Аллоҳга У зотнинг улуғлигига муносиб ҳамду санолар бўлсин!
Пайғабарларнинг афзали Муҳаммад Мустафога мукаммал ва тугал саловоту саломлар бўлсин!
Бизнинг диний ҳаётимизда узоқ давом этган саводсизлик ҳамда илмий муҳитдан четда қолиш оқибатида Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолонинг динини ўрганиш қоидаларини, кўпгина илмий услубларни унутганмиз десак, муболаға бўлмайди.
Эътибор берадиган бўлсак, барча соҳаларда, айниқса диний - илмий жабҳаларда фақат оғзаки гап-сўзга эътимод қилиниши, ҳаттоки диний хизматда юрган илм доирасидаги кишиларнинг ҳам асл диний манбалардан, китоблардан узоқликлари, бирор китобни қунт билан аввалидан охиригача ўқиб чиқиш умуман йўқолиб бораётганлиги кўп афсусланарли ҳолдир.
Натижада, чуқур илмий таҳлил йўқолиб бормоқда, саводсизлик кўпаймоқда.
Ана шуларни эътиборга олиб, Аллоҳ имкон берганича, нафақат диёримизда, балки бутун Ислом оламидаги энг мўътабар уламоларимиздан бири, ҳадис илми бўйича мўминларнинг амири лақабини олган буюк ватандошимиз Имом Бухорийнинг «Ал-Адаб Ал-Муфрад» деб номланган китобларини тўлиқ ўрганиб чиқишга қарор қилдик.