КИТОБ ВА СУННАТНИ МАҲКАМ ТУТИШ Принтер учун
27.09.2008 й.
Қуръони Каримнинг исмларидан бири Китобдир. Шаръий манбаъларда, мисол учун фиқҳ, ҳадис ва бошқа илмлардаги баҳсларда «Китоб» дейилса, Қуръони Карим тушунилади.

Ушбу бобда Қуръони Карим ва Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини маҳкам тутиш, уларга оғишмай амал қилиш зарурлиги ҳақида сўз кетади. Бу иш ҳам Ислом ва Иймоннинг ажралмас қисми бўлгани учун «Ислом ва Иймон китоби»дан бир боб шаклида келтирилмоқда.
Муаллиф раҳматуллоҳи алайҳи одатга кўра бобнинг аввалига оид баъзи оятларни келтиради:
Аллоҳ жалла шаънуҳу: «Ва Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинглар ва тафриқага тушманглар»- деган.
Ушбу оятдаги «Аллоҳнинг ипи»дан мурод Қуръон ва Шариатдир. Аллоҳ таоло мусулмонларни Аллоҳнинг Китобини ва шариатини маҳкам тутишга, тафриқага тушиб, ихтилоф қилмасликка амр қилмоқда. Бу–бобнинг айни муроди бўлгани учун муаллиф шу оятни келтирдилар.
Энди Оли Имрон сурасидаги бу ояти каримани батафсил ўрганиб қўяйлик:
Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки ҳидоят топсангиз.
Ояти каримадаги «Аллоҳнинг ипи» деган иборадан Қуръони Карим тушунилади. Жарга қулаш хавфидаги инсон ип-арқонни маҳкам ушласа, қутилиб қолганидек, дўзах тубига қуламасликнинг ҳам бирдан-бир чораси–Қуръони Каримни маҳкам ушлашликдир. Шундагина инсон нажот топади. Мусулмон уммати нажот топиши учун барча бир бўлиб Аллоҳнинг каломи Қуръони Каримни маҳкам тутишлари лозимдир.
«Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг».
Бу оятнинг ушбу жумлалари мусулмон оламини бирлаштириш шиоридир. Қуръони Карим Аллоҳнинг ипи-арқони эканлиги ҳақида жуда ҳам кўп ҳадислар келган.
Имом Табароний Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом: «Аллоҳнинг китоби–Аллоҳнинг осмондан ергача тортилган арқонидир», деганлар.
«...ва бўлиниб кетманг».
Аввал бирлашишга чақириб туриб, ортидан бўлинмасликка амр келяпти. Шундан ҳам бу ишнинг нақадар муҳим эканини билиб олса бўлади.
Имом Муслим ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбар алайҳиссалоту вассалом: «Албатта, Аллоҳ сизларга уч нарсани рози бўлади ва уч нарсани ёмон кўради; Унинг Ўзига ибодат қилиб, ширк келтирмасликларингиз; барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутиб, бўлиниб кетмаслигингиз ва сизга ишбоши бўлган шахсга насиҳатда бўлишингиздан рози бўлади. «Деди-деди» дейиш; кўп савол бериш ва молни зое қилишингизни ёмон кўради», дедилар.
Тафсирчи олимларимиз: «Мусулмонлар иттифоқ бўлсалар, хато қилмасликларининг кафолати берилган», дейдилар.
Минг афсуслар бўлсинким, мусулмонлар ушбу ояти каримага амал қилмаганликлари, Аллоҳнинг ипи бўлмиш Қуръонни барчалари бирлашиб маҳкам тутмаганликлари, кўплаб бўлинишлар, ихтилофлар қилганликлари учун бошларига битмас-туганмас бало-офатлар ёғилмоқда. Аллоҳнинг бир оятига амал қилмагани учун шунчалар мусибатлар бўлса, кўп оятларига амал қилмаганда нима бўлишини ўзимиз билиб олаверайлик.
«Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди».
Тафсирчи олимларимиз ушбу ояти кариманинг нозил бўлиши сабабида қуйидаги ривоятни келтирадилар:
«Яҳудийлардан Шос ибн Қайс исмли одам Авс ва Ҳазраж қабиласига мансуб араблар мажлис қуриб гаплашиб ўтирган жойларидан ўтибди. Жоҳилият вақтида бир-бирига адовати кучли бўлган бу кишиларнинг бундай улфат бўлиб ўтиришлари унинг ғашига тегибди ва: «Булар бирлашсалар, биз булар билан ёнма-ён яшай олмай қоламиз», деб, бир яҳудий болани чақирибди: «Арабларнинг ичига бориб ўтиргин-да, уларга «Буос» номли кунни эслат ва у ҳақидаги шеърлардан ўқиб бер», деб буюрибди. «Буос» кунида Авс ва Ҳазраж қабилалари қаттиқ урушиб, Авс ғолиб чиққан эди.). Ҳалиги яҳудий бола Шоснинг айтганини қилибди. Ўтирганлар тортишиб, аччиқлашиб, урушиб кетишибди. «Қурол!!! Қурол!!!» деб бақиришибди. Бу можаро Пайғамбар алайҳиссолату вассаломга бориб етганда, ҳузурларидаги муҳожирлару ансорийларни олиб, уларнинг олдига борадилар. Уларга: «Мен ичингизда туриб, Аллоҳ сизларни Ислом билан икром қилгандан кейин, жоҳилият ишини кесгандан кейин, орангизга улфатликни солгандан кейин ҳам жоҳилият даъвосини қиласизларми?» дейдилар. Одамлар душманнинг гапига учиб, шайтон йўлига юрганларини англаб етадилар. Қуролни ташлаб, йиғлаб, қучоқлашиб кетадилар. Расулуллоҳ билан бирга итоаткор ҳолда қайтадилар. Шунда ушбу оят нозил бўлади.
Демак, оятдаги хитоб аслида барча Ислом умматига бўлса ҳам, тушаётган пайтда мадиналик Авс ва Ҳазраж қабилаларига қаратилган эди. Шаҳарда бир-бирига душманликда Авс ва Ҳазражга етадигани йўқ эди. Бунинг устига, улар билан бирга яшайдиган яҳудийлар доимо фитна қўзиб, уруш оловини пуфлаб туришарди. Аллоҳ таоло иноятига олиб, бу икки қабилани ҳидоятга бошлаб, қалбларини Ислом нури билан мунаввар қилганидан кейин улфат бўлдилар.
«Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди».
Ислом Аллоҳнинг берган улуғ неъмати, шу неъмат туфайли душманлар улфат бўлдилар. Бир-бирига қарши нафратга тўлган қалбларни фақат Исломгина улфат қила олади. Фақат Аллоҳнинг ипи бўлган Исломни маҳкам тутибгина ҳамма биродар бўла олади.
«Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз».
Аллоҳ Ислом неъматини бермаганида бундай холис биродар бўлиш қийин эди. Фақат Ислом туфайли, Аллоҳ учун биродар бўлингандагина ҳақиқий биродарлик қарор топади. Бошқа ҳолда ё молу дунё, ё ирқ-миллат бирлиги, ё мансаб нуқтаи назаридан, ё қабила тарафкашлик билан ва ҳоказо шунга ўхшаш ниятлар асосига қурилган бўлади.
«Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди».
Исломга киришингиздан олдин уруш-жанжал ичида, жоҳилият ҳукмлари остида, умуман барча соҳада нотўғри йўлда, яъни, оловли жар ёқасида эдингиз. Шундай кетаверганингизда ҳалокатга учрашингиз турган гап эди. Аллоҳ таоло сизни Ўзининг улуғ неъмати бўлмиш Исломга бошлаб, мазкур оловли жарга қулашдан сақлаб қолди.

У зот яна: «Расул сизга нимани берса, олинг, нимадан қайтарса қайтинг»-деган.
Бу ояти карима эса, мусулмонлар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига тўлиқ амал қилишлари лозимлигига далилдир. Чунки, Аллоҳ таоло бу оятда мусулмонларга Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам нимага буюрсалар шуни қилиб, нимадан қайтарсалар, шундан қайтишга амр қилмоқда. Аллоҳнинг амри эса ҳар бир мусулмон учун вожибдир.

«Пайғамбар сизга нимани берса, ўшани олинглар ва нимадан қайтарса, ўшандан қайтинглар»,
Ушбу оятда бу улкан иқтисодий қоидадан сўнг, худди шундай улан ижтимоий қоида зикр қилинган. Ўша ижтимоий қоида бўйича, шариатни фақат битта манбадан олиш керак. Исломда ўша манба Расулуллоҳдир. Қуръон у Зотга тушган ва Ислом умматига етказилган. Уламоларимиз Расулуллоҳ келтирган, берган нарса, деганда асосан суннатни назарда тутадилар. Суннат эса у кишининг сўзлари, ишлари ва тақрирларидан иборатдир. Тақрир-Пайғамбар алайҳиссалом бир сўзни эшитиб ёки бир ишни кўриб, қайтармасдан, маъқуллаган нарсаларига айтилади.
Собит бўлган суннатга амал қилмоқлик барча мусулмонларнинг бурчидир. Суннат доимо Қуръони Карим оятларини шарҳлаб, баён қилиб беради. Қуръонда намоз ўқишлик фармон қилинган, лекин неча вақт ўқилиши, ракатлар сони, қандай қилиб ўқиш лозимлиги айтилмаган. Намозга тааллуқли ҳамма масалаларни суннат баён қилган.
Қуръон закот бериш фарз эканини айтган, холос. Суннат эса, закот миқдорини белгилайди, кимлар закот бериши, кимлар олиши ва ҳоказо ҳукмларни баён қилади.
Демак, шариатдаги асл манба-Расулуллоҳнинг сўзлари, у кишига тушган Қуръони Карим. Агар баъзи ҳукмлар Қуръонда ҳам, суннатда ҳам йўқ бўлса, демак бу икки (Қуръон ва суннат) таълимот асосида мусулмонларнинг олий даражали уламолари, мужтаҳидлар бир овоздан чиқарган ҳукмлардир. Буни, ижмоъ дейилади. Унда ҳам бўлмаса, аввалги ҳукмларга қиёслаб мужтаҳид уламолар ҳукм чиқарадилар.
«Аллоҳдан қўрқинглар. Албатта, Аллоҳ-азоби зўр зотдир».
Шунинг учун У зотга тақво қилмасангиз, қаттиқ азобга дучор бўласиз.

Ва яна (Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам номидан): «Агар Аллоҳга муҳаббат қиладиган бўлсангиз, бас менга эргашинглар Аллоҳ сизга муҳаббат қилур ва гуноҳларингизни мағфират қилур»-деган.
Бу ояти каримада мўмин-мусулмон кишининг Аллоҳ таолога бўлган муҳаббати Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш, яъни, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига тўлиқ амал қилиш билан зоҳир бўлиши таъкидланмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш эвазига мўмин-мусулмон инсонга Аллоҳ таолонинг муҳаббати ва мағфирати ваъда қилинмоқда.
Буларнинг ҳаммаси мусулмонлар учун Китоб ва Суннатни маҳкам тутиш, уларга оғишмай амал қилиш нақадар зарур нарса эканини кўрсатмоқда. Қуръон ва Суннат бу каби амрларга тўла. Ўша маънодаги энг сара ҳадислардан баъзиларини ҳозирги бобимизда Аллоҳнинг ёрдами ила ўрганамиз.
Абу Мусо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта менинг ва мени Аллоҳ унга юборган нарсанинг мисоли, ўз қавмига келиб: «Эй қавмим, мен келаётган аскарни икки кўзим билан кўрдим. Албатта мен–яланғоч огоҳлантирувчиман. Бас, нажот изланглар», деган одамга ўхшайди. Бас, қавмидан бир тоифаси унга итоат қиладилар. Тезда юриб, ўз муҳлатларида жўнаб қолдилар. Улардан бир тоифаси эса ишонмадилар. Ўз жойларида қолдилар. Бас, аскар уларни тонг чоғида босиб, ҳалок қилди, таг туглари билан қириб юборди. Ана ўша менга итоат қилган ва мен келтирган нарсага эргашган кимса билан, менга осий бўлиб, мен келтирган ҳақни ёлғонга чиқарган кимсанинг мисолидир»-дедилар.
Шарҳ: Ушбу ҳадис Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Аввал у киши билан танишиб олайлик: У кишининг тўлиқ исмлари: Абдуллоҳ ибн Қайс ибн Солим ибн Ҳазор ибн Ҳарбдир. У зотнинг оналари Тоййиба бинти Ваҳб, кунялари Абу Мусо бўлиб, ўзлари Бани Ашъар қабиласидан.
Бу зот Яманда таваллуд топдилар. Маккада Ислом зохир бўлганда, ҳижратдан олдин Исломни қабул қилганлар.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам томонларидан Яман соҳилидаги Зубайд, Адан шаҳарларига бошлиқ этиб тайинланганлар. Яман аҳлига Қуръонни ўргатишлик учун юборилганлар.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик даврларида бу киши Басрага, Усмон ибн Аффон розияллоҳу анҳу халифалик даврларида эса, Куфага волий этиб тайинланган эдилар.
Биринчи марта Ямандан Маккага, иккинчи марта Маккадан Ҳабашистонга, учинчи марта Мадинадан Ҳабашистонга ҳижрат қилганликлари учун, бу зот уч ҳижрат соҳиби, деб аталади.
Ҳофиз Сижжистоний айтадилар: «Пайғамбаримиз саҳобаларида йўқ бўлган фазилат Абу Мусо ал-Ашъарийда бор эди. У зот пок қалбли, саломат ниятли, кўп рўза тутувчи, кечаларини таҳажжуд намози билан бедор ўтказувчи улуғ саҳобалардан эдилар».
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Абу Мусо ал-Ашъарийни чавондоз паҳлавонларнинг саййиди, деб атаганлар.
У зот ҳаммаси бўлиб 355та ҳадис ривоят қилдилар. Ҳижратнинг 44-йили 63 ёшларида Куфада вафот этдилар.
Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз вазифаларини кишиларга улар тушунадиган жонли мисол билан васф қилиб бермоқдалар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг:
«Албатта, менинг ва Аллоҳ мени унга юборган нарсанинг мисоли»-деганлари, менинг ва умматимнинг мисоли, деганидир. Бу ерда араб тили балоғат қоидалари тақозаси ила маъно мазкур иборалар билан ифода этилган.
«Ўз қавмига келиб: «Эй қавмим, мен келаётган аскарни икки кўзим билан кўрдим. Албатта, мен–ялонғоч огоҳлантириувчиман. Бас нажот изланглар»-деган одамга ўхшайди».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу мисол ила ўзларнини қавмини душман бостириб келишидан огоҳлантириш учун, у келадиган томонга чиқиб навбатда турган огоҳлантирувчига, умматларини эса, ўша огоҳлантирувчининг қавмига ўхшатмоқдалар.
Душман тўсатдан бостириб келишидан чўчиган қабилалар яшаш жойларидан ташқарига навбатчи огоҳлантирувчилар қўяр эканлар. Огоҳлантирувчи душманни келиши билан, кийимини ечиб, қавмига ишора сифатида силкита бошлар экан. Унинг огоҳлантиришидан сўнг қавм ўз тайёргарлигини кўрар экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг, мен яланғоч огоҳлантирувчиман, деганлари ана шунга ишорат. Демак, ўша огоҳлантирувчи ўз қавмини бостириб келаётган хавф-хатардан огоҳлантрганидек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўз умматларини охират ва дўзахнинг бостириб келаётган азобидан огоҳлантирадилар. Ўша огоҳлантирувчи: «Эй қавмим, мен келаётган аскарни икки кўзим билан кўрдим. Албатта мен яланғоч огоҳлантирувчиман. Бас, нажот изланглар»-деса, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «Эй қавмим, менга Аллоҳнинг Ўзидан ваҳий келди. Охират ва дўзах азоби оғирдир. Мен ҳақ Пайғамбарман! Иймон келтиринг! Нажот изланг!», дейдилар.
«Бас, қавмидан бир тоифаси унга итоат қилдилар»
Яъни, мазкур огоҳлантирувчининг қавмидан бир тоифси унинг душман бостириб келаётгани ҳақидаги огоҳлантиришини эшитганларидан кейин унга итоат қиладилар.
«Тезда юриб, ўз муҳлатларида жўнаб қолдилар».
Яъни, огоҳлантиришини эшитишлари билан дарҳол душмандан эҳтиёт бўлиб, вақтини борида жўнаб кетдилар. Шу билан нажот топдилар.
«Улардан бир тоифаси эса ишонмадилар».
Ҳалиги қавмнинг қолган бир тоифаси огоҳлантирувчини ёлғончи қилиб, унинг хабарига ишонмадилар. Душман бостириб келаётгани йўқ, деб ўйладилар. Шунинг учун жўнаб кетмай,
«ўз жойларида қолдилар».
Бемалол юриб, кечқурганда ғафлат уйқусига кетдилар.
«Бас аскар уларни тонг чоғида босиб, ҳалок қилди, таг-туглари билан қириб юборди».
Огоҳлантирувчига ишонмаганлар битта ҳам қолмай ҳалокатга учрадилар.
«Ана ўша, менга итоат қилган ва мен келтирган нарсага эргашган кимса билан, менга осий бўлиб, мен келтирган ҳақни ёлғонга чиқарган кимсанинг мисолидир».
Яъни, Менга иймон келтирган, айтганларимга итоат қилиб, мен олиб келган динга эргашган одам, мазкур огоҳлантирувчига итоат қилган тоифага ўхшаб нажот топади. Менга куфр келтириб, осий бўлган, мен келтирган ҳақ динни ёлғонга чиқарган кимса эса, мазкур огоҳлантирувчига ишонмай ва келаётган аскардан қўрқмай, бепарво бўлган кимсаларга ўхшаб ҳалокатга учрайди. Яқинлашиб келаётган қиёмат куни хавф хатаридан огоҳлантирувчи бўлмиш Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш Китоб ва Суннатни маҳкам тутиш билан бўлади. Бу дунёда ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг огоҳлантирувчи пайғамбар эканликларига ишонса ҳамда Китоб ва Суннатни маҳкам ушлаб уларга амал қилиш ила у зотга итоат этса, мазкур огоҳлантирувчига итоат этган тоифага ўхшаб нажот топади, охират ва дўзах азобидан қутилиб қолади.
Ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг пайғамбарликларига ишонмаса, У кишига итоат қилиб, Қуръон ва Суннатни маҳкам ушламаса, мазкур огоҳлантирувчига ишонмай, ғафлат уйқусида ётган тоифага ўхшаб ҳалок бўлади, битта ҳам қолмай йўқ бўлади.

Бу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Бирор нарсани одамларга яхшироқ тушунтириш мақсадида ҳаётдаги ҳолатлардан мисол келтириш.
2. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вазифалари огоҳлантириш экани.
3. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ишониб, У кишига итоат қилганлар албатта нажот топиши.
4. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга ишонмай, У кишига осий бўлганлар албатта ҳалок бўлиши.
5. Қиёматни бостириб келаётган душман аскаридек яқин ва хавфли ҳис этишнинг лозимлиги.
Бугунги кунимизнинг кўпгина мушкулотларга ушбу ҳадиси шариф руҳидан узоқлашиб кетганимиз сабабчи эканини тезроқ тушуниб етишимиз лозим. Агар муҳлатимиз борида, ўз тадорикимизни кўриб, ғафлат уйғусидан уйғонмасак, ҳолимизга «вой» бўлишини англаб олишимиз керак.

Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта ўзингиздан олдингиларнинг суннатларига қаричма-қарич, аршинма-аршин эргашасизлар. Ҳаттоки, улар зоббнинг уясига кирсалар, уларга эргашиб сиз ҳам кирасизлар»-дедилар. Биз:
«Эй Аллоҳнинг Расули, яҳудий ва насороларгами?» дедик. У зот:
«Бўлмаса кимга?!» дедилар.
Бошқа бир ривоятда:
«Эй Аллоҳнинг Расули. Форс ва Румга ўхшабми?» дейилди. У зот:
«Ўшалардан бошқа, қайси одамлар бўларди?
»-дедилар. Икки ҳадисни икки Шайх ривоят қилган.
Шарҳ: Бу ҳадисни Абу Саъид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Биз у киши билан танишмиз.
Муаллиф раҳматуллоҳи алайҳи бу ҳадисни нима учун «Китоб ва Суннатни маҳкам тутиш боби»да келтирганидан мақсади аниқ. Чунки, бу ҳадиси шарифда мусулмонлар бир вақтлар келиб, Китоб ва Суннатга эмас, ўзларидан олдин ўтган умматларнинг, ғайридин қавмларнинг суннатига эргашадиган бўлиб кетишлари ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз даврларида ва У зотдан кейинги бир неча асрларда мусулмонларни хаёлларига ҳам келмайдигон салбий ўзгариш бўлажагини хабарини олдиндан бермоқдалар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларга:
«Албатта, ўзингиздан олдингиларнинг суннатларига қаричма-қарич, аршинма-ариш эргашасизлар», демоқдалар.
Яъни, эй мусулмонлар, сиз ўзингиздан олдин ўтган қавмларнинг одатларига, ишларига, қилмишларига қадамба-қадам эргашасизлар. Улар нима қилса, шуни қилишга ҳаракат қиласизлар. Бу бизга тўғри келадими-йўқми демайсизлар, деяптилар.
«Ҳаттоки, улар зоббнинг уясига кирса, уларга эргашиб, сизлар ҳам кирасизлар»-дедилар».
«Зобб» эчкиемарга ўхшаш, аммо ундан кичикроқ ҳайвон. Унинг уясига одам сиғмайди. Лекин, ҳадисда «ўша ғайридинлар Зоббнинг уясига кирса, уларга эргашиб сизлар ҳам кирасизлар» деганлари, «агар улар одамга мос бўлмаган ишни қилсалар, сизлар ҳам қиласизлар» деганларидир.
Ҳадис ровийси Абу Саъид ал Худрий розияллоҳу анҳу айтадиларки:
«Биз: «Эй Аллоҳнинг Расули, Яҳудий ва Насороларгами?!»- дедик».
Яъни, биз уларга қаричма-қарич, аршинма-аршин эргашадиган, ҳатто зоббларнинг уясига кирсалар, ортларидан биз ҳам кирадиган қавмлар-Яҳудий ва Насороларми? Ўшаларга эргашамизми?- деб сўрадик.
«У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бўлмаса кимга?»-дедилар.
Яъни, бошқа ким ҳам бўлар эди, деганлари.
Бошқа бир ривоятда:
«Яҳудий ва Насороларгами?» ўрнига,
«Форс ва Румга ўхшабми?» деб сўралган ва Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ўшалардан бошқа, қайси одамлар бўлар эди», деб жавоб берган эканлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гаплари қариб ўн уч ярим асрдан сўнг юзага чиқди. Ўша вақтда мусулмонлар ўзларидан олдин ўтган қавмларга эргашиш қандоқ бўлишини тасаввур ҳам қила олмас эдилар. Лекин Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ҳақиқат сифатида эшитиб қабул қилган ва таслим бўлган эдилар.
Кейинчалик эса, мусулмонлар китоб ва Суннатни маҳкам тутиб, бутун дунёга ҳоким бўлдилар. Ўзларидан олдин ўтган қавмлар, жумладан, Яҳудий, Насоро ва Форсларни ҳам ўзларига эргаштирдилар. Ўша пайтнинг энг катта икки давлати-Форс ва Рум империялари мусулмонлар қаршисида тиз чўкди. Бутун дунё мусулмонлар ортидан эргашди. Ислом Овропонинг қалби бўлган Париж остоналаригача етиб борди. Оврупанинг катта бир қисмида Андилусия номли Ислом давлати қариб саккиз аср ҳукм сурди. Илм-фан, маданият, техника, тиб ва бошқа соҳаларда мусулмонлар эришган ютуқлардан бутун дунё халқлари баҳраманд бўлиб турди.
Лекин минг афсуслар бўлсинким, усти бут, қорни тўқ бўлмаса ҳам иймони кучли, бутун дунёга Ислом нурини ёйишга хизмат қилиш ишқида ёнган фотиҳ мусулмонларнинг набиралари боболарига муносиб бўла олмадилар. Улар Китоб ва Суннатни маҳкам тутмадилар, бу икки масдарни аста-секин қўлдан чиқара бошладилар. Қуръон ва Суннатга амал қилишдан узоқлашдилар. Устилари бут, қоринлари тўқ, иймонлари заиф бўлди. Қуръон тиловати ўрнига мусиқа ва қўшиқлар эшитадиган бўлдилар. Суннатга амал қилиш ўрнига ҳойи-ҳавас ва айшу-ишратга берилдилар.
Оқибатда мусулмонлар аста-секин дунё миқёсидаги ўз мавқеъларини йўқотдилар. Ислом давлати таназзулга юз тутди. Пайт пойлаб турган насоролар мусулмонларга қарши салб юришларини уюштирдилар. Андалусия Ислом давлатида бир нафар ҳам мусулмонни қўймай қирдилар. Ўрта ер денгизи мусулмонлар қонидан мовий рангини ўзгартириб, қизилга айланди. Салбчилар келиб, Фаластинни босиб олдилар. То Салоҳиддин Аюбий бошлиқ мусулмонлар томонидан қувиб чиқарилмагунларича, у ерда нимани хоҳласалар шуни қилдилар.
Кейинчалик оврополиклар мусулмонлардан ўрганган нарсаларини ривожлантира бориб, бир қанча кучли давлатлар барпо этдилар. Мусулмонлар эса, ҳамон ғафлат уйғусида ётар эдилар. Оврупонинг кучли давлатлари мусулмон оламини тақсимлаб босиб олдилар. Улар ўзаро барча ишларда ихтилофда эдилар. Аммо, мусулмонларга қарши бешафқат бўлишда иттифоққа эришдилар. Исломни бутунлай йўқ қилиб юборишда иттифоқ бўлдилар. Шунингдек, улар, мусулмонларнинг асосий кучи Китоб ва Суннатни маҳкам тутишда экани ҳақида ҳам иттифоқда эдилар. Биргина мисол келтирайлик: Британия империясининг вакили, лордлар палатаси раиси парламент минбарига Қуръони Каримни кўтариб чиқиб: «Модомики, мана бу китоб бор экан, биз мусулмонларга ўз нуфузимизни ўтказа олишимиз қийин»-деди.
Худосизлик империяси вакили, Совет давлати раҳбарларидан бири Молотов эса: «Модомики, Маккадаги қора тош (Каъба демоқчи) бор экан, мусулмончилик тарқалган ўлкаларда коммунизм ғояларини тарқатишимиз қийин»-деди.
Икки ашаддий душманнинг иттифоқ қилган нарсасини қаранг! Бу иттифоқ қуруқ гап эмас эди. Балки, жиддий ва пухта режалашган иш ҳам эди. Ислом душманлари мусулмонларни Китоб ва Суннатни маҳкам ушламасликлари учун қўлларидан келган ҳамма нарсани қилдилар. Китоб ва Суннатдан узоқлашиб, жаҳолат ботқоғига ботиб қолган мусулмонлар эса, ўз душманларига қаричма-қарич, қадамма-қадам эргаша бошладилар.
Олдин Ислом душанларининг «Сизларнинг динингизга тегмаймиз, баъзи сиёсий ва иқтисодий ишларимиз бор холос», деган алдовларига эргашдилар. Аста-секин бошқа нарсаларга эргашилаверди. Мустамлакачи савдогар сотиб олинган нарсага бепул қўшиб берган папирос ва ароқни аввал кўчага отиб юборсалар ҳам кейинроқ чекиб, ичадиган бўлдилар. Асли мусулмон бўлганлар, ота-боболари чекиш-ичишни Аллоҳ ҳаром қилган, деб ўтган одамлар бора-бора чекиш ва ичиш бобида етти пуштидан буён ана шу бемаъни ишларни қилиб келаётган ғарбликлардан ҳам ўтиб кетдилар. Ҳозирги кунда Ислом юртларида яшовчилар ўз душманларидан ҳар куни миллионлаб доллорга тамаки махсулотлари ва ичкилик сотиб олмоқдалар.
Сўнгра Ислом жамиятининг асосий кучларидан бири мастура аёллар эканини билган душманлар, мўмина-муслима аёлларни бузиш режасини тузиб, бу қабеҳ режаларига «аёлларни озод қилиш» номини бердилар. Аввал, мусулмон аёллар паранжи ёпиниб бўлса ҳам эркакларга аралашсин, дейишди. Бунга эргашганларидан кейин паранжини олиб қўйишсин, рўмол ҳам етарли, дейишди. Жоҳил мусулмонлар бунга ҳам эргашди. Кейин узун кўйлак ишга, юришга халақит беради ва кўп пул талаб қилади, калта кўйлак кийиш керак, дейишди. Жоҳиллар яна бир қарич эргашсак нима бўпти, деб бунга ҳам эрашдилар. Аёли бегона эркак билан оврупоча рақсга тушмаган оила маданиятли бўла олмайди, дейишди. Мусулмонман, деб юрганларнинг ичида «маданиятли»лар кўпайди. Танишиб, севишиб, бир-икки йил синашиб турмуш қурмаганлар қолоқ, дейишди. Бизнинг ичимизда «қолоқлар» камайди. Аммо, никоҳсиз туғилганларнининг сон-саноғига етиб бўлмай қолди. Шундай қилиб қаричма-қарич, қадамба-қадам эргашиб, охирги манзилга етиб келинди. Мустамлакачи устозлар: «маданиятли одамларнинг қалби бирга бўлса бўлди, танаси ким билан бўлишининг аҳамияти йўқ», дедилар.
Ҳозир мусулмон ўлкалардан чиққан танфурушлар олдида ғарлбик танфурушлар ип эшаолмай қолди. Шогирд танфуришлар ўз ўлкасидаги «тижорат»га кўнгли тўлмай, чет ўлкаларга «тижорат» сафарлари уюштирмоқдалар.
Ҳаётнинг бошқа ҳар бир соҳасини, хатто энг кичик, арзимаган масалаларни олсак ҳам шу ҳолни кўрамиз. Кийиниш, овқатланиши, уй тутиши, муомалалар, таълим-тарбия, ахлоқ-одоб, фан-маданият, иқтисод, сиёсат, қўйинки ҳамма нарсада ҳам ана шундай ифлосликлар яққол кўриниб турибди. Бунга Қуръон ва Суннатни мусулмонлар ҳаётидан аста-секин суриб чиқариш билан эришилди. «Қуръон ва Суннат эски замонга оид нарсалар, улар–эскилик сарқити», деган бузуқ фикр тарқатилди. «Агар мусулмонлар тараққиётни хоҳласлар, Қуръон ва Суннат ўрнига бизнинг қонун-қоидаларимизга, кўрсатмаларимизга амал қилсинлар», дейишди. Вазиятни ва хавф-хатарни тўлиқ тушунган уламолар, гап Қуръон ва Суннатда эмас, иллат мусулмонман, деб юрганларда, дедилар.
Мусулмонлар Қуръон ва Суннатга амал қилмай қўйиб, шу ҳолга тушдилар. Агар улар ўзларини ўнглаб олмоқчи бўлсалар, ғарбннинг сохта қонунларига эмас, илоҳий дастур бўлмиш Қуръон ва Суннатга қайтишлари зарур, дедилар. Ундай кишилар қолоқ ва мутаассиб дея, қўйдек бўғизлаб ташланди. Қуръон ва Суннатга қарши фикрни қўлловчилар амал-мартабада юқорига кўтарилдилар.
Барча Ислом юртларида Қуръон ва Суннат ўрнига Англия ва Франсанинг асосий қонунлари дастур қилиб олинди. Ўша ғарб давлатларининг жиноий қонунлари жорий қилинди. Барча юқори идораларда қўғирчоқ вазирлар ортидан туриб ажнабий жаноблар иш юритдилар. Охир-оқибат келиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ушбу ҳадисда айтганлари келди. Мусулмонлар ғайридинларга, яҳудий ва насороларга қаричма-қарич, аршинма-аршин эргашиб, энди улар зоббнинг уясига кирсалар, ортларидан киришга шай бўлиб турибдилар. Баъзи бирлари киришга улгурдилар ҳам.
Мана қариб бир асрдан ортдики, мусулмон юртлари «тараққиёт» дастурлари остида яшамоқдалар, аммо чин тараққиётнинг қораси ҳам кўринмаяпти. Дунёдаги хомашё бойлигининг саксон фоизига эга бўлган бу диёрдаги аҳолининг катта қисми қашшоқликда яшамоқда. Ҳаётнинг ҳамма соҳасида энг орқада қолган одамлар шу ўлкаларда яшамоқда. Бу юртлардаги тарқоқ давлатлар ҳамма нарсада бошқаларга қарам бўлиб қолишган. Чет эллик ҳомийнинг аччиғи чиққан куни озиқ-овқатдан, қурол-аслаҳагача тортиб қўйилади.
Ушбу ишларда ғайридин мустамлакачиларни айблаш одат тусига кириб қолган, ҳар бир нуқсонга мустамлакачи айбдор қилиб кўрсатилади. Аслида эса, бу ожизликдан, баҳона ахтаришдир. Асосий айб–мусулмонларнинг ўзидадир. Бир қанча давлатларнинг мустамлакачиликдан қутулганинга бир неча ўн йиллаб вақт ўтди. Аммо, улар Қуръон ва Суннатга яқинлашиш ўрнига кўпроқ аксини қилмоқдалар. Исломга қарши курашда мустамлакачи ҳам журъат этолмаган нарсаларни қилмоқдалар. Айб мусулмонларнинг ўзида эканлигига ҳужжат ва далиллар тўлиб ётибди. Энг муҳим омил–мусулмонлар ўзларини ўнглаб олишларида, ўзликларини англаб етишларида! Ушбу биз ўрганаётган ҳадисда айтилганидек, ўзларидан олдин ўтганларнинг Суннатига қаричма-қарич, аршинма-аршин эргашиш нималарга олиб келганини англаб етишларида! Англаб етгандан сўнг эса, гап бошқаларга эргашишни қаричма-қарич, аршинма-аршин тарк этиш, Китоб ва Суннатни маҳкам тутишга қаричма—қарич, аршинма-аршин ўтишларида қолди.

Оиша розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким бизнинг бу ишимизда ундан бўлмаган нарсани янгитдан пайдо қилса, бас, у мардуддир»-дедилар». (Учовлари ривоят қилишган).
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Оиша онамиздан ривоят қилинмоқда. Муаллиф розияллоҳу анҳунинг бу ҳадиси шарифнинг «Китоб ва Суннатни маҳкам тутиш ҳақида» бобида келтиришидан мақсади Китоб ва Суннатдан бошқа нарсага амал қилиш мардуд-рад қилинган нарса эканини билдиришдир. Чуки Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам «ишимиз» деганларидан мурод, динимиз, деганларидир. Динимизнинг ҳамма амаллари, ҳукм ва таълиматлари Қуръон ва Суннатда баён қилингандир. Ким Қуръонда ва Суннатда йўқ нарсани адо этса, бидъат нарсани қилган бўлади. Бу эса-Исломга хилоф, мардуд нарсани қилмоқликдир.
Ушбу ҳадиси шариф, улкан қоидани акс эттирган бир ҳадисдир. Уламоларимиз Ислом оламида бўлаётган ишларнинг шаръий-ношаръий эканлинини баён қилиш қоидасини ушбу ҳадисдан ишлаб чиққанлар. Асрлар давомида, ҳаёт жараёнида пайдо бўлаётган ва нисбатан янгилик ҳисобланган, ишларнинг шаръий ёки ношаръийлигини аниқлашга тўғри келади. Мусулмонлар ҳар бир нарсани шариатга мувофиқ келса қиладилар, шариат мардуд, деган нарсани эса, тарк этадилар. Шунинг учун ҳам янги пайдо бўлган ҳар бир нарса тўғрисидаги биринчи ва ососий савол: «Бунга шариат нима дейди?» бўлади. Бу саволга Китоб ва Суннат жавоб беради. Агар ўша саволдаги иш динда йўқ нарса бўлса, мардуд ҳисобланади. Агар динда бўлса, қабул қилинади. Бу дегани, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг вақтларида динда рухсат берилган ва берилмаган ҳамма нарсаларнинг рўйхати Қуръон ва Суннатда собит этилиб қўйилган, ўша рўйхатда бор нарсани қилиш керагу, йўғини мардуд қилиш керак, дегани эмас. Агар ундай бўлса, бундан ўн беш аср олдинги шароитда яшашга тўғри келар эди. Баъзилар шундоқ фикрга ҳам борганлар. Ушбу ҳадисга юзаки маъно бериб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтларида бўлмаган ҳар бир нарсани инкор қилганлар. Лекин аста-секин уларнинг бу хатолари ўзларига тушунтирилган. Қуръон ва Суннат мазкур нарсаларниниг аниқлаш услубини баён қилган, ўша вақтдаги мавжуд нарсалардан мисоллар келтирилган. Мусулмонлар ана ўша услуб асосида иш кўраверадилар. Ана ўша асосга тўғри келган нарса, мақбул, тўғри келмагани эса мардуд бўлаверади.
Тушунарли бўлиши учун мисол келтирайлик. Қуръони Карим ва Суннатда маст қилувчи моддалар ҳаром қилинган. Ўша вақтда бу нарса узум, хурмо,арпа ва асалдан олинадиган ичимликдан иборат бўлган. Вақт ўтиши билан бошқа турли ичимликлар, чекиладиган, ҳидлаш ёки танага игна орқали юбориладиган маст қилувчи нарсалар чиқди. Буларнинг ҳаммаси ҳаром, деб эълон қилинди. Яна ўхшашлари чиқса, яна ҳаром, дея эълон қилинаверади. Бу ичимликнинг номи Китоб ва Суннатда зикр қилинмагани учун, уни истеъмол қилса бўлаверади, дейилмайди.
Шунингдек, кейинги пайтда, мусулмон бўлмаган юртларда, бола кўрмётган оилаларда, уруғликни найчада урчитиб аёлнинг бачадонига ўрнатиш орқали фарзанд кўриш имкони туғилди. Мусулмонлар бу масалага қандоқ қарашлари керак? Агар ушбу ўрганаётган ҳадисимизга баъзи сиртдан қарайдиган кишилар нуқтаи назаридан қарасак, бу иш умуман мумкин эмас. Чунки, бундоқ иш Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлмаган. Агар бу иш қилинса, Ислом ишига ундан бўлмаган нарса янгитдан киритилган бўлади.
Лекин фарзанд кўришга Ислом қизиқтирганку! Умри бўйи бефарзанд ўтаётган оилани фарзанд кўриш имконини йўққа чиқариш яхшими? Шу ерда фарзанд кўриш бўйича шариат белгилаган услубларга назар солинади.
Ислом фарзадни ҳалол йўл билан топилишини асосий шарт қилиб қўйган. Найча ёрдамида ҳомила пайдо қилишда ҳаромлик борми? Ўрганиб чиқилса ҳаромлик бор экан. Найчада бегона эркакнинг уруғини урчитиб туриб, аёлнинг бачадонига ўрнатиш бор экан. Бу-ҳаром, зинога тенг нарса. Агар иш юқоридаги тарзда, бегона эрқақнинг уруғлигини найчада урчитиб, ўз хотинидан бошқа аёл бачадонига қўйиш орқали амалга оширилса, Исломда бўлмаган мардуд иш қилинган бўлади. Аммо аёлнинг шаръий никоҳдаги ҳалол пок эридан уруғлик олиб, найчада урчитилиб, сўнг аёл бачадонига қўйилса, монеълик йўқ. Шунинг учун ҳам шаръий никоҳдаги эрдан олинган уруғликни урчитиб, ўз хотини бачадонига қўйиб, ҳомила пайдо қилинса жоиз, деган фатво чиқарилди.
Баъзи уламоларимиз: «Бу ҳадис ақийда ва ибодат бобига тегишли, ана ўша масалаларда ҳеч бир янги нарса жорий этиш мумкин эмас. Аммо ҳаётий нарсаларда, турмушнинг бошқа соҳаларида Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даврларида бўлган нарсаларнинг айни ўзи бўлиши шарт эмас», дейдилар. Лекин ҳамма нарса шариатимиз таълимотларига мос бўлиши керак. Аслини олганда, Исломда ҳаётни диний ва дунёвий қисмларга бўлиш йўқ. Ҳаётнинг ҳамма жиҳатлари исломий бўлиши шарт. Инсон ҳаётини диний ва дунёвий қисмларга бўлиш ғайридинларнинг иши. Ислом эса–ҳам дин, ҳам дунё дегани! Мусулмон одамнинг ҳар бир иши шариатга мувофиқ бўлиши керак. Шунинг учун ҳам ушбу ҳадиси шарфга амал қилиш жуда ҳам зарур. Ҳар бир муслмон ўзининг ҳар бир нарсасини Исломга мувофиқ бўлиши учун ҳаракат қилиши Китоб ва Суннатни маҳкам ушлаши лозим. Ислом ишидан бўлмаган мардуд ишлардан узоқда бўлиши, ана шундай ишларни пайдо қилишдан сақланиш лозим.
Ушбу ҳадисдан оладиган фойдаларимиз ва унинг ҳикмати ана шулардан иборат.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта энг содиқ Калом, Аллоҳнинг Китобидир, энг яхши ҳидоят, Муҳаммаднинг ҳидоятидир. Ишларнинг энг ёмони, янги пайдо бўлганларидир. Ҳар бир янги чиққан иш, бидъатдир. Ҳар бир бидъат, залолатдир. Барча залолат, дўзахдадир», дедилар. (Икки Шайх ва Насаий ривоят қилишган. Лафз Насаийники)
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифни Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. У киши билан танишмиз.
Муаллиф раҳматуллоҳи алайҳнинг бу ҳадисни «Китоб ва Суннатни маҳкам тутиш ҳақида» бобида келтиришларидан мақсадлари аниқ.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадисларида бир неча ҳақиқатларни баён қилмоқдалар:
1.«Энг содиқ Калом, Аллоҳнинг Китобидир».
Шундоқ бўлганидан кейин Аллоҳнинг Китобини ўқиш-ўрганиш ва унга амал қилиш керак. Ким Қуръондан бошқани ундан устун қўйса, катта хато қилган бўлади. Ҳадисдаги бу жумла, Китобни маҳкам тутиш зарурлигини кўрсатади.
2.«Энг яхши ҳидоят, Муҳаммаднинг ҳидоятидир».
«Ҳидоят»–луғатда бир нарсага лутф билан йўллаб қўйишни ифода этади. Дунёда одамларни ҳидоят қилишни даъво қиладиганлар кўп. Лекин энг яхши ҳидоят, охирги ва энг афзал Пайғамбар –Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятларидир. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятлари Суннатларида баён қилинган. Ким ҳақиқий ҳидоятни тапаман деса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятларини маҳкам тутсин! Ким ҳақиқий тўғри йўлда юраман деса, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг йўлларида юрсин!
3.«Ишларнинг энг ёмони, янги пайдо бўлганларидир».
А1ввал айтганимиздек, бу–Ислом янгиликка қарши, деган маънони билдирмайди. Бу ерда Қуръон ва Суннатга хилоф равишда пайдо бўлган нарсалар тўғрисида гап кетмоқда. Дарҳақиқат, Китоб ва Суннатга хилоф равишда янги пайдо бўлган ҳар бир иш, энг ёмон ишдир. Ана ўшандоқ шароитда пайдо бўлган:
«Ҳар бир янги чиққан иш, бидъатдир».
«Бидъат» луғатда, янгидан ўйлаб чиқарилган нарса, дегани. Шариатда эса, Қуръон ва Суннатда зикри келмаган нарсаларнинг янгидан пайдо бўлишидир. Қуръон ва Суннатга хилоф равишда пайдо бўлган ҳар бир нарса, бидъатдир.
«Ҳар бир бидъат залолатдир».
Қуръон ва Суннатга хилоф нарса залолат бўлмай, нима ҳам залолат бўлар эди.
«Барча залолат дўзахдадир».
Қуръон ва Суннатга хилоф равишда пайдо бўлган иш ҳам, унинг қилувчиси ҳам дўзахга тушади. Шунинг учун ҳам Қуръон ва Суннатни маҳкам тутиш лозим. Бунинг учун эса, аввало уларни яхшилаб ўрганиш керак. Ҳақиқий исломий иш нима, ҳақиқий бидъат нима эканлигини яхши ажратиб билмоқ керак. Ушбу ҳадиси шарифни суистеъмол қилиб, ҳамма нарсани бидъатга чиқариб, ҳаммани дўзахга маҳкум қилиб юбормаслик ҳам зурур. Бу маъно олдиги ҳадис шарҳида батафсил баён қилиб ўтилди.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Аллоҳнинг Китоби–энг содиқ каломлиги.
2. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятлари–энг яхши ҳидоятлиги.
3. Қуръон ва Суннатга хилоф нарсалар–бидъатлиги.
4. Ҳар бир бидъат ўз эгаси билан дўзахдалиги.

Биз мусулмонлар бугунги кунда ушбу ҳадисни ҳаётга татбиқ қилишга жуда муҳтожмиз. Аллоҳнинг каломини яхши ўрганиб, унга амал қилишимиз лозим. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳидоятлари–Суннатларини яхши ўрганиб, унга амал қилишимиз лозим. Аллоҳнинг Китоби ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатини маҳкам ушламоғимиз, уларга хилоф бўлган барча бидъатлардан халос бўлмоғимиз керак.

Абу Ҳурарйа розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан четда бўлинглар. Сизларга нимани амр қилган бўлсам, ундан қудратингиз етганини қилинг. Албатта, сизлардан олдингиларни саволларининг кўплиги ва пайғамбарларига хилоф қилишлари ҳалок қилгандир»-дедилар.
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф бобнинг Суннатни маҳкам тутиш қисмига мувофиқдир. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қайтарганларидан қайтиб, буюрганларини қилиш–Суннатни маҳкам тутиш деганидир.
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Ўз зоти шарифларидан содир бўлган наҳий ва амрларга сиз билан биз–У кишининг умматлари қандоқ муносабатда бўлишимиз лозимлигини баён қилмоқдалар. Ҳадиснинг иккинчи қисмида эса, бу ишга нотўғри муносабатда бўлиш ҳалокатга олиб келишини айтиб огоҳлантирмоқдалар.
«Сизларни нимадан қайтарган бўлсам, ундан четда бўлинглар»,-дейдилар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг бошида. Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бизларни нимадан қайтарган бўлсалар, биз ҳеч гап-сўзсиз дарҳол ўша нарсадан четда бўлишимиз, у нарсага умуман яқинлашмаслигимиз керак бўлади. Эътибор берайлик: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам «ундан четда бўлинглар» демоқдалар, «ундан қайтинглар, уни қилманглар» деганлари йўқ. Четда бўлиш қайтиш ва қилмасликдан кўра кучлироқ ишдир. Бир нарсани қилмаслик ёки ундан қайтиш унинг яқинига бормаслик ёки атрофида юрмасликни ифода қилмайди. Четда бўлишлик эса, умуман яқин йўламасликни билдиради. Шунинг учун шариатимизда бирор нарсадан қайтарилган бўлса, ўша нарсанинг сабабчилари ва атрофидаги нарсаларидан ҳам қайтарилган бўлади.
Мисол учун, ароқ ҳаром қилинганми–унга тегишли ҳамма нарса, яъни, уни таёйрлаш, олиб келиш, сотиш, ичганлар билан ўтириш ва бошқалар ҳам ҳаром ҳисобланади.
Шунигдек, зино ҳаром қилиниши билан, унга сабаб бўлувчи ва унга тегишли бошқа нарсалар ҳам ҳаром қилинган. Шу сабабли шариат қайтарган нарсалардан узоқда бўлиш жуда ҳам муҳимдир.
Ҳадиснинг давомида Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизларга нимани амр қилган бўлсам, ундан қудратингиз етганини қилинг», дейдилар.
Ўз-ўзидан маълумки, бундан фарз ва вожиб амаллар мустаснодир. Чунки, бу амалларни ҳеч каму-кўстсиз бажаришни Аллоҳ таолонинг Ўзи амр қилгандир. Бундай амалларни кучим, қудратим етганича қиламан, чарчаб қолсам қолаверади, деб бўлмайди.
Мисол учун: «Тўрт вақт намозни ўқийману, Бомдодга келганда узр, уйғонишим қийин». дейилмайди.
Фарз ва вожиб амаллардан ташқари, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилган ишларни қўлдан келганича қилинаверади. Гапни кўпайтириб, сўраб-суриштириб ўтирилмайди. Мўмин-мусулмон инсоннинг вазифаси–ўз пайғамбари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат, қилиш, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини маҳкам ушлаш. Уларни муҳакама қилиш, сўраб-суриштириш эмас. Зотан, тажрибанинг кўрсатишича бундоқ нотўғри иш ҳеч қачон яхшилик келтирмайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг давомида қуйидагиларни таъкидламоқдалар:
«Албатта, сизлардан олдингиларни саволларининг кўплиги ва пайғамбарларига хилоф қилишлари ҳалок қилгандир»-дедилар».
Мусулмонлардан олдин ўтган кўпгина умматлар буйруқ ва қайтариқларни эшитгандан сўнг индамай амал қилиб кетавермай, саволларни кўпайтириб юборганлари учун ҳалок бўлганлар.
Шунингдек, ўз пайғамбарларига хилоф қилганлари учун ҳалок бўлишган. Мусулмонлар ҳам ўшаларга ўхшаб ҳалок бўлмайлик, десалар, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амр ва наҳийларига сўзсиз амал қилсинлар, саволни кўпайтирмасинлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган нарсадан четда бўлсинлар, У зотнинг фарз ва ваожибдан бошқа амрларига имконлари борича амал қилсинлар, асло Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга хилоф қиламсинлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган нарсалардан четда бўлиш.
2. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амрларига имкон борича амал қилиш (Фарз ва вожиблар бундан мустасно).
3. Шариат амрларини иккиланмай амалга ошириш.
4. Беҳуда саволларни кўпайтирмаслик.
5. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ҳеч қан дай хилоф қилмаслик.
6. Ўтган умматларнинг ҳалок бўлишига сабаб бўлган ишларни қилмаслик.

Мусулмонлар бу ҳадиси шариф ҳикматига ҳозирда ҳар қачонгидан ҳам мухтождирлар. Чунки, уларнинг аксарияти Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам қайтарган нарсадан қайтмайдиган, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилган ишларни эса қилмайдиган бўлиб кетганлар. Мусулмон номини даъво қилиб юрганлардан баъзилари шариат ҳукмлари тўғрисида турли шак-шабҳали саволларни кўпайтиришдан тўхтамайдилар. Уларнинг Пағамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга хилоф қилишлари кўп. Бу нарсаларнинг ҳаммаси ҳалокатга учраш йўлидир. Ҳалокатга учрамаслик учун тезда ўзимизни ўнглаб олишимиз лозим.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мен ва менинг умматимнинг мисоли, худди олов ёқиб ўтирган одам ҳамда унга келиб тушаётган ҳайвон ва капалакларга ўхшайди. Мен сизнинг белбоғингиздан тутиб турувчиман, сиз эса ўзингизни оловга урасиз»-дедилар. (Икки ҳадисни икки Шайх ва Термизий ривоят қилишган).
Шарҳ: Бу ҳадис ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадиси шарифларида У зотнинг Суннатларини маҳкам ушлашга ишора борлиги учун ушбу бобда келтирилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари билан умматлари орасидаги муносабатлар ҳаётдан олинган мисол билан тушунтириб берилмоқда:
Қоронғу кеча. Бир одам олов ёқиб ўтирибди. Турли ҳашорат ва капалаклар келиб, ўзини оловга уриб ҳалок бўлмоқда. Олов ёнидаги одамнинг ҳайвон ва капалакларни оловдан тинмай ҳайдашига қарамай, улар ўзларини оловга уриб, куйиб кетмоқда. Улар ўзларидан олдинги шерикларини ҳалок бўлаётганини кўриб-билиб туриб ҳам яна ўзларини ҳалокатга урадилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам ўша турли жонзот ва капалакларни оловдан қайтараётган шахсга ўхшаб, одамларни дўзах оловидан, унга тушишга сабаб бўладиган ишлардан қайтарадилар. Уларни белбоғларидан ушлаб оловдан нарига тортишга ҳаракат қиладилар. Одамлар эса, капалаклар мисоли у кишига қаршилик кўрсатиб, ўзларини оловга ураверадилар. У киши рафиқул Аълога реҳлат қилганларидан сўнг бу ишни Суннатлари қилади. Ким Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига амал қилса, дўзах оловидан сақланиб қолади, акс ҳолда, ўзини оловга урган капалакдек ҳалок бўлади.
Ушбу ҳадисда ажойиб бадиий ўхшатишни кўрмоқдамиз. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини маҳкам тутиш нақадар зарурлигини тамсил орқали тушуниб етмоқдамиз.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Умматимнинг барчаси жаннатга кирар, лекин бош тортганларгина кирмас»- дедилар. Одамлар: «Эй Аллоҳнинг Расули, ким бош тортади?!»-дедилар. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ким менга итоат қилса жаннатга киради, ким менга осий бўлса, батаҳқиқ бош тортган бўлади»-дедилар. (Бухорий ривоят қилганлар)
Шарҳ: Бу ҳадис ҳам Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмон одамнинг жаннатга кириши Ўзларига итоат қилишга боғлик эканини таъкид қилмоқдалар.
«Умматимнинг барчаси жаннатга кирар, бош тортгангина кирмас».
Яъни, Умматимнинг киришдан бош тортганларидан бошқа ҳаммаси, албатта жаннатга киради», демоқдалар. Бундан ажабланган Саҳобалар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, ким бош тортади?!» дедилар. Яъни, Жаннатга киришдан бош тортган одам ҳам бўладими?! дедилар. Бу саволга жавобан У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким менга итоат қилса жаннатга кирар, ким менга осий бўлса бош тортган бўлади»-дедилар.
Яъни, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоатдан бош тортиш, жаннатга киришдан бош тортишга баробардир. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш, У кишини Суннатларини маҳкам тутиш билан бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига амал қилмаган одам эса, у кишига осий бўлади. Демак хулоса аниқ:
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига итоат-жаннат!
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига осийлик-дўзах!

Жобир розияллоҳу анҳу айтадилар: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ухлаб ётганларида ҳузурларига фаришталар келдилар. Баъзилари: «Ухлаб ётибди»- дейишди. Баъзилари эса: «Кўз ухлоқ, қалб уйғоқ»-дейишди. Улар: «Мана шу биродарингизнинг бир мисоли бор. Қани бунга мисол келтирингларчи»-дедилар. Баъзилари: «У ухлаб ётибди»-дедилар. Баъзилари: «Кўз ухлоқ, Қалб уйғоқ»-дейишди. Бас Улар: «Албатта, бунинг мисоли, худди бир ҳовли қуриб, зиёфат уюштирган зотга ўхшайди. Ўша зот бир даъватчи юборибди. Бас, ким даъватчига жавоб берса, ҳовлига киради ва зиёфатдан баҳм кўради. Ким даъватчига жавоб бермаса, ҳовлига кирмайди ва зиёфатдан баҳам ҳам кўрмайди»-дедилар. Улар: «Буни Унга таъвил қилинглар, тушунсин»-дейишди. Баъзилари:
«У ухлаб ётибди»-дедилар. Баъзилари эса: «Кўз ухлоқ, қалб уйғоқ»-дедилар. Бас Улар: «Ҳовли–жаннат, даъватчи–Муҳамад соллаллоҳу алайҳи васаллам. Ким Муҳаммадга итоат қилса, батаҳқиқ Аллога итоат қилибдир. Ким Муҳаммадга осий бўлса, батаҳқиқ Аллоҳга осий бўлибди. Муҳаммад–одамлар орасини фарқловчидир»-дедилар
». (Бухорий ва Термизий ривоят қилишган).
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Жобир ибн Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Биз у киши билан танишмиз. Сўз яна Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат–У зотнинг суннатларини маҳкам тутиш ҳақида кетмоқда.
Бу сафар Аллоҳ таоло билан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мисолларини, олий мақомнинг вакиллари, Аллоҳнинг муқарраб фаришталари–табиатида исён йўқ, амр қилинган нарсани сўзсиз бажарадиган зотлар-фаришталар, қилмоқдалар. Шунинг ўзи ажойиб бир руҳоний ва олий ҳолатни вужудга келтирмоқда.
Аллоҳ таолонинг ҳабиб Пайғамбари, оламларнинг сарвари, мўминларнинг шафоатчиси Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ухлаб ётибдилар. Бу улуғ зот ҳурматидан Аллоҳнинг фаришталари У киши ётган жойга келдилар. У зотни кўрган фаришталарнинг
«Баъзилари: «Ухлаб ётибди»- дедилар».
Яъни, Биз унинг ҳузурига иш билан келган эдик, у ухлаб ётибди экан. Нима қиламиз?-демоқчи бўлдилар. Шунда:
«Баъзилари эса:
«Кўз ухлоқ, қалб уйғоқ»-деди
».
Яъни, бу зотнинг кўзи ухлагани билан қалби ухламайди, ишимизни бошлаверайлик, демоқчи бўлдилар. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзлари ҳам, менинг кўзим ухлайдию, қалбим ухламайди, деганлар. Умуман бошқа пайғамбарларнинг ҳам кўзлари ухлаб, қалблари ухламайди. Эҳтимол фаришталарнинг орасидаги ўзаро суҳбат ҳам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари ухлагани билан қалблари ухламаслигини қайта-қайта таъкидлаш учун келтирилаётгандир.
Нима бўлганда ҳам ўзаро суҳбатдан кейин фаришталар ўзлари қилиши лозим бўлган ишни бажаришга киришдилар.
«Улар:
«Мана шу биродарингизнинг бир мисоли бор. Қани бунга мисол келтирингларчи»-дедилар
».
Мана шу ухлаб ётган биродарингиз улуғ бир масъулият юклатилган одам. Аллоҳ таоло уни маълум иш учун танлаб олган. Унинг одамларга алоқаси бор. Ана ўшаларни нимага ўхшатиш мумкин. Қани бир ўхшатиб кўринг-чи, дейилди. Яна улардан
«Баъзилари:
«У ухлаб ётибди»-дедилар
».
Яъни, қандоқ бўлар экан, у ухлаб қолибди. Биз, унга мисол келтирсак, ўзи эшитармикан?, демоқчи бўлдилар. Шунда бошқа
«Баъзилари:
«Кўз ухлоқ, Қалб уйғоқ»-дедилар
».
Яъни, бу одамнинг кўзи ухлагани билан қалби ухламайди. Ҳамма нарсани билиб туради, сиз мисолни келтира беринг, у эшитади, демоқчи бўлдилар.
«Бас Улар:
«Албатта, бунинг мисоли, худди бир ҳовли қуриб, зиёфат уюштирган зотга ўхшайди. Ўша зот бир даъватчи юборибди. Бас, ким даъватчига жавоб берса, ҳовлига киради ва зиёфатдан баҳам кўради. Ким даъватчига жавоб бермаса, ҳовлига кирмайди ва зиёфатдан баҳам ҳам кўрмайди»-дедилар
».
Фаришталар бу мисол билан Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хушхабар башоратини берувчилик сифатларини баён қилдилар. Олдинги ҳадисдаги мисолда ёмон ҳолатдан, азоб-уқибатдан огоҳлантирувчилик сифатлари васф қилинган эди.
Энди эса, қурилган ҳовли, уюштирилган зиёфат ва ўша зиёфатга одам таклиф қилиш ҳақида сўз кетмоқда. Келтирлган мисолни эшитганлар турлича тушуниши ва таъвил қилиши мумкин. Аммо ўша мисоллардан кўзланган маънони энг яхши тушунган тараф уни келтирган тараф бўлади.
Шунинг учун ҳам фаришталар ўзлари келтирган мисолни ўзлари таъвил қилиб, ўзлари кўзлаган маънонинг ҳақиқатини очмоқчи бўлдилар:
«Улар:
«Буни Унга таъвил қилинглар, тушунсин»-дедилар
».
Яъни, бу мисолни ухлаб ётган биродарингизга шарҳ қилиб беринг, нима маъно кўзланганини тушунсин-демоқчи бўлдилар. Лекин, яна улардан
«Баъзилари:
«У ухлаб ётибди»-дедилар
».
Яъни, У ухлаб ётибди-у, биз мисолни таъвил қилсак, у тушунармикан? демоқчи бўлдилар. Шунда яна
«Баъзилари эса:
«Кўз ухлоқ, қалб уйғоқ»-дедилар
».
Яъни, таъвилни қилаверинглар. Унинг кўзи ухлагани билан, қалби ухламайди, У албатта таъвиилингизни тушунади, дедилар. Сўнгра улар мисолни таъвил қила бошладилар.
«Улар:
«Ҳовли–жаннат, даъватчи–Муҳамад соллаллоҳу алайҳи васаллам
»-дедилар.
Демак, ҳовли-жаннат-барпо қилган зот–Аллоҳ! Унда зиёфат уюштирган зот ҳам–Аллоҳ! Ҳовлидаги зиёфат–жаннатнинг неъматлари. Зиёфатга одам чиқариб келиш учун даъватчи юборган зот–Аллоҳ. Даъватчи эса–Муқаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам. Даъватчи–яъни Пайғамбаримизга ишониб, унинг чақириғига жавоб берганлар–мўмин-мусулмонлар. Улар Аллоҳ юборган даъватчи, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг даъватини–Исломни қабул қилганлари учун жаннатга кирадилар ва ундаги нозу-неъматлардан баҳраманд бўладилар. Даъватчига жавоб бермаганлар–кофирлар. Улар Аллоҳ таоло юборган даъватчи–Муҳаммад алайҳиссаломнинг даъватлари–Исломни қабул қилмаганлари учун жаннатга кирмайдилар ва зиёфатдан баҳраманд бўлмайдилар.
Фаришталар ўз гапларини қуйидаги сўзлар билан тугатдилар:
«Улар:
«Ким Муҳаммадга итоат қилса, батаҳқиқ Аллоҳга итоат қилибдир. Ким Муҳаммадга осий бўлса, батаҳқиқ Аллоҳга осий бўлибдир. Муҳаммад–одамлар орасини фарқловчидир»-дедилар
».
Чунки, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга фақат Аллоҳнинг амрини етказадилар. Ўзларидан бир нарсани чиқармайдилар. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш ёки осий бўлиш орқали одамлар иккига ажраб фарқланадилар.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилганлар мўмин-мусулмон–аҳли жаннат бўладилар.
Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлганлар эса, кофир ва мунофиқ–аҳли дўзах бўладилар. Одамларнинг орасини бундоқ қилиб фарқловчи– Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам ухлаб ётганларида ҳам ҳузурларига фаришталарнинг келиши.
2. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг кўзлари ухласа ҳам, қалбларининг ухламаслиги.
3. Фаришталар томонидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга мисол келтириш борлиги.
4. Жаннатнинг ҳозирдан тайёрлаб қўйилгани.
5. Жаннатнинг нозу-неъматлари ҳақ экани.
6. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтириб, у кишининг динлари–Исломга амал қилганларнинг жаннатга кириши.
7. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга иймон келтирмаган, Исломга амал қилмаганларнинг жанатга кирмаслиги.
8. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга итоат қилиш–Аллоҳга итоат қилиш эканлиги.
9. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга осий бўлиш–Аллоҳга осий бўлиш эканлиги.
10. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларнинг орасини фарқловчи эканликлари.

Демак, ҳамма нарса очиқ-ойдин: ўйлаб ўтирадиган жойи йўқ. Ким бахтли бўлишни, жаннат нозу-неъматларидан баҳраманд бўлишни хоҳласа, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини маҳкам тутсин, унга оғишмай амал қилсин, Суннатга амал қилмай у зотга осий бўлганларнинг эса, ҳолига вой!

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мақбарага кирдилар-да: «Ассалому алайкум, эй мўмин қавмлар диёри! Албатта биз ҳам сизга қўшилувчимиз. Бир биродарлариимизни кўрмоқни хуш кўрдим»-дедилар. Одамлар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, биз биродарларингиз эмасмизми?»-дедилар. У зот: «Сизлар саҳобаларимсиз. Биродарларимиз, ҳали-ҳануз келганларича йўқ»-дедилар. Улар: «Эй Аллоҳнинг Расули, ўз умматингиздан ҳали-ҳануз келмаганларини қандоқ танийсиз?-дедилар. Бас, У зот: «Айтингчи, бир одамнинг қоп-қора отлар ичида юзи ва оёқ қўллари оппоқ порлаган отлари бўлса, у зот отларини таний оладими?»-дедилар. Одамлар: «Албатта, эй Аллоҳнинг расули»-дедилар.У зот: «Албатта, улар таҳоратнинг асаридан юзлари ва оёқ қўллари порлаган ҳолда келурлар. Мен уларни ҳовуз устида кутиб олувчилариман. Огоҳ бўлинким, албатта, бир гуруҳ одамлар менинг ҳовузимдан худди қочган туяни қайтарилганидек қайтарилурлар. Мен: «Ҳой, бу ёққа келинглар»-деб уларга нидо қилурман. Шунда: «Батаҳқиқ, улар сендан кейин ўзгартириб юборадилар»-дейилади. Мен: «Ундоқ бўлса, ҳалок бўлсинлар, ҳалок бўлсинлар» -дейман
»-дедилар. (Муслим ва Насаий, баъзисини Бухорий ривоят қилишган).
Шарҳ: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинаётган ушбу ҳадиси шарифда машҳур ҳодиса ва унда бўлиб ўтган гапларнинг бази тарафлари зикр қилинмоқда.
Аслида воқеа қўйидагича бўлган эди. Бир куни саҳобалар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни йўқотиб қўядилар. Бир-бирларидан сўраб суриштирадилар. Кимдан сўрасалар, ҳозир шу ерда кўрган эдик, дейди. Сўраб-сўраб бориб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни қабристондан топадилар ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, сизни йўқотиб қўйиб, кўнглимизга ҳар хил гаплар келди, хавотир бўлдик» дейишади. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жумладан, ушбу ҳадисда келган гапларни айтадилар.
Ушбу ҳадисда келган, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам билан саҳобаи киромлар орасидаги суҳбат қабристонда бўлиб ўтган. Келинг, ушбу суҳбатни батафсил ўрганиб чиқайлик. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам аввало қабристонни зиёрат қилувчининг одобига амал қилиб:
«Ассалому алайкум, эй мўмин қавмлар диёри! Албатта биз ҳам сизга қўшилувчимиз»,- деб аҳли қабр мўмин-мусулмонларга салом бердилар. Сўнг:
«Бир, биродарларимизни кўрмоқни хуш кўрдим»,-дедилар».
Саҳобалар ўзларини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биродарлари, деб билишар эди. Шунинг учун у зотнинг бу гапларидан ажабландилар:
«Эй Аллоҳнинг Расули, биз биродарларингиз эмасмизми?»- дедилар. У зот:
«Сиз саҳобаларимсиз, биродарларимиз ҳали- ҳануз келганларича йўқ»-дедилар.
Яъни, сизлар суҳбатимни топган саҳобаларимсиз. Аммо биродарларимиз ҳали-ҳануз келишганлари йўқ, кейинчалик келадилар, дедилар. Бошқа бир ривоятда: «Мендан кейин келадилар, мени кўрмасдан, менга иймон келтирадилар». деганлар. Бу гапдан кейин саҳобаларда янги савол пайдо бўлди. Улар:«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бизнику кўриб билиб,таниб олганлар. Аммо ўзларидан кейин келган умматларини кўп халойиқнинг ичидан қандоқ таниб олар эканлар?»-деб ўйлайдилар ва:
«Эй Аллоҳнинг Расули, ўз умматингиздан ҳали-ҳануз келмаганларини қандоқ танийсиз?»- дедилар.
Албатта гап қиёмат куни ҳақида кетмоқда. Чунки, у кундан бошқа вақтда кўришиш, танишиш имкони йўқ. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу саволга мисол келтириш билан жавоб бердилар:
«Айтингчи, бир одамнинг қоп-қора отлар ичида юзи ва оёқ-қўллари оппоқ порлаган отлари бўлса таний оладими?»-дедилар. Саҳобалар:
«Албатта, Эй Аллоҳнинг Расули»-дедилар. Шунда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Албатта, улар юзлари ва оёқ-қўллари таҳоратнинг асаридан порлаган ҳолда келурлар»-дедилар. Яъни, мендан кейин келган умматларим қиёмат куни куфр ва гуноҳдан қоп-қора бўлиб кетган одамлардан ажралган ҳолда, таҳорат қилганда сув теккан жойлари, юзлари ва оёқ-қўллари гўзал бўлиб порлаган ҳолларида келурлар. Мен уларни ана ўша аломатларидан таниб олурман, дедилар. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гаплари таҳорат нақадар фазилатли эканини кўрсатади. Мўмин-мусулмон одам намоз ўқиши, тавоф қилиши ва Қуръон ушлаши ва ўқиши учун таҳорат қилмоғи шарт. Умуман доимо таҳоратли юриши эса фазилат. Таҳоратнинг фазллари жуда ҳам кўп. Жумладан, таҳорат қилган одам ҳар аъзосини ювганда ўша аъзолардаги гуноҳлар тўкилиши ҳақида ҳадислар бор. Аммо бу ҳадисда ҳақиқий мўмин-мусулмон одамда таҳоратининг асари қиёмат куни қандоқ зоҳир бўлиши баён қилинмоқда.
Қиёмат қойим. Ҳамма ёқда мисли йўқ алғов-далғов. Одам Атодан тортиб то қиёматгача яшаб ўтган халойиқ қайта тирилтирилиб, Маҳшаргоҳга тўпланган. Қиёматнинг даҳшатидан гўдакларнинг сочи оқарган, эмузикли аёллар ўз боласини унутган. Ота болани, бола отани танимайди. Ҳамма ўзи билан ўзи овора. Биров бировни таниши у ёқда турсин, кўрмайди ва сезмайди ҳам. Ана шундай тўс-тўполонниг ичида, шунча халойиқнинг орасида фақат бир киши ўз одамларини осонгина таниб олади. У зот-ҳабиби Роббил оламин Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдирлар. Аллоҳ таоло ўз ҳабиби учун умматларини осон таниб олишни таъминлаган. Ажойиб, гўзал бир аломат қилиб қўйган. Бу аломат мўмин банданинг бу дунёда иймон ва ихлос билан қилган таҳорати асаридир. Қиёмат куни мўмин банданинг таҳорат олганда сув теккан аъзолри оппоқ бўлиб порлаб туради.
Кофирлар, мунофиқлар, бетаҳоратлар юзлари, баданлари, оёқ-қўллари қоп-қора ҳолатда, хору зор юрганларида, мўминларнинг юзлари, оёқ-қўлларидан нур порлаб туради. Маҳбуб пайғамбарлари уларни ана ўша нурдан таниб оладилар. Шунинг учун ҳам таҳоратни кўпроқ қилиш, ҳамиша таҳоратли юриш керак. Ким бу ишни кўпроқ қилса, қиёмат куни юзи, қўл-оёқларидан порлайдиган нури кўп бўлади, оз қилса оз. Қилмаса, нури умуман бўлмайди. Расулуллоҳ уни танимайдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг давомида таҳорат асаридан юзи, оёқ-қўллари порлаб турган умматларини қаерда кутиб олишларини ҳам айтмоқдалар:
«Мен уларнинг ҳовуз устида кутиб олувчилариман».
Бу ҳовуз ҳақида ўттиздан ортиқ соҳобалардан турли ҳадислар ривоят қилинган. Имом Бухорий ҳазрати Анас Ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг ҳовузимнинг миқдори Ийладан Яманнинг Санъосигачадир. Ундаги кўзалар юлдузларнинг ададичадир», деганлар. Ҳовуз ҳақидаги ҳадисларнинг умумий маъносидан қўйидаги маълумотлар чиқади: Бу ҳовуз жуда улкан, муҳтарм бир жойдир. Унга жаннатдаги Кавсар анҳоридан шароб оқиб келади. Унинг шаробининг ранги сутдан оқ, муздан совуқ, асалдан ширин, мушкдан кўра хушбўйдир. У жуда ҳам кенг бўлиб, бўйи билан эни тенгдир.
Имоми Термизий ривоят қилгаан ҳадисда: «Ҳар бир Пайғамбарнинг ҳовузи бордир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳовузлари энг каттаси, энг ширини ва энг кўп одам келадиганидир»-дейилган. Бу ерда ҳам ўша ҳовуз ҳақида сўз кетмоқда. Мазкур ҳовуздан шароб ичиш, жаннатийликнинг аломати, улкан бахт ва буюк саодатдир. Пайғамбаримиз ўша ҳовуз устида туриб, таҳорат асаридан юзлари, оёқ-қўлларида нур порлаб турган умматларини кутиб оладилар. Бу дунёда Иймон-Исломда бўлганлар, таҳорат асаридан юзлари, оёқ-қўллари порлаган ҳолда келиб, Пайғамбарлари Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам устида кутиб турган ҳовуз шаробидан ичиш бахтига муяссар бўладилар.
Аммо бошқача ҳолат ҳам бўлади. Бу кўнгилсиз ҳолатни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагича васф қиладилар:
«Огоҳ бўлингким, албатта бир гуруҳ одамлар менинг ҳовузимдан худди қочган туяни қайтарилганидек қайтарилурлар».
Қочган туя ўзи хоҳлаган томонга кетаётганда йўлини тўсиб чиқиб, узоқдан ҳайдаб қайтарилади. Бахтли умматлар келиб ҳовуздан шароб ичаётган бир пайтда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам фаришталарни ҳовуздан шароб ичиш мақсадида келаётган баъзи одамларнинг йўлларини тўсиб чиқиб, худди қочган туяни мақсадига етишдан қайтараётгандек қайтараётганларини кўрадилар. Кейин нима бўлишини қуйидагича баён қиладилар:
«Мен: ҳой буёққа келинглар»-деб нидо қилурман».
Яъни, Пайғамбариимз ҳалиги одамларни қайтиб кетаётганларини кўриб, ўз ҳузурларига чақирадилар. У шўрликлар жавоб беришга ожизлар. Шунда фаришталар томонидан:
«Улар сендан кейин ўзгартириб юбордилар»-дейилади. Яъни, ўша ҳовуздан қайтарилаётганлар, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламдан кейин эътиқодни, динга амал қилишни, Қуръон ва Суннатни маҳкам тутишни ўзгартириб юборганлар. Улар эътиқодни бузганлар, Исломга амал қилмай қўйишган, ёки баъзисига амал қилиб, баъзисига амал қилмайдилар. Шунинг учун ҳовуздан худди қочган туяни қайтарилганидек қайтарилмоқдалар. Буни эшитиб, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нима дейишларини У зотнинг ўзларидан эшитайлик:
«Мен:
«Ундоқ бўлса, ҳалок бўлсинлар, ҳалок бўлсинлар»-дейман».
Яъни, йўқолсинлар, ҳовузга яқин келмасинлар, дейдилар. Демак Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан кейин нотўғри йўлга кетганлардан юз ўгирадилар. Эътиқодни, динни ҳамда китоб ва Суннатга амал қилишни ўзгартирганларга ҳалокат тилайдилар.
Уларнинг ўзларининг ҳовузларидан шароб ичмасликларига рози бўладилар.

Ушбу ҳадисдан олинадигон фойдалар:

1. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мақбарани зиёрат қилганлар.
2. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларидан кейин келадиган мухлис умматларини «биродарларим» деб атаганлар ва уларни кўрмоқни орзу қилганлар.
3. Саҳобалар ушбу ҳодисагача ўзларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга биродар ҳисоблаб юрганлар.
4. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ни кўрмай туриб, у кишига иймон келтирган ва Исломга амал қилганларнинг алоҳида фазллари борлиги.
5. Қиёмат қойим бўлишининг ҳақлиги.
6. Қиёматда Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга уммат бўлиш шарафига эга бўлган мухлис кишиларда таҳорат асари порлаб бошқалардан ажраб туришлари ҳақлиги.
7. Бунга ўхшаш нарсаларни тушунтириш учун ҳайвонларни мисол келтиришнинг жоизлиги.
8. Тушунмаган нарсани одоб билан сўраб ўрганишнинг яхшилиги.
9. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳовузлари ҳақлиги.
10. Осий, бетавфиқ ва динни ўзгартирувчилар ҳовуздан шароб ича олмайдилар.
11. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ундоқ кишиларга ҳалок бўлиши ҳақида дуо қилганлар.

Ушбу ҳадиси шарифни яхши тушуниб, унинг тақозоси бўйича иш тутсак, ҳар биримиз қиёматда таҳорат асаридан порлаб турадиган нуримиз кўпроқ вуа кучлироқ бўлиши учун ҳаракат қилсак қандоқ ҳам яхши бўлар эди. Ҳар биримиз Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳовузларидан сутдан оқ, асалдан ширин, мушкдан хушбўй шаробдан ичишга мушарраф бўлиш учун қўлимиздан келган ҳар бир ишни ҳозирдан бошласак қандоқ яхши бўлар эди. Бунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтларида Қуръон ва Суннатга қандоқ амал қилинган бўлса, ҳозирда ҳам ана шу даражага эришиш учун ҳаракат қилишимиз лозим бўлади.

Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Бир куни бомдод намозидан сўнг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам, бизга ўта балоғатли ваъз қилдилар. Ундан таъсирланиб кўзлар ёш тўкди, қалблар титроққа тушди. Шунда бир одам:
«Бу-видолашувчининг мавъизаси-ку! Эй Аллоҳнинг Расули, бизга нимани васият қиласиз?»-деди. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизларга Аллоҳга тақво қилишни, агар ҳабаш қул (бошлиқ) бўлса ҳам қулоқ осиб, итоат қилишингизни васият қиламан. Сиздан ким яшаб турса, кўплаб ихтилофларни кўради. Сиз янги пайдо қилинган ишлардан эҳтиёт бўлинг, чунки, улар-залолатдир. Сиздан ким ўшанга етиб борса, бас унга менинг Суннатимни ва рошид-ҳидоятли халифаларнинг Суннатини маҳкам ушлаш лозим бўлади. Бас уни маҳкам тишлангиз
»-дедилар.
Шарҳ: Аввал ушбу ҳадиси шарифнинг ровийлари ал-Ирбоз ибн Сория розияллоҳу анҳу билан танишайлик: Ирбоз ибн Сория ас-Салмо розияллоҳу анҳу расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир нечта ҳадислар ривоят қилдилар. Бу зот ҳижратнинг 75 йили Ибн Зубайр фитнасида вафот этдилар.
Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини маҳкам ушлаш ўта зарур масала эканлиги очиқ-ойдин айтилмоқда. Ҳадиснинг ровийлари Ирбоз Ибн Сория розияллоҳу анҳунинг ҳикоя қилишларича бир куни бомдод намозидан сўнг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одамларга ўта таъсирли ваъз айтганлар. Бу ваъзни эшитиб, кишилар кўзларидан ёш тўкканлар, қалблари эса ларзага келган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ваъзлари одатдагидан бошқачароқ бўлган. Буни эшитувчилар ҳам пайқаганлар. Улар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғайри оддий ваъз қилганларини тушуниб етганлар.
«Шунда бир одам:
«Бу-видолашувчининг мавъизаси»ку! Эй Аллоҳнинг Расули, бизга нимани васият қиласиз?»-деди
».
Гапирувчи одам Расули Акрам бу дунё билан видолашаётган, саҳобалар билан видолашаётган киши сифатида ваъз қилганларини, бу ваъз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умрларининг охиридаги ваъзларидан бири эканини англаб етган эди. Шунинг учун бу фурсатни ғанимат билиб, Расулуллоҳдан ўз умматларига васият қилишларини сўради.
Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам «бу видолашувчининг ваъзи эмас», демадилар. Балки, ўз сукутлари билан ҳалиги одамнинг гапини тасдиқладилар. Мавъизалари видолаувчининг мавъизаси эканини иқрор қилдилар. Бунинг устига, ўша одамниг талабига биноан ўз васиятларини бошладилар ва
«У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизларга Аллоҳга тақво қилишни, агар ҳабаш қул (бошлиқ) бўлса ҳам, қулоқ осиб, итоат қилишингизни васият қиламан
»- дедилар.
Тақводорлик ҳар бир мусулмон учун ўта муҳим нарса бўлганидан Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу масалани ўз васиятларида биринчи бўлиб зикр қилдилар. Аллоҳ таолога тақво қилиш, У зотнинг азобига, дўзах азобига сабаб бўладигон нарсалардан ўзини сақлашдир. Тақводорлик маълум кийим, маълум таом, маълум макон ва маълум қўшимча ибодатлардан иборат эмас.
«Тақво» сўзининг луғавий маъноси «сақланиш»дир Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу «Тақво»-араб тилида сертикан майдондан болдирларини очиб, ўзига тикан теккизмай ўтиб кетишини англатади, деган эканлар.
Шариатда эса, тақво Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтишни англатади. Яъни, бу дунё ҳаёти майдонидаги гуноҳ тиканларини ўзига теккизмай ўтишни билдиради. Ҳамма бало-офат тақвосизликдан келиб чиқади. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳга тақво қилишга қаттиқ тавсия этмоқдалар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу васиятларида таъкидланган иккинчи масала, бошлиққа қулоқ осиб, итоат қилиш зарурлигидир. У зот, агар ўша бошлиқ ҳабаш қул бўлса ҳам, ҳеч бошқа хаёлга бормай, унга қулоқ осиб, итоат қилишни васият қилмоқдалар. Бу Ислом таълимотидаги энг муҳим омиллардан ҳисобланади. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бошқа ҳадисларида ҳам бунга алоҳида эътибор берганлар. Бунинг маълум сабабилари бор бўлиб, уларни Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг давомида баён қилмоқдалар:
«Сиздан ким яшаб турса, кўплаб ихтилофларни кўради».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу гаплари кўп ўтмай юзага чиқди. Учинчи халифа Усмон розияллоҳу анҳу шаҳид этилганларидан сўнг саҳобалар ўртасида халифалик тўғрисида хилоф чиқди. Кейинчалик бу хилоф кучайиб, кўпгина бало-офатларга сабаб бўлди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг юқоридаги гаплари ушбу ихтлофларга ишорадир.
Энди У зотнинг шундай пайтда ўзни қандоқ тутиш ҳақидаги тавсиялар келади:
«Сизлар янги пайдо қилинган ишлардан эҳтиёт бўлинг».
Чунки, Китоб в Суннатда, шариатда йўқ бўлган ишлар янги пайдо қилинади. Улар бидъатдан иборат бўлади. Ана ўшалардан сақланиш керак:
«Чунки, улар-залолатдир»
Залолатдан сақланиш эса, ҳар бир мўминнинг бурчидир.
«Сиздан ким ўшанга етиб борса, бас, унга менинг Суннатимни ва рошид-ҳидоятли халифаларнинг Суннатини маҳкам ушлаш лозим бўлади. Бас уни маҳкам тишлангиз»-дедилар.»
Яъни, сиздан ким ўша ихтилофлар кўп чиқадиган даврга етиб борса, у ўша пайтда менинг ва рошид-ҳидоятли халифаларнинг Суннатини маҳкам ушласин!
Маълумки, ихтилоф чиққанда, гап-сўз кўпаяди. Ҳар ким ўз ишини маъқуллашга уринади. Ҳамма ўзиникини тўғри, деб ҳисоблайди. Натижада ҳамма нарса аралаш-қуралаш бўлиб кетади. Бу вақтда ким нима қилиши керак? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг тавсиялари бўйича, у зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини маҳкам ушлаган одам адашмайди. Қолаверса, рошид (тўғри йўлда юрган), ҳидоятли (ҳидоят йўлини топган) халифаларнинг Суннатини ушлаш лозим. Ушлаганда ҳам худди тиш билан тишлагандек қилиб ушлаш керак. Одатда авайлаб, эҳтиёт қилиб, гард юқтирмасдан олиб юрилган нарсани «тиши билан тишлаб, олиб юрибди», дейилади.
Демак, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва хулафои рошидинларнинг Суннатларини ҳам ана шундоқ қилиб ушлаш лозим экан.
Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадисларидан у кишига халифа-ўринбосар, Ислом давлатига бошлиқ бўладигон кишилардан баъзилари рошид ва ҳидоятли бўлишларини билиб оламиз. Бу баъзилари ундай эмас деганидир. Ислом уммати Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бошқа ҳадисларига ва бўлиб ўтган ҳодисаларга суянган ҳолда ҳазрати Абу Бакр Сиддиқ, Умари Одил, Усмон Зуннурайн ва Али ал-Муртазо розияллоҳу анҳумларни хулафои рошидинлар, деб тан олган. Баъзи кишилар Умар ибн Абдул Азизни ҳам қўшадилар.
Шу билан бирга хулафои рошидинларнинг айтган насиҳатлари, тутган йўлларини ҳам Суннат, дейиш мумкинлигини, оғир пайтларда, ихтилофли вақтларда Суннатни маҳкам тутиш айниқса зарурлигини англаб оламиз.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Бомдод намозидан сўнг ваъз қилишнинг жоизлиги.
2. Ваъздан таъсирланиб йиғлашнинг яхшилиги.
3. Гапнинг маъносига қараб унга баҳо бериш мумкинлиги. Чунки ҳалиги саҳобий розияллоҳу анҳу Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг гаплари маъносидан, бу гапнинг видолашувчининг гапига ўхшашлигини тушуниб етдилар ва бу баҳони очиқ айтдилар.
4. Умри охирлаб қолганини гумон қилган кишидан васият қилишни сўраш мумкинлиги.
5. Васият қилиши сўралган киши, васият қилиши кераклиги.
6. Аллоҳ таолога тақво қилиш ўта аҳамиятли экани.
7. Ислом давлати бошлиғига қулоқ осиб, итоат қилиш зарурлиги.
8. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мусулмонлар орсидан турли ихтилофлар чиқишини олдиндан айтиб берганлари.
9. Ихтилофли пайтда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ва хулафои рошидинларнинг Суннатини яна ҳам маҳкам ушлашлик лозимлиги.
10. Халифаларнинг рошидлари ва норошидлари бўлиши.
11. Рошид хулафоларнинг ҳам Суннати бўлиши.
12. Суннатни тиш билан тишлагандек авайлаб ушлаб юриш лозимлиги.

Бугунги кунимизда мусулмонлар орасидаги ихтилофлар мисли кўрилмаган даражада кўпайди. Турли савиядаги, турли табиатдаги ихтилофларнинг сон-саноғига етишнинг ҳам иложи йўқ.
Энг аввало, Ислом, мусулмонлик ҳақида ихтилоф кўп. Баъзилар, ота-бобоси мусулмон бўлган наслдан туғилган одам-мусулмон, дейди. Бошқалари бу шартга хатна ёки жанозани ҳам қўшади. Учинчилари эса калимаи шаҳодатни айтишни ҳам қўшади. Тўртинчилари намоз билан рўзани ҳам қўшади. Кимдир беш рукнни амалга оширмаса бўлмайди, дейди.
Кимдир «лойиқлик», яъни, дин ҳар кишининг қалбида бўлсин, бошқа нарса билан иши бўлмасин, деган тузум, Ислом учун энг мос, дейди. Биров, Ислом-сосиализм деганидир, дейди.
Яна бошқа биров, подишоҳлик тузуми-ҳақийқий Исломий тузум, дейди.
Яна кимдир, демократия-Ислом учун энг боп тузум, дейди. Бу гапларни «диндор бўлмаган» тоифалар айтишади.
«Диндор» тоифалар, аввало «диндор бўлмаган» ларни мусулмон ёки кофир эканлиги тўғрисида ихтилоф қиладилар. Сўнгра ўзаро ихтилофга киришадилар.
Суфийлар: ҳақийқий Ислом-тасаввуфдир, дейдилар.
Салафийлар: Суфийлар кофир, залолатдаги кишилар, дейди.
Расмий ташкилотлар ноҳукумий ташкилотларини сўкадилар.
Ноҳукумий ташкилотлар расмий ташкилотларни хиёнатда, ҳукуматга малайликда айблайдилар.
Кимдир, сиёсатни қўлга олмагунча, ҳеч нарса қилиб бўлмайди, дейди.
Иккинчиси-сиёсатга умуман яқинлашмаслик, фақат диний тарбия билан машғул бўлиш керак, дейди.
Учинчиси-қўлга ҳурол олиб курашиш даркор, дейди.
Тўртинчиси, қўлига қурол олганлар боғийдир, уларга қарши курашиш лозим, дейди.
Биттаси, Ғарбга эргашган маъқул деса, иккинчиси, Шарқга эргашган тузук, дейди. Умуман бунақа ихтилофларнинг адосига етиб бўлмайди.
Демак, ҳозир Китоб ва Суннатни тиш билан тишлагандек маҳкам тутиш вақти экан. Ҳамма нарсани Китоб ва Суннатга мувофиқ олиб боришни ҳаддан ташқари кучайтириш лозим экан. Бунинг учун эса, Китоб билан Суннатни етарлича ўрганиш, уларни ўрганган уламоларнинг асарларини ўрганиш, ўргатиш керак. Ҳар бир нарсани аслида қандоқ бўлса, шундай ҳолатда амалга ошириш учун ҳаракат қилиш керак. Ушбу ҳадиси шарифнинг ҳикмати ҳам шунда!

Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен бирортангизни роҳат жойида ёнбошлаб ётганида унга мен амр ёки наҳий қилган нарсалардан бирор иш етса, зинҳор буни билмаймиз, бизга Аллоҳнинг китобида нима келса, шунга эргашамиз, деганини топмайин»-дедилар.
Шарҳ: Аввало ҳадиси шарифнинг ровийлари Абу Рофеъ розияллоҳу анҳу билан танишиб олишайлик: У кишининг исмлари Аслам, кунялари Абу Рофеъ, кунялари исмларига ғолиб келган. Абу Рофеъ қибтийлардан эдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга амакилари Аббос томонидан ҳадя қилган қуллардан эдилар.
Бу зот, Уҳуд, Хандақ ва бошқа ғазотларда иштирок этдилар. Бадр ғазоти куни Маккада бўлганлари сабабли бу урушда иштирок этолмадилар.
Бу зот тўплаган ҳадислардан учта «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритишган. Ҳазрат Алининг халифалик давларида вафот этганлар.
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръонга амал қилсак бўлди, Суннатнинг кераги йўқ, дейдиганлар чиқмаслиги зарурлигини баён қилмоқдалар. Бу ҳам келажакда бўладиган нарсалардан ўзига хос огоҳлантиришдир. Кейинчалик ҳақиқатда ҳам, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг буйруқ ва қайтариқлари ўзига етган пайтида, «бизга бу нарсани кераги йўқ, Қуръонда нима келса шуни қиламиз, бошқаси билан ишимиз йўқ», дейдиганлар чиқди. Аввал Хаворижлар ва Рофизалар томонидан бошланган Суннатни инкор қилишни, кейин турли фирқа ва тоифалар давом этдирдилар. Бу нобакорлик, асосан, роҳат жойига ёнбошлаб олиб, айшу ишратга берилганлар томонидан содир бўлди. Ҳукмга, айшу ишратга берилганлар ана шундоқ ҳолга ўтиб қолдилар. Аслида эса бундоқ одамларда ақл ҳам, мантиқ ҳам йўқ бўлади. Агар уларда ақл ва мантиқ бўлса, Қуръонга амал қиламизу Суннатга амал қилмаймиз, дермидилар?! Қуръоннинг қайта-қайта таъкидлаган нарсаларидан бири, Суннатга амал қилиш-ку! Бу масала аввал баён қилингани учун бу ерда такрорлаб ўтирмаймиз.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Қуръон билан Суннатга баробар амал қилиш кераклиги.
2. Пайғаммбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам келажакда Суннатни инкор қилувчилар чиқиши ҳақида хабар берганлари.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Яҳудийлар етмиш бир ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар, Насоролар етмиш ёки етмиш икки фирқага бўлиндилар, Менинг умматим эса етмиш уч фирқага бўлинадир», дедилар.
Бошқа бир ривоятда: «етмиш иккитаси дўзахда, биттаси жаннатда, у-жамоатдир» ибораси зиёда қилинган.
(Ушбу уч ҳадисни Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган).
Шарҳ: Бу ҳадиснинг ровийлари Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан танишмиз.
Ҳадиснинг аввалида Яҳудийлар ва Насронийлар етмиш бир ёки етмиш иккитадан фирқага бўлинганлари айтилмоқда. Бу фирқалар маълум ва машҳурдирлар. Уларнинг залолатга кетишлари ҳам шундай. Ҳадиснинг давомида эса, келажакда Ислом уммати етмиш уч фирқага бўлиниб кетиши ҳақида хабар берилмоқда. Минг афсуслар бўлсинким, бу гаплар юзага чиқди. Исломга эътиқод қилиб юрганлар ичида ҳам турли -туман фирқалар пайдо бўлди.
Кези келганда шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, ушбу ҳадисда ва шу маънодаги бошқа ҳадисларда зикр қилинган фирқалардан мурод ақийдавий фирқалардир. Баъзи бир ҳаддидан ошганлар ўйлаганидек, фиқҳий мазҳаблар эмас. Чунки, фиқҳий мазҳаблар ўз номи билан мазҳаб, фирқа эмас. Фиқҳда ихтилоф, бир-бирини кофир қилиш йўқ. Фиқҳда сиртдан хилоф бўлиб кўринган нарса, аслида бир нарсани адо этишнинг турли кўринишлари холос.
Эътиқоддаги бўлиниш эса, фирқачилик, деб номланади. Бунда ҳар бир фирқа бошқасини кофирга чиқаради. Уларнинг келишмовчиликлари тавҳид асллари, қазои қадар, Пайғамбар-лик шартлари каби масалаларда бўлади. Ақийда китобларида ана ўша фирқаларнинг асосини қўйидаги олти фирқа ташкил этиши айтилган:
1. Рофизалар-шиалар ва уларга тобеълар.
2. Жаҳмийя-Жаҳм Ибн Сафвон Самарқандийнинг бузуқ ақийдавий фирқасига эргашганлар. Улар асосан Аллоҳ таолонинг сифатларини манфий қилиш, амалдан қолдириш билан машҳур бўлганлар.
3. Ҳарурийя-Хаворижлардан бўлиб, Кўфа яқинидаги Ҳарура номли деган жойда турганлар. Улар гуноҳкор мўмин дўзахда абадий қолади, гуноҳи кабира қилган кофирдир дейдилар.
4. Муржиа-калимаи тавҳидни тил билан айтиб дил билан тасдиқласа бўлди, амалнинг кераги йўқ, деганлар.
5. Қадарийя-қазои-қадарни инкор қиладиганлар.
6. Жабрийя-инсон ҳамма ишларини мажбур ҳолда қилади, унинг ихтиёри йўқ деганлар.
Ушбу асосий олти фирқадан бошқа фирқалар ҳам тарқалган. Бу фирқалар ўзаро талашиб-тортишиб жуда кўп зарарларга, бало офатларга сабаб бўлганлар. Имом Абу Довуд қилган ривоятдаги зиёдада, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Менинг умматимдан бир қавмлар чиқадики, ҳавойи нафс уларга худди қутуриш касали ҳеч бир томирни қўймай киргандек киради» деган эканлар.
Ушбу зиёда сўзлар мазкур фирқаларнинг умумий сифатларини келтирмоқда. Уларнинг барчаси ўз кибр ҳавоси касалига учрайдилар. Худди ит тишлаб қутуриб қолган одам ҳолига кирадилар. Тафриқачилик руҳи томир-томирларигача сингиб кетади. Мўмин-мусулмонларни кофир қилишдан бошқа нарса кўзларига кўринмай қолади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам буларнинг ҳукми қандоқ бўлишини ҳадиси шарифнинг охирида айтмоқдалар:
«Етмиш иккитаси дўзахда, биттаси жаннатда, у-жамоатдир».
Яъни, Ислом умматида пайдо бўлган етмиш учта эътиқодий фирқадан етмиш иккитаси дўзахга, биттаси жаннатга тушади. Ўша жаннатга тушадиган фирқа, жамоат фирқасидир. Яъни, мусулмонларнинг асосий оммасини жамлаб, Китоб ва Суннатга амал қилувчи тоифадир. Бу саодатли тоифа «Аҳли Суннат ва Жамоа» номини олган. Яъни, эътиқод бобида Суннатга мувофиқ иш кўрувчи ва мусулмонларнинг оммавий жамоасини бирлаштирувчи мазҳаб.
Алҳамдулиллоҳ бизнинг юртимиз мусулмонлари доимо шу мазҳабда бўлиб келганлар ва бундан буён ҳам шундоқ бўлиб қолиши учун ҳаракат қилмоқ лозимдир. Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Яҳудийларнинг 71 ёки 72 фирқага бўлингани.
2. Насороларнинг 71 ёки 72 фирқага бўлингани.
3. Мусулмонларнинг 73 фирқага бўлиниши.
4. Жамоатни ўзига жамлаган фирқа жаннатга тушиши.
5. Қолган 72-фирқа дўзахга тушиши.
6. Аҳли Сунна ва Жамоа мазҳабини маҳкам ушлаш кераклиги.

Кейинги пайтларда залолатга кетган турли фирқалар Ислом номидан одамларнинг бошини айлантириб, ўз залолатларини тарқатмоқдалар. Қодёния, Баҳоия, Аҳмадия, Ҳабаш ва бошқалар шу жумладандир. Мусулмонлар кўзларини очиб, Аҳли Сунна ва Жамоадан бошқа ҳеч бир фирқага эргашмасликлари керак. Мусулмонларнинг тўқсон фоизидан ортиғи Аҳли Сунна ва Жамоадирлар. Тўрт мўътабар фиқҳий мазҳаб имомлари ҳам, уларнинг атбоълари ҳам, Аҳли Сунна ва Жамоадирлар. Ким Аҳли Сунна ва Жамоадан бошқа фирқага эргашса ушбу ҳадисда зикр қилинган балога гирифтор бўлади.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Сизнинг ичингизда икки нарсани қолдирдим. Икковларини маҳкам ушласангиз зинҳор залолатга кетмассиз. Булар-Аллоҳнинг Китоби ва Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннати»-деганлар. (Имом Молик ривоят қилганлар).
Шарҳ: Бу ҳадис ҳам Абу ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда.
Ушбу ҳадиси шарифнинг маъноси ҳам, мақсади ҳам, очиқ-ойдин ва равшан. Китоб ва Суннатни маҳкам ушлаш ҳар бир мусулмоннинг асосий вазифаси. Ким Қуръон ва Суннатни маҳкам ушласа, залолатга кетмайди, ушламаганлар эса, залолатга юз буради. Бу тўғрида ҳеч қандай ихтилоф йўқ.
Энди бу ҳақиқатни воқеълигимизга солиштириб кўрайлик. Якка шахслар, оилалар, жамоатлар, халқлар, давлатлар ва бутун Ислом олами Китоб ва Суннатга қанчалик амал қилмоқда? Бу икки улкан масдарни қанчалик маҳкам тутмоқда? Бугунги кунда адади милиарддан ортиб кетган мусулмонларнинг неча фоизи ўзининг шахсий ҳаётида Қуръон ва Суннатга амал қилиб яшамоқда? Неча фоизи Қуръон ва Суннат нима эканлигини умуман билмайди? Уларнинг қанчаси Қуръон ва Суннатнинг ҳарфини ҳам билмайди? Неча фоизи билиб туриб амал қилмайди? Қанчаси мунофиқлик қилади? Неча фоизи чала амал қилади? Неча фоизи тўлиқ амал қилади? Ҳеч бўлмаса ҳар ким ўзига ва ўз атрофига назар солсин. Ишонч комилки, бу саволларга ижобий жавоб бўлиши қийин
Агар оила миқёсида олиб кўрсак ҳам, худди шу ҳолнинг гувоҳи бўламиз. Халқлар ва давлатлар миқёсида оладиган бўлск ҳам, шу аҳвол! Фақат бир нарса аниқки, Қуръон ва Суннатни маҳкам ушлаб, уларга тўғри ва тўлиқ амал қилаётган давлат йўқ. Бу аччиқ ҳақиқатни билганимиздан кейин, мусулмонлар ва Ислом юртларининг бошларида турган бало-офатлар оз эканини эътироф қилмай иложимиз йўқ. Уларни ер ютиб кетмаётгани фақат Аллоҳнинг лутфи эканини таъкидлашдан бошқа имконимиз йўқ.

Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Албатта, мен сизнинг ичингизда агар маҳкам ушласангиз, зинҳор залолатга кетмайдиган нарсани қолдириб кетувчиман. Уларнинг бири иккинчисидан улуғдир. Аллоҳнинг китоби, осмондан ерга тортилган бир арқондир. Ва итратим, аҳли байтим, Икковлари ҳовузга келгунларича бир-бирларидан зинҳор ажрамаслар. У икковларида менга қандоқ ўринбосар бўлишингизга бир назар солинглар!»-дедилар. (Термизий ва Муслим ривоят қилишган).
Шарҳ: Аввал ҳадиснинг ровийлари Зайд ибн Арқам розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик: Зайд ибн Арқам Хазражий ал-Ансорий, кунялари Абу Умар, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан 17та ғазотда иштирок этганлар. Ҳандоқ кунида аввалгилардан бўлиб қатнашган. Сиффин урушида Ҳазрати Али билан бирга курашган улуғ саҳобалардан эдилар.
Бу зот ҳаммаси бўлиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 70та ҳадис ривоят қилдилар. Ҳижратнинг 68 йилида, Имом Ҳусайн ўлдирилгандан кўп ўтмай, Куфада вафот этдилар.
Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Қуръони Карим ёнига ўз итратларини қўшмоқдалар. «Итрат» дегани (насл) яқин қариндошлик, деганидир. Итратни пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўзлари, Аҳли байт, деб ҳам баён қилиб қўймоқдалар. Аҳли байтнинг кимликлари, уларнинг фазилатлари, «Фазилатлар китоби»да келади. Ҳозирча Аҳли Сунна ва Жамоа наздида Оли байт-Ҳазрати Али ва Фотимадан тарқалган насллар, Оли Аббос, Оли Жаъфар ва Оли Ақийллар эканини билиб турсак бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадисларида ҳар бир мусулмон Қуръони Карим билан қўшиб, ўзларининг Оли Байтларини ҳам маҳкам ушлаб, уларнинг айтган насиҳат ва кўрсатмаларига амал қилиши зарурлигини таъкидламоқдалар. Бу ҳар бир мусулмоннинг бурчидир. Чунки, Оли байт доимо мусулмонларни Қуръон ва Суннатга амал қилишга чақирганлар. Ўзлари бу ишда бошқаларга ибрат бўладилар. Шунинг учун ҳам Пайғабаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу ҳадиси шарифда:
«Икковлари ҳовузга келгунларича бир-бирларидан зинҳор ажрамаслар»-дедилар.
Ҳовуздан мурод, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қиёматдаги ҳовузлари. Демак, қиёматгача Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтлари Қуръони Каримдан ажрамаслар, Қуръони Карим улардан ажрамас.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадиснинг охирида:
«У икковларида менга қандоқ ўринбосар бўлишингизга назар солинг»-демоқдалар.
Яъни, Қуръон ва Аҳли Байтимда менинг ўринбосарим сифатидан нима қилишингизга-бир назар солиб қўйинг, эҳтиёт бўлинг, деганлари. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу амрларига фақат Аҳли Сунна ва Жамоа мусулмонларигина туғри ва тўлиқ амал қилмоқдалар. Қолганлар эса у ёққа, ё бу ёққа бурилиб, хатога йўл қўйдилар.
Баъзилар Аҳли Байтни камситиб, уларни ҳақорат қилдилар. Ҳеч бўлмаганда, уларни ўзларига тенг кўрадилар. Аҳли байтнинг қадрини муносиб ўринга қўймайдилар.
Бошқалар эса, Аҳли Байтнинг ҳурматини уларни илоҳийлаштириб Аллоҳ ҳам Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам, Аҳли байтнинг ўзи ҳам айтмаган юқори даражага кўтарадилар. Бу ишда ҳаддан ошиб, бошқа саҳобаларни кофирга чиқарадилар. Кетма-кет хатоларга йўл қўядилар. Аҳли Байтнинг ҳурмати уларнинг қабрларига бинолар қуриш, зиёрат қилиш, мадҳиялар ўқиш, уларга бу ишда қўшилмаганларга лаънат айтишда, деб биладилар. Аҳли Сунна ва Жамоа Аҳли байтнинг Қуръондан ажрамаганларини маҳкам тутадилар, ҳурмат қиладилар.

Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умматларига Қуръонни ва Аҳли байтларини қолдириб кетганлар.
2. Ким Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қолдирган икки нарсани маҳкам ушласа зинҳор залолатга кетмайди.
3. Бу икки нарса бир-биридан улуғ, бир-биридан яхши.
4. Қуръон осмон билан ер орасидаги Аллоҳнинг арқонидир.
5. Қуръон билан Аҳли Байт қиёмат бўлиб ҳовузга борилгунча бир-бирларидан ажрамайдилар.
6. Мусулмонлар бу икки нарсада Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга қандоқ халифа Ўрин босар бўлаётганларига доимо назар солиб туришлари керак.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй болам, агар эртаю-кеч бировга нисбатан қалбингда ғиллу-ғишт бўлмаслигига қодир бўлсанг, шуни қил»-дедилар. Сўнгра яна: «Эй болам, ана шу менинг Суннатимдир. Ким менинг Суннатимни тирилтирса, батаҳқиқ менга муҳаббат қилган бўлади. Ким менга муҳаббат қилган бўлса, мен билан бирга жаннатда бўлади»-дедилар.
Шарҳ: Бу ҳадис ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Биз у киши билан танишмиз.
Маълумки, ҳазрати Анаснинг оналари у кишини Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ёшлигиданоқ хизматга қилиб берганлар. У киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам умрлариниг охиригача, ўн йил давомида, доимо хизматларида бўлганлар. Шунинг учун ҳам кўпгина ҳадисларда У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳазрати Анас розияллоҳу анҳуга «Эй Ғулом! «Эй бола!», «Эй болам!» деб мурожаат қилганларини учратамиз. Ушбу ҳадиси шарифда ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишига
«Эй болам!»-деб мурожаат қилмоқдалар ва:
«агар эртаю-кеч бировга нисбатан қалбингда ғиллу-ғишт бўлмаслигига қодир бўлсанг, шуни қил»-дедилар».
«Ғилли-ғишт»-бировнинг жонига, молига ва обрўсига астойдил футур етишини тилаш ва унга берилган неъматнинг завол бўлишини қалбдан хоҳлашдир.
Демак, ҳар бир мусулмон бировга нисбатан ёмонликни соғинмаслиги лозим. Ҳеч кимга нисбатан қалбида ғиллу-ғишт сақламаслиги керак. Бу ҳақда иншааллоҳ тегишли бобларда кераклигича сўз юритилади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўз насиҳатлари давомида:
«Эй болам, ана шу менинг Суннатимдир»-дедилар.
Яъни, бировга нисбатан қалбда ғиллу ғишт бўлмаслиги Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларидир.
«Ким менинг Суннатимни тирилтирса, батаҳқиқ менга муҳаббат қилган бўлади».
Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига амал қилиш, айниқса амали тўхтаб қолган Суннатга қайта амал қилишни бошлаш билан бўлади. Демак, Суннатга амал қилиш, амалдан қолган Суннатни қайта тирилтириш У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатнинг аломатидир.
«Ким менга муҳаббат қилган бўлса, мен билан бирга жаннатда бўлади»-дедилар».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларига амал қилиш, бу Суннатни маҳкам ушлаш ана шундоқ олий мақомга эриштиради.

Ушбу Ҳадисдан олинадиган фойдалар:

1. Ўзининг кичик ёшдаги ходими, шогирдига «Эй болам», деб мурожаат қилиши жоизлиги.
2. Иложи борича бировга нисбатан қалбда ғиллу-ғишт сақламаслик лозимлиги.
3. Қалбда бировга нисбатан ғиллу-ғишт сақламаслик Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларидир.
4. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатларини тирилтириш-У зотга бўлган муҳаббатдир.
5. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Суннатлари тирилтирган ва у кишига муҳаббат қилган одам, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга жаннатда бўлади.

Мазкур ҳадисга амал қилишга биз мусулмонлар қанчалик муҳтож эканлигимизни гапириб ўтирмасак ҳам бўлади.
Ушбу бобни ўрганиш давомида Китоб ва Суннатни маҳкам тутиш фарзу вожиб эканини англадик. Бу бугунги куннинг энг долзарб масаласи эканини анладик. Лекин Китоб ва Суннатни маҳкам ушлаш осон бўлмайди. Мусулмон олами Китоб ва Суннатдан минг йилдан ортиқроқ даврда аста-секин узоқлашди. Энди уларга қайтиш ҳам тезлик билан амалга ошиши мушкул. Аста-секин бўлса ҳам бу ишга ҳаракат қилиш керак.
Бир жойда тавҳид калимасини ўргатиш билан бўлса, бошқа жойда Китоб нимаю, Суннат нима эканлигини тушунтириш билан бўлади. Учинчи жойда эса, Китоб ва Суннат бошқа тузумлардан устун эканлигини исбот қилиш билан бўлади. Тўртинчи жойда Китоб ва Суннатга тўғри ва тўлиқ амал қилишни йўлга қўйиш билан бўлади.
Хулоса қилиб айтганимизда, қуруқ гапдан амалага ўтиш, Китоблардаги нарсани ҳаётга татбиқ қилиш керак. Ана шундагина муваффақиятга эришиш, бахт-саодатга мушарраф бўлиш мумкин.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz