Ислом-осонлик динидир. У ҳамма нарсада, жумладан, ибодатда ҳам, бандалар учун осонлик ва енгиллик бўлишни хоҳлайди. Шунинг учун ҳам Аллоҳ таоло Ислом шариатида инсон тоқатидан ташқари нарсани жорий қилмаган.
Ибодатларни ҳам меъёрида фарз қилган. Узрли кишиларнинг узри эътиборга олинган. Борингки, ҳар бир нарсада енгиллик бўлиши чораси кўрилган. Енгиллик бўлсин, аммо ибодат бўлсин, давом этсин, тўхтаб қолмасин.
Бу каби васатийлик маънолари Расулуллоҳ саллаллоҳу алайҳи вассаломнинг суннатларида жуда кўп учрайди. Улардан баъзи намуналарни ўрганамиз.
1. Машҳур ҳадислардан бирининг аввалги қисмида:
«Абу Бакр мени учратиб қолиб:
«Қандоқсан, Эй, Ҳанзала?!» деди.
«Ҳанзала мунофиқ бўлди», дедим.
«Субҳаналлоҳи! Нима демоқдасан?!» деди.
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлганимизда у зот бизга дўзах ва жаннатни эслатадилар. Ҳаттоки биз кўзимиз билан кўргандек бўламиз. Қачон у зотнинг ҳузурларидан чиққанимизда жуфти ҳалолларга, болаларга ва молу мулкка аралашиб кўп нарсани унитамиз», дедим.
«Аллоҳга қасамки, биз ҳам шунга дучор бўламиз!» деди Абу Бакр. Мен Абу Бакр билан тезлаб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига бордим. У зотнинг олдиларига кириб» деб, давом этилади: Ҳанзала ал-Асадий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:(У Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг котибларидан бўлган эди).
«Эй, Аллоҳнинг Расули! Ҳанзала мунофиқ бўлди», дедим.
«Нима учун?» дедилар.
«Эй, Аллоҳнинг Расули! Сизнинг ҳузурингизда бўлганимизда дўзах ва жаннатни бизга эслатасиз. Ҳаттоки биз кўзимиз билан кўргандек бўламиз. Сизнинг ҳузурингиздан чиққанимизда жуфти ҳалолларга, болаларга ва молу мулкка аралашиб кўп нарсани унитамиз», дедим.
Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Жоним қўлида бўлган зот билан қасамки, агар менинг ҳузуримда бўлган ҳолингизда бардавом бўлсангиз, албатта, мажлисларингизда, йўлларингизда ва тўшакларингизда сизлар билан фаришталар қўл бериб кўришар эдилар. Лекин, Эй, Ҳанзала, бир соат ундоқ, бир соат бундоқ, бир соат ундоқ, бир соат бундоқ, дедилар».
Ана шунда васатийликка амал қилинган бўлади.
Аллоҳ таоло инсонни чин инсон бўлишини хоҳлайди. Унинг фаришта бўлишини ҳам, ҳайвон бўлишини ҳам хоҳламайди. Аллоҳ инсонга ҳам ҳайвоннинг, ҳам фариштанинг хусусиятларидан берган. Жисм, емоқ-ичмоқ, жинсга эҳтиёжлар ҳайвонлик сифатларидир.
Руҳонийлик, ақл, тоат, ибодатга лаёқатлик фариштанинг сифатларидир. Фаришталик сифатлари ҳайвонлик сифатларидан устун бўлиб, шариат йўлида юрган инсон фариштадан устундир.
Ҳайвонлик сифатлари фаришталик сифатларидан устун бўлиб, еб-ичиш, жинс, дунё ташвишидан бошқани билмаган инсон ҳайвондан бадтардир.
Ислом инсонни ҳайвонлик даражасига тушишига рози эмас. Шунингдек, уни фаришталик даражасига кўтарилишига ҳам рози эмас. Ислом инсондан чин инсон бўлишини талаб қилади, холос.
2. Бир куни саҳобалардан уч киши Оиша онамиз ҳузурларига келиб, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нафл ибодатлари ҳақида сўрайдилар. Оиша онамиз учовларига бор нарсани айтадилар. Шунда, уларга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг нафл(қўшимча) амаллари оз кўринади.
Улар Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг олдинги ва кейинги гуноҳларини Аллоҳ таоло мағфират қилиб қўйган. У киши қўшимча амал қилмасалар ҳам бўлаверади. Аммо, биз кўпроқ қўшимча амал қилишимиз керак, дейдилар.
Улардан бири, мен доимо рўза тутаман, ҳеч оғзим очиқ юрмайман, дейди.
Иккинчиси, мен кечаси ухламай намоз ўқийман, дейди.
Учинчиси, мен аёлларга уйланмайман, дейди.
Уларнинг бу гаплари Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга етиб боради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам бундан қаттиқ аччиқланадилар. Сўнгра масжидга чиқиб, намоздан кейин ваъз қиладилар. Одамларга нима бўлди?! Бундоқ-бундоқ, дептилар, дейдилар. Охирида эса, қуйидаги ҳадисда зикр қилинадиган гапларни айтадилар:
Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Огоҳ бўлинг! Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг кўп қўрқадиганингизман, Унга энг кўп тақво қиладиганингизман. Аммо, ҳам рўза тутаман, ҳам оғзим очиқ бўлади. Ҳам намоз ўқийман, ҳам ухлайман. Аёлларни никоҳимга ҳам оламан. Ким менинг Суннатимга рағбат қилмаса, мендан эмас», дедилар».
Бухорий, Муслим ва Насаий ривоят қилишган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадисларида нафл амалларда тежамкор бўлиш, тоқатидан ташқари нарсалар билан ўзини қийнамасликка чақирмоқдалар.
«Огоҳ бўлинг! Аллоҳга қасамки, мен Аллоҳдан энг кўп қўрқадиганингизман, Унга энг кўп тақво қиладиганингизман».
Яъни, Эй одамлар, огоҳ бўлинг, билиб қўйинг. Яна хар-хил фикрларга бориб, турли гапларни гапириб юрманг.
«Аллоҳга қасамки».
Гап оддий гап эмас, қасам билан таъкидлаб айтадиган, эътиборли ва аҳамиятли гап.
«Мен Аллоҳдан энг кўп қўрқадиганингизман».
Мендан кўра Аллоҳдан кўпроқ қўрқадиганингиз йўқ, бўлмайди ҳам, бўлиши мумкин ҳам эмас.
«Унга энг кўп тақво қиладиганингизман».
Мендан кўра Аллоҳга кўпроқ тақво қиладиганингиз йўқ, бўлмайди ҳам, бўлиши мумкин ҳам эмас.
«Аммо, ҳам рўза тутаман, ҳам оғзим очиқ бўлади».
Яъни, нафл рўза тутадиган кунларим ҳам бўлади. Оғзим очиқ юрган кунларим ҳам бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хафтанинг душанба ва пайшанба кунлари, ҳамда ойнинг аввали, ўртаси ва охирида ҳам нафл рўза тутардилар. Шунингдек, нафл рўзага ўта қизиққанлар учун пайғамбар Довуд алаҳиссаломнинг рўзалари, бир кун тутиб, бир кун очиш маъқул эканлигини баён қилганлар. Бу масаллар иншааллоҳ кези келганда батафсил ўрганилади.
«Ҳам намоз ўқийман, ҳам ухлайман».
Яъни, кечаси ҳам нафл намози ўқийман, ҳам керагича ухлайман. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам кечаси керагича ухлар эдилар. Аммо нафл–таҳажжуд намозини ҳам ўқир эдилар. Айниқса туннинг учдан бири қолиб, сахар яқинлашганда кўпроқ бедор бўлардилар. Бу масалалар ҳам кези келганда батафсил ўрганилади.
«Аёлларни никоҳимга ҳам оламан».
Никоҳсиз ўтиш менга мос эмас. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бир вақтнинг ўзида тўққизта аёлни ўз никоҳларида олиб турганлари маълум ва машҳур.
«Ким менинг Суннатимга рағбат қилмаса, мендан эмасдир».
Яъни, ушбу ва бошқа ишларда ким менинг йўлимни тутмаса, менинг динимда эмас, деяптилар.
Ушбу ҳадиси шарифнинг ҳикматига, унинг моҳиятига тушиниб етишга, бугунги кунда эҳтиёжимиз катта. Замон ўтиши билан мусулмонман, деб юрганларда ҳам Ислом тўғрисида нотўғри тасаввурлар ўрнашиб қолган. Улар турли динларга оид умумий тушунчани Исломга ҳам ёпиштиришга ҳаракат қиладилар. Исломни ҳам бошқа динларга ўхшаш тарки дунёчиликдан иборат, деб ўйлайдилар.
Одамларнинг жуда оз қисми амал қилишда хато қиладилар, яъни, таркидунёчиликка юрадилар. Одамларнинг жуда кўплари эса, амал қилмасликда хато қиладилар. Яъни, Исломни таркидунёчилик, деб гумон қилиб, ундан ўзларини олиб қочадилар.
Аслида эса ундай эмас! Дунёдаги Аллоҳдан энг кўп қўрқадиган банда бўлиши учун ўзини қийнайдиган бирор ишни қилишнинг ҳожати йўқ. Дунёдаги Аллоҳга энг кўп тақво қиладиган банда бўлиши учун оғир келадиган бирор иш қилиш шарт эмас. Балки, тарки дунё қилмай, дунёдаги ҳалол нарсалардан тўла баҳраманд бўлган ҳолда, меъёрида ухлаб, еб-ичиб, эру хотинлик қилиб юриб ҳам энг тақвадор, энг Аллоҳга яқин банда бўлиш мумкин.
Бу улкан ҳақиқатни дунёдаги энг маҳбуб банда, энг улуғ Пайғамбар – Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳолларидан билиб олиш мумкин. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам вақтида ухлаб, вақтида ибодат қилардилар. Вақтида овқатланиб, вақтида рўза тутардилар. Жуфти ҳалоллари билан оилавий ҳаётни давом этдирардилар.
Ислом Аллоҳнинг дини бўлгани учун унда инсоннинг барча эҳтиёжлари ҳисобга олинган. Чунки, инсонни яратган Аллоҳ унинг эҳтиёжларини ҳам яхши билади. Агар инсон доимо оч юриши керак бўлганида, Аллоҳ уни таомга ҳожати тушмайдиган қилиб яратган бўлар эди. Агар инсон доимо овқат қилиб юриши лозим бўлганида, Аллоҳ рўзани фарз қилмас эди. Демак, инсон меъёрида еб-ичиб, меъёрида оч қолиши керак. Инсоннинг доимо оч қолишидан Аллоҳга ҳам, ўзига ҳам фойда йўқ. Аммо, инсоннинг меъёрида оч қолишида Аллоҳга фойда бўлмаса ҳам, инсоннинг ўзига фойда бор. Ислом кишиларни шунга буюради.
Шунингдек, инсон кечаси ухламаслиги керак бўлганда, Аллоҳ уни уйқуга ҳожатли қилиб яратмаган бўлар эди. Агар инсон умуман ибодат қилмай ухлаб ётаверса, ҳайвондан фарқи йўқ бўлиб қолмаганида, уни ибодатга амр қилмас эди. Инсоннинг ҳаддан ташқари кўп ухлашида Аллоҳга ҳам, инсоннинг ўзига ҳам фойда йўқ, балки ўзига зарар бор. Инсоннинг меъёрида ухлаб, меъёрида ибодат қилишида эса Аллоҳга фойда йўқ бўлса ҳам, инсоннинг ўзига фойда бор.
Агар инсон уйланмай ўтиши керак бўлганида, Аллоҳ таоло уни эркак-аёл қилиб, шаҳватли, бир-бирига эҳтиёжли қилиб яратмас эди. Шунингдек, инсон жинсий майлининг ҳалол никоҳ йўли билан қондирмай, ҳаром йўл билан қондирганда ҳайвондан фарқи қолмайдиган бўлмаганида, Аллоҳ никоҳни жорий қилмас эди. Инсоннинг уйланмай ўтишидан Аллоҳга фойда йўқ, бандага зарар бор. Шунингдек банданинг жинсий ҳаётда хоҳлаганини қилаверишида ҳам ўзига зарар бор. Ислом доимо бандаларга яхшиликни раво кўрганидан уларга никоҳ йўли билан, ҳалол-пок равишда жинсий майлларини қондиришларини йўлга қўйди.
Исломда ухлаш, овқатланиш, оила ҳаёти каби нарсалар дунёвий иш ҳисобланиб, улардан ҳазар қилишга чақирилмайди. Балки бу нарсалар, Ислом таълимотларига мос бўлиб, яхши ният билан амалга оширилса савоб бўлади, ибодат ҳисобланади.
3. Ислом дини кишиларга оғирлик бўлишини, уларга тоқатларидан ташқари таклифлар юклатилишини хохламайди. Шунинг учун ўз ихтиёри билан қўшимча ибодатни кўп қилишга уринадиган одамларни ҳам бу ишдан қайтаради. Ушбу келадиган ҳадисда бу масала яна ҳам ойдинлашади.
Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қачонки, у(саҳоба)ларни бирор ишга амр қиладиган бўлсалар, тоқатлари етадиган амалга амр қилар эдилар. Улар:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, биз сизга ўхшаган ҳолатда эмасмиз. Албатта, Аллоҳ сизнинг олдинги-ю, кейинги гуноҳларингизни мағфират қилган», дедилар. Шунда, У зот ғазабланар эдилар. Ғазаблари юзларидан билинар эди ва:
«Сизларнинг энг тақводорингиз, Аллоҳни энг яхши билувчингиз менман!» дер эдилар!.
Икки ҳадисни Бухорий ривоят қилганлар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадисларида ҳам Ислом дини осон дин экани, унда одамларнинг тоқатидан ташқари таклифлар бўлмаслиги баён этилмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларни тоқатларидан ташқари амални қилишга амр қилмас эдилар. Саҳобаи киромлар кўпроқ амал қилиб, кўпроқ савоб олиш иштиёқи билан ёнар эдилар. Аммо, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Уларни хоҳлаб турган даражаларидаги амалларга буюрмас эдилар. Саҳобаларнинг кўпроқ амал қилиб, кўпроқ савоб олиш иштиёқлари устун келиб, хаёлларига келган гапни Расуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга айтишга журъат қиладилар:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, биз сизга ўхшаган ҳолатда эмасмиз. Албатта, Аллоҳ сизнинг олдингию кейинги гуноҳларингизни мағфират қилган», дедилар».
Яъни, Сиз гуноҳи йўқ зотсиз, лекин шундоқ бўлса ҳам ибодатни кўп қиласиз, биз сизга ўхшаган гуноҳи кечирилган одамлардан эмасмиз, гуноҳларимиз кўп. Шунинг учун бизга изн беринг, кўпроқ ибодат қилайлик, демоқчи бўлдилар. Бундан саҳобаи киромларни кўп тоат-ибодат қилишга рағбатлари кучли эканлиги кўриниб турибди.
Шу билан бирга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн бўлмагани учун кўп ибодат қила олмай юрганлари ҳам билиниб турибди. Сиртдан қараганда бу ҳар қанча мақтаса арзугулик рағбат. Пайғамбаримиз шундоқ қилдилар-ми? Йўқ! Ундоқ қилмадилар. Бундай пайтларда:
«У зот ғазабланар эдилар. Ғазаблари юзларидан билинар эди».
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ўта ҳалимликларини, Аллоҳ учун бўлмаса ҳеч қачон ғазабланмасликларини ҳисобга оладиган бўлсак, бу ғазабланишлари анча нарсадан дарак беради. Амр қилинган нарсага бўйсиниб бажаравермасдан турли таклифлар киритиш яхши эмаслигини билдиради.
Нима учун саҳобаларнинг кўпроқ ибодат қилиш рағбати Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ғазабларини чиқарди? Чунки, улар, Аллоҳ ва Расул амр қилган ишларни оз санаб, ўзларига зиёда қилмоқчи бўлдилар. Бу эса, доимо хатога бошлайди Аллоҳ таоло бандаларига нима муносиб эканини Ўзи яхши билади. Аллоҳ таоло бандаларига қанча миқдорда ибодат муносиб эканини ҳам яхши билади. Шунинг учун инсоннинг ўзига, тоқатига яраша амалларга буюради. Агар инсон бутунлай намоз ўқиб, рўза тутиб ёки шунга ўхшаган амалларни қилиши керак бўлганида, уни фаришталарга ўхшатиб емайдиган, ичмайдиган, уйланмайдиган қилиб яратар эди.
Шунингдек еб-ичиб, жинс билан машғул бўлиб, ҳайвонлик даражасида юравериши керак бўлганида, унга ақл бермас, Пайғамбарлар юбормас, китоблар туширмас ва шариатлар жорий қилмас эди.
Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Аллоҳнинг амрини бажармаганлардан қанчалик ғазаблансалар, Аллоҳнинг амрга зиёда қилишни хоҳлаганлардан ҳам, шунчалик ғазабланар эдилар. Ушбу ҳадисда зиёда ибодат қилишга изн сўраган саҳобаи киромлардан ғазабланишлари ҳам шундан. У зот уларга:
«Сизларнинг энг тақводорингиз, Аллоҳни энг яхши билувчингиз менман!» дер эдилар.
Яъни, бирортангиз менчалик тақводор бўла олмайсиз, менчалик Аллоҳни таний олмайсиз. Нега энди мен қилмаган ибодатларни қилмоқчи бўласиз?!
Демак, Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларида келган ибодатдан ортиқча ибодат қилиш нотўғри ҳисобланади.
Ҳа, васатийлик ҳамма соҳада бўлиши лозим. |