ҚАДАРИЯ ВА МУРЖИАГА ЎХШАШ БИДЪАТ СОҲИБЛАРИ Принтер учун
18.11.2008 й.

Иймон-эътиқод бобида «бидъат» истилоҳи «бузуқ ақийда» маъносини англатади. Қадария ва Муржиа мазҳаблари тўғрисидаги маълумот, Аллоҳнинг ёрдами ила ҳадислар шарҳида келади.

Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Қадария ушбу умматнинг мажусийларидир. Агар улар бемор бўлсалар, кўргани борманглар, ўлсалар, ҳозир бўлманглар»-дедилар.
Шарҳ: Бу ҳадис ровийси Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу билан танишмиз. Бу ҳадис мусулмонлар ичидан чиқадиган маълум бир тоифа—Қадарияга бағишланмоқда.
Бу тоифа кимлигини унинг номининг ўзиёқ айтиб турибди, яъни, қадар масаласида адашган тоифа бўлгани учун ушбу номни олган. Аниқроғи, қадарни инкор қилганлари учун, шундай аталган. Бу тоифага мансуб кишилар қадарга ишонмайдигон кишилардир. Улар «дунёдаги бандага хос ишлар банданинг ихтиёри билан бўлади, банда ўз амалини ўзи халқ қилади», дейдилар.
Қадария бошқа мазҳабларга ўхшаб алоҳида бир тоифага ажраб, имоми бўлиб, давомчилари маълум минтақаларга тарқалган эмас. Балки, ким юқоридаги ақийдани қилса, ўшанга қадария дейилаверган. Қадария мазҳабининг энг кўзга кўринган тамсилчилари мўътазилийлардир.
Мўътазилийлар алоҳида ақийдавий мазҳаб, йўналиш соҳиблари бўлиб, бошқа баъзи бир ақидавий масалаларда ҳам Аҳли сунна ва жамоа мазҳабига хилофлари мавжуд. Жумладан, қадар масаласида ҳам юқорида зикр қилинган эътиқодда бўлганлари учун уларни «Қадария» ҳам дейилади.
Қадария мазҳабига юрганларнинг асосий хатоси инсонга берилган ихтиёрга муболаға билан қараб, Аллоҳнинг шомил ихтиёрини чеклашга уринишдир. Улар инсонда ихтиёр борлигига далолат қилувчи оят ва ҳадисларни ҳаддан ошириб, унинг ихтиёри чекланган ва Аллоҳнинг ихтиёрига тобеълиги ҳақидаги далилларни ўз фикрларига мослаб таъвил қилиш билан овора бўлганлар. Оқибатда залолатга кетганлар.
Ушбу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Қадария ушбу умматнинг мажусийлари», демоқдалар, яъни Қадария мазҳабига юрганларни Ислом умматининг мажусийлари эканлигини эълон қилмоқдалар. Нима учун? Бу саволга уламоларимиз қўйидагича жавоб берадилар. Маълумки мажусийлар–оташпарастлардир. Улар қуёшга ёки оловга ибодат қиладилар. Уларнинг эътиқодлари бўйича, икки асл илоҳ бор: Нур худоси ва Зулмат худоси, яъни яхшилик худоси ва ёмонлик худоси. Ҳамма яхшиликларни Нур худоси, барча ёмонликларни эса, Зулмат худоси қилади.
Қадария мусулмонлардан бир тоифа бўлиб, қадар йўқ дейди. Улар «банда ўзининг ихтиёрий амалларини ўзи яратади» дедилар. Шу эътиқодларига биноан уларнинг фикрича Холиқ иккита бўлади: Аллоҳ таоло ва ўз ихтиёрий амаллари бўйича инсон. Шунинг учун, яъни, икки холиқ бор, деб эътиқод қилганлари учун ҳам, Қадария иккита илоҳ бор деб, эътиқод қилувчи мажусийларга ўхшатилган.
Қадариянинг фикри ўта хатарли эканини аввалги гапларимизда таъкидлаб ўтдик. Шунинг учун ҳам бу ҳадиснинг давомини ўрганар эканмиз, Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам сиз билан бизни уларга умуман яқинлашмасликка амр қилаётганларини кўрамиз. У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам:
«Агар улар касал бўлсалар, кўргани борманглар», демоқдалар.
Бу ниҳоятда оғир гап. Чунки, Исломда бемор мусулмонни бориб кўриш бошқа мусулмонларнинг бурчидир, беморнинг бошқа мусулмонлар зиммасидаги ҳаққидир.
Қадария эътиқодида бўлган кимсалар ана ўша ҳақдан маҳрум қилинмоқдалар. Бу бир тарафдан соф эътиқодли киши учун эҳтиёт чораси: Қадария эътиқодидаги кимсани кўргани бориб, унинг бузуқ ақийдасидан таъсирланиб қолишининг олдини олиш. Иккинчидан, ўша бузуқ ақидадаги одам учун эслатма-жазо. Чунки бир бемор кимсани унинг ақийдасидан ҳазар қилиб соф ақийдали мусулмонларнинг кўргани келмасликлари унинг учун ўлимга тенг. Учинчидан, бу бошқаларга ибрат ҳам. Фалончи Қадария ақийдасида бўлгани учун соф эътиқодли мусулмонлар беморлигини сўраб бормадилар, биз ҳам шунга ўхшаб қолмайлик, деб ўзларини эҳтиёт қиладилар. Турли бузуқ ақийдали кишиларга эргашмайдилар. Сўнгра У зот:
«...ўлсалар, ҳозир бўлманглар»-дедилар.
Бу ҳам ўта қаттиқ ижтимойи жазодир. Ўлган мусулмонни ювиб-тараб, жанозасини ўқиб кўмиш, тирик мусулмонлар учун фарзи кифоя. Бу ерда эса, Қадария эътиқодида бўлган кимсанинг жанозасига умуман бормасликка амр бўлмоқда. Бунда, ўлган кимса эътиқодидаги тирик бузиқиларга катта танбеҳ ва мусулмонлар оммаси учун кучли эслатма бор. Агар ушбу ҳадиси шарифда кўрсатилган чоралар мусулмонлар томонидан оқилона ва уюшқоқлик билан татбиқ қилинганида бузуқ ақийдадаги одамлар камроқ бўлармиди?
Бу ҳадисдан олинадиган фойдаларимиз:
1. Қадария ақийдасининг хатарлилиги.
2. Қадария мусулмон умматининг мажусийлари экани.
3. Аҳли сунна ва жамоага хилоф ақийдадаги беморларни кўргани бормаслик.
4. Аҳли сунна ва жамоага хилоф ақийдадаги кимсаларнинг жанозасига бормаслик.
Ушбу ҳадиси шариф мусулмонларнинг ақийдасини софлигича сақлаб қолишда катта аҳамият касб этади. Аввало Қадария эътиқодидаги кишиларнинг кимлигини фош этиб, мусулмонлар оммасини огоҳлантирилди. Қолаверса мусулмонларнинг ўзлари ҳам ақийдалари софлиги учун курашишлари лозимлиги баён қилинди. Бузуқ эътиқодли кишиларнинг беморлигини сўрамаслик, жанозасига бормаслик билан ижтимоий чора кўриб, таъсир ўтказиш амр қилинди. Бу нарсага амал қилиш сустлигидан турли бузуқ эътиқоддаги, ҳатто куфрдаги кишилар, мусулмонлар даврасининг тўрида ўтириб, иззат-икромларига сазовор бўлмоқдалар. Бу эса, ўз навбатида, уларга ўхшаш нобакорларнинг озайиши ўрнига, кўпайишига сабаб бўлмоқда. Халқ ичидаги обрў-эътибор ақийданинг софлиги, диндорликнинг даражаси билан ўлчалгандагина мусулмонлар ўз жамиятлари устидан яхши ва тўғри жамоатчилик таъқиби ўрнатган бўладилар. Демак, ушбу ҳадиси шарифга амал қилишга ўтиш мусулмонлар учун ниҳоятда зарур.

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Аҳли қадарлар билан бирга ўтирманглар ва уларга гап очманглар, улардан нарса сўраманглар»-дедилар. (Иккала ҳадисни Абу Довуд ривоят қилган).
Шарҳ: Ҳадиснинг ровийлари ҳазрати Умари Одил розияллоҳу анҳу билан яхши танишмиз. Бу ҳадиси шариф аввалги ўрганган ҳадисимизнинг узвий давоми десак хато қилмаган бўламиз.
Аввалги ҳадисда айтилган гаплар бу ҳадисга ҳам тегишлидир. Фақат бу ҳадисда бузуқ ақийда эгаларига кўрсатиладиган таъсирнинг қуйидаги, бошқача усуллари зикр қилинмоқда:
1.«Аҳли қадарлар билан бирга ўтирманглар».
Бу иш ҳам, бузуқ эътиқодли кишиларга таъсир ўтказишда, оммани уларнинг бузуқлигидан асрашда катта аҳамиятга эга. Бир тасаввур қилиб кўрайлик: Бир гуруҳ мусулмонлар гаплашиб ўтиришган эдилар. Бузуқ эътиқодли киши келиб уларга қўшилиб ўтирди. Шунда ҳалиги гуруҳ одамлари бирин-кетин ўринларидан туриб кетдилар. Бузуқ эътиқодлининг ўзи қолди. У билан биров саломлашмади ҳам. Саломига алик олмади ҳам. Бу жуда ҳам таъсирли чора.
2.«Уларга гап очманглар, улардан нарса сўраманглар».
Бу ҳам ўта қаттиқ чора. Инсон ўзи яшаётган жамиятдаги бошқа одамлар билан алоқада бўлишга, муомала қилишга муҳтож. Эътиқоди туфайли мусулмонларнинг нафратига учраган кимса танбеҳ олади, ўзини ўнглаб олишга имкон топади. Энг муҳими унинг ҳолини кўриб баъзи бир унга ўхшамоқчи бўлганлар ўзини тияди.

Ибн Умарга: «Биз томонларда бир тоифа одамлар чиқди; Қуръон ўқийдилар, илмни титкилаб талаб қиладилар», дейилди. Ва гапирувчи уларнинг қадар йўқлигини, ишлар ўз вақтида янгитдан бўлишини даъво қилаётганларини зикр қилди. Шунда У: «Агар ўшаларни учратиб қолсанг, хабар бериб қўй, Ибн Умар, албатта, улардан безордир. Улар ҳам ундан безордирлар. Абдуллоҳ Ибн Умар Унинг билан қасам ичадиган зотга қасамки, агар улардан бирининг Уҳуд тоғичалик олтини бўлиб, уни нафақа қилса ҳам, то қадарга иймон келтирмагунча, Аллоҳ ундан қабул қилмайди»-деди. (Муслим ва Абу Довуд ривоят қилган).
Шарҳ: Ушбу ривоятда буюк саҳобий Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу билан баъзи кишилар ўртасида бўлиб ўтган савол-жавоб келтирилмоқда. Бу ерда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламнинг зикрлари ҳам, гаплари ҳам йўқ. Аммо У зот саллоллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг маъноси бор. Одатда саҳобаи киромлар, хусусан, Абдуллоҳ ибн Умардек зот бунга ўхшаш масалаларда Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васалламдан бирор нарса эшитмай туриб, ўз фикрларича гап гапирмасликларини ҳисобга олиб, бу ривоят ҳадисларга қўшилган. Баъзи кишилар томонидан Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳуга:
«Биз томонларда бир тоифа одамлар чиқдилар; Қуръон ўқийдилар, илмни титкилаб талаб қиладилар», дейилди».
Гапнинг сиёқидан кўриниб турибтики, гапирувчи бошқа юртдан келган. Абдуллоҳ ибн Умардек мўътабар зот билан учрашиб қолганини қулай фурсат билиб, ўзини ўйлантириб юрган нарса ҳақида сўраб олишга қарор қилган. Унинг, биз тарафларда бир тоифа одамлар чиқди, дейишидан, уларнинг юртида янги бир тоифа чиққанлиги кўриниб турибти. Сўнгра ўша тоифанинг сифатларини айта бошлади:
«Қуръон ўқийдилар».
Аслида ҳамма мусулмон ҳам Қуръон ўқийди. Лекин сўзловчининг ҳалиги янги тоифани васф қилишда биринчи бўлиб Қуръон ўқишларини зикр қилишидан, Қуръон ўқиган одамдан яхшиликдан бошқа нарса чиқмаса керак, деб ўйлаб юргани чиқади. Чиндан ҳам мусулмонлар Қуръони Каримга бўлган эҳтиромлари ниҳоятда зўрлигидан Қуръон ўқиган ҳар бир кишини қаттиқ ҳурмат қиладилар. Баъзи бир нафси бузуқлар, хусусан бузуқ эътиқоди ила шуҳрат қозонмоқчи бўлган кимсалар, бу нозик нуқтадан унумли фойдаланадилар. Ўзларини ҳаммадан кўра кўпроқ Қуръон ўқийдиган, Қуръонни биладиган қилиб кўрсатишга уринадилар.
«Илмни титкилаб талаб қиладилар».
Яъни, илмни кўпчилик билмайдиган чуқур масалаларини титкилаб топишга уринадилар. Бидъатчи, бузуқчиларнинг асосий сифатларидан бири шу. Улар доимо йўқ ердаги китобларни топиб ўқиб, хаёлга келмаган масалаларни қўзғаб юрадилар. Ўзларини аҳли Қуръон, аҳли илм қилиб кўрсатишга уринадилар.
«Ва гапирувчи, уларнинг қадар йўқлигини, ишлар ўз вақтида янгитдан бўлишини даъво қилаётганларини зикр қилди».
Демак, мазкур васф қилинаётган тоифа одамлари қадарга ишонмас эканлар. Ҳар бир иш ўз қилинаётган вақтдагина билинади, дер, эканлар. Бу билан Аллоҳнинг илми чексиз эканини инкор этар эканлар. Ушбу васфлардан сўнг Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳу у тоифадагиларнинг кимлигини англаб етдилар ва сўзловчига қўйидагиларни айтдилар:
«Агар ўшаларни учратиб қолсанг, хабар бериб қўй, Ибн Умар албатта улардан безордир. Улар ҳам ундан безордирлар».
Яъни, Ибн Умар ўзини улар билан бир маслакда, деб ҳисобламайди. Улар ҳам ўзларини Ибн Умар билан бир маслакда, деб ҳисобламасинлар.
«Абдуллоҳ Ибн Умар Унинг билан қасам ичадиган зотга қасамки, яъни, мен Аллоҳга қасам қиламанки, «агар улардан бирининг Уҳуд тоғичалик олтини бўлиб, уни нафақа қилса ҳам, то қадарга иймон келтурмагунча, Аллоҳ ундан қабул қилмайди»-деди».
Яъни, ўша қадарга ишонмайдиганларнинг Уҳуд тоғичалик катта миқдорда олтини бўлиб, уни Аллоҳнинг йўлида садақа қилса ҳам, Аллоҳ садақасини қабул қилмайди. Чунки, қадарга иймони йўқнинг амали қабул бўлмайди. Бу гаплар қадарга ишонмаслик нақадар ёмон нарса эканини яна бир бор кўрсатиб турибди.
Ушбу ҳадисдан қўйидаги фойдаларни оламиз:
1. Олим одамларни кўрганда керакли масалаларни сўраб олиш.
2. Бузуқ ақийдадаги одамларнинг Қуръон ўқишни ўзларига ниқоб қилиб олишлари мумкинлиги.
3. Бузуқ ақийдадаги одамларнинг талаби илмни ўзларига ниқоб қилиб олишлари мумкинлиги.
4. Соф эътиқоддаги мусулмон бировнинг эътиқоди бузуқ эканини эшитиши билан ундан ўзининг безор эканлигини эълон қилиши кераклиги.
5. Маънони таъкидлаш учун Аллоҳ билан қасам ичиш мумкинлиги.
6. Қадарга иймони йўқ одамнинг амали қабул бўлмаслиги.

Яна ўша кишидан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Ушбу умматдаги ёки менинг умматимдаги ер ютиш, бошқа махлуққа айланиб қолиш ёки осмондан бўладиган тошбўронга учраш, аҳли қадардадир»-дедилар.
Шарҳ: Бу ҳадис ҳам Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бу ҳадисларида қадарга ишонмаслик нақадар оғир жиноят эканлигини баён қилмоқдалар. Ислом умматида ер ютиш, бошқа махлуққа айланиб қолиш ёки осмондан бўладиган тошбўронга учрашга лойиқ тоифа, Қадария тоифаси эканлигини эълон қилмоқдалар. Бу жуда ҳам қаттиқ гапдир. Чунки, турли умматлар ичида турли гуноҳ қилганлар ушбу азобларнинг биттаданига учраган.
Мисол учун Қорун ва унинг аҳлини ер ютган. Яҳудийларнинг чўчқа ва маймунга айланиш азобига дучор бўлгани ҳаммага маълум. Каъбатуллоҳнинг бузиш ниятида келган Абраҳа ва унинг аскарлари осмондан бўлган тошбўронга йўлиққанлари ҳам маълум ва машҳур.
Аҳли қадарга эса, ушбу уч азобнинг таҳдиди бирдагина бўлмоқда. Шунинг ўзиданоқ бу масала нақадар хавфли эканини билиб олсак бўлади. Бундан Аллоҳнинг Ўзи сақласин!

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбар саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг умматимдан икки синф бор. Икковларининг ҳам Исломдан насибаси йўқ: Муржиа ва Қадария»-дедилар». (Икки ҳадисни Термизий ривоят қилган).
Шарҳ: Бу ҳадис машҳур саҳобий Абдуллоҳ ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Пайғамбаримиз саллоллоҳу алайҳи васаллам мусулмонлар ичидан чиқадиган икки тоифа ҳақида хабар бермоқдалар. У зотнинг:
«Менинг уматимдан икки синф бор»-деганларининг маъноси шудир.
«Икковларининг ҳам Исломдан насибаси йўқ».
Демак, булар залолатга кетган, адашган тоифалар ҳисобланади. Аввал ушбу икки тоифани васф қилган ҳолда эшитувчиини қизиқтириб, «улар кимлар экан?», деб иштиёқларини қўзитиб олганларидан сўнг:
«Муржиа ва Қадария», деб, мазкур тоифаларнинг номларини айтдилар. Расули Акрам саллоллоҳу алайҳи васаллам беҳуда ташвиш тортмаган эдилар. Ҳақиқатда ҳам, кейинчалик бу тоифалар мусулмонлар ичидан чиқдилар. Тўғрироғи, шу икки васфни ўзида мужассам қилган тоифалар чиқдилар ва уларга мазкур номлар берилди.
«Муржиа» сўзининг луғавий маъноси «умид қилдирувчи» ва «ортга сурувчи» деган икки хил ифодадан иборатдир.
Бу тоифага мансуб кишилар мусулмоннинг қанча гуноҳи бўлса ҳам Аллоҳ кечиб юборади, деганлари учун шу ном билан «Муржиа»–«умид қилдирувчилар» деб номландилар.
Шунингдек, «гуноҳ қилган мусулмонларнинг ишини ортга сурамиз, Аллоҳ Ўзи билиб муомаласини қилади», дегани учун, «Муржиа»–«ортга сурувчилар» ҳам дейилди. Яъни, бир лафз билан икки маъно кўзда тутилган.
«Муржиа»лар ҳам «Қадария»ларга ўхшаб алоҳида имомлари, эргашувчилари, тузумлари ва фикрий мактаблари билан ажраб чиққан эмаслар. Балки, ким юқорида зикр қилинган «иржо» фикрига қўшилса ўшани муржиа дейилаверган. Бу фикр ва эътиқоднинг келиб чиқиши мусулмонлар ўртасидаги сиёсий ихтилофлар натижаси ўлароқ келиб чиққан фикрий-ақидавий ихтилофлар тарихига бориб тақалади.
Маълумки, ҳазрати Али билан Муовия розияллоҳу анҳумолар ўртасидаги сиёсий ихтилоф оқибатида «Хавориж» мазҳаби юзага чиқди. Улар биринчи бўлиб мусулмонларни амали туфайли кофирга чиқаришга ўтдилар. Гуноҳи кабира (улкан гуноҳ) қилган мўмин ким?» деган масалада қаттиқ ва давомли тортишувлар бўлди. Хаворижлар ҳеч иккиланмай: «гуноҳи кабира қилган мўмин, кофир бўлади, дўзахда абадий қолади» дедилар.
Мўътазилийлар: «Иймон билан куфр орасидаги оралик манзилда қолади, У мўмин ҳам эмас, кофир ҳам эмас», дедилар.
Ҳасан ал-Басрий, Саъид ибн Жубайр каби кишилар гуноҳи кабира қилган мўмин мунофиқ бўлади, дедилар.
Аҳли сунна ва жамоа эса «гуноҳи кабира қилган мўмин осий бўлади, гуноҳига яраша дўзах азобини тортиб, кейин қайтиб чиқади», дедилар.
Аммо ихтилоф кучайиб, мўминларни кофирга чиқариш авж олаверди. Ҳар кимнинг ўз фикрига таассубли бўлиши ҳам кучайиб бораверди. Тарафкашлик бор жойда, ҳаддан ошиш бўлиши ҳаммага маълум. Хаворижларнинг мўмин одамни сал нарсага кофирга чиқараверишларига қарши бўлган тарафлар ичида ҳам ҳаддан ошувчилар чиқди. Улар хаворижлар нима деса, шуни ёлғонга чиқаришга киришиб кетдилар. Улар аввалига гуноҳкор мўмин осий бўлади, деган фикрга қўшилган эдилар. Ихтилофлар кучайгач, гуноҳкор мўминнинг иши ортга сурилади, нима қилишни Аллоҳнинг ўзи билади, аммо кечиб юбориши устун, дедилар. Таассублари янада кучайгач, иймон–тил билан айтиб, дил билан тасдиқлашдир, амалнинг иймонга дахли йўқ, дейишди. Шунинг учун гуноҳ амал қилган одам мўминликдан чиқмайди, дейишди. Бориб-бориб, амал куфр билан фойда бермаганидек, иймон билан ҳам зарар бермайди, дедилар. Яъни, кофир одамнинг қилган яхши амали кофирлиги туфайли унга фойда бермаганидек, мўмин одамнинг қилган гуноҳи иймони борлиги туфайли унга зарар бермайди, дедилар. Бу–тили билан иймон калимасини айтиб қўйиб, дили билан тасдиқ қилиб, хоҳлаган гуноҳни қилавериш мумкин, заррача зарар бўлмайди, тўппа-тўғри жаннатга бораверади, дегани эди. Ва ниҳоят, иймон дил тасдиғидир, агар тилида куфр сўзларини айтса ҳам бўлаверади, дейишгача боришди.
Кўриниб турибдики, «жаҳл келганда ақл кетар» қабилида иш бўлган. Асосан, қуруқ жанжал, даҳанаки жанг, тарафкашлик шу оқибатга олиб келган. Аммо, «иржо» яъни, муржиаларнинг фикри доимо мусулмонларнинг қаҳрига учраган. Шунинг учун ҳам бу фикр намояндалари ўзларини кўпчиликка танита олмаганлар.
Бунинг ўрнига Имом Абу Ҳанифа, Имом Абу Юсуф ва Муҳаммадларга ўхшаш улуғ кишиларни муржиалар, деб гап тарқатишга ўтганлар. Аслида эса, бу улуғ зотлар иржо фикрига мутлақо қарши бўлишган. Хаворижлар уларни «муржиа» деб атаганлар.
Бу улуғ зотлар Аҳли сунна ва жамоанинг имомлари бўлганлганлар, ҳам хаворижларга, ҳам марижиъаларга қарши бўлганлар.
Тарихий ва мазҳабчилик манбаъларига назар соладиган бўлсак, муржиаликнинг фикр сифатидаги васфларини кўп кўрамиз. Аммо ҳаракат сифатида, татбиқ қилинган нарса сифатида унинг бирор нарсасини кўрмаймиз. Уларнинг бошлиқлари, кўзга кўринган арбоблари ким эканини ҳам кўрмаймиз. Шунингдек, муржиа фикрини татбиқ қилиб яшаган бирор гуруҳни ҳам билмаймиз. Муржиалик фикрини олға сурган кишиларнинг ўзлари гуноҳ ишларни қилиб, савоб ишларни тарк этганлари тўғрисидаги хабарларни ҳам учратмаймиз.
Агар муржиалик қадимда фикр сифатида мавжуд бўлган бўлса, ўша фикр ҳозирда татбиқ қилинмоқда, десак хато бўлмайди. Бугунги кунимизда Ислом дини амрларининг бирортасини қилмай туриб, жаннатнинг тўридан жой олишни даъво қилаётганлар жуда кўп. Кўпчилик ота-бобоси муслмон бўлгани, ҳамма нарса учун кифоя қилади, деб ўйлайди. Баъзилар эса, туғилганда қўйилган исм мусулмонча бўлишини, хатнани, никоҳ ёки ўлганда жаноа ўқитишликнигина–Ислом деб ҳисоблайдилар.
Улардан кейинги даражада, йилига бир марта худойи қилишни ёки ҳайит намозида иштирок этишни жаннат калидини қўлга киритишга етарли иш, деб ҳисоблайдиганлар туради. Уларнинг бошқа вақтда дину диёнат, иймону шариат билан ишлари ҳам йўқ. Нима гуноҳ бўлса, киприк қоқмай қилаверадилар.
Мабодо биров «сен қайси диндасан?», деб сўраб қолса, «мусулмонман» деб жавоб берадилар. «Мусулмонлигингни нима билан исбот қиласан?» деб сўралса, «ота-бобомиз мусулмон бўлган, исмим фалончи, хатна қилинганман, никоҳ ўқитганман ёки ҳайит намозида қатнашгангман», дейди. Тажриба шуни кўрсатадики, уларнинг кўплари ҳатто тавҳид калимасини ҳам айта олмайдилар.
Замонамиз муржиаларининг тегирмонига сув қуювчилар, ўзига илм нисбатини бериб юрган баъзи кишилардир. Улар ўзларининг арзимаган дунёвий манфаатлари йўлида Ислом буюрган ибодатларни, амалларни қилмаганларга: «Бўлаверади, дилда бўлса, етади», деган гапларни айтадилар. Бир бенамоз ўзининг бенамозлигига «фалончи қори акам, ўзингиз намоз ўқимасангиз ҳам, намозхонларни ҳизматини қилмоқдасиз, шунинг ўзи етарли деганлар», деган баҳонани рўкач қилади. Бенамознинг эмас, қори акасининг гапидан ёқа ушлаб қоласан, киши.
Яна биттаси: «Фалончи акам билан Пистончи қори «намоз ўқимаса ҳам бўлаверади, деяптилар», дейди. Унга, намоз ўқимай юрганингда осий эдинг, аммо энди, намоз ўқимаса бўлаверади, деган гапни тушуниб айтаётган бўлсанг, сен ҳам, акаларинг ҳам кофир бўласанлар, дейиш керак бўлади.
Аллоҳга қарши журъатни қаранг! Исломга қарши жиноятни қаранг! Аллоҳнинг Расули саллоллоҳу алайҳи васаллам муржиаларнинг Исломдан насибаси йўқ, деб турсалару. Буларнинг гапини қаранг! Бу бузуқ фикр орамиздан кўтарилмас экан, Исломга амал қилишда олға босишимиз қийин. Қадария тўғрисида олдин гапирдик. Муржиа тўғрисида айтган гапларимиз уларга ҳам тегишли. Исломдан насибаси йўқ бу икки тоифага мусулмонлар орасида жой ҳам йўқ!

 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz