Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сиздан бирортангиз то, мен унга ота-онасидан, боласидан ва одамларнинг ҳаммасидан маҳбуброқ бўлмагунимча мўмин бўла олмайди»-дедилар».
(Бухорий, Муслим ва Насаий ривоят қилган)
Шарҳ: Муаллифнинг «Комил иймон сифатлари ҳақида» боб очишининг ўзи, ғайри комил иймон ҳам борлигига далолат қилади. Чунки, бу бобда келтирилган ҳадисларда лафзлар иймонни манфий қилса ҳам, маънолар бутунлай иймонни эмас, балки иймоннинг комиллигини манфий қилувчидир.
Бу бобдаги биринчи ҳадис ровийлари буюк саҳобий Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудир. Аввал у зот билан танишиб чиқайлик:
Анас ибн Молик Ибн Назр ал-Ансорий, ал-Хазражий, ан-Нажжорийнинг кунялари Абу Ҳамза, оналари Умму Сулайм бинти Милҳон. У кишининг ёшлари ўнга етганда оналари Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларига берадилар. Мана шу кундан бошлаб, у зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларида бўлдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни Анас ибн Моликга бўлган муомалалари хўжайиннинг хизматчисига қилган муомаласидек бўлмай, балки отанинг боласига қилган муомаласидек бўлар эди. Бу зот ўзлари айтадилар: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бирор қилган ишимни нимага бундай қилдинг ёки буюрган ишимни нега қилмадинг, деб сўрамас эдилар. Балки «Аллоҳ хоҳлагани бўлади, хоҳламагани бўлмайди», дер эдилар».
Сайёр ибн Рабиадан ривоят қилинади: «Анас ибн Молик айтадиларки, бир куни онам билан бирга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига бордик. Онам Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга: «Ходимингизнинг ҳаққига дуо қилинг», деганларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эй Аллоҳ, буни молу-дунёсини кўп қилиб, умрини узоқ қилгин ва гуноҳларни мағфират айлагин», дедилар».
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Анас ибн Моликдан бошқа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам намозларига ўхшаш намоз ўқийдиган бирор бир кишини кўрмадим», дейдилар.
Сумома ибн Абдуллоҳ: «Анас ибн Молик намозда қиёмни узоқ қилар эдилар, ҳатто оёқларидан қон чиқиб кетарди», дейдилар.
Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу Анасни Баҳрайнга юбориш ҳақида ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан маслаҳат сўраганларида хазрати Умар Анаснинг тақволарини ва узоқ вақт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга яшаганларини эътиборга олиб, «у оқил йигитлардан эди», деб мақтаганлар.
Бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Бадр ғазотидан ташқари барча ғазотларда иштирок этдилар. Бадр ғазотида ёшлари кичкина бўлгани сабабли қатнаша олмаганлар.
Анас ибн Молик ҳаммаси бўлиб 2286та ҳадис ривоят қилиб, Абу Ҳурайра ва Ибн Умарлардан кейинги ўринларни эгалладилар. Бу зотдан Ибн Сийрин, Собит ал-Буноний, Қатода, Ҳасан Басрий, Зуҳрий ва бошқалар ривоят қилишган. Анас розияллоҳу анҳу ҳаётларининг охирида Басрага кўчиб ўтдилар ва ўша ерда ҳижратнинг 93 йилида вафот этдилар. У зотни Муҳаммад ибн Сийрин ювиб, Қатода ибн Мудрик жанозаларини ўқидилар. Анас ибн Моликда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан қолган ҳассача бўлиб, васиятларига биноан вафотларидан кейин у киши билан бирга кўмилди.
Ушбу ҳадисда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «мўмин бўла олмайди» деганларидан мурод, комил иймонли мўмин бўла олмайди, деганларидир. Чунки, бу ерда гап эътиқод ҳақида эмас, майл ҳақида кетмоқда. Агар эътиқод бўйича бирор киши нафақат ота-она ёки болани, Расулуллоҳдан бошқа бирор шахсни афзал кўрса кофир бўлиши турган гап. Ушбу ҳадисдаги муҳаббатдан мурод ота-она ёки болага бўладиган меҳр-шафқат ҳам эмас, бошқа инсонга бўладиган ишқ ҳам эмас. Балки, маҳбубга нисбатан фидокорлик ва ҳар бир нарсани қурбон қилишга тайёр туриш ҳамда муҳбубнинг амрини бажариб, унинг розилигини топишга уринишдир. Демак, мўмин банда учун Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам ушбу масалада ўз ота-онасидан ҳам, боласидан ҳам, бошқа барча одамлардан ҳам устун туришлари керак.
Уламоларимиздан Абуз Зинод муҳаббатни учга бўладилар:
1. Улуғлаш ва таъзим муҳаббати, асосан ота-онага бўлади.
2. Раҳм-шафқат муҳаббати, асосан фарзандларга бўлади.
3. Ўзаро гўзал хислатларни қадрлаш муҳаббати-ўзга одамларга нисбатан бўлади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг бу ҳадисларида ўзларига нисбатан муҳаббатнинг уч тури ҳам, ҳаммага бўлган муҳаббатдан устун бўлгандагина инсоннинг иймони комил бўлишини қайд қилмоқдалар. Бу муҳаббат У зотнинг тириклик пайтларида шахсларига нисбатан бўлса, энди ҳам шахсларига, ҳам динларига, ҳам суннатларига нисбатан бўлиши керак.
Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ушбу ҳадиси шарифни эшитганлари замони унга амал қилишларини билдирмоқчи бўлиб:
«Эй Аллоҳнинг Расули, сиз мен учун ўзимдан бошқа ҳаммадан кўра маҳбуброқсиз»-деганлар. Шунда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ундоқ бўлса бўлмапти. Ўзингдан кўра ҳам бўлиши керак»-деганлар. Ҳазрати Умар дарҳол:
«Ўзимдан кўра ҳам»-деганларида У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ана энди бўлди, эй Умар»-деганлар. Яъни, ана энди иймонинг комил бўлди, деганлар.
Бу ҳадисдан олинадиган фойда кўриниб турибди: Ҳар бир мўмин-мусулмон учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳаммадан кўра маҳбуброқ бўлишлари керак.
Ҳадиси шарифнинг ҳикмати жуда ҳам улуғдир. Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам мўминларнинг муҳаббатига муҳтож эмаслар, балким мўминлар У зотга муҳаббат қилишга муҳтожлар. У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатлари доимо мўминларга яхшилик, бахт-саодат келтирган. Машҳур саҳобийлардан Амр ибн Осс розияллоҳу анҳу:
«Мен учун ҳеч ким Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламчалик маҳбуб эмас эди. Ҳеч ким кўз ўнгимда У кишидек улуғвор эмас эди. У кишини ўта улуғлаганимдан, У зотга кўзим тўйиб қарай олмас эдим»-дейдилар.
Саҳобаи киромларнинг Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббатлари дунё тарихида учрамаган муҳаббатдир. У зотнинг амрларига бўйсуниш, қайтарганларидан қайтиш ва бошқа нарсалар у ёқда турсину туфурган туфуклари ерга тушмас эди. Саҳобалар қўлларини тутиб илиб олиб, юзларига суртар эдилар. Шунинг учун, бу улуғ инсонлар қисқа муддатда дунёнинг кўп жойларига Ислом динини тарқатишга муваффақ бўлдилар. Буюк Ислом давлати ва маданиятининг пайдо бўлишига эришдилар. Мусулмонлар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатларини устун тутганларида, у кишининг шариатларига тўлиқ амал қилдилар ва дунёда ҳаммадан устун бўлдилар. Улар қачонки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муҳаббатидан молу-дунё-нинг, бола-чақанинг, турли маъшуқаларнинг муҳаббатини устун қўйганларида, У зот соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларини қўйиб, бошқа, ердан чиққан "шариат"ларга амал қилганларида ҳаммадан орқада қолдилар.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Сизлардан бирортангиз то, ўзи учун яхши кўрган нарсани, биродари учун ҳам раво кўрмагунча мўмин бўла олмайди»-дедилар.
(Бешовларидан фақат Абу Довуд ривоят қилмаган).
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Бу улуғ зот билан ўтган ҳадис муқаддимасида танишдик. Бу ҳадисда ҳам комил иймон ҳақида сўз кетмоқда. Ушбу ҳадиси шарифнинг ўзиданоқ Ислом инсониятга яхшиликни қанчалик раво кўрганини билиб олинса бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳар бир мўмин учун ўзидан бошқа кишиларга яхшиликни раво кўришни иймон масаласи қилиб қўймоқдалар. Яъни, ҳеч ким ўзига яхши кўрган нарсаларни ўзгаларга ҳам раво кўрмагунча комил мўмин бўла олмаслигини таъкид ламоқдалар.
Ҳа, мусулмон инсон ўзи учун яхши кўрган ҳар бир нарсани ўзининг бошқа биродарларига ҳам раво кўради. У ўзининг жаннатга киришини яхши кўрса, бошқаларни ҳам жаннатга киришини ёқтиради. Ўзининг дўзахга кирмаслигини яхши кўрган мусулмон, ўзгаларга ҳам дўзахга кирмасликни раво кўради. Мусулмон инсон бунинг учун куйиб-ёнади. У ўзи учун соғлик-саломатлик, бахт-саодат, фаровонликни яхши кўрганидек, ўзгаларга ҳам шуни ва шунга ўхшаган нарсаларни раво кўради.
Бизнинг ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдамиз ҳам шунинг учун улкан бўлади. Бундан олдин билмасак ҳам, энди бу улкан исломий ҳақиқатни тушуниб олдик. Энди бу ҳадисга амал қилишимиз лозим бўлади. Ўзимизга нимани яхши кўрсак, ўзгаларга ҳам ўша нарсаларни яхши кўришга ҳаракат қилишимиз керак бўлади.
Шу билан бирга ушбу ҳадиси шарифдаги улкан ҳикматга инсоният бугунги кунда қанчалик муҳтож эканинни тушуниб етамиз. Исломдан, Қуръондан ва Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суннатларидан узоқлашиш оқибатида, жумладан, ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган улкан ҳақиқатдан узоқлашиш оқибатида авало мусулмонлар бошига, қолаверса бутун инсоният бошига қанчалар мусибатлар ёғилганлигини тушуниб етамиз. Бугунги кунда, дунёда одамлар бир-бирларига яхшиликни раво кўрмай қўйдилар. Ҳар ким ўзининг, фақат ўзининг манфаатини ўйлайдиган бўлди. Бунга эришиш учун эса ўзгаларга керагича ёмонлик қилишга тайёрлар. Дунёни қамраб олган урушлар, қон тўкишлар, зулм-истибодлар ва разолатлар шундан келиб чиқмоқда. Ҳамма нарса ўз ўрнига тушиши учун ушбу ҳадисга тўлиқ амал қилишга ўтиш керак.
Яна ўша кишидан ривоят қилиниди:
«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Уч нарса борки, улар кимда бўлса, Иймон ҳаловатини топади; Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари, бир кишига–фақат Аллоҳ учунгина муҳаббат қилмоғи ва куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши», дедилар.
(Бешовларидан Абу Довуд ривоят қилмаган).
Шарҳ: Бу ҳадиси шарифни ҳам олдинги икки ҳадиснинг ровийси ҳазрати Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилмоқдалар. Ушбу ҳадисда Исломнинг энг асл тушунчаларидан бири, комил иймон ҳаловатини қайси йўл билан топиш мумкин эканлиги баён қилинмоқда. Чунки, иймон ҳаловатини топиш оддий ҳол эмас. Ҳаловат сўзи, ҳолвадан олинган бўлиб, «ширинлик» маъносини англатади. Асли моддий маънода ишлатиладиган бу сўз, бу ерда истеъора ила маънавий маънода келмоқда.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам сўз бошида:
«Уч нарса борки, улар кимда бўлса иймон ҳаловатини топади», деб эшитувчини қизиқтириб оладилар. Иймон ҳаловати ҳаммани қизиқтирадиган нарса. Ҳамма «қандоқ қилиб, иймон ҳаловатини топса бўлар экан?», деб юради. Иймон ҳаловатини уч нарса билан топиш мумкинлигини эълон қилиш эса, ҳамманинг эътиборини ўзига тортиши турган гап. Эътиборни жалб қилиб олингандан сўнг эса ўша уч нарсани баён қилиш бошланади:
1.«Аллоҳ ва Унинг Расули унинг учун икковларидан ўзга ҳамма нарсадан маҳбуб бўлмоқлари».
«Комил иймонга эга бўламан, иймон ҳаловатини топаман», деган одам Аллоҳ таолони ва Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламни ҳаммадан кўп севмоғи лозим. Зотан бусиз иймон бўлиши ҳам мумкин эмас. Хўш, Аллоҳ ва Унинг Расулини севиш нима билан бўлади? Бу борадаги муҳаббатни қандоқ тушунмоқ керак? Уламоларимизнинг бу саволга берган жавобларидаги иборалари турлича бўлса ҳам маъноси бирдир. У ҳам бўлса, Аллоҳга муҳаббат унинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтишдир. Аллоҳ яхши кўрган нарсани яхши кўриб, Аллоҳ ёмон кўрган нарсани ёмон кўришдир. Шунингдек, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат ҳам У зотнинг шариатлари ва суннатларини лозим тутмоқдан иборатдир.
2.«Бир кишига фақат Аллоҳ учунгина муҳаббат қилмоғи».
Мўмин-мусулмонлар орасидаги муҳаббат Аллоҳ учун бўлгандагина улар комил иймон ҳаловатини топадилар. Бу муҳаббат икки томоннинг Аллоҳга бўлган муҳаббатидан келиб чиққан муборак муҳаббатдир. Чунки, уларни биродар қилган, дўстлаштирган зот–Аллоҳ таолонинг Ўзидир. Шунинг учун ҳам мўминларнинг ўзаро муҳаббатлари Аллоҳ учун бўлмоғи лозим. Дунё ва унинг матоҳлари учун бўлган муҳаббат орқали ҳеч қачон иймон ҳаловатини топиб бўлмайди.
3.«Куфрга қайтишни худди оловга ташланишни ёмон кўргандек ёмон кўриши».
Зотан, куфрга қайтиш оловга ташланиш демакдир. Демак, иймон ҳаловатини топиш учун фақат бир тарафлама ҳаракат кифоя қилмас экан. Муҳаббат қилиш билан бир қаторда, нафрат қилишни ҳам, ўзини тийишни ҳам жойига қўйиш керак экан. Куфр ва унга олиб борувчи нарсалар мўмин киши учун унга яқинлашганда куйдирадиган олов каби қўрқинчли ва ёқимсиз нарса бўиши керак. Мўмин киши, катта-кичик куфрга тегишли ҳар бир нарсадан худди ёниб турган даҳшатли оловдан қўрққандек қўрқиши, унга тушишдан сақланганидек сақланиши лозим.
Ушбу ҳадиси шарифдан оладиган фойдаларимиз аниқ: Бир ўйлаб кўрайлик. Дарҳақиқат, Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлган муҳаббатимиз улардан бошқага бўлган муҳаббатимиздан устунми? Доимо Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтарганидан қайтаяпмизми? Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларига, суннатларига қанчалик амал қилаяпмиз? Ёки молу-дунёга муҳаббат қўйиб, унинг домига тушганча халос бўлолмай юрибмизми? Ёхуд мансаб поғанасида кўтарилишга восита бўлғувчи ўзимизга ўхшаш ожиз бандага кўпроқ эгилиб-букилиб, қуллиқ қилмоқдамизми? Эҳтимол, шунинг учун Иймон ҳаловатини эмас, дунё матоҳи ҳаловатини топаётгандирмиз?! Аввал нима бўлган бўлса, бўлиб ўтди. Энди иймон ҳаловатини топишга уринайлик! Бунинг учун Аллоҳга ва Унинг Расулига улардан бошқа ҳамма нарсадан кўпроқ муҳаббат қўйишга ҳаракат қилайлик! Ҳаётимизнинг ҳар бир соҳасида Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтганидан қайтайлик! Маҳбуб Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатлари асосида яшаб, суннатларига тўлиқ амал қилишга ўтайлик! Мўмин-мусулмонларга бўлган муҳаббатимизга ҳам қайта бир назар солайлик. Шояд бу соҳада ҳам ушбу ҳадиси шарифдан фойда олсак!
Келинг, очиқчасига гаплашиб олайлик: Нега кишиларни фақат Аллоҳ учун севмаймиз? Уларга бўлган муҳаббатимизда беғаразмизми? Бу муҳаббатнинг ортидан дунё матоҳини, иззат-икромни ва яна қандайдир манфаатни кутмаяпмизми? Бунақалар йўқ, бўлса ҳам оз дейсизми? Ундай бўлса, ўрганган ҳадисимиздан фойда олишга ўтайлик, Аллоҳнинг мухлис, тақводор бандаларини Аллоҳ учун севишни бошлайлик! Ҳа, бу муҳаббатимиз мансаб дунёвий ғараз, турли манфаатлар учун эмас, фақат Аллоҳ учун бўлсин! Фақатгина ёлғиз Аллоҳ учун бўлсин! Ана шунда иймон ҳаловатини топамиз.
Шунингдек, куфрга ва унга тегишли нарсаларга бўлган муносабатимизни ҳам қайта кўриб чиқайлик. Дарҳақиқат, куфрдан ва унга тегишли нарсалардан оловга ташланишдан қўрққандек, қўрқамизми ёки бепарвороқмизмиғ? «Қандоқ қилайлик замон шу экан, одамлар қилаяптику», деб яна ғафлатда юрган бўлмайлик! Агар, худо кўрсатмасин, шундоқ бепарволик қилаётган бўлсак, унда дарҳол ўзимизни ўнглаб, иймон ҳаловатини топишга ҳаракат қилайлик.
Бу улуғ маъноларни ўзида акс этдирган ҳадиснинг ҳикматларига бугунги кунда инсон қанчалик муҳтож эканини англаб ета олармиканмиз? Ўн бешинчи ҳижрий асрнинг бошларида инсоният иймон ҳаловатини қандай тотишини англай оляпмизми? Ушбу ҳадиси шарифни ўрганганимиздан кейин албатта англаймиз. Бошқаларни қўйиб, мусулмонлик даъвосини қилаётганларни, ушбу ҳадисни айтган зот–Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга умматлик даъвони қилаётганларни олиб кўрайлик. Яна ҳам торроқ доирага кириб, ўз юртимизни олайлик. Кишиларнинг Аллоҳга ва Унинг Расулига бўлган муҳаббатлари қай даражада? Аллоҳнинг айтганини қилиб, қайтганидан қайтиши қай даражада? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг шариатларига, суннатларига амал қилиш қай даражада? Катта масалаларни қўятурайлик, энг осон, кўп ҳаракат талаб қилмайдиган калимаи шаҳодатни қанча одам тушунган ҳолда тўғри нутқ қила олади? Бу саволлар жавобсиз қолаётган экан, иймон ҳаловатига биз муҳтож бўлмай ким муҳтож бўлсин? Аллоҳга ва Унинг Расулига муҳаббатимиз йўқлиги учун турли мусибатлар бизнинг бошимизга тушмай, кимникига тушсин?!
Шунингдек, бугунги кунда инсоният ўзаро муҳаббат Аллоҳ учун бўлишига жуда ҳам муҳтож! Аллоҳ учун муҳаббат йўқлигидан якка шахслар, уруғлар, қабилалар, жамиятлар, давлатлар орасида ўзаро ишончсизлик, бир-бирига хиёнат қилиш, душманлик кундан-кунга ортиб бормоқда. Бу бало-офотлардан қутилиш учун ушбу ҳадисга амал қилиш керак.
Куфрдан қўрқмаслик, ундан тап тортмаслик, бугунги кунимиз одатларидан биридир. Билмасдан куфрга юриш ёки куфрга оид фикрни, гапни ёки ишни амалга ошириш ҳақида гап кетаётгани йўқ. Гап–кўра-билиб туриб, қасддан шу йўлга юриш ҳақида кетмоқда. Худосизлигини очиқ айтганлар, мусулмон эмаслигини очиқ тан олганларни бир четга қўя турайлик-да, фақат иймондалик, Исломдалик даъвосини қилаётганларни олайлик: Улар куфрдан қанчалик ҳазар қиладилар? Куфрга тегишли ишлардан қанчалик сақланадилар? Қанчалари мусулмонлик даъвосини қила туриб, Исломга қарши ишларни қилмоқда? Энг содда, кўп саъй-ҳаракат талаб қилмайдиган, аммо кони фойда бўлган ишларни олиб кўрайлик.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Киши билан куфрнинг орасидан намоз бор»-деганлар. Яъни, «Одамни кофир бўлишдан намоз тўсиб туради», деганлар. Куфрга қайтишни оловга ташланишдек ёмон кўрадиган одам бир вақт намозини ҳам қолдирмай ўқиши керак. Аммо, биздаги беномозларга бу нарса пашша чаққанчалик ҳам таъсир қилмайди.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мўмин одам ароқ ичаётганда мўминлиги қолмайди»-деганлар. Бизда ароқхўрликни куфрга оид ишлардан бири, деб қарамай қўйишган. Хуллас, куфрдан, унга оид ишлардан дўзахдан қўрққандек қўрқилмагунча иймон ҳаловатини тотиб бўлмайди. Бу ҳадиси шариф бугунги ҳаётимизда шунинг учун ҳам ўта муҳим, ўта долзарбдир.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Иймоннинг белгиси, ансорийларга муҳаббат қилишдир. Мунофиқликнинг белгиси, ансорийларни ёмон кўришдир»-деганлар.
(Икки Шайҳ ва Имом Насаий ривоят қилишган).
Шарҳ: Бу ҳадис ҳам Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда.
Ансорийлар асли мадиналик мусулмонлардир. Улар асосан Хазраж ва Авс қабиласидан бўлганлар. Улар оғир пайтларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ёрдам берганлари учун «Ансорийлар»–«ёрдам берувчилар» номини олганлар. Улар Маккадан ҳижрат қилиб келган муҳожир биродарларига инсоният тарихида кўрсатилмаган ёрдамларини беришган. Уй-жойларини, мол-мулкларини уларга тақсимлаб берганлар. Ҳатто баъзилари кўпхотинлик бўлсалар, маҳожирлар уйланиши мумкин, деб баъзи хотинларини талоқ қилганлар. Макка кофирлари Исломга ва мусулмонларга қаттиқ душманлик қилиб турган бир пайтда булар Исломга, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга ва мусулмонларга қўлларидан келган барча нусратни берганлар. Аллоҳ таоло ансорийларни Исломнинг ер юзида сақланиб қолишига сабабчи қилган ва ансорийларнинг бу ишларини муносиб тақдирлаган. Аллоҳ таоло уларни Қуръони Каримда мадҳ қилган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга ушбу ҳадисда ансорийларга муҳаббат қилишни комил иймон аломатига айлантирмоқдалар. Бундан ҳам буюк шараф бўлиши мумкинми?! Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бу билан кифояланиб қолмасдан ансорийларни ёмон кўриш мунофиқлик аломати, эканини ҳам баён қилмоқдалар. Демак, ҳар бир мусулмон ансорийларга муҳаббат қилиши ва уларни ёмон кўришдан сақланиши лозим.
Агар бунга қиёс қиладиган бўлсак, мўмин-мусулмон шахс учун Ислом динига хизмат қилган ҳар бир одамни яхши кўриш, ҳурмат қилиш лозим бўлади. Ислом динига ҳизмат қилган одамни ёмон кўрганлар эса мунофиқ бўладилар. Чунки, Исломга қилинаётган хизматни ёмон кўриши. Исломнинг ёмон кўриш демакдир.
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинадики, У киши:
«Донни ёрган ва жонни халқ қилган зот билан қасамки, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам менга, мени фақат мўмингина яхши кўришини ва фақат мунофиқгина ёмон кўришини аҳд қилганлар»-дедилар.
(Муслим, Термизий ва Насаийлар ривоят қилган).
Аввало ровий, амиру ул-мўминин Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳунинг таржимаи ҳолари билан танишиб олайлик:
Али ибн Абу Толиб ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ал-Қурайший, хулафои рошидинларнинг тўртинчиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларининг ўғиллари, оналари Фотима бинти Асад ибн Ҳошим ибн Абдуманоф, кунялари Абул Ҳасан, мелодий 600 йилда Маккаи Мукаррамада таваллуд топдилар. Бирор марта ҳам бутларга сиғинмагани ва жоҳилият ифлосликлари билан хулқланмаганликлари сабабли, «Каррамаллоҳу важҳаҳу» деб сифатлаанадилар.
Ҳазрати Али ёшлик пайтларида доимо Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлиб, бирга овқатланар эдилар. Бунга сабаб шулки, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Абу Толибни фарзандлари кўп эди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакилари Аббосга қарата, эй амаки акангиз Абу Толиб болалари кўп кишидир. Ҳозир кўриб турганимиздек ризқда, яшашда кўп қийинчиликлар бўлиб турибди. Абу Толибни ҳузурига бориб, болаларидан келадиган ташвишини бир оз енгиллатайлик, деб айтдилар. Шунда улар бориб, Аббос Жаъфарни, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам эса Алини олдилар. Мана шундан кейин Али Расулуллоҳ билан бирга яшай бошладилар.
Ҳазрати Али Расулуллоҳ набий қилиб юборилгандан кейин ёш болалардан биринчи иймон келтириб, Исломни қабул қилган эдилар. Ана шу вақтда ёшлари ҳам саккиздан ўтмаган эди. Анас ибн Молик айтадилар: «Душанба куни нубувват келган, сешанба куни Али Исломга кирганлар».
Али ибн Абу Толиб ҳамма ғазотларда иштирок этдилар, фақат Табук ғазотида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу зотни аҳли байтларига бошлиқ қилиб кетганлари сабабли иштирок эта олмадилар.
Али шижоатли, сўзда фасоҳатли, илмли, ахлоқли, сабрли, адолатли, ҳилимли, иффатли, тақводор, дунёда зоҳид, тавозеъли ва мусулмон йигитлар орасида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга энг яқин киши эдилар. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мен илмнинг шаҳри бўлсам, Али эшигидир», деб айтдилар.
Али каррамаллоҳу важҳаҳу араблар орасида шижоатли, ботир, паҳлавонлардан эдилар. Бадр ғазотида мушриклар бошлиғи бўлган Валид ибн Утбани ер тишлатдилар. Уҳуд ғазоти куни байроқ кўтарган саҳоба Мусъаб ибн Умайр ўлдирилганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам байроқни ҳазрати Алига топширдилар. У киши Хайбарни фатҳ этишда ҳам жуда кўп жонбозликлар кўрсатганлар. Мана шу вақтда ёшлари ҳали 20 дан ўтмаган эди.
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Эртага жангда байроқни бир кишига бераман, Аллоҳ ва Расули уни яхши кўради ва у ҳам Аллоҳ ва Расулини яхши кўради», деб айтдилар. Эртасига ҳамма саҳобалар ўша киши, ўзлари бўлишлини умид қилишганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳазрати Алини сўраб қолдилар. Саҳобалар Алини кўзлари оғриётгани ҳақида хабар беришди. Расулуллоҳ у кишининг ҳузурларига борганларида, ҳақиқатда кўзлари оғриган эди. Шунда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам муборак қўлларини Алининг кўзларига текказиб дуо қилдилар ва кўзлари шифо топди.
Кўп саҳобалар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларидаги Алининг мазилларида бўлишликни орзу қилишар эди. Аллоҳ Расулуллоҳ билан Алининг манзилларини худди Мусо алайҳиссалом билан Ҳорун манзилидек қилди. Али каррамаллоҳу важҳаҳуниг жуда ҳам бир чиройли сўзлари борки, у биз–кейинги авлодларга ўрнак бўларлидир: «Менинг қўрқадиган нарсам ҳавои нафсга тобеъ бўлиш ва узун орзулар қилишликдир. Ҳавои нафсга тобеъ бўлиш ҳақдан қайтаради. Узун орзулар эса охиратни эсдан чиқартиради. Огоҳ бўлинглар, бу дунё орқада қолиб кетади. Охират эса олдингизга чиқиб кутиб олади. Сизлар охиратнинг боласи бўлинглар, дунёнинг боласи бўлиб қолманглар. Бу кунда амал бору ҳисоб йўқдир, эртага эса ҳисоб бору амал йўқдир».
Али каррамаллоҳу важҳаҳу ҳижратнинг иккинчи йилида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг қизлари Фотима онамизга уйландилар. Ҳазрати Али Фотима онамиздан ва бошқа хотинларидан ҳаммаси бўлиб 14 ўғил, 19та қиз фарзанд кўрдилар.
Али ибн Абу Толиб розияллоҳу анҳу ҳаммаси бўлиб 586та ҳадис ривоят қилганлар. У кишидан кўп кишилар, жумладан, ўғиллари Ҳасан, Ҳусайин, Муҳаммад, Умар ҳамда Абдуллоҳ ибн Масъуд, Ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Жаъфар, Абдуллоҳ ибн Зубайр, Абу Мусо ал-Ашъарий, Абу Саид ал-Худрий, Абу Рофиъ, Суҳайб, Зайд ибн Арқам, Жобир ибн Абдуллоҳ, Абу Ҳурайра, Жобир ибн Самура, Барро Ибн Озиб, Жарир Ибн Абдуллоҳ ва бошқалар ҳадис ривоят қилганлардир. Тобеинлардан Саид ибн Мусаййиб, Қайс ибн Хозим, Алқама ибн Қайс, Абу Асвад Жаулий, Аҳнаф ибн Қайс, Шурайҳ ибн Ҳоний ва бошқалар ривоят қилишди.
Мўминларнинг амири Али ибн Абу Толиб масжидда имом бўлиб турганларида хаворижлар кишиси бўлган Абдураҳмон ибн Мулжам томонидан қилич билан уриб шаҳид қилинди. Бу ҳодиса ҳижратнинг 40-йили. Рамазон ойининг 23-си, Жума кунида содир бўлди. Бу пайтда у зот 63 ёшда эдилар.
Бу ҳадис, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан кўчирма гап шаклида эмас, балки, У зотнинг гапларини ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг иборалари билан ифода этиш орқали ривоят қилинмоқда.
Албатта, саҳобаи киромларнинг ҳар бирлари улуғ инсонлардирлар. Уларнинг саҳобалик шарафларининг ўзи қанчалик катта мартаба, қолаверса, уларнинг ҳар бирлари Ислом учун қанчадан-қанча хизмат қилган зот ҳисобланади. Шу билан бирга уларнинг ичида алоҳида мақомга эга бўлганлари ҳам бор. Шулардан ўн кишига Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васаллам жаннатнинг башоратини берганлар. Ўша саодатман зотлардан бири ҳазрати Алидирлар. Мазкур ўнликдан тўрт халифа яна алоҳида ажралиб турадилар. Тўрт халифанинг бири ҳам ҳазрати Алидирлар. Ҳазрати Алининг Ислом учун қилган хизматлари жуда катта. Бунинг устига у киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг аҳли байтларидан: Амакиларининг ўғиллари, куёв ўғиллари, яъни аҳли жаннатнинг сайиддаси Фотимаи Заҳронинг эрлари, Имом Ҳасан ва Имом Ҳусайнларнинг оталаридир. Шунинг учун ҳам У кишини фақат мўмингина севиши ва фақат мунофиқгина ёмон кўриши ажабланарли эмас.
Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, муайян бир шахсга муҳаббат қилишнинг ҳам иймон ва мунофиқликка дахли бор экан. Ҳа, ҳамма нарса иймон ўлчови билан ўлчанганда шундоқ бўлади. Кишини мансаби, пули, моли ёки бошқа нарсалари учун эмас, иймони учун, динга қилган хизматлари учунгина севилади.
Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мусулмон-мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир. Муҳожир–Аллоҳ қайтарган нарсадан (ҳижратда) узоқда бўлган одамдир»-дедилар.
(Бешовлари ривоят қилган).
Термизий ва Насаийлар:
«Мўмин–одамлар унга қонлари ва молларини ишонган одамдир» жумласини зиёда қилганлар.
Шарҳ: Ҳадиснинг ровийлари Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳу билан танишиб олайлик:
Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс тақво ва зуҳдлари билан машҳур саҳобалардан эдилар. У киши оталари Амр ибн Оссдан аввал Исломга кирадилар. Абдуллоҳ ибн Амр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларида бардавом бўлиб, У кишига нозил бўлаётган оятларни ёдлабгина қолмай, ёзиб ҳам олар эдилар.
Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг Абдуллоҳ ибн Амрга: «Сени кундузларини рўзадор, кечаларини намоз ўқиш ва Қуръонни хатм қилиб ўтказишинингдан хабарим бор. Умринг узайиб, ёшинг улғайиб, буларга тоқат қилолмай қолишнгдан қўрқаман. Ойда уч кун рўза тут, бир марта Қуръонни хатм қил»-дедилар. Абдуллоҳ:
«Эй Расулуллоҳ, бундан ҳам кўпроғига қудратим етади»-дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Бўлмаса ҳафтада икки кун рўза тутиб, ўн кунда бир Қуръонни хатм қил»-дедилар. Абдуллоҳ:
«Бундан ҳам зиёдасига қурбим етади»-дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Рўзаларнинг саййиди Довуд алайҳиссалом рўза тутганидек рўза тут. У киши бир кун рўза тутиб бир кун тутмасдилар. Ҳар уч кунда Қуръонни хатм қил»-дедилар. Абдуллоҳ ибн Амр ёшлари ўтиб қолганига қарамай бу амалларида бардавом қолдилар.
Абдуллоҳ ибн Амр Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан 1000га яқин ҳадис ривоят қилганлар. Бу киши ривоят қилган ҳадислардан учта «Саҳиҳ» соҳиблари ўз китобларига киритганлар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ҳадис ривоят қилишда мендан Абдуллоҳ ибн Амр ўзиб кетди», дер эдилар.
Абдуллоҳ ибн Амр ҳижратнинг 93 йили вафот этдилар.
Ушбу ҳадисда ҳамда унга Термизий ва Насаийлар ривоятдаги қўшимчада учта муҳим масала, учта муҳим таъриф келмоқда. Яъни ҳақиқий-афзал мусулмон, афзал муҳожир ва афзал мўмин ҳақида баҳс юритилмоқда. Ушбу ҳадисда келган мусулмон, муҳожир ва мўмин таърифи афзаллик таърифидир. Мисол учун,
«Мусулмон–мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамдир» деган жумладан «мусулонларга тили ва қўли билан озор етказган одам мусулмон бўлмайди», деган маъно чиқмайди. Бу таърифлардаги гаплар, «фалончининг одам деса бўлади», «фалончи ҳақиқий одам» қабилидаги гапга ўхшайди. Исломнинг беш рукнларига амал қилган одам мусулмон ҳисобланаверади. Аммо, мусулмонларга озор бермаган, уларга тили ва қўли билан зарар етказмаган одам афзал мусулмон бўлади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг афзал мусулмонни бундоқ таърифлаш ларида оз сўз билан улкан маънони англатиш, луғат бойликларидан усталик билан фойдаланишнинг олий мақомлари ўз аксини топгандир.
Ислом–мусулмон сўзлари саломатлик-тинчлик маъноларини ифода этади. Шунинг учун мусулмон–ўзга одамлар унинг ёмонликларидан тинч ва саломат бўлган шахсдир, дейилмоқда.
«Тилидан ва қўлидан» дейилганда фақат шу икки аъзони кўзда тутилган эмас. Одатда кўпроқ одамларга тил ва қўлдан зарар, озор етади. Аммо бундан бошқа услуб ва йўллар билан ҳам озор бериш мумкин эмас. Ким бу ишни қилса мусулмонлик фазлини йўқотади.
«Муҳожир»–ҳижрат қилувчи (бошқа жойга кўчувчи), деганидир. Ҳижрат–Аллоҳнинг йўлида, дину диёнат йўлида элу юртининг фироқига учрашдир. Бу улуғ мақом Исломда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар мушриклар тазйиқи туфайли она юртлари–Маккаи Мукаррамани ташлаб Мадинаи Мунавварага ҳижрат қилганларидан бошланган. Муҳожирлик–жуда ҳам улуғ мақом! Ушбу ҳадиси шарифда ўша улуғ мақомга яқин бир мақомга бошқа йўл билан ҳам эришиш мумкинлигини баён қилинмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Муҳожир–Аллоҳ қайтарган нарсадан (ҳижратда) узоқда бўлган одамдир»-демоқдалар. Бу таъриф ҳам худди аввалги таърифда зикр қилинган нарсаларни ўзида мужассам қилгандир. Луғавий маъноси ватан, элу юрт ҳижронидан иборат бўлган ҳижрат, Аллоҳ қайтарган нарсалардан ҳижронда-узоқда бўлишда ҳам собит бўлиши мумкинлигини айтилмоқда. Дину-диёнат учун ватанидан, яқин қариндошларидан узоқда бўлишлик-муҳжирлик, деб аталади. Энди, Аллоҳ қайтарган ишлар-гуноҳлардан узоқда бўлишлик ҳам дин-диёнатга амал қилиш учун бўлгани туфайли муҳожирлик, деб аталмоқда.
Энди, Термизий ва Насаий ривоятларида келган:
«Мўмин-одамлар унга қонлари ва молларини ишонган одамдир»-деган таърифга тўхталайлик. Иймон-мўмин, сўзлари «амн»-омонлик, ишончли маъноларини англатади. «Мўмин» сўзи бизда ювош-хушфеъл маъносида ишлатилиши ҳам шундан. Мўмин одам доимо тинчлик, омонлик тарафдори бўлганидан одамлар унга ўта ишониб қоладилар. Яъни ўз жонлари ва молу-мулкларига мўминдан ёмонлик етмаслигига ишончлари комил бўлади.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Мусулмонларга озор-ёмонлик етказмасликка ҳаракат қилиш. Чунки ким мусулмонларга хоҳ тили билан, хоҳ қўли билан, хоҳ бошқа йўл билан озор етказса, ёмонлик қилса у мусулмонлик фазлидан маҳрум бўлади.
2. Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан ўзини тийишга қаттиқ уриниш. Чунки, гуноҳ ишларнинг ҳижрони ила муҳожирлик мақомига эришиш мумкин экан.
3. Одамларнинг жонига, қонига ва молу-мулкига кўз олайтирмаслик. Ким бошқаларнинг ўзига бўлган ишончини йўқотса одамлар ундан жонлари учун, моллари учун хавфсирайдиган бўлиб қолса, мўминлик фазилатини йўқотган бўлади.
Ушбу ҳадиси шарифнинг ҳикматлари бугунги кунимиз учун қанчалик муҳим эканини гапириб ўтиришга ҳожат бормикан? Ҳозирги кунда жамиятларимиз мусулмонларга тили ва қўли билан ёмонлик етказмайдиган мусулмонларга қанчалик муҳтож. Якка шахслар орасидаги муомалаларга қарасанг, мусулмон мусулмонга турли йўллар билан озор бераётганини кўрасан. Буларнинг мусулмонлик даъвосини кўрсанг, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг мусулмон-мусулмонлар унинг тилидан ва қўлидан саломат бўлган одамлир, деган гапларини тескари тушуниб олишганми?-деб ўйлайсан.
Мусулмон гуруҳлар, ҳизблар, жамоаларни олсанг, аҳвол бундан ҳам бадтар. Кофирлар билан иши йўқ, осийлар билан иши йўқ, динсизлар билан иши йўқ, бирдан-бир иши–ўз йўлига юрмаган мусулмон гуруҳни йўқ қилиш. Бу мақсади йўлида тили, қўли, пулини ва яна нимаси бўлса, барини ишга солади. Бунда кофирларни ҳам ёрдамга чақиради. Нима қилиб бўлса ҳам ўзига ёқмаган мусулмон гуруҳини йўқ қилса бўлди. Мусибатнинг энг каттаси–бу ишларнинг ҳаммаси Ислом номи билан қилинишидир.
Шунингдек, мусулмон, деб аталаётган давлатларни олиб кўрайлик. Булар бир-бирига душманлик қилишни ўзларига ҳам фарз, ҳам вожиб қилиб олганга ўхшайдилар. Ўз матбуот воситаларида бир-бирларини куракда турмайдиган сўзлар билан ҳақорат қиладилар. Сал нарсага жанжал чиқариб, йиллаб бир бирлари билан урушадилар. Миллионлаб аҳолининг ҳалок бўлишига сабабчи бўладилар. Аксинча, улар ҳозиргача бирорта ғайри муслим босқинчига тузукроқ қаршилик кўрсата олганлари йўқ.
Меҳрибон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам муҳожирлик мақомига эришиш йўлини осонлаштириб, Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан қайтган одам–муҳожир эканини эълон қилиб қўйибдилар. Ўзи шундоқ ҳам Аллоҳ қайтарган ҳар бир нарсадан қайтиш–мусулмон банданинг бурчи. Аммо меҳр ила, шафқат ила, бурчни бажарган одамга мукофот–муҳожирлик мақоми эълон қилинибди. Хўш, бу мукофотга мусулмонлар қанчалик интилмоқдалар! Аллоҳ таоло қайтарган нарсалардан қанчалик қайтмоқдалар? Аллоҳ таоло мусулмонларни ёлғондан, ҳаромдан, ароқдан, зинодан, зулмдан, ўғриликдан, алдамчиликдан ва бошқа кўпгина нарсалардан қайтарган. Агар ушбу ҳадисга амал қилганимизда, ушбу разилатлар жамиятимизда мутлақо бўлмасди.
Мўминлик–қандоқ яхши нарса! Мўминни кўрган одам ундан хурсанд бўлади, унга хавас қилади. Мўминлиги учун унга жонини, молинини ишонади. Чунки, мўминлик-омонлик тимсолидир. Афсуски, ҳозирда динга янги юзланганларнинг мўминлик даъвосини қилиб юрганлар қилмишидан нафратланиб, ҳаттоки диндан қайтиб кетган холлари ҳам бўлмоқда. Ислом таълимотларидан узоқлашишнинг, Пайғамбар алайҳиссалом суннатларидан узоқлашиб кетишнинг оқибати–шу!
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Бир киши Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан: «Исломнинг нимаси яхши?»-деб сўради. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Таом бермоқлигинг, ҳамда таниган ва танимаган одамингга салом бермоқлигинг»-дедилар.
(Бешовларидан фақат Термизий ривоят қилмаган).
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шариф ҳам Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Пайғамбаримиздан бир киши Исломнинг энг яхши фазилатлари ҳақида сўради. Ислом ўзи яхши нарса, лекин, сўровчи ўша яхши нарсанинг ҳам энг афзали ҳақида сўраган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса, Исломнинг энг яхши фазилатларидан иккитасини айтиб берганлар. Нима учун айнан ушбу икки нарсани зикр қилганлари ҳақида гапирадиган бўлсак, уламоларимизнинг айтишларича, бировга яхшилик қилиш асосан икки хил бўлади:
Биринчиси моддий яхшилик, бунинг энг боши эса, бошқаларни таомлантириш.
Иккинчиси баданий яхшилик бўлиб, буннг боши салом беришдир, деганлар.
Шу билан бирга савол берилган жой, вақт ва одамларнинг холати ҳам эътиборга олинган бўлади. Айниқса Пайғамбаримиз бошчиликларида саҳобалар янги ҳижрат қилиб келганларида Мадинаи Мунавварада очлик ҳукм сурар эди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўша вақтда бировга овқат бериш, очнинг қорнини тўйдиришга жуда кўп тарғиб қилганлар. Шунингдек, танигану танимаган одамга салом беришлик ҳам доимо лозим ишлардан ҳисобланади.
Ислом динининг ушбу икки фазилати ҳақида қанча кўп гапирилса шунча оз. Чунки, бу икки нарса инсониятга кўплаб хайри-баракот келтирадиган нарсадир.
Оч кишиларга таом беришни диннинг энг афзал амалларидан қилган бошқа қайси бир дин, тузум ёки фалсафа бор? Фақат Қуръони Карим ўз оятларида очларга таом беришни энг яхши амаллардан бири ҳисобланган, ўзи муҳтож бўлса-да таомини мискин, етим ва асирларга беришлик мусулмонликнинг олиймақом аломатларидан эканлигини таъкидла- ган. Қайси бир тузум, дин, фалсафа ёки ижтимоий ҳаракат ўзининг бош дастурида бу ишни шу даражага кўтарибди? Фақат Ислом дини иймон комиллигини очларга таом беришга боғлаган. Ҳа, фақат Исломгина–Аллоҳнинг охирги ва мукаммал динигина шундай қилиши мумкин. Бу ишни иймон даражасига кўтарган, Ислом тарбиясини топган ҳақиқий мусулмонларгина дунё халқлари тарихида мисли кўрилмаган даражада сахий бўлишлари ҳам шундан. Сахилийлик ва одамгарчилик бўйича Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васалламнинг дорулфунунларида таҳсил кўрганларгина бу ишни қоилмақом қилиб адо этишлари мумкин.
Бир мисол: Очарчилик пайти. Мадинаи Мунавварага хазрати Усмонга тегишли озиқ-овқат карвони етиб келди. Бозор чаққонлигидан хабардор савдогорлар эрталабдан карвонни ўраб олдилар. Ким ошди савдоси бошланди. Бир савдогар бир нархни айтди. Мол эгаси хазрати Усмон:
«Менга бу нархдан юқори нарх ваъда қилинган», дедилар. Савдогарлар бирин-кетин ўз имконлари етадиган нархларни айтиб чиқдилар. Ҳаммасига ҳам хазрати Усмон розияллоҳу анҳу:
«Менга бу нархдан юқори нарх ваъда қилинган», дедилар. Охири савдогорлар:
«Мадинада биздан бошқа савдогор қолмади, ким сенга бундоқ юқори нарх ваъда қилди ахир?»-деб сўрашди. Хазрати Усмон:
«Аллоҳ таоло, ким очларга таом берса, ўн баробар қилиб савоб бераман, деган эди. Ҳамма молим Мадина фуқаро ва мискинларига садақа бўлсин», дедилар. Қани хазрати Усмондан бошқа бу ишни ким ҳам қила олади?
Халифа Умари Одил кечаси ҳеч кимга билдирмай одамлар холидан хабар олиб юрарди. Бир аёл овқат топа олмаганидан қазонга қуруқ сув қуйиб, тагига олов ёқаркан: «Сабр қилинглар, ҳозир таом пишади», деб болаларни ухлатишга уринаётганини кўрди. Халифа дарҳол ортга қайтиб Байтулмолдан бир қоп таомни ажратиб, ҳамроҳидан қопни орқалатиб қўйишда ёрдам сўради. Ҳамроҳи:
«Эй мўминларнинг амири, ижозат беринг, юкни мен кўтариб борай», деди. Шунда хазрати Умар розияллоҳу анҳу:
«Агар қиёмат куни ўша оиланинг оч қолгани гуноҳини ҳам менинг ўрнимга сен кўтарадиган бўлсанг, бу юкни кўтар, бўлмаса ўзимга қўйиб бер, ўзим кўтарай», дедилар. Сўнгра қопни ўзлари кўтариб олиб бордилар.
Қайси давлат бошлиғи шахсан ўзи фуқаролар холидан хабар олмоқда? Қайси давлат бошлиғи бирор киши оч қолса, «қиёмат куни жавоб бераман», деб изтироб чекяпти? Қаерда давлат бошлиғи оддий меҳнаткаш ҳаққидан уриб қолишни бекор қилди? Оддий мусулмонлар, хатто ўзи овқатга муҳтожлари ҳам қўлидаги таомини ўзгага тутиши фақат Ислом тарбиясидир.
«Ассалому алайкум»–Исломий сўрашиш, исломий табрикдир. Турли халқ, миллат ва элатлар турлича сўрашадилар. Бир-бири билан кўришган одамлар «хайрли эрта», «яхшимисиз», «саодатли бўлинг», каби иборалар орқали ўзаро истак билдирадилар. Лекин ҳеч ким, ҳеч бир тузум, ҳеч бир жамият ёки фалсафа «Ассалому алайкум ва раҳматуллоҳи ва баракатуҳу» –яъни «Сизга тинчлик, саломатлик, Аллоҳнинг раҳмати ва баракалари бўлсин», деб сўрашишнинг ўзининг энг афзал ишларидан қилманг, ибодат даражасига кўтармаган. Танисаю танимаса кўрган одамига салом берсин, демаган. Салом бериш–суннат, алик олиш–вожиб демаган. Кўринишидан оддийгина бу нарса оламшумул аҳамият кашф этишини мусулмонларгина биладилар.
Ушбу ҳадиси шарифдан олинадиган фойдалар:
1. Муҳтож кишиларни таом билан таъминлаш энг фазилатли ишлиги ва бунга тарғиб.
2. Танигану танимаган мусулмонларга салом беришни йўлга қўйиш зарурлиги.
3. Энг яхши нарсаларни билганлардан сўраб ўрганиш кераклиги.
4. Исломдаги амаллар бир-биридан афзал бўлиши.
Ислом дини ушбу ҳадисда кўтарган икки масаланинг ҳикмати қанчалик катта экани бугунги кунимизда яққол намоён бўлмоқда. Дунёда ҳар дақиқада бир қанча гўдаклар, кеса кишилар, эркак ва аёллар очликдан ўлмоқда. Ҳа, айнан таом етишмаганидан ўлмоқдалар. Аслида эса улар таом тансиқлигидан эмас, Ислом етишмаганидан ўлмоқдалар. Чунки, Исломдан бехабарлар, Исломга амал қилмайдиганлар, шунча одам очдан ўлаётган бир пайтда, уларга ўхшаганлардан бир неча марта кўп одамга етиб ортадиган таомни исроф қилиб ташлаб юбормоқдалар. Савдогорлар нарх тушмасин, деб ортиб қолган таомларини камбағалларга бермай бошқа йўл билан йўқ қилмоқдалар. Сиёсатчилар мол-мулкни очларни боқишга эмас, ўзаро нуфуз талашишга ишлатмоқдалар. Очларга таом бериш ҳақидаги хабарларнинг кўпи сохта, риё учун қилинаётган ташвиқот холос. Исломсиз бу муоммони ҳал қилиш мумкин эмаслиги кундан-кунга ойдинлашиб бормоқда.
Шунингдек, салом бериш ва ундан кўзланган мақсадлар ҳам бугунги кунимизнинг мухим масаласидир. Кишилар, бир-бирлари билан яхши муносабатда бўлиши зарур. Бир-бирлари билан ҳар кўрганда саломлашиб, бир-бирига тинчлик-омонлик, саломатлик, Аллоҳнинг раҳмати ва баракасини сўраб турмоқлари, тинч-тотув, дўст-биродар бўлиб яша- моқлари лозим.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Иймон етмиш нечта ёки олтмиш нечта шўъбадан иборатдир. Унинг энг афзали «Лаа Илаҳа Иллаллоҳ»»-демоқлик ва энг кичиги, йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлаш. Ҳаё, иймоннинг шўъбасидир»-дедилар.
Шарҳ: Ушбу ҳадис Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда. Аввало у киши билан танишиб олайлик:
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳунинг Исломдан олдинги исмлари Абдушшамс ибн Сахр эди. Исломга кирганларидаг сўнг, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишининг исмларини Абдурраҳмон, деб ўзгартирдилар. Доимо кичик мушукчалари билан юрганликлари сабабли, Расулуллоҳ саллоҳу алайҳи васаллам томонидан Абу Ҳурайра деб, куняланганлар. Абу Ҳурайра Яманнинг Давс қабиласидан эдилар.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ҳижратнинг еттинчи, «Хайбар» санасида Исломни қабул қилган пайтларида ўттиз ёшда эдилар. У киши Хайбардан қайтаётган Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга Мадинага келадилар. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Асҳоб ас-суффа–Расулуллоҳнинг масжидларидаги суффада яшаб, у кишидан ҳадис эшитиш билан машғул бўлган саҳобалрнинг бири эдилар. Шу сабабли Исломга кеч кирганларига қарамай, саҳобалар орасида энг кўп ҳадис ривоят қилган киши ҳисобланадилар. У киши 5374 та ҳадис ривоят қилганлар ва бу ҳадислар Тақий ибн Муҳаммаднинг муснадларида келтирилган.
Абу Ҳурайра кенг елкали, қорамтир рангли, икки олдинги тишларининг ораси очиқ, юмшоқ табиат, ҳазилкаш киши эдилар. Ёш болаларни кўрсалар уларни кулдириб, бозордаги кишиларни қиссалар айтиб кўнглини ҳушлантириб юрар, лекин ўзлари якка қолсалар кечалари ибодат билан бедор ўтказадиган киши эдилар.
Абу Ҳурайра кўп вақтларини Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг суҳбатларида ўтказар эдилар. Бирор ҳадисни эшита олмай қолишдан қўрқиб, кўп пайтларида очликдан букчайиб қолар эдилар.
Абу Ҳурайра саҳобаларнинг ичида энг зеҳни ўткири эдилар. Бу ҳақда Имом Бухорий, Муслим ва Термизийлар у кишидан елтирган ривоятда:
«Эй Расулуллоҳ, сиздан кўп нарсани эшитаману ёдлаб қолалмайман», дедим. У киши:
«Ридойингни ерга ёз»- дедилар. Ридойимни ёздим. Менга кўп ҳадис айтдилар. Айтган ҳадисларидан бирор нарсани эсимдан чиқармадим»-дейдилар.
Толҳа ибн Убайдуллоҳ: «Абу Ҳурайранинг Расулуллоҳдан биз эшитмаганимизни ҳам эшитганларига ҳеч шак йўқ»-дейдилар.
Ибн Умар: «Абу Ҳурайра ҳадисни мендан кўра яхши биладилар»-дейдилар.
Убай ибн Каъб: «Абу Ҳурайра Расулуллоҳдан бошқа киши сўрай олмайдиган нарсаларни сўрашга журъат этардилар»-дейдилар.
Бир киши Зайд ибн Собитдан бир масалани сўраб келганда, у киши: «Абу Ҳурайрага бор. Бир куни мен, Абу Ҳурайра ва фалончи масжидда Аллоҳнинг зикри ва дуо билан машғул эдик. Шу пайт Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам олдимизга чиқиб ўтирдилар ва:
«Нимани дуо қилаётган бўлсангиз, шунда давом этинг»-дедилар. Мен ва ҳамроҳим дуо қилдик, Расулуллоҳ, омин, деб турдилар. Абу Ҳурайра:
«Эй бор Аллоҳ, сендан икки ҳамроҳим сўраганлари ва эсдан чиқмайдиган илмни сўрайман»-дедилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам «омин», дедилар.
«Биз ҳам эсдан чиқмайдиган илм сўраймиз эй Расулуллоҳ», дедик. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Буни сизлардан олдин давслик ғулом (Абу Ҳурайра) сўради», дедилар.
Марвон ибн ал-Ҳакамнинг волийси ва котиблари Солим Абу Заъзаъа ривоят қилиб шундай дейдилар: «Марвон ибн ал-Ҳакам Абу Ҳурайрани даъват этиб, у кишидан ҳадис сўрай бошладилар. Мен ҳадисларни ёзиб олдим. Бир йил ўтгач яна Абу Ҳурайрани даъват этган Марвон у кишидан мен ёзиб олган ҳадисларни сўрадилар. Абу Ҳурайра бирон бир ҳарфни ёки сўзни ортиқча ёки ноқис, олдин ёки кейин айтмадилар».
Абу Ҳурарйрадан ҳадис ривоят қилганларнинг сони 800 кишидан ортиқ бўлиб, улардан саҳобалар: Абу Бакр, Умар, Усмон, Фазл ибн Аббос, Убай ибн Каъб, Усома ибн Зайд, Оиша уммул мўминин, Ибн Умар, Ибн Аббос, Жобир ибн Абдуллоҳ, Анас ибн Молик ва бошқалар. Тобеъийнлардан: Саъийд ибн ал-Мусаййиб, Ибн Сийрин, Абдуллоҳ ибн Саълаба, Урва ибн аз-Зубайр, Салмон ибн Ясир, Ирок ибн Молик, Солим ибн Абдуллоҳ ибн Амра, Атоъ ибн Абу Руббоҳ, Атоъ ибн Ясар ва бошқалар.
Абу Ҳурайра оғир касал бўлиб қолганларида у кишини кўргани Марвон ибн ал-Ҳакам келадилар. Марвон Абу Ҳурайрарага:
«Аллоҳ сизга шифо берсин» деганларида, Абу Ҳурайра:
«Эй бор Аллоҳ, мен сенга йўлиқишимни севдим, сен ҳам мени сенга йўлиқишимни сев»-дедилар. Марвон ибн ал-Ҳакам Абу Ҳурайранинг ҳузурларидан чиқиб, бозорнинг ўртасига етмасликларидан Абу Ҳурайранинг жонлари узилди.
Абу Ҳурайра 57 ҳижрий санада вафот этдилар. Жанозаларини ал-Валид ибн Уқба ибн Абу Суфён ўқидилар.
Бу ҳадиси шарифда келган:
«Етмиш нечта ёки олтмиш нечта»-даги шак ровийдандир. Ҳадисни эшитаётганда аниқ эшита олмай қолган. Нима етса, шуни ривоят қилиш зарур бўлганидан бошқалардан сўраб аниқлаб олган бўлса ҳам ўзи эшитгандаги ҳолатни аниқ ифода этишни омонат билганидан шу ҳолда ривоят қилган.
«Етмиш нечта» дегани, етмишдан ортиқ, саксондан кам дегани. Бу ҳадиси шарифда Иймоннинг шўъбалари борлиги таъкидланмоқда.
Бу «муржиа» мазҳабидагиларга қарши хужжатдир. Шу билан бирга Иймоннинг юқори ва пастки қисми борлиги таъкидланмоқда. Етмиш нечта шўъбанинг энг юқориси калимаи шаҳодатни айтиш бўлса, энг пасти йўлдан озор берадиган нарсани олиб ташлаш. Икковлари орасида яна етмишдан ортиқ шўъбалар бор. Бу ҳам иймон ягона, бир бутун нарсадир унинг катта-кичиги бўлмайди, деган муржиа мазҳабидагиларга қарши ҳужжатдир. Ўша шўъбалар ичида «ҳаё» алоҳида эътиборга сазовор бўлгани учун «ҳаё иймоннинг шўъбасидир»-деб алоҳида таъкидланади. Шунигдек, иймон нафақат сўз, эътиқоддан, балки амалдан ҳам иборат эканлиги тушунилмоқда. Чунки, йўлдаги озор берадиган нарсани олиб ташлашга на гапни ва на дилдаги тасдиқни нисбат бериб бўлмайди. Бу соф амалдан иборат. Муржиа мазҳабидагилар эса, иймон фақат гапдан иборат, дейдилар.
Умуман ушбу ҳадис уламоларимизнинг кенг ва чуқур илмий изланишларга чорлаган ҳадисдир. Чунки, унда Исломдан олдин ҳам, Исломда ҳам энг кўп баҳс юритилган масала–иймон ва унинг шўъбалари ҳақида сўз кетмоқда. Иймон ҳамма нарсанинг асли бўлганидан унга алоҳида эътибор бериш зарур. Айни шу масала бўйича алоҳида китоб тасниф қилган уламолар ҳам бор. Имом Абу Абдуллоҳ ал-Ҳалиймийнинг «Фавоидул минҳож», Имом Байҳақийнинг «Шуъбул Иймон», Исҳоқ ибн ал-Қуртубийнинг «Китобун-Насиҳ», Имом Ибн Хиббон ал-Бустийнинг «Васфул Иймон ва шуъабиҳи» китоблари шулар жумласидандир.
«Иймон» луғатда, ишонч, тасдиқ маъносини билдиради. Шариатда эса, бир нарсани тил билан айтиш, дил билан тасдиқлаш ва амал билан тамомлаб, камолга етказишдир. Иймоннинг етмиш нечта шўъбаси бор дейишлик, иймонни етмишдан ортиқ шохи бор дарахтга ўхшатишдир. Дарахтнинг асли иймон бўлса, унинг шохлари-иймоннинг шўъбаларидир. Аҳли сунна ва жамоанинг барчалари–муҳаддислар ҳам, фуқаҳолар ҳам, ақийда илми уламолари ҳам иттифоқ қилишиб: «Дўзахда абадий қолмайдиган, аҳли қибла ҳисобланган мўмин–Ислом динига ҳеч қандай шак-шубҳасиз жазм ила эътиқод қилган ва шаҳодат калимасини нутқ қилган одамдир», дейдилар. Тили билан айтиб қўйса, кифоя, деганлар адашган муржиа мазҳабидагилардир.
Ушбу ҳадисда иймон етмиш ёки олтмишдан ортиқ шўъбага эга экани ва ўша шўъбаларнинг энг юқориси, энг пасти ва яна биттасининг номи айтилмоқда. Бошқа ҳадисларда етмишдан ортиқлиги ва яна баъзи бошқа шўъбалар ҳақида сўз кетган. Лекин, бирорта ҳадисда етмиш нечта шўъбани ҳисоблаб чиқилмаган. Бу эса ўз навбатида уламоларимизни баҳсга, илмий изланишга чорлаган.
Имом Ибн Ҳиббон ал-Бустий ўзларининг «Васфул Иймон ва шуъабиҳи» китобида қуйидагиларни ёзган эканлар: «Ушбу ҳадиснинг маъносини бир қанча муддат ўргандим. Таотларни санасам, бу ададдан бир мунча кўп чиқди. Суннатга қайтдим. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам иймон, деб номлаган тоатларни ҳисобладим. Қарасам, улар етмиш нечтадан кам. Қуръонга қайтдим. Аллоҳ таоло ўз китобида иймон, деб номланган амалларни ҳисобладим. Қарасам, улар ҳам етмиш нечтадан кам. Сўнгра такрор бўлганларини қолдириб, Қуръон билан Суннатда иймон, деб номланган амалларни қўшиб санасам, оз ҳам эмас, кўп ҳам эмас, етмиш нечта чиқди. Ана шундагина, Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳадисдаги ададдан Қуръон ва Суннатда иймон, деб номлаган амалларни кўзда тутганларини англадим».
Имом Бадриддин Маҳмуд ибн Аҳмад ал-Айний эса, қуйидагиларни ёзадилар:
«Аллоҳнинг ёрдами ва тавфиқи ила қисқа қилиб қуйидаги шеърни айтамиз:
«Иймоннинг асли қалб ила тасдиқ, тил ила иқрор қилмоқ бўлса ҳам,
Комил ва тугал иймон уч қисмдан: тасдиқ, иқрор ва амалдан иборатдир».
Биринчи қисм–эътиқодиётлардан иборат бўлиб, ўттиз шўъбага бўлинади:
1. Аллоҳга иймон келтириш. Бунга Аллоҳнинг зотига, сифатларига, тавҳидига ва ўхшаши йўқлигига иймон келтиришлар киради.
2. Аллоҳдан бошқа ҳамма нарса кейин пайдо бўлганига эътиқод қилиш.
3. У зотнинг фаришталарига иймон келтириш.
4. У зотнинг китобларига иймон келтириш.
5. У зотнинг пайғамбарларига иймон келтириш.
6. Яхшию-ёмон қадарга иймон келтириш.
7. Охират кунига иймон келтириш. Бунга қабр савол-жавоби ва азоби, қайта тирилиш, маҳшарга тўпланиш, ҳисоб-китоб, Мезон ва Сиротлар ҳам киради.
8. Жаннат ваъдасига ва унда абадий қолишга ишонмоқ.
9. Дўзах қўрқинчлари, азоби ва унинг фоний бўлсмаслигига қатъият ила ишонмоқ.
10. Аллоҳ таолонинг муҳаббати.
11. Аллоҳ учун муҳаббат қилиб, Аллоҳ учун ёмон кўрмоқ.
Бунга муҳожир ва ансорий саҳобаларга, Расул соллаллоҳу алайҳи васалламнинг оли байтларига муҳаббат қилиш ҳам киради.
12. Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббат қилиш. Бунга У зот соллаллоҳу алайҳи васалламга саловат айтиш ва суннатларига эргашиш ҳам киради.
13. Ихлос. Бунга риёкорликни ва мунофиқликни тарк қилиш ҳам киради.
14. Тавба-надомат.
15. Хавф.
16. Ражо-умидворлик.
17. Ноумидлик ва ишончсизликни тарк қилиш.
18. Шукр.
19. Вафо.
20. Сабр.
21. Тавозуълик бўлиш. Бунга катталарни ҳурмат қилиш ҳам киради.
22. Раҳматли ва шафқатли бўлиш. Бунга кичикларга шафқат кўрсатиш ҳам киради.
23. Қазога рози бўлиш.
24. Таваккул (ҳар бир нарсада Аллоҳга суяниш)
25. Мақтончоқлик ва кибрни тарк қилиш. Бунга ўзини мақташ ва покиза қилиб кўрсатиш ҳам киради.
26. Ҳасадни тарк қилиш.
27. Ҳиқд ва гинани тарк қилиш.
28. Ғазабни тарк қилиш.
29. Алдамчиликни тарк қилиш. Бунга ёмон гумон ва макр-хийла ҳам киради.
30. Дунё муҳаббатини тарк қилиш. Бунга молу-мулк ва мансабу-обрў муҳаббати ҳам киради.
Агар, қалб амаллари фазилат ва разилатларнинг булардан бошқаси топилса, ушбу шўъбалардан бирортасига дохил бўлади. Ўйлаб кўрилса, дархол зохир бўлади.
Иккинчи қисм–тил амалларидан иборат бўлиб, етти шўъбага бўлинади:
1. Тавҳидни талаффуз қилмоқ.
2. Қуръон тиловати.
3. Илм ўрганиш.
4. Илм ўргатиш.
5. Дуо қилиш.
6. Зикр қилиш. Бунга истиғфор айтиш ҳам киради.
7. Беҳуда гаплардан четланиш.
Учинчи қисм–бадан амалларидан иборат бўлиб, қирқ шўъбага бўлинади: Бу қисм уч навлидир.
Биринчи нав–ҳар бир шахснинг ўзига хос нарсаларда бўлиб, бу ўн олти шўъбадан иборатдир:
1. Пок бўлмоқ. Бунга баданнинг, кийимнинг ва маконнинг поклиги киради. Баданнинг поклигига таҳорат кетказадиган нарсалардан таҳорат қилиш ҳамда жунубликдан, хайз ва нифосдан ғусл қилиш орқали покланиш киради.
2. Намоз ўқиш. Фарз, нафл ва қазо намозлар барчаси киради.
3. Закот бериш. Бунга садақа, закот, садақаи фитр, таом бериш, меҳмонни икром қилиш, сахийлик–ҳаммаси дохилдир.
4. Рўза тутиш. Фарз ёки нафл рўза-ҳаммаси дохил.
5. Ҳаж қилиш. Бунга Умра ҳам дохил.
6. Эътикоф ўтириш. Бунга лайлатул қадрни кутиш ҳам киради.
7. Динни қутқариш. Бунга ширк диёридан ҳижрат қилиш ҳам киради
8. Назрга вафо қилиш.
9. Қасамларга эҳтиёт бўлиш.
10. Каффоратни адо қилиш.
11. Намозда ва ундан ташқарида авратни беркитиш.
12. Қурбонлик сўйиш.
13. Жанозага тегишли ишларни қилиш.
14. Қарзни адо қилиш.
15. Муомалада содиқ бўлишлик. Риёдан сақланиш.
16. Ҳақ ила гувоҳлик бериш. Гувоҳликни беркитмаслик.
Иккинчи нав тобеларга хос бўлиб, олти шўъбадан иборатдир:
1. Никоҳ ила иффатли бўлмоқ.
2. Аҳли аёлининг ҳаққини адо қилмоқ. Бунга ходимларга мулойим муомала қилиш ҳам киради.
3. Ота-онага яхшилик қилмоқ. Бунга оқ бўлишдан сақланиш ҳам киради.
4. Фарзандлар тарбияси.
5. Қариндошлик алоқаларини йўлга қўйиш.
6. Раҳбарларга итоат қилиш.
Учинчи нав оммага таъллуқли билиб ўн саккиз шўъбадан иборат
1. Адолат билан амирлик қилиш.
2. Жамоатга тобеъ бўлиш.
3. Иш бошиларга итоат қилиш.
4. Одамлар орасини ислоҳ қилиш. Бунга хавориж ва боғий (жамоатга қарши чиқиш)ларга қарши уруш қилиш ҳам киради.
5. Яхшилик йўлида кўмаклашиш.
6. Амри маъруф, наҳий мункар.
7. Ҳадд (шаръий жазо)ларни қоим қилиш.
8. Жиҳод. Аскарлик ишлари ҳам шунга киради.
9. Омонатни адо қилиш. Бунга хумсни (тушган ўлжанинг бешдан бирини Байтулмолга бериш) адо қилиш ҳам киради.
10. Қарз ва унга вафо қилиш.
11. Қўшнини икром қилиш.
12. Яхши муомалали бўлиш. Бунга ҳалол мол топиш ҳам киради.
13. Молу мулкни тўғри сарфлаш. Бунга исроф ва беҳуда сарф-харажатни тарк қилиш ҳам киради.
14. Саломга алик олиш.
15. Акса урган кишига «Ярҳамукаллоҳу»-«Сенга Аллоҳ раҳм қилсин»-дейиш.
16. Одамлардан зарарни қайтариш.
17. Беҳуда ишлардан четда бўлиш.
18. Йўлдаги озор берадиган нарсаларни олиб ташлаш.
Жами бўлиб етмиш етти шўъбадир.
Бу–аллома Маҳмуд ибн Аҳмад ал-Айний раҳматуллоҳи алайҳининг ижтиҳодлари. Бу илмий ижтиҳодан кўплаб фойда олдик. Аллоҳ таоло у кишига манфаатли илм қолдирганлари учун мукофотларини тўлиқ қилиб берган бўлсин!
Аммо бир мулоҳазамиз борки, ал-Айний раҳматуллоҳи алайҳнинг етмиш еттилик рўйхатларига ушбу ҳадисда очиқ-один айтилган «Ҳаё» шўъбаси кирмай қолибди. Албатта у киши айтганларидек «Ҳаё»ни ҳам бирорта бобга қўшиб юборса бўлади. Аммо ҳадиси шарифда, энг олий ва энг қуйи шўъбалардан кейин «Ҳаё»ни алоҳида таъкидлаб «Ҳаё–иймоннинг шўъбасидир» дейилиши бежиз бўлмаса керак. Чунки, ҳаё иймоннинг энг ажойиб кўринишларидан биридир. Ҳаё инсонни доимо яхшилик қилишга, ёмонликдан четланишга чорловчи ажойиб сифатдир.
Энди ушбу ҳадисдан оладиган фойдалар ҳақида сўз юритайлик:
1. Иймоннинг шўъбалари борлиги.
2. «Лаа илаҳа иллаллоҳ»–иймоннинг олий шўъбаси экани.
3. Йўлдан озор берувчи нарсани олиб ташлаш иймондан экани.
4. Ҳаё–иймондан эканлиги.
Уламоларимиз Иймон ва унинг шўъбаларини дарахт ва унинг шохларига ўхшатадилар. Агар Имом ал-Айнийнинг ижтиҳоди ила тасаввур қилсак иймон етмиш етти шохи бор бир гўзал дарахтдир. Ўша кўркам дарахт ҳамма шохлари билан гўзалдир. Аллоҳ кўрсатмасин бирор шохи, ҳатто бирор баргига футур етса дарахтнинг гўзаллигига футур етади. Кўрган одам: «ушбу барги ҳам бут бўлганда ажойиб дарахт бўлар экан». деб афсусланади. Қани, инсоф билан бир ўйлаб кўрайлик-чи, иймон дарахтимизнинг ҳамма барглари, шохлари, танаси бутми? Нечта шохи кесилган, нечтаси қуриган? Уларни ўрнига келтириш учун нималар қилмоқдамиз?
Дунё бугунги кунда бу ҳадисдан чиқадиган ҳикматларга қанчалик муҳтож? Дунёга етмиш нечта шўъбаси бор иймон жуда ҳам керак, дунё ва инсоният иймонга жуда муҳтож. Бутун дунё, барча инсоният «Лаа илаҳа иллаллоҳ»га муҳтож, иймоннинг муҳим шўъбалари дан бўлган ҳаёга муҳтож. Улар йўлдан озор берадиган нарсани олиб ташлашни иймон шўъбаси даражасига кўтарган Ислом динига муҳтожлар. Бу эҳтиёж кундан-кунга ўсиб бормоқда. Чунки дунёда, инсонлар ичида кундан-кунга иймонсизлар, иймони заифлар кўпаймоқда, ҳаёсизлар кўпаймоқда. Инсоният йўлига озор берувчи нарсаларни ташловчилар кўпаймоқда.
Тамийм ад-Дорий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Дин–насиҳатдир»-дедилар. Биз:
«Ким учун?»-дедик. У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Аллоҳ учун, У зотнинг китоби учун, У зотнинг Расули учун ва мусулмонларнинг имомлари ҳамда оммалари учун»-дедилар.
(Аввалги ва бу ҳадисни бешовлари ривоят қилган).
Шарҳ: Аввало одатимиз бўйича ҳадиснинг ровийлари Тамийм ад-Дорий розияллоҳу анҳу билан танишиб чиқайлик:
Тамийм ибн Авс ибн Хорижата ад-Дорий, кунялари Абу Руқия, нисбатлари Дор ибн Ҳонийга. Бу зот Исломга киришдан олдин насроний динида бўлиб, ҳижратнинг тўққизинчи йилида Исломга кирадилар. Шундан кейин Фаластин аҳлининг обиди, Қуръонни кўп тиловат қилувчи, кечаларини таҳажжуд намози билан бедор ўтказувчи ва масжидга биринчи бўлиб чироқ олиб кирган, сифатлари ила улуғ саҳобалардан бирига айландилар.
Бу зот ҳаммаси бўлиб бўлиб 18та ҳадис ривоят қилганлар. Бу ҳадисларни Имом Бухорий ва Муслим ўз «Саҳиҳ» китобларига киритишган. У зотдан Абдуллоҳ ибн Ваҳб, Сулаймон ибн Омир, Шураҳбил ибн Муслим, Қубайсата ибн Зуайб ва бошқалар ривоят қилишган.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу зотга Фаластиндаги Айнун қишлоғини алоҳида ажратиб бердилар. Бу қишлоқ ҳозир ҳам Байтул Мақдисда машҳурдир. Сўнгра Мадинада истиқомат қилдилар. Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилгандан кейин, Шомга кўчиб кетдилар ва ҳижратни 37 йили Фаластинда вафот этдилар.
Ушбу ҳадисда ҳам комил иймон учун зарур нарсалар ҳақида сўз кетмоқда. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар ҳузурида сўзлаб:
«Дин–насиҳатдир»-дедилар.
«Насиҳат»-луғатда холис, покиза, содиқ маъноларни билдиради. Урфда эса, бир кишининг бошқасига холис ният, содиқлик билан яхши йўл-йўриқларни айтишдир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг «Дин–насиҳатдир» деганлари, диннинг асосий мадори, насиҳатдан иборатдир, деганларидир. Бу «Ҳаж–арафадир» деганларига ўхшайди. Яъни ҳажнинг мадори, асосий рукни Арафотда туришдир, деганларидир.
Саҳобалар Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламдан бу умумий гапни эшитиб, унинг тафсилотини билмоқчи бўлдилар ва:
«Ким учун?»-деб, сўрадилар.
Яъни, «насиҳат қилсак ким учун қиламиз?», дедилар. Шунда Расули Акрам соллаллоҳу алайҳи васаллам диннинг мадори бўлмиш насиҳат, беш нарсада эканлигини баён қилиб бердилар:
1. «Аллоҳ учун»–яъни, Аллоҳга иймон келтириш, унга шукр қилиш, амрларини бажариб, қайтарганларидан қайтишга ундаб насиҳат қилишдир.
2. «У зотнинг китоби учун»–яъни, Аллоҳнинг китоби–Қуръони Каримни ўрганиш, унга амал қилиш ва одамларни ҳам шу ишга ундаб, насиҳат қилиш.
3. «У зотнинг Расули учун»–яъни, Пайғам бар соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш, у кишининг шариатига, суннатига тобеъ бўлиш, бошқаларни шунга даъват қилиш.
4. «Мусулмонларнинг имомлари учун».
«Имом» деганда халифа, давлат бошлиғи кўзда тутилади. Улар учун насиҳат қилиш, уларга итоат қилиш, одамларни ҳам шунга даъват қилиш билан бўлади.
5. «Мусулмонларнинг оммаси учун»
– барча мусулмонларга икки дунё саодати, яъни Ислом йўлини кўрсатиб, насиҳат қилиш бўлади.
Ушбу вазифаларни қилган одам диннинг энг муҳим ишини амалга оширган бўлади. Аммо бу–осон иш эмас. Шунинг учун ҳам у диннинг мадори ҳисобланади. Чунки, одамлар насиҳатни ёқтирмайдилар. Айниқса, ушбу ҳадиси шарифда зикр қилинган нарсалар учун қилинган насиҳат кўпчиликка хуш келмайди.
Аллоҳ учун насиҳат қилсанг, унинг амрини тутишга чақирсанг, қайтарганидан қайтарсанг ҳамма сени ёмон кўради. «Ўзини кўрсатишга уринаяпти», дейди. «Обрў топмоқчи, халқни оғзига қаратмоқчи, ўзи бошлиқ бўлмоқчи», дейди. «Молу-дунё учун, айши-ишрат учун, яна шунга ўхшаш дунёнинг матоҳлари учун ҳаракат қилмоқда», дейди. Сиртларида кулиб турсалар ҳам, ичларидан зил кетадилар. Турли иғво-бўҳтонлар тўқийдилар. Аллоҳ таолонинг Китоби ва Расули учун насиҳат қилсанг ҳам худди шундоқ бўлади.
Мусулмонларнинг имомлари учун насиҳатга келсак, аввало ҳозирги кунда исломий маънодаги имомлар йўқ. Бўлган вақтда улар учун насиҳат қилганлар, уларга қарши чиқувчиларнинг нафратига учраганлар. Ушбу ҳадиси шарифга амал қилиб насиҳат қилсалар, тухмат ва бўхтонга учраганлар. Мусулмонлар оммаси учун насиҳат қилиш ҳам шу тахлитда, биров насиҳат эшитгиси келмайди.
Аслида эса, ушбу ҳадисга амал қилинган пайтда мусулмонлар муваффақиятларга эришганлар. Бекорга бу ҳадиси шариф, комил иймон сифатлари бобида келмаяпти. Қачон комил иймон бўлгандагина шундоқ насиҳат бўлади. Бундоқ насиҳатлар эса ўз навбатида самара беради. Аллоҳ учун, Аллоҳнинг Китоби ва Расули учун, мусулмонларнинг имомлари учун, оммаси учун насиҳат қилишни дин деб тушунган жамиятгина олдинга кетади, кўзлаган мақсадига етади.
Агар биз ушбу ҳадиси шарифдан фойда олмоқчи бўлсак, ана ўша тушунчани қайта тирилтирмоғимиз лозим бўлади. Аллоҳ учун, У зотнинг китоби учун, У зотнинг Расули учун, мусулмонларнинг имомлари учун, оммаси учун насиҳат қилишга ўтишимиз лозим бўлади.
Бу ҳадиснинг ҳикматига бутун дунё жуда ҳам муҳтож. Энг аввало мусулмон олами муҳтож. Мусулмон олами, деб ном олган олам Исломдан узоқлашгани учун, динни насиҳат, деб билмагани учун турли муаммо ва кулфатларга кўмилиб ётибди.
Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Ким Аллоҳни–Робб, Исломни–дин, Муҳаммадни–Расул, деб рози бўлса, Иймон таъмини тотган бўлади»-дедилар.
(Муслим ва Термизий ривоят қилишган), Абу Довуд эса:
«Ким Аллоҳ учун муҳаббат қилса, Аллоҳ учун ёмон кўрса, Аллоҳ учун берса, Аллоҳ учун ман қилса, батаҳқиқ, иймонни мукаммал қилган бўлади», деб келтирган).
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифни Аббос ибн Абдулмутталиб розияллоҳу анҳу ривоят қилмоқдалар. Олдин у киши билан танишиб олайлик:
Аббос ибн Абдулмутталиб ибн Ҳошим ибн Абдуманоф, оналари Нутайлата бинти Ҳабоб ибн Кулайб, кунялари Абу Фазл, Аббосийлар халифалиги асосчиси, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари, жоҳилият даврида Қурайш қавмининг раиси ва Масжид ул-Ҳаромнинг бошлиғи бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан ансорлар ўртасида бўлган «Ақаба» байъатида иштирок этган ва нутқ сўзлаган. «Ҳунайн» ғазотида мусулмонлар енгилиб турган пайтда, уларга тўғри йўлни кўрсатган, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга қариндошлари ичида энг яқини бўлган улуғ саҳобалардан эдилар.
Аббос розияллоҳу анҳу Исломга ҳижратдан олдин кирдилар, аммо Исломларини мушкирлардан сир тутар эдилар. Маккада бўлган пайтларида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни мушриклар хабаридан воқиф этардилар. Бадр ғазотида мушриклар томонида бўлиб, урушга мажбур ҳолда олиб чиқилган эди. Шунинг учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобаларга: «Ким амаким Аббосга йўлиқса, ўлдирмасин», деб айтдилар. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиларини жуда яхши кўрар эдилар. Ҳатто Бадр ғазоти тугаган куни амакилари Аббос асирликда ётганларликлари сабабли ухлай олганлари йўқ.
Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтар эдилар:«Эй инсонлар кимки амаким Аббосга озор берса, менга озор берибди. Бу амаким отамнинг мен учун қолдирган кишисидир».
Аббос ибн Абдулмутталиб Мадинага ҳижрат қилишлик учун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан изн сўрганларида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Маккадаги мақоминг сен учун яхшироқдир», деб айтдилар. Бу зот хотинлари Умму Фазл билан ҳижратни 8-йили Рамазон ойида Маккадан Мадинага ҳижрат қилишди. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менинг пайғамбарлигим охирги пайғамбарлик бўлганидек, сизнинг ҳижратингиз охирги ҳижратдир», деб айтдилар.
Аббос ибн Абдулмутталиб саҳий кишилардан эдилар, бутун молларини урушга аскарларни жиҳозлаш учун сарф қилардилар. Ва яна ўз ҳисобларидан 70та қул озод қилганлари ривоятларда келади. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотларидан кейин Аббосни молларию, жонлари Ислом хизматида бўлди.
Умар розияллоҳу анҳу халифалик даврларида сув йўқлиги сабабли қаҳатчилик етди. Халифа бир неча марта дуо қилиб, сув талаб қилди. Лекин ёмғир ёғмади. Халифа Умар, ҳазрати Аббосни ҳузурларига бориб, бирга чиқишларини сўради. Ҳазрати Аббос мусулмонлар билан чиқиб, осмон қўлларини чўзиб дуо қилганларидан кейин, Аллоҳ инсонларни бу қаҳатчиликдан халос этди.
Бу зот ҳадис ривоят қилувчи улуғ саҳобалардан эдилар, ҳаммаси бўлиб 35та ҳадис ривоят қилганлар. Бу кишидан Абдуллоҳ ибн Ҳорис, Омир ибн Саъд, Аҳнаф ибн Қайс ва бошқалар ривоят қилишди.
Аббос розияллоҳу анҳунинг ўн ўғиллари бўлиб, қизлари йўқ эди. Умрларининг охирида кўзлари ожиз бўлиб қолади. Ва ҳижратнинг 32 йили, Ражаб ойининг 16-куни 88 ёшларида Мадинада вафот этдилар. Бу ҳодиса Усмон розияллоҳу анҳу ўлдирилишидан 2 йил олдин бўлди. У кишига Усмон розияллоҳу анҳу жаноза намозини ўқидилар. Ва «Жаннатул-Бақиъ»га дафн этилдилар.
Ушбу ҳадисда ҳам улкан маъно баён этилмоқда. Унда Иймон таъмини тотиш, иймон мукаммаллигига эришиш қайси йўл билан амалга ошиши мумкинлиги баён қилинмоқда. Бунинг учун эса, қуйидагилар амалга ошиши керак:
«Аллоҳни –Робб» деб рози бўлиш.
Робб-тарбиячи маъносини англатади. Урфда эса кўп маъноларни, жумладан ризқ берувчи, тадбирини қилувчи, яратувчи, эга маъноларини ифода қилади. Робб–Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан биридир. Аллоҳ таоло бутун оламларнинг яратувчиси, уларга ризқ берувчи, тадбирларини қилувчи, эгалик қилувчи ва тарбияловчиси бўлганидан шундоқ аталган. Аллоҳнинг Робб, деб рози бўлиш эса, Аллоҳ менинг яратувчим, тарбиякунандам, эгам, ризқ берувчим, тадбиримни қилувчим, деб чин дилдан рози бўлишини англатади. Рози бўлишлик–оғиздаги қуруқ гап эмас, ёки кўнгилдаги гумон ҳам эмас. Балки, тўлиқ ишонч ва қаноатдир. Ким шу ишонч билан, шу қаноат билан яшаса, Иймон таъмини тотиш йўлида катта қадам босган бўлади. Кейинги қадамлар эса,
2. Исломни–дин, деб,
3. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни–Расул, деб рози бўлиш билан бўлади.
«Дин» деганда ҳозирги бузуқ тушунча кўзда тутилмайди. Ҳозирда дин деганда, масжидни, намозни, қабристони, ўлганларга маросим қилишни ва шунга ўхшаш нарсаларни тушуниб қолинган. Бу ғарбдаги халқларнинг тушунчасидир. Аслида эса, дин–Аллоҳ тамонидан юборилган, инсоннинг икки дунё саодатига эришиш учун зарур бўлган кўрсатмалар тўпламидир. Демак, иймон таъмини тотиш учун инсон тўлиқ Исломий ҳаёт кечиришга чин дилдан рози бўлиши керак. Фақат Исломга тўлиқ амал қилиб яшашим керак, деган ишончга ва қаноатга эга бўлиши керак.
Ислом динига тўлиқ амал қилиб яшаш учун эса Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни –Расул яъни, Аллоҳнинг элчиси, деб рози бўлиш керак. Ислом таълимотларини, ҳукмларини Аллоҳдан қабул қилиб, бандаларга етказган, ҳаётга табиқ қилиб кўрсатган зот Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламдир. У зотни Расул, деб рози бўлмагунча иймон таъмини тотиб бўлмайди. Ҳа, Аллоҳни–Робб, Исломни–дин, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни Расул, деб рози бўлган одамгина иймон таъмини тотиши мумкин. Шу мақсад йўлида машаққатларни кўтаришга рози бўлган одамгина иймон таъмини тотиб кўриши мумкин. Аммо, чин қалбдан розилик–ишонч ва қаноат бўлмаса, иймон таъми ҳам бўлмайди.
Имом Абу Довуд ривоятида келган, иймоннинг мукаммал бўлиши учун амалга оширилиши лозим бўлган ишлар қуйидагилардан иборат:
1. Аллоҳ учун муҳаббат қилиш.
Кимга ёки нимага муҳаббат қиладиган бўлса, Аллоҳ учун муҳаббат қилган кишигина иймонини мукамал бўлишидан умид қилса бўлади. Бировга муҳаббат қиладиган бўлса, ўша одамнинг Аллоҳнинг амрида юргани учун, Аллоҳга иймони борлиги учун, Аллоҳга ибодат қилиб яшаётгани учун, Аллоҳ учун муҳаббат қилади. Бунга бошқа ғараз, мақсад аралашиб қолса муҳаббат Аллоҳ учун бўлмай қолади. Шунигдек, бирор ишни, гуруҳни, жамоатни ва шунга ўхшаган нарсаларни яхши кўриш ҳам Аллоҳ учун бўлгандагина муҳаббат эгаси ўз иймонини мукаммал бўлишидан умид қилса бўлади.
2. Аллоҳ учун ёмон кўриш.
Кимни ёки нимани ёмон кўрса, Аллоҳ учун ёмон кўрадиган кишигина иймонини мукаммал бўлишидан умид қилса бўлади. Бировни ёмон кўрадиган бўлса, ўша одамнинг Аллоҳнинг амрида юрмагани учун, Аллоҳнинг динига амал қилмагани учун, гуноҳ ишларни қилгани учун ёмон кўради. Бошқа сабабдан ёмон кўриш эса мумкин эмас. Шунингдек, бирор ишни, гуруҳни ёки шунга ўхшаш нарсаларни ҳам Аллоҳ учун, Аллоҳнинг таълимотларига тескари бўлгани учун ёмон кўрган одамгина иймони мукаммал бўлишидан умид қилса бўлади.
3. Аллоҳ учун бериш.
Бунга моддий, маънавий ҳамма нарсалар киради. Бировга бир яхшилик қилса Аллоҳ учун, ўша яхшиликдан манфаатдор одам ҳам Аллоҳнинг йўлида юргани учун қилсагина иймони мукаммал бўлиши учун ҳаракат қилган бўлади. Демак, мусулмон одам ўзгаларга моддий ва маънавий атолар бериш пайтида фақат Аллоҳ таолонинг розилигини кўзлаб иш тутса, иймони комиллиги учун интилган бўлади.
4. Аллоҳ учун ман қилиш.
Бунга ҳам моддий, маънавий ҳамма нарсалар дохилдир. Бировдан бир нарсани ман қилса, фақат Аллоҳ учун, ўша иш Аллоҳнинг амрига тўғри келмаслиги учун, ўша шахс Аллоҳнинг амрида юрмагани учун бериладиган нарсани ман қилиш керак.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар матннинг ўзида очиқ-ойдин кўриниб турибди. Иймоннинг таъмини тотмоқ учун:
1. Аллоҳни–Робб деб рози бўлмоқ.
2. Исломни –дин деб рози бўлмоқ.
3. Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни–Расул деб рози бўлмоқ керак.
Иймоннинг мукаммал бўлмоғи учун:
1. Аллоҳ учун муҳаббат қилмоқ.
2. Аллоҳ учун ёмон кўрамоқ.
3. Аллоҳ учун бермоқ.
4. Аллоҳ учун ман қилмоқ керак.
Аслида сўзни шу ерда мухтасар қилсак бўларди. Чунки, ушбу ҳадиси шарифда айтилмоқчи бўлган гаплар имкон қадар таҳлил этилди, динимизнинг бу соҳадаги таълимоти очиб берилди. Аммо мусулмонларнинг бугунги кундаги табиати эринчоқлик, лоқайдлик, бепарволик каби касалликлардан бемор бўлгани, Исломдан хийла йироқлашиб кетганлари масалага сал чуқурроқ назар ташлашга, уни кенгроқ шарҳлашга мажбур этади. Агар шундай қилмасак, ҳадисни ўқиганлар: «Ҳа энди ҳадисда шундай гап бор экан-да» деган лоқайд тасалли билан кетаверадиганга ўхшаб туюлди.
Келинг, мазкур етти бандни бугунги воқеълигимизга солиштириб кўрайлик-чи, нималар аён бўлади:
1. «Аллоҳни–Робб деб рози бўлиш».
Бунинг тафсилий маъноси қандай тушунилади? Хўш, бугунги кунимизда мусулмонман, деб юрганлардан неча фоизи том маънода Аллоҳни–Робб, деб билади? Оғизда эмас, қуруқ даъвода эмас, том маънода, амалда қанча одам Аллоҳ таолони ризқ берувчим, тадбир қилувчим, эгам, тарбиячим, деб билади? Кўпчилик амалда Аллоҳни эмас, Аллоҳ берган ризқнинг ўзига етиб келишига сабабчи бўлган бандани Робб, деб рози бўлади. Ойлик маоши ҳақида буйруқ чиқарган одамга етти букилиб сажда қилади. Арзимаган сариқ чақа бериб турган мулкдорнинг розилигини топиши учун бутун имконини ишга солади. Кошки эди, унинг розилиги Аллоҳнинг розилига тўғри келса. Аксар ҳолда бугунги мулкдорларнинг розилиги Аллоҳнинг розилигига тескари, қарама-қарши бўлади. Робблик сифатининг бошқа шўъбалари бўйича ҳам шунга ўхшаш мисолларни хоҳлаганимизча келтиришимиз мукин.
2. «Исломни –дин деб рози бўлиш».
Бу Исломни икки дунё ҳаёти дастури, деб рози бўлиш, ҳаётнинг ҳар бир соҳасида Ислом таълимотларига амал қилишга чин дилдан рози бўлиш демакдир. Хўш, дунёда неча фоиз мусулмон шахс ёки «мусулмон давлат» деб номланаётган давлат бунга рози бўлади? Ким бунга амал қилмоқда? Ким Ислом шариатига амал қилиб, ким Ислом шариатини татбиқ қиляпти? Бошқа бандлар қатори бу ишда ҳам оғзаки гап кўп, қуруқ даъво кўп, лекин амал йўқ.
3. «Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламни–Расул деб рози бўлиш».
У зот соллаллоҳу алайҳи васалламни раҳнамо, йўлбошчи, муқтадо», деб қаноат ҳосил этиш ва унга амал қилиш. Бу саҳода ҳам оғизда гап, қуруқ даъво кўп. Амалга келганда ҳар кимнинг бошқа раҳнамоси бор, йўлбошчиси бор, муқтадоси бор. Бўлган-бўлмаган одамларга, ҳатто кофир, фосиқларга тобеълик авж олган.
4. «Аллоҳ учун муҳаббат қилиш».
Ҳозирги кунимизда бу хилдаги муҳаббат хордир. Аммо пул-мол учун, мансаб учун, моддий манфаат учун, ҳойи хавас учун муҳаббат қилувчилар жуда кўпайгандир. Бу муҳаббат Аллоҳ учун бўлмагани туфайли ўша шахс мансабдан тушиши биланоқ бояги муҳаббат қилувчилар ғойиб бўлишади. Бу ҳам майликуя, баъзилари душманга ҳам айланишади. Молдорга муҳаббат қилувчиларнинг ҳоли ҳам бошқа сабаб учун муҳаббат қилганларнинг ҳоли ҳам–шу! Инсонларни орасидаги ўзаро муҳаббат шу аҳволда турган жамиятда яхшилик бўлиши мумкинми?
5. «Аллоҳ учун ёмон кўриш».
Бирор шахс ёки нарсани Алоҳнинг амрига мухолиф бўлгани учунгина ёмон кўриш. Мусулмон кишининг ёмон кўриши шундай бўлиши керак. Лекин ҳозирда бунинг аксини кўрамиз. Ўз ҳавойи нафсига тўғри келмаган одамни ёмон кўрилади. Бир оғиз сўзини рад қилиб қўйган одам билан ўлгунича душманлик қилинади. Чунки, бировни ёмон кўришда ҳавойи-ҳавас, шахсий манфаат асосий ўлчов бўлади. Ўзининг бир сўмлик моддий манфаати учун Аллоҳнинг амрида юрган одамни хоҳлаганича хўрлаши, қурбон қилиши мумкин. Ҳоли бундоқ бўлган жамиятдан қандай эзгулик, хайр-барака кутиши мумкин?
6. «Аллоҳ учун бермоқ».
Бирор нарсани ато қиладиган бўлса, Аллоҳ таоло учун холисона, ҳеч қандай дунёвий манфаатни кўзламай, олувчининг Аллоҳнинг амрида юрганидан мамнун бўлиб бериш. Бундоқ одамни топиш осон бўлмаса керак. Моддий ва маънавий атолар кўп. Аммо гап ана ўша ато Аллоҳ учун бўлишида. Бизда бирор яхшиликни фақат фойда келтиришини ўйлаб қилиш одат тусига кириб қолган. Бирор сўм чиқаришдан олдин албатта ҳисоб-китоби қилинади. Атолар кўпроқ бўлиб қайтиб келиши учун, одамлар ичида обрў келтириши учун, бировларга яхши кўриниш учун берилади. Аммо Аллоҳ учун бўладигани кам.
7. «Аллоҳ учун ман қилиш».
Аллоҳ таолонинг амрига тескари бўлишидан қўрқиб бировга бирор атони беришдан тўхташ. Бу дунёда ҳозир энг кўп нарса атоларни ман қилиш десак ёлғончи бўлмаймиз. Аммо, бу ман қилиш ушбу ҳадисда келганидек, Аллоҳ учун эмас. Ўзи учундир, мансаб учундир, яна бошқа қандайдир нарсалар учундир.
Хўш, ўзаро муносабатларни шундоқ бўлган жамиятдан нима эзгулик кутиш мумкин? Бугунги аянчли ҳолдан бошқа нарсани кутиб ҳам бўлмайди. Мусулмонлик даъвосини қилиб турганларнинг холи шу бўлганидан кейин, бошқалардан хафа билишга ҳам ҳожат йўқ. Ҳа, Ислом дини таълимотлари туриб, уларни ўрганмай, уларга амал қилмай юрган мусулмонларнинг масъулияти ниҳоятда катта. Бу масъулиятни эса, Исломга тўлиқ қайтиши билангина адо этиш мумкин холос.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўминларнинг иймони комилроғи, хулқи яхшироғидир. Сизларнинг яхшиларингиз, хотинларига яхшилик қиладиганларингиздир»-дедилар.
(Абу Довуд ва Термизий ривоят қилган).
Шарҳ: Бу ҳадиснинг ровийлари Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу билан аввал танишиб ўтганмиз. Бу ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам чиройли хулқининг иймони комилга сабаб бўлишини баён қилиш билан бирга, сиз билан биз мусулмонларни яхши хулқли бўлишга тарғиб қилмоқдалар. Ислом ҳусни хулққа катта эътибор берган. Бу ҳақда Қуръони Карим оятлари ва ҳадиси шарифлар жуда кўп. Буни ўз навбатида келадиган бобларда кўриб чиқамиз. Аммо, бу ерда–комил иймон бобида, ҳусни хулқ иймоннинг комил бўлишида ҳам муҳим омил эканини таъкидлаш учун бу ҳадиси шариф келтирилмоқда.
Яхши хулқ-очиқ чеҳралик, кишиларга озор бермаслик, уларга яхшилик қилишдир. Яхши хулқли инсон дунёю охират саодатига эгадир. Шунинг учун ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам иймоннинг камолини хулқнинг яхшилигига боғлиқ қилиб қўймоқдалар.
«Мўминларнинг иймони комилроғи–хулқи яхшироғидир», яъни, мўминнинг хулқи қанчалик яхши бўлиб бораверса, иймони шунча мукаммал бўлиб бораверади. Яхши хулққа бундан ҳам ортиқ тарғиб қилиш мумкинми? Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини ўрганиш давомидаги хулосалардан бири, бирор аҳамиятли мавзуъни омматан баён қилинганидан сўнг ортидан ўша мавзуъга тегишли энг муҳим нарсани алоҳида таъкидлаб қўйилади. Ушбу ҳадиси шарифда бундай таъкидланмоқда:
«Сизларнинг яхшиларингиз–хотинларингизга яхшилик қиладирганларингиздир».
Нима учун? Ҳаётий тажриба шуни кўрсатадики, кўпчилик бошқа кишилар билан яхши хулқ ила муомалада бўладилар-у хотинлари билан бўлган муносабатда бадхулқ бўладилар. Бундайлар халқимиз ичида «кўча хандон, уй зиндон одамлар», дейилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ана ўша ҳолатни эътиборга олиб, яхши хулқ иймон камолоти сабаби эканини айтганларидан кейин, бунда фақат бегоналар билан бўлган муносабатгина эмас, балки энг аввало ўз хотинига нисбатан яхши хулқли бўлиш зарурлигини таъкидлаб қўйдилар.
Ҳусни хулқни иймон мукаммаллиги учун шарт қилиб қўйиш Ислом учун, мусулмонлар учун ҳар қанча фахр қилса арзийдиган ишдир.
Хотинларига яхши муомалада бўлганлар мусулмонларнинг энг яхшилари деб алоҳида таъкидлангани эса, Исломда аёлларнинг ҳақлари қанчалик устун қўйилишини кўрсатади.
Ушбу ҳадисдан оладиган фойдамиз икки улкан фойдадан иборатдир:
1. Ҳусни хулқли бўлиш.
2. Хотинга яхшилик қилишни йўлга қўйиш.
Ҳадиси шарифнинг ҳикматига инсоният қанчалар муҳтож эканини ҳар онда, ҳар қадамда кўриб-билиб турибмиз. Чунки, ушбу ҳадисда зикр этилган нарсалар орқали ҳар бир инсоннинг ижтимоий ва оилавий ҳаёти қоим бўлади. Бунга инсоннинг ҳар лахзада иши тушади. Шу боис гўзал ахлоқли бўлишга ҳаракат қилайлик–мўминлар ичида энг мукаммал иймонлиси бўламиз. Хотинларимизга яхшилик қилишга уринайлик–мусулмонларнинг энг яхшиларидан бўламиз.
Яна ўша кишидан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Киши Исломининг ҳусни–беҳуда нарсаларни тарк қилишидадир»-дедилар.
(Термизий «Зуҳд»да ва Ибн Можа ривоят қилган).
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф ҳам ўтган ҳадиснинг ровийлари Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинмоқда.
Ушбу ҳадисда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам киши Исломининг ҳусни-чиройли бўлиши ҳақида сўз юритмоқдалар. Шариатда «фалончининг Исломи ҳуснли-чиройли бўлди», деган ибора, фалончи Исломга ичидан ҳам, ташидан ҳам, ҳақиқий равишда кирди, деган маънони ифода қилади. Ибн Баттои эса: «Фалончининг Исломи ҳуснли бўлди, дегани: «Эҳсон ҳадиси, яъни «Аллоҳга худди Уни кўриб турганингдек, агар сен Уни кўрмасанг, У сени кўриб турганидек ибодат қилишинг»-деган ҳадис билан шарҳ қилинади, деган.
Демак, кишининг Исломи ҳуснли бўлар, ёки аксинча ҳам бўлиши мумкин экан. Унинг қандай бўлиши эса, Исломдаги кишининг ўзига боғлиқ. Агар инсон ўзи учун беҳуда бўлган нарсаларни тарк қилса, бу–унинг Исломи ҳуснли бўлганига далил экан. Чунки, бу ишни фақат ҳақиқий мусулмон одамгина амалга оширади. Чин мусулмон одам ҳаётнинг ҳар бир лаҳзасига ўта жиддийлик билан қарайди. Қиёматда анашу ҳар бир лаҳза учун ҳисоб-китоб, савол-жавоб бўлишини зинҳор унитмайди. Чин мусулмон одам беҳуда сарфланган вақт, молу-дунё, соғлик, куч-қувват, имконият ва бошқа нарсалар учун қиёмат куни жавоб беришини тўла ҳис қилиб яшайди. Шунинг учун у беҳуда нарсага умуман яқинлашмайди. Бу эса ўз навбатида унинг Исломининг ҳусни бўлади.
Чин мусулмон бўлишни ўйлаган одам беҳуда, бефойда ва бемаъно нарсаларга ўзини урмайди. Чунки, мусулмонлик олий шарафдир, юқори мартаба ва юксак мақомдир. Беҳуда, бефойда ва бемаъно нарсаларни эса пасткаш кишилар қиладилар. Ҳар биримиз Исломимиз нинг ҳуснли бўлиши учун уринайлик, беҳуда нарсаларни тарк қилайлик.
Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
«Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Вақтики, бир кишини масжидга қатнашга аҳд қилганини кўрсангиз, унинг иймони ҳақида гувоҳлик берингиз. Чунки Аллоҳ таоло: «Албатта, Аллоҳнинг масжидларини ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, намозни тўкис адо қилса ва закотни берсагина, обод қилади»-деган», дедилар.
(Термизий ривоят қилган).
Шарҳ: Бу ҳадиси шариф Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган. Аввало у киши билан танишайлик:
Абу Саъид розияллоҳу анҳунинг исмлари Саъд ибн Молик ибн Синон, кунялри Абу Саъид Ансорий ал-Худрий, кунялари исмларидан ғолиб келган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан 12та ғазотда иштирок этганлар. Аллоҳ йўлида маломатчининг маломатидан қўрқмасликка Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга байъат берган 5 саҳобанинг бири, Хандақ урушида аввалгилардан бўлиб иштирок этган улуғ саҳобалардан эдилар. Ёшлари 13га етганда, оталари у кишини Уҳуд ғазотида иштирок этишларини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан сўраганларида, ёшлари кичикна бўлгани сабабли изн бермадилар.
Абу Саъид ал-Худрий ҳаммаси бўлиб, 1170 та ҳадис тўплаб, кўп ҳадис ривоят қилувчи саҳобалар ўртасида еттинчи ўринни эгалладилар. У киши оталари Молик ибн Синон, тоғалари Қатодата ибн Нуъмон, Абу Бакр, Умар, Усмон, Али, Зайд ибн Собит, Абу Мусо ал-Ашъарийдан ривоят қилганлар. Абу Саъид ал-Худрий тўплаган ҳадисдан Имом Бухорий 16та, Имом Муслим эса 52та ҳадисни ўз «Саҳиҳ» китобларига киритдилар.
Абу Саъид ал-Худрийдан ривоят қилган зотлар–ўғиллари Абдураҳмон, Абдуллоҳ ибн Умар, Абдуллоҳ ибн Аббос, Абу Туфайл, Абу Салама, Нофеъ, Икрама, тобеъинлардан Саъид ибн Мусаййиб, Убайдуллоҳ ибн Абдуллоҳ ибн Утба, Ториқ, Ибн Шиҳоб ва бошқалардир. Агар кишилар, у кишидан эшитган ҳадисларни ёзиб беришликни сўрашганда, «бу ҳадисни Қуръонга ўхшатиб ёзманглар, лекин буни биз сақлагандек муҳофаза этинглар», деб айтар эдилар. У зот дунёда зоҳид, ибодатгўй, олим, олган илмига амал қилувчи зотлардан эдилар.
Бир куни Абу Саъид ал-Худрий ўғиллари Абдураҳмоннинг қўлидан ушлаб, «Бақийъ деган жойга олиб бориб : «Эй ўғилчам, агар вафот этсам шу ерга кўмгин, марсия ёзиб, орқамдан йиғлама, орқамдан ўт ёқиб юрма, мен сабабли бирор кишига озор бермагин», деб васият қилдилар. Ҳижратнинг 74-йили, Жума кунида бу фоний дунёдан дорулбақога реҳлат қилдилар ва шу куни «Бақийъ»га дафн этилдилар.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг ушбу муборак ҳадисларида масжидга доимий қатнашга, у ерда ибодат қилишга аҳд қилган, доимо ўз аҳдида турган одамнинг ҳам иймони комил бўлиши ҳақида хабар бермоқдалар. Масжид–Аллоҳнинг уйи. Унга доимий қатнаб ибодат қилиш улуғ ва муборак иш. Ушбу ҳадисда масжидга бориш, қатнаш ёки шунга ўхшаш иборалар эмас, «масжидга қатнашга аҳд қилиш» ибораси ишлатилгани эътиборга сазавордир. Чунки, масжидга турли одамлар қатнайди. Уларнинг қатнаши ҳам турлича бўлади.
Кимдир, риё учун қатнайди: унинг қатнаши риёга боғлиқ, риё ҳосил бўлмаган ондаёқ масжидга қатнашдан тўхтайди.
Яна бири, мунофиқлик юзасидан қатнайди. Яъни, Ислом, мусулмонлар кўпайганда, ишлари юришиб, гаплари ўтиб турганда ўзини мусулмон кўрсатиш учун қатнайди. Ушбу омил йўқ бўлиб, мусулмонлар синовга учраган, қийинчиликда қолган куни, улар ҳам масжидга қатнашни йиғиштирадилар.
Учинчилари, жосуслик учун қатнайдилар ва жасуслик топшириғини адо этиб бўлганларидан сўнг, улар ҳам масжидга қатнашни йиғиштирадилар.
Чин қалбдан аҳд қилган одамгина холис ибодат учун доимий равишда масжидга қатнайди. Ана ўша одамнинг иймони ҳақида шоҳидлик беришга Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам амр қилмоқдалар.
Сўнгра У зоти бобарокот соллаллоҳу алайҳи васаллам бу ҳукмга Аллоҳ таолонинг китобидан далил келтирмоқдалар. Аллоҳ таолонинг: «Албата, Аллоҳнинг масжидларини ким Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирса, намозни тўкис адо қилса ва закотни берсагина обод қилади», деган оятини тиловат қилмоқдалар.
Ушбу оятдаги Аллоҳнинг масжидларини обод қилишдан мурод моддий ва маънавий обод қилишдир. Моддий обод қилишга, масжидларни қуриш, чиройли ва озода тутиш киради. Маънавий обод қилишга эса, уларда намоз ўқиш, тиловат қилиш, зикр қилиш каби маънавий ишлар киради. Демак, масжидларни маънавий обод қилишга уринган одамда Аллоҳга ва охират кунига иймон бўлиши турган гаплиги оятда ҳам келган экан. Шунинг учун Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай одамнинг иймони ҳақида гувоҳлик беришга ишорат қилмоқдалар.
Ушбу ҳадисдан олинадиган фойдалар:
1. Масжидларга қатнашга одатланиш.
2. Масжидларга қатнаётган кишилар ҳақиқий иймонли кишилар эканлигини билиш.
3. Айтилган фикрни тасдиқлаш учун оятдан далил келтириш.
Бу ҳадиснинг ҳикмати жуда катта. Масжидга доимий қатнашга одатланишнинг фойдалари кўп: инсон савоб олади, мусулмонлар жамоасидан хабардор бўлиб туради, иймони камолга етади. Иншааллоҳ «Жамоат намози боби»да бу ҳақда батафсилроқ зикр қилинади. |