Таҳиятул масжид намози ва амри маъруф Принтер учун
18.11.2008 й.

САВОЛ: Ассалому алайкум, Шайх ҳазратлари!
Аллоҳ йўлида Ислом учун қилаётган хайрли ишларингизга Аллоҳ таоло кўплаб ажрларни бериб, мартабангизни бундан-да зиёда қилсин.
Кеча жума намозида бир воқеа бўлиб, мени савол беришга мажбур этяпти.
Имом амри маъруфда шундай деяптилар «......Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам айтган эканлар масжидга кирган заҳотингиз (ўтирмасдан) та-ҳийятил масжид намозини адо этинг, ўтириб олганингиздан сўнг ўқиманг»
Шу гаплар айтилди, яъни бу намоз мустаҳаб амал бўлиб, уни қилган савоб олади, қилмаган одам эса маломат қилинмайди, дейилди.
Амри маъруф тугагандан сўнг эса 3-4 киши таҳиятул масжид намозини ўқишни бошлади, шу қаторда мен ҳам ўқимоқчи бўлиб энди турмоқчи эдим, олдимдаги сафда ўтирган бир оқсоқол «Нега яна намоз ўқишга турдиларинг, шунча амри маъруф қаерга кетди, қорининг гаплари қаерда қолди» деган гапларни баланд овозда айтиб юбордилар. «Қўрқибми ёки иймоним сустлик қилдими, билмадим қарасам 3-4 кишидан бошқа ҳамма ўтирибди, мен ҳам турмадим. (Аллоҳ ўзи кечирсин)
Мен ушбу вазиятда қандай йўл тутишим керак эди?
Аксига олиб имом ҳам «бўлди, қўяверинг», демадилар.
Агар ҳақиқатдан ҳам масжидга кирганда ўтирмасдан намоз ўқиш керак бўлса, мен амри-маъруфга озгина кечикиб келдим. Шу вақтда бир томонда амри-маъруф бўлса, мен ҳам бир томонда таҳиятил масжид намозини ўқисам дуруст бўладими?
Ҳазрат, ушбу воқеага ўз муносабатингизни билдирсангиз.
Аллоҳ Сизни икки дунёда ҳам азизу-мукаррам этсин!

ЖАВОБ: Бисмиллаҳир роҳманир роҳийм.
Абу Қатода розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Қачон бирингиз масжидга кирса, ўтиришдан олдин икки ракат намоз ўқисин», дедилар».
Бешовлари ривоят қилган.
Бу икки ракатли намоз «таҳийяти масжид»–масжид саломи намози дейилади.
Шофеъий ва Ҳанбалий мазҳабида таҳийяти масжидни ҳар қандай пайтда бўлса ҳам–намоз ўқиш макруҳ ёки имом хутба ўқиётган пайтда ҳам ўқиш керак, дейилади.
Моликий ва Ҳанафий мазҳабларида эса, имом хутба ўқиётган бўлса таҳийяти масжид ўқилмайди.
Шунингдек, Ҳанафий мазҳабида намоз ўқиш макруҳ пайтларда ҳам таҳийяти масжид ўқилмайди.
Кириши билан фарз намози ёки бошқа бир намозни ўқиса, ният қилмаса ҳам та-ҳийяти масжиднинг ўрнига кифоя қилади.
Узр сабабли масжидга бир кунда бир неча бор кирадиган бўлса, бир марта ўқиса кифоя қилади.
Бу намознинг ҳукмидан масжидул ҳаром истисно қилинган. Бу масжиднинг таҳийяти тавоф билан бўлади.
Масжидга кирганда бирор узр билан таҳийяти масжид намозини ўқий олмаса, «Субҳаналлоҳи! Валҳамду лиллаҳи! Ва лаа илаҳа иллаллоҳ! Валлоҳу акбар»ни айтса кифоя қилади. Валлоҳу аълам.

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri