"Умматим, денг..." (шеърлар тўплами) Принтер учун
07.12.2008 й.

БЕШИНЧИ БОБ: ИСЛОМ ОЛАМИГА НАЗАР!

ХИЗМАТ

Эй роббимиз, яратмишсан дунёни икки қилиб,
Исломдан бошқаси недир – ҳеч ким кетмади билиб...
Орқамиздан бақирсалар, биз уларга бир кулиб,
Уларга гул отар-отмас, хизматга кетажакмиз.

Закариё қулинг каби арра билан кессалар
Ёки ҳазрат Билол каби харсангтош-ла эзсалар
Майинларни ва тоғларни тўсиқ дея терсалар
Бир туртки ҳам тегар-тегмас, хизматга кетажакмиз

Каломуллоҳ ҳассасидек денгизларни бурармиз,
Сенинг йўлинг бизга роҳат, хоҳ азобда юрармиз.
Биз Иброҳим дўстинг каби Каъбаларни қурармиз
Намозлар ўқиб-турилмас, хизматга кетажакмиз

Бу хизматга тортиш учун пок сийнали бойларни
Экиб қуруб хонасида ичажакмиз чойларни,
Олтмиш кунлик яшармиз биз ўттиз кунлик ойларни
Чойлар тугаб битар-битмас хизматга кетажакмиз

Дунё бизни алдай олмас, на рибо ва на пора,
Десаларки, отанг ўлди, бу кунлар сенга қора
Кўз ёши ва дуоларла элтиб қўйиб мозора
Сўнгра тупроқ тортар-тортмас, хизматга кетажакмиз

Кечалари дўстлар билан чой суҳбатин ютибон
Иймон тўла хуржунларни елкаларга ортибон,
Жужуғимиз сўраса гар: Қайга яна отажон?!
Қўлларидан ўпар-ўпмас, хизматга кетажакмиз

Бу кун маҳшар куни эмас, қочмаймиз бу заҳматдан
Аллоҳ учун Чин сорига йўл олгумиз Хиротдан...
«Чарчоқ»ни ва «етар» сўзин олиб ташлаб луғатдан
Уч-беш луқма ютар-ютмас, хизматга кетажакмиз

Инсонни ёт тутса агар тўфон ёки зилзила,
Аллоҳ учун шу йўлдамиз, тайёрдирмиз тизила...
Шартлашдикми, бас, етади, айтганмиз-ку «басмала»
Қўллар қанот тутар-тутмас, хизматга кетажакмиз

Тўкиб-тўкиб сочажакмиз кимнинг бор эса неси
Қадрин топар фақат шунда бу умр сармояси
Олинмоқдан кесилса гар биримизнинг нафаси
Сиртимизга отар-отмас, хизматга кетажакмиз

«Ла илаҳа ила Аллоҳ»ни айтмаган ким бор яна
Ул кимса иймон билмагай, қилолмасмиз тантана...
Пора-пора бўлса майли, бу йўлда қай бир тана,
Ул майитни ювар-ювмас хизматга кетажакмиз.

Йиғламаймиз, тақдир дея чидашга ўргатилдик,
Ҳақ каломин бошқалардан оз бўлсин эрта билдик,
Шунинг учун бу хизматга жуда тез, эрта келдик,
Нафас ростлаб олар-олмас хизматга кетажакмиз.

Одам насли қарши чиқсин парвойимиз фалакдир,
Қариндошлар, ватандошлар бу йўлларда ҳалакдир.
Қанча зуғум ошса, шунча бизда яхши тилакдир
Азобимиз ортар-ортмас хизматга кетажакмиз.

Бу муқаддас йўл эрурки, боболардан мерослар
Бул масканни обод қилур муҳаббат ва ихлослар.
Охир кунда заҳматлардан бўлиш учун халослар
Уйқулардан турар-турмас хизматга кетажакмиз.

Денгиз орти, узоқ юртда ким билмас дин хабарин
Шу жойга ҳам етказармиз иймон деган жавҳарин
Азонлар-ла ислоҳ этиб сайёранинг ҳар ерин
Осмонга кўз тикар-тикмас, хизматга кетажакмиз

Эй Роббимиз, биз қулларга атаб қўй кўшк-саройни,
Сени кўрмоқ бор-ку ахир худди кўргандек ойни,
Бизнинг асли муродимиз ёнингда ичмоқ чойни
Ўша куни йиғлаб-йиғлаб, унутиб минг чиройни
Пиёла чой тутар-тутмас, энди кетмаяжакмиз...
Хизматимиз ҳақин кўриб тинмай йиғлаяжакмиз!!!

КИМ ТАНИСА РОСУЛУЛЛОҲНИ!

Фарқлаш зарур ҳар бир кишига
Савоб ила зарар, гуноҳни.
Пухта эрур, билинг, ишига
Ким таниса Росулуллоҳни!

Ҳар ким йўлда ҳориб толади,
Охир келиб қулаб қолади.
Ислом йўлин билиб олади
Ким таниса Росулуллоҳни!

Ибодати бир истироҳат,
Кўрмас асло руҳий талофат.
Кўксин силар ҳақиқий роҳат
Ким таниса Росулуллоҳни!

Мусибатни ким қарши олар
Деган савол янграса агар,
Мусибатни жим қарши олар
Ким таниса Росулуллоҳни!

Нажас ҳоким этмас дидини,
Қўрқитолмас кўкнинг тутуни!
Тўймас ҳидлаб замин ҳидини
Ким таниса Росулуллоҳни!

Тушида ҳам айтар зикрни,
Тарк айламас асло шукрни.
Тушунади Абу Бакрни
Ким таниса Росулуллоҳни!

Ўлимга тик юра олади,
Жаннатни ҳам кўра олади.
Таҳажжудга тура олади
Ким таниса Росулуллоҳни!

Кўз ёшидан ташкил бўлар кўл,
Чалғитолмас бирон битта йўл.
Хотинига кўтаролмас қўл
Ким таниса Росулуллоҳни!

Яна дўстлар, неларни дейин?!
Қизиқтирмас уни сўм, тийин!
Овқат ейди қўшнидан кейин
Ким таниса Росулуллоҳни!

Онасига тик қаролмайди,
Отасига тик боролмайди,
Аҳлига ҳам ўшқиролмайди,
Ким таниса Росулуллоҳни!

Умид қилмай асло бировдан,
Дўзах қаттиқ дегай оловдан,
Билмас недир қочишлик ёвдан
Ким таниса Росулуллоҳни!

Билишлик-чун хилқат ҳилмини
Ва эитшга кашф тилсимини
Ўрганади дунё илмини
Ким таниса Росулуллоҳни!

Обрў ила мансаб талашмас,
Дўсти билан маркаб талашмас.
Мўмин билан мазҳаб талашмас
Ким таниса Росулуллоҳни!

Ҳар гиз илм томон отлатар,
Баъзан мажбур кулиб додлатар
Боласига Ёсин ёдлатар
Ким таниса Росулуллоҳни!

Тилларини тийиб юради,
Диним Дея куйиб юради.
Тоза кийим кийиб юради
Ким таниса Росулуллоҳни!

Саҳоватдан хулла, тўн бичар,
Фақирларга кийимин ечар.
Шахсиятдан дин деб воз кечар
Ким таниса Росулуллоҳни!

Дин ишига ходим бўлади,
У ўлса гар мотам бўлади,
Энг чиройли одам бўлади
Ким таниса Росулуллоҳни!

Ризқларини ҳалолдан терар,
Ва уйига жилмайиб кирар.
Саломини биринчи берар
Ким таниса Росулуллоҳни!

Сийрат ила дил топар малҳам,
Ул зот уйи маънавий маҳрам!
Озор бермас чумолига ҳам
Ким таниса Росулуллоҳни!

Пешонасин шамол ҳам силар
Балиқлар ҳам саодат тилар,
Қалбида ҳам таҳорат қилар
Ким таниса Росулуллоҳни!

Биродар дер ҳар бир кишини,
Кулса ойдек кўринг тишини!
Ўнгда қилмас чап қўл ишини
Ким таниса Росулуллоҳни!

Фақирлиги жуда ҳам чирой,
Ўртаҳоли қурмайди сарой!
Бой бўлса ҳам энг чиройли бой
Ким таниса Росулуллоҳни!

Ёш ҳолати ипакдан ҳарир,
Йигитлиги вазмин ва оғир!
Қариса ҳам чиройли қарир
Ким таниса Росулуллоҳни!

Ҳалол йўлда ҳориб, толмайди,
Ҳақиқатга индаёлмайди!
Савдо қилса алдаёлмайди
Ким таниса Росулуллоҳни!

Қалби ғамгин турар кулса ҳам,
Иродаси метин сўлса ҳам.
Донишманддир фаррош бўлса ҳам
Ким таниса Росулуллоҳни!

Ёлғондакам гул тутолмайди,
Мусибатда бол ютолмайди.
Қиёматни унутолмайди
Ким таниса Росулуллоҳни!

Тинглаб дам оласиз сўзини,
Шод бўласиз кўриб юзини.
Танигайдир хуллас ўзини
Ким таниса Росулуллоҳни!

УММАТ

Дунё яралганди унинг хурмати,
Қани бу умматнинг анга химмати?!
Дунёга қул бўлиш сенга ярашмас,
Кўзингни оч, эй Муҳаммад уммати!

Олдингга боқ, тозалаб юр орқангни,
Дарвозадан олиб ташла тақангни!
Аҳли китоб бир кун тутар ёқангни,
Кўзингни оч, эй Муҳаммад уммати!

Қандай бардош бергайсан бу қайғуга?
Фикр юрит, берилмайин туйғуга!
Минг йил бўлди кирганингга уйқуга,
Кўзингни оч, эй Муҳаммад уммати!

Сиғинганинг Аллоҳ эмас, бир мозор,
Шайтон букун иймонингга харидор!
Бошқа уммат сени кутар интизор,
Кўзингни оч, эй Муҳаммад уммати!

Чин мусулмон йиғлаб чекса аламни,
Турк ажратса фалон отлиғ ҳўжамни,
Араб кулиб тан олмаса ажамни
Кўзингни оч, эй Муҳаммад уммати!

Гар эшитсин десанг Аллоҳ нолангни,
Тун қўйнида йиғлаб оқиз жолангни,
Эртак айтма ухлатгани болангни
Кўзингни оч, эй Муҳаммад уммати!

Қалбдан итар ғойри Аллоҳ қўрқинчни,
Нари туртгин минг асрлик соғинчни,
Бас, босиб ўт амал деган босқични
Кўзингни оч, эй Муҳаммад уммати!

Кўзгуга боқ, инсоният юзисан,
Нусратсизлик сабаби ҳам ўзингсан,
Таъм соғинган умматларнинг тузисан
Кўзингни оч, эй Муҳаммад уммати!

Тутаб турган машъалани ёқ энди,
Илмга ўч болангга ҳам боқ энди,
Руҳиятнинг эшигини қоқ энди,
Кўзингни оч, эй Муҳаммад уммати!

Маккани тўлдирдинг тавофларингга,
Аммо бегонасан савобларингга,
Бухорийлар илҳақ жавобларингга -
Кўзингни оч, эй Муҳаммад уммати!

Қўй ўртага, мангу яшар саволни,
“Наҳот замин кўрмай ўтса рижолни,
Бу ҳолингда не қиласан дажжолни?” -
Кўзингни оч, эй Муҳаммад уммати!

Саодатни алиштирдинг рўёга,
Уммонларни чўктирдинг-а дарёга
Сўқирликка келмагансан дунёга
Кўзингни оч, эй Муҳаммад уммати!

Кимдир қўшиқ айтиб нолон бақирар,
Олимларинг уйғонишга чақирар,
Ҳатто Ийсо пайғамбар ҳам ҳайқирар:
Кўзингни оч, эй Муҳаммад уммати!

Хўп ўргандинг давру даврон суришни,
Энди бошла жиндай хаёл суришни!
Тўхтатақол тўйхоналар қуришни
Кўзингни оч, эй Муҳаммад уммати!

Нечун дунё арқонига бойландинг,
Бозорларнинг пешвосига айландинг,
Асли бошқа юмуш учун сайландинг
Кўзингни оч, эй Муҳаммад уммати!

Қачон кўкка тарқаб кетар бу қўрқинч,
Ибодатлар замирида минг ўкинч.
Дунё йиғлаб, сендан сўрар бир ўтинч:
Кўзингни оч, эй Муҳаммад уммати!

Бошдан нари кетмай қолмиш оминлар,
Иймонига қани пухта мўминлар?!
Миллиарддан ҳам ошди соҳта мўминлар
Кўзингни оч, эй Муҳаммад уммати!

Ўзингга ҳам оғир бундай юришинг,
Кофирни-да ҳайрон айлар туришинг.
Бу дунёни осон бўлар кўришинг
Кўзингни оч, эй Муҳаммад уммати!

Тингла! Қулоқ осгин бугун сўзимга,
Тик қарагин тик қараган кўзимга,
Қулоқларинг беркит майли бир зумга
Кўзингни оч, эй Муҳаммад уммати!

Аёлларинг оғзи тинмас шаллақи,
Шаҳарлигинг деса тинмай «қишлақи»,
Санга боғлиқ букун ислом равнақи
Кўзингни оч, эй Муҳаммад уммати!

Керак эмас мавзуларга қалашма,
Ёв бошқадир, ўзинг билан курашма!
Ҳадеб суннат хусусинда талашма,
Кўзингни оч, эй Муҳаммад уммати!

Ҳаловат не оқар уммон, ариқлар,
Сенга муштоқ дарёдаги балиқлар!
Туғавермай фақат кўзи юмуқлар
Кўзингни оч, эй Муҳаммад уммати!

Бахт топасан асҳобларга ўхшасанг,
Тинмай эриб кетажаксан юмшасанг,
Умар яшагандек яша яшасанг!
Кўзингни оч, эй Муҳаммад уммати!

Унут ёт кимсалар сўйлар эртагин,
Ёстиқ қилма бошгинагга патагин!
Ушла маҳкам Ғаззолийнинг этагин
Кўзингни оч, эй Муҳаммад уммати!

Сўнгги сўзим ўйга чўмишдан олдин,
Отангни, онангни кўмишдан олдин
Кўзингни ростакам юмишдан олдин
Кўзингни оч, эй Муҳаммад уммати!

ИСЛОМ АҲЛИМАН!

Бугун миллатчилик, маҳаллийчилик
Балоси дунёни қуршаблар олмиш.
Ўзини Муҳаммад аҳлиман деган
Инсонлар қалбида дўстлик йўқолмиш.

Бири «Мен фалоний мазҳабиман» дер,
Бошқасин раъйини буткул санар ёт:
«Қуръонда бўлса ҳам сенинг сўзларинг,
Бизга ундоқ ишни айтмаган устод».

Турли жамоалар, турли фирқалар
Очиқ кўролмаслик порлар зуҳрда
Аниқки, дўст тутиб куфр аҳлини
Мусулмон қавмини айблар куфрда.

Тағин тинмай ўқир саҳобийларни
Ҳазрати Билолга тасаннолар, деб.
Ака-ука бўлган мусулмонларнинг
Айбини эртадан то кеч ахтариб.

Салмони Форсийга шогирдмиз, дебон
Ҳайқирганлар ҳолин кўринг халафда.
Масжидлар бегона, сўзлашувлар йўқ,
Намоз ўқимаслар туриб бир сафда.

Мутаассиб қалби ҳар кун жўш уриб,
Иймон ҳаловатин тепкилаб кулар.
Имомга намозин топшириб туриб
Унинг орқасидан ғийбатлар қилар.

Ҳайҳот, бу умматнинг ҳар кун дарсида
Тахминан шундайин ривоят янграр:
«Али шамолласа, Усмон ҳам касал,
Абу Убайдага йиғлаган Умар».

Аммо ҳикоятлар қолар ўтмишда,
Дарслар тугаб-битган замона ғийбат:
«Эшитдингми дўстим, фалон одамни...
Бармоқ кўтаришни демоқда суннат.

Илми ҳам йўқ эди ўзи тузукроқ
Ўзича нимани қилмоқда даъво?
Ундан кўра намоз ўқимасайди
Қалби пок бўларди, кўнгли мусаффо!!!»

Мана шундай гаплар бугунгиларда
Ҳар кимнинг ўзича ҳақ каломи бор.
Фалон қори агар шундай демаган,
Демак, бошқаларнинг аҳволи афгор.

Кўнглим бир сесканиб кетди бу ҳолдан,
Кўриб ғафлат ичра зор қотганларни.
Эшитганмидингиз бирор миллатда
Ака-укаман деб тош отганларни.

Бу қандай ғаразгўй уммат бўлдики,
Хуснизон қилишдан ҳар дам тонарлар.
Ҳатто бирор инсон дин етказса ҳам
Унга турли номни қўйиб оларлар.

Шу зайл ўтмоқда кунимиз, дўстлар
Ихтилофлар ила завқланиб кўнгил
Фахш амал эгаси даъватсиз қолиб
Мусулмонни ғийбат қилиш касби – тил!

Мен бунга сира ҳам чидай олмасман
Кечмагум ҳаттоки тилнинг заҳридан.
Танишиб қўяйлик, шеърни ёзган мен
Оддий бир мўминман – ислом аҳлидан!

ТОПИЛМАС

Агарчи уйларга тўлса-да Мусҳаф,
Юраклар қўрида Қуръон топилмас.
Ҳар борада топсин буюк бир шараф,
Дардсиз ғазалларда дармон топилмас.

Дард ҳам инсон учун буюк бир неъмат,
Бу неъмат қадрига лозим садоқат.
Хонишлар авжида чираниш фақат...
Дардсиз ғазалларда дармон топилмас.

Ташқи чирой гўзал, хўп жим-жимадир,
Гўё денгиз узра сузган кемадир...
Овоз гўзал, аммо етмас нимадир,
Дардсиз ғазалларда дармон топилмас.

Унинг куйловчиси кўтарсин фарёд,
Бу хониш авжига лолдир одамзод.
Минг бор тингласангиз ололмайсиз ёд,
Дардсиз ғазалларда дармон топилмас.

Дарди йўқ кўнгиллар ғазал битарми,
Ёлғон оҳанг ила хониш этарми,
Қалбдан чиқмаган дард қалбга етарми?
Дардсиз ғазалларда дармон топилмас.

Дарди йўқ каслардан сўзингиз асранг,
Аллоҳ хур яратган юзингиз асранг,
Дардсизлар дардидан ўзингиз асранг,
Дардсиз ғазалларда дармон топилмас.

БИЗЛАРГА

Дўстнинг қасоси бор бугун дўстида,
Тўхтатинг! Берилманг ёлғон ҳисларга!
Фисқу фужур тўлди ернинг устида,
Ернинг остидан ҳам сўйланг бизларга!

Чарчадик сиёсат, раёсатлардан,
Нозик табиатлик фаросатлардан,
Гўзаллик истаган нафосатлардан...
Ернинг остидан ҳам сўйланг бизларга!

Майлига дунёнинг ташвишин бўзланг,
Омонат оламнинг фойдасин кўзланг,
Аммо бизга Қуръон, ҳадисдан сўзланг,
Ернинг остидан ҳам сўйланг бизларга!

Буюк таълимотга ҳайрон қолайлик,
Улуғ манзил сари хориб толайлик.
Йиғлаб ўзимизни таниб олайлик,
Ернинг остидан ҳам сўйланг бизларга!

Майлига Мажнунга етишсин Лайли.
Латифалар айтинг, чидаймиз, майли,
Бироқ рост калима янграган зайли
Ернинг остидан ҳам сўйланг бизларга!

Бугун ҳақ нидоси юмилиб қолди,
Залолат дўлига чўмилиб қолди.
Ер усти ёлғонга кўмилиб қолди,
Ернинг остидан ҳам сўйланг бизларга!

Кўнгиллар жаҳолат узра ёпилган,
Буюк Роббимизга йиғлаб топинган!
Яссавийлар паноҳ истаб талпинган
Ернинг остидан ҳам сўйланг бизларга!

Ёлғон гули билан алдаса баҳор,
Қишга бевафолик айласа гар қор,
Ҳақиқат ғалаба қозонар диёр
Ернинг остидан ҳам сўйланг бизларга!

Боқиб тўймагаймиз юзларингизга,
Юракдан ишониб сўзларингизга,
Термулиб тинглайлик кўзларингизга
Ернинг остидан ҳам сўйланг бизларга!

Тобора ўлимга яқин қадамлар,
Кизбдан зардадор букун баданлар.
Жонга тегиб кетди тирик одамлар
Ернинг остидан ҳам сўйланг бизларга!

Замин гарчи эрур ҳоки пойимиз,
Ундан олингандир азал лойимиз.
Бир куни индамай борар жойимиз
Ернинг остидан ҳам сўйланг бизларга!

БОМДОД

Туролдилар уйқудан қолиб
Қиёматни жазо билганлар.
Йиғласинлар дод-фарёд солиб
Бомдодларни қазо қилганлар!

Гўё кесиб томирларини,
Унутиб Ҳақ амрларини,
Еб қўйдилар умрларини
Бомдодларни қазо қилганлар!

Йўл адашган оқил сўқирлар
Энди қандай сабаб тўқирлар?!
Пешинларни йиғлаб ўқирлар
Бомдодларни қазо қилганлар!

Гар ҳис қилсак кўрмоғин Мавло
Ётолмасдик қилиблар ялло.
Татимагай уйқуси асло
Бомдодларни қазо қилганлар!

Оз роҳатлик уйқу қурбони,
Энди ҳодий бўлмас Қуръони.
Аҳволи не уйғонган они
Бомдодларни қазо қилганлар?

Кетказолмас кўнгилда доғин,
Унутолмас намоз фироғин.
Ҳақир кўрар аёл қучоғин
Бомдодларни қазо қилганлар!

Бу нафратга мен ҳам арзийман,
Қачон нафсим ғамини ейман!
Шу он ўлиб қолмасин, дейман,
Бомдодларни қазо қилганлар!

Хитобим шу кетар онларим:
Ҳазиллашманг қадрдонларим!
Тўрт маҳаллик намозхонларим
Бомдодларни қазо қилганлар!

ХУДО ЎЗИ ХОҲЛАСА

Худо ўзи тақдирда тақсимотни белгилаб,
Ношукр элга албатт, жоҳил, золимни бергай!
Мен негадир шу алфоз сўрарман ундан йиғлаб,
Худо ўзи хоҳласа, бизга олимлар бергай!
Бухорийдек, Темурдек қалби солимлар бергай!

Кимларгадир шуъурдан, яловлардан насиба,
Узоқ Шарқ даласига қировлардан насиба!
Японларга тез юрар уловлардан насиба...
Худо ўзи хоҳласа, бизга олимлар бергай!
Навоийдек, Бобурдек қалби солимлар бергай!

Қай элда буюк санъат – йиғламаклик ё кулиш,
Фаранги қиз кулгуси мисоли ойдек тўлиш,
Қора қитъа жасурлик, қувватдан олса улуш,
Худо ўзи хоҳласа, бизга олимлар бергай!
Форобию, Синодек қалби солимлар бергай!

Форс диёри балоғат саҳнида этса ҳиром,
Соҳир оҳанглар ила айласа бизни тамом,
Мен йиғлагум “ўзбекка яна бергин деб Имом”...
Худо ўзи хоҳласа, бизга олимлар бергай!
Термизийдек, Кубродек қалби солимлар бергай!

Ғарб дунёга дарс берсин майли табобатлардан,
Пушкин туққан рус эли жўшсин балоғатлардан,
Жоним бугун бўғзимда асрий ҳақоратлардан,
Худо ўзи хоҳласа, бизга олимлар бергай!
Замаҳшарий, Румийдек қалби солимлар бергай!

Эрта тонгда шу туйғу ўрнашибди дилимга,
Охир йиғлаб бул ҳисни чиқордим ман тилимга:
“Икки дарё орасин” буркаб тамом илмга
Худо ўзи хоҳласа, бизга олимлар бергай!
Бухорийдек, Темурдек қалби солимлар бергай!

АЙЛАНТИРИНГ

Гул экиб, бу дунёни
гулзорга айлантиринг
Изғиринлик кунни ҳам
Баҳорга айлантиринг.
Энг ёмон ёвлар келиб
Қаҳр айласа ҳамки
Ширин суханлик билан
Дийдорга айлантиринг.

Ўзгадан айб изламак
Нодоннинг иши эрур,
Ўзим яхши демаклик
Ёмоннинг иши эрур.
Ҳасад ўтида ёнмак
Гумоннинг иши эрур,
Тунларни ҳам покиза
Наҳорга айлантиринг!

Ҳаромдир ўзга дилга
Боқмалик ўздан кетиб,
Ё ўзни даҳо билиш
Ҳатто шоҳ асар битиб!
Диёнат деб аталмиш
Молнинг қадрига етиб
Нарх навоси ёқимли
Бозорга айлантиринг!

Дунё оғир саҳнадир,
Ўзингизга топинг жой!
Зоҳирий кўринишдан
Афзалдир ички чирой.
Минг асрким, соддалик
Ила зиё сочар ой,
Қалби мусаффо дилни
Дилдорга айлантиринг!

ЭЙ АҲЛИ ИСЛОМ...

Кўзим йўлларингга қадалиб толди,
Гўзал орзуларим айладинг бадном!
Бугун мўминликдан фақат ном қолди,
Нега йиғламайсан, эй аҳли ислом?!

Энди бу умматга отиш шартмас ўқ,
Дунё кофирларин тамом кўнгли тўқ,
Мўминман деганнинг намози ҳам йўқ,
Нега йиғламайсан, эй аҳли ислом?!

Исломнинг дарди не, билмас биттамиз,
Кичигимиз ҳам шу, шудир каттамиз...
Росулуллоҳ деса, ким у деган биз
Нега йиғламайсан, эй аҳли ислом?!

Ислом ривожланса, ўйнаб-кулмасак,
Унинг дарди учун маҳзун бўлмасак.
Бухорий авлоди - ҳадис билмасак,
Нега йиғламайсан, эй аҳли ислом?!

Тобора кўпайиб бормоқдадир ҳавф,
Тобора торайиб кетмоқдадир саф
Қалбданмас, токчадан жой олган Мусҳаф...
Нега йиғламайсан, эй аҳли ислом?!

Мўминлар ҳолига маймунлар йиғлар
Иморатлар қуриб, унда тинч ухлар,
Камайиб бормоқда нафсдан фориғлар
Нега йиғламайсан, эй аҳли ислом?!

Уммат дунёга ғарқ, ҳаловат билмас,
Намозлар ўқилмас, рўза тутилмас,
Оят тинглаганда кўзга ёш келмас
Нега йиғламайсан, эй аҳли ислом?!

Айт, ахир, умматга дунё тилакми?
Муҳаммад уммати шунга керакми?
Ҳазрати Умарнинг даври эртакми?
Нега йиғламайсан, эй аҳли ислом?!

Дунё Чин юртига отолмас бир ўқ,
Чунки унинг сони ҳаддан-да ортиқ...
Сенинг хитойчалик обрўйинг ҳам йўқ,
Нега йиғламайсан, эй аҳли ислом?!

Дардинг ҳар кун янги, сира ҳам битмас,
Ташвишлар ўртоғинг, ташлаб-да кетмас
Дуоинг бошингдан нарига етмас...
Нега йиғламайсан, эй аҳли ислом?!

Асри саодатдан қолган тузумлар
Бугун дунё учун катта тилсимлар...
Афсона туюлар Умму Кулсумлар,
Нега йиғламайсан, эй аҳли ислом?!

Пайғамбар бугунги ҳолимиз кўрса,
Не дерди, биз ила бирга ўтирса,
Ҳар бир умматининг ҳолини сўрса
Нега йиғламайсан, эй аҳли ислом?!

Сенга ҳайқирдим-у, аммо қаддинг ғоз,
Бир тингла, жавобинг бергил, илтимос...
Ғарбнинг қўшиғига ўйнамай тур оз
Нега йиғламайсан, эй аҳли ислом?!

Кўзим йўлларингга қадалиб толди,
Гўзал орзуларим айладинг бадном!
Бугун мўминликдан фақат ном қолди,
Нега йиғламайсан, эй аҳли ислом?!

ИҚРОРНОМА.

Сенда ислом йўғ-у, муслим номи бор,
Самара бермагай даъватлар қанча...
Намозлар бефойда, рўзалар бекор
Аллоҳни қалб чиндан танимагунча!

Охири кўринмас беҳол дайдишинг,
Кутилар неча йил ҳақни айтишинг...
Иложи бўлмагай фахшдан қайтишинг
Аллоҳни қалб чиндан танимагунча!

Ўзингча жонингни ҳаққа тикурсан,
Бунга ҳужжат дебон эртак тўқурсан.
Сувсиз саҳроларда кўчат экурсан
Аллоҳни қалб чиндан танимагунча!

Бомдодни ўқибон ухлаб, довдираб,
Юрарсан кундузлар қизларга қараб...
Сендан устун эрур бадавий араб
Аллоҳни қалб чиндан танимагунча!

Оятлар ёдлайсан, кўзларда нам йўқ
Ислом оёқости бўлса-да, ғам йўқ.
Жаннатга тушиш йўқ, кўнглинг бўлсин тўқ
Аллоҳни қалб чиндан танимагунча!

Минг ракаат намоз қил, тунда ухлама,
Қалбингни тирнама, бежиз тиғлама
Пайғамбар тушингга кирмас, йиғлама...
Аллоҳни қалб чиндан танимагунча!

Одамлар сени-да, десинлар мўмин,
Кўрсатсинлар гўзал, зўр эҳтиромин
Бошингдан нарига силжимас омин
Аллоҳни қалб чиндан танимагунча!

Дуолар қиласан ҳаёл паришон,
Бу асли нифоқдан, риёдан нишон
Намозинг қабулмас, қўрқмасдан ишон
Аллоҳни қалб чиндан танимагунча!

Тавҳидни англамоқ зўр ибодатдир,
У бир пойдевори зўр иморатдир...
Қилган ҳажинг сенинг бир сайёҳатдир
Аллоҳни қалб чиндан танимагунча!

Зоҳирий ибодат сенга не берур,
Агарчи ботинни сичқон кемирур
Закотинг осмонга учган ел эрур
Аллоҳни қалб чиндан танимагунча!

Мен сени танийман, бўлди кўп йиллар,
Биламан, не қилди оёқлар, қўллар.
Бир кун ҳам ҳотиржам бўлмас кўнгиллар
Аллоҳни қалб чиндан танимагунча!

Шу боис, умидим – йиғлаб толмасдан
Аллоҳнинг зикридан асло қолмассан...
Билгинки, Ўзингни таний олмассан
Аллоҳни қалб чиндан танимагунча!

АЙИРМА!

Аллоҳим, бир қутлуғ йўлга чиқдик биз,
Улуғ карвонингдан айириб қўйма!
Бу карвон кетмасин йўлларда изсиз,
Дадил сарбонингдан айириб қўйма!

Баланд миноралар ташланса кўзга
Осилиб чиқишдан илож йўқ ўзга.
Тутдек тўкилганда одамлар пастга,
Муҳкам арқонингдан айириб қўйма!

Ҳаммани саодат сари етаклаб
Арқон ҳам бир куни узилгай, ё Раб.
Қолганлар қуласа заминга қараб
Темир нарвонингдан айириб қўйма!

Турли китобларни жамлади олам,
Эъзозга арзигув гарчи китоб кам...
Сандиқлар, жавонлар бўшаб қолса ҳам,
Қалбни Қуръонингдан айириб қўйма!

Ҳароб айлама бас, биздек қулларни,
Кенглигин оширгил диний йўлларни...
Қалбимизда унган гўзал гулларни
Ҳалим боғбонингдан айириб қўйма!

Бир туйғу туфайли жаннат биз учун,
Ул туйғу қалбни ҳам айлагай бутун.
Амални унутиб қўйсак ҳам бир кун
Илло иймонингдан айириб қўйма!

ШУКРОНА....

Қиёматдан нишона – ўтаётган кунимиз,
Ҳотиржамлик деганни унутди ҳар тунимиз,
Билмам эртамиз қандоқ, харобдир бугунимиз...
Тоғлар турган жойидан кўчмаганига шукр,
Қиёмат ўз эшигин очмаганига шукр.

Оилада эр зоти ўзини бек билмаса,
Аёл зоти ҳаловат, сакинада бўлмаса...
Ўзбек қизи қорнини очишдан ор қилмаса,
Тоғлар турган жойидан кўчмаганига шукр,
Қиёмат ўз эшигин очмаганига шукр.

Қушлар қолиб, қурбақа кўкда қилса парвозлар,
Оққушлар масканига эгалик қилса ғозлар,
Пора ила шогирдин етиштирса устозлар...
Тоғлар турган жойидан кўчмаганига шукр,
Қиёмат ўз эшигин очмаганига шукр.

Иймондан воз кечилса лаззат учун бир онлик,
Ва ўша зот аталса «тақводору, иймонлик»...
Қароқчилик ҳукмига ўтса агар посбонлик...
Тоғлар турган жойидан кўчмаганига шукр,
Қиёмат ўз эшигин очмаганига шукр.

Юртда алдов ном олса «тирикчилик, ғайрат» деб,
Айтилган рост сўзларга ном қўйилса ҳайрат деб,
Қарз олиб бермасликни атасалар санъат деб
Тоғлар турган жойидан кўчмаганига шукр,
Қиёмат ўз эшигин очмаганига шукр.

Боланинг зарбасидан отага заҳа етса,
Оналар қизларидан панд насиҳат эшитса,
Олимлар луғатидан амал деган сўз кетса,
Тоғлар турган жойидан кўчмаганига шукр,
Қиёмат ўз эшигин очмаганига шукр.

Ҳалойиқ ҳам унутса халқлигин, миллатлигин,
Ҳақ каломин дунёга айтгувчи элатлигин,
Охир, ҳамма ёдидан кўтарса умматлигин...
Тоғлар турган жойидан кўчмаганига шукр,
Қиёмат ўз эшигин очмаганига шукр.

БИЗНИНГ ЙЎЛ

Қаттиқ шамол эссин, турурмиз тетик,
Асло чиққимиз йўқ доирамиздан.
Сизнинг йўлингизни билмадиг-у, лек
Биз ишни бошлаймиз оиламиздан.

Салтанат дея бонг урган ноқислар
Гўзал шиорлардан паноҳлар излар.
Уларни ҳамиша бошқарар ҳислар...
Биз ишни бошлаймиз оиламиздан.

Биров айбин айтмоқ жуда ҳам осон,
Лек таъсир бўлурми, гар ўзда гумон???
Кўча-кўйга чиқмоқ эмас бу замон...
Биз ишни бошлаймиз оиламиздан.

Фирқалар дунё деб бўзласин, майли,
Ажамнинг тилида сўзласин, майли.
Хизблар давлатни кўзласин, майли
Биз ишни бошлаймиз оиламиздан.

Одамлар бир-бирин айлабон асир,
Кўкка бўйлатганда шохона қаср...
Осон бўлсин учун бошқага таъсир
Биз ишни бошлаймиз оиламиздан.

Бизга муҳим эрур шахсий дарвоза,
Одамларга уни кўрсатиб тоза,
Бақириб-чақириб, қилмай овоза
Биз ишни бошлаймиз оиламиздан.

Дўстим, бизга тақлид қилинг, илтимос,
Шундан бошқасига йўқ бизда ихлос,
Ҳазрати Умардан олиб иқтибос...
Биз ишни бошлаймиз оиламиздан.

Кимларгадир даъват майдони – жомеъ,
Уларга одамлар турарлар сомеъ...
Росулуллоҳ каби, суннатга тобеъ
Биз ишни бошлаймиз оиламиздан.

ТАВБА

Кексайиб, ёшинг бир жойга етса ҳам,
Ўзингни илмда толиб каби бил!
Гуноҳлар елкангдан ортиб кетса ҳам
Тавба қил, тавба қил, тинмай тавба қил!

Волиданг сабабли келдинг дунёга,
Отангнинг қўлида боқдинг самога,
Улар учун қўлни очиб дуога...
Тавба қил, тавба қил, тинмай тавба қил!

Гуноҳлар қилгансан билиб-билмасдан,
Эхтимол юргансан тавба қилмасдан
Вақт сенинг орқангдан етиб келмасдан
Тавба қил, тавба қил, тинмай тавба қил!

Инсон хатокордир, гуноҳи қуюн,
Лек бунда маҳзунлик, хомушлик нечун?
Бир зум бўш қолсанг ҳам, гуноҳинг учун
Тавба қил, тавба қил, тинмай тавба қил!

Қарийман, ўшанда улгурарман деб
Биродар, сарҳадга қолмагин келиб...
Ҳар мавжуд сониянг ғанимат билиб
Тавба қил, тавба қил, тинмай тавба қил!

Гуноҳлар кўнгилни айласа қора,
Сув билан ювай деб бўлма овора,
Бундан қутулмоққа биргина чора –
Тавба қил, тавба қил, тинмай тавба қил!

Манзилга боргунча юкларинг ташла,
Истасанг ҳаммасин бошидан бошла,
Дилингни, қалбингни, кўзингни ёшла,
Тавба қил, тавба қил, тинмай тавба қил!

Биламан, кибр бор, асли олифта
Унинг ҳийласига бўлма ошуфта,
Нажот кемасига фақат бир чипта -
Тавба қил, тавба қил, тинмай тавба қил!

Поёнин кўрсатди дунёнинг сайли,
Фақат бир нажот бор сўнгнафас зайли
Жойнамоз устида ухлаб қол, майли
Тавба қил, тавба қил, тинмай тавба қил!

Бир кун яна лойга қоришинг ўйла,
Қора лаҳад ичра оғришинг ўйла,
Аллоҳ ҳузурига боришинг ўйла,
Тавба қил, тавба қил, тинмай тавба қил!

Ким балки улгурар яшашга бугун,
Кимгадир бугун ҳам бўлмагай бутун,
Ўлим фариштаси келмасдан бурун
Тавба қил, тавба қил, тинмай тавба қил!

МУНОЖОТ

Сени якка илоҳ дегандик,
Енгил айла оғиримизни...
Бу дунёга йиғлаб келгандик,
Хор қилмагин охиримизни!!!

Манзил жуда ҳам яқин экан,
Тушимизга кирмоқда кафан.
Ишимиз йўқ ибтидо билан
Хор қилмагин охиримизни!!!

Ўтар экан давлат, бойлиг-у,
Йўқ бўлди зар уй, саройлиг-у,
Биз ҳаётда хор бўлайлиг-у,
Хор қилмагин охиримизни!!!

Дунё – асли одамлар сайли,
Телба бўлиб яшайлик, майли,
Мажнун мисол излаган Лайли...
Хор қилмагин охиримизни!!!

Узун бўлмай ўтсин қўлимиз,
Бошқалардан торроқ йўлимиз,
Тутилмаса, бас шу тилимиз,
Хор қилмагин охиримизни!!!

Сўрайдирмиз кўзимиз ёшлаб,
Хор айлама кўнглимиз ғашлаб,
Ибтидосин чиройли бошлаб
Хор қилмагин охиримизни!!!

Сузилганда ҳаёт қартаси
Номаълумдир унинг эртаси,
Қизиқ эмас бизга ўртаси
Хор қилмагин охиримизни!!!

Минг адашган мисоли сулув
Динда кетиб қолмайлик ғулу,
Аввалимиз не қилсанг қил-у,
Хор қилмагин охиримизни!!!

МУРОСАСИЗЛИК.

Инсон табиати қизиқ яралган,
Унинг атрофи ўнг-сўлга ўралган,
Ҳар қандай гуноҳга турли қаралган,
Ширкка йўқ бизларда асло муроса...

Сизга нотанишмиз ё ошнадирмиз,
Чойингиз ичармиз, нонингиз ермиз,
Эхтимол намозни ўқирсиз, дермиз,
Ширкка йўқ бизларда асло муроса...

Исталган гуноҳга керак ҳаракат,
Исталган гуноҳга керак ҳаражат,
Аммо бир гуноҳ бор, на ҳаракат ва на ҳаражатсиз
Ушбу кабирага бизда йўқ тоқат
Ширкка йўқ бизларда асло муроса...

Бу йўлга нисбатан йўқ бизда шафқат,
Шундан узоқ бўлинг илтимос фақат
Биздан бу йўл учун кутманг мурувват,
Ширкка йўқ бизларда асло муроса...

Тинглабон калима айтишингизни
Кутамиз тинмасдан дайдишингизни,
Ҳаттоки зинодан қайтишингизни,
Ширкка йўқ бизларда асло муроса...

Рибою, ўғрилик, зулм, фосиқлик
Жаллодлик. номардлик, олғир нотиқлик
Бир амаллаб мумкин чидаб бермоқлик...
Ширкка йўқ бизларда асло муроса...

Тушунинг, бу ҳукм ўқилган маҳал
Инс-у, жин бир бўлиб қаттиқ синалган
Аллоҳ кечирмас бир гуноҳ саналган
Ширкка йўқ бизларда асло муроса...

Биз ҳам сиздек оддий одаммиз, ахир
Гуноҳдан маъсум бир жойимиз йўқдир,
Ҳар қандай ҳолатда бўлса ҳам оғир
Ширкка йўқ бизларда асло муроса...

Сизга ҳам, бизга ҳам бир эрур бу тан,
Аслида жаннатдир биз учун ватан
Қочамиз дўзахнинг мангулигидан
Ширкка йўқ бизларда асло муроса...

Қалбимиз баъзида ёмонлик кўзлар,
Тилимиз гоҳида гумонлик сўзлар
Бошимиз кундада турса ҳам, дўстлар
Ширкка йўқ бизларда асло муроса...

Розимиз не ёзуқ экан тақдирда,
Қалбимиз сурурда, кўнгил хузурда:
Аллоҳга ҳамд бўлсин, ширк тўла ерда
Ширкка йўқ бизларда асло муроса...

ДУНЁГА ХИТОБ

Ато ва Хавонинг давридан буён,
Янгиланди дунёнинг бир қанчаси,
Сўнгги бор дунёни қутқарган эди
Робиъул аввалнинг ўн иккинчиси,

Дунё, шундан бери қилмадинг нелар,
Турли тарафларга югуриб кўрдинг,
Ҳар хил залолатни шиоринг қилиб,
Охири бошқа бир йўлга юз бурдинг,

Дунё, пойдеворинг чириган, ишон,
Тарих саҳнида ҳам қолмади аслинг.
Жаҳолат бўйнингни ёрмоқда тамом,
Қачон Ҳақ йўлига бўласан таслим?!

Кўр, қара атрофга, ҳар ён дард-алам,
Йўқолган қайгадир гўзал саҳарлар,
Замин устидаги набототлар ҳам
Сендан аслиятга қайтмоқ сўрарлар,

Қачон залолатнинг қўйнидан чиқиб,
Ҳақнинг гулшанида этасан сайр?!
Қуръон оятини ўқиб ва уқиб,
Сўнгги бор топгандинг қачон бир хайр?!

Сенинг ишларингга ҳайронман бугун,
Тараққиёт дейсан, кашфиёт дейсан,
Осмонларга учдинг, денгизни қучдинг,
Қачон сен ўз дардинг, қайғуинг ейсан?!

Қалбинг қаърига ҳам бир кириб кўргин,
Қачон ер кавлашни сен тўхтатасан.
Ўзинг ғирт қоронғу зулматдасан-у,
Тағин бошқаларга йўл кўрсатасан!

Ҳақнинг каломидан ибрат ололмай,
Фалсафанг қаърига кетгансан кириб...
Қандай ҳам мевалар кутиш мумкин, айт
Илдизинг кундан-кун кетмоқда чириб?!

Кулгимни қисқатар ишларинг ҳаргиз,
Тиббиёт сирларин кашф этган онинг,
Ташвишга солмаган наҳот бетамиз
Шайтонга қоришган қоп-қора қонинг.

Даҳолар йўлини тутдинг-у, бироқ
Пайғамбар сўзига бўлдинг бепарво,
Қилар ишни қилиб қўйган ўзинг-у,
Бугун ўз ҳолингга ҳайронсан, дунё

Дунё, устинг гўзал, ичинг йирингдир,
Дардингни ҳақиқий табибга айтгин,
Эртага қиёмат келмасдан бурун,
Исломни қабул эт, аслингга қайтгин!!!

АҲЛИ СУННА

Фирқаларнинг ичида саломат қолмоқликни
Энг катта бойлик, неъмат ва бахт-саодат билинг,
Олимлар мўминларга омматан хитоб қилмиш:
Аввал суннатни топиб, сўнгра жамоат бўлинг!

Диннинг асоси қолиб, ишлар кетди қалашиб,
Ҳатто авом тарк этган масъалага талашиб,
Жамоатга айланиб, сўнг кетдилар адашиб,
Аввал суннатни топиб, сўнгра жамоат бўлинг!

Пайғамбар ворислари тарк этиблар саройлар,
Шул сиротни энг нозик кўнгилдан ҳам авайлар.
Умар, Усмон ва Али дунёга хитоб айлар:
Аввал суннатни топиб, сўнгра жамоат бўлинг!

Бошқа турли фирқага зинҳор қилмасдан ҳасад,
Ҳар бир дақиқ жиҳатга айлаб гўзал фаросат,
Аллоҳнинг ризолигин топмоқ бўлса гар мақсад,
Аввал суннатни топиб, сўнгра жамоат бўлинг!

Биродарим, бу йўлда бир зум тўхтаб турманг сиз,
Гўзал шиор кўринган томон сари юрманг сиз,
Олдин жамоат бўлиб, сўнг келиша кўрманг, сиз
Аввал суннатни топиб, сўнгра жамоат бўлинг!

«Аҳли сунна вал жамоа» ҳар қандай қалбга малҳам,
Саодатга эришгай у билан фақат олам,
Нажот топмоқ бўлсангиз ул даҳшатли кунда ҳам
Аввал суннатни топиб, сўнгра жамоат бўлинг!

Хитобим шул: дунёда еб-ичинг, ўйнанг-кулинг,
Фақат ягона Ҳолиқ Аллоҳга қуллиқ қилинг,
Лекин жуда ҳам зарур бир қоидани билинг,
Аввал суннатни топиб, сўнгра жамоат бўлинг!

ОЛИМЛИК

Инсонга битилган тақдир шу экан,
Жавоб берарканмиз қилганимизга!
Савол туғилади: «Олимлик недур?»
Биз ҳам олимдирмиз билганимизга!

Талаб қилинмайди бизлардан учмоқ,
Ё юлдуз мисоли тезлик-ла кўчмоқ,
Фақат билиб қўйдик, шу эрур сиртмоқ
Биз ҳам олимдирмиз билганимизга!

Қуёшнинг тафтидан чиққан эзгулик,
Бутун башар учун раҳмат, дегулик.
Биродар, шу экан сенга кўргулик,
Биз ҳам олимдирмиз билганимизга!

Олимлар қуръонни олишганда ёд,
Ҳадисдан кўнгилга қуюлади дод,
Бизга ҳам етарли ашёлар, ҳайҳот...
Биз ҳам олимдирмиз билганимизга!

Олимлик аслида пайғамбардан из,
Расуллар йўлида бўлмоқ шарт ҳар гиз
Ҳадисда келгани - эхтимол, бизмиз...
Биз ҳам олимдирмиз билганимизга!

Бугун илм аҳли тинмасдан сўзлар,
Бу гўзал сўзларга тикилган кўзлар...
У қадар ҳотиржам бўлмайлик, дўстлар
Биз ҳам олимдирмиз билганимизга!

БУНГА...

Дунё боғ-роғ дедик, аслида қафас,
Наҳот чармасалар бу жағлар жавраб...
Аёллар фитнага бўлсалар сабаб,
Йиғлаш керак бунга, кулмоқлик эмас.

Зиною фахшга етаклар ҳолат
Эл ичра дейилса бу оддий одат,
Турли сериалдан олинса ибрат...
Йиғлаш керак бунга, кулмоқлик эмас.

Оила дегандан обрў йўқолса,
Оналар уйда бош шахс бўлиб қолса,
Ота ўз қизига шим сотиб олса...
Йиғлаш керак бунга, кулмоқлик эмас.

Кўринг, бу бечора ота соқовни,
Тоқати тугамиш енголмай ғовни,
Она зиммасида топиш куёвни,
Йиғлаш керак бунга, кулмоқлик эмас.

«Эй, хотин, бормикан ул майда-чуйда?»
Деган одамлар ҳам кўп кўча кўйда...
Бозорда оналар, оталар уйда,
Йиғлаш керак бунга, кулмоқлик эмас.

Бухорий туғилган диёрда бугун
Эрларнинг вазни йўқ, аёллар юпун,
Биродар, бемалол томошанг нечун,
Йиғлаш керак бунга, кулмоқлик эмас.

Нима бўлди ахир халққа, оммага,
Ҳайқирмоқ соати келди ҳаммага:
Йиғлаш керак бунга, кулмоқлик эмас.
Оддий томошабин бўлмоқлик эмас,

Овози борича ҳайқирмоқ керак,
Ҳақнинг каломига чақирмоқ керак:
Огоҳлантириш керак бу авом халқни,
То қадрига етмин муқаддас Шарқни...

Унинг шаъни учун туриб берсинлар,
Керак бўлса, нафсий жангга кирсинлар,
Аҳли оилага жонлари фидо
Кўпайсин, то нусрат бергунча Худо...

Сўнгги хитобимни барибир айтгум,
Кимгадир сал оғир ботса ҳам сўзлар:
Наслимиз ҳурмати фитрати тоза
Аёлларни сақлаб қолайлик, дўстлар!!!

Чунки аёлларга боғлиқ ҳар нарса,
Аёл бор, оила эрур муқаддас...
Фаҳш агар эл ичра оддий ҳол бўлса...
Йиғлаш керак бунга, кулмоқлик эмас.

КЕРАК ЭМАС.

Тўхтаб қолган дарё оқар барибир,
Қайтгувсидир шерлар ҳам бир кун изга,
Инсофи бор дунё тинмай ҳайқирар:
«Керак эмас исломсиз ҳаёт бизга!»

Биламан, сиз дунё деб ҳеч толмайсиз,
Югурса гар, орқасидан қолмайсиз,
Эхтимол сиз пулсиз яшай олмайсиз,
Керак эмас исломсиз ҳаёт бизга...

Бу йўл гўзал, гарчи бордир оғири,
Лаззат бўлиб сингир қалбга тахири...
Асли чиркин, хорлик бўлган охири
Керак эмас исломсиз ҳаёт бизга!

Бу дунёда бошқа не бор муҳтарам,
Яна нима учун чекмоқ мумкин ғам?
Еб, семирмоқ ишин эплар тўнғиз ҳам,
Керак эмас исломсиз ҳаёт бизга!

Салтанатлар, тожу тахтлар ҳароблар,
Минг-минг орзу, умидлар ҳам сароблар,
Айтинг, охир қандай бўлар жавоблар...
Керак эмас исломсиз ҳаёт бизга!

Бизнинг қўлда Қуръон, ҳадис турса, бас,
Ўғил-қизлар фақат шуни кўрса, бас.
Тушимизга саҳобалар кирса, бас,
Керак эмас исломсиз ҳаёт бизга!

Дунё учун нечун телба садоқат,
Арзимайди унга сарфлаш муҳаббат,
Рости, туби ботқоқликдан иборат
Керак эмас исломсиз ҳаёт бизга!

Мана, олинг, дунё сизга, қапишинг,
Тушда ҳам сиз дунё ила топишинг,
Сиз фонийга зарпечакдек ёпишинг,
Керак эмас исломсиз ҳаёт бизга!

ИСЛОМ

Искандарлар ўтдилар
Устунмиз деб дунёга,
Дороларнинг тож-тахти
Сиғмай қолмиш сарпога.
Оқибат-чи, ҳеч кимса
Юз тутолмай риёга,
Баралла жар солмишлар
Тугаётганда ҳаёт:
Инсон учун йўқ эрур
исломдан бошқа нажот!

Чингизларнинг ялонғоч
Қиличлари остида
Не-не ялоқ шоирлар
Айтиб ўтмиш қасида,
Инсоф бўлса қанийди
Ҳеч қурса биттасида,
Ўлаётган чоғида
Ёзарди ҳақ бир баёт:
«Инсон учун йўқ эрур
исломдан бошқа нажот!»

Не-не тузумни кўрдик,
Парокандаси чиққан,
Энг ақлли зотларин
Зулмат қаърига тиққан,
Золимлар ҳам охири
Бу зулмдан толиққан
Аҳволида дунёга
Ҳайқирганмиш: «Оҳ наҳот
Инсон учун йўқ эрур
исломдан бошқа нажот?!»

Ҳа, шундан бошқа йўлни
Ахтарганлар нодондир,
Уларнинг бугуни бор,
Эртаси пушаймондир,
Улар учун маҳшарда
Манзил ўзга томондир,
Ўнг томондан келгани
Нодонларга эрур ёт,
Чунки инсон учун йўқ
исломдан бошқа нажот!»

Басрийни дор остига
Олиб келган уммат бу,
Ҳанбални судрай-судрай
Ҳолдан толган уммат бу,
Сўнгги лаҳзада аниқ
Ҳақни билган уммат бу:
Тугади жами озор,
Бундан катта йўқ сабот:
«Инсон учун йўқ эрур
исломдан бошқа нажот!»

Ғарб дунёга ҳукмрон
Ухлаганда мўминлар,
Дунё тинмай завқланди
Йиғлаганда мўминлар,
Озгина дин деб қалбин
Тиғлаганда мўминлар
Бир шиор дунё узра
Тинмай қоққанди қанот:
«Инсон учун йўқ эрур
исломдан бошқа нажот!»

Ким қандай йўл ўйласин,
Барчаси ботил бўлгай,
Инсоният умрига
Аниқки қотил бўлгай,
Ислом кетса заминдан
Зулм муқобил бўлгай,
Ер устини эгаллар
Бидъатлар-у хурофот,
Чунки инсон учун йўқ
Исломдан бошқа нажот!!!

Ақлин пеш қилиб чиққан
Даҳолар ҳам каззобдир,
Улар тутган ботил йўл
Кўз ўйнатган саробдир,
Бу ғўр маслакка тақлид
Қилган одам ҳаробдир,
Гарчи унинг олдида
Мингдан зиёдроқ сирот,
Инсон учун йўқ эрур
исломдан бошқа нажот!»

Аллоҳ каломи тинса,
Демак, ҳаёт битгайдир,
Дунёни олиб келинг,
Ундан файз ҳам кетгайдир,
Бир манзилга минг йўлмас,
Бир тўғри йўл элтгайдир
Хулосам шу, азизлар,
Ўзни айламанг барбод,
Инсон учун йўқ эрур
исломдан бошқа нажот!

МУСИБАТ

Бу дунёда иймон билан
нурга чўмган бир уммат бор,
Ул умматнинг йўли кенгдир,
Барчасида минг раҳмат бор,
Ҳаётида ҳотиржамлик,
Ўлимида минг ҳикмат бор,
Рози бўлар тақдирига
Тутар икки энлик хат бор:
Расулуллоҳ вафот этди,
яна қандай мусибат бор?!

Кимдир ўлар, кимдир нафас
олмоқ экан, англаб етдик.
Ўзни мангу даъво қила,
Гўристонни манзил этдик.
Олинг, мана, дунёнгизни,
Биз Ҳабиб-ла бирга кетдик,
Энди бизга на гўзаллик,
Ва на сокин ҳаловат бор,
Расулуллоҳ вафот этди,
яна қандай мусибат бор?!

Ҳолатингиз кўрдик, маҳзун,
Аслиятга тезроқ қайтинг,
Ажал ўқи аниқ эрур,
Унга боқманг, кулиб «Ҳай» денг,
Дунё остин-устин бўлиб
кетмайдими, энди айтинг,
Елкамиздан қолиб кетган
Ўлим тутар омонат бор,
Расулуллоҳ вафот этди,
яна қандай мусибат бор?!

Отангиз ҳам, онангиз ҳам,
Бир кун сизни ташлаб кетмиш,
Юракларни тилка-пора
Айлабон, зор ғашлаб кетмиш,
Кўзларингиз балки намлаб,
Сўнггигача ёшлаб кетмиш,
Ажал келса, сиз қочгувчи
Қандайин бир иморат бор:
Расулуллоҳ вафот этди,
яна қандай мусибат бор?!

Чакки томгай, энди асло
ямаб бўлмас бу уй томин,
Оинаси парчаланмиш,
Ўрнатмоқ на синган ромин
Қиёматга қараб йўлин
Тутиб бўлгач соқов замин,
Айтинг, тўсиб қолар қай куч,
Ва қандайин тумонат бор,
Расулуллоҳ вафот этди,
яна қандай мусибат бор?!

Барчамизнинг қалбимизда
Дунёга бир муҳаббат бор,
Муҳаббатдан ҳосил бўлган
Разиллик бор, қабоҳат бор,
Охирламиш сўзим менинг,
Хитобимда надомат бор,
Аё, уммат, бу дунёга
Нечун қаттиқ садоқат бор,
Замин оғир нафас олар,
Унда қандай ҳаловат бор,
Расулуллоҳ вафот этди,
яна қандай мусибат бор?!

ИЛМ

Кимдир илм ўхшар деди шул қуёшга,
Ғарбдан чиқиб Шарққа ботар қара, Қуёш.
Илм шарқдан бўй таратиб қочди ғарбга,
Ул илмни ортга қайтар, эй ватандош!

Илм кетди мўминларни зор йиғлатиб,
Маъно қолмай, мавриди йўқ хитобларда.
Фарзлар қолиб суннатларни тахлил этиб,
Або Муслим жанги қолди китобларда!

Намозларнинг ракатлари хусусида
Тортишувлар пайдо бўлди неча-неча.
Охир бориб мадрасада ўқигувчи
Кўрган илми бўлди ўша «минг бир кеча».

Фасод тўла тўқилган не ривоятлар
Одамларнинг эътиқодин ҳароб этмиш.
Илмсиз халқ эшони-ю, пири учун
Назр қилиб, ширк йўлларни тутиб кетмиш.

Тараққиёт, дунё қолиб, телбаларча
Дарвеш ҳолин ўзларига қилиб касб-кор.
Мана шуни одамларга ислом дебон
Кўрсатганлар орамизда то ҳануз бор.

Тоғ-у тошлар бизнинг ҳаёт, деганларнинг
Авлодлари қандай қилиб устун бўлсин?!
Ҳаққий ислом байроғини қўлда тутган
Ғарбликларга омад кулмай, кимга кулсин?!

Тараққиёт деганини дорга осган
Оломоннинг куни бир кун келиб битмиш,
Ахир, қара, ўн еттинчи аср узра
Эсган шамол қайси юртни ташлаб кетмиш,

Ўздан чиқар садақалар унут бўлиб,
Хўп берилган ўзга тутган икромларга
Ёнидаги мушрик қолиб, мўминларнинг
Мустаҳаби муҳим бўлмиш имомларга.

На дунёвий ишларида бор ижобат,
На Аллоҳдан нусрат келар бу умматга.
Чунки унинг асл ҳоли фақатгина
Илм билан етар ҳаққий камолотга.

Ғарб динидан юз ўгирди, ривожланди,
Чунки унинг дини асли эди ботил.
Бугун шарқнинг ҳолатига энг айбдор
Ўз динини тушунмаган оми жоҳил.

Мўмин дини ҳақдир, Аллоҳ каломи ҳақ,
Усиз шарқнинг аҳволи хор, тубан эрур.
Тараққиёт осмонига бизни фақат
Бизни ташлаб кетган илм элтиб берур.

Шунинг учун фарзандларга илм бериб,
Олимларни чиқарайлик ўлкамиздан.
Шундагина инша Аллоҳ катта юкни
Ташлагаймиз гуноҳ босган елкамиздан.

ЖАВОБ

Дунё сени васф қилмоқчиман,
Ёмон ботса, оғир олмагин,
Мунчалар ҳам бевафодирсан,
Золимларга золим бўлмадинг!

Пойингни хор қилганлар нега
Мағрур юрар неча асрлар?!.
Дунё, сени хор қилганларга
Қуриб бердинг минг-минг қасрлар.

Сенинг аслинг тушунганларни
Хорладинг-у, хорладинг яна,
Хорлик тугаб, қад кўтарганда
Тепкиладинг, қилдинг тантана.

Машрабларинг қадрига етмай,
Ўлгач унга ҳайкал қурмишсан,
Машрабни хор қилиб ўлдирган
Малъунни дўст, ошна кўрмишсан?!

Сенинг ишинг мунчалар ғалат,
Луғатингда наҳот йўқ «адл»?
Нуқул сенга ҳақ сўз айтганни
Халқ олдида қиласан қатл?

Нега, нега, айтақол нега:
Ҳақ йўлини тутганлар ғариб?!
Қанчаси зор ўтди-ку, билмай
Сенинг аслинг, мағзинг ахтариб?

Бир кун топдим бунинг жавобин,
Дунё, сени билдим охири.
Сендаги ҳақ сўзлар аслида
Қиёматда экан заҳира!

ДЕРЛАР

Ҳар нимани айладим орзу,
Лекин менга ҳамроҳ бир туйғу,
Ёшлигимдан тинглаганим шу:
Олтин олма, дуо ол, дерлар,

Олтин қўлдан кетар-у, аммо
Ҳар кун сенга ҳамроҳдир дуо
Фойдалироқ истасанг савдо -
Олтин олма, дуо ол, дерлар,

Бир кун келар Қиёмат қоим,
Қутқаради мени дуойим.
Тажрибадан ўтганлар доим:
Олтин олма, дуо ол, дерлар,

Қўл очганда бобом дуога:
Илтижо айлайди самога:
«Татир сенга икки дунёга
Олтин олма, дуо ол», дерлар,

Билки, дунё бизга қафасдир,
«Ўтда куймас» дегани асли
Олтин учун таъриф эмасдир
Олтин олма, дуо ол, дерлар,

Бил, эй болам, қилма сўнг аттанг,
Аҳволинг бир кун бўлади танг
Арш остида турмоқ истасанг,
Олтин олма, дуо ол, дерлар,

КЕЧИР!

Қуёш ғарбга кетди шўнғиб,
Ухлолмадим, кечир раббим!
Силтадилар: «йиғлагин», деб
Йиғлолмадим, кечир раббим!

Кўкка нолон нидо қилдим,
Чок-чок бўлган кўксим тилдим,
Ўзимни гуноҳкор билдим,
Йиғлолмадим, лекин Раббим!

Кимнинг иши тушса гар, бас,
Ёрдамим тутдим ҳар нафас,
Яхшиликдан бошим чиқмас,
Йиғлолмадим, лекин Раббим!

Кўзимда нур, ёвуз кулгу,
Қалбимда ишқ тўла туйғу,
Ҳар кун бошим меҳробда-ю,
Йиғлолмадим, кечир Раббим!

Ишим менинг саҳоватдир,
Билмаганим - ҳаловатдир,
Бу қандайин мусибатдир:
Йиғлолмадим, кечир Раббим!

Ёмғирпўшдан топиб паноҳ,
Ёмғирда ҳам қилдим гуноҳ.
Ҳушъу менга ёт бўлди, оҳ...
Йиғлолмадим, кечир Раббим!

Кўкка порлаб чиққач офтоб,
Сенга нолон қилдим хитоб...
Бир қатра ёш бўлди камёб,
Йиғлолмадим, кечир Раббим!

Истадим-у, қалбимда ғам,
Дод-вой солди тоғ-у, тош ҳам,
Вале айлаб кўзимни нам,
Йиғлолмадим, кечир Раббим!

Раббим, сокин ухлат мени,
Бағрим ўйиб тиғлат мени
Не қилсанг ҳам йиғлат мени...
Йиғлолмадим, кечир Раббим!

ҚУСУР

Биз гўзал сўзлардан шеър, ғазал йиғиб,
Оқибат орттирган оғир ҳасталик.
Ҳаққа таваккал деб инидан чиққан
Наҳот бўлолмасмиз жажжи қушчалик?

Кўча-кўйда тинмай насиҳат айтиб
Донолар ҳикматин тутиб мўътабар,
Энг оғир дамларда дўстимиз ёки
Онамиз ҳолидан олмаймиз хабар.

Отамиз кексайган ҳолида ҳамки
Далада юрганда кўтариб кетмон,
Ёниб кетай дейди бизнинг сўзлардан
Ажиб маърузамиз тинглаган инсон.

Боламиз юрганда тентираб, санғиб
Ўзгалар фарзандин койиган маҳал,
Наҳот бир инсофли айтмас: «Эй дўстим,
Тарбиянгиз уйдан бошлангиз аввал!»

Биз ўзи ғалатмиз: ўзгалар дарди,
Ўзгалар ташвиши туюлар даҳшат.
Аслида ҳар бир жон ўзин ўйласа,
Гуллаган бўларди бугун жамият.

Агар авваламбор ўзимиздаги
Қусурларни кўра олсак ёронлар
Ёмонлар ортидан асли биз эмас,
Эргашиб келарди бизга ёмонлар!

МУНОЖОТ

Гаров бериб жонимни қаттиқ куйдим,
Охир чиркин дунёлардан ҳам тўйдим,
Кўз ёшима арзимас экан дунё...
Парвардигор, саждангдаман, бош қўйдим,
Роҳатланиб Санинг учун ёш қуйдим...

Одамларин кўрдим инсоф қилмаган,
Санинг уйинга бир марта келмаган,
Ҳеч бўлмаса Ҳақ калиманг билмаган...
Парвардигор, сажданг учун бош қўйдим,
Роҳатланиб Санинг учун ёш қуйдим...

Бу шундайин ҳузур эрур, хуш хузур,
Ҳеч кимсага бу йўлларда йўқ узр,
Қалбим бугун ҳотиржамлик истаюр,
Парвардигор, сажданг учун бош қўйдим,
Роҳатланиб Санинг учун ёш қуйдим...

Қочдим сўнги кўринмас зулматлардан
Бездим риё аралаш ҳимматлардан,
Юзим очиб қаро-қум чимматлардан
Парвардигор, сажданг учун бош қўйдим,
Роҳатланиб Санинг учун ёш қуйдим...

Кўзим кўрмас минглаб боқар қорокўз,
Атрофимда жаранглар минг жило сўз,
Тахтдан тушдим, юзтубанлик менга дўст,
Парвардигор, сажданг учун бош қўйдим,
Роҳатланиб Санинг учун ёш қуйдим...

Байтингдаман, демак қалби ободман,
Бошқа йўлда аниқки хор, барбодман.
Сенга қулман, демак ҳаққий Озодман,
Парвардигор, сажданг учун бош қўйдим,
Роҳатланиб Санинг учун ёш қуйдим...

ҒАРИБЛАРГА ЖАННАТ БЎЛСИН!

Кўнгил ишқдан ҳориб бўлди,
Қирққа кирмай қариб бўлди.
Халқ ичинда ғариб бўлди,
Ғарибларга жаннат бўлсин, ё Раббий!
Охир Кунда омад кулсин, ё Раббий!

Нафсга қуллик қилмай ўтган,
Фисқ фужурни билмай ўтган,
Ҳам йиғлаган, кулмай ўтган
Ғарибларга жаннат бўлсин, ё Раббий!
Охир Кунда омад кулсин, ё Раббий!

Ҳақ олдида бошин эгган,
Жаҳолатга қарши чиққан,
Бу дунёни зиндон деган
Ғарибларга жаннат бўлсин, ё Раббий!
Охир Кунда омад кулсин, ё Раббий!

Уларгадир жами ҳавас,
Ҳақ йўлинда издан қайтмас,
Қийин ҳолда ёлғон айтмас
Ғарибларга жаннат бўлсин, ё Раббий!
Охир Кунда омад кулсин, ё Раббий!

Келиб кетар дунё учун
Зарра бўлсин тугмай тугун,
Иймони бут, қалби бутун
Ғарибларга жаннат бўлсин, ё Раббий!
Охир Кунда омад кулсин, ё Раббий!

МУСУЛМОНЛИК МАЪНИСИ

Амалсиз тиллардан сачраган сўзлар
Ўзга қалб қўрига жойлаша кўрмас.
Бу дунё қонуни шундайдир, дўстлар:
«Эккан ўрар экан, экмаган ўрмас!»

Бу олтин қоида этилмас инкор,
Ёмонлар хийласи қолмагай тирик!
Ўзни алдамоқнинг на фойдаси бор,
Яхшилик қилганлар кўргай яхшилик!

Дунёда бундан-да мантиқ йўқ тўғри,
Инсон ҳамфикрини излагай бежо.
Айтмишлар Абдуллоҳ Масъуднинг ўғли:
«Одам шеригидан фарқ қилмас асло!»

«Мен яхши эдим-ку, дўстларим нечун
Ҳиёнат кўчасин танламоқдалар?!»
Деган даъволарга жавоб инчунун:
«Ўзингдан излагин айбни биродар.

Ўзингдан излагин ўтган бўлса айб,
Ўзгага кўз тикмоқ - инсофсиз сўров.
Ҳали шу дамгача, бизга эмас ғайб
Бировнинг танида юрмаган биров!

Турли баҳоналар бўлолмас манзил
Ахир қум беркитмас туяқуш танин.
Шукр қил, Аллоҳнинг неъматидир бул:
Ўзингни ўзгадан биласан яқин.

Бас қил, тўхтатақол, айтма қасида,
Сал бўлсин маъноли кўринсин ҳаёт.
Бир силта кўксингни эркакчасига,
Ўзингга мард бўлиб бергил ҳисобот!

Асли кимсан, қандай даъволаринг бор,
Қоғоз қалам ол-да, эсла-чи бир-бир.
Бу ишни ўн бора бажаргач такрор
Юрагинг ва қўлинг титрагай зир-зир.

Чунки сен дунёга келдинг-у, аммо
Ўзингни бир марта ўйламагансан!
Ўйлаган бўлсанг ҳам кўнглинг қаърида,
Ташингга пичирлаб сўйламагансан!

Ботининг ўликдан бўлмаган фарқи,
Зоҳиринг тинмасдан «Муслимман» деган.
Кўрдингми, биродар, бечора танинг
Икки хил дунёда яшаблар келган.

Қутулсанг, роҳатдир икки хилликдан,
Мунофиқлик тўнин йиртиблар ташлаб.
Шунда Аллоҳ сени тутиб қалбингдан
Ўзининг йўлига кетгуси бошлаб!»

Сўзим интихоси: телба мисоли,
Кутмагин чиқ, дея экмаган бўлсанг.
Кўнглингни тарк этсин жаннат хаёли
Аллоҳга жонингни тикмаган бўлсанг!»

БЎЛГАН ВОҚЕА

Дўстларим балки сиз ишонмасдирсиз,
Балким бу сиз учун туюлар эртак.
Аммо тинглаш учун оз фурсатингиз
Берсангиз кифоя бўлади бешак.

«Йигит бир кун келди қизнинг олдига,
Ундан кўзларини бироз яшириб,
Севгиизҳорини айтиб қолди-ку
Маъшуқасин шаънин тамом ошириб:

«Сиз менинг кўнглимга ғулғула солган,
Қалбимнинг бир четин банд этган ҳоким.
Сизни ўйлаганда уйқум йўқолган,
Сизни учратганда бўлиб қолгум жим!»

Бу дардли сўзларни тинглаган дилдор
Ўзини минг турли нозларга солди,
Йигит-чи, бечора, такрор ва такрор
Изҳор қилавериб, чарчади, толди.

Қиз ўзин ҳаддан-да тутарди мағрур,
Аъёнига кулиб турган шоҳлардек.
Йигитнинг изҳори қилмайин таъсир
Йўқ деган жавобни бера олди тек.

Дўстлар, шу биргина воқеа, қайғу
Тоғни талқон қилган жуссани йиқди.
Тўрт йиллик муҳаббат парчаланди-ю,
Дунё-дунё шеърлар ёлғончи чиқди.

Шеърлар-ку, майлига, шунча ваъдалар
Жавобин ким берар, ҳайқирди йигит.
Аммо кўзларини ўйнатиб дилдор
Жоҳил қарорида турарди собит.

Қизнинг жавобини тинглагач, ҳорғин,
Ортига йиғлаблар қайтди, ёронлар.
Энди унинг йўлин тўса оларди
На қорли шамоллар, на сел, бўронлар...

Чунки у ёридан айрилган эди,
Севган дилдоридан бўлганди маҳрум.
Ҳалойиқ томоша, дорнинг остида
Қанийди ўлимга этилса маҳкум...

«Севги» деганлари шу бўлдими деб
Йиғларди ҳокисор, ҳолдан толгунча.
Йигит ғирт телбага айланган эди
Токи бир китобни кўриб қолгунча...

Қайдандир таралган сержило ҳитоб,
Асрий орзуларни парчалай деди.
Оддий бир дафтардан фарқ қилмас китоб
Устига «Тавҳид» деб ёзилган эди.

Китобни ўқиркан тамом беҳазил
Сатрлар кўзларин намлаб ёшлади.
Бутунлай ёлғондан безиган кўнгил
Ҳақиқат эшигин оча бошлади.

«Илоҳ йўқ Аллоҳдан бошқа!» деб ногоҳ
Лаблари пичирлай бошлаганида
Иймоний бир лаззат, илоҳий паноҳ,
Самовий муҳаббат туйди танида!

Дунёга ҳукмдор бўлган ғуломдек
Ўзига ҳайронлар турарди йигит,
Ўнг кўзидан бир ёш аста қуйилиб,
Кўнгилдан ситамни айлади соқит!

Унинг қалбидаги асрий зилзила
Дунёга солганди гўёки уввос.
Дилдорга узатган қўллари ила
Мусҳафни ўқиди чиқариб овоз!

Бу қандай йўл дерсиз, биродарларим,
Бу қандай нажотдир дерсиз, эхтимол.
Ҳалиги дилдорни ўйламасликни
Йигит эплай олди дўстлар, бемалол.

Тинмайин жўш урди иймон танида,
Шаҳвий эҳтиёжлар тамоман сўлди.
Яқин ўтмишини эслаганида
Ўзидан уялган пайтлари бўлди».

Ҳикоя шу ерда тўхтаса қандоқ,
Не дейсиз шундайин бўлса интихо?!
Кўряпман, кўзингиз айтмоқда бу чоқ:
«Биз бундай якундан эмасмиз ризо!»

Бизга ҳикоянинг охири керак,
Дунёвий севгининг недир поёни?!
Бошлашга бошлабон гўё бир эртак
Якунлаб қўй ахир бул воқеани.

Хўп майли, якунин айтаман беор,
Йўймайсиз ўзича «тўқиб олди»га...
Қуръон овозини тинглаган дилдор
Ҳижоб ўраб келди йигит олдига!

ИСЛОМСИЗ ҲАЁТ

Исломсиз яшаган бечора инсон
Бир куни орзуси бўлади ҳайвон.
Тупроққа айланган маҳлуқни кўриб,
Ўрнига ўзини тургайдир сўриб...

Исломсиз яшаган бу телба одам
Ҳаттоки ўзидан чўчийди ҳар дам.
Тамом қўрқинч ила ўтгай тун, куни
Сояси бир куни ўлдирар уни.

Исломсиз яшаган ношукр банда
Ўзини қийнашни қилмагай канда.
Ширин таомини айлабон тахир
Бировнинг ҳасади тугатар охир.

Исломсиз яшаган жамият, тузум
Саодат лаззатин татимас бир зум.
Қай ишга юз бурса, тутгай заволи
Жавобсиз қолгайдир минглаб саволи...

Исломсиз яшаган кичик оила
Соф авлодга бўла олмас силсила.
Ундан таралганлар айтинг не бўлар,
Охир онасига яқинлик қилар

Исломсиз яшамоқ энг катта офат
Қайтиб берилмагай етса талофат.
Ҳатто чўкмоқ керак бўлса ҳам агар
Ислом кемасида чўкайлик, дўстлар...

ҲИЖОБЛИК АЁЛ

Кўзинг-у, қалбингни забт этган тўлиб
Нафосат ҳақида сурсанг гар хаёл.
Нуқсонсиз гўзаллик тимсоли бўлиб
Юрган бир ҳасратдир хижобли аёл!

Бироқ осон эмас юрмоқ ҳижобда,
Бугун бу кўпларга келмоқда малол.
Ҳис қилар ўзини бегона дунё,
Келгинди хилқатдир хижобли аёл.

Авж олган бузуқлик, маъсиятлардан,
Не-не қадриятлар бўлди-ку увол.
«Эй Роббим, паноҳ бер!» дея булардан
Беркинган сувратдир хижобли аёл.

Кўплар аёл номин бўлғайди тинмай,
Авратлар очилиб, бўлишар хуш-ҳол.
Тақвосин кўрсатиб, ўзин кўрсатмай
Сақланган сийратдир хижобли аёл.

Миллат-у, динини кўплар унутиб
Гуноҳлар қаърида топаркан завол,
Тақвоси тимсоли, либоси бўлиб
Динига қувватдир хижобли аёл.

Беҳаё кимсалар, динсиз жоҳиллар
Масхара қилганда уни бемалол.
«Аллоҳим, уларга ҳидоят бер», деб
Энг яхши ниятдир хижобли аёл.

Унинг маувжудлиги кўнгилга малҳам
Кўз қувнар, қалб эса бўлмагай беҳол.
Китоблар ёқилиб кетганида ҳам
Исломга ҳужжатдир хижобли аёл!

Даъватлар тўхтаган телба диёрда
Ҳар кимнинг кўнглида катта бир савол.
Индамай кетса ҳам кўзлари ерда
Катта бир даъватдир хижобли аёл.

Унга ҳавас қилгум, дегум, «эй синглим,
Эрларга тақвода ўрнак бўлиб қол!»
Иймондан воз кечган эркаклар учун
Энг яхши ибратдир, хижобли аёл.

ЎРТА ЙЎЛ

Илм берган устозларга хўп таҳсинлар,
Шулар сабаб бугун менинг кўнглим тўқдир.
Мусулмонлар мушкулотга тушмасинлар,
Ўрта йўлдан яхшисини топган йўқдир!

Яҳуд қавми дунё дея керилдилар,
Насоролар зоҳидликка берилдилар,
Ҳар ким ўзи ёққан ёнга терилдилар,
Ўрта йўлдан яхшисини топган йўқдир!

Келганида фирқаларга навбат етиб,
Эътиқодда адашдилар чуқур кетиб...
Охир ҳамма соҳта тўнни йиртиб-йиртиб,
Ўрта йўлдан яхшисини топган йўқдир!

«Қуръон – маҳлуқ» деювчилар чиққанида,
Имом Аҳмад мўътазилни йиққанида,
Халқ ён босди, имом эди кафанида...
Ўрта йўлдан яхшисини топган йўқдир!

Қадарийлар ғулув кетмиш тақдир учун,
Жаҳмиялар инсон онгин билиб устун
Моддийликка ружъу қўймиш остин-устин...
Ўрта йўлдан яхшисини топган йўқдир!

Дерлар: ҳар бир замон учун олим – малҳам,
Ихтилофлар улар учун оддий олам.
Ҳатто салаф уламолар ичида ҳам
Ўрта йўлдан яхшисини топган йўқдир!

Бугун уммат тўғри йўлдан тамом тойиб,
Тағин, кўринг, бир-биридан излар айб,
Шунда ҳамки, икки ённи тинмай койиб
Ўрта йўлдан яхшисини топган йўқдир!

Биродарлар, ўйланг исломнинг ҳолатин,
Сўнгра уммат ва ҳаётнинг ҳаловатин...
Унутмангиз пайғамбарнинг насиҳатин,
Ўрта йўлдан яхшисини топган йўқдир!

Биродарлар, қилмоқ бўлсак гар тантана,
Ислоҳотга юрмоқ керак, шарт мардона!
Шу пайтгача курашганлар айтсин, ана:
Ўрта йўлдан яхшисини топган йўқдир!

Сўз сўнггида Аллоҳимдан сўраб паноҳ,
Бир омонат гапим айтай, бўлсин сабоқ.
Сиффийн гувоҳ, Муовия, Али гувоҳ,
Ўрта йўлдан яхшисини топган йўқдир!

БЎЛ!

Эй биродар, жавоби йўқ саволлардан йироқ бўл!
Жарлик эмас, қулатгувчи зилоллардан йироқ бўл!
Риё бирлан халқ оғзина тиқарлар не топмишлар,
Асли ҳаром, вале номи халоллардан йироқ бўл!
Букун бутлар замонимас, меҳробларда тоғутлар...
Кўринмас бут ясайдирғон кулоллардан йироқ бўл!
Сени йўлдан бурувчилар ошкор бўлсалар, қўрқма!
Гуноҳлар қопин кўтарган ҳаммоллардан йироқ бўл!
Тоза кўнгил буюрган иш сени асло уялтирмас
Нақд фикрни ол, насия хаёллардан йироқ бўл!
Маҳмуд айтар: дин аҳкомин ўрган мутаққийлардан
Ёлғон азон чақиргувчи билоллардан йироқ бўл!

ИЙМОН

Қозоннинг олдига борма дейдилар,
Албатта, қораси танга юқадир.
Абу Ҳанифа ҳам аслида айтмиш:
Иймон амал ила ака-укадир!

Иккиси бир замон бино бўлгандек,
Кўзга сурма ёки хино бўлгандек,
Ароқ бор мажлисда зино бўлгандек
Иймон амал ила ака-укадир!

Аллоҳ бор дейиш-ла иш битмас, ошна!
Чўл сувга зориққан сингари ташна
Зулмнинг охири хорликка ошно,
Иймон амал ила ака-укадир!

Амалсиз диёрлар хашакли, хасли,
Гўё қор изғиган саратон фасли,
Мазҳабий хилофлар лафзийдир асли
Иймон амал ила ака-укадир!

Биродар, амал қил, куфрда турма,
«Аллоҳ қалбда бўлса, бас,!» деб ўй сурма,
Биридан бошқасин айира кўрма,
Иймон амал ила ака-укадир!

Амалсиз иймонни шайтонлар ерлар,
Иймонсиз амал ҳам хабата дерлар,
Улар гўёинки эгизакдирлар
Иймон амал ила ака-укадир!

Бугун иймон аҳли амал сўрайди,
Иймонсиз дунёлар қайга ярайди,
Келди ботил йўлдан воз кечиш пайти
Иймон амал ила ака-укадир!

АССАЛОМ

Адоватни янчиб ташлаб кўнгилдан
Оддий дунёмизга ташлайлик нигоҳ.
Қани эди айта олсак чин дилдан
Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ!

Салом сўзи тушмас, кимдан сўраманг,
Шундан бошланажак учрашилган чоғ,
Лек номига янграр қайга қараманг
Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ!

Кўрмаймиз саломсиз бирор кимсани,
Хайр-хўш чоғи ҳам илтифот, бироқ
Холис ният ила айтишлик қани:
Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ!

Гар бир-биримизга чин ният ила
Саломни етказсак, сўрабон паноҳ,
Иймонлар завқ-шавққа бўларди тўла
Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ!

Амин бўлдим, дўстлар, етиб шу ёшга
Юриш-туришимиз бермоқда сабоқ
Саҳобалар билан бизники бошқа
Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ!

Майли, дунё бизга айтмасин таҳсин
Жарангдор овозлар туюлсин беоҳ,
Лабимиздан эмас, кўнгилдан чиқсин
Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ!

Бугун керак эмас соҳта эхтиром,
Бугун бизга керак холис бир калом
Яҳудий қавмини йиғлатган салом
Ассаламу алайкум ва роҳматуллоҳ!

ХУЛҚ

Ечилганда энг сўнгги тугун
Икки учин ушлаблар қолинг.
Даъватингиз таъсири учун
Хулқингизни тўғрилаб олинг!

Йиғлаш керак жойда кулсангиз
Не бўлади ҳақни билсангиз?!
Олимликка даъво қилсангиз
Хулқингизни тўғрилаб олинг!

Баъзилар бор тиришиб-куйиб,
Маърузалар қиларлар суйиб...
Шиорларни бир четга қўйиб
Хулқингизни тўғрилаб олинг!

Оиладан бошланур таскин
Зоҳирни гар енгганда ботин
Ёқангизни тақишдан олдин
Хулқингизни тўғрилаб олинг!

Тўғри, шартдир айламоқ хизмат,
Аммо бунда бўлманг беҳикмат,
Исломдаги энг катта даъват
Хулқингизни тўғрилаб олинг!

Кимдир динга бўлганда ташна,
Қўполлик-ла боссангиз пошна,
Даъват қилманг, яхшиси, ошна
Хулқингизни тўғрилаб олинг!

Кезсангиз гар диний гулшанда,
Кулиб сўзланг, айлабон банда
Эргашурлар сизга ўшанда
Хулқингизни тўғрилаб олинг!

Эй биродар, қалб агар касал
Шарт эмасдир ёзмаклик ғазал.
Пайғамбарга ўхшабон аввал
Хулқингизни тўғрилаб олинг!

МАСЛАҲАТ

«Болаларни шайтонлардан қўрқитмангиз!»
Дея бизга айтишарди ёшлик чоғи:
Биз айтамиз бугун ҳақни таниганга
Ундан яхши ҳақ сўз – ҳадислар сабоғин:

Болаларни шайтонлардан қўрқитмангиз,
Аммо шуни тушунтириб қўйинг, дўстлар
Шайтон насли зарар бера олмас асло,
Агар Аллоҳ ҳимояга олса, агар.

Болаларга Билолларни айтиб беринг!
Токи улар улғайсинлар эркак бўлиб
Болаларга соф дунёни қайтиб беринг
Эртан сизга тургайдирлар тиргак бўлиб.

Бас қилинглар, эй катталар, болаларга
Айтишликни ёлғон яшиқ эртакларин
Сериалдан ўрнак олмай улғайсинлар
Ушласинлар саҳобалар этакларин...

Болалардан ҳеч ранжиманг ўтса хато,
Мисвок тутса, жеркимайин шодон кулинг.
Оналардан яширинча чакиб эмас,
Намоз ўқиб уйга қайтса ҳурсанд бўлинг.

Болаларга Ҳамзаларни айтиб беринг,
Тағин улар ўсмасинлар билмай субут.
Бола билсин недур асли ўлим, қабр,
Ҳуркимасин кўрганида бир кун тобут.

Мардлар мисол ул тобутни елка қўйиб,
Қалб-ла таскин топсин Қуръон айтгунича.
Онасидан, отасидан ажрагач ҳам
Мард яшасин шу қабрга қайтгунича…

Болаларга Мусъабларни айтиб беринг,
Дини ҳавфга тушганида бир кун келиб
Бор-бутини ташлай олсин, қолса ҳамки
Одамларнинг ўртасида кулги бўлиб...

Болаларга пайғамбарни айтиб беринг
Ким аслида ким эканин билгайдирлар.
Танисинлар пайғамбарнинг ҳақ йўлини,
Шундагина ҳаққий фарзанд бўлгайдирлар.

ДУНЁ

Бу дунё ичидан ҳасратга тўлган
Тушда кечган мисол беҳуда рўё.
Баъзилар наздида абадий бўлган
Беш кунлик дунё бу, беш кунлик дунё!

Ҳали вақт олдинда, деб хаёл сурманг,
Алдамчи рўёга ишона кўрманг.
Фалон ёшга етдим деб санаб юрманг
Беш кунлик дунё бу, беш кунлик дунё!

Залолат йўлларга кирганлар қайтсин,
Умр узоқ дебон юрганлар қайтсин,
Етмишга, саксонга кирганлар айтсин:
Беш кунлик дунё бу, беш кунлик дунё!

Уни минг йил дебон алданиб қолган
Ҳар кимса бешинчи кунида толган...
Минг йиллик тарихни парчалай олган
Беш кунлик дунё бу, беш кунлик дунё!

Орзуга туртиниб суринса ҳамки,
Ташида боқийга йўғринса ҳамки,
Кимгадир туганмас кўринса ҳамки
Беш кунлик дунё бу, беш кунлик дунё!

Фиръавн боғидан бугун йўқ асар,
Ҳар куни кўнгилни бир ташвиш босар,
Ортида йўқ ҳатто бир ўринбосар,
Беш кунлик дунё бу, беш кунлик дунё!

Бу йўлки, ўлчанмас бир соатгача
Йўл олис азобдан ҳаловатгача
Одам Ато билан қиёматгача
Беш кунлик дунё бу, беш кунлик дунё!

КОМИЛ МЎМИН

Аё дўстлар, бу дунёга умр тикмакдан
Афзал эрур жаннат учун чекмаклик алам.
Пайғамбарим бежиз, бекор айтмаган экан:
«Комил мўмин гуноҳ қилмас тушларида ҳам!»

Бу ҳисни биз нечун қалбдан туёлмаяпмиз?
Расулуллоҳ деган сўзни суёлмаяпмиз,
Биз ҳаттоки ўнгимизда уялмаяпмиз,
Комил мўмин гуноҳ қилмас тушларида ҳам!

Ушбу ҳадис амал истар, келса агар дуч,
Уни тинмай сўзламаклик бир ҳавои пуч,
Ухлашидан олдин хайру, саҳоватга ўч
Комил мўмин гуноҳ қилмас тушларида ҳам!

Саҳобалар ҳаётига кўзлар ёшлаган,
Улар хулқи кўнгилларни беҳол ғашлаган,
Ҳиёнатни луғатидан олиб ташлаган
Комил мўмин гуноҳ қилмас тушларида ҳам!

Мўминликка даъво қилган бизми, ёронлар:
Дафтаримиз кунлар сайин босар қиронлар.
Ухласак гар, ҳукм сурар шовқин-суронлар,
Комил мўмин гуноҳ қилмас тушларида ҳам!

Комиликка қачон етиб боргайдирмиз, оҳ,
Ҳаётимиз асосидир қилмаклик гуноҳ,
Тушимизга қачон киргай ул Расулуллоҳ,
Комил мўмин гуноҳ қилмас тушларида ҳам!

Бизга нажот бергин, Роббим, кўнглимиз ғариб,
Хўп чарчадик ҳотиржамлик, софлик ахтариб.
Биз ҳам бир кун уйқуларда фахшни итариб,
Одам каби туш кўрайлик, кўкрак кўтариб...
Комил мўмин гуноҳ қилмас тушларида ҳам!

ДАЪВАТ

Биродар, ҳеч қачон унутманг, асло,
Ҳазрати Алининг ҳикматли сўзин
Ҳикмат-ла насиҳат йўлин тутсангиз
Иймондан сўз очинг, намоздан олдин!

Кўзларни кўр қилманг қараб қуёшга,
Бугун замон бошқа, фасоҳат бошқа,
Аллоҳни танимай эгилган бошга
Иймондан сўз очинг, намоздан олдин!

Кимдир даъват қилмиш ишлатиб зўрлик,
Шул боис, нечалар қилмишдир ғўрлик...
Нима деётганин англасин шўрлик,
Иймондан сўз очинг, намоздан олдин!

Агар ҳикмат ила кўнглини ёқиб,
Ҳаққа чақирсангиз, кўнглига ёқиб,
Кирмасди масжидга туморлар тақиб,
Иймондан сўз очинг, намоздан олдин!

Номига намозлар кўрган масжидда,
Расмий қоғозларда юрган масжидда,
Шифтида қалампир турган масжидда
Иймондан сўз очинг, намоздан олдин!

Даъватингиз учун йиғласин кўнгил,
Ҳақни танитинг-у, бўлиб қолсин қул,
Десангиз намозлар бўлишин қабул,
Иймондан сўз очинг, намоздан олдин!

ЧАҚИРИҚ

Аллоҳга ишониш нимадир, дўстлар:
Оғиздан чиққан бир калимами у?
Ё даҳрийлар айтмиш: Жаннат аслида
Инсонни алдашга ўйланган орзу?

Аллоҳга ишониш дегани ўзи
Қандай шарҳланади қалбий сувратда?
«Аллоҳдан ўзга бир илоҳ йўқ» деган
Инсон юроларми ҳаром шаҳватда?

Тушунтириб беринг, дўстлар нимадир
Аслида иймонни қалб ила айтмоқ?
Жоҳилият деган даврлар ўтгач,
Унга мумкинмикан бемалол қайтмоқ?

Йўқ, асло, шаҳодат калимасида
Катта бир масъулият бордир, дўстларим:
Буни айтмоқлик-ла розидир инсон:
Бу дунё бир қисм, у эрур ярим!

Ҳали ўлмоқликдан кейин бошланар
Қабр азоби ё фароғатлари.
Қиёмат келгач ҳам тугамас, дўстлар
Инсоннинг тўхтамас саёҳатлари.

Ҳисоб-китоб деган оғир синовда
Кимдир муваффақият қозонар, кимлар
Заволга учрагай ишларин кўриб,
Баъзилар ҳайвонга орзуманддалар.

Жаннат ё дўзаҳни инсон бир куни
Манзил этгусидир ишига қараб.
Ҳатто гапирмагай кимгадир Аллоҳ,
Баъзилар Таъолога мангу муқарраб.

Мана шу қисқача тафсилот эрур,
Баъзисин ичига жамламиш сўзлар.
Шунга кўра ҳаёт қурса гар банда
Жаннатни манзили этгувси, дўстлар.

... Энди инсоф ила қилайлик идрок,
Қалбимиз қўрида айлаб тафаккур,
Тавҳид калимасин бемалол айтиб,
Дунёда қилмоқлик мумкинми ҳузур.

Аллоҳ мени кўриб турибди, дебон
Гуноҳлар қаърига кирмаклик қандай?
Бир гуноҳ келганда тўхтамак асли
Иймон борлигига ҳужжат ҳар қалай!

Аллоҳ – Раззоқ, дебон бировни алдаб
Ҳиёнат йўлига кирмаклик нима?
Иймонли кишига ярашармикан
Қарзлар дафтарига бўлмоқ хотима?!

Аллоҳ хаёлини яхши кўради,
Деган жумлаларни ўқибон инсон
Яшаб ўтмоқлиги мумкинмикан-а,
Бешарм дунёга ошно бўлибон?

Хулоса шул эрур: иймон келтирган
Яшаши лозимдир солиҳ ва содиқ!
Ушбуларни айтдик сизни севгандан,
Суйгандан сўзладик, бўлса ҳам аччиқ!

АҚИДА

Сўфи Аллоҳёрга Аллоҳ ёр бўлсин,
Бизга муҳим ишнинг ўргатмиш йўлин:
«Ақида билмаган шайтона элдир!»
Шиорга амал-ла бўламиз мўмин.

«Ақида билмаган шайтона элдир,
Гарчи минг йил амал қилсанг, у елдир!»
Аллоҳим, бу ҳикмат ила айтилган
Сўзларнинг маънисин халқимга билдир.

Ақида билмасдан қилинган ишлар
Бугун кенг йўлларни айламиш таранг.
Ўзини чин мўмин санаганларнинг
Оддий масалада бошлари гаранг.

Маъсият йўлидан қайта олмайин,
Такрор-такрор меҳроб узра чўкиб тиз.
Аллоҳнинг борлигин биладилар-у,
Бирлигин қалбларда қилмагайлар ҳис.

Соясидан қўрқиб яшар раҳбарнинг
Йўлида юрарлар, асло қолмаслар.
Ақида йўқлиги учун шу онда
Аллоҳни олий деб ишонолмаслар.

Кичик гуноҳларни санамай гуноҳ,
Бечоранинг кўзин қуршайди орзу.
Аллоҳим - Басийр, деб ўргатилганда
Эхтимол, гуноҳдан тўхтар эди у!

«Тавба фақат Унга!» деб ишонганда
Қилган гуноҳини санабон ҳақир,
Кулбадан ҳароба уйда яшаб ҳам
Ўзини билмасди бирор он фақир.

«Аллоҳдан Ўзга бир Раззоқ йўқ» деса,
Ҳотиржамлик қалбин банд этмиш зора...
Энг паҳлавон инсон бўларди шаксиз,
Аллоҳни Ҳафийз деб билса бечора!

Аллоҳнинг Мужийб Зот эканлигини
Озгина қалбига сиғдиролганда
Бировлар пойида бўлмайин малай,
Кулиб яшар эди сабр-ла банда.

Билганда Аллоҳнинг Жобирлигини
Ўзига жабрлар қилмасди асло,
Ҳис қилса Аллоҳнинг Ғофирлигини
Бир пучак сингари туюлар дунё...

«Аллоҳу Акбар» деб ҳайқиролганда
Аниқки, бу инсон бўларди улуғ,
Афсус унинг бугун даъволари ҳам,
Амаллари каби фақат қуп-қуруғ.

«Ақийда билмаган шайтона элдир!»
Сўфи Аллоҳёрдан рози бўлсин Раб,
Биродар, шу бугун устоз ахтариб,
Елдек уч ақида илмига қараб!

Тўғри ақиданинг йўқлиги учун
Бугун йўллар тордир, фикрлар абас.
Соҳта фалсафалар гирдобидаги
Чалкаш хотиралар – инсонга қафас!

Ислом ўрганмоқчи бўлган мўминга
Сўз очиш ноўрин бугун намоздан
Ҳаммаси жойига тушиши учун
Ақида ўрганмоқ лозим оз-оздан.

Шунда салафларнинг йўлига тушмоқ,
Халафлар услубин тушунмоқ мумкин.
Биродар, қулоқ ос, ақидадан ёт
Амалга ҳозирча кўзингни юмгин!

ИҚРОР

Мева бермас новдаларни
одатда эл суғормас,
Ватан шаънин билмаганни
Аскарликка юбормас,
Дилдан ўтган гуноҳларга
Мойил бўлган хоксормас,
Қуръон «намоз ўқи» деса,
Вақтимиз топилмаса
Одам Ато аждодимиз
дейишликка тил бормас,
Ислом сифат дини эрур,
Сонига интизормас.

Нол деган йўқ сонни мингга
Кўпайтиринг, не бўлар:
Кичик бўшлиқ минг баробар
Катта бўлгани қолар!
Намоз барпо этиш ила
Инсон одам аталар,
Агарчи қалб ҳақ сўзини
Инкор қилиб турар, бас
Одам Ато аждодимиз
дейишликка тил бормас.

Раззоқ Ўзи дебон топсак
Ҳаромлаб нонимизни,
Аллоҳ дея оғритмасак
Бирор он жонимизни
Жаннатдан муқаддам қўйсак
Оддий ошёнимизни
Уввос солиб йиғласак-да,
Тилдаги чин иқрормас,
Одам Ато аждодимиз
дейишликка тил бормас.

Ислом учун эгилган бош
Ёв олдида тик эрур,
Аллоҳ дея йиғлаган кўз
Душманга кулиб турур,
Муҳаммаднинг байроғини
Кимки қўлдан тушурур,
Анинг иши расво бўлиб,
Ул Кунда бўлур сармас,
Одам Ато аждодимиз
дейишликка тил бормас.

ЎКИНЧ

Фоний ожизликни абадиятга
Алмаша олганмиш Умму Мактумлар.
Бугун сиз биродар, очиқ кўзни ҳам
Тамом зулумотга қилманг маҳкумлар.
Кўзингизни очинг ўлмасдан бурун
Ер ила қоришиқ бўлмасдан бурун.

Саломат қолгайсиз, турли баҳслардан
Қочсангиз бус буткул ёт шаҳарларга.
Қулоқларингизни ёпиб фахшлардан
Тупура олсангиз сериалларга.
Сиздан бахтли одам йўқ бу маконда
Бухорий яшаган Ўзбекистонда!

Бесамара кетмас сиз қилган даъват,
Пихини ёрган бу қадимги олам.
Майли, дунё сизга ўқисин лаънат
Қизингиз авратин ёпиб юрган дам.
Ҳақ Таъоло қизига раҳм айласин
Рўмолга тезлик-ла кўнгил бойласин.

Энг муҳим қоида, эсда тутсангиз
Ҳотиржамлик уйин этгайсиз манзил.
Одамлардан агар сўрамасангиз
Сизни тинч қўюрлар, санамай разил.
Дунёнинг қуллари шундай бўларлар,
Бевафо деюрлар, бир кун ўларлар.

Бошини кундага қўйган қиморбоз
Сўнгги сўз ўрнида айтмиш: «мен асло
Бу жирканч ўйиндан бўлмагум халос!»
Шу разил касчалик бўлмаса тақво
Йиғлангиз, йиғлангиз, қаттиқ йиғлангиз,
Йиғламакликдан ҳам ортиқ йиғлангиз.

Ҳанафий мазҳаби иймондан кейин
Энг яхши амал дер илм олишни.
Ҳанбалий жиҳодни қўйганда устун
Бугун-чи, бугун...
Ҳайронмиз билмайин нима қилишни
Энг катта жиҳоддир билсангиз бугун:
Бир қиз тарбиясин айламак бутун!

Атрофга бир боқинг ва ерга қаранг,
Гўё ҳаммага касб – фоҳишабозлик.
Авратли ерларни бир четга суринг,
Тиззаси ёпилган жуда ҳам озлик.
Бу не бало бўлди ўзбек халқига,
Сингмоқда оддий ҳол бўлиб ақлига.

Жолиб нигоҳлардан сергак турганлар
Бир уйга яшриниб бўлмиш ҳотиржам.
Қизига зўрлаб шим олиб берганлар
Ўзларин мўмин дер, шуниси алам,
Миллатни оёққа турғазмасак биз
Бир куни остида қоламиз шаксиз.

УҲУД КЕРАК БЎЛДИ...

Мўминлар ҳолини билгувчи – Аллоҳ,
Ҳикматсиз бир ишни қилмагай сира.
Маккани фатҳ этмоқ йўлида бешак
Уҳуд керак бўлди Бадрдан кўра.

Бу уммат ҳоли шу, бўлмаса сургун,
Хоҳиши дунёни айламак устун.
Мўминлар кўзларин очиши учун
Уҳуд керак бўлди Бадрдан кўра.

Дунё ўз ортидан тинмай қувлатган,
Унга не-не зот ҳам кўзин ўйнатган.
Ҳандақ ҳам мўминлар кўнглин қувнатган
Уҳуд керак бўлди Бадрдан кўра.

Асҳоби Киром ҳам бир инсон бўлган,
Улар ҳам йиғлаган, вақтида кулган.
Кибрни қалблардан қувғинди қилган
Уҳуд керак бўлди Бадрдан кўра.

Расул буйруғига бўлиб бетоқат,
Зафар майдонини тарк этмиш нусрат...
Англатмоқлик учун нелигин суннат
Уҳуд керак бўлди Бадрдан кўра.

Қалблар ҳижолатдадир Расул қошида,
Қонлар сизиб оқмиш кўнгил ёшида.
Фатҳ қуши қўнмасди асҳоб бошига...
Уҳуд керак бўлди Бадрдан кўра.

... Биродар, тез ўтмиш йиллар ҳам кундай,
Йиғлама, аҳволим бўлди деб тундай.
Бу уммат ҳоли шу, яшайди шундай
Уҳуд керак доим Бадрдан кўра,
Ишонмасанг, ана асҳобдан сўра!!!

НАДОМАТ

Мўминликдан ном қолган юртда кезармиз аранг,
Аҳли қибла бир-бирин куфрда айблар, қаранг!
Яҳуд форсни янчиса, индамай турса араб...
Ҳайрон бўлманг исломни қабул қилса рус, фаранг!

Фарзлар инкор қилинса, лобуд эрса мустаҳаб,
Бирлаш, деб ҳайқирганга қўйилса минг бир лақаб.
Бири салафман, деса, бири талашса мазҳаб
Ҳайрон бўлманг исломни қабул қилса рус, фаранг!

Алидан сўнг қайгадир қочиб кетмиш садоқат,
Ҳануз бу бедодликка кўнгиллар қилар тоқат.
Мўминлик ёдга тушса ҳаж мавсумида фақат,
Ҳайрон бўлманг исломни қабул қилса рус, фаранг!

Энг оғир чоғ шиъа деб қўл силтаб кетилса гар,
Форснинг уйида инграб гўдак қатл этилса гар,
Ислом номидан портлаш замони етилса гар
Ҳайрон бўлманг исломни қабул қилса рус, фаранг!

Кўрдик, не бўлди ҳақгўй олимларни отишгач,
Ким бош кўтароларди соҳтакорлар ётишгач?!
Ғўр уммат «соқол қандай қўйилар», деб тортишгач
Ҳайрон бўлманг исломни қабул қилса рус, фаранг!

Уйғониши мушкул Шарқ тўкса ҳам кўз ёшини,
Ҳанузгача фиқҳидан кўтаролмас бошини...
Ҳар кун саҳардан кутиб ётар Ғарб қуёшини
Ҳайрон бўлманг исломни қабул қилса рус, фаранг!

Бир кун келар, ёронлар, оғир довонни йиқиб,
Бир карвон манзил сари етиб келар ошиқиб -
Қуръонни қабристондан ташқари олиб чиқиб
Ҳайрон бўлманг исломни қабул қилса рус, фаранг!

Оқ-қора тан фарқи йўқ - тақдирини танийди,
Чин мўминлар ўшанда бир-бирини танийди,
Биз ўшанда йиғлаблар қолмасайдик қанийди
Аҳволимиз тобора тортиб бормоқда таранг
Ҳайрон бўлманг исломни қабул қилса рус, фаранг!

ПАЙҒАМБАРНИ ДУНЁ ТАНИР...

Саёҳатдан кўнгил безди топмай паноҳ,
Бугунгилар аҳволоти минг иштибоҳ!
Тақдир шудир, бошқаларга ёқар ёқмас,
Пайғамбарни дунё танир инша Аллоҳ!

Ойлар ўтар, адоғи йўқ , бир қанчадир,
Сўнгги уммат тутган мавқеъ ўртанчадир...
Мўминларнинг бу ҳолати вақтинчадир
Пайғамбарни дунё танир инша Аллоҳ!

Бошқа йўллар туюлмоқда минг бир қафас,
Соҳталикнинг ҳокимлиги мангу эмас.
Мўмин дўстим, сен шубҳага бормасанг, бас
Пайғамбарни дунё танир инша Аллоҳ!

Уммат ухлар дини учун хизмат қилмай,
Мағриб аҳлин аҳволига бағрин тилмай...
Рим папаси ёрдам берар ўзи билмай
Пайғамбарни дунё танир инша Аллоҳ!

Уммат дунё қувиб, охир бир кун толар,
Вазифасин унутиб гох ухлаб қолар...
Оврўпонинг нашрлари ёдга солар
Пайғамбарни дунё танир инша Аллоҳ!

Ҳақмиз, деймиз, лек оғизлар буткул жимдир,
Кўз тик боқса, ўша лаҳза нафс ҳокимдир.
Бу хизматни биз қилмасак, ўтар кимдир,
Пайғамбарни дунё танир инша Аллоҳ!

Устун келар Парвардигор ёзган тақдир,
У айтади ва бўлади, неки ҳақдир.
Аҳли китоб, мажусийлар, тингланг, барбир
Пайғамбарни дунё танир инша Аллоҳ!

Неъматлардан сўраласан, бўлма хунрез,
Сохта молга боқма, ҳаққа югурган кез!
Эй биродар, ҳаракатинг қилиб қол тез
Пайғамбарни дунё танир инша Аллоҳ!

ИЛМ ОЛИНГ

Эй ортимда турган авлод,
Шул эрур сизга хитоб:
Бор нигоҳлар қаратилган,
Номусингизни сақланг!
Ҳам ухровий, ҳам дунёвий
манфаатларни кўзлаб
Илм олиб, мўминларни
нажот сари етакланг!

Сиз ўқиган китоб қолсин
Таниёлмай қоғозни
Вужудингиз тан олмасин
Рўза маҳал қиш, ёзни.
Карра жадвалини ёдлаб,
Барпо қилинг намозни
Илм олиб, мўминларни
Нажот сари етакланг!

Одат қилинг ўз вақтида
Уйингизга қайтишни
Мушкул чоғ ҳам тарк этманг
Ҳақиқатни айтишни.
Сериалдан бош кўтаринг,
Йиғиштиринг дайдишни
Илм олиб, мўминларни
нажот сари етакланг!

Остонада ҳамма сизга
Нигоҳини қадаган,
Ўтмиш боболарингиз ҳам
Бу ишончни ўтаган.
Бухорий бу йўлни ҳаққий
Нурли манзил атаган
Илм олиб, мўминларни
нажот сари етакланг!

Аҳли ислом ўнгланмаса,
Жойига тушмас тинчим,
Саодат даврини қумсаб,
Ортга кетар соғинчим,
Мен акангиз айбин ёпинг,
Сиздан ёлғиз ўтинчим:
Илм олиб, мўминларни
Нажот сари етакланг!

ЭЙ МУСЛИМА!

Эй муслима, эринг сенинг тулкинг эмас,
Йиғинг эмас, вақти бекор кулгинг эмас.
Қиёматда қуръон сенга ёв бўлмасин:
Эр - Аллохнинг мулки эрур, мулкинг эмас!

Оят сени тўхтатмаса жазо неки?!
Ўғил ва у тўплаган мулк отаники,
Бу дунёда хамма нарса худоники,
Эр - Аллохнинг мулки эрур, мулкинг эмас!

“Эркаклар”мас, “Аёллар” деб сура тегмиш,
Унда сенга, эркакка ҳам ҳукм тенгмиш,
Жаннатийлар ул оятга бўйин эгмиш
Эр - Аллохнинг мулки эрур, мулкинг эмас!

Аёлдирсан, ҳудудингни асра оқил,
Аллоҳ учун қалбингни оч, бўлма баҳил!
Қиёматда бахтли бўлмоқ истасанг, бил
Эр - Аллохнинг мулки эрур, мулкинг эмас!

Вазифангни бажариблар манзил етиб,
Фарзандларинг тарбияла солиҳ этиб,
Дод кўтарма чегарадан ўтиб кетиб,
Эр - Аллохнинг мулки эрур, мулкинг эмас!

Ҳаддингни бил, ҳаддинг асли жуда гўзал,
Бу ҳудудга арзир битмак минг бир ғазал,
Начорадир, Раҳмон хохлаб бўлган азал:
Эр - Аллохнинг мулки эрур, мулкинг эмас!

Инграгандек ёз тонгида қиш қарғаси
Дод йиғладинг, титраб кетди дил дахаси.
Биттадан кўп яралгандир қовурғаси:
Эр - Аллохнинг мулки эрур, мулкинг эмас!

Сен аёлсан, ўзинг урма гумроҳликка,
Якка қолсанг, номинг етмас гувоҳликка,
Холиқ билан талашмагин илоҳликка
Эр - Аллохнинг мулки эрур, мулкинг эмас!

Кел, пайғамбар уйини ҳам қил зиёрат,
Тўққиз аёл бир турмушдан олар роҳат!
Мўминларнинг оналари сенга ибрат:
Эр - Аллохнинг мулки эрур, мулкинг эмас!

Эй муслима синглим, энди йўлга отлан,
Ҳақ юборган ҳукмларга қаноатлан
Сенга эринг жавоб берар, шундан шодлан:
Эр - Аллохнинг мулки эрур, мулкинг эмас!!!

МЕЗОН

Ўзингни алдама биродар асло,
Аллоҳ – Кечиргувчи, дебон сарҳуш дил.
Ўша Раҳмон, Раҳийм Парвардигоро
Бизга фарз амаллар бермиш, фикр қил!

Кўзинг ўзга молга тикилгани дам
Ўзингга фатволар чиқарма нодон.
У дунё майли-ку, шу дунёда ҳам
Ўғрининг қўлини кес, деган Раҳмон.

Гўзал нигоҳларни жамлабон ўйга
Номаҳрам қизларга кўз тикма бугун.
Расул мазҳабида бегона уйга
Тикилган кўз чиқса, олинмайди хун.

Қўлингда ҳаром сув, ўзингча хуррам
Дейсан гуноҳимни кечиргай худо.
Кавсарни майхўрга ҳаром қилган ҳам
Ўша Аллоҳ эрур, унутма асло.

Фисқу фужур, кизбдан қилмайин ҳазар
Ёлғонлар тўқийсан фурсат келганда,
Қай ҳолга тушарсан, бир кун пайғамбар
Ёлғончи умматим эмас, деганда.

«Аллоҳ кечиради, кўрасиз, дўстлар!»
Даъвоинг ҳаммага танишдир мутлақ.
Аммо шу даъвога мўлтираб кўзлар
Биргина хайрни кутарлар илҳақ.

Сен эса мамнунсан шу бугунингдан
Гуноҳлар қаърига шўнғиб, улоқиб.
Билмам, холинг недур бир кун дафъатан
Ўлим ташриф қилса эшигинг қоқиб...

Шу боис, биродар, алдашдан ўзни
Фойда йўқ, яхшиси, амалга кириш.
Аллоҳ мадад берар, қизартмай юзни
Фақат сендан бўлсин биринчи юриш!

БИЗ КАБИ

Қалбим оташида битилди ғазал,
Ғамбода кечадан келади кечгим...
Муслима опалар, сингиллар, азал
Биз каби севолмас сизларни ҳеч ким!

Тарихни ўқидим, у йиғлар беун,
Келажак мўрида қоп-қора тутун.
Мен жавоб бераман, сўзимга бугун
Биз каби севолмас сизларни ҳеч ким!

Ҳурлиқо фаранги ўқисин таҳсин,
Яхшиси танлаган йўлидан қайтсин.
Голливуд дод десин, қўшиқлар айтсин
Биз каби севолмас сизларни ҳеч ким!

Тарих шоҳид бугун, қилмай баҳона,
Мўмин юрагида буткул тантана.
Ромео ўзини ўлдирсин яна
Биз каби севолмас сизларни ҳеч ким!

Олам гул кийинди саодат сайли -
Аёл ҳақ сўз айтди Умар туфайли,
Қирол Лир икки бор кўр бўлсин майли...
Биз каби севолмас сизларни ҳеч ким!

Отелло қатл этди Дездемонани
Қонга бўяб буткул гулдек хонани.
Лек муслим бошида тутар онани,
Биз каби севолмас сизларни ҳеч ким!

Аллоҳнинг ҳукмини билсангиз ёддан,
Биз сизни севамиз ҳаддан-да ҳаддан.
Жулия Робертслар йиғлар ҳасаддан!
Биз каби севолмас сизларни ҳеч ким!

Алий йўлга тушди, ҳилол, бирга юр!
Ҳолид қиличидан таралмоқда нур!
Евгений Онегин, четга ўтиб тур!
Биз каби севолмас сизларни ҳеч ким!

Дунёвий севгига кўнгиллар зорми,
Илоҳий чашмадан қонган ифторми?
Ҳақиқий мўминлар севсалар борми?
Биз каби севолмас сизларни ҳеч ким!

Инсоф билан айтинг, қай элатда бор
Фақат маҳрамига тўкилган виқор?
Зино кўчасидан беркиниб, бедор
Биз каби севолмас сизларни ҳеч ким!

Бечора таналар, ҳаммадан қолган,
Бугун дунё узра фарёдлар солган.
Буюк пайғамбардан насиҳат олган
Биз каби севолмас сизларни ҳеч ким!

Кўрдим юзингизда гулгун чеҳралар,
Ундан шаббода ҳам олар баҳралар.
Кўнглимда бир сурур аста сирғалар:
Биз каби севолмас сизларни ҳеч ким!

Мўмин кўрса, қалби билан кўради,
Шу боис, юрак ҳам сокин уради.
Севсак гар, ўртада Аллоҳ туради
Биз каби севолмас сизларни ҳеч ким!

ДИН УЧУН

Умрингиз чанг тўзиб кетмоқда завол,
Сиз ўзи дунёга нега келдингиз?
Чойхонадан чиқинг, сизга бир савол:
Дин учун шу букун нима қилдингиз?

Палов, манти, шўрва, сўнггига норин
Тор ичак сигдирди не бўлса Борин.
Ёдингизда турди кун бўйи қорин
Дин учун шу букун нима қилдингиз?

Ҳар хил режалардан тузиб иқтибос,
Оддий бир саволдан бўласиз халос.
Эртани гапирмай туринг, илтимос,
Дин учун шу букун нима қилдингиз?

Қалб ислом дардида тўлғоқ билмайди,
Амрига шамолдек учиб елмайди,
Музлатгич тўлмаса уйқу келмайди
Дин учун шу букун нима қилдингиз?

Жужуқлар ташвиши айлабон тобеъ,
Бозорлар санғибон излайсиз толеъ.
Аёлингиз кўнглин олдингиз, вале
Дин учун шу букун нима қилдингиз?

Намоз чала-чулпа, дуолар мубҳам,
Тилда оят, қалбда фойдалик дирҳам.
Тирикчилик зўр-у, бўлманг ҳотиржам:
Дин учун шу букун нима қилдингиз?

Йўлингиз қаршилар гар фарзандингиз,
Совгасиз келмоққа сиғмас ҳаддингиз,
Хўрозқанд олишни унутмадингиз...
Дин учун шу букун нима қилдингиз?

Ажабо, сайрга чиққанингиз дам
Ёддан кўтарилмас оилавий ғам,
Улфат ошинолар буюртмаси ҳам...
Дин учун шу букун нима қилдингиз?

Иккинчи уйингиз номидир – бозор,
Унинг ҳаққин поймол қилмайсиз зинҳор.
Бўл тез, Қолган ишга – дейсиз - ёғар қор!
Дин учун шу букун нима қилдингиз?

Жаннат дейсиз, бироқ амаллар зиддий,
Қачон у Кунга ҳам қарайсиз жиддий:
Шеърим охирида саволим қатъий:
Дин учун шу букун нима қилдингиз?

НАМОЗ

Фароғат йўлида дард чекиб бироз,
Сарсари гуллардан айлаб поёндоз.
Етти қат осмоннинг шифтидан олий
Аллоҳ ҳузурида фарз бўлган намоз!

Билмам қачон роҳат олган сўнг маҳал:
Бобом жойнамози эскирибди сал!
Бошқа тополмадим ўрнига бадал:
Аллоҳ ҳузурида фарз бўлган намоз!

Кўнгил меҳварига иймон бол қуяр,
Бул гўзал ҳолатни Ар-Роҳман суяр.
Ердан бунёд бўлган ерга бош қўяр
Аллоҳ ҳузурида фарз бўлган намоз!

Бул амал ўзида барчасин йиқмиш,
Анга гўзал дамлар баробар сиғмиш.
Ҳаттоки Жибрийл ҳам ўртадан чиқмиш
Аллоҳ ҳузурида фарз бўлган намоз!

Ҳамма амалларга бир-бир назар сол
Барида дунёвий улуш бор мисқол.
Бироқ сабаб ёлғиз – илоҳий висол:
Аллоҳ ҳузурида фарз бўлган намоз!

Асҳоб жам бўлса гар: гуноҳи кабир
Кўп тарки ишларни қилишган таъбир.
Фақат бир амални дейишган куфр:
Аллоҳ ҳузурида фарз бўлган намоз!

Рўза ҳам, закот ҳам, ҳаж ҳам аслида
Фарз бўлмиш пайғамбар ерлик ҳолида
Бутун инсоният истиқболида
Аллоҳ ҳузурида фарз бўлган намоз!

Кўчада мунғайиб йиғласа сағир
Кўзингдан ёш сизиб оққуси таҳир
Нега эътиборсиз юрибсан, ахир
Аллоҳ ҳузурида фарз бўлган намоз!

Чин мўмин намозга кулиб чиқади,
Дунёни ҳуржунга солиб чиқади.
Аллоҳ ҳузурига олиб чиқади
Аллоҳ ҳузурида фарз бўлган намоз!

Дунёдан тинч-тотув ўтганинг бўлсин,
Ҳар кунда беш маҳал кутганинг бўлсин.
Ҳар маҳал ёдингда тутганинг бўлсин
Аллоҳ ҳузурида фарз бўлган намоз!

Четлаб ўтаётган бўлса-да бало,
Биродар, ўзингча қилма тавалло.
Ҳазиллашиб бўлмас у билан асло
Аллоҳ ҳузурида фарз бўлган намоз!

Кўнглингдан кибрни ирғит ҳар нафас,
Рукую, саждага айлагин ҳавас.
Қандайдир бошлиқнинг олдида эмас,
Аллоҳ ҳузурида фарз бўлган намоз!

Унга вақтинг сарфла мисоли ғаний
Саждага айланган кўнгил малҳамий!
Ё жаннатий қилар, ё жаҳаннамий
Аллоҳ ҳузурида фарз бўлган намоз!

Росулуллоҳ йиғлаган кеча

Азон айтиб йиғлар Билолим,
Росулуллоҳ йиғлаган кеча!
Тонг оттирдинг қандай, ҳилолим,
Росулуллоҳ йиғлаган кеча?!

Энг мукаммал азал қоида
Райҳон иси тутар пойида,
Қандай турар осмон жойида
Росулуллоҳ йиғлаган кеча?!

Анга ҳамроҳ ҳақиқий эрлар,
Таъзим айлар энг ваҳший шерлар.
Юлдузлар ҳам тўкилай дерлар
Росулуллоҳ йиғлаган кеча!

Кулганида оқ дур сочилган
Гулҳарирдан бир нур сочилган,
Аммо қалблар беун очилган
Росулуллоҳ йиғлаган кеча!

Кийик билан бўри дўстлашмиш,
Осмон ила замин юзлашмиш,
Етим кўнгли ғамгин бўзлашмиш
Росулуллоҳ йиғлаган кеча!

Эй жамики хилқат, тинглангиз,
Бир ҳақиқат мавжуд, билсангиз,
Кулманг, ахир бўлмас кулсангиз
Росулуллоҳ йиғлаган кеча!

Кулгусига офтоб ҳам шайдо,
Шафоат, деб йиғлар Ҳувайдо.
Ой юзида доғ бўлмиш пайдо
Росулуллоҳ йиғлаган кеча!

Умар ерга ётмиш юзтубан,
Усмон тикар ўзига кафан,
Алий қучиб й иғлар дафъатан
Росулуллоҳ йиғлаган кеча!

Кулгичдан нур уфурган сайин,
Завжаларнинг сўзлари майин.
Ҳафса, Оиша аҳволи тайин
Росулуллоҳ йиғлаган кеча!

Сўзим тугар, сен ҳам инсонсан,
Йўлинг эгри, не ҳол – нодонсан?!
Эй Хайруллоҳ, нечун шодонсан
Росулуллоҳ йиғлаган кеча?!

ЖОЙНАМОЗ УСТИДА УТИРГАН ОДАМ

Бу фурсат Аллоҳ-ла турар юзма-юз,
Гўё дарахт баргин қучгандек шабнам.
Дунёда жамики азиздан азиз
Жойнамоз устида ўтирган одам!

Фақат унга хосдир кундузу, туни
Ўтган дамларига этмайин алам,
Бир четга суролган дуне ғамини
Жойнамоз устида ўтирган одам!

Майли, гарданида гуноҳлари бор,
Балки комиликка етмаган бу дам.
Қарадим, чеҳраси нурли, улуғвор
Жойнамоз устида ўтирган одам!

Иймонсиз тўдалар сарсон саргардон,
Қалбига тополмай юрганда малҳам,
Маҳлуқот ичинда энг яхши инсон
Жойнамоз устида ўтирган одам!

У ҳақда ким нима деса, гапирсин,
Ёзса, тугаб битсин жамики қалам,
У салом бергунча, дуне жим турсин
Жойнамоз устида ўтирган одам!

Ахир, не каслар бор, юртдошларидан
Мадад беринг, дебон санарлар санам.
Бир қаранг, йиғлайсиз кўз ёшларидан
Жойнамоз устида ўтирган одам!

У балки мендирман, балки сиздирсиз,
Балки биз танимас ғариб бир олам.
Нима бўлганда ҳам суйганим ёлғиз -
Жойнамоз устида ўтирган одам!

Қанча безалмасин, оқланмас бидъат,
Ҳақиқат парчалаб кетгуси шаҳдам.
Маҳлуқот ичинда энг гўзал ҳолат -
Жойнамоз устида ўтирган одам!

ФАҚАТ ТАҚВОДОРЛАР...

Ҳоқону, султонлар кўкраклар кериб,
Дунёни чангитиб ўтиб кетишди,
Ўйласам, дунёни уларга бериб,
Фақат тақводорлар ютиб кетишди!

Дунё кимларгадир туюлди қафас,
Баъзилар қалбига ўрнашди ҳавас,
Қасрлар ошиғи - Фиръавн эмас,
Фақат тақводорлар ютиб кетишди!

Бойликка кўнгил қўй, аммо бир кеча
Кўзинг очилмайди, юмган ҳолингча!
Грчи бу ўйинда турли натижа,
Фақат тақводорлар ютиб кетишди!

Дунёни ортиқча бахоладилар,
Ўликлар қабрини дахоладилар,
Пастназар кимсалар хахоладилар...
Фақат тақводорлар ютиб кетишди!

Бир-бирин пул дея пичоқлаганлар,
Кўнгил меҳварини пачоқлаганлар,
Қани бу дунёни қучоқлаганлар?!
Фақат тақводорлар ютиб кетишди!

Куй-қўшиқ остида ҳофизлар қатор
Ташна кўнгиллардан тарқатиб ғубор,
Вале ўзларига тикибдилар дор...
Фақат тақводорлар ютиб кетишди!

Ҳаммани алдаблар, охир оқибат
Шуаро ҳолинда йўқолди роҳат,
Яна бир умид-ла, қарадим, фақат,
Фақат тақводорлар ютиб кетишди!

Билмам не топмишлар дунёни тортиб,
Буюк кибр ила саман от йўртиб?!
Тўрва халтасини елкага ортиб
Фақат тақводорлар ютиб кетишди!

Кимдир шодланса-да кўмилиб оққа,
Етти ёт мисоли алам, фироққа,
Бир хил нарх берилмиш боқманг қаёққа:
Фақат тақводорлар ютиб кетишди!

Бу миллат бир эрур, русми ё дунган,
Ё хитой элинда уйғур туғилган
Дунёнинг нархини тўғри тушунган
Фақат тақводорлар ютиб кетишди!

Чингизнинг фарёди оламни тутди,
Аммо ер уни-да хўп осон ютди.
Юз йиллик умрлар кўз юмиб ўтди,
Фақат тақводорлар ютиб кетишди!

Бир замон кўринса ҳапқирган юрак
Наполеон қабрида қолдими суяк,
Юлдуз-у ер гувоҳ, шоҳиддир фалак:
Фақат тақводорлар ютиб кетишди!

Етти иқлимдаги энг кибор ҳоким
Умр поёнида шивирлади жим:
«Ўлим келганида роҳатланган ким?» -
Фақат тақводорлар ютиб кетишди!

Дунё, таърифинг кўп, тинглаб куламан,
Гоҳида тушунмай, ғамгин бўламан,
Эртагинг охирин ахир биламан:
Фақат тақводорлар ютиб кетишди!

ҚАДАҲ ТУТМАНГ

Бир ёмон уйғондим, бузилди тинчим,
Гўё руҳ вужуддан бўлгандек халос.
Даврангизга кирар бўлсам, ўтинчим:
Мен ўзбекман, қадаҳ тутманг, илтимос!

Ниятлар қоп-қора, гарчи ташқи оқ,
Қўлим қалтираюр, вужудим титроқ...
Сизнинг миллатингиз билмасман, бироқ
Мен ўзбекман, қадаҳ тутманг, илтимос!

Бу кеча уйқум йўқ, кўксим ҳам санчиб,
Уялдим ҳаттоки ўзимдан ранжиб
Эътиқодим эзиб, динимни янчиб,
Қадаҳ тутманг, мен ўзбекман, илтимос!

Биламан, гарчи сиз жуда ҳам ботир,
Кўзимга бир қаранг, бамайлихотир
Наҳот мўминлигим билинмаётир
Мен ўзбекман, қадаҳ тутманг, илтимос!

Мунча кўзларингиз соладир қўрқинч,
Бир эшик бормикан бўлгани илинж?
Боболарим гўрда ётсинлар-эй тинч,
Мен ўзбекман, қадаҳ тутманг, илтимос!

Бурқсиди ҳаммаёқ, само ҳам қаро,
Шишанинг дастидан йиғлади ҳало...
Оч қолсам, барг топиб ерман-у, аммо
Мен ўзбекман, қадаҳ тутманг, илтимос!

Бу урф юртингизда салом аталур,
Менинг тарих йўлим ислом аталур,
Исломда ароқхўр ҳаром аталур
Мен ўзбекман, қадаҳ тутманг, илтимос!

Танимни қайнаган ёққа соворинг,
Минора Калондан ташлаб юборинг,
Қақрасам, энг бадбўй сувдан суғоринг,
Мен ўзбекман, қадаҳ тутманг, илтимос!

Тинглайман, тарихим фалон деб тўқинг,
Чидайман, оғриқли жойларим чўқинг,
Таржимаи холим аввалин ўқинг
Мен ўзбекман, қадаҳ тутманг, илтимос!

Тушунинг, мен асли соф бир мусулмон,
Ароқни ҳаром деб сўйлаган Қуръон.
Иймонда кетишга берингиз имкон,
Мен ўзбекман, қадаҳ тутманг, илтимос!

ОЛИМЛАР

Пайғамбарим айтмиш видо дунёга,
Саҳобалар ҳам топмишлар ўлимлар.
Қуръон ҳифзин олмишлар ўз бўйнига
Пайғамбарлар меросхўри - олимлар!

Ҳамма йиглар то қиёмат юрсин деб,
Олам битта олимини кўрсин деб,
Балиқлар ҳам дуо қилар, турсин деб
Пайғамбарлар меросхўри - олимлар!

Уммат олим қандай бўлса шундайдир,
Олимисиз қолган куни тундайдир.
Уммат аҳлин ўз йўлига ундайдир
Пайғамбарлар меросхўри - олимлар!

Сўрай десак, Расул йўқ орамизда,
Йўл оламиз улар томон охиста,
«Ош тузи» деб таъриф олган ҳадисда
Пайғамбарлар меросхўри - олимлар!

Қозиликни мансаб билмай қаролган
Нўъмон ўтди дунёдан юз буролган.
Ҳанбал бўлиб ҳақ деб отда судралган
Пайғамбарлар меросхўри - олимлар!

Бош кундада, ва ле ҳаққа чақирган
Ислом учун бор овоз-ла бақирган
Қуръон - Аллоҳ каломи деб ҳайқирган
Пайғамбарлар меросхўри - олимлар!

«Росулуллоҳ, сиз заминда ётибсиз!»
Дея кирган Мадинага уловсиз
Молик ўтди сўнгги онда қаровсиз...
Пайғамбарлар меросхўри - олимлар!

Баданлари тилка-пора бўлганда
Дин душмани газабларга тўлганда,
Фоний дунё учун қилмиш бир ханда
Пайғамбарлар меросхўри - олимлар!

Аммо гуруч ичра пайдо курмаклар
Бул муқаддас йўлларда ҳам эмаклар.
Ҳақ турганда, айтиб ўтган эртаклар
Пайғамбарлар меросхўри - олимлар!

Гоҳи истаб шохлиг-у, ҳукуматни,
Пуч дунёда топтаб иззат- ҳурматни,
Адаштирмиш баъзан бутун умматни
Пайғамбарлар меросхўри - олимлар!

Улар ҳақни яширурлар уялмай,
Дўстин айбин тоширурлар уялмай,
Энг мукаррам шарафни-да туёлмай
Пайғамбарлар меросхўри - олимлар!

Балки бизлар бир кун ундай, бундаймиз,
Олим тойса, уни ҳаққа ундаймиз -
Чунки улар қандай бўлса, шундаймиз
Пайғамбарлар меросхўри - олимлар!

РАМАЗОН

Аллоҳнинг раҳматин, нусратин кутинг
Барча кўз уйқуга чўмган тунларда.
Асрий занжирларни елкадан отинг
Шайтонлар занжирбанд бўлган кунларда!

Бизки, кўнгилларни айладик вайрон,
Бугун ўзимизга ўзимиз ҳайрон.
Энди қўлимизда муқаддас Қуръон
Шайтонлар занжирбанд бўлган кунларда!

Бизга дарс ўқитманг фалсафалардан,
Дунё безиб бўлган васвасалардан.
Ҳолимиз телбавий талвасалардан
Шайтонлар занжирбанд бўлган кунларда!

Иймон йўлиндадир кўзимиз нури,
Аллоҳнинг сўзига қалбимиз тўри!
Портлади дунёнинг соҳта ғурури
Шайтонлар занжирбанд бўлган кунларда!

Аллоҳга шукрки, Уни бир билдик,
Байтуллоҳга иймон тўла қалб келдик.
Зино-ю, фахшни занжирбанд қилдик
Шайтонлар занжирбанд бўлган кунларда!

Аллоҳим, қўлимиз Сенгадир очиқ:
Гарчи рамазондан кўнглимиздир тўқ,
Тузалиб олмасак бошқа фурсат йўқ
Шайтонлар занжирбанд бўлган кунларда!

ҲАЙИТ

Бугун шундай кун эрурки, ул куннинг тенги йўқдир,
Бу кун нафслар ҳотиржам-у, кўнгил ҳам анча тўқдир.

Бугун қалблар роҳат ила масжидга қўймиш қадам,
Бу кун Аллоҳ каломини тинглагай ҳар бир одам.

Букун гўё фаришталар осмондан тушиб саф-саф
Ҳориғ, сўлғин кўнгилларга тақиб кетмишлар садаф.

Садафлар асли иймондан сўзлабон юракларга
Ақоид илмидан айтмиш ул илм керакларга.

Аллоҳ лафзин унутган қалб янги ой чиққан кеча
Ўн бир ойлик чанг-ғуборни бошлади бир-бир еча.

Қандай яхши бу кун дўстлар, қандай гўзал бу кунлар,
Аллоҳ учун азиз бўлмиш ярим ой бедор тунлар.

Бу кун яна келарми, ё у кунга етмаймизми,
Шу боис, бул азиз кунни қадрига етмаймизми?

Мир Алишер байти айтар: маҳзун дил, чекма жабр.
Ҳар кунинг Ҳайит ўлубон, ҳар тунинг ўлсин қадр.

Бугун шундай кун эрурки, ул куннинг тенги йўқдир,
Бу кун нафслар ҳотиржам-у, кўнгил ҳам бир мунча тўқдир.

ЯНА КЕЛ...

Билмам, кунгиллардан кетдими губор,
Сенинг поёнингда минг надомат бор:
Ойларнинг султони мохи Рамазон,
Яна кел, биз сени кутармиз ночор!

Кутдиг-у, даъволар чикмади тетик,
Бизни голиб этди юз минглаб хадик,
Афсусда турибмиз хар доимгидек
Яна кел, биз сени кутармиз ночор!

Рузалар тилгамас, дилдадир тахир,
Таровех кунгилга булганда огир,
Шамолдан тез келиб кетдинг-ку ахир
Яна кел, биз сени кутармиз ночор!

Калбни тоат учун яна сикмадик,
Ун бир ойл санкиган дардни йикмадик,
Онадан тугилган каби чикмадик
Яна кел, биз сени кутармиз ночор!

Качон бу телба дил хакни хам англар,
Могор босган ичдан кетарми чанглар?!
Ортингдан «Алфирок» садоси янграр
Яна кел, биз сени кутармиз ночор!

Факат Роб Таъолодон сурабон нажот,
Бизни манзил сари йуллар чин канот.
Ун бир ой ичида топмайлик вафот
Яна кел, биз сени кутармиз ночор!

Мен хам саодатга етарман бир кун,
Калбимда емилар илохий тугун
Шайтонни занжирбанд этмаклик учун
Яна кел, биз сени кутармиз ночор!

Муминлар айёмин нишонлаб булгач
Фарз дебон Маккага килгусилар хаж,
Шундан сунг бошланар жами кулфат, ранж
Яна кел, биз сени кутармиз ночор!

Рамазон – биз сени яхши курамиз,
Бу телба мухитда хоргин юрамиз,
Аллох насиб килса, кутиб турамиз
Яна кел, биз сени кутармиз ночор!

БОЛАНИНГ ТИЛИДАН

Катта бобом Иброҳим
Менга қолдирмиш суннат
Аллоҳнинг бир маҳлуқин
Сўймоқлик менга қурбат.

Қўйнинг бўғзига пичоқ
Олиб борганимда ман
Биламанки, Аллоҳга
Энг суюкли бандаман.

Буни ёвузлик деманг,
Росулуллоҳдан мерос,
Аллоҳнинг ҳукмин тахлил
Қилмоқ фақат Ҳаққа хос.

Мен мамнуният ила
Суннатни иҳё қилгум,
Шундагина умматнинг
Ҳаққий вакили бўлгум.

Қурбонлик-ла меҳр ва
Ғазабга қўйгум меъёр,
Аллоҳнинг буйруғида
Менга фақат хайр бор.

Ғайратим ва шаштимни
Чегарада ушлабон
Ҳақиқий мурувватни
Кўрсатишга бор имкон.

Аллоҳ буюрган ишни
Қалбдан бажарган сайин
Қариндошимга раҳм
Кўрсатгум мен тинмайин

Шижоаат-ла ўсишга
Менга берилмиш сабоқ
Қўйни сўйишни, дада
Менга ўргатинг тезроқ.

...

Кучаларда ёш-у қари,
Чеҳраларда кулгулари,
Ушалгандек орзулари
Бугун мумин хуррам эрур,
Бугун бизнинг байрам эрур,

Келиб, асрий омонликлар,
Унутилгай ёмонликлар,
Тарқатилгай қурбонликлар
Калб кўнгилга ҳамдам эрур,
Бугун бизнинг байрам эрур,

Саҳо қопи ёпилмайди,
Кизб эшиги ўпилмайди,
Сўккан одам топилмайди,
Айём дардга малҳам эрур,
Бугун бизнинг байрам эрур,

Бугун кўпга ёрдир намоз,
Намозларда янграр: сафроз.
Гўзал онлар мунчалар оз,
Соф кўнгилга алам эрур,
Бугун бизнинг байрам эрур,

Эй, хабари йўқ бу диндан,
Бу холига кулма дилдан.
Не килсанг килавер эртан
Бугун бизнинг байрам эрур,
Бугун бизнинг айём эрур!

...

Биз - мусулмон болалар,
Кўнглимизда йўқ ғубор,
Қурбон ҳайити келса,
Қиш ҳам туюлар баҳор.

Мазза қилиб ўйнаймиз,
Қурбонликларга тўйиб,
Бизни ҳуррам айлайди
Отамиз қўчқор сўйиб.

Қўни-қўшни, биродар
Энг азиз ақраболар
Айём баҳонасида,
Бир-бирдан хабар олар.

Биз ҳам югуриб елиб,
Дадамизга ҳамроҳмиз,
Амма, тоға, холажон,
Чеҳрангизга муштоқмиз.

Ўндан ошиқ қариндош
Тор уйга ҳам сиққаймиз,
Қўй гўштига тамоман
Тўйиб уйдан чиққаймиз.

Уйга бориб янада
Шодлигимиз кучаяр,
Ортиб қолган гўштларни
Кўриб дил меҳр туяр.

Секин бориб сўраймиз:
Суйкалиб қадам босиб
"Дада, дада, бу гўштлар
Кимларга бўлар насиб?"

Отамиз ҳам жавобин
Берар қарабон ерга:
"Бу гўштлар йўл олгуси
Мазлум оилаларга!

Кошки тарқаса эди
Шу билан бир алами,
Қурбон ҳайити болам,
Уларнинг ҳам байрами!

Байрам ўз йўлигадир,
Тинмай ўйнасанг, кулсанг
Сен уларни бирон он
Унутма болам бўлсанг!"

Мана шу насиҳатни
Унутмаймиз, биродар.
Дин деб қон тўкканларни
Ёд этармиз ҳар сафар!

Сўзимиз охири шу:
Мўминлар улуғ бўлсин,
Мусулмонларнинг Қурбон
Айёми қутлуғ бўлсин!"

...

Букун мўмин қилар байрам,
Аллоҳ деган бўлар ҳуррам,
Ўзгаларга бўлма қарам,
Янги йилни унут ошна!

Томоша қил юз қорони:
Хор айлади Бухорони.
Тасдиқлама насорони,
Янги йилни унут ошна!

Бир кун йўлдан бурилгаймиз,
Кафанликка ўралгаймиз,
Ҳар бир кундан сўралгаймиз
Янги йилни унут ошна!

Бу дунёдан мақсад - савоб,
Ҳали бизни кутар ҳисоб.
Ўтган умринг қил сарҳисоб
Янги йилни унут ошна!

Ёлғон яшиқ фатволарни
От тўзғитиб ҳаволарни,
Истасанг гар даволарни,
Янги йилни унут ошна!

Ҳақ йўлларни тинмай қидир,
Хорма, толма, излаб қадр,
Қорбоболар ёлғончидир,
Янги йилни унут ошна!

БУ АЙЁМ

Ағёр, юрагингда кўряпман ҳадик,
Ўзингча ташқингда ғамимни ейсан.
Бошқа айёмлардан таскин топмадик,
Бу айём меники, хўш, нима дейсан?!

Сенда дабдабаю, куй, қўшиқ, рақслар,
Ҳатто ўйин қилар уйингда нақшлар,
Улар сенга балки ҳузур бағишлар,
Бу айём меники, хўш, нима дейсан?!

Мен-да, ҳоксор, ғамгин, гулдек сўларман,
Кулсам, бир жилмайган бўлиб куларман.
Қурбонлик туфайли яқин бўларман
Бу айём меники, хўш, нима дейсан?!

Шу айём бўлса бас, кўнглим ҳам тўқдир,
Унга безакларни бермак ортиқдир,
Бунда қадаҳларнинг овози йўқдир,
Бу айём меники, хўш, нима дейсан?!

Кўзинг нафратларга тўлди-ку, ағёр,
Шу бир айёмимга ҳасадинг бисёр,
Сенинг юзлаб, минглаб қизил кунинг бор,
Бу айём меники, хўш, нима дейсан?!

Ажиб, адоватинг тинмай ўрасанг,
Тинмай шу байрамим ҳақда сўрасанг,
Қўй сўйиб тарқатсам, ёмон қарасанг,
Бу айём меники, хўш, нима дейсан?!

Бу кун ўтмишимдир, тарихни йиққан,
Бул кунда момолар не зўрни туққан,
Боламнинг тили ҳам «ҳайит» деб чиққан,
Бу айём меники, хўш, нима дейсан?!

Мунгли кўзларида дардли минг савол
Бу кунни севарди бобом қадди дол,
Қолган қанча кун бор, йиғиштириб ол,
Бу айём меники, хўш, нима дейсан?!

Бу кунлар мен учун келмагай такрор
Сенинг айёмингдан не юмушим бор?!
Эртага не қилсанг, қилавер, ағёр,
Бу кеча меники, хўш, нима дейсан?!

ФОРУМГА КИРАМАН...

Форумга кираман, ҳайрон нигоҳим,
Кўксим бир сапчиди, қалбим тирналди.
Мусулмонлар ичра Аллоҳ гувоҳим:
Мусулмонман, деган жуда қийналди!

Салафман дегани бир томон бўлди,
Сўфийлар фирқаси \азабдан тўлди,
\айридин бу ҳолга эринмай кулди -
Мусулмонман, деган жуда қийналди!

Яҳуд турганида бизни азоблаб,
Мусулмон куладир бир-бирин боплаб,
Арзимас матоҳга кофир хисоблаб...
Мусулмонман, деган жуда қийналди!

Мазхаб ушлаганни аҳмоқ атарлар,
Иждиҳод йўлини тарқоқ атарлар,
Ўрта йўл вакилин қўрқоқ атарлар,
Мусулмонман, деган жуда қийналди!

Ким бонг урса ҳамки, қилолмам ҳавас,
Энг яхши йўллар ҳам туюлар қафас,
“қайсидир томонга туриб олсанг, бас!”
Мусулмонман, деган жуда қийналди!

Замони саодат буткул со\инчдир,
Бугунги холимиз тамом қўрқинчдир:
“Биронта ном билан яшаган тинчдир...”
Мусулмонман, деган жуда қийналди!

Ҳаммани севмакка қасд айлаш бекор,
Бу ўтмиш саҳнида занглаган шиор,
Фирқалар холиндан тамоман безор
Мусулмонман, деган жуда қийналди!

Англадим, бир-бирин гўштини еган
Мўминлар аҳволи буткул хор экан...
“Фақат пай\амгарга байъатим”, деган
Мусулмонман, деган жуда қийналди!

Форумчи биродар, сиққанда ҳаддим
Сизни севишликдан асло қолмадим,
Аммо...
Бироқ...
Лекин...
Форумдан чиқиб ҳам қутулолмадим:
Мусулмонман, деган жуда қийналди!

ИЛМ

Ой тенг келмас ёруғ қуёшга,
Оёқ зарба беролмас бошга!
Нидо қилмиш Бухорий бобом:
«Нажот йўқдир илмдан бошқа!»

Китоблардан таралар садо:
Илмсизлар бўлғуси адо!
Тўғриловчи ниятни ҳатто
Нажот йўқдир илмдан бошқа!

Кўчманчимас, у мангу муқим,
Фақат китоб бергуси юқум,
Яшаш учун ҳаводан муҳим,
Нажот йўқдир илмдан бошқа!

Сабр бериб озорларда ҳам,
Софлик тилаб гузарларда ҳам,
Бозорлару, мозорларда ҳам
Нажот йўқдир илмдан бошқа!

Балиққа сув мисоли сойда
Ҳатто тенги йўқдир чиройда,
Пул ҳам ёрдам беролмас жойда
Нажот йўқдир илмдан бошқа!

Ўрин йўқдир шикоят арзга,
Ботиб қолманг иймоний қарзга,
Индамасдан ўтиринг дарсга
Нажот йўқдир илмдан бошқа!

Баъзан кимдир беролмай тоқат
Йўлдан тоймиш илм-ла фақат.
Лек илмсиз адашар албат
Нажот йўқдир илмдан бошқа!

Бас, дунёни мангу билмасдан,
Ўлим эшик қоқиб келмасдан,
Юр, Хайрулло, кибр қилмасдан,
Нажот йўқдир илмдан бошқа!

ЖЎРАЛАР!

Эй ғафлатда ётган жўралар,
Аҳволингиз қандоқ сўралар,
Тингланг, сизга хитобларим бор,
Эй давронни сотган жўралар!

Ўзни не-не кўйга солибсиз,
Аёллардан нусҳа олибсиз!
Қордан баттар юшмаб қолибсиз
Эй қалқонни сотган жўралар!

Вақтингизни зўр ўлдиряпсиз,
Латифалар-ла кулдиряпсиз
Авлодларга не қолдиряпсиз
Эй замонни сотган жўралар!

Тиллони зар мисга тенгламай,
Наҳот улуғ ҳақни англамай
Ухламайсиз қўшиқ тингламай
Эй Қуръонни сотган жўралар!

Тушунмадим, ҳали ёшмисиз,
Динсизларга ё диндошмисиз?
Қуёнларга қариндошмисиз,
Эй камонни сотган жўралар!

Ўлик қалблар ҳамон ётибдир,
Аммо кўкда тонглар отибдир.
Уйғонишнинг вақти ўтибдир
Эй вулқонни сотган жўралар!

Майли, шу ўй, хаёлда қолинг,
Ўрнингиздан аммо турволинг,
Жинсингизни ўзгартирволинг,
Эй виждонни сотган жўралар!

Бир сўз айтай, мени кечиринг,
Динингизни дарҳол кўчиринг,
Уммат деган номни ўчиринг,
Эй иймонни сотган жўралар!

Кийган кийим ёпишиб таранг
Тизза ёпар қизингиз аранг,
Аҳлингизнинг ҳолига қаранг,
Эй имконни сотган жўралар!

Қалбингизни айлаб мозорлар,
Руҳингизга етди озорлар.
Сизга масжид бўлмиш бозорлар
Эй ирфонни сотган жўралар!

Воз кечиблар буюк хизматдан,
Юз ўгириб улуғ ҳимматдан,
Сўраласиз ҳар бир неъматдан
Эй осонни сотган жўралар!

Бу сўз тенгдир ҳар бир муқимга,
Мусофиру, ҳатто ҳокимга:
Тайёр туринг оғир ҳукмга
Эй фармонни сотган жўралар!

Мозийлардан таралар сабо:
Мунофиққа жазодир даво!
Жаҳаннамга айланг марҳабо,
Эй бўстонни сотган жўралар!

Бу сўзларга бефарқ қолинг-чи,
Истаганча майли, кулинг-чи,
Жаҳаннамдан чиқиб олинг-чи
Эй арқонни сотган жўралар!

Айтинг, нега кўнгил адашди:
Хаёлингиз нега илашди:
Эвазига қанча тўлашди
Эй ризвонни сотган жўралар?

ҲАЁ ҚИЛ!

Дуолар бўлғайдир мустажоб,
Тунлари Роббингга риё қил!
Расули акрамдан бир хитоб:
Аллоҳга ҳақиқий ҳаё қил!

Тақдирнинг ишига куймагил,
Ибодат завқига тўймагил,
Бировни ўртага қўймагил
Аллоҳга ҳақиқий ҳаё қил!

Фирқалар тузмагин аҳзобдек
Риёни ҳис қилгил азобдек,
Тунлари йиғлабон асҳобдек
Аллоҳга ҳақиқий ҳаё қил!

Ўзингдан авлиё тўқима
Саждани товуқдек чўқима
Номига намозлар ўқима
Аллоҳга ҳақиқий ҳаё қил!

Узлатга узанган фироқдир
Риёвий ибодат – чўлоқдир.
Одамлар раъйини улоқтир
Аллоҳга ҳақиқий ҳаё қил!

Одамлар бор йиғлаб, кулгувчи,
Ортингдан ғийбатлар қилгувчи...
Ҳар лаҳза қалбингни билгувчи
Аллоҳга ҳақиқий ҳаё қил!

Оддий юр кундузнинг хобида
Ўрнингдан қўзғал тун тобида,
Кўзларинг, авратинг бобида
Аллоҳга ҳақиқий ҳаё қил!

Қолмайин десанг сўнг унларга
Асрдек парво қил кунларга!
Кўз ёшинг атаб қўй тунларга
Аллоҳга ҳақиқий ҳаё қил!

Тим қора ҳеч қачон бўлмас оқ,
Эгнингдан ёт молнинг чангин қоқ,
Ҳеч кимса кўрмас он кўкка боқ!
Аллоҳга ҳақиқий ҳаё қил!

Боқий бир ҳаётни истасанг,
Манзили ободни истасанг,
Ҳақиқий нажотни истасанг
Аллоҳга ҳақиқий ҳаё қил!

Ўткинчи бугунги куйишинг,
Хорликдур дунёни суйишинг.
Жаннатга арзийди бу ишинг:
Аллоҳга ҳақиқий ҳаё қил!

Дунё – уч, тўрт кунлик сайрдир,
Мўмин қалб роҳатга ғайрдир.
Хайрулло, охиринг хайрдир -
Аллоҳга ҳақиқий ҳаё қил!

Дўст!

Бешарм ишлардан қизармади юз,
Ҳаёсиз оламдан узолмадинг кўз!
Менинг-ку олдимда баҳонанг тайин,
Худонинг олдида не дегайсан, дўст?

Отангга тополдинг рўкачларингни,
Онангга тополдинг рўкачларингни,
Кулиблар ёполдинг рўкачларингни,
Худонинг олдида не дегайсан, дўст?

Ҳақдан ёпганингда қулоқларингни,
Зинога кўмилган қўноқларингни,
Аёлинг билмади гуноҳларингни,
Худонинг олдида не дегайсан, дўст?

Алдадинг йўлингда кўрган кишингни,
Ўзингча ҳақ дединг билган ишингни.
Одамлар кўрмади қилган ишингни,
Худонинг олдида не дегайсан, дўст?

Билки аҳволингни кўриб тургувчи,
Ўзи суйганини ҳаққа бургувчи,
Ернинг остида ҳам сени кўргувчи
Худонинг олдида не дегайсан, дўст?

Бировнинг ҳақини единг уялмай,
Сўнг “ҳақинг емадим”, дединг уялмай,
У йиғлаб ингради исботлаялмай,
Худонинг олдида не дегайсан, дўст?

Ўзингча оқилсан - йўқдир тутмишинг!
Ҳеч кимга сездирмай ҳаром ютмишинг...
Болангдан беркита олдинг ўтмишинг,
Худонинг олдида не дегайсан, дўст?

Бу жиддий ҳисобдир, кун ўтган сайин
Қабристон тарафдан ел эсар майин
Менинг-ку олдимда баҳонанг тайин,
Худонинг олдида не дегайсан, дўст?

Эртага не бўлар...

Паришон кўнгиллар, озурда қалблар
Кўнглини фаровон қилмайди ҳеч ким.
Биздан беркитилган жамики ғайблар,
Эртага не бўлар – билмайди ҳеч ким!

Ҳар куни қўлидан сочилса савоб,
Шодимон дилларни айласа тавоф,
Ҳатто бугунига беролмас жавоб
Эртага не бўлар – билмайди ҳеч ким!

Жангу жадалларда сарсон нобудлар,
Эътиқод нурига буткул собитлар,
Оталар қўлида кўрдим тобутлар,
Эртага не бўлар – билмайди ҳеч ким!

Илмга ташна қалб кутмайди навбат,
Билмоққа интилар не кўрса албатт!
Қушлар тилида ҳам қургайдир суҳбат...
Эртага не бўлар – билмайди ҳеч ким!

Кимки илм истар, анга минг тахсин,
Риё маркабида юрмоқдан қайтсин!
Файласуфлар айтсин, донолар айтсин,
Эртага не бўлар – билмайди ҳеч ким!

Бир куни тунд бўлса, бир кун кўк само,
Кузнинг келишига қушлар бир имо!
Тарих китобларин битарлар, аммо
Эртага не бўлар – билмайди ҳеч ким!

Пойингда олтиндан бўлса-да гилам,
Эй банда, Худога ёлвор ва тилан!
Келишиб бўлмайди Азроил билан
Эртага не бўлар – билмайди ҳеч ким!

Ғайбнинг ишларига билки, ҳар банда
Ҳолиқнинг олдида зору, хор банда!
Энг илғор асбоблар тамом шарманда
Эртага не бўлар – билмайди ҳеч ким!

Келажак мўрида зангламоқ мумкин,
Қаро зулумотни тонгламоқ мумкин,
Узоқдан карвонни англамоқ мумкин,
Эртага не бўлар – билмайди ҳеч ким!

Фарзанди кимлигин билмайди падар,
Шул боис гўзал бир ном ила атар.
Қиёмат соати келгунга қадар
Эртага не бўлар – билмайди ҳеч ким!

Минглаб китобларга айлаган тоқат
Инсон ғайбиётдан тополмас лаззат.
Ахир, бу Аллоҳнинг ҳақидир фақат
Эртага не бўлар – билмайди ҳеч ким!

Шеърим охирида сўнгги бир тилак,
Бул буюк қоида ҳаётга тиргак:
Маҳлуқот индамай яшаши керак
Эртага не бўлар – билмайди ҳеч ким!

БОШҚАСИ БЕКОР!

Дармонлар улашган минг дардларимга,
Сабаблар бўлмиш-эй ҳайратларимга,
Нозиллар қилинган Пайғамбаримга
Аллоҳнинг Сўзидан бошқаси бекор!

Жимжимадор сўзлар бошимни эгди,
Юмшоқ зарбалар-ла қаддимни букди,
Эзма файласуфлар жонимга тегди
Аллоҳнинг Сўзидан бошқаси бекор!

Ёлғонга қурилган дод-фарёдидан
Чавандоз йиқилар, қулаб отидан!
Қўрқиблар яшайман шоир зотидан
Аллоҳнинг Сўзидан бошқаси бекор!

Ўзларин атабон тенги йўқ олам,
Инсон боласига тутмоқдалар ғам!
Дунё асарларин тўпласангиз ҳам
Аллоҳнинг Сўзидан бошқаси бекор!

Кўнгилдан ёлғонни айлаганда даф
Уммон остида ҳам тенгсиздир садаф!
Баланд пардаларда қичқирмоқ бенаф,
Аллоҳнинг Сўзидан бошқаси бекор!

Ёмғирлар улашган само гувоҳдир,
Ёмғирлардан тўлган дарё гувоҳдир,
Минг йиллардан буён Ҳиро гувоҳдир,
Аллоҳнинг Сўзидан бошқаси бекор!

Дўстларни айлабон ҳарийфаларга
Безаманг ёлғонни саҳифаларга!
Кулгим келмай қолди латифаларга
Аллоҳнинг Сўзидан бошқаси бекор!

Кулгуни, аламни, дардни, қайғуни,
Устун қўйибдурман баъзан туйғуни,
Ийсонинг ёшида англадим шуни
Аллоҳнинг Сўзидан бошқаси бекор!

Турли мавзуларда суҳбатлар қурманг,
Агар суҳбатлашсак, ҳолимни сўрманг,
Келишиб олайлик, мавзуни бурманг...
Аллоҳнинг Сўзидан бошқаси бекор!

ДЎСТЛАРИМ

Таъсир қилса етиб сўзларим,
Шод бўларди кулиб кўзларим,
Ҳар бир ишни қилар чоғингиз
Қиёматни эсланг, дўстларим!

Кўз яшайди киприк остида,
Синалгаймиз кўрик остида.
Ҳатто изсиз кўприк остида
Қиёматни эсланг, дўстларим!

Ўта олинг ёмонга кулиб,
Аҳволига дуода бўлиб.
Таъма қилманг яхшилик қилиб
Қиёматни эсланг, дўстларим!

Болингизга қўшиб заҳарлар,
Кечдан тортиб шому, саҳарлар
Ҳақингизни шилса раҳбарлар
Қиёматни эсланг, дўстларим!

Ҳаром ердан нақд фойда чиқса,
Боқманг дунё аҳли ховлиқса,
Ҳеч ким кўрмас жойда айниқса
Қиёматни эсланг, дўстларим!

Гар кимгадир қилсангиз савоб,
Ундан фисқ бўлса гар жавоб,
Бу дунёда бўлмагай ҳисоб
Қиёматни эсланг, дўстларим!

Ҳақиқатдан хўп тонсангиз ҳам,
Ҳақиқат деб кўп ёнсангиз ҳам,
Кўп куйинманг алдансангиз ҳам
Қиёматни эсланг, дўстларим!

Омонатдор жонларингизда
Иймон кулсин қонларингизда,
Энг қувончли онларингизда
Қиёматни эсланг, дўстларим!

Соф яшасин ҳатто жавоб бор,
Ёмон бўлса, аниқ азоб бор,
Суяк чирир, аммо ҳисоб бор
Қиёматни эсланг, дўстларим!

Уйингиз уч қаватга етса,
Қўшнилардан нурни беркитса,
Маблағингиз кўпайиб кетса
Қиёматни эсланг, дўстларим!

Ёки биров сизга кулмаса,
Оғирингиз қўлга олмаса,
Чўнтакда бир тийин қолмаса
Қиёматни эсланг, дўстларим!

Бу икки йўл сиздан бегона,
Ўтсангиз-да яшаб мардона
Юрсангиз ҳам ўртамиёна
Қиёматни эсланг, дўстларим!

Ёниқ турсин кўнгил чироғи,
Чиданг, тушса ўғил-қиз доғи,
Фарзандни ҳам эркалар чоғи
Қиёматни эсланг, дўстларим!

Улуғ тутиб ул босган изни,
Ҳайит билинг ул яшар кезни,
Бошда тутиб волидангизни
Қиёматни эсланг, дўстларим!

Дунё учун мунча ҳам куйманг,
Муваққатдир, мангу деб суйманг,
Отангизга тик қараб қўйманг
Қиёматни эсланг, дўстларим!

Хўп шодлигу, маломатгача
Қиёматдан аломатгача,
Хайрулло дер: “Қиёматгача
Қиёматни эсланг, дўстларим!



 
« Олдинги   Кейинги »

madrasa.uz

 

 

 

 

istanbul escort kayseri escort escort kayseri