Болажонларга мактуб Принтер учун
18.01.2007 й.

ЎНИНЧИ САБОҚ

НАМОЗ ЎҚИШНИ ЎРГАНИНГ

Ассалому алайкум, менинг суюкли тойчоқларим!
Бугун сизларга намоз ўқишни ўргатиб қўяман, деб ваъда берувдим. Ваъдани, албатта, бажарамиз. Тайёрмисизлар? Таҳорат қилиб келдингларми? Баракаллоҳ Чунки намозни таҳоратсиз ўқиб бўлмайди. Мусулмон киши бир кунда беш маҳал намоз ўқийди.
Тонг оқарган пайт (субҳ) дан то қуёш бош кўтаргунча ўқиладиган намоз «бомдод» дейилади. Қуёш тиккага келиб қибла томонга мойил бўлган пайтдан нарсаларнинг сояси ўзига нисбатан икки баравар катталашгунча ўқиладиган намоз «Пешин» дейилади. Пешин вақти тугагандан токи кун ботгунча ўқиладиган намоз «Аср» дейилади. Кун ботгандан кун ботиш томондаги шафақ (қизғиш нурлардан кейин пайдо бўладиган оқиш нурлар) йўқолгунча ўқиладиган намоз «Шом» ҳамда шафақ тамоман йўқолиб, қоронғи бўлгач ўқиладиган намоз «Хуфтон» дейилади. Кун чиқаётганда, кун тиккага келганда ва кун ботиш чоғида намоз ўқиш мумкин эмас, аммо аср намози кун ботаётганда ҳам ўқилаверади,
Намозда тик туриш «Қиём» дейилади. Шунда Қуръони каримдан бирор сура ёки учдан ортиқ оят ўқиш «Қироат» дейилади. Икки тиззанинг кўзини ушлаб эгилиш «Рукуъ» дейилади. Кейин чўккалаб икки бора жойнамозга бош теккизиш «Сажда» дейилади. Ана шу ҳаракатларнинг ҳаммаси биргаликда «Ракат» дейилади. Намоз ана шу ракатлардан ташкил топади. Бу айтганларимни яхшилаб эслаб қолинглар, кичкинтойларим! Ҳали намоз ўқишга киришганимизда керак бўлади.
Аллоҳнинг қатъий амри билан мусулмонлар зиммасига мажбурий қилиб қўйилган намоз ракатлари «Фарз» дейилади. Пайғамбар алайҳиссалом ўзлари ўқиб, умматларига ҳам тавсия қилган намоз ракатлари «Суннат» бўлади. Хуфтондан сўнг 3 ракатли витр намози ўқилиши вожиб ҳисобланади.
Намозларнинг тартиби қуйидагича:
1. Бомдод намози — 2 ракат суннат, 2 ракат фарз.
2. Пешин намози — 4 ракат суннат, 4 ракат фарз, 2 ракат суннат.
3. Аср намози — 4 ракат фарз.
4. Шом намози —3 ракат фарз, 2 ракат суннат.
5. Хуфтон намози — 4 ракат фарз, 2 ракат суннат, 3 ракат витр.
Энди намознинг фарзлари, яъни мажбурий талабларини ўргатиб қўяй. Намоз фарзлари 12 та. Бундан олтитаси намоз ташқарисидаги ишлар. Уларни «Намознинг шартлари» дейилади. Олтитаси эса намознинг ичида бўлиб, уларни «Намознинг рукнлари» дейилади. Агар ана шу 12 нарсадан биронтасини бажармай қўйсангиз, намозингиз бузилади.
Болажонларим, мана булар намознинг шартлари ҳисобланади:
1. Таҳорат олиш (аввалги дарсда ўргатганман).
2. Нажосатдан покланмоқ. Бу — намозхоннинг бадани, уст-боши тоза, пок бўлиши, ўғил-болаларнинг кийимлари киндикдан тиззагача, қиз болаларнинг эса юз, кафт ва оёқ учидан бошқа ҳамма аъзоларини ёпиб туриши керак, дегани.
3. Намоз ўқиладиган жой пок, тоза бўлиши керак.
4. Намозни қиблага (Макка шаҳридаги Каъба турган томонга) қараб ўқиш даркор.
5. Намозни ўз вақтида ўқиш зарур (вақтларини олдинроқ айтиб берганман).
6. Қайси намоз ўқиётганини тил билан айтиб ният қилиш.
Намознинг рукнлари эса мана булар:
1. Намозни «Аллоҳу акбар» деб бошлаш («Такбир таҳрима»).
2. Намозда тик туриш («Қиём»).
3. Қиёмда турганда барча ракатларда «Фотиҳа» сурасини ва барча суннат намозларида ҳамда фарз намозларининг аввали икки ракатида бирорта бошқа сурани
қўшиб ўқиш («Қироат»).
4. Қўлларни тиззага қўйиб эгилиш («Рукуъ»).
5. Бурун, пешона, қўл, тизза ва оёқларни ерга теккизиш («Сажда»).
6. Намоз охирида «Ташаҳҳуд» ўқиб ўтириш («Қаъдаи охир»).
Энди, болажонларим, сизларга намоз ўқишнинг тартибини тушунтириб қўяй. Таҳорат олиб келиб, жойнамоз тепасида қиблага юзланиб, масалан, Бомдод намозини ўқимоқчи бўлсангиз, мана бундай ният қиласиз:
«Бомдод намозининг икки ракатли суннатини (ёки фарзини) қиблам бўлмиш муқаддас Каъбага юзланиб, ўз вақтида, холис Аллоҳ таоло учун ўқишни ният қилдим».
Сўнгра икки қўлни кўтариб, бош бармоқлар учини иккала қулоқнинг юмшоқ жойига теккизиб: «Аллоҳу акбар», дейилади. Кейин қўлни қовуштирган ҳолда туриб, мана бу «Сано» ўқилади:
«Субҳонакаллоҳумма ва биҳамдик ва табарокасмук ва таъала жаддук ва ла илаҳа ғайрук!»
Кейин: «Аъузу биллаҳи мин ашшайтонир рожийм, бисмиллаҳир роҳманир роҳийм», деб Фотиҳа сураси ўқилади. Кейин кичикроқ суралардан бири ўқилади:
Суралардан бири ўқилгандан сўнг «Аллоҳу акбар» деб рукуъ қилинади, яъни икки тиззанинг кўзини ушлаган ҳолда бош билан белни бир текис қилиб энгашилади ва уч марта «Субҳана роббиял ъазийм» дейилади.
Сўнг: «Самиъ Аллоҳу лиман ҳамидаҳ, роббана лакалҳамд» деб тик бўлинади. Кейин яна «Аллоҳу акбар» деб саждага борилади.
Саждада уч марта: «Субҳана роббиялъ аъла» дейилади, кейин яна «Аллоҳу акбар», деб ўтирилади, сўнг «Аллоҳу акбар» деб иккинчи бор сажда қилинади. Саждадан «Аллоҳу акбар» деб тик турилади. Қўл қовуштириб, «Фотиҳа» сураси ўқилади, кетидан суралардан бирини ўқиб, рукуъ ва икки бор сажда қилинади. Кейин чап оёқни ерга ётқизиб, устига чўккалаб ўтирилади, ўнг оёқ бармоқлари учида тикка туради. Қўл бармоқлари эса тизза устида бўлади. Қаъда, яъни ўтиришда Ташаҳҳуд («Аттаҳиёт») ўқилади. Кейин Саловот ўқилади.
Сўнг ўнг ва чап елкага ўгирилиб: «Ассалому алайкмн ва раҳраатуллоҳ», деб салом берилади. Шу билан намоз тугайди.
Бомдоднинг кейинги икки ракат фарзи ҳам, барча икки ракатли суннатлари ҳам шу тарзда ўқилади.
Пешиннинг тўрт ракатли суннатида, юқорида айтилганидек, икки ракат ўқиб, қаъдада «Ташаҳҳуд»ни «ва Расувлуҳ»гача ўқиб, «Аллоҳу акбар» деб ўрнидан туриб, яна юқоридаги тартибда икки ракат ўқилади, қаъдада Ташаҳҳуд, Саловот ва дуо ўқиб салом бериб, намоз тугатилади.
Тўрт ракатли фарзларда ҳам аввалги икки ракатини ва «Расувлуҳ» гача ўқиб, «Аллоҳу акбар» деб ўриндан турасиз ва кейинги икки ракатда фақат «Фотиҳа» сурасининг ўзини ўқийсиз, қаъдада Ташаҳҳуд, Саловот ва дуо ўқиб салом бериб намозни тугатасиз.
Азиз дилбандларим, намоз ўқиш ҳақида сизга айтмоқчи бўлган гапларим ҳозирча шу. Намоз ўқишни бошлаб юборганингиздан сўнг билмаган жойларингизни ота-онангиздан, агар улар билишмаса, бошқа устозлардан сўраб оласиз. Иннайкейин, намоз тўғрисида жуда кўп китоблар чиққан. Китоб сотадиган амакиларингиздан сўрасангиз кўрсатишади. Уларни ҳам ўқиб, билмаган, тушунмаган жойларингизни ўрганасиз. Бўптими, асал-қандларим!



 
« Олдинги

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri