АҲЛИ ЖАННАТЛАР УНДА АБАДИЙ ҚОЛУРЛАР Принтер учун
12.10.2008 й.

Аллоҳ таоло: «Бахтли бўлганлар жаннатдадирлар. Улар унда, модомики осмонлару ер бор экан, абадийлар. Магар Аллоҳ хоҳласа, (Ўзи билур). Бу туганмас инъомдир», деган.

Яъни, бахтлилар жаннатда абадий қолиш билан бирга, туганмас неъматларга ҳам эга бўладилар.
Саҳиҳ ҳадисда ривоят қилинишича, уларга: «Эй аҳли жаннатлар, сизлар энди абадий яшайсизлар, ўлмайсизлар, абадий ёш бўласизлар, қаримайсизлар, абадий соғ бўласизлар, бемор бўлмайсизлар, абадий неъматда бўласизлар, ноумид бўлмайсизлар», дейилади.
Аллоҳ таоло «Ҳижр» сурасида: «Ва иймон келтириб, амали солиҳ қилганлар остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритилди. Унда Роббилари изни ила абадий қолурлар. Уларнинг ундаги сўрашишлари «Салом»дир», деган.
Демак, ҳар бир нарса ўз жойини топди. Мантиқий ва адолатли ниҳояга етди. Шайтон ва унга эргашганлар дўзахнинг даҳшатли азобига маҳкум бўлдилар. Пайғамбарлар ва уларнинг мўмин умматлари жаннат ва унинг моддий-маънавий неъматларига эришдилар. Ҳа,
«Ва иймон келтириб, амали солиҳ қилганлар остидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритилди».
Бу дунёда иймонли бўлиб, амали солиҳ қилиб ўтганларнинг оқибати албатта охират саодати бўлажак. Улар оддий эмас, остиларидан анҳорлар оқиб турган жаннатларга киритилажак. Улар
«Унда Роббилари изни ила абадий қолурлар. Уларнинг ундаги сўрашишлари «Салом»дир».
Бу дунёда иймон келтириб, амали солиҳ қилиб ўтганлар у дунёда ўзлари кирадиган жаннатга вақтинчаликка эмас, абадийликка кирурлар. Чунки, вақтинчалик саодат ҳақиқий саодат бўла олмайди. Улар дўзахиларга ўхшаб ўзаро талашиб–тортишмайдилар ҳам. Уларнинг бир–бирларига айтадиган гаплари салом–тинчлик бўлади.
Аллоҳ таоло «Исро» сурасида: «Албатта, иймон келтирган ва яхши амалларни қилганларга Фирдавс жаннати манзил бўлгандир. Унда абадий қолурлар ва ундан кўчишни истамаслар», деган.
Иймон ва амали солиҳ банданинг Аллоҳ таоло ҳузуридаги қадр-қийматини оширади. Охиратда эса, жаннатга тушишига сабаб бўлади. Жаннатга тушганда ҳам, у ерда абадий қоладилар. У ерда шундай қадр-қиймат, роҳат-фароғат топадиларки, бошқа жойга кўчишни зинҳор истамайдилар.
Аллоҳ таоло «Тоҳо» сурасида: «Ким Унга мўмин ўлароқ, яхши амаллар қилган ҳолида келса, бас, ана ўшаларга олий даражалар. Остидан анҳорлар оқиб турган адн жаннатлари бор. Унда абадий қолурлар. Ана шу пок бўлганнинг мукофотидир», деган.
Кўриниб турибдики, бу ҳол кофирларнинг ҳолидан тамоман бошқача ҳолат.
«Ким Унга мўмин ўлароқ, яхши амаллар қилган ҳолида келса, бас, ана ўшаларга олий даражалар».
Бу дунёда Аллоҳга иймон келтириб, яхши амал қилиб ўтганлар у дунёда олий даражаларга эришдилар.
«Остидан анҳорлар оқиб турган адн жаннатлари бор. Унда абадий қолурлар. Ана шу пок бўлганнинг мукофотидир».
Улар Адн жаннатига кирдилар. Унинг дарахтлари остидан анҳорлар тўлиб оқиб турибди. У ерга адабий яшаш учун тушганлар. Ана у ҳаётмисан ҳаёт! Бундай мукофотга ўз-ўзидан эришиб бўлмайди. Ҳаёти дунёда ўзини пок тутганларгина бунга эришадилар.
Аллоҳ таоло «Юнус» сурасида: «Гўзал амал қилганлар учун гўзал савоб ва зиёдалик бордир. Уларнинг юзларини қаролик ҳам, хорлик ҳам қопламас. Ана ўшалар жаннат эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар», деган.
Аллоҳга иймон келтириб, унинг чақириғига лаббай деб жавоб бериб, яхши амалларни қилиб яшаган бандалар бу дунёда гўзал ҳаёт кечирадилар. Охиратда эса, бу дунёда қилган гўзал амаллари учун савоб оладилар, жаннатга дохил бўладилар. Аммо бу ҳали ҳаммаси эмас. Уларга зиёдалик ҳам бордир. Бу зиёдалик шуки, уларга гўзал амалларнинг савоби етти, етмиш, етти юз ва ундан ҳам ортиқ марта кўпайтириб берилади. Шунингдек, жаннатдаги олий мақомлар, нозу неъматлар ва бошқа ато қилинадиган нарсалар ҳам шу зиёдаликка киради. Энг улкан зиёдалик эса, Аллоҳ субҳанаҳу ва таолонинг жамолини кўришга муяссар бўлишдир.
Имом Аҳмад ибн Ҳанбал раҳматуллоҳи алайҳи Суҳайб розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда айтилишича: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Гўзал амал қилганлар учун гўзал савоб ва зиёдалик бордир» оятини тиловат қилдилар ва: «Жаннат аҳллари жаннатга, дўзах аҳллари дўзахга кирганларида, бир жарчи:
«Эй жаннат аҳллари! Албатта, Аллоҳнинг ҳузурида У зотнинг сизга берган ваъдаси бор. Ўшани сизга беришни истайди!» деб жар солади.
Жаннат аҳли бўлса: «У нима экан? Мезонимизни оғир қилиб берди-ку. Юзларимизни оқ қилиб қўйди-ку. Жаннатга киритиб қўйди-ку. Дўзахдан сақлади-ку», дейишади.
Шунда уларга парда очилади. Бас, У зотнинг жамолига назар соладилар. Аллоҳга қасамки, У зотнинг жамолига назар солишдан кўра маҳбуброқ ва кўзларга қувонч бўладиганроқ нарсани Аллоҳ уларга бермамишдир», дедилар. Ҳа,
«Гўзал амал қилганлар учун гўзал савоб ва зиёдалик бордир».
Аллоҳ ҳаммамизни ўшаларнинг қаторига қўшган бўлсин.
Мазкур бахтиёр бандаларнинг ҳоли тамоман бошқача бўлади:
«Уларнинг юзларини қаролик ҳам, хорлик ҳам қопламас».
Балки юзлари оппоқ ва гулгун бўлади. Чунки:
«Ана ўшалар жаннат эгаларидир. Улар унда абадий қолурлар».

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аҳли жаннат жаннатда, аҳли дўзах дўзахда жойлашганларида ўлимни келтириб жаннат билан дўзахнинг орасига қўйилади. Сўнгра уни сўйилади. Кейин бир нидо қилувчи «Эй аҳли жаннат! Ўлим йўқ! Эй аҳли дўзах! Ўлим йўқ!» деб нидо қилади. Аҳли жаннат ўз хурсандлиуларига янада зиёда хурсанд бўладилар. Аҳли дўзахлар ўз маҳзунликларига янада зиёда маҳзун бўладилар», дедилар». Бухорий, Муслим ва Термизий ривоят қилган.
Шарҳ: Ўлим йўқ бўлганидан кейин абадийлик бўлади.
Иккисининг лафзида: «Қачон қиёмат куни бўлса, ўлимни шохли қўчқорга ўхшатиб олиб келинади. Уни жаннат билан дўзахни ўртасига қўйиб сўйилади. Улар назар солиб турадилар. Бас, агар бирорта харсандликдан ўладиган бўлса аҳли жаннат ўларди. Агар бирорта хафачиликдан ўладиган бўлса аҳли дўзах ўларди», дейилган.
Шарҳ: Ўлимни қўчқорни сўйгандек сўйиб юборилгандан кейин абадийлик ҳукм суради.
Муслим ва Термизийнинг ривоятида: «Қачонки Аллоҳ аҳли жаннатни жаннатга, аҳли дўзахни дўзахга киритганда ўлимни келтирилади. Бас, уни жаннат билан дўзах орасидаги қўрғон устига қўйилади. Сўнгра «Эй аҳли жаннат!» дейилади. Удар хавфсиган ҳолларида бўйинларини чўзиб қарайдилар. Сўнгра «Эй аҳли дўзах!» дейилади. Улар умидвор ҳолларида бўйинларини чўзиб қарайдилар. Шафоатдан умидвор бўладилар. Шунда аҳли жаннатга ва аҳли дўзахга:
«Буни биласизларми?!» дейилади.
«Батаҳқиқ, биз уни билганмиз. У бизга вакил қилинган ўлимдир
», дейишади.
Сўнг уни ёнбошлатиб туриб жаннат билан дўзах орасидаги девор устида сўйилади ва «Эй аҳли жаннат! Абадийлик! Ўлим йўқ! Эй аҳли дўзах! Абадийлик! Ўлим йўқ!» дейилади», дедилар ҳамда Уларни ҳасрат кунидан, иш битмиш пайтидан огоҳ қил. Улар ғафлатдадирлар, улар иймон келтирмаслар»ни қироат қилиб қўллари билан пастга ишора қилдилар
».

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким жаннатга кирса неъматланади, бадбахтланмайди ва унинг кийимлари эскимайди ва ёшлиги тугамайди», дедилар».
Шарҳ: демак, бу ҳол абадий равишда давом этади.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Аҳли жаннат ичида бир нидо қилувчи «Албатта, сизларга абадий соғ бўлмоғингиз ва бемор бўлмасингиз бор. Албатта, сизларга абадий неъматланмоғингиз ва бадбахланмаслигингиз бор. Бу Аллоҳ азза ва жалланинг «Анашу жаннатни сизларга қилган амалингиз сабабли мерос қилиб берилди» деган қавлидадир», дедилар».
Иккисини Муслим ривоят қилган.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri