оловга ташлашга қарор қилишди. Гулхан ёқиб Иброҳим алайҳис саломни манжаниққа солишди. Кейин у зотни оловга отишга буйруқ берилди. Ўша пайт ваҳий фариштаси Жаброил алайҳис салом Иброҳим Ҳалилуллоҳ қошида пайдо бўлди ва: „Эй Иброҳим, менга не ҳожатинг бор?” деб сўради. Иброҳим алайҳис салом" „Сенга қандай ҳожатим бўлсин, барча ҳожатим Аллоҳгадир!" деди.
„Саҳиҳ Буҳорий" да ибн Аббосдан ривоят қилинган шундай мавқуф ҳадис бор: „Иброҳим алайҳиссалом оловга ташланаётган пайтда „Ҳасбуналлоҳу ва неъмал вакил” (“Бизга ёлғиз Аллоҳнинг Ўзи кифоя, У Зот энг яхши ишончли вакилдир") деб айтган эдилар”.
Айрим кимсалар Расулуллоҳга: „Қурайш сизларга қарши сон-саноқсиз лашкар тўплаган, қўрқинглар", деганида Муҳаммад (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам шундай дегандилар:
Ундай зотларга айрим кимсалар: „Қурайш одамлари сизларга қарши (саноқсиз лашкар) тўплаган; қўрқингиз!"— деганларида бу гап уларнинг иймонларини зиёда қилди ва бизга ёлғиз Аллоҳнинг ўзи кифоя. У зот энг яхши ишончли вакилдир (Ҳасбуналлоҳу ва неъмал вакил!)-—дедилар". (Оли имрон сураси, 173-оят).
Аллоҳнинг пайғамбари Иброҳим алайҳиссаломни мушриклар ўтга отдилар. У зот ҳали оловга тушмай туриб ҳавода пайтида: „Ҳасбуналлоҳу ва неъмал вакил!" дедилар. Шунда Аллоҳ таъоло оловга амр этди: „Салқин бўл ва Иброҳим учун омонлик жойи бўл!".
Иброҳим алайҳис салом ўтдан омон чиқди ва душманлари макридан нажот топди. „Зотан, Аллоҳ энг яхши сақлагувчи ва меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир".
Хўш, оловни сўндирган зот ким? Албатта, Аллоҳ! Даҳшатли қийноқдан нажот берган ким? Албатта, Аллоҳ! Дўстлари - валийлари учун темирни юмшоқ қилган ва парчалаган ким? Албатта, Аллоҳ!

Қанча шукр айтганмиз, яхшиликлар етганда,
Аммо-лек унутгаймиз, бало йироқ кетганда.
Денгизда ёлворамиз, кемага нажот бер, деб
Осийга айланамиз соҳилга олсак етиб.
Учоқларда учамиз, ҳам хотиржам, ҳам қулай,
Ерга қулаб тушмаймиз, ахир Аллоҳ сақлагай.

Аллоҳнинг золимлар ва ҳокимлар макридан сақлаши

Аллоҳ субҳанаҳунинг амри ила Мусо алайҳиссалом золим Фиръавнни даъват қилиш учун йўл олди. У зот биладиларки, Фиръавннинг қасрида ажал бор! Кимсан бешафқат. Фиръавн бор! Қилич бор, ўлим бор, қип-қизил қон бор! Бераҳм, қаттол жинояткор Фиръавн бор!
“Парвардигоро, дарҳақиқат биз (агар уни Сенга иймон келтиришга даъват этсак, у шошқалоқлиқ билан бизни азобга гирифтор қилишидан ёки бадтар туғёнга тушишидан хавфдамиз" дейишди Мусо ва биродари Хорун (а. с) га ўшанда энг яхши сақлагувчи ва меҳрибон зотнинг каломи нозил бўлди:
...Қўрқманглар. Шак-шубҳасиз Мен сизлар билан биргаман эшитиб, кўриб турурман". (Тоҳа сураси, 46-оят).
Бас, Мусо алайҳиссалом Фиръавнга ҳақни гапирди, Аллоҳ таъоло у зотни ҳимоясига олди.
Байрам куни омма тўпланадиган майдон Мусо алайҳиссалом ва сеҳиргарлар учрашадиган жой қилиб тайинланди.
Белгиланган вақтда одамлар йиғилди. Мусо алайҳиссалом ҳам, сеҳиргарлар ҳам ҳозир бўлдилар. Аллоҳнинг элчиси Мусо (а.с.) сеҳиргарларга: „Ташлангиз!" деди. Улар арқонларини ва асоларини майдонга улоқтиришди. Бу арқону асолар одамларга ҳаракатланаётгандек бўлиб кўринди. Мусо алайҳиссаломни ваҳима босди. Шунда у кишига энг яхши сақлагувчи ва меҳрибон зотнинг каломи нозил бўлди:
Қўрқмагин. Албатта сен ўзинг ғолиб бўлгувчисан". (Тоҳа сураси, 68- оятдан).
“Чунки сен Аллоҳ билан биргасан”. (Тоҳа сураси, 45-оятдан)
Устоз Саййид  Аллоҳ таъолонинг: „Куфрга қарши курашда (сустлашмаган) ва (Ухуд жангидаги мағлубият сабабли) ғамгин бўлмангиз! Агар (ҳақиқий) иймон эгалари бўлсангизлар, сизлар устун бўлгувчидирсизлар" (Оли Имрон сураси, 139-оят) деган каломи хусусида шундай дейди: “Ғамгин бўлмангиз, чунки сизнинг эътиқодингиз олийдир. Сизлар ёлғиз Аллоҳга сажда қиласиз, улар эса, Аллоҳ яратган нарса ёки кишига сажда қиладилар. Сизнинг йўлингиз олийдир, чунки сиз Аллоҳ чизиб берган йўлдан юрасиз, улар эса, Аллоҳнинг маҳлуқи яратган сулукдан юрадилар. Сизнинг хизматингиз олийдир... ва ер юзида ўрнингиз олий". (Қуръон соясида. 1-жилд, 480-бет.)

Ибн Аббоснинг покдамон, олийжаноб шогирдларидан бири Товис ибн Қайсон ҳикоя қилади: „Умра қилиш учун Байтул Ҳарамга кирдим. Ибодатни адо этдим, икки ракат намоздан кейин мақоми Иброҳим яқинида одамларни ва Байтул Ҳарамни томоша қилиб ўтирардим. Шу пайт одамларнинг шовқин-сурони эшитилди. Унга қилич ва найзаларнинг қасур-қусур овози ҳам қўшилди. Қарасам, қонхўр амир Хажжож ибн Юсуф олдимда турибди...".
Лайло Ухайлиййа уни шундай васф этган: Эй Хажжож! Халифаю бехожат зот Аллоҳдан ўзга Сендан устун бирон кимса борми дунёда?! Юзта жоннинг қотили, ҳатто Саид ибн Жубайрни ўлдирган Хажжож бу қурбонлар ҳақида шундай деганди: „Барча қатл этганларим учун тушумда Аллоҳ мени бир марта, Саид ибн Жубайр учун эса етмиш марта ўлдирди".
Товуснинг қаршисида ўша Хажжож турарди. „Найзаларни кўрсам-да жойимдан жилмадим. Шу вақт яманлик бир фақир, тарки дунё қилган обид, Байтул Ҳарамга кирди ва тавоф қилди. Намоз ўқиш учун кетаётиб найзага кўйлаги илинди. Найза Хажжожнинг устига йиқилди. Шунда золим амр уни тўхтатиб сўради:":
—Кимсан?
—Мусулмонман.
—Қаерликсан?
—Яманликман.
—Биродарим қандай?
—Хажжожнинг Муҳаммад ибн Юсуф исмли золимликда ўзига ўхшаган биродари Яманда эди.
—Тўлишиб семириб кетди, қорин солди.
—Мен унинг соғлиғини сўраётганим йўқ, адолати ҳақида билмоқчиман.
—Адли ҳақида билмоқчи бўлсанг, у адолатсиз ва золимдир.
—Нима, у менинг туғишган биродарим эканини билмайсанми?
—Сен кимсан?
—Мен Хажжож ибн Юсуф бўламан.
Шунда ҳалиги обид деди:
—Менинг Аллоҳни азиз билишим, сенинг биродарингни азиз кўришингдан кўра зиёдароқдир. Бу хусусда бир ўйлаб кўрмайсанми?! Хажжож энди уни ўлдиради, деган қўрқувдан тепа сочим тикка бўлди. Лекин Хажжож обидга тегмади, унга ҳукмини ўтказа олмади.
Нега? Чунки обид Аллоҳга таваккул қилди.
„Зотан, Аллоҳ энг яхши сақлагувчидир ва У зот меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир".
Абдуллоҳ ибн Али Аббосий Дамашқни фатҳ этганда бир соат ичида бир минг ўттиз олтита мусулмонни ўлдирди. Хачирлари ва отларини уммавийлар қурдирган катта жомеъ масжидга ҳайдаб киритди. Кейин одамларни тўплади ва вазирларига қарата деди:
—Менга қарши чиқадиган бирон киши борми яна?
—Йўқ,—дейишди вазирлар
—Мени танқид қиладиган-чи?
—Танқид қиладиган бўлса, Авзоий қилиши мумкин.
Авзойи—кучли муҳаддис, ҳадис илмида мўминларнинг пешвоси, куняси Абу Амр, тарки дунё қилган обид, Бухорий ва Муслимнинг ровийларидан бири.
Абдуллоҳ ибн Али Аббосий уни дарҳол ҳузурига келтиришларини буюрди.
Синохийлар уйига кираркан, Авзоий ўтирган ўрнидан жилмади. Уни Абдуллоҳ ибн Али чақираётганини айтишди. Авзоий: „Ҳасбуноллоҳ ва неъмал - вакил, мени бироз кутинглар", деб ичкарига кириб кетди. Ғусл қилди, кўйлагини тагидан кафан кийди. Чунки у ўлим, қатл ва қонга рўпара бўлишини биларди. Сўнгра ўзига ўзи деди: „Эй Авзоий! Мана ҳақ сўзни айтмоққа фурсат келди, бас, Аллоҳнинг йўлида маломатчининг маломатидан қўрқма".
Авзоийнинг ўзи қаттол султон ҳузуридаги воқеаларни шундай ҳикоя қилади:
„Саройга кирдим, саф-саф аскарлар қилич яланғочлаб турарди. Улар орасидан ўтиб, султон қошига етдим. У тахтда ўтирган эди, қўлида бамбук қамиш. Ғазабдан пешонаси тиришган. Яккаю ёлғиз Аллоҳга қасамки, султонга қарарканман назаримда у пашшадек эди... „Ҳасбуноллоҳ ва неъмал вакил". Ўшанда на аҳлимни ва на молимни эсладим. Балки, ҳисоб куни одамларга намоён бўладиган Раҳмоннинг аршини ўйладим.
Султон нигоҳини менга тикди. Қанчалик дарғазаб эканлиги фақат Аллоҳга маълум эди.
—Эй Авзоий! Биз тўккан қонлар хусусида не дейсан?
—Фалончи бизга ибн Масъуддан Расулуллоҳнинг бундай деганларини айтиб берган эди: „Ла илаҳа иллаллоҳ, Муҳаммадур расулуллоҳ " деб гувоҳлик берган мусулмоннинг қонини тўкиш ҳаром бўлади. Лекин уч ҳолатда - зино қилганда, бир мусулмонни ноҳақ ўлдирган ва жамоатдан айри бўлиш учун динни тарк этганда қатл этиш ҳалолдир. Бас, сен қатл этган мусулмонлар шу уч тоифадан бўлса, айни ишни қилибсан. Аммо, аксинча бўлса, уларнинг қони сенинг бўйнингдадир...
Султон қўлидаги бамбукни синдирди. Мен бўйнимга қилич тушишини кутардим. Вазирлар кийимларига қон сачрамаслиги учун орқага тисарилишди.
Султон яна савол берди:
—Мол дунё ҳақида фикринг қандай?
—Агар ҳалол бўлса, ҳисоб-китоби бор, харом бўлса, азоби,— деб жавоб бердим.
Абдуллоҳ ибн Али тилло тўла халтачани менга узатди. Дунёга хоҳишим йўқлигини айтдим. Аёнлардан бири „ол" деган маънода туртиб қўйди, Чунки султон мени ўлдириш учун кичкина бўлса ҳам бир сабаб қидираётган эди. Мен халтани олдимда, энг сўнги чақасигача аскарларга улашиб чиқдим. Сўнг бўшаб қолган халтани улоқтириб юбориб, саройдан чиқиб кетдим.
„Хасбуноллоҳу ва неъмал вакийл". Бу калимани кирганимизда айтган эдик, чиққанимизда, ҳам айтдик.
Бас, у юришидан бирон нохушлик етмай Аллоҳнинг неъмати ва фазли билан қайтдилар, Улар Аллоҳнинг ризолигини истадилар. Аллоҳ эса, улуғ фазлу марҳамат соҳибидир". (Оли Имрон сураси, 174-оят).
„Солиҳ кишилардан бири ўғлига: „Аллоҳга таваккул қил, бу енгилмас бир қуваттдир" деган эди.
Аббосий халифа Махдий расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) масжидларига кирди. Масжидда беш юздан ортиқ муҳаддислар, уламолар, толиб илмлар ўтирарди. Уларнинг ичида Анас ибн Молик ҳам бор эди. Ибн Абу Зиъбдан бошқа ҳамма халифага ҳурмат кўрсатиб ўрнидан турди. Шунда Маҳдий:
—Эй, ибн Абу Зиъб! Одамлар менинг учун ўрнидан турди, сен нега турмадинг?—деб сўради.
Ибн Абу Зиъб айтди:
—Яккаю ёлғиз Аллоҳга қасамки, сенинг ҳузурингда тик туришга чоғланган эдим, Лекин, Аллоҳ таъолонинг:
„Бир куни (ҳисоб-китоб бўладиган Қиёмат куни) Одамлар бутун оламлар Парвардигори ҳузурида тик турадилар” (Мутаффифун сураси, 6-оят) деган каломни эслаб, қоим турмоқни ўша кунга қолдирдим.
Улуғ муҳаддис имом Зуҳрий умавий халифа Ҳишом ибн Абдулмалик ҳузурига кирди. Саройда бир гуруҳ уламолар бор эди. Халифа бирма-бир улардан Аллоҳ таъолонинг:
...Уларнинг орасидаги (гуноҳнинг) каттасини кўтарган кимса учун улуғ азоб бордир". (Нур сураси, 11-оятдан.)
деган сўзидаги „гуноҳнинг каттасини кўтарган кимса"дан мурод ким? деб сўрар эди. Ҳалифанинг ўзи ўша кимсани Али ибн Абу Толиб, деб билардим. Ҳишом дастлаб Сулаймон ибн Яасардан:
Гуноҳнинг каттасини кўтарган кимса ким? деб сўради.
—Абдуллоҳ ибн Убай,—деб жавоб берди. Сулаймон Халифа ғазабланиб деди:
—Ёлғон гапирдинг, у Али ибн Толибдир. Сулаймон унинг гапини маъқуллаган бўлди:
—Амирул мўминин айтаётган гапини билувчироқдир,—деб қўйди.
Ҳишом бошқа олимга ҳам шу савол билан мурожаат қилди. Униси ҳам ҳалифага ён босиб, ёлғон гапирди. Навбат Муҳаммад ибн Шиҳоб аз-Зуҳрийга келди. Ҳишом ундан сўради:
,,Гуноҳнинг каттасини кўтарган кимса... дан мурод ким?"
—Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулдир.
—Ёлғон айтаяпсан, деб бақирди Хишом
Шунда Имом Зухрий деди: Эй отаси йўқ, ҳали мен ёлғон гапиряпманми?!. Аллоҳга қасамки, агар самодан бир жарчи „Ёлғон - ҳалол" деб жар солса ҳам, мен ёлғон гапирмайман! Якка ёлғиз Аллоҳга қасамки, Саид, Урва, Убайд, Алқама ибн Ваққослар Оиша (р.а.)нинг „Гуноҳнинг каттасини кўтарган кимса Абдуллоҳ ибн Убай ибн Салулдир", деб айтганини ривоят қилишган.
Халифа бир қалқиб тушди ва Имом Зуҳрийга деди:
— Сени безовта қилдик, бизни кечир.
„Зотан, Аллоҳ энг яхши сақлагувчидир ва У зот меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир".
Душманларга қарши Аллоҳнинг ёрдами
Аллоҳ таъоло ўзининг солиҳ, мўмин бандасига душманидан
омонлик берса, ғолиб қилса, мана шу унинг сақлагани,
паноҳида асраганидир.
Сиз Ҳолид ибн Валидни яхши танийсиз. Ахир Абу Сулаймонни ким билмайди? мушрикларга беаёв сермалган Аллоҳнинг қиличини ким танимайди?!
Ўша Ҳолид ибн Валид Румга йўл олди. Душманга юзма-юз бўлишдан олдин ўйларди: Мусулмонларнинг 32 минг сонли қўшинига қарши Румнинг 280 минг аскари... Эртага кун чиқиши билан Рум лашкарлари ҳужумга ўтади, қуёш нуридан қиличлар ярқирайди, минг-минг лашкарлар жангга ташланади, сўнг яна мингта, яна мингта... Бутун ер юзи, тоғлару даралар душманга тўлиб кетади. Ҳолид қайга, кимга илтижо қилсин? Халқаро ташкилотгами?! Ҳафсизлик кенгашигами?! Йўқ. зинҳор! Балки, яккаю ёлғиз Зот Аллоҳга юзланди, Унга илтижо қилади.
,,...(Эй Муҳаммад, уларнинг юзига бир сиқим тупроқни) отган пайтингизда, сиз отмадингиз, балки Аллоҳ отди...." (Анфол сураси, 17-оятдан)
(Ривоят қилинишича, Пайғамбар алайҳиссалом Бадр жангида қўлларига бир сиқим тупроқ олиб „юзлари қаро бўлгай!" деб душман тарафига отганларида, кўзига ғубор кирмаган бирон мушрик қолмаган экан).
Жанг арафасида мусулмонлардан биттаси Ҳолидга деди:
—Эй Ҳолид! Рум қўшини жуда кўп, биз эса, озчиликмиз. Кел, бугунча тоққа чекиниб турайлик.
Шунда Ҳолиднинг кўзлари ёшланди. У ёшланиб қуйидаги сўзларни айтди: „Йўқ! Паноҳ ёлғиз Аллоҳдандир. Сен „Мусулмонлар бунчалар кўп. Румликлар эса оз" деб айтгин. Қани тулпорим ашқор касалидан тузалганида ва румликлар бундан ҳам кўп бўлишса...", деди улуғ Саркарда.
Сўнгра Ҳолид қиличини ялонғочлади, мусулмонлар унга эргашди, Икки қўшин тўқнашди. Уч кун ўтмасдан Рум қайғуга чўкди, зиёнга ботди, инқирозга юз тутди. Мусулмонлар Рум устидан ғалаба қозонди. Бугун оламлар Парвардигори Аллоҳга беҳад шукрлар бўлсин, золим қавмнинг думи қирқилди, ҳалокатга дучор бўлди.
...Жасур қўмондон Қутайба ибн Муслим Қобулни қуршади. Ҳужум соати яқинлашгач, қиличлар қинидан суғурилди. Кейин Аллоҳ тарафидан ёрдам келиб, мусулмонлар ғалаба қозонди.
„Агар Аллоҳ сизларга. ёр бўлса, ҳеч ким сизга ғолиб бўлмас..." (Оли Имрон сураси, 160-оятдан)
Жангдан кейин Қутайба Муҳаммад ибн Восеъ ал-Аздийни суриштирди. Аскарлар уни излаб топишди. Маълум бўлишича, Аздий эрталабги намозни адо қилгач, ерга санчилган найзасига суянган кўйи:
„Эй абадий тирик, абадий тургувчи Зот! Эй улуғлик, қудрат соҳиби! Бизга ваъда этган ғалабангни ато эт! Бизни ғолиб эт!" дея Аллоҳдан ғалаба сўраб дуо қилар эди.
Қутайба Аздийнинг дуосидан воқиф бўлгач, (Аллоҳ уни раҳматига олсин) йиғлаб юборди ва: „Аллоҳга қасамки, мен учун Муҳаммад ибн Восиънинг бармоғи юз мингга баҳодир жангчидан, юз мингта, алп йигитдан афзалдир" деди.
„Зотан, Аллоҳ энг яхши сақлагувчидир ва У зот меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир".

Аллоҳнинг фарзандларни сақлаши

Зотан, Аллоҳ энг яхши сақлагувчидир. Ва У зот меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир.
Катта ўғиллар, Юсуф алайҳиссаломни қудуққа ташлаб келишгач, уни бўрилар еб кетишидан қўрқанда Ёқуб алайҳис салом шу калимани айтган эди. Ёқуб алайҳиссалом суюкли ўғлининг ҳажрини эслаганда шу калимани айтган эди. Жигар порасини соғинганда ҳам шу калимани айтган эди.
„Ёқуб алайҳиссалом ўғли Юсуфдан ажрагандан кейин, саксон йилгача қалбидан хазинлик аримади, ёноқларини ёш ювиб турди. Ер юзида Аллоҳга Ёқуб (а.с.)дан кўра суюклироқ банда йўқ эди ўша пайтда, дейди. Ҳасан Басрий ўзининг” „Жомеъул баён" китобида.
Аллоҳ таъоло Юсуф (а.с.)ни узоқ муддатли айрилиқдан сўнг отаси Ёқуб алайҳис саломга қайтарди.
„Зотан, Аллоҳ энг яхши сақлагувчидир ва У зот меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир".
Мусо билан Ҳизр (а.с.) ҳақидаги ҳикояда бундай хабар бор: Мусо билан Ҳизр алайҳумассалом иккаласи қайсидир шаҳарнинг аҳлидан таом сўрашган эди, улар меҳмон қилишдан бош тортишди. Кейин Ҳизр (а.с.) ўша ерда йиқилай деб турган деворни тиклаб қўйди. Мусога (а.с.) эса, ишининг сабабини ушбу сўзлар билан баён қилди:
„Энди девор эса шу шаҳардаги икки етим боланики бўлиб, унинг остида улар учун бир хазина бор эди. Уларнинг оталари жуда яхши киши эди. Бас, Парвардигорнинг улар вояга етиб, Парвардигорнинг раҳмат-марҳамати бўлмиш хазиналарини чиқариб олишларини ирода қилди...." (Каҳф сураси, 82-оятдан).
Отаси яхши одам бўлганлиги сабабли ўлимидан сўнг унинг зурриётларини Аллоҳ таоло ўз ҳифзу-ҳимоятига олди.
„Зотан, Аллоҳ энг яхши сақлагувчидир ва У зот меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир".
Ҳидоят йўлида бўлган умавий халифа Умар ибн Абдудазиз (Аллоҳ уни раҳматига олсин) дунёдан кўз юмар экан, фарзандларига ҳеч нарса қолдиргани йўқ. У зот мол-дунёсини Аллоҳ йўлида инфоқ қилган эди. Ўлимининг олдидан фарзандларини етти ўғил, етти ўғил, етти қизини ҳузурига чорлади. Кўзларидан ёш тўкиб насиҳат қилди: „Мен сизларга мол-дунё эмас балки, якка-ю ёлғиз Аллоҳни қолдирдим".
„Зотан, менинг эгам шу Китобни нозил қилган Аллоҳдир. У солиҳ бандаларга ёр бўлур". (Аъроф сураси, 196-оят).
Агар Аллоҳга итоатда бўлсангиз, Аллоҳнинг паноҳида бўласиз. Бордию бўйсинмай, осийлик қилсангиз, сизга Аллоҳ тарафидан ҳеч қандай ёрдам бўлмас.
Умар ибн Абдулазизнинг ижтиҳоди, фарзандларига қолдирган мероси шудир. Аллоҳ уни раҳматига олсин.
Дарҳақиқат Аллоҳ таъоло унинг фарзандларни Ўз ҳимоясига олди. Уламоларнинг айтишича, Умар ибн Абдулазизнинг фарзандларидан бойроқ киши бўлмаган.

Аллоҳнинг аъзоларни сақлаши

Аллоҳ кимнинг аъзоларини соғ-омон асраган бўлса, мана шу у зотнинг сақлаганидир.
Мана, Абу Бакр (р.а.) қизи, Абдуллоҳ ибн Зубайрнинг хотини Асмо розийаллоҳу анҳо! У Маккадалик пайтидаёқ исломни қабул қилган эди. Аллоҳни кўп ёд этарди. Бас, Аллоҳ уни ҳифзу-ҳимоясига олди. Урва ибн Зубайр айтишича, Асмонинг юз ёшга етганида ҳам тиши тушмаган, аҳли-ҳуши теран бўлган экан.
Мана ислом уламоларидан бири Табарий! Ҳикоя қилишларича, бир куни у зот кемада кетаётиб соҳилга яқинлашганларида, бир сакраб қирғоққа ўтиб олибди. Ўшанда ёши етмишларда экан. Кемадаги йигитлар ҳам чолнинг бу ҳаракатидан ғайратланиб, сакрашга уринибдилар, лекин эплай олмабдилар. Шунда улар ажабланиб Табарийга:—Чол бўлсангиз ҳам, жуда эпчил экансиз! Биз ҳали йигит ёшида бўла туриб буни эплолмадик, дейишди.
—Бу аъзоларни ёшлигимизда асраган эдик, кексайганимизда Аллоҳ уларни биз учун асради, деган экан шунда Табарий
„Зотан, Аллоҳ энг яхши сақлагувчидир ва У зот меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир".
Аллоҳни ёд этсанг, Унга юкинсанг, сўрасанг бас, кўзми, қулоқми, қўлми, оёқми ҳуллас жумлаи аъзоларингни Аллоҳнинг ўзи асрайди. Фақат сен Аллоҳни унутма, Уни ёд, эт. Аллоҳ ҳам сени сақлайди.

Аллоҳнинг ҳайвонларни бўйсундириб қўйиши ва уларнинг ёмонлигидан сақлаши

Парвардигорнинг ҳукмига риоя қилгувчи, буюрган амалларини адо қилгувчи, қайтарганларидан тийлигувчи солиҳ бандаларга Аллоҳ таъоло ҳайвонларни, беозору-йиртқичларни бўйсундириб қўяди. Уларнинг ёмонлигидан, балоларидан ҳимоя қилади.
Муовиянинг буйруғи билан Уқба ибн Нофиъ ал-Фиҳрий раҳимаъуллоҳ Ифриқияга (ҳозирги Тунис) юриш қилди. Аллоҳнинг нусрати келиб, Ифриқия фатҳ этилди, - ўшанда Қайравон шаҳрининг ўрнини йиртқич ҳайвонлар, заҳарли ҳашоратлар тўда чакалакзор эгаллаб ётар эди. Бу ерда яшаш у ёқда турсин, яқинлашишга одамнинг юраги дов бермасди.
Шунда Уқба туриб, Аллоҳ таъолога юзланди, илтижо ҳилди. Кўп ўтмай, катта кичик жониворлар ўрмондан чиқа бошладилар ва аста секин тепаликка кўтарилиб кетдилар. Кейинчалик ўша чакалакзорлар ўрнида шаҳар барпо этилди. Муҳаммад Иқбол айтганидек:

Фатиҳ қўшин етмай туриб остонасига
Овропани уйғотган бу азон садоси.
Эсдан чиқмас Африқонинг ҳеч бир саҳроси.
Олов пуркар сожидларнинг пешонасига
Қўрқмас эдик қилич, найза, даҳшат ўлимдан,
Тик борардик қонли куннинг исканжасига

Уқба Парвардигорини чорасиз қолганида ёд этди, Аллоҳ уни ҳимоясига олди.
„Зотан, Аллоҳ энг яхши сақлагувчидир ва У зот меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир".
Сийла ибн Ашим Қутайба ибн Муслим билан бирга Хуросон ерларида ғазот қилиб юрган пайтлар...
У тун бўйи—ҳуфтон намозидан то бомдодгача дуода бўларди, йиғлаб-йиғлаб ибодат қиларди... Эй биродар! Кўзингни оч! Ҳаётни куй-қўшиқдан, кайф-сафодан иборат деб билган дўстларингни ҳам огоҳ эт. Сийла ибн Ашим хуфтондан бамдодгача дуода бўлар. Роббисига муножат қиларди.

Дедим:—Эй тун, қўйнингда не сирлар бор?
Қай ажиб суҳбату қай ажиб асрор?
Деди:—Менга дилин очган дўст суҳбатидек
Сир тўла суҳбатни топмадим зинҳор.

Қутайба ибн Муслим доим Сийлани кўрганида: „Эй Сийла, сенингдек одамни менинг қўшинимга муносиб кўрган Аллоҳга минг шукр" дерди.
Сийла ўзи билан ҳамиша минг динорлик тўнини олиб юрар ва уни покиза тутар эди. Қачон намоза турса, „Ё Аллоҳ, албатта сен гўзалсан ва гўзалликни суйгувчисан. Бу тўнни фақат Ўзинг учун кийдим"—-деб,уни эгнига кияр, ибодатни адо этиб бўлгач яна ечиб қўяр эди. Дарҳаҳиҳат, Аллоҳ гўзалдир ва гўзалликни суйгувчидир.
Бир кеча одамлар уйқуга кетганидан сўнг Сийла ибн Ашим қароргоҳидан чиқиб, ўрмонга кирди, Ўшанда Аллоҳ йўлидаги бу қўшин биз „Ла илаҳа иллаллоҳ'" калимасини унутган қайсидир кунда қўлдан бой берганимиз Қобул шаҳри яқинини ишғол қилиб турган эди. Қобул...

Бунда умид қилиш нақадар ажиб,
Нақадар гўзалдир роҳат бахш макон...

Хуллас Сийла ўрмонда ёноқларини ёш ила ювиб, ибодат қиларди. У намозида эканида қаердандир улкан шер пайдо бўлиб, тўғри унинг олдига келди. Шернинг қандай ҳайвон эканлиги ҳаммага маълум. У ёвқур, ёвуз. Инсонлар уни бежиз ҳайвонлар шоҳи деб номламаган. Шернинг наъраси эшитилса, водийни инсон тарк қилган, ҳеч ким у билан олишишга журат қилмаган;
Шер Сийланинг ёнига келди, атрофини айланди. Сийла эса-парво қилмасдан, малол олмасдан, безовта бўлмасдан ибодатини адо этарди. Икки раъкатни адо қилиб бўлгач, шерга тикилди ва: „Эй ҳайдар! Эй шер! Агар мени ўлдиришга ва ейишга буюрилган бўлсанг, бас, вазифангни адо эт! Менга Аллоҳ таъолонинг ҳимоясидан бошқа қурол йўқ. Агар мени ўлдиришга буюрилмаган экансан, хукмингни ўтказа олмайсан. Мени тинч ҳўй, мен намоз ўқияпман" деди.
Шер аста ўрнидан туриб нари юра бошлади, У гўё ҳайдалган кучукка ўхшарди.
„Зотан, Аллоҳ энг яхши саҳлагувчидир. ва У зот меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир".
Уламоларимиздан бири айтган эди: „Биз итоатда бўлар эканмиз, Аллоҳ ваҳший ҳайвонларни ҳам бўйсундириб қўяди. Осийлик қилар эканмиз, ҳатто сичқонлар ҳам бизга хукмини ўтказади".
Шунинг учун ҳам Исроил давлатининг мусулмонлар ерига ҳужум қилиб Қуддусни, Русларнинг эса Афғонистонни босиб олганини кўрган бир ислом адиби бугунги кундаги мусулмонларни хўрланишидан ҳасрат чекиб қуйидаги мисраларни битганди.

Қайт, эй Умарук, юртимизда ёв кезар,
Рум қўшин тортиб кирган, куфр ҳукмини ўтказар.
Қиличлари қайралган дўстларинг ер қўйнида,
Улар Хатинда айтган саловат, такбир қайда?!
Дунё сен билан тўлуғ, сен эдинг тонгги юлдуз,
Аллоҳ ризосини кўзлаб, яна денгизларда суз.
Фаластин аёллари кўзларига ғам-сурма,
Нораста қизлар бўзлар, бир тамонда қасрлар.
Гўзал Яффа лиймуси илдиздан қуриган,
Зулм исканжасида у мева берармикан?
Йўқ Аллоҳга қасамки бу ҳолатда мева бермас.

Солиҳ кишилардан бўлмиш Молик ибн Динор ривоят қилади: „Бир куни боғда мизғиб қолибман. Уйғониб қарасам не кўз билан кўрайки, оғзига гул новдасини тишлаб олган илон юзимдан пашша ва чивинларни кўраяпти".
Субҳаналлоҳ илонга буни ўргатган ким? Унга бу йўлни кўрсатган ким? Бандага уни бўйсиндирган ким?Албатта, якка-ю ёлғиз Аллоҳ!
„Зотан, Аллоҳ энг яхши сақлагувчидир ва У зот меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир".

Жонсиз жисмларнинг бўйсундирилиши

Модомики, на кўрадиган, на эшитадиган ва на ақл юритадиган жонсиз жисмларгача солиҳ бандаларнинг хизматига бўйсундириб қўйилган экан, мана шунинг ўзи Аллоҳ таъолонинг ҳифзу-ҳимоясига олишидир.
Бухорий раҳматуллоҳ алайҳ „Саҳиҳнинг „Кафолат" бобида Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан бундай ривоят келтиради:
„Пайғамбар алайҳиссалом Бани Исроиллик бир кишини зикр қилиб дедилар: Бани Исроиллик бир киши бошқа Бани Исроилликдан минг динор қарз сўради. Шунда қарз бермоқчи бўлган киши:
—Гувоҳларинг борми? Келтир, мен уларни кўрай,—деди.
—Гувоҳликка Аллоҳнинг ўзи кифоя.
—У хўп унда сенга кафил бўладигак одам ким?
—Кафилликка ҳам Аллоҳ кифоядир.
—Тўғри айтдинг,—деди қарз бераётган одам ва маълум муддатгача сўраган пулини берди.
Қарз олган киши денгизга чиқиб, ҳожатини раво қилди. Сўнг қарзини муддатида элитиб бериш учун кема излади, лекин тополмади. Шунда у битта ёғочни олиб, ичини ўйди: Унга минг динорни ва қарз берган биродарига битилган мактубни жойлаб оғзини беркитди. Сўнгра дарё бўйига келиб: „Эй Аллоҳ! Биласанки, мен фалончидан минг динор қарз олган эдим. У „Ким гувоҳ бўлади", деб сўраганида, „Аллоҳ гувоҳликка кифоядир", деган эдим. Шунда у сенинг гувоҳлигинга рози бўлган эди. Мендан кафил сўраганида, Сени кафил қилган эдим. У бунга ҳам рози бўлган эди. Мен қарзимни қайтариш учун кема излаб тополмадим. Энди бу пул ўзингга омонат, уни Сенга топширдим", деб, ёғочни дарёга отди. Ёғоч сувда сузиб кетди...
Қарз берган киши соҳилга чиқиб, шояд келиб қолса, деган ўйда қарз олган кишини кутарди. Бир пайт, у сувда оқиб келаётган ёғочни кўриб қолди ва уни ўтин ҳилиш учун уйига олиб кетди. Ёгочни ёрганида ичидан минг динор ва мактуб чиқди. Бироз ўтиб қарз олган киши ҳам етиб келди. У қарзини узиш учун минг динор келтирган эди.
—Аллоҳга қасамки, қарзингки вақтида келтириб бериш учун кема излаб, кўп овора бўлдим. Аммо тополмадим,—-деди у.
—Менга бирон нарса жўнатганмидинг?—деб сўради қарз берган киши.
—Кема йўқ эди, вақтида келолмадим,—деди у яна.
Аллоҳ сен ёғочга солиб жўнатган пул билан қарзингни узди.
Шундай қилиб, қарздор киши ўзи билан келтирган минг динорни олиб, йўлига равона бўлди.
„Зотан, Аллоҳ энг яхши сақлагувчидир ва У зот меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир.

Аллоҳ таъолони унутишнинг оқибати

Кимки Аллоҳни унутса, Аллоҳ ҳам уни унутади. Кимники Аллоҳ унутса, Бу дунёда унинг борар жойи ёмонлик ва бахтиқаролик, охиратда эса, ловуллаган жаҳаннам бўлади. Модомики, осмонлар ва ер бор экан, инсон бу сўзларни унитмасин!:
„Ким менинг эслатмамдан юз ўгирса, бас, албатта унинг учун танг - бахтсиз ҳаёт бўлур ва Биз уни қиёмат кунида кўр ҳолда тирилтирурмиз". (Тоҳа сураси,124-оят).

Тарих гувоҳларга тўла

Фиръавн! Миср подшоси. Бу ўлкада анҳорлар тўлиб оқарди, мевалар, ноз-неъматлар мўл эди. Лекин, Фиръавн бу тўкинликка шукр қилмади, Аллоҳни ёд этмади. Бас, Аллоҳ субҳанаҳу ва таъоло ҳам уни унутди, ҳимоясига олмади. Фиръавн ва унинг қавми аламли азобга ғарқ қилинди, ваҳоланки, улар кишиларга азоб берардилар.
„Улар қанчадан-қанча боғларни, чашмаларни, экинзорларни ва улуғ-гўзал жойларни қолдириб (ўзлари ғарқ бўлиб) кетдилар! Ва (қанчадан-қанча) ўзлари вақтичоғлик қилган неъматларни (қолдириб кетдилар)! Мана шундай! Биз у (неъматларни бошқа) бир қавмга мерос қилиб бердик. Бас, уларга осмон ҳам ер ҳам (аза тутиб) йиғлагани йўқ ва уларга (тавба-тазарруъ учун) муҳлат ҳам берилмади!" (Духон сураси, 25,29-оятлар).
Қорун! Аллоҳ унга ақлни лол қолдирадиган ақл берди. Лекин, у Аллоҳни унутди, насиҳатгўйларнинг насиҳатига қулоқ тутмади, балки айтди:
„У: „Менга (бор молу-давлатим) фақат ўзимдаги билим сабабли ато этилгандир, (бас, ҳеч ким уни мендан тортиб ололмас"), ..." (Қассос сураси, 78-оятдан).
У катта кетди, итоат этмади. Оқибат унга Аллоҳнинг балоси келди. Уни ер ютди. Дунё ва охирати куйиб кетди. Огоҳ бўлинг, мана шу очиқ зиёндир!
Аббосийлар даврида, Хорун ар-Рашид замонида „бармакийлар" деб ном олган вазирлар бўлар эди. Аллоҳ уларга беҳисоб мол-дунё, олтин, кумушлар ато этган эди. Улар қасрларини алвон рангларга бўярдилар.
Баъзи муаррихларнинг айтишича, ҳатто деворларига олтин суви юритганлар, Аммо, Аллоҳнинг буйруқларини бажармасдилар, муҳташам қасрларда маъсият ҳукмрон эди. Сарой аҳли куй-қўшиққа, майхўрликка, нашавандликка, исрофгарчиликка мубтало эди. Намоз барҳам топган эди. Ҳамиша ўнгланишга муҳлат берадиган, ҳеч қачон эътиборсиз ташлаб қўймайдиган, қачонки бир ишни „бўл" деса, бўладиган, ғойибларни билгувчи Зот вақти келиб, уларни қаттиқ жазолади. Нуқсонлардан пок Аллоҳ нақадар қудратли! Яккаю ёлғиз Аллоҳ нақадар улуғ! Нақадар юксак!
Бир кун келиб бу вазирлар гуноҳлари устида ушландилар.
Аллоҳ уларга ўзлари суяган одам - Хорун ар-Рашид воситасида жазо берди; Кеча уларга дўст бўлган Хорун ар-Рашид эртасига улардан ғазабланди, пешинга қолдирмасдан бу гуноҳга ботган ўлканинг йигитларини қиличдан ўтказди, кексаларини зиндонга солди, болаларини ер тўлага ташлатди, аёлларини уйига қамади. Чор атрофни йиғи тутди, Юрт азага ботди. Яҳё ибн Холид Бармакий деган вазирдан: „Сизларни олтин, ҳарир ипаклар орасидаги тўкин-сочин ҳаётдан бу совуқ, қоронғу, зах ўринга олиб тушган нарса нима?", деб сўрашганида, у йиғлаб жавоб берди-ки, „Мазлумларнинг дуоибади. Биз жоҳиллик зулматида уларнинг аҳволидан ғофил қолдик. Лекин, Аллоҳ ғофил эмас эди!”
Али ибн Хусайн розиаллоҳу анҳумадан: „Арш ва ернинг ораси қанча", деб сўраганларида: „Улар оралиғи ижобат этилмиш дуодир!" деб жавоб берган эди Али ибн Хусайн „фалон минг километр чиқади", деб масофа ўлчови бирликлари билан жавоб қайтармади. Унинг жавоби бутунлай бошқача бўлди: Оралиқ масофа ижобат этилмиш дуодир! Аллоҳ таъоло бу мақбул дуони булутлар тепасига кўтаради, ҳатто у Аллоҳ ҳузурига етади. Аллоҳ таъоло айтади:
„Иззату улуғлигимга қасам ичиб айтаманки, Мен сенга— гарчи бироз вақт кечиктириб бўлса ҳам—-албатта нусрат юборурман!"
Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) дан ривоят қилинган сахих ҳадисда у зотнинг Маозга бундай деганлари ворид бўлган: „Мазлумнинг дуосидан қўрқ! Чунки бу дуо билан Аллоҳ ўртасида парда йўқдир".
Хорун ар-Рашид Бармакийларни озод қилди. Аммо уларнинг катта ёшлик отаси зиндонда етти йил сақланди. Олишга қайчи бўлмаганлигидан сочлари, тирноқлари ўсиб кетди. Тиш тозалаш учун мисвоқ йўқ эди. Ҳожатини ҳам ўша ерда чиқарарди. Во ажаб! Шунчалар тўкин-сочинликдан кейин бу не кўргулик!
Бу ишларни Аллоҳдан бошқа ким рўёбга чиқара олади?! Зеро барча ишларнинг калити яккаю-ягона Зотнинг қўлидадир» У зот Ўзи хоҳлаган кишини шоҳ қилур, хоҳлаганини шоҳликдан маҳрум этур. Аллоҳ Ўзи хоҳлаган кишини азиз, хоҳлаганини хор қилур.
Аббосий халифалардан бири Қоҳир: „Асрларга етгулик ҳазина йиғдим, тилло-кумушларим қора кунимга асқотар", деб чуқур қазиб кўмиб қўйдим. Лекин Аллоҳга суянмади! „Эй ўғилларим,—деди бир куни Қоҳир. Қашшоқликдан қўрқманглар. Мана бу чуқурни сизлар учун олтину кумушга тўлдирдим. Бундаги бойлик тақсимлаб берилса, бутун Боғдод аҳли савдогарлик қилиши учун етарли сармояга эга бўлади".
Қоҳир Аллоҳнинг амрига бўйсунмади, ҳаддидан ошди. Биласизми кейин нима бўлди? У халифаликдан олинди, мартабасидан маҳрум бўлди, кўзлари ўйиилди, мол-мулки мусодара қилинди. Шунда у Боғдоддаги катта жомъе масжидда:
„Эй Аллоҳнинг бандалари, Аллоҳнинг молидан садақа қилинглар" деб тиланчилик қилар эди. Одамлар айтишди: „Унга бир қаранглар. Аллоҳни унутган куни Аллоҳ ҳам уни қандай унутди?!"
„ Албатта бунда (огоҳ) қалб эгаси бўлган ёки ўзи ҳозир бўлган ҳолда (яъни, сидқидилдан) қулоқ тутган киши учун эслатма-ибратлар бордир". (Қоф сураси, 37-оят).

Банда роббисини қандай ёд этади

Расулуллоҳ (саллолоҳу алайҳи ва саллам) „Аллоҳни ёд эт, Аллоҳ сени ўз ҳифзу-ҳимоятига олади" деб банданинг Аллоҳ ҳифзу-ҳимоятида бўлиши учун унинг Яратганни ҳам мудом ёд этиб туриши шарт эканлигини билдирдилар. Аллоҳ ҳифзу-ҳимоятига ноил бўлиш учун ҳаракат қиладиганлар борми?! Дарҳақиқат Аллоҳ субҳанаҳу ва таъоло айтади:
„Мана шу (неъматлар) сизларга—ҳар бир (Аллоҳга) қайтгувчи, (ўз аҳдини) сақлагувчи (риоя қилгувчи), кишиларга ваъда қилинаётган нарсалардир" (Қоф сураси, 32-оят).
Оятдаги „ал-авваб", яъни „қайтгувчи" сўзининг маъноси Аллоҳга қайтиш, кўп тавба қилиш, пушаймон бўлиш, мағфират сўраш, кўп ибодат ва тазарруъ қилишни англатади. „Ҳафиз", яъни „сақлагувчи" сўзидан эса, Аллоҳ таъолонинг чегараларини сақлайдиган, ҳаддан ошмайдиган, риоя қиладиган кишилар тушунилади.
Хулласи калом, кимки ҳар қандай нуқсондан пок Аллоҳдан тақво қилса, Аллоҳ уни сақлайди.
Аллоҳдан тақво қилиш - Унинг буюрганларини бажариш, қайтарганларидан қайтиш, хабарларини тасдиқлашдир.
Аллоҳдан тақво қилиш - ўзинг билан Аллоҳнинг азоби орасига тўсиқ қўйишингдир.
Аллоҳдан тақво қилиш - Сизнинг бу дунёда энг қўрққанлигингиз Аллоҳ таъоло бўлишидир. Сиз кимга яқин бўлиб олсангиз, энди ундан қўрқмайсиз. Аллоҳга яқинлашганинг сайин эса, қўрқинчинг, тақвоинг ортади.
„...Аллоҳдан бандалари орасидаги олим-билимдонларгина қўрқур...." дейди Аллоҳ таъоло. (Фотир сураси, 28-оятдан)
Али ибн Абу Толиб (р.а.) тақвони таърифлаб, айтади: „Тақво бу Улуғ Зотдан қўрқишдир, нозил этилган нарсага амал қилишдир, озига рози бўлиш ва кетадиган кунга тайёрланишдир"

Тақвонинг белгилари

Тақвонинг дастлабки белгиси намозни адо қилишдир. Аллоҳ субханаҳу намозни қоим қилишни, уни ўз вақтида адо этишни „сақлаш", „ҳимоя” қилиш деб номлади:
„Улар намозларини (вақтида адо этиб, қазо бўлишидан) сақлагувчи бўлган зотлардир". (Маориж сураси, 34-оят).
Кимки намозни қазо қилишдан сақланса, хушуъ ва хузуъ билан, жамоат бўлиб, вақтида адо этса, одамлар зиён кўрадиган бир кунда Аллоҳ уни ҳифзу химоятига олади.
„...Албатта, намоз бузуқлик ва ёмонликдан тўсур...." (Анкабут сураси, 45-оятдан).
Умар ибн Хаттоб жароҳатланган холларида, ўлим мастлигида икки кўзидан ёш куйиб айтди-ки: „Намоз, намозга қаттиқ эътибор беринглар! Зеро, исломда намозни тарк қилган кимса учун насиба йўқдир!... Кимки намозни сақласа, Аллоҳ ҳам уни сақлайди. Кимки намозини зое ҳилса, Аллоҳ ҳам уни зое қилади."
Умар р.а. ҳокимлар, амирларга доимо хат ёзиб эслатиб турарди: „Устингизда намоз бор. Намоз исломнинг аввалидир ва динингиздан нарсанинг сўнгиси ҳам намоздир".
Аллоҳ субҳанаҳу айтади: „Барча намозларни ва хусусан ўрта намозни (аср намозини) сақланглар—ўз вақтларида адо қилинглар! Ва Аллоҳ учун бўйинсунган ҳолда туринглар!" (Бақара сураси, 238-оят).

Намоз қандай сақланади?

Билингки, эй мусулмон биродарларим, намоз уч йўл билан сақланади:
1. Намозни ўз вақтида адо қилиш.
Узрсиз кечиктирилган намозни Аллоҳ қабул этмайди, балки уни йўқа чиқаради ва у билан қазо қилган одамнинг юзига уради. Шунда қазо қилинган намоз бандага дейди: „Мени йўққа чиқарганинг сингари, Аллоҳ ҳам сени йўққа чиқарди!"
Қиёмат кунида банданинг энг аввал ҳисоб-китоб қилинадиган амали намоздир. Кимки намозни вақтида адо этган бўлса, фаҳму-идрок қочадиган, ақллар адашадиган, туйғулар даҳшатга тушадиган оғир кунда уни Аллоҳнинг Ўзи сақлайди. Ибн Масъуд (р.а.) Расулуллоҳу алайҳи ва салламдан „Амалларнинг энг афзали нима? деб сўраганида, жаноб расулуллоҳ: „вақтида адо қилинган намоздир", деган эдилар. (Бухорий ва Муслим ривояти.)
2. Намозни жамоат билан адо қилиш.
Агар узрли сабаб бўлмаса намоз фақат жамоат билан ўқилгандагина тўкис адо этилур. Муаззин ибодатга чорлаётган, „намозга келинг, нажотга келинг", деб нидо қилаётган бир пайтда иссиқ ўрнингиздан туриб, ғайбни билгувчи Аллоҳнинг ҳимоятига, масжидга шошасиз...
3. Намозни хушуъ ва хузуъ билан адо қилиш.
Намозни ички бир итоат билан адо қилар экансиз, сиз имом билан бирга нафас оласиз, сиз дунё эшикларини қоқаётган бу ажиб Қуръонга, бу улуғ хабарга қулоқ тутур экансиз, ибн Қаюм (р.а.) айтганидек, „Одамларнинг охиратда, маҳшар майдонида тутган ўрни уларнинг намоздаги ўрни ва холатига ўхшаш" бўлишини ҳис этасиз.

Аъзоларни сақлаш

Кимки аъзоларини Аллоҳга осийликдан сақласа ва уларни Қодир зотнинг итоатига бўйсундирса, шу нарса ҳам банданинг Аллоҳни ёд этишидир.
Ўқувчи биродарим! Бу масала жуда аҳамиятли ва жиддий бўлганлиги учун қуйида баъзи тафсилотларга ўрин берилди.
1. Қалбни сақлаш.
Аллоҳ таъолони ёд этган банда қалбини шаҳвату шубҳалардан, сақлайди. Агар танадаги бу бир парча гўштга зарар етса, бутун аъзога зарар етади. Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) қалбнинг аҳамиятини очиқ-равшан баён этганлар: „Огоҳ бўлинг, Танангизда бир парча гўшт бор. Агар у соғ бўлса, бутун жасад соғдир, агар у бузилса, бутун жасад бузилади. Огоҳ бўлинг, у қалбдир!"
Қачонки Аллоҳни ёд этиш ва Унга итоатда бўлиш билан қалбингизни пок тутсангиз, қўл, кўз, қулоқ, оёқ, қорин ва аврат ҳам пок бўлади.
Қиёмат кунига тоза қалб билан келган кишидан бўлак барча инсонлар зиён кўргувчидир. Уларни ва моли ва на фарзанди, на хотини беҳожат қилолмас. „У кунда на молу давлат ва на бола-чаҳа фойда бермас; Магар Аллоҳ ҳузурига тоза дил билан келган кишиларгагина (фойда берур)". (Шуаро сураси, 88,89-оятлар).
Дейдилар: Тоза ҳалб, бу —шаҳват ёки шак-шубҳа кирмаган қалбдир,
Дейдилар:—Унда Аллоҳдан бошқанинг ёди йўқдир. Дейдилар: У “Ла илаҳа илаллоҳ. Муҳаммадур расулуллоҳ" .билан лиммо-лимдир.
Албатта, шубҳа ва шаҳват маразларидан ҳоли бўлган қалб шак ва ширкдан, риё ва мунофиқликдан, кибр ва ғурурдан ва ҳасаддан, ҳуллас барча дарддан покдир. Бу қалб Аллоҳ таълони бир деб билиш ва Уни улуғлаш билан, ихлос ва сидқ билан тўлиғдир. Бу қалб Аллоҳга таваккул ва суянч билан тўлиғдир, Бу қалб Аллоҳдан қўрқув ва тақво билан тўлиғдир.
Бу қалб Парвардигоримиз субҳанаҳу таъоло айтган Иброҳим алайҳиссаломнинг қалби кабидир:
Шак-шубҳасиз Иброҳим ҳам (Нуҳ)нинг гуруҳидандир. Эсланг У Парвардигорига тоза дил билан келди". (Вас-саффот сураси, 83,84-оятлар).
Аллоҳ субҳанаҳу таъоло айтади:
Ким Аллоҳга иймон келтирса, У зот унинг қалбини (тўғри йўлга) ҳидоят қилур...." (Тағобун сураси, 11-оятдан). Аллоҳга сажда қилса, У зот сажда қилувчининг қалбини ҳидоятга бошлар. Кимки ибодат учун масжидга келса, У зот обиднинг қалбини ҳидоятга бошлар. Кимки қўлини дуога кўтарса, У зот дуогўйнинг қалбини ҳидоятга бошлар...
Бизнинг (йўлимиз)да жиҳод қилган - курашган зотларни албатта Ўз йўлларимизга ҳидоят қилурмиз. Аниқки, Аллоҳ чиройли амал қилгувчи зотлар билан биргадир". (Анкабут сураси, 69-оят).
Аллоҳга қасамки, сиз Аллоҳни танитадиган дарсларга, фойдали мавъизаларга келар экансиз, ҳайр ва савоб тўла амалга интилар экансиз, Аллоҳни ёд этар экансиз, Аллоҳ сизни ҳеч ҳачон сохталик, бузуқлик қаҳваҳонасида юрган беҳаё куйлар оғушида шайтонга алданган киши билан баробар қилмас. Аллоҳга қасамки, баробар қилмас!
„Ахир биз мусулмонларни жиноятчи-кофир кимсаларга баробар қилурмизми?! (Эй мушриклар), сизларга нима бўлди? Қандай ҳукм чиқармоқдасизлар?" (Қалам сураси, 35,36-оятлар).
Тўғри йўлдан юз ўгирган, ундан ўзини олиб қочган кимса шак шубҳасиз улкан хатар остидадир. Аллоҳ уни ҳеч қачон ҳидоят ҳилмас.
„Ва ҳудди аввал бошда иймон келтирмаганлари каби дил ва кўзларини айлантириб қўюрмиз ва ўз туғёнларида адашиб-улоқиб юрган ҳолларида тарк қилурмиз". (Анъом сураси, 110-оят).
Аллоҳ тўғри йўлга ҳидоят қилиши учун мўъмин киши қалбини ҳамма нарсадан пок Аллоҳга таслим этмоғи лозим. Аллоҳ субҳанаҳу айтади:
„Албатта бунда (огоҳ) қалб эгаси бўлган ёки ўзи ҳозир бўлган ҳолда (яъни, сидқидилдан) қулоқ тутган киши учун эслатма-ибратлар бордир". (Қоф сураси, 37-оят.)
Ҳар бир инсонда қалб бор. Лекин, оятда зикр қилинаётган "Қалб„ кар бир парча эт эмас, балки ориф маърифатли, хушёр қалбдир.
„...Зеро, кўзлар кўр бўлмас, балки кўкракларидаги кўнгиллар кўр бўлур". (Ҳаж сураси, 46-оятдан).
„(Эй Муҳаммад), ахир сизга Парвардигорингиз тамонидан нозил қилинган нарса аниқ ҳақиқат эканини биладиган-иймон келтирадиган киши (кўнгил кўзи) кўр кимсага ўхшайдими? (Бу оятлардан) ақл эгаларигина эслатма олурлар...." (Раъд сураси, 19,20-оятлардан).
Аллоҳ субҳанаҳу ва таъоло Ўзи берган аъзоларни Ўзи буюрган йўлда ишлатмаган қавмни маломат қилиб айтади:
„Биз жин ва инсдан кўпларини жаҳаннам учун яратганимиз муҳаққақдир. Уларнинг диллари бору англай олмайдилар, кўзлари бору кўра олмайдилар, қулоқлари бору эшитмайдилар. Улар чорва кабидирлар, йўқ улар (беаҳл, бефаҳмликда) чорвалардан ҳам баттардирлар. Ана ўшалар ғафлатда қолган кимсалардир".
(Аъроф сураси, 179- оят).
Бас, мусулмон киши қалбига эътибор берсин, уни кузатсин, ўнгласин ва ҳар хил мараз дардлардан сақласин. Кимки қалбига эътибор бермас, маразлардан сақланмас экан, унинг билган-билмаган дардлари кўпдир.
Биродарларимиз яна шуни билсинларки, солиҳ амалларнинг ажри ҳам қалбга боғлиқдир, унда Аллоҳнинг нечоғлик улуғланишига ва қанчалар севилишига боғлиқ. Қаранг иккита киши бир ишни қиляпти. Лекин оладиган ажрларининг орасидаги фарқ осмон билан ерча. Сабаби—-қалб!!!
„Огоҳ бўлинг танангизда бир парча гўшт бор. Агар у соғ бўлса, бутун жасад соғдир, агар у бузилса, бутун жасад бузилади. Огоҳ бўлинг, у қалбдир!"
2. Тилни сақлаш.
Банда тилини куфрдан сақласа, унинг мана шу амали Парвардигорини ёд этишдир. Тилга тегишли гаплар ниҳоятда қизиқ ва ғаройибдир. Ёмонликлар, гуноҳлар, осийлик кўпинча тилдан содир бўлади. Эй Аллоҳ! Ўзингга қасамки, тил сабабли қанча-қанча шармандаликлар, маъсиятлар содир этилади! Қанча-қанча озорлар зиёнлар етади!
Тил хусусида Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Маоз (р.а.)га ўгит бериб айтган сўзлари машҳур:
-„Буларнинг барчасидан-да муҳимроқ ҳабарни айтайми?
- Ҳа айтинг, эй набийуллоҳ
Расулуллоҳ тилларига ишорат ҳилиб дедилар:
Бунга маҳкам бўл!
Маоз ажабланиб сўради:
Гапларимиз учун ҳам жазоланамизми?
- Сен ўлиб онанг боласиз қолсин, эй Маоз! Ахир ғийбат қилган тиллари сабабли одамлар юзлари ёҳуд буринлари билан жаҳаннамга қуламайдими?! дедилар Расулуллоҳ (салоллоҳу алайҳи ва саллам).
Аллоҳ субҳанаҳу Ўзининг солиҳ дўстларини бундай сифатлаган:
„Улар беҳуда-фойдасиз (сўз ва амаллардан) юз ўгирувчи
кишилардир” (Мўминлар сураси, 3-оят). ,
Нимаики охиратда фойда бермас экан ёки нимаики охиратда зарар бўлар экан у лағвдир. Аллоҳ субҳанаҳу Ўзининг солиҳ дўстларини шундай мақтайди:
„Эй мўминлар, Аллоҳдан қўрқинглар, тўғри сўзни сўзланглар! (Шунда Аллоҳ) ишларингизни ўнглар ва гуноҳларингизни мағфират қилур. Ким Аллоҳга ва Унинг пайғамбарига итоат этса, бас у улуғ бахтга эришибди". (Аҳзоб сураси, 70,71-оятлар).
Ҳидоят элчиси Муҳаммад алайҳис салом айтадилар: „Кимки икки жағи ва икки оёғи орасидаги аъзосини тийишга кафил бўлса, мен унинг жаннатга киришига кафилман".
Ажабланарлиси, шуки, инсон тилидан бошқа аъзоларини харомдан сақлашга кўп ҳаракат қилади, улар билан содир этган гуноҳларидан афсус ейди. Лекин, тилнинг офати қанчалик хавфли бўлмасин, ундан четланадиган киши кам топилади.
Тил маъсиятга жуда тез югуради. Иккита фаришта эса, номаи-аъмолига у гуноҳ, қабиҳ сўзларни битта қўймай ёзиб боради. Бир кун келиб бандалар тиллари айтган сўзларга рўбарў бўладилар ва пушаймон нафъ бермайдиган пайтда пушаймонга ботадилар.
„У бирон сўзни талаффуз қилмас, магар (талаффуз қилса) унинг олдида ҳозиру нозир бўлган бир кузатувчи (фаришта у сўзни ёзиб олур)". (Қоф сураси, 18-оят).
Эътиборсиз, ўйламасдан айтилган қанча-қанча сўзлар борки, улар туфайли киши ҳали жаҳаннам қаърига қулайди. Қанча-қанча яхши сўзлар борки, киши ҳали улар туфайли абадий саодатга эришишини ҳаёлига ҳам келтирмайди. Эҳ бу тил ғийбат ва туҳматга, истеҳзо ва масҳарага, ёлғон ва ҳийлага, бекорчи ва фойдасиз баҳс-мунозарага бунчалик берилмаса?
Абу Бакр Сиддиқ (р.а.)тилини кўрсатиб: „Бу менга кўп нарсалар келтирди", дея йиғларди.
Абдуллоҳ ибн Масъуд (р.а,): „Аллоҳга қасамки, тийилишга энг ҳақилироқ нарса тилдир", деган эди.

Тилингни куфрдан сақла эй инсон,
Чақмасин беҳосдан, тил, бу бир илон.
Қанча тил қурбони қабрда ётар,
Қўрқади зўрлар ҳам ундан бегумон.

Тилни сақлаш уни динга хизмат қиладиган ҳар қандай ишга чоғлаш ва ёмонликдан асрашдир.
Мана Ҳассон ибн Собит р. а. шеър ва қасидаларда Аллоҳ таъолони мадҳ этарди, бас Аллоҳ уни ҳимоясига олди. Ҳассон ҳаққа даъват этарди, Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам)ни мақтарди, мушрикларни ва уларнинг илоҳларини мазаммат қиларди. У бир шеърида бундай деб ёзади:

Улар „худоси"нинг зафар қучиши
Таом пишмоқ каби осон санашар.
Аслида, аслида ғолиблар фақат.
Ғозийга ғалаба бергувчи Ул зот!

Расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) Ҳассонга: „Мушрикларни ҳажв қил, деб буюрган эдилар. Бошқа бир хадисда у зотнинг „Уларни масҳара қил. Жаброил сен билан биргадир", деб айтганлари ривоят этилган.
Ҳассон (р.а.) мушрикларни ҳажв остига олиб бундай деган эди (шеърнинг насрий баёни):
„Ота-бобом манфаатини ва ўзимнинг бор обрўйимни расулуллоҳ учун фидо қиламан. Сиз мушриклар пайғамбарни ҳажв қилдингиз, келинг, мен унинг номидан жавоб берай, иншааллоҳ бунга савоб ёзилажак. Аллоҳ ҳузурида мукофот берилажак. Сиз расулллоҳ устидан кулмоқчимисиз?! Ахир, сўзга чечан мен унга бас келолмайман-ку!! Сизнинг бу ёмонлигингиз яхшилигингизни ҳам йўққа чиқаради".
„Бадр жанги ҳақида араблар айтган байтларнинг энг яхшиси Ҳассоннинг байтидир", деган эди Зуҳрий.
„Бизнинг қуролли етакчилигимиз зоҳир бўлди. Жибрийл алайҳис салом, Муҳаммад алайҳис салом. Энди бизга қандай бас кела оласизлар?!
Ҳассон ибн Собит шоирларнинг жаннатга етакловчисидир". Чунки у Аллоҳни кўп ёд этди, улуғлади.
Абдуллоҳ ибн Ровоҳа (р. а.) Мўтага келди. Ҳал қилувчи соат Абдуллоҳ қалқонини қўлга олиб, қиличини суғирди ва деди:

Қасамки, эй нафсим, бу урушга, сен
Хоҳлабми, хоҳламай, кирарсан албат.
Одамлар тургачда боғлаб белларин,
Нечун талпинмайсан, жойинг-ку жаннат!
Аслингни суриштир, сен ўзи кимсан,
Бир томчи харом сув эрурсан фақат.

Қолганлар Мадинада ибн Равоҳа билан хайрилашаётиб, омонлик ва офият тилашганда, у йўқ деб бошини чайқаган эди.
Ўшанда ибн Равоҳа расулуллоҳ ( саллоҳу алайҳи ва саллам) билан йиғлаб видолашган ва от устида туриб Мадинага юзланган ҳолда шеър ўқиган эди:
Омонлик мен билан хурмозорда видолашган видолашувчиларнинг энг яхшиси, севимлиси бўлган кишига (расуллоҳга) қолди".
У хотини, болаларини, дўстларини ташлаб кетаркан, Расулуллоҳдан (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) бошқасига қайрилиб қарамади. Одамлар: „Сени бир яхшиликнинг устида кўряпмиз", деганларида, йўқ, деб яна шеър айтган эди (насрий баёни):
„Мен Раҳмли ва Раҳмон Зотдан мағфират сўрайман. Умид билан экилган кўчат бир кун мева беради. Ҳатто бир куни: „Эй Аллоҳнинг ҳидоятидаги бандаси, кимки ғозий бўлса, батаҳқиқ тўғри йўлни топибди", деб айтилур.
Ибн Равоҳа шу жаннатга равона бўлди. Саҳобалар ибн Равоҳанинг қабри ёнидан ўтаётиб, ҳар сафар унга салом берардилар ва „Эй Аллоҳнинг ҳидоятидаги бандаси, кимки ғозий бўлса, батаҳқиқ тўғри йўлни топибдилар деб айтардилар".
Ҳа, залолатдан қочган, ҳақ йўлда юрган зотларнинг тиллари ҳамиша жаннатни, жиҳодни, Аллоҳни мадҳ этади.
Шеър туғини кўтариб, Имрул Қойс каби дўзах сари кетаётганлар эса, уларнинг аксидир. Имрул Қойс ёшлигини маъсиятда ўтказиб, зое этди, натижада Аллоҳ ҳам уни зое қилди. У май ва аёлдан бошқасини билмади, оқибат зиён кўрди.
Бузғувчи, фожир шоирлардан бири ибн Ҳоний Андалусий халифа хузурига кириб бундай деган эди:

Тақдирларда борин мен хоҳламадим.
Қани, хукм қил, сен эй Воҳидул Қоҳҳор!

Аллоҳ таъоло унга Воҳидул Қаҳҳор ким эканини билдириб қўйди. Қодир зот унга шундай сабоқ бердики, энди ҳеч қачон Воҳидул Қаҳҳор ким эканини унутмайдиган бўлди. Саройдан чиқар экан, унга мусибат етди, оғир дардга чалинди. У тўшагида ит каби увлаб йиғларди, „Сен Воҳидул Қоҳҳорсан", дея инграрди:

Сенга муҳтож бўлган кўз билан
Ўзимга бир қарадимми мен?
Ҳақоратга кўмдим бошимни.
Юз ўгирдим яратгувчидан.

Йўқ, асло, Сен эмас, аслида
Маломатга лойиқ, паст,
Менман ўша сендан ўгирилган.
Менман ўша бахтиқаро қас.

Хаддидан ошган, йўлдан озган ливанлик шоирлардан бири ал-Қарви Дамашққа келди. Уни елкаларидан тутиб, Қарсаклар билан қарши олдилар. Ал-Қарви шеър ўқиди:

Ундадилар мени ул динга
Арабларнинг бошини бир қилган.
Ташладилар жисмимни тағин
Браҳманнинг йўлига мана.
Қани, эй марҳабо куфрга
Сизу бизга шодлик улашган.
Марҳабо, сизга ҳам, бизга ҳам
Марҳабо, бу ёғи жаҳаннам.

Ҳар нарсага қодир ва ғолиб Аллоҳ уни жазолади, хор қилди. У ҳаммомда ўлиб қолди. Лекин, бир неча кун унинг ўлигидан ҳеч ким хабар топмади, ит ўлиги каби хор бўлди. Аллоҳ яккаю ягона зот эканини унга билдирди.
Фосид шоирларнинг яна бири Илё абу Мозий дейди:
Билмайман қайдан келдим, лекин келдим-ку!
Қўйдим оёғимни йўлга, юрдим-ку!
Хоҳласам юраман ёки ухлайман,
Бошқа қандай мантиқ бордир, билмайман.
Унга айтдик: Билмадинг! Тиловат қилмадинг! Юз ўгирдинг! Осий бўлдинг! Гуноҳга ботдинг! Хато қилдинг! Ўзингни олий билдинг!
Бас, ҳар нарсага қодир ва ғолиб Аллоҳ уни жазолади, у ёмон бир ҳолатда ўлиб кетди.
3. Қулоқни сақлаш.
Яхши-ёмон хабарни эшитганда, Аллоҳни зикр қилиш, дунёю охиратда манфати тегадиган нарсага қулоқ тутиш банданинг Парвардигорини ёд этишидир. Ҳа, Аллоҳ таъолонинг Китобини тингламоқ, панду насиҳатларига сомеъ бўлмоқ, мусулмонлар ҳақидаги хабарларга қулоқ солмоқ банданинг Парвардигорини ёд этишдир.
Мўмин киши Аллоҳ ҳаром қилган нарсага қулоқ тутмайди, ғийбат ва бўхтонни эшитмайди. Унинг қулоқлари куй-қўшиқлардан, ҳар хил маъсият ва гуноҳлардан узоқ.
„... Албатта қулоқ, кўз, тил,—буларнинг барчаси тўғрисида (ҳар бир инсон) масъул бўлур (яъни, эшитган, қўрган ва ишонган ҳар бир нарсаси учун киши Қиёмат кунида жавоб беради)." (Ал-исро сураси, 36-оятдан).
Мусулмон киши қулоқнинг нақадар улуғ неъмат эканини яхши билади. У неъматни адо этган Парвардигорига ҳамд айтади, ҳукмига риоя қилади, шунинг учун Аллоҳ таъоло айтдики:
„Улар (яъни Раҳмоннинг суюкли бандалари) ёлғон гувоҳлик бермасалар ва лағв (беҳуда сўз ё амал) олдидан ўтган вақтларида олижаноблик билан (яъни ундан юз ўгирган ҳолларда) ўтурлар". (Фурқон сураси, 72-оят).
Баъзи муфассирлар бу оятни: „Улар ясама, ёлғон сўзга қулоқ тутмайдилар" деб шарҳлаганлар.
Бу кўз қалбга не-не кулфатлар ёғдирмади? қанча-қанча мусибатлар келтирмади?

Термулиб юрасан атрофга доим,
Лекин қалбинг чарчар манзаралардан.
Харомдан нигоҳинг гар тиёлмасанг,
Бил, унинг жазосига сабр этолмайсан.

Харом иблиснинг найзасидир. У найзага ўзини тутган кўз кўр бўлади. Ким харомдан кўзини олиб қочса, Аллоҳ унинг иймонини зиёда қилади, қалбига иймон ҳаловатини солади:
„(Эй Муҳаммад), мўминларга айтинг, кўзларини (номаҳрам аёлларга тикишдан) тўссинлар ва авратларини (харомдан) сақласинлар! Мана шу улар учун энг тоза (йўлдир). Албатта Аллоҳ улар қилаётган ҳунарлардан хабардордир". (Нур сураси, 30-оят).
Кўз олазарак бўлиб, ўйнаб турар экан, харом аталмиш найза қалбга санчилаверади. Аллоҳнинг бир солиҳ бандаси айтганди: „Харомга назар солиш қанча шўрликни жарга қулатди. Қанча кўзлар эгасини дўзахга судради. Қанча қайрилиб қарашлар хали эгасини қиёмат кунида пушаймонга ботиради". Аллоҳ бундай пушаймонликдан Ўзинг сақла!
Киши аслида нигоҳини еру-осмонлар салтанатига қаратмоғи, уларда аён турган улкан аломатлар хусусида ўйламоғи лозим.
„(Эй Муҳаммад, Макка мушрикларига) айтинг: „Осмонлар ва ердаги нарсаларни (яъни, ҳамма нарсанинг ягона яратгувчиси бор эканлигига далолат қилувчи белгиларни) кузатинглар...' (Юнус сураси, 101-оятдан).
„Ахир улар туянинг қандай яратилганига, осмоннинг қандай кўтариб қўйилганига, тоғларнинг қандай тикланганига ва ернинг қандай ёйиб—текислаб қўйилганига (ибрат назари билан) боқмайдиларми?!" (Ғошия сураси, 17; 20-оятлар).
Жаҳаннамдан сақланаман деган киши, кўзини ҳаромдан, номаҳрамдан, беҳаё суратлардан сақласин. Кўп қараш охир-оқибат қаровчини ҳалокатга олиб боради, хасрат ва надоматга ботиради. Аллоҳ қайтарган нарсаларга назар қилиш барча кўргуликларнинг уясидир. Учқунлардан аланга ҳосил бўлади. Қанча қарашлар борки, қалбни камон ўқи каби яралайди, харомга тикилган кўз гўёки қувонади. Лекин охири ҳасрат бўлган сурур на даркор?!
Бу кўз туфайли қанча-қанча машаққатлар ва қайғулар туғилди! Кўз туфайли қанча қалблар надоматга чўмади?!

Эй нигоҳ ўқин зўр бериб отгувчи,
Сен—мағлуб, сен—залолатга ботгувчи!
Эй назарни тиймай, хорлик кўрган зот,
Энди кўзинг кўрми, зулмати ҳаёт!?

Киши кўзини харомдан сақласа, Мавлоси ва Яратгувчиси тарафга бурса, албатта, Аллоҳ ҳам у бандасини сақлайди, Ўзи уни бошқаради. Аллоҳ неъматларни энг яхши сақлагувчи ва белгиловчи зотдир.

„Зотан, Аллоҳ энг яхши сақлагувчидир ва У зот меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир".

Ошқозонни сақлаш

Киши тамоғини харом луқмалардан сақламоғи ва фақат Аллоҳ субҳанаҳу халол таомлардан танаввул этмоғи лозим.
Мусулмон киши Аллоҳ ҳаром қилган ҳар қандай савдо— сотиқ, ижарадорлик, сўдҳўрлик ёки ёлғон орқали - топилган моллардан тийилади, дуоси мустажоб бўлиши учун Аллоҳ рухсат берган покиза ейимлик ва ичимликлар била озуқланади.
Абу Ҳурайра (р.а) дан расулуллоҳ (саллоллоҳу алайҳи в саллам) нинг шундай деганлари ривоят қилинган: „Э одамлар! Аллоҳ покдир, фақат покликни қабул қилади. Аллоҳ пайғамбарларга буюриб, деди: „Эй Аллоҳнинг элчилари Ҳалол қилинган покиза нарсалардан енглар ва яхши амаллар қилинглар. Албатта, Мен сизлар қилаётган амалларни билгувчиман." Бу амр уларнинг умматларига ҳам тегишлидир.
„Эй мўминлар сизларга ризқ қилиб берган покиза нарсалардан енглар..."
„Узоқ сафар чарчатган, сочлари тўзғиган, юзлари чангта беланган бир киши „Ё раб, ё раб” деб қўлини самога чўзяпти. Ваҳоланки, унинг егани ҳаром, ичгани ҳаром, кийгани ҳаром, бутун емиши ҳаром оғушта. Шундай экан унинг дуоси қандай мустажоб бўлсин?!"
Мўмин киши бошқа аъзоларини ҳам ҳаромдан сақламоғи вожиб.
„Улар авратларини (ҳаромдан — зинодан пок) сақлагувчи зотлардир. Магар ўз жуфти ҳалолларидан ва қўлларидаги чўрилардангина (сақланмайдилар). ..." (Маориж сураси, 29: 30—оятлардан).
Мўмин киши Аллоҳ ҳаром қилган жойга қадам босмайди. Балки оёғини Аллоҳнинг тоатига, масжи ларга, мавъизаларга, илмли кишилар даврасига қараб ташлайди. Хеш —ақроболар билан силаи раҳмни мустаҳкам қилади. Аллоҳ йўлидаги биродарлари зиёратига, эзгулик ва нажотга ошиқади.

Мўмин киши шунингдек қўлини ҳам гуноҳ ишлар қилишдан тиймоғи лозим

„У кунда — қиёматда қилиб ўтган (бўҳтонлари) сабабли уларнинг тиллари ҳам, қўл ва оёқлари ҳам ўзларининг зиёнларига гувоҳлик берур". (Нур сураси, 24—оят).
„Аллоҳнинг душманлари дўзаҳга (ҳайдалиш учун) тўпланиб, тизилиб турадиган Кунни (эсланг). Энди қачонки улар (дўзахга) келишгач, (ҳаёти, дунёда қилиб ўтган куфру исёнлари ҳақида сўралади, лекин улар ўз қилмишларидан тонишга уринадилар. Шунда) уларнинг қулоқлари, кўзлари ва терилари улар қилиб ўтган нарсалар ҳақида ўзларига қарши гувоҳлик беради." (Фуссилат сураси, 19:20—оятлар).
Аъзойи баданини ҳаромдан сақлаган, Аллоҳнинг тоатига буйсундирган кишини Аллоҳ албатта сақлайди. Зотан Аллоҳ меҳрибонларнинг меҳрибонроғидир.

Хотима

Эй Аллоҳнинг бандаси! Аллоҳнинг ҳифзу—ҳимоятини истар экансан, Аллоҳни ёд эт!
Икки дунё саодатини истар экансан, Аллоҳни ёд эт!
Хатарлардан омонда бўлишини истар экансан, Аллоҳни ёд эт!

Мана, буюк ва қудратли Аллоҳнинг тақво ва итоат туфайли бандасини сақлашини билиб олдингиз. Ҳаром нарсалардан тийилган, Аллоҳнинг тоатига буйсиндирилган аъзоларнинг сақланишини ҳам билиб олдингиз. Энди сизга иш будир; Аллоҳни ёд этинг. Аллоҳ сизни ҳар қандай ёмонликдан ва бузуқликдан сақлайди. Буюк ва қудратли зот Аллоҳни унутманг! Аллоҳ сақласин, агар унутсангиз, У ҳам сизни унутади. Унда дунё—охиратингиз куяди.
Қадрдон биродарим! Сўзим сўнгида пайғамбаримиз (саллоллоҳу алайҳи ва саллам) нинг Ибн Аббосга (р.а) қилган насиҳатини сизга яна бир бор эслатмоқчиман:
„Аллоҳни ёд эт, Аллоҳ сени ҳимоясига олур. Аллоҳни ёд эт, Аллоҳни рўпарангда топурсан. Сўрасанг, Аллоҳдан сўра. Мадад тиласанг, Аллоҳдан тила. Билгинки, кишилар сенга наф келтирмоқ учун йиғилсалар, фақат Аллоҳ тақдир қилган нарсадагина ёрдам бера оладилар. Агар бирор зарар етказмоққа жамлансалар, Аллоҳ сенга тақдир қилганидан ортиғига эришолмайдилар. Қаламлар кўтарилди, саҳифалар қуриди".
Сўнгги дуомиз: Бутун одамлар Парвардигори Аллоҳга ҳамд бўлсин. Пайғамбаримиз Муҳаммадга, унинг аҳли байтларига ва барча саҳобайи киромларга Аллоҳнинг раҳмати ва саловати ёғилсин. Амин.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz